Октавио Пас (1914-1998)

Октавио Пас (Oktavio Paz) (1914.31.3 — Мехико — 1998) — мексикалик шоир. Биринчи шеърий тўплами «Но пасаран» 1936—39 й.ларда Испанияда бўлган фуқаролар урушига бағишланган. «Инсон илдизи» (1937), «Сенинг равшан соянг остида» (1937), «Дунё чеккасида» (1942), «Мадҳия мағзи» (1954), «Қуёшнинг тоши» (1957), «Яхлит шамол» (1966) ва бошқа тўпламларида Октавио Пас миллий лирикани бадиий кашфиётлари билан бойитган, фикрларни жамлашга мойил, метафораларга бой, юксак руҳиятли интеллектуал шоир сифатида намоён бўлади. У қадимий Мексика ҳамда Осиё халқлари маданий меросига тез-тез мурожаат этади. «Ёлғизликнинг чалкаш йуллари» (1956) эссе-китобида мексикаликлар руҳиятини, Мексиканинг тарихий ўзига хосликларини тадқиқ этади. Октавио Паснинг фикрича, шоирнинг ҳозирги жамиятдаги вазифаси инсон ва ташқи дунё бирлигини тиклашдир.
Октавио Пас Мексиканинг Ҳиндистондаги элчиси (1962—64), Гарвард университетининг фахрий доктори (1981). Санъат ва сиёсат соҳасидаги бир неча журналларга, жумладан, «Плурал» («Plural») журналига бошчилик килган. Нобель мукофоти лауреати (1990).

* * *

Қаерда кимсасизлик?
Рост,
чакалакзорда
нишон йўқ қалбдан.
Қалбим,
сен,
қаердасан
ва
қаердаман
мен?

Икром Отамурод таржимаси

ҲУМОЮН МАҚБАРАСИ*

Арилар тортишуви
Ё маймунлар баҳсидан
Пайдо бўлиб бирлашмиш
( Тошу ҳаво, қушлардан
Юксалган қирмиз олов
Сув узра муаллақ вақт)

______________
* Ҳумоюн — Бобур мирзонинг тўнғич ўғли

ИККИ ВУЖУД

Учрашади икки вужуд
Икки тўлқин мисоли
Уммондай чексиз тунда.

Учрашади икки вужуд
Илдизлардай чирмашиб.
Боғдай чайқалган тунда

Баъзан эса икки вужуд
Икки совуқ тош каби
Саҳродай унсиз тунда.

Баъзан эса икки вужуд
Бамисли икки ханжар
Совуқ чарақлар тунда.

Ва баъзида икки вужуд
Учар икки юлдуздай
Бўм-бўш осмонли тунда…

ҚИЗ

Эй қиз, шивирласанг “Дарахт” деб секин,
У юксала бошлайди осмонга қараб
Юксалгани сайин, унга тикилиб,
Яшилланар бизнинг нигоҳларимиз.

Эй қиз, шивирласанг “Осмон” деб секин,
Шамол билан жанг бошлар булут,
Бу бепоён осмону фалак
Айланар тип-тиниқ жанг майдонига.

Эй қиз, шивирласанг “Сув” дея секин,
Қуриган булоқлар қайнай бошлайди,
Япроқлар чўмилар,тошлар чўмилар,
Биз эса булутга айланажакмиз.

Эй қиз, бир сўз демадинг, энди
Сап-сариқ долғали қуёш ёлида
Бизни узоқларга олиб кетажак
Ва олиб қайтажак, қўл тегизмасдан,
Яна ўша-ўша жойга кун ўртасида —
Яна ўзимизга олиб қайтажак.

ТОШ

Мен умримни туш кўрдим,
Узоқ-узоқ йўл юрдим.
Чор атрофга тўймасдан
Уфқ томонга бордим.

Аммо,тушим узилди,
Яна ўнгимда кўрдим
Харсангтошга михланган
Занжир билан турардим.

Бош эгиб турар эдим,
Қайғудан кўзим тиниб,
Занжирмас,тушлар билан
Қабртошга михланиб.

ЯШИЛ СИЁҲ БИЛАН

Яшил сиёҳ билан боғу роғлар,ўрмонларни чизаман,
ҳарфлар бўлиб шовуллаган япроқларни чизаман,
пайдо этаман сўз дарахтларини,
энг охири сўзларимдан ёндираман юлдузларни.

Сўзларим тўкилсин қордай оқ баданинг узра,
қорли далаларга тўкилган япроқлар бўронидай,
уйимни ўраган чирмовуқ каби
чирмасин қоғозларни сўзларим яшиллиги

Сўзларим тўкилсин қўлинг, бўйнинг, сийнангга,
киндигинг, денгиздек сокин пешонангга,
сўзларим тўкилсин қирмизи сочларингга,
чечак найчасини қимтиган тишларингга.

Баҳор япроқларга кўмган дарахтдек
безангин ям-яшил сўзларим билан,
безангин ям-яшил юлдузлар билан
ва кўзингда чароғон юлдузлар порлаб
юксакларга тикил, самога тикил.

Хуршид Даврон таржималари

ТОМЧИЛАР КУЙИНИ ТИНГЛАГАН КАБИ…

Томчилар куйини тинглаган каби
Тингла мени ҳам…
Дардсиз, туйғусиз…
Қалбим шивалаган ёмғирдай оқар,
Сув бу — ҳаво, ҳаво эса он,
Онларда саргардон шу умрим ўтар.
Зулумот қопламай туриб оламни
Ёпирилиб келар қуюқ туманлик.
Менинг эса кўнглим ҳувиллаб борар,
Сониялар ичра босади ғашлик.

Оҳ, ўша чоғларда азизам, севгим,
Ёмғирдай тингласанг ўксик бу дилим.

Англасайдинг мени эшитмай туриб,
Кўзларинг сўзласа эди ғамимни.
Гарчи тирикману жонсиз мурдаман,
Ёмғир олаверар тўйган жонимни.
Сув бу — ҳаво, борлиқ эса Сўз:
Бари сўзлайверар шўр қисматимиз.
Кун, ой, йиллар оша дардим каттарар,
Ёмғирда излайман сени чорасиз.
Ялтираган асфальт йўлак устидан
Кўтарилар буғлар,
адашаман мен.
Қоронғу кечада сарсар кезаман,
Қидираман сени зулмат ичидан.
Сен,
сенинг қаддинг,
сенинг сочларинг
Ногоҳ тўқнаш келиб қолар кўчада.
Ўтиб кетасану юрагим вайрон,
Лоақал сезмайсан шу томчилардай.
Ялтираган асфальт йўлак устида
Қолиб кетар фақат сенинг изларинг.
Мен тунлар тентиган ҳазин дамда сен
Ширин тушлар кўриб ухларсан сокин.
Тингларман мен ўша онлик нафасинг,
Бармоқларинг гўё сийпалар юзим,
Бармоқларинг чўғдай куйдирар кўзим,
Бармоқларинг менга қайта жон берар.
Шундай масъуд умрим лаҳзаларида
Ёмғир куйларидек тинглагил мени.
Йиллар ўтиб кетар, қайтмас лаҳзалар,
Ҳайҳот, кўрарманми мен яна сени?!
Йўқсан! Мавҳумликсан!
Саробдай узооқ,
Бутун ер юзаси шалаббо сенсиз.
Буюк вақт ҳукмида ночор, нотавон,
Айвонда ёмғирни тингларман маъюс.
Қоронғу зулматда ҳамон изларман,
Япроқлар қўйнида титрар нафасим.
Сув – ҳаво, ҳаво – он, борлиқ Сўз эмас –
Сенинг соянг кўмиб ташлар ҳаммасин!

ОҚИБАТСИЗЛИК

Одамман.
Ҳунарим – яшамоқ.
Баҳайбат тун кечар теварагимда.
Осмонга қарайман:
Юлдузлар ёзар.
Англайман уларни тушунмасдан мен…
Ва мен ҳам ёзаман,
ёзаман,
Ва шу паллада
Кимдир мени пойлаб умрин ўтказар.

“КИМСАСИЗ КЎЧАДА”

Узун ва кимсасиз кўчада,
қоп-қора кечада
юриб қоқиламан,
тураман яна,
кўрдай юриииб кетавераман.
Соқов тошчаларни, ғариб баргларни
Эзғилаб ўтаман кўрдай, гарангдай.
Яна кимдир менинг ортимдан келар,
У ҳам босиб ўтар тошларни, баргни.
Тўхтасам, тўхтайди,
юрсам, югурар,
Қарайман: Ҳеч ким йўқ.
Қоронғу кўча.
Фақат қадамларим эшитар мени,
Кўчадан-кўчага ўтиб бораман.
Гўё бутун умр изғийман шундай,
Мени ҳеч ким кутмас,
ҳеч ким эргашмас.
Ногоҳ тўқнаш келиб қолса ҳам кимдир
У ҳам кўрдай, гунгдай кўрмас ҳеч кимни.

КЕЛМОҚ ВА КЕТМОҚЛИК ОРАСИ

Келмоқ ва кетмоқлик орасида жим
Хазонрез вақт ўтар беқарор,
Ўтмишга бағишлаб шаффоф умрини.

Думалоқ ер узра жимжитлик кезар,
Дунёни сукунат тебратар.

Барчаси фонийлик, бари омонат,
Эга бўлолмаймиз аммо умрбод.

Мана қоғоз, китоб, қалам, бўш қадаҳ,
Қолган нарсаларнинг бирон номи йўқ!

Вақт тез уриб турар икки чаккамда,
Титроқ ҳадик қайнаб оқар қонимда.

Бедард деворларга урилган шуъла,
Умидсиз ортига қайтадир яна.

Дунёнинг кўзида топиб умримни,
Бўшлиққа тикилиб кўрдим ўзимни.

Лаҳзалар сочилар.
Вақт қурбон бўлган,
Мен келдим ва кетдим.
Мен – сукунатман…

“БЕЧОРА ЮРАККА”

Чорасиз юракка
бир жой йўқ экан
дарахтлар орасида ҳам.
Мен…
Қаерга келганимни
билмай яшадим.

КЎПРИК УСТИДА

Тун ва кун ораси,
Сен ва мен орамиз –
Кўприк.

Кўприк устида сен
ўзингни учратасан.
Дунё боғлаб берар
сени сен билан.

Қирғоқдан қирғоққа
Ҳамиша узалар
Ёрқин камалак.
Мен ўша камалакка
осилиииб
яшашим керак!

ЎТГАН ТОНГ

Сочинг дарахтзордай қуюқ,
Ёйилиб ётар,
Тананг ёндиради танамни.
Сен ухлаган дамда тундан улуғсан,
Тушларинг сеҳрлар бутун оламни.
Биз қанчалар улкан бўлсак шунчалар
Дунё кичрайиб борар.
Ташқарида ўтар асов машиналар,
Улар қайтмас бўлган руҳларни ташир…

Оқар сув оқади,
Оқаверади,
Фақат биз эрта ҳам
Отажак тонгда
…Уйғонамизми?..

Қандилат Юсупова таржималари

ШАМОЛ

Барглар қўшиқ айтди,
шахдам-шахдам рақс тушди
олма;
сарин еллар эркалашидан
гуллар этди хиром

Уфқлар ортидан
ёпирилдилар булутлар
кўпириб ҳайдаш-чун ҳавони.
Уфқ йўқ бўлди,
шамолни куйдириб
лолалар чир айланди.

Бу тўлқинлар ичида
кўздан учди қиз ҳам.
Мен йўқ бўламан,
ёғду ва шамол ичра
тарк этаман танани
дунё бу – шамол,
кўчиб ўтаётган шамолдир, холос.

НОВДА

Баландликда,
овоздан таранг тортилган ипда
титраб куйлайди қушча,
тилим-тилим этар новдани.
Бу титроқ тезлашиб
Қарағайга қўшилиб
тилло ҳуштак чангига
айланиб ёниб кетди у.
Мен беҳуда нигоҳ ташлайман
Қуриган бу шохда
фақат сайрар эди гунг сукунат.

Рус тилидан Абдумажид Азим таржимаси

ТАШРИФ

Юракни тошдек қисган тун аро сокин сузиб
шаҳардаги кулбамга табиат кириб келар.
Зангор билакларида – барглардан билакузук
ва билакузукларга ярашган кўз – тайрлар.
Дарёни олиб келгай қўлларидан етаклаб,
ҳозиргина узилган юлдузлар – саватида.
Эргашиб келган денгиз ётиб олар эркалаб
оқ кўпик – думи ўйнар гиламим қаватида.
Дарахтнинг сукутидан мусиқа униб чиққай,
мева тугади сўнгра сўзлар шаклида, шиғил.
Ярқираб пишгач ҳил-ҳил,
сўзларни дарахт тўккай.
Пешонам – қоронғи ғор, чақмоқлар чақилмоқда.
қанотлар қоқилмоқда – еллар қочар ҳар ёнга…
Айт, табиат, чиндан ҳам сен келдингми меҳмонга,
ё тушимга кирдингми аврагувчи арвоҳдай?

КЎЧА

Кимсасиз бир кўча – зоғ учмас.
Зулматда йиқилдим тўқнашиб,
яна турдим ва юрдим бирпас
кўприк бўйлаб, хазонни босиб,
кимдир ортда келмоқда пусиб.
Шошиб юрсам – тезлашади у,
изимга қарасам – йўқ ҳеч ким.
Нима қилай? Атроф қоронғи,
чопаман, муюлишга етганда –
ўтаман нариги томонга,
сўнг биров изимга тушмаску,
дуч келса ҳам ўша аллаким
тўқнашар ва дегай: “Йўқ ҳеч ким!”

* * *

Ичингда ухлаб қолсам
ё ичингда уйғонсам
ўзагингда очсам кўз
оққина юз қоракўз
қора оқ яна қора
жонимга тегиб борар
уйқусизлик кун каби
қамаштиргай кўзимни
хотиранинг ёлқинли
капгири олиб келар
олиб кетар ёдимдан
сени қоракўзимни

ИККИ ВУЖУД

Учрашгайдир икки вужуд –
тунги уммон бағридаги
тўлқинлардек гоҳида.

Учрашгайдир икки вужуд –
тунги заминда қовушган
илдизларнинг шохидай.

Аммо, баъзан икки вужуд – икки айро совуқ тош.
Тун – тун бўйи саҳро каби
кимсасиз ва яланғоч.

Аммо, баъзан икки вужуд – иккита совуқ ханжар.
Ва тун бўйи бир-бирига
ярақлатиб тиғ санчар.

Ва, баъзида икки вужуд – йилт этиб учган юлдуз,
бўм-бўш кўкда ўзларидан
қолдиргайдир ёруғ из.

ШАББОДА

Барглар айтгач яллалар,
рақс тушар олмалар;
ифор сочиб сабога,
атиргуллар солланар.

Жимирлагай абрлар
ҳаволарнинг мавжида.
Уфқлар – бесабрлар;
ҳар ён само авжида.

Кўринмайди шафақлар,
елга ўт қўяр лола;
тутун аро чарақлаб
балқир ҳилол-ҳилола.

Мен ҳам ўзимда эмас,
мен – нурда, мен – ҳавода.
Дунё эса бир нафас,
дунё – учқур шаббода.

ТОШ

Тушимга ўз умрим кирганмиш;
хўп кезибман сархуш, мастона.
Мени мафтун этган ажиб туш
таъбирини ўйлаб ҳайрона.

Аммо тушим бузилди, ногоҳ,
ва ўнгимда тош этди асир.
Энди ҳушим ўзимда, бироқ
туш узилган – узилмас занжир.

Бандиликка кўндим, ахийри,
шундай савдо тушди бошимга.
Боғлаб қўймиш тушлар занжири
мени гўрнинг мармар тошига.

БУТОҚ

Баланд шохда, гўёки товуш
таранг торни титратган каби
яйрар ҳамда сайрар митти қуш.

Патли ўқдек учар шувиллаб,
тилим-тилим қилар бутоқни –
сас таралгай мисли ашула.
Қарағайнинг пайраҳаси соз –
гулханида тириклай ёнгач,
адо бўлгай ул олтин овоз.

Ҳа, беҳуда тикдима кўзим:
энди сайрар қуриган шохда
гунгу соқов жимликнинг ўзи.

* * *

Кўчамизда юрибман, аммо
қадамимнинг саслари бу дам
ўзга кўйда бермоқда садо.
Ўша кўчада ҳам
эшитаман ўзимни,
тунги одимларимнинг сасин;
у кўчада, лекин
сохтадир тумандан бошқаси.

КЕТМОҚ ВА ҚОЛМОҚ АРО

Кетсамми ё қолсам, саросимада
ёруғлик қаърида сўнаётган кун
оламни бағрига босар онадай
ва кўрфаз сингари тинчланар очун.

Бари кундай равшан… Омонат бари…
Қоғозлар, китоблар, пиёла, коса
жимгина йитади – қолгай номлари…
Мана… лек илашмас қўлга ҳеч нарса…

Чакка томиримда парвозлар зарби,
қонимнинг қадрдон саси. Нур оқар
рангин чироқларнинг жимири каби
бефарқликнинг қалин девори ёққа.

Нигоҳимга сиғдим – ақлимга сиғмас –
ўзимни кўряпман қорачиғимда.
Борлиқ тадорикда, мен оний нафас –
кетмоқ ва қолмоқлик оралиғида.

Рус тилидан Ғулом Мирзо таржимаси

ИККИ ВУЖУД

Учрашар икки вужуд
икки долға мисоли
оқшомнинг уммонида.

Учрашар икки вужуд
икки қоя мисоли
оқшомнинг саҳросида.

Учрашар икки вужуд
бир жуфт илдиз мисоли
чирмашганча оқшомга.

Ўткир ханжар мисоли
учрашар икки вужуд
нурида ўйнар оқшом.

Учрашар икки вужуд
учар икки юлдуздек
бу бўм-бўш осмон узра…

ШОИРНИНГ КОТИБАСИ

Қўшиқ куйламоққа урунарди у
асло ёдга солмаслик учун
ёлғонларга тўла рост ҳаётини,
ҳамда аста эсламоқ учун
ҳақиқатга тўла ёлғон умрини…

“Сенинг ёруғ соянг остида” (1937) китобидан.

ШАФАҚ

Ўта совуқ, муз қотган қўллар
зулматнинг бағридан нур юлган онда
кўзимни очаман ва кўраманки,
мен,
ҳали ҳамон яшамоқдаман,
қайноқ бир ғуссанинг энг ўртасида…

ЯҚИНЛИК

Рўёмасми чироқдан энаётган оппоқ нур?
Ҳақиқатми қоғозни қоралаган бу қўллар?
Шеърларимни кузатган
бу кўзлар
ёлғонмасми?

Айтганларим йўқ бўлар ўткинчи сўзлар мисол,
Англайман, менинг умрим
орасида тўлғонар
иккала исёнимнинг…

“Самандар” (1962) китобидан.

* * *

Инсон қайтар бўлса бугун ё эрта-индин,
унда инсон эмасми
қайтмас йўлдан кетганлар?..

Лоди боғлари*да
(Клод Эстебан*га)

Нураган мақбаранинг
қоп-қора гумбазлари
кўк юзида овчидек
қувламоқда қушларни.

*Лоди боғлари – Ҳиндистон пойтахти Янги Деҳлидаги парк номи. Унинг ичида бир неча мақбаралар бор.
*Клод Эстебан – (1935-2006) француз шоири.

* * *
Юмганча кўзларингни
нур таратдинг ичингдан
ақиқ, нодир тош каби.

Юмганча кўзларимни
излаб сени кечалар
йўл олдим тошдай мен ҳам.

Қандай гўзал бу дийдор –
учрашамиз биз фақат
юмилган кўзлар билан…

“Шарқ туҳфаси” (1969) китобидан.

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси