Маҳмуд Дарвиш (1941-2008)

Маҳмуд Дарвиш (محمود درويش) (1941.13.3, Акка ш. яқинидаги Барва қишлоғи — 2008.15.8. АҚШ. Рамаллоҳда дафн этилган.) — фаластинлик араб шоири, жамоат арбоби, журналист. Ёшлиги Хайфада ўтган. Фаластин халқи озодлиги ҳақидаги шеърлари учун исроиллик тажовузкорлар томонидан бир неча бор қамалган. 1971 й.да ватанидан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Қоҳира, Байрутда яшаган. Ижоди асосан ватан озодлиги учун кураш мавзуида («Қанотсиз қушлар», «Зайтун барглари»,1961; «Фаластинлик ошиқ», 1966; «Туннинг охири», 1969; «Одатдаги ғамгин кунлар», 1973; «Овоз», 1980 ва б.). Шеърлари ўнлаб хорижий тилларга, жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Д. «Нилуфар» халқаро адабий мукофоти лауреати (1969).
Маҳмуд Дарвиш арабларнинг яқин тарихида энг ном қозонган ва таъсирга эга бўлган зиёлиларидан саналар эди. Маҳмуд Дарвиш фаластинликлар ўртасидаги бўлинишни ҳам қаттиқ танқид остига олар эди Шоир 67 ёшида юраги устида жарроҳлик амалиёти ўтказилаётган вақтда оламдан кўз юмди.
Фаластин раҳбарлари мотам маросимида Маҳмуд Дарвиш фаластинликлар билан абадий қолиши ва у бу халқ бирлигининг рамзи эканини айтишди. Маҳмуд Дарвиш ўз ҳаёти давомида ҳам истило остида, ҳам муҳожирлик ҳаётини татиб кўрди. Фаластин озодлигини куйлаган шоирнинг кўплаб шеърлари куйга солинган ва миллий ашулалар қаторидан ўрин олган.

ТУРМАДАН ЁЗИЛГАН ХАТ

Юлдузлар,
Офтоб,
Ой —
Бари фазодан
Мени йўқлаб келди турмага.

Душманларим ўққа тутди уларни.
Ёмғирлар,
Дарахтлар,
Чечаклар —
бари
мени йўқлаб келди турмага.

Душманларим барин йўлини тўснб,
Тиканли сим билан банду банд этди.
Шунда
кўшикларим йўлга отланди.
Ғаним тутолмади
Қўшиқларимни.

Ана шундан бери,
одамлар,
ҳар кун
қўшиқларим билан учрашасиз сиз —
қўллар қўллар билан кўришган каби,
шамол олов билан учрашган мисол.

Сўзларим ҳушёрдир,
шу боис мени
жобир ғанимларим жабрлар доим.
Қўшиғим озоддир,
менинг номимдан
душманим юзига тупурар, янграр.

Эй азиз инсонлар,
сўзим эшитинг:
Бизлар,
ишқингизнинг асири, банди,
қабиҳ жаннатида
турмахонанинг
топтамадик
асл қиёфамизни.

Кунма-кун эмас, йўқ, соатма-соат
улғайяпман
кичик мамлакатимга
бўлган
улкан севгим тарбиясида.

Дўстлар,
бағрингизга олингиз мени
бағрига олгандай шамол гулханни.

ЖАЖЖИ ВАТАНИМ ҚЎШИҚЛАРИ

1

Замин камоқчилари,
Фурсат келар-да,
Бир кун
Куппа-кундуз хурмога
Осарсиз мени маҳзун.

Аммо наки сўз дерман,
На қилгайман ишора,
Йўқ,
Ўлгайман
Хурмолар сирин этмай ошкора.

О, Ватаним!
Эмассан сен тутқунлар эртаги,
Гул шуъласиҳаммас,
Ё — қасидалар эрмаги.

Сен — шамолсан!
Нафасинг
Халқим дилга солгувси,
Сўнг барча қамоқларни
Кунпаякун қилгувси!

Адоватлар йўқолур,
Ваҳм қолмагай бир он!
Бир умрга кундалар
Бўлгай ер билан яксон!
Бу замин,
Бу мамлакат,—
Бор вужудим, тилагим.
Мозордаги жасадмас,
Урмоқдадир юрагим!

На ўқ ўтгай, на олов,
Ташна ёруғ дунёга,
Бақувват хурмо бўлиб
Ўрлагай у самога!

2

Ватан!
Қўлимда кишан
Кўп нарсага ўргатди:
Калхатнинг қора қаҳри,
Некбиннинг юрак тафти,
Қоришиб кетди тамом.

Келмовди ҳеч хаёлга-ки,
Гупурган қон қаърида
Довуллар долға-долға,
Жилғалар жўшқин-жўшқин
Оқмоғи мумкин ахир!

Дунё билан ўртамда
Панжара тикди тақдир…
Бироқ қалбимда порлар
Мингта қуёш,
Мингта нур.
Ана, маҳбуслик эгним
Зах деворда кўринур.

Мен либосмас, ўрнида
Кўряпман ўтлоқларни,
Уваларни,
Боғларни,
Ўйнаб юрган чоғларни…

…Бўяшибди деворга
Жаллоднинг нусхасин ҳам,
Ёвузнинг чапиқ расми
Унгиб бормоқда кам-кам.
Мен тошга сенинг номинг
Тишларим билан ўйдим,
Неча бор боқдим зор-зор,
Неча бор лабим қўйдим!

Сўнг эса бармоқларим
Таратиб тунни, сочиб,
Тутдилар ёғду сочин,
Ёғдунинг сариқ сочин!

Қоп-қора кўзларимда
Жола йўқ, илтижо йўқ,
Ўт ёнмоқда,
Нор ёнар
Сачратибон ҳарён чўғ!

Мағрур севгим хочида
Мени ёндирсалар гар,
«Инсон» дея бонг урган,
Йўлин эрк сари бурган,
Оқ либосли жангчига
Айланурман муқаррар!

3

Йўқ, туш эмас, бор гап бу,
Бор ҳали шундоқ боғлар:
Унда, оппоқ балконда
Ошифтаҳол дудоғлар
Хониш айлар берилиб
Кундай фаришталарга,
Берар қанот, болупар,
Тунда фаришталарга.

Қушлар, қушлар —
Сиз менинг
Жон олар жаллодларим,
Қалбимни ўйнатдингиз,
Титратиб фарёддарим!

Соғиндим сени!
Соғинч бўғзимга келди, билсанг,
Кошки бир қулоқ солсанг,
Хабар олсангу келсанг.
Севгимиз —
Бу, чаккага тиралган тўппончадир,
Дардли қўшиқларимиз
Бағри қора қончадир…
Чорласанг, нидо сари
Отилиб чиққай юрак.
Чиқиб,
Дард уммонига
Ботса-ю, кетса керак…


ТЕРГОВ

Ёзинг кўзларимга қараб:
Мен арабман.
Дафтар титкиламанг такрор-такрор,
Эллик мингинчиман,
Саккиз болам бор.
Ёзда тўққизинчи қўшилар оиламизга.
Нима, ёқмадими сизга?

Ёзинг кўзларимга қараб:
Мен арабман.
Ҳунарим тоштарош.
Тош йўнаман, тош.
Саккиз болам очликдан бўлмасин деб хароб,
Ишлаб нон топаман,
Оламан китоб.
Гадойлик қилмадим ҳеч қачон.
Бир чора топаман рўзғоримизга
Нима, ёқмадими сизга?

Ёзинг кўзларимга қараб:
Мен арабман.
Сиз билмайсиз менинг номеримни.
Синдиролмадингиз қутуриб мени.
Менинг илдизларим
Асрлар қаърига туташдир.

Мен қўшчи ўғлиман.
Ошнаман
Ёшликдан омоч билан.
Шох-шаббадан қилинган кулбада яшайман…

Арабнинг сақичдай қорадир оочлари,
Кўзлари қорадир азоб сингари,
Менинг сочларим ҳурпайган, бироқ,
Измига оололмас ҳеч қандай тароқ.

Қадим тарихимдан кечмайман сира,
Севганим зайтун ёғ, шунингдек зира.
Ёзинг, менга хосдир яна бир нуқсон:
Олдиндан, ҳеч қачон
Бўлмаган ҳеч кимга қалбда нафратим.
Ҳеч кимни таламадим
Ҳатто оч қолган вақтим.

Аммо зўрлик билан тортиб олсангиз
Сўнгги нарсамни,—
Эркимни, ҳуқуқим ва номусимни.
Унда айтиб қўяй юзингизга тик:
Менинг очлигимдан қўрққулик,
Менинг аччиғимдан қўрққулик!
Бас келиб бўлмайди ғазабимизга,
Нима, ёқмадими сизга?!

ЗАБТ ЭТИЛГАН ШАҲАР

Қизалоқнинг онагинаси
ёниб кетди кўзи ўнгида,
ёниб кетди худди шафақдек.

Юпатишди уни катталар:
– Онанг учиб кетди осмонга,
Хафа бўлма, Жафокаш деган
ном олади энди у ёқда,
сен ҳам кейин бориб кўрарсан
нур ёғилиб турган юзини!

Қизалоқнинг онагинаси
ёниб кетди кўзи ўнгида,
ёниб кетди кечки шафақдек.

Ойни ёмон кўрар
шу кундан,
ёмон кўрар қўғирчоқларин.
Шом қўнганда ерга ҳар сафар
ва уйқуга кетганда шаҳар
у турар-да,
қичқирар титраб:
– Мен ўлдирдим Ойни,
мен ундан
сўрамаган бўлсам ҳам ҳеч гап,
ерга урди ойижонимни:
“Ойинг пўртаҳолдай
чиройли эмас,
ойинг зайтун каби
келишган эмас,
ойинг баланд осмонда эмас,
қоп-қоронғи мозорда ётар”.

Қизалоқнинг онагинаси
ёниб кетди кўзи ўнгида,
ёниб кетди кечки шафақдек.

Даставвал сўзларим тупроқ эди,
мен дўстлашдим
бошоқлар билан.

Нафрат билан тўлгач сўзларим,
мен дўстлашдим
кишанлар билан.

Тошга айланганда сўзларим
дўст тутиндим
оқимлар билан.

Сўзларимда қайнади исён –
ва дўстлашдим
вулқонлар билан.

Сўзларимда унганда ёвшан,
мен дўстлашдим
некбинлар билан.

Асалга айлангач сўзларим,
оғзимни талади
пашшалар.

ОВОЗ

Бир минорам бўлса, чақмоқларнинг
пичоқларин юлиб олардим,
ўчирардим булутларнинг ёнғинларини.

Бир елканим бўлса, ёғингарчиликда
денгизга чиқардим ва қуюнларнинг
синдирардим қанотларини.

Бир нарвоним бўлса, қуёшга чиқиб
яхшилик нурларин ёғдирар эдим –
замин унутарди харобаларни.

Бир жийроним бўлса, унга шарт миниб,
шамолни тутишга чоғлардим,
шамоллар отини уйимга боғлардим.

Агар ер берсангиз, омоч берсангиз,
тупроққа экардим
шеър ҳамда юрак.

Агар тор берсангиз, мен сукунатни
ранг-баранг гуллардай табассумларга,
дўстлик садосига тўлатар эдим…

Аммо нимадир бу? Хочми бу, хочми?
Кечирасиз, менга керакмас бу хоч.
Қўлга олмаганман уни ҳеч қачон…
Михлар тутар уни, менда йўқ илож.

Назокатли бир зот кулди устимдан:
“Михларда жонингиз ачишдими, шоир?”

Ғазабланиб кесатди аллақайсиси:
“Овозинг зиғирёғдай жонга тегди,
Мангуликни орзу қиляпсан, чоғи?”

Ҳа, орзу қиляпман. Кекиртакдан ёриб,
менинг юрагимни тешишингиз мумкин.
Булутларни найзалаб, тупроққа қориб,
Нилни ҳам Ифротга қўшишингиз мумкин.

Сизнинг қуролингиз, амрингиз билан
қарға қаноти ҳам оқарар оппоқ,
иккига бўлиниб, ажраб кетар тоғ.

Лекин овозимни, янгроқ сасимни
қани, тўрингизга солиб кўринг-чи!

Овозим – шу ерда. Ҳамда у ёқда.
Уни михлаб бўлмас, парчинлаб бўлмас!
Овозим озоддир – у курашмоқда!

Миразиз Аъзам таржимаси

* * *

Менга минора беринг,
чақмоқларнинг
нишларини оламан юлиб
ва булутлар қатидаги
ёнғинни ўчираман.

Елкан берингиз менга,
ҳаво қовоқ уйса-да
мен чиқаман денгизга
ва синдириб ташлайман
тўфон қанотларини.

Нарвон берингиз менга,
Қуёшга кўтарилиб,
унга қўяман қадаб
уруш найзалари чилтешик қилган
дардли заминимиз яловин.

Менга арғумоқ беринг,
тутиб еллар чўпонин,
баланд тоғ чўққисига
занжирбанд айлагайман.
Омоч беринг,
ер беринг,
экаман унга юрак ҳамда шеърият уруғларини.

Гитара беринг менга,
сукунатни тўлдирай
дўстларнинг табассуми,
пок ва ёрқин гулларга.
Шундай дейман,
кафтимдаги қоним сиқилиб…

Бут, дейсизми?
Сиғинмайман анчадан буён,
лекин унга михланганман, қўйиб юбормас.

Жентльменлар келар,
сўрар устимдан кулиб:
«Қалай бўлар экан,
шоир, михланиб турмоқ?»

Яна бири хириллар, ғазабдан ёрилгудай:
«Жонга тегди овозинг,
недан умид қиляпсап?
Ё ўйларсан эҳтимол ҳеч ўлмайман, деб?»

— Ҳа. Ўйлайман, Негаки,
сизлар фақат ҳалқумимни кесмоғингиз мумкин,
юрагимни болта уриб эзмоғингиз мумкин.
Ҳатто қўлингиздан келар
булутларни мажбуран ерга қўндирмоқ
ёки Нилни Фротга бориб қуйдирмоқ.
Қора қарға оқарар, ҳатто қарс ёрилар тоғ
сизнинг амрингиз ила.
Лекин менинг овозим…
Уриниб кўринг, қани,
уни тўрга солгани.
У — мен билан,
У — нарида,
У — ҳув олисларда
садо беряпти,
эшитяпсизми?
Уни михлаб бўлмагай.
У эркин,
у орзу йўлида
курашар тинмай.

Икром Отамурод таржимаси

ОШИҚ-МАЪШУҚЛАР

Севиклим, қалбимда тирикдир кўзинг,
Сени эсласам, бас, оғрийди қалбим.
Кўзингда акс этар алам, ғазабинг,
Мен бу оғриқларга ўрганиб қолдим.

Юлдузлардай бодроқ очган қайғулар,
Қалбга мусалласдай малҳамдир улар.

Бу оғриқ – муҳаббатимнинг давоми,
Бугундан эртага ташланган кўприк.
Кўзларни унутмоқ менга равоми?
Порлаб турган кундуз – бу кўзу киприк.

Болалик чоғлардан ўсганмиз бирга,
Шу-шу, мен севганман бутун умрга.

Қачон шоир бўлиб қалам олганман, –
Шу кўзларни куйлаб ўтда ёнганман.
Ўша илк шеърларни эслаб ҳозир ҳам,
Истарман, кўзларинг такрор куйласам.

Ҳайҳот, қувғинликнинг ёвуз шамоли,
Шеърларим учирар қуюн мисоли.

Ҳатто ёшликдаги ўша қушларнинг,
Бири ҳам қолмади бояқишларнинг.
Бари учиб кетди узоқ-узоққа,
Ем бўлмайин дея қирғин-тузоққа.

Куйлаганда эркнинг мағрур оҳангин
Ўқ тешди рубобу найлар жисмини.
Ватан, қадрлашни ўргандик сени,
Ўргандик қалбларга ёзиб исмингни.

Севгилим, севгимиз тирикдир ҳамон,
Бўғиқ бўлса ҳамки овозим, омон.

Севгилим, мен сени ҳамон кўраман
Вайронага дўнган уйлар олдида
Подани ҳой-ҳуйлаб, қувлаб ўтасан
Ўтасан кул бўлган эшик ёнидан.

Суви қуриб битган қудуқда ўйчан
Навбатда турганинг кўраман баъзан.

Чодирдагиларнинг ғижим чойшаби,
Ошхонанинг югурдаклари аро,
Гулханда исинган болалар каби,
Югуриб юрганинг кўраман гоҳо.

Қаерда бўлсанг ҳам омон бўл, майли,
Ўтмиш кунлар сира унутилмайди.

Ва ўзлигингдан сен воз кечма асло,
Қувғунда яшасанг, ғамда юрсанг ҳам.
Билгинки, қуёш бу – қуёш доимо,
Денгиз – денгиз бўлиб қолади мудом.

Сен ҳам ўзлигингни ҳеч айри тутма,
Менга берган сўзларингни унутма.

Мен қасам ичаман, она Фаластин
Мангу қисмат эрур пешонамизда.
Осмон бўлса ҳамки минг остин-устин,
Биз – фарзандлар, унга ишонамиз-да.

Ишонаман, сен ҳам, эй гули ғунча,
Фаластин қизисан ўла-ўлгунча!

Ҳали бу тошқотган ҳавони кесиб,
Она тилда қўшиқ-куй янгратамиз.
Мажруҳ далаларнинг бағрини тешиб,
Қон ила суғориб дон яратамиз.

Фаластиннинг куюк далаларидан
Ҳосиллар йиғамиз тўп-тўп, бўлиқ, шаън…

Музаффар Аҳмад таржимаси