Исмихон Муҳаммад

I

О, титраган дудоқларинг
Ҳасратига қурбон ўлам.
Ҳаёт берган нафасингнинг
Шафқатига қурбон ўлам.

Кўзимга чизгин суратинг,
Тинмоқ менга бўлур метин.
Тили боғлиқ муҳаббатнинг
Ҳиматига қурбон ўлам.

Юлдуз каби оқишингнинг,
Чақмоқ каби чақишингнинг,
Боқишимла боқишингнинг
Суҳбатига қўрбон ўлам.

Жавҳарисан тилагимнинг,
Қувватисан билагимнинг,
Юрагимла юрагингнинг
Ваҳдатига қурбон ўлам.

Сайроғисан бизнинг кўлнинг,
Ғунчасисан бизнинг гулнинг,
Бу кўнгилла у кўнгилнинг
Улфатига қурбон ўлам.

У бахтимнинг азалининг,
У суҳбати мазалининг,
Ўзбекистон гўзалининг
Исматига қурбон ўлам.

II

Бу бичимда бўлмас малак,
Ривоятдир, аллоҳ-аллоҳ!
Ундан жонни авайламоқ
Жиноятдир, аллоҳ-аллоҳ!

Дириллаган бир симдир у,
Сеҳрландим, тилсимдир у,
Бу жамолла ҳар кимдир у –
Қиёматдир, аллоҳ-аллоҳ!

Ул кўзларда сингиб қолмиш,
Бир достонга дўниб қолмиш,
Муҳаббатдан тониб қолмиш,
Ҳикоятдир, аллоҳ-аллоҳ!

У ҳам суюк, мен ҳам суюк,
Бағрим бўлди ўйиқ-ўйиқ,
Боқишидан қолдим куюб –
Шикоятдир, аллоҳ-аллоҳ!

Карим Баҳриев таржимаси