Исмоил Қадарий (1936)

Замонавий албан шеъриятининг таниқли вакилларидан бири Исмоил Қадарий (Ismail Kadare) 1936 йил 28 январда Албания жанубидаги Галикастра шаҳрида зиёли оилада туғилган. Тиран университетининг тил ва тарих факультетида таҳсил олган. Талабалик йилларидан шеър ёза бошлаган. Унинг “Ёшлик шижоати” (1957), “Орзулар” (1957) шеърий китоблари чоп этилган. Москвадаги Олий адабиёт институтида ўқиган. Чинодель Дук (1992) ва Букер (2005) адабий мукофотлари совриндори. Исмоил Қадарий номзоди бир неча бор Нобель мукофотига тавсия этилган.

ТУШ

Агар Қора денгиз
Тушингга кирса,
Чарх уриб гирдоблар,
Тўлқин кўпирса;

Ошуфта дилингни
Босмасин қўрқув.
Сувга тушларимни
Сочганимдан бу.

Агар Қора денгиз
Тушингга инса,
Ўртана-ўртана
Пўртана тинса;

Шунда ҳам кўзингдан
Қочмасин уйқу.
Сенинг сирларингни
Очганимдан бу.

Тушингни сувга айт,
Суюкли сулув,
Сув оқлик эмиш-ку,
Сув покликмиш, сув…

Тушларингга кирса
Қора денгиз гар,
Бор айбни ғайбгамас,
Сен менга ағдар.

ТУНД ОСМОН

Осмон тунд.
Булутлар қопламиш осмонни.
Паға-паға булутлар.
Мен эса
Хотира осмонига термулиб,
Дераза ёнида
Ўлтирибман жим.
Бул осмонда ҳам

Паға-паға булутлар учар.
Паға-паға булутлар…
Бул тушми,
Хотирми,
Рўё?
Паға-паға булутлар –
Сен ёзмаган,
Мен олмаган
Мактублар гўё.

* * *

Йўқ.
Йўқ.
Тамом.
Ҳаммаси бекор.
Сендан ҳиммат
Кутмасман зинҳор.
Чунки
Жануб суйган булутлар
Қорлар ила
Шимолни қутлар.

Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси