Усмон Сембен (Ousmane Sembène) – таниқли носир, шоир ва кинорежиссёр. Фаранг тилида ижод қилган. “Сенегал ўғли” ва “Янги саҳифалар” (1964) ҳикоя ва шеърлар китоби, “Харматтан” (1966) асарлари чоп этилган.
КАЗАМАНС
Казаманс – азим дарё,
сенда замон руҳи жо.
Мен дунёга келмасдан
олдин бор эдинг ҳатто.
Улуғвор,
осмон билан
ўзингсан бирга оққан,
аждодимдан ҳам кекса,
доим олдга интилган…
Казаманс – собит дарё!
Кўзгусан мудом ойга,
сен фақат самодан ёш,
келтирдинг юртга фойда.
Кўркинг завқ бермас кимга,
билсанг,
болалигимда
бағрингдан балиқ овлаб,
таскин топдим севгимга.
Сен сергап ўртоғимдай
гапга тутардинг атай.
Камсухан,
содда бола –
мен сени не деб атай…
Дарё!
Оқиздинг зорим –
ҳар рўзғорнинг ғуборин.
Ибрат ювош тийнатинг,
бетин чертдинг қалб торин.
Дарё,
сен – халқ,
сен – қудрат
ҳам мулойим ҳамсуҳбат.
Сатҳингда маишатга
нокаслар топди журъат.
Сенга нима бўлди, айт,
Казаманс,
оқдинг лоқайд?
Темза,
Рейн,
Рон – тимсоҳлар
ўрнида кема бу пайт…
У ерларда бойлигу
латофатингдан ғулу –
бунча сувни кўрмадим,
ичингдан чиқиб, ёҳу!
Оқишинг – элга нафас,
шаштинг куну тун сўнмас,
сувларинг – далаларга
жонбахш шарбат эрур, бас.
Сен янги авлодларни –
саф-саф тирик асарни
вояга етказасан,
бахш айлаб хуш назарни.
Сен бизда,
сен биз билан,
шаънингни куйлаб дилдан
беҳад бойлик тарзида
эъзозлар қадринг билган.
Халқ – бу улғаювчи куч,
сенга эш ҳар бир ҳовуч.
Номингни куйлар хушҳол,
қай бирига келсанг дуч.
Тўлқинларинг мавжланиб,
жўш урар бизни таниб.
Бағрингда яшар кўп жон
кўп хатардан асраниб.
Инжа ҳиссим айтсам гар,
тўлғонасан бешбаттар –
улар сиру овозинг
уфқ аҳлига тарқатар.
Тамтам саси таралган
қай дам тўлқинларингдан?..
Бизни кечир,
Казаманс,
куч-қудратинг бизга тан!
МАРСИЯ
Диуана,
синглим-қондошим,
бағрим,
Казаманс қирғоғи – кўз очган юртинг.
Кўнгилдай кенг оқим уфқ томон тағин
шошилиб оқарди,
бахтиёр эрдинг.
Диуана,
синглим!
Бугун Африка
анча тинчиб қолган,
қамалдан холи –
қулортар кемалар боқмас афтига,
тинди айрилиқ ва даҳшат шамоли.
Занжирбанд акалар доду фарёди
энди тебрантирмас ўтли қирғоқни.
Хотирда бўзлашлар,
қий-чувлар ёди –
ким ҳам унутарди аччиқ фироқни.
Диуана,
синглим!
Вақт ўтар суқли,
чил-чил узилди-я қуллик занжири.
Қирчумоли аҳли кўҳна қудуқни
кемириб – семириб ўлди охири.
Бизни эзар ҳануз
номус,
кучсизлик,
ҳамон мавжуд баттол қамоқхоналар –
мозий қул кўрмаган аждодимиздек,
эсдан чиқмас асло – тошбитик қадар.
Диуана,
синглим!
Субҳидам қуёш
қабрингга нур сочди ёрқин,
тилларанг.
Жўхори ва гуруч бошоғи сирдош –
бошингда бош эгиб,
ўсмоқда аранг.
Диуана,
синглим!
Бизнинг далада
муаттар ҳидлари тунги фараҳнинг –
жон тер ила сувлаб,
оний паллада
ёвғон ичган қулга келади раҳминг.
Озодлик насими – ватан соғинчи.
Диуана,
ҳур Тонг аломатисан.
Ғурбат ютди сени – йўқолди тинчим,
тақдирингда не фарқ аждодларимдан?!
Сени алдадилар,
гулдай қўлингни
сувтекинга сотиб олдилар гўё.
Иссиқсевар пальма каби феълингни
беписанд кўрдилар шимолга раво.
Диуана,
кун келар
ва бу кун яқин,
баралла айтамиз африкаликлар:
“Бу ўрмон, далалар ҳамда бу замин –
бизники,
биз учун қора мушаклар!”
Юраклар бўзлайди қабринг бошида.
Сингилчам,
тинч ёт,
чекма ҳеч фарёд.
Бил, Ҳуррият йўлдош Тонг қуёшига!
Яқинда Африка бўлар ҳур-озод!
Рус тилидан Сафар Оллоёр таржимаси