Дороти Паркер (Dorothy Parker) – америкалик шоира, ёзувчи ва сценарийнавис. Инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳаракатларида иштирок этган. Фарзандсиз ўтган, қора танлилар ассоциацияси аъзолари томонидан дафн этилган. Истагига кўра, қабрига: “Менинг хокимни ҳам кечиринглар” деб ёзилган.
УМР АДОҒИДА…
Бир куни қарийман, сокинлашаман,
Адо бўлар шунда ҳирсу ҳаяжон –
Тўшакда ётарман хотирам билан,
Хотиржамлик ичра совуб борар жон.
Рангпар рўмолимнинг оҳори кетар,
Рангсиз сочларимга танғиб тароқни,
Тафтсиз кафтларимни тиззамга қўйиб,
Секин яширарман титроқ бармоқни.
танни беркитарман қалин кўйлакда –
Ёқани ёпарман, кўринмас томоқ.
Дарпардани ёпиб, эшикни боғлаб,
Шаҳардан ўзимни тутарман йироқ.
Кеч тушганда қуйиб пиёлага чой,
Унута бошларман ғамни, армонни…
Ҳозирча умидим тангридан шудир –
Кечроқ келсин ўша… қарилик они.
ҲАММАСИ ТУГАДИ
Севгилим, ҳаммаси тугади, абас…
Нега ҳаммаёқда тинчлик ҳамиша?
Қуёш ҳар кунгидай нур сочар бесас,
Кўкда милтираган юлдуз ҳам ўша?
Наҳотки сезмади улар ҳеч нима?
Ҳаммаси тугади – севгимиз ўлди,
Севгимиз жон таслим қилди жимгина!
Ишига шошилган халққа йўл тўлар,
Ҳар кунги ташвишлар эзар, қарасам –
Одамлар минғирлар, кулар ва ўлар,
Садоқатдан, ахддан ичарлар қасам,
Баҳслашар: хўш, бугун нимани есак,
Кимни чув туширсак, кимни алдасак –
Наҳот улар билмас, билмайди авом:
Ишқимиз тугади, ахир, батамом!
Ўтар машиналар, трамвайлар ҳам,
Янги севишганлар ўпишар, ана.
Қийқириб кулади болакайлар ҳам,
Одамлар ғимирлар, чопишар яна…
Наҳотки бўлмайди ҳеч кимса огоҳ:
Севгимиз бизларни тарк этди ногоҳ!
Ҳеч ким тўхтамайди, тутмайди мотам,
Кўнгил сўрамайди, бўлмас ёшга ғарқ…
Ишқимиз тугади, ахир, батамом!
Ишқ тамом! Лекин –
Шундоқ ёнимиздан ўтиб борар халқ.
Ҳаммаси ўтади, ҳаммаси ўтар,
Йиғлайман, титрайман, умидланаман –
Севгимиз раҳм этар,
Ишқимиз қайтар…
АСПИРАНТУРА
Мени аввал тинмай Орзу ўқитган,
Ундан кучли яна Ишқ берган сабоқ.
Бугун энди, мана, Ғам бермоқда дарс –
Менинг эса мудом билганим-билган,
Сира тинмай хато қилганим-қилган…
Шўрлик бошим синган, дилпарчин, ана –
Янги сабоқларга тайёрман яна.
***
Бу дунёда бошқа бўлмаса керак
Оқ олча гулидай гўзалроқ тасвир.
Аммо дил азалий ғамга тўлмоқда,
Азизим, шу оппоқ дарахт шохида
Осилиб,
Жимгина ўлгим келмоқда…
Инглиз тилидан Карим Баҳриев таржимаси
БEКАМУ КЎСТ БИТТА АТИРГУЛ
Фақат ёлғиз гул юбормиш ул
Мулойимдир чопар ҳам буткул.
Кўп дилтортар, тоза, шабнам-ла –
Бекаму кўст битта атиргул.
Гулнинг тили ёт эмас зинҳор,
«Кўнгли баргим сақлар» дер нуқул
Севги бўлди унга зўр тумор –
Бекаму кўст битта атиргул.
Ҳали энг зўр дея бир одам,
Улов жўнатмаган ҳар тугул,
Йўқ-йўқ, асли олмоқ бахт мудом –
Бекаму кўст битта атиргул.
Аъзам Обидов таржимаси