Муин Бсису (1928-1984)

Муин Бсису (معين بسيسو) (1928, Ғазза — 1984, Лондон) — фаластинлик араб шоири, драматург, публицист, жамоат арбоби. Ижоди, асосан, миллий озодлик кураши, халқлар дўстлиги ва тинчлик мавзуларига бағишланган. 11 шеърлар тўплами, 6 пьеса ва 2 публицистик асар муаллифи.
«Мактублар» (1952), «Ватан — қалбда» (1970), «Ташриф қоғози» (1974),«Фаластин дафтари» (1978), «Дераза ойнасига ёзилган шеърлар» (1980),«Қалбдаги Фаластин билан» (1983) каби тўпламлари бор. Тошкент ва Самарқанд ҳақида шеърлар ёзган. «Ташриф қоғози» шеърлар тўплами таниқли шоир Машраб Бобоев томонидан ўзбек тилига таржима этилган (1984). Халқаро Нилуфар мукофоти лауреати (1980).

ГАПИРИБ ЎЛ

Индамаслик — ўлим.
Гапириб ўл.
Гап талашар икки масхарабоз —
Кимга навбат тегса мамнун ул.

Амирлар билишар ёлғонни, чинни,
Сен соқов ўтказиб юрибсан кунни
Қамоқларда бўлар умринг кул.

Гапирсанг — ўласан,
Индамасанг ҳам…

Шундай экан, яхшиси, гапириб ўл.

СОПҚОН

Ватаним!
Ёнимда ў, йўқсан бу дам.
Пешонам —
Чарх тоши:
Бир меъёрда сирғанар пичоқлар.

Кўз ёшим қуриган,
Зулмат ёпиб қўйган қовоқларимни.
Тўйганман ҳар қандай
Тасаллидан ҳам.

Сопқонлар
Тош отар,
Қовирғалар,
Бармоқларни мўлжаллаб.
Қофиялар,
Сатрларни мўлжаллаб
Тош отар
Сопқонлар.

Бешигим тебранган уй
Парча-парча бўлиб қулаган.
Мен уйсиз, беватан,
Ёнаётган
Учар юлдузга
Айланганман.
Сопқонлар
Тош отар
Юрак ва буйракларга.

Қофиялар,
Сатрларга
Тош отар
Сопқонлар
Малъун почтадан
Ўз вақтида,
Кечикмай
Аниқ келиб тургувчи
Хатлардир бу тошлар.

Сопқонлар тош отар
Болаликни,
Апельсин боғларини мўлжаллаб,
Оналарнинг
Қатим-қатим ажин босган
Ёноқларини мўлжаллаб,
Чўчиган, интизор
Қизларимизнинг
Дийдорларини мўлжаллаб,
Эркакларнинг букик,
Сўнгаклари бўртик
Елкаларини мўлжаллаб,
Тош отар сопқонлар.

Сопқонлар тош отар.

Аниқдир
Тош тегар нишон.
Сопқонлар тош отар
Аллақачондан,
Асрлардан буён.
Сопқонлар тош отар,
Тош отар.

Бари бир, мен ҳаётман,
Бари бир, ўлганим йўқ
Ва кўпириб оқар
Томирларимда
Қаҳрли қўшиқ!

ЖАНДАРМЛАР

Жандармлар келдилар яна.
Уйғот шаҳар қўнғироқларин —
Жандармлар келдилар яна.

Тирсагингни курагингга қайириш учун
Жандармлар келдилар яна.
Тош йўлларда товонларнинг тасир-тусури,
Жандармлар келдилар яна.

Кўча — синдирилган қўлдир.
Жандармлар келдилар яна.

Сатрларимни уйғот:
Ажи-бужи шикаст хатим —
Туморинг ва қалқонинг сенинг.

Сатрларимни уйғот —
Бургут қанотидай
Керилар улар.
Чақмоқ-қуш —
Менинг сўзим —
Сокингина кафтда ухлаб ётибди.

Уни — қизиб кетган шингилни олгин!
Сиқсанг — олов шарбат оқади!

Деразангнинг қичқириғин эшитяпман —
Тепкилаб синдиришяпти уни.
Ҳансирайди қуриётган ирмоқ —
Сувин ичар қутурган бўри.

Дарахт сукут сақлар тишин-тишга босиб,
Уни ямлаяпти олов.
Нажот деб қояга тирмашган одам
Итқитилди гирдобга.
Жони ҳалқумида турган шаҳарни
Тош шинелга тиқдилар.

Э, тор кўча,
Ким жойига оолар чиққан бўғинларингни?
Митти қушни чангаллади қирғий,
Томчи-томчи оқяпти қон,
У қадимий ерга тушган заҳоти
Қўзғалар оловли тўлқинлар бўлиб.

ТАШРИФ ҚОҒОЗИ

Барча қамоқхоналарнинг
Барча шифтларида,
Барча томларида,
Деразаларида рақс тушдим мен,
Камоқхона товоғида ёвғон ичдим.

Ватаним,
Бошим кесилган
Ва қўлсиз ҳолда
Сени куйладим.

Барча чўққиларга чиқдим,
Барча тубсиз жарликларга
Тушдим мен.

Дунёдаги барча қамоқхоналар
Тамғасини у куйдириб босди
Менинг кўксимга.

Ёпиқ эшикларни тақиллатдим мен,
Фоҳиша бошпана бердию менга,
Лекин сотиб қўйди авлиё.
«Худо ёр бўлсин!»
Худо эса полиция маҳкамасида
Сўроқ берарди.

Папка очиқ эди…

« Фамилиянгиз?»
«Туғилган жойингиз?»
«Ёшингиз?»
«Адресингиз?»
«Касбингиз?»
Ҳолбуки, худо, унинг касби — худолик.
Унинг қўлларидан тутдилар-да,
Суратга олдилар уч хил ҳолатда,
Сиёҳдонга бармоғини тиқиб,
Бармоқ изин олиб қўйдилар.

«Худо ёр бўлсин!»
Худо шундан кейин —
Ўзи кечирсин-да ўзини —
Айғоқчидай, қадам-бақадам
Кетимдан юрди.

Худонииг кўксига —
Найза ёки пичоқ эмас —
Ёлғон уруғини тиқиб қўйдилар.

Ватаним, мен сенинг
Мастликдан
Гандираклаб,
Ҳар хил хилватхона,
Ишратхоналарда
Санқиб
Юрганингни кўрганимдан бери
Қарзга ботиб кетдим бўғзимга қадар.

Сени эркинликка олиб чиқай деб,
Барча тоифалардаги судхўрларга мен
Ўзимни,
Қўшиғимни,
Юрагимнинг яраларини
Ва бошимни гаровга қўйдим.

Лекин юз бермайди мўъжиза —
Аловиддин чироғининг
Ёғи қуриган.
Еримизда
Қанчадан бери
Ҳосил бермай қўйган зайтунлар.

Самсон ҳадя қилди менга сочини.
Бу-ку, жуда яхши-я,
Ва лекин
Далила
Ҳар оқшом
Менинг ухлашимни пойлаб туради.

Мен хилват кечада ўтириб,
Таом хилларини ўқийман:
Қайла шўрва,
Май,
Бифштекс,
Филе
Ва кабоб —
Бари сенинг этинг ва қонингдан,
Самандар қушим.

Қўнғироқ:
«Алло!»
Миллионлаб: «Алло!»

Лекин қаҳ-қаҳ урар жавобан симлар
Мен ҳатто сенинг сасингни,
Сенинг гўдак қийқириғингни,
Сенинг ўлим олдидаги инграшингни
Тинглаш ҳуқуқидан маҳрумман.

Мен саҳнадаман,
Ролим эса эсимда йўқ.
Маст-аласт суфлёр
Катагидан менга
Ўғрининг сўзларин айтади.

Ахир мен — шоирман-ку!
Циркда ўтирибман.
Резина тўп устида турган
Филдан куляпман.
Тишлари арраланган
Филдан куляпман.

Ичагим узилгунча
Қаҳ-қаҳ ураман.
Мен кимман?
Эсладим!
Мен, Ватаним,
Сенинг
Боши кесилган,
Тили юлинган
Шоирингман.

Менинг —
Ҳеч қачон қўлига қурол тутмаган
Дарвешнинг
Сен учун ўлишига
Ким ишонади?

Лекин мен
Биламан —
Жангга чиқаман-да,
Олишаман,
Ўламан.

ЎЛИМ ОЛДИДАГИ ХАТ

Мана, шоир ҳам
Нақ Султоннинг сиёҳдонига
Қаламини ботирди.
Қалами қуридию
Шоир ҳам ўлди…

Унинг ёстиғи тагидан
Мис чақалар билан
Бир хат топиб олишди:

«Султон,
Мен тилимни еб қўйдим,
Нафис сатрларни унутдим,
Сенинг този итларинг ҳаққи,
Дарвозангнинг ҳалқаси ҳаққи,
Қофияга мослаб кишнайдиган
Отхонангдаги айғирларинг ҳаққи,
Қасамёд қиламанки,
Сени ҳеч қачон
Иштонсиз рақс тушадиган майхўр деб,
Масхарабоз ва ўйнашларинг даврасидагина
Ўзингни мислсиз доно санайсан деб
Ёзганим йўқ мен.

Отингнинг пичани чириб ётган
Охурга оқиб тушсин кўзларим,
Агар,
Сенинг мутаассир лаганбардор,
Ялоқларингни
Бирон марта шеъримда
Ҳақорат қилган бўлсам».

Машраб Бобоев таржимаси