Айман Абу Шаар (1946)

Айман Абу Шаар (أيمن أبو الشعر) – суриялик араб шоири. 20 дан ортиқ китоби чоп этилган.

* * *

Бир зумгина қолсанг паришон,
Ўзлигингдан жудо бўлгайсан.
Ғафлат босса селда ногаҳон,
Сув остида адо бўлгайсан.

Ўзингни тут, мард бўл ва бардам,
Кулиб боққай иқболинг албат.
Ёлворганман ҳаётга мен ҳам:
— Бер, деб,— нафас ростлашга фурсат.

Ташналикдан қуриди силлам,
Товонларим қондир шилиниб.
Боқадирман илтижо билан,
Ором бергил марҳамат қилиб…

Ҳузур топсин кўнгилнинг уйи,
Ялангоёқ ўтлоқ кезай шод.
Тўйиб тинглай қизларнинг куйин,
Қушлар билан қоқайин қанот.

Фақат ором олсам бас бир оз.
Сўнг ўтгайман йўллардан ўктам…
Ҳаёт кулди ва берди овоз:
Сен ўзингга тилаяпсан ғам.

Ахир, айт-чи, қаерда шамол
Тиним топган, излаган ором,
Тиниб, роҳат топса бемалол,
Қўзғолгаймиз сўнг мисли бўрон?!

Ёдгор Обидов таржимаси