Канон Ҳожи (1975)

Канон Ҳожи (Kənan Hacı) – ёзувчи, ссенарист, шоир ва таржимон. Озарбойжоннинг Бокунинг Бузовна туманида таваллуд топган.
Асарлари рус, инглиз, украин, турк, форс тилларига таржима қилинган.
“Ўзингдан қочмоқнинг имкони йўқ”, “Қушлар учун карусел”, “Ерости шамол”, “Адабиётнинг кулиси”, “Чеҳраи қон”, “Энг сўнгги дарвеш”, “Пиросманининг меҳмони” каби бир қатор шеърий ҳамда насрий китоблари нашр этилган.
Шунингдек Теҳронда чоп қилинган “Фиравн дафтари”, Туркияда чоп қилинган “Сукунатнинг жисмидаги сир” китоблари муаллифи.
“Соя” номли пьесаси Пантомима театрида саҳналаштирилган.
“Искандар шикастаси”, “Отилганлар”, “Қирмизи шаҳарнинг қурбони” бадиий, шунингдек, “Ватан уруши” ҳужжатли филмининг муаллифи.
Ҳозирда “Мужру” адабий-бадиий журналининг бош муҳаррири лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

ВУЖУДНОМА

Шайтонга таслим бўлма
фано фосиласинда.
Нафс — бир ёғли луқма,
пишган ўз товасинда.

Олачипор отини
солар яна саҳарга.
Манглайдаги ёзувни
кўчир оқ вароқларга.

Сўзни сотма бозорда,
Тангри омонатидир.
Ҳар азоб, ҳар озор ҳам,
бахтнинг саҳоватидир.

Дардлар тегирмонидан
урин, тирик чиқ яна.
Боқиб мот қолсин шайтон
сенинг фаросатингга.

Бу кўҳна қўнимгоҳда
жон басламоқ ҳам абас.
Вақт-ваъда келганида
айтгайдирлар: Тўхта, бас!

Битар жангларсиз бу жон,
ғам келар яна-яна.
Айланарсан у замон
сукут обидасига.

СОҚИЙНОМА

Эй, кўкларнинг соқийси,
май суз кўнгил жомина.
Манинг каби ноқисни
етказ ишқ мақомина.

Ман риндлар кўчасининг
овораси, сарҳуши.
Кипригимнинг меваси
меваларнинг майҳўши.

О, фалак суфрасининг
энг тотли озуқаси.
Ишқ ҳазинасининг
энг қиммат дурдонаси.

Белда хизмат камари,
ҳузурингга келдим ман.
Қалбда севги шарори,
қўлда бода, келдим ман.

Ҳуснинг кўзга кўринмас,
васлинг ҳижронда гизли.
Ғофиллар сани билмас,
тонар йўқ деб бу ҳисни.

Йўқот мени дунёдан,
ўзимни санда топай.
Қочганда ҳар гуноҳдан,
қолдир эшигинг ёпмай.

Эй, кўкларнинг соқийси,
май суз, ичай, ойилай.
Бу гуноҳлар водийсин
кечай, ундан айрилай.

Кундузим шом бўлганда
кўзимга кўринарсан.
Май суз манга тўйгунча,
оч менга сирингни сан.

ТУПРОҚ, ДЕНГИЗ, ОЛОВ, ОСМОН

Қисмат инсон ҳаётининг мусаввиридир
нимагадар кўпроқ фойдаланар қора ранглардан
Ой кечанинг ёнган шамидир
у нурни тинглагил
сўзлаб берсин қоронғулик тарихини
Олов шарга айланганда сувга таслим бўлади
ёзда эса айланади сув оташнинг қадрдонига
у оловни тинглагил
сўзлаб берар совуқликнинг тарихини
Тоғлардан сўрагил
қор инсондан безиб кетган нега бу қадар
шунингдек
қўй, булутлар сўз очсинлар
тупроқнинг минг йиллик оғриқларидан

ЖАДАЛ РИВОЖЛАНАЁТГАН АСРНИНГ ИНСОНИ УЧУН ҲОШИЯДА ЁЗИЛГАН ҚАЙДЛАР

Шошилиб қилинган ишимиз ҳайрли бўлмайди одатда,
“Секин-аста шошилмоқ лозимдир” деймиз,
аммо, қаерга, нега?
“Ҳеч қаерга, ҳеч қачон” шошилмаган одам энди
ҳар ерга,
ҳар замон шошилар…
Вақт ёш балиқ каби сидирилиб чиқиб кетар қўлларимиздан
энг муҳташам сонияда,
вақтнинг тезлигига ютқизар инсон,
одатда,
қисматнинг вақти ҳар қачон биздан илгаридадир,
Сезар секин-аста шошилишга чақиради жангчиларини,
ахир инсон туғилганидан то ўлгунича ҳамиша йўқотар,
шундай экан нега севинамиз янги йил келганида, туғилган кунларда?
Эҳтимол одам йўқотганларига севинувчи ягона маҳлуқдир,
секин-аста,
шодлана-шодлана
ўзининг йўқ бўлиши куни томон шошилган…

Озарбойжон тилидан Раҳмат Бобожон ўгирмаси