Нгуен Бин Кхием (1491-1585)

* * *

Менинг мағлублигим, ғолибликларим –
бугун арзимасдир қиммат бир пулга.
Барча шон-шуҳратим, ҳурмат-иззатим
жон деб алмашаман бир дона гулга,
бир пиёла майга… Оқ булутларни
кўрпа қилиб ётсам менга етарли –
сокинликни тотсам менга етарли.
Тириклик ғамидан кечдим тамоман,
ҳаммани кечирдим, кечдим ҳаммадан.
Баҳор гулларига улфат бир жонман –
майсалар – мезбоним, ерга меҳмонман.
Кўкда ой – чироғим, мен парвонаси,
ойнинг ҳамдамиман, ой девонаси.

* * *

Воҳ, инсон, ҳасадга, ғазабга ёрсан,
нафсга қул бўлмоққа мудом тайёрсан.
Ахир биз дунёда – бегона жонмиз,
раҳм этса, бир дамга келган меҳмонмиз.
Ўрнини алмашар тинмай қуёш – ой,
момо урчуғидай кезар, ҳойнаҳой.
Ҳуснимиз – ўткинчи, қалбнинг олови
кундан-кун пасаяр, боради совиб.
Ҳув, боғда ғунчалар нақадар алвон –
охири тўкилар, бўлади хазон.
Ана, сув жўш урар, кўлни тўлдириб,
у ҳам буғланар ва қолади қуриб.
Ҳеч не тўкис эмас, мудом бири кам –
барин тақдир этмиш ул қодир Эгам.
Инсон тақдирини ўзгартиролмас,
ҳатто ҳув булутни озроқ суролмас…

Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси