Расул Ризо (1910-1981)

Озарбойжон халқ шоири Расул Иброҳим ўғли Ризаев (Rəsul Rza) Гўйчой туманида туғилган. 1927—1937 йилларда Закавказье университетида, Москва Миллатлар институтида ўқиган.
Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Озарбойжон Кинематография қўмитаси раиси, Озарбойжон Энциклопедияси Бош муҳаррири, Хабар агентлиги раиси бўлиб ишлаган.
1981 йилда Бокуда вафот этган. У шоира Нигор Рафибейлининг умр йўлдоши, ёзувчи Анорнинг отаси, ёзувчи Гунэл Анорқизининг бобосидир.
Шоирнинг илк шеъри 1927 йилда «Қизилқум» тўпламида чоп этилган. «Деразамга тушган ёғду», «Туйғулар, тушунчалар», «Тўзим», «Жанублар, шимоллар», «Қизил гул бўлмаса эди», «Бир кун ҳам инсон умри», «Халқ ҳакими» каби ўнлаб шеърий китоб ва достонлари нашр қилинган. Булардан ташқари у болалар учун ҳам асарлар, илмий-танқидий, публицистик мақолалар ҳам ёзган, чет тиллардан Озарбойжон тилига ўнлаб бадиий дурдоналарни таржима қилган.

КЎНГИЛ

Омон кўнгил, сенинг дастингдан омон!
Мени бу савдога солган сен ўзинг.
Висол оҳанглари янграган замон,
Ҳижрон торларини чалган сен ўзинг.

Умидлар ёш каби тўкилди-кетди,
Ишқим чок-чокидан сўкилди-кетди,
Мен ёндим ҳажрида, у кулди, кетди,
Айрилиқда бўзлаб қолган мен ўзим.

Фузулийдан ўрган муҳаббат надир,
Севинчдир, ғуссадир, ғамдир, ноладир,
Бир кун фироқ дарди узун йилчадир,
Аҳдига вафоли қолган мен ўзим.

ИРОДА

Бу куннинг кечаси, ҳам эртаси бор,
Келиб кетди кунлар.
Келар, яна кетар бир замон.
Умидлар, орзулар
Бор эди кеча,
Бугун ҳам бор,
Эртага ҳам бўлур бегумон.
Қуёш порлаганди кеча,
Бугун ҳам,
Эртага ҳам бўлур нурафшон.
Кечани умид-ла якунлаб доим,
Эртани умид-ла бошлайлик ҳар он.

Носир Муҳаммад таржимаси

САДОҚАТ

Турнани отдилар
айни саҳар чоғ,
Олис уфқларда
қош қизарганда.
Лолаларнинг нақши
кўл узра – чироқ,
Сояси адирлар
қирда ўланда.

Турна ёлғизмасди,
жуфт эди турна,
Балки муҳаббатдан
суҳбати борди…
Номард ўққа учди
бўлса-да ҳарна,
Лолалар титради,
Ўтлар қизарди.

Керди қанотини
иккинчи турна,
Юксалди кўкларга,
балки қочди у.
Балки бу маъносиз,
золим ўлимни
Кўриб телбаланди,
шундоқ шошди у.

Турна учди, учди,
қуйида қолди
Баланд булутларнинг
устки қатлари.
Кўкда бир кўринди
қатра ёш каби

Ва бирдан йиғди-ю
у қанотларин,
Ерга келиб тушди
Оғир тош каби.

Озарбайжон тилидан Раззоқ Абдурашид таржимаси

РАНГЛАР ТУРКУМИДАН

Оқ ранг

Уйқудаги гўдак табассуми.
Умид.
Таъмасиз бир яхшилик.
“Сизда саратон йўқ”, –
сўзлари айтилган дақиқа.
Инсон саодатига сабаб бўлувчи ҳамма нарса…
Ҳатто –
Тасалли учун айтилган ёлғон.
Ва яна инсоний бир дўстлик.

Оқ рангнинг севинч туси

Бувининг белбоғи.
Ватан тупроғи.
Гул очган баҳор бутоғи.
Кабутар қанотлари.
Шимол қори.
Гўдакнинг сутга буланган юз-кўзи.
Шўрвага юзламча ботириб чиқарилган
Қошиқдан олинган лаззат.
Шубҳалар тарқаб кетган кун.
Дўстнинг қўли.
Ечилган тугун.
Инсон номига лойиқ
Ишлар, ишлар, ишлар.

Бўзранг

Кўпларга қоришиб йитганлар.
Ҳар тупроқда битганлар.
Жонсиз бармоқлар орасида
сўнган сигаретнинг узун гули.
Еткин гуллар – елим қоғозга ўроғлиқ.
Бўш кунлар,
бўш юраклар.
Ҳам ундоқ, ҳам бундоқ одам.
Одатдаги кўнгилсиз кулги.
Совуқ танҳоликдан
сочларга қўнган кумуш.
Етим бир қизалоқнинг
униқиб кетган этаги.
Вақтнинг туссизлиги.

Мовий

Долғасиз денгиз.
Изтиробсиз муҳаббат.
Самонинг теранлиги.
Дегонинг “Раққосалар”и,
Ёш бир рассом чизган қуёш.
Кўзлар осойишталиги.
Инсоннинг ўйлари.
Муз ороллар орасида
сув кўчалари.

Қора

Номард душман.
Шуурга яширинган қўрқув.
Абадий айрилиқ азоби.
Яшаш учун суринганлар издиҳоми.
(Хаста бўлиб суринганлар бундан хориж).
Ғирт ёлғон.
Дудоқларни куйдирган оҳ.
Қатл кунига очилган сабоҳ.
Доғ тушган сўзлар.
Кўзлардаги учқун.
Сочлар, қошлар.
Қоранафас бўлган жайроннинг эти.
Ва яна
баъзи инсон нияти.

Озарбaйжoн тилидан Усмон Қўчқор таржимаси