Таниқли албан шоири Андон Чаюпий (Andon Zako Çajupi) 1866 йил 27 мартда савдогар оиласида туғилган. Швейцарияда олий маълумот олган. Унинг “Томори ота” (1902), “Омонат насиҳат” (1957) шеърий тўпламлари ҳамда “Замин қаҳрамони” (1937)драмаси ва “Қазодан сўнг” (1937) комедияси китоб ҳолида нашр қилинган. Шунингдек, у Ж.Лафонтен масаллари, Ҳ.Ҳейне шеърлари, қадимий ҳинд тили – санскритчадан “Ҳинд гулшани” (1922) шеърий китобини таржима қилган. Андон Чаюпий Албания миллий уйғониш даврининг мумтоз шоири ва драматурги сифатида қадрланади. Шоир 1930 йил 30 июлда вафот этган.
* * *
Инсон номин оқлаган
Бобокалонларимиз.
Бир бирини ёқлаган
Бобокалонларимиз.
Юрт юкин ортмоқлаган
Бобокалонларимиз.
Ватанни ардоқлаган
Бобокалонларимиз.
Юрмаганлар сув кечиб,
Кема не билишмаган.
Вафо чакмонин ечиб,
Хиёнат қилишмаган.
Буқага бўйинтуруқ,
Отига тақа урган.
Уй, эшик, сарпо-суруқ,
Барчаси очиқ турган.
Марза билмаган дала,
Тўғон тушмаган сойга.
Одам ажратилмаган
Камбағал ёхуд бойга.
Бир бирининг устига
Улар лашкар тортмаган.
Дўст суянган дўстига,
Ғаму андуҳ ортмаган.
Энди эса, э худо,
Ёввойилашди башар.
Бири биридан айро,
Одамзот нотинч яшар.
Меҳру оқибат абас,
Итдай талашар чандир.
Бу авлод ҳур бўлибмас,
Қул бўлиб туғилгандир.
Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси