Абул-аъло ал-Мааррий (أبو العلاء المعري) – ўрта асрларда яшаб ижод этган улуғ араб шоири ва мутафаккиридир.
Шоир 973 йилда Суриянинг шимолидаги Маратаннўъмон ёки Маара деган кичик бир шаҳарчада, қози оиласида туғилган. Уч яшарлик вақтида чечак касали билан оғриганидан кейин, Абулалонинг бир кўзи ожиз бўлиб қолди. Олти ёшга кирганида иккинчи кўзидан ҳам маҳрум бўлиб, умрининг охиригача кўр бўлиб ўтди. Дастлабки таҳсилни отасидан олди. Отаси унга савод ўргатди, араб адабиётидан бошланғич маълумотларни берди. Абулалонинг билимга иштиёқи, таҳсилни давом эттириш орзуси жуда кучли эди. Бу иштиёқ ва орзу бўлажак шоирни ўша даврнинг катта маданий марказларидан бўлмиш Ҳалаб шаҳрига олиб келди.
Бу ерда Абу Таммом, Бухтурий, Мутанаббий каби энг катта араб шоирларининг ижодиёти билан яқиндан танишади. Улар ижодиёти Абулало фикру онгига чуқур таъсир кўрсатади. Уларга тақлид этиб шеърлар битди ва Мутанаббий шеърларига шарҳлар ёзди. У ўша пайтдаги айрим маддоҳ шоирларни фош этиб, ҳақиқат йўлини тутди. Яна бир неча шаҳарлардаги машҳур кутубхоналарни “ўзлаштириб”, билимини муттасил чуқурлаштирди. Унинг ёнида керакли китобларни ўқиб берувчи шогирди бор эди, шу шогирдининг ёрдами билан юнон файласуфларининг асарларини ўрганди. Бағдоддаги адабий доираларда маарлик кўр шоирнинг номи машҳур бўлди. Натижада Абулало замонасининг буюк шоирлари Абут Тайиб ал-Мутанаббий, Ханнал Фахурий, Абу Нувос, Абу ал-Аттахия, Умар ибн Аби Робиа каби забардаст шоирлар сафида ўзига хос ўрин тутди ва катта мактаб яратди. Абулало Мааррий қаламига мансуб “Рисолаталмалоика” (“Фаришталар тўғрисида рисола”), “Рисолатанғуфрон” (“Авф тўғрисида рисола”) каби фалсафий асарлар ва айниқса унинг “Аллузумиёт” (“Лозим бўлмаган нарсаларнинг лозимлиги”) номли шеърий тўплами жуда шуҳрат топди.
Тақдир тақозоси шундай бўлдики, кўзи ожизлиги жиҳатидан Ҳомеру Рўдакийга тақдирдош бўлган бу улуғ шоир қалб кўзи – басорат кўзи билан ўзи яшаб турган оламни, жамиятни, даврнинг моддий ва маънавий қирраларини чуқур ҳис этди, одамлар орасидаги зиддиятни, адолатсизликка асосланган турмуш тарзини, оддий инсон фожеасини, разолат ва тенгсизликни руҳан ғоят теран англади. Шу боисдан унинг асарлари ўзидан кейинги барча давру диёрларнинг ижтимоий фикрларига катта таъсир кўрсатди. “Берунийнинг замондоши бўлган Абулало, — деб ёзган эди академик И.Ю.Крачковский, — тафаккурининг эркинлиги, фикрининг мустақиллиги, ҳаётда кўрсатган жонбозлиги жиҳатидан хивалик улуғ астраномдан қолишмаса керак. Албатта унинг дунёни кўриш доираси бирмунча торроқ эди… У азоб-уқубат билан ўтган узун умрини инсон ҳаётининг олий масалалари устида жиддий мулоҳаза ва тафаккур билан ўтказди”.
Шоир ҳақида “Абулало Мааррий” номли достон ёзган буюк арман шоири Аветик Исаакян бу ҳақиқатларни юксак шеърий мисраларда тараннум этгани ҳам бежиз эмас.
Шоир ўзининг 84 йиллик умри давомида олтмишдан зиёд асар ёзди. Айниқса, унинг шеърияти араб адабиётининг олий ва порлоқ намуналари ҳисобланади ҳамда жаҳон шеърияти дурдонаси сирасига киради. Унинг асарлари мазмун ўткирлиги, образли ифодаларининг бойлиги, тилининг бурролиги ва ҳаққонийлиги билан ўқувчига завқ бағишлайди. Унинг асарлари дунёнинг кўп тилларига таржима қилинган.
* * *
Кундузлари ғам-алам ичида қотса бошим,
Кечалари кўзимдан оқарди аччиқ ёшим.
Сочим қораси… менга эслатса қора тунни,
Тишим оқи… кўрсатар келажак нурли кунни.
Биз ҳаётни севамиз, гарчи аччиқ бўлса ҳам,
Гарчи ҳар лаҳзасида кўзимизда бордир нам.
Одам нола қилади: “Умримни чўзгил, Ҳаёт!”,
Ҳаёт дер: “Фурсат етди, йўқ энди зарра нажот!”,
Қачон бу айрилиқлар ниҳоя топар, алҳол,
Қачон ўз мақомини топажак васлу висол?
Сени ўқдан сақлади неча бор содиқ қалқон,
Энди воз кечгил ундан, битди энг сўнгги имкон.
Баъзилардек ўлимдан қўрқмаган зот эмасман,
Ўлиму Ҳаёт менга бефарқ нарса демасман.
Жасадимни ғассолга топширган чоғда ҳатто,
Чин кўнгилдан номозим этажакдурман адо.
Гарчандки вужудингни қучса-да қора зулмат,
Дуойи хайринг бўлур ёнингда содиқ улфат.
Дўстлар, орзум ўшал пайт ёнингизда мен турсам,
Ўзимнинг жанозамни ўз кўзим билан кўрсам.
Оҳ, бундай мўъжизага ўрин бўлмагай мутлақ,
Ҳаёт — аччиқ ҳақиқат, ўлим бу дунёда ҳақ!
* * *
Олим зоти қолмади. Ҳар ён зулмат, қоронғу,
Оддий одам фарзандин насибасидир оғу.
Кўзга кўринган бир пайт бирор кимсаки бордир,
Қонунсизлик илгида барчаси хор-зордир.
Аёлу эркаклару барча-барча — ҳаммамиз
Қуллик исканжасида кеча-кундуз ғамдамиз.
Оллоҳнинг мулки эрур Ою Қуёшу само,
Еру денгизу уммон тоғлару гулхан, ҳаво.
Оллоҳга тегишлидир юлдуз тўла қаҳқашон,
Яъники бизни ўраб турган ушбу кенг жаҳон –
Мисоли қалин тўрдек ташланган бошимизга,
Шулар ҳукмида бўлмоқ абадий тақдир бизга.
Буюк раҳнамо эрур оламга Парвардигор,
Сен ушбу ҳақиқатни ҳар лаҳза айла такрор.
Ҳаёт демак – туну кун айланажак чархпалак,
Икки ранг илон бўлиб одамни этур ҳалок.
Биз ажал ҳузуринда қарздор эрурмиз ҳар гал,
Лозим топган пайтида бизга уражак чангал.
Сувдан тенг баҳра олур боғлару дашту ангор,
Чорвалар подасию барча вуҳушу жонвор.
Умримиз оқибатин ўйласак эди агар,
Қонни сувдек оқизиб яшамасдик, алҳазар.
Ҳаёт аслин олганда ўтгувчи тезкор лаҳза,
Уни даф этар зумда бир қилич ёки найза.
Баҳам кўргил борингни муҳтож билан, эй дўстим,
Бу дунё омонатдир, шу сенга айтар сўзим.
* * *
Оллоҳга ҳамду сано! Ундандир ризқ-рўзимиз,
Мардлигу шарм қочди. Гуноҳкормиз ўзимиз.
Саховатли бўлса қалб, ҳатто ўлим чоғи ҳам
Гўрнинг азоби бўлгай барча малҳамдан малҳам.
Энг охирги лаҳза ҳам – нафас бўлса танга ёр,
Ҳомийларга ҳомийлик қилишга ҳам мен тайёр.
Дуогўйлар ичида юриб кундузу кеча
Эътиқодли бир одам топмадим излаб неча.
Билганим шул бўлдики, бу изғиган галалар
Кўзи очиқ кўрлару ақлу ҳуши чалалар.
Бирови олғир бироз, ўзин санар авлиё,
Такаббурлик бобида англайди ўзин танҳо.
Аслига назар солсанг, бориб турган лақма, гўл,
Бошқаларин қусури уникидан анча мўл.
Яъни ҳар бир лаҳзада битта шумликка тайёр,
Бири ғирт ёлғончию бири ўлгудек айёр.
Дунёда бор маразнинг ҳаммасидан бор, бешак,
Уларнинг қилиғидан хижолат тортар эшак.
Биз-ку камбағал инсон, кийгани жанда, ямоқ,
Лекин анов зотлардан неча бора биз бойроқ.
Биз ўлимдан қўрқмаймиз, биз ҳаётни севамиз,
Лекин ишқ-муҳаббатдан маҳрум бўлдик нега биз?!
Тирикликда топмадик содиқ дўстларни асло,
Балки ўлган чоғимиз бўлар бу иш мустасно.
Қуёш ҳам балқиб боқар, нурлари яйраб оқар,
Ҳаёт қувончи балки ўшанда бизга ёқар.
* * *
Жафокашларни эркка йўллаш келар қўлимдан,
Қаршилик қилсалар ҳам, қайтмасдим бу йўлимдан.
Асрим-ку жонга тегди. Мен ҳам тегдим жонига,
Ақлим етди ниҳоят шу ҳикмат поёнига.
Билурманки, ажалим етган ўшал соатда,
Ҳиндий шамшир-ла бошим кесажаклар албатта.
Ҳаёт — бир йўрға нордир, тошдан тўқим-эгари,
Фақат ўлим сени бу даҳшатдан этар нари.
Икки эшик ораси эрур бизнинг бу олам,
Ўз-ўзинг билан ёлғиз қолган чоғинг, эй одам,
Алоқани узгилу дарҳол бу дунёдан кет,
Бефойда бу ҳаётнинг баҳридан ўту тарк эт!
Хоҳ кураш, хоҳ курашма – икки йўлинг ҳам тенгдир,
Қай бирини танламоқ, дўстгинам, ўз ишингдир.
* * *
Кимки оғир пайтда ҳам оғзини тутса маҳкам,
Ўшал одам ҳаётда бўлгай азиз, муҳтарам.
Сергаплик одам зотин дучор этар балога,
Сукут одамни асрар, кўтаргайдир самога.
Камтарлик билан одам юксалур тоғдек баланд,
Мағрур кимса бўлгайдир изтироб билан пайванд.
Балолардан қутулмоқ истаган, азиз инсон,
Қаергаки бормагил, кўрмассан беғам бир жон.
Ҳар хонадонда учрар номуси поймол аёл,
Одам Ато фарзанди шароб ичиб масту лол.
Бундай юртнинг подшоси елкага жанда илиб,
Ёазнаю саройи йўқ манзилга кетсин… билиб.
* * *
Ўз фойдангни ўйламай, одамга яхшилик қил,
Ундан бир наф топишни ўйлама бўлсанг оқил.
Ер юзини ахтариб чиққил қадамба-қадам,
Камдан-кам учрагайдир олийжаноб бир одам.
Одамларга қўрқинчни сингдирар шоҳлар бутун,
Чангалида заҳрини жам этган каби қузғун,
Баланду пастликлари билинар кўз қиридан,
Улар жабру зулмда қолишмас бир-биридан.
Бизнинг шоҳ эса… халқни талаб чиқди-ку обдон,
Одам кўз ёшида сузиб юрибди обдон.
Тошбағир амалдорлар тўлдиришиб саройни,
Тинч қўйишмас бечора бир жоннию бир жойни.
Масжиду работларни талашдир муддаоси,
Аслин олсанг, шоҳ ўзи бу ишнинг раҳнамоси,
Қизларни ўргатингиз тикиш, тўқиш ишига,
Ўқиш, ёзиш дегани фойда бермас кишига.
Яхшиликка ундайди аёл дуосин ўзи,
Уларга шарт эмасдир улуғ китоблар сўзи.
Бу гапларни эшитиб ва кўриб турган инсон,
Дуо ўликларга жон берур, десалар ишон.
* * *
Мисрда ўлат кезар, лекин айтинг, қайда бор,
Одами ўлмайдиган жаҳонда бирон диёр?
Ақлимиз чора истар ундан бўлмоққа холи,
Аммо бундоқ юмушнинг кўринмас эҳтимоли.
Қайси араб, қайси форс ё қайси битта юнон
Ҳаёт гулшани ичра юрар мангу қучиб шон.
Хоҳи пайғамбар бўлсин, хоҳи бўлсин шаҳаншоҳ —
Ажалнинг нигоҳидан қочиб қололгай ногоҳ?
“Қочиб қолиш” ниятин ҳеч қандай иложи йўқ,
Нишонга шартта теккай ажал отган ўткир ўқ.
Ҳар лаҳзада қалбимиз аниқ сезиб туради,
Ортимиздан ажалнинг ўзи пойлаб юради.
* * *
Эй, қаламкаш маддоҳлар, айтинг бугун қалайсиз,
Ҳар балоларни мақтаб, пашшадай ғўнғиллайсиз.
Шоирларингиз изғир, бўридай қидириб ов,
Улар севган емиши — албатта ширин мақтов.
Улар худди каламуш, ёвдан баттар минг бора,
Муттасил ўғирлашар бирор шеърий ибора.
Қабул қилингиз, дўстлар, менинг мақтовимни ҳам,
Ҳар бир сўзим аслида сўкинишдан эмас кам.
Энг гуллаган вақтларим даврангизда ўтди хайф,
Энди кексалик чоғи сиздан нима топгум кайф.
Хайриятки, сизлардан анча энди олисман,
Айтадиган гапим шу истасангиз… холисман.
* * *
Беркингил ўз-ўзингга. Чунки танҳодир Оллоҳ,
Шоҳлар иноқлашур деб марҳамат кутма ногоҳ.
Камбағал дўст қидирар, агар бермаса толе,
Бу ҳам бир нарса, у балодан бўлар холи.
Агар кечаю кундуз зулматда ўтса рўзғор,
Демак эру аёлнинг ўзларидир гуноҳкор.
Агар шу хилда бўлса инсонга тақдир нақши,
Инсоннинг гўдакликда ўлиб кетгани яхши!
Мана у, яшаётир, тақдирни қарғаб-қарғаб;
“Онагинам дардига бўлдим деб танҳо сабаб!”
* * *
Дунёда яшайсанки, ўчдирсан маишатга,
Шу интилиш бошлагай сени офат, иллатга.
Ном қўйиб чиқадирсан қуруқликка, сувга ҳам,
Ою юлдузларни ҳам ўлчайсан қадамқадам.
Ҳаттоки офтобга ҳам ташлайсан очкўз назар,
Бу қилмишинг ўзингга қайтажак бўлиб ханжар.
* * *
Ёлғиздирман, бўм-бўшдир энди буткул ҳаётим,
На фаришта, на шайтон бўла олгай нажотим.
Кўнглим даштидан кетди ўйнаб юрган минг жайрон,
Ҳувиллаган чўл қолди, ҳаммаёқ бўм-бўш, ҳайрон.
Фақат жисми шишаси синди деб этманг хаёл,
Балки руҳ бўлди мажруҳ — оёқ остида поймол.
Кимки ёшлик пайтида топмади дилоромин,
Умр бўйи топмагай энди у дил оромин.
Мен таслимман… ҳаётнинг ушбу йўлидан бордим,
Ҳеч ким мадад этмади, ҳар нечаки ёлбордим.
* * *
Олдинги мардликлардан қолмади дея урвоқ,
Ёам чекиб, оҳ урмоғинг беҳуда эрур, ўртоқ.
Ироқ билан Сурия очкўзларга ем агар,
Демак бошларида йўқ салоҳиятли раҳбар.
Аждаҳолар ўтирар бош бўлиб салтанатга,
Улар хизмат қилур ҳамиша шайтанатга.
Ўшал подшоҳ дегани шароб ичиб айш этар,
Бундай пайтда оч юрти азоб чекмасдан нетар?
Бошқа тилга қўшилиб, булғанди-ку тилимиз,
Боболарнинг тилидан маҳрум бўлди элимиз.
Қачон дунёга келур энди бир оқил имом,
Бизга ҳақиқат йўлин кўрсатса эди тамом.
Оллоҳга ибодат қил, нажосатга юрт тўлди,
Бу ифлослик қошида — таппи ҳам ҳолва бўлди!
Русчадан Жуманиёз Жабборов таржималари