Фадва Туқон (1917-2003)

Фадва Туқон (فدوى طوقان‎; 1917, Наблус, Фаластин – 2003) – фаластинлик шоира. Илк китоби 1946 йили “Менинг акам Иброҳим” номи билан чоп этилган.

МЕНИНГ МОТАМСАРО ШАҲРИМ

Разил нобудгарлик руҳи уйғониб,
Осмон чеҳрасини қуюн тутган кун.
Урушни, кулфатни қарғаб, ўртаниб,
Шаҳарликлар тинмай қайғу ютган кун.

Анҳор суви қочди ўзанни бузиб,
Қочди ҳар юракдан ғамгусор умид.
Фарёдга изма-из фарёдлар тизиб,
Шаҳар инграр, ана, пуркаб тутун, ҳид.

Қани ўйнаб юрган болалар бунда,
Қани қўшиқ, қани кулгулар саси.
Барчаси, барчаси энди тутқунда,
Шаҳарнинг сукутда чиқмас нафаси.

Менинг мотамсаро шаҳрим, не бўлди?
Нелар бўлди сенга, эй маҳзун она?!
Наҳотки бағрингга тутунлар тўлди,
Наҳотки, портлашлар бошланди яна?!

Наҳотки далалар куйса, тўлғонса,
Ҳосиллар портласа, мевалар ёнса?!

Музаффар Аҳмад таржимаси