Инсоният тарихида ҳар кандай ижтимоий ҳодисада маълум бир рамзий белгилар, тафовутлар акс этган. Рамзий белгилар маълум жамият гуруҳларининг этник, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ҳаётини ифодалаган.
Туркий халқларнинг Хун даври географик ҳолати рамзий белгилар билан ифодаланган, яъни: шарқ томон — мовий ранг орқали акс этган, ғарб — оқ ранг билан ифодаланган, жануб — қизил ранг, шимол — қора ранг рамзий белгиси ҳисобланган. Бу рамзий белгилар туркий халқларнинг этник хусусиятларида, маънавий ҳаётида, ижтимоий муносабатида ўз ифодасини топган; рамзий белгилар орқали табиат ҳодисаларига муносабат билдирилган, бугунги кунга келиб диний эътиқодларда ҳам рамзий ифодалар қоришиб кетганлигини кўрамиз.
Туркий халқларнинг рамзий белгилари Хитой, Рим, Византия, Тибет, араб, ҳинд, форс, туркий ёзма манбаларда ёритилган, шунингдек, бу рамзий белгилар халқ оғзаки адабиётида, удумларда, этнографик хусусиятларда ўз аксини топган. Хун империяси даврида сариқ ранг бошқа рангларга нисбатан ажратиб олинган, ижтимоий ҳаёт маъносида сариқ ранг давлат рамзи сифатида хунлар байроғида акс этган. Шукингдек, байроқ ўртасида тимсоҳ (нак)га ўхшаш ҳайвон тасвири ифодаланган, байроқ бўйи эса энига нисбатан узун бўлган.
Ғарбий Хун империясининг байроғи ҳам сариқ рангда бўлиб, байроқ ичида бирор белги кўрсатилмаган. Бу эса улар байроғида тамға белгиси кўрсатмаслик, шарқий Хун империясига нисбатан мустақил субъект эканлигини исботлайди.
* * *
Қадимги туркий даврда рамзий хусусиятлар ифодаланган ранглар янада ривожланган, шаманлик (хамлар, қамлар) дини билан узвий боғланиб кетган, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётнинг барча соҳаларида ўз аксини топган. Туркий қавмларда бўри билан боғлиқ илоҳий, ижтимоий, этник тушунчалар кенгайган. Бўри — туркий қавмларнинг этник жиҳатдан маънавий ҳаётига раҳнамо ҳисобланган. Шунингдек, қатор йиртқич ҳайвонларга, қушларга нисбатан шаманизм руҳидаги қараш ҳам кечгайган. Бунга кўра, ҳайвон ва қушларга нисбатан эткик, шахс номларини қўллаш ҳанузга қадар давом этмоқда.
Исломдан илгари қадимги турк даврида Буюк турк хоқонлиги давлати ўзининг рамзий ифодасини акс эттириш учун маълум рамзий белгилар қабул қилган. Бу белгилар қадимги турк давлатининг байроғида ўз ифодасини топган. Ушбу яшил байроқ ўртасига бўри боши тасвири туширилган, байроқ эни бўйига нисбатан узунроқ бўлган.
Милодий тўртинчи асрда Баламир томонидан тузилган Овруподаги Хунлар давлатининг байроғи оқ рангли бўлиб, энига нисбатан бўйи узунроқ эди. Байроқ ўртасига қаноти ёзилган бургут тасвири туширилган, бургут қуйруғи билан қўндирилган, унинг боши устида туркий бўрк бўлиб, бу бўрк бургут бошига кийдирилмаган, аксинча, муаллақ ҳолда тасвирланган.
Буюк турк хоқонлигининг Ҳазар хонлигида ҳам мустақил байроқ бўлган, бўйи узунроқ, эни қисқароқ ўлчовга эга, ранги тўқ яшил, байроқнинг биринчи ярмида беш қиррали бешта юлдуз, юлдузларнинг олд томонида ясси қалпоқ тишлаган қуш тасвири туширилган.
* * *
Оқ хунлар ёки Кушонлар (милоддан аввал III аср. милоднинг V асригача давом этган) давлати Рим империяси билан рақобатда бўлган. Кушон империясининг байроғи оқ рангли бўлиб, байроқнинг олд томонида беш қиррали оч сариқ тусдаги юлдуз тасвирланган, бўйи узун ва эни қисқа бўлган.
Эфталитлар (V—VI асрлар) Кушонлар империясининг давоми сифатида оқ хунлар давлати деб юритилган. Эфталитлар байроғи ҳам оқ рангли бўлиб, байроқнинг олд қисмига беш қиррали оч сариқ юлдуз тасвири туширилган.
Тўққуз ўғуз ёки Қадимги Уйғур давлати саккизинчи асрнинг ўрталарида буюк турк хоқонлиги емирилгач, меросхўр сифатида ташкил топди. Тўққуз ўғузлар байроғи тўқ сариқ рангда бўлган, байроқ ичида икки кишининг боши тасвирланиб, бирининг бошига тумоққа ўхшаган бўрк кийдирилган, иккинчиси тегаракли қалпоқ кийиб, бу қалпоқ попукли эди.
Идиқутлар ёки Уйғур давлати Турфонда тўққизинчи аср ярмида ташкил топган. Бу давлат тўққуз ўғузлар империясининг давоми бўлгани учун байроқ тасвири ҳам ўзгармай, мерос сифатида давом этган.
Олтой, Монголия, Жанубий Сибирда 545 йилда буюк турк хоқонлиги тузилгач, туркий қавмлар иттифоқига кирган (абар) аварларда турк қаған (хоқон)лигига нисбатан душманлик пайдо бўлгандан сўнг, аварлар Шарқий Оврупога, сўнг Болқонга, Марказий Оврупога сурилиб, 565—803 йиллар давомида Оврупода авар хоқонлигини тузган. Яшил рангли байроққа эга бўлган, байроқ ўртасида орқага қараб ўқ-ёй отаётган киши отда чопиб кетаётган ҳолатда тасвирланган. Улуғ туркий олим Маҳмуд Кошғарий бу ҳолатни Искандар Зулқарнайннинг Туронни босиб олаётган давридаги туркий қавмларга нисбат берган.
Турк халқлари ислом динини қабул қилгандан сўнг давлат байроқларида айрим ўзгаришлар юз берган.
Қорахонийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар давлатларининг байроқларига қадимги турк хоқонлари давлатлари байроғига нисбатан қуйидаги ўзгаришлар киритилган.
Қорахонийлар давлати милоднинг 860-йилларида ёғмо, қарлуқ, чигил туркий қабилалари иттифоқи асосида Баласағунда (Балиғ сағунда) Сатуқ Буғрохон томонидан ташкил этилди. Бу давлатнинг рамзий ифодаси — байроғи қизғиш-қўнғир рангли бўлган, байроқда туғ шаклидаги ўқ тасвнрланиб, қуйидан юқорига қараб лотинча «М» ҳарфи каби учта шакл кетма-кет акс этган, қуйида биринчи «М» шакли йирик бўлиб, юқорига қараб икки «М» шакли кичрайиб борган.
* * *
Чингизхоннинг набираси Ботухон томонидан 1236 йилда ташкил қилинган Олтин Ўрда давлати 1502 йилгача ҳукм сурган. Олтин Ўрда давлати байроғига (Чингизхон меросхўри сифатида) оқ ранг танланган, байроқ ўртасида ярим ой белгиси, ярим ой остида лотинча «М» тасвирланган.
Араб халифалигининг емирилиши натижасида 963 йилдан 1183 йилгача Ғазнавийлар давлати барпо бўлди. Ғазнавийлар давлатининг байроғи, яъни рамзий белгиси тўқ яшил рангда бўлиб, унинг юқори қисмида оч кулранг ярим ой белгиси тасвирланган, шунингдек, ярим ой остига товус тасвири берилган, байроқ бўйи узунроқ, эни қисқароқ шаклдадир.
Туркий қавмларнинг йирик давлатлари — ўтуз қабилаларининг буюк турк хоқонлиги ҳамда тўққуз ўғузлар давлати билан бир қаторда Инжу ўкуз (Сирдарё)нинг қуйи оқимида жойлашган Янгикент шаҳрида саккизинчи асрда ўғузлар давлати тузилган эди. Инжу ўкузда тузилган турк-ўғуз давлатига Салжуқбек асос солган, бу давлатнинг байроғи тўқ яшил рангли бўлган, байроқ ўртасига қанотини икки томонга ёйган икки бошли бургут тасвири туширилган. Бургут олдида ўқланган ёй тасвири ҳам берилган. Салжуқийлар давлати 1040 йилда ташкил топиб, 1157 йилда емирилди.
Хоразмшоҳлар давлати Салжуқийлар империясининг таркибида юзага келди. Хоразмшоҳ Отсиз даврида у мустақил давлат бўлди. Текиш ҳамда Муҳаммад Хоразмшоҳ даврида эса буюк давлатга айланди. Хоразмшоҳларнинг байроғи қора рангли бўлиб, байроқ ичида бошқа тасвир мавжуд эмас.
* * *
Темурийлар байроғи ўртасида Осиё, Оврупо ҳамда Африка қитъалари рамзи бўлган уч доира тасвири берилган, байроқ тўқ ҳаворанг, доиралар кул ранг бўлиб, бири-бирига ёндош ҳолда тасвирланган. Бу рамзий ифода Темурийлар империяси уч қитъани ўз таъсирига олганлиги ифодаси эди. Шунга кўра, уч доиранинг қўшилган шакли тасвирланган.
Бобурийлар империяси Ҳиндистонда 1526 йилда тузилган, 1858 йилда инглизлар томонидан емирилди. Бу империя 332 йил мавжуд бўлди. Бобур авлодлари давлатининг байроғи бўйи узун, эни қисқароқ бўлиб, байроқ чап эни томонидан ўнг энининг охирига қараб кенгайиб кетган, учбурчак сариқ рангда бўялган, байроқнинг қолган қисми эса қизил рангда тасвирланган.
Усмонли Турк империяси XIV асрда барпо бўлган. Туркия давлатининг асосчиси Усмон эди, шунинг учун Усмонли Турк империяси деб юритилган. Туркиянинг тарихий байроғи бўйи икки метр, эни бир метр бўлиб, қизил рангли байроқнинг ўртасида ярим ой ва саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. 1922 йилда Туркия байроғи тўқ қизил рангда тасвирланиб, ярим ой ва беш қиррали юлдузга алмаштирилган.
* * *
Хива хонлиги XVI асрнинг биринчи ярмидан бошлаб ўзбек элатинииг қўнғирот уруғи томонидан тузилган. Қадимий анъана тарзида Хива хонлиги байроғи учун жигарранг тус қабул қилинган, байроқ бўйи икки метр, эни бир метр, ўртасида ярим ой ва беш қиррали юлдуз тасвирланган, байроқ ҳошияси юпқа яшил йўл билан ифодаланган.
Бухоро хонлиги ўн саккизинчи асрнинг ярмида Ҳакимбий ва унинг ўғли Раҳимбий томонидан ташкил қилинган. Бухоро хонлиги пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом байроғи шаклини қабул қилган, шунга кўра, яшил рангли бўлиб, ярим ой ва беш қиррали юлдуз тасвирланган.
Қўқон хонлиги ўн саккизинчи асрнинг ўн биринчи йили Шоҳруҳбий томонидан тузилган, хонлик байроғига анъанавий сариқ-малла ранг қабул қилинган, байроқ ўртасида ярим ой ва беш қиррали юлдуз тасвири берилган.
Туркистон ўлкаларида ислом дини қабул қилингандан сўнг ташкил топган туркий давлатлар ўзларининг миллий давлат байроқларидан ташқари пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ярим ой ва юлдуз тамғали яшил туғини ҳам кўтарганлар.
* * *
1917 йили Қўқон шаҳрида Туркистон Мухторияти ҳукумати тузилгандан сўнг, жамоатчилик томонидан миллий байроқ масаласи кўриб чиқилган. Кадимги туркий халқларда мамлакатнинг шарқ томони — яшил, жануби — қизил, ғарби — оқ, шимоли эса қора ранг орқали ифодаланишига кўра, бу ранглар миллий байроқда акс этиши лозим деб ҳисобланган. Шунингдек, Туркистон ўлкалари ислом мамлакати сифатида миллий байроқда ислом белгиси бўлиши шарт деб белгиланган. Яна, бир қатор Туркистон ўлкаларида ташкил топган давлатларнинг миллий байроқларида акс этган рамзий белгилар ҳам учраши инобатга олиниши лозим бўлган.
Шу айтилган мулоҳазаларга кўра, Туркистон мухторияти ҳукумати қуйидаги байроқни миллий рамз сифатида қабул қилган. Миллий байроқ ҳажми: бўйи икки метр, эни бир метр. Байроқ тўрт хил ранг билан, тўрт чети энсиз яшил мовий рангда ифодаланган, унинг уч томонидан уч йўл бирлаштирилиб, бу уч йўл навбатма-навбат жигар ранг билан берилган; яна учта йўл туташтирилган ҳолда навбатма-навбат оқ рангда ифодаланган. Шунингдек, байроқнинг сопи билан бирлаштирилган томонидан яшил рангли йўлдан сўнг ярмига қадар қизил рангда тасвирланган, бу қизил рангли қисмида ярим ой ёки ҳилол тасвирланиб, ҳилолнинг бағрида беш қиррали юлдуз оқ рангда ифодаланган. Байроқнинг қизил рангли қисмидан кейинги бўлаги ҳам беш йўлдан иборат бўлиб, бу беш йўл: жигарранг — оқ ранг — жигарранг — оқ ранг — жигаррангда берилган. Ислом дини қабул қилингунига қадар Туркистонда ташкил топган давлатларнинг байроқлари ўртасида ёки байроқ сопида бўрибоши тасвири бўлган. Шунга кўра, Туркистон мухторияти байроғининг сопи устига бўри (курт) боши тасвири ўрнатилган. Бундан ташқари, Туркистон байроғи билан бир қаторда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ислом рамзи ҳисобланган байроғи ҳам ёнма-ён кўтариб юрилган. Шунга кўра, Туркистон фидойилари яшил байроқ кўтариб кураш олиб борганлар (Туркистон Мухторияти байроғи «ФТ», 1990 йил, 10-сон муқовасида берилган).
Туркистоннинг барча тарихий даврларида ташкил топган давлатларда миллий байроқдан ташқари туғлар ҳам бўлган. Туғлар ҳарбий бўлинмаларда, бекликларда қўлланиб, ҳар қайси ҳарбий қисм ҳамда бекликларнинг махсус тамғалари билан ифодаланган. Ҳарбий қисмларда туғ тутувчи бўлиб, уни туғсоба, туғдор деб атаганлар. Туғсоба, туғдор ҳарбий қисмларнинг бошлиғи ҳисобланган. Туғлар ҳарбийлар ҳамда бекликларнинг ихтиёрига кўра турли рангда бўлган.
Туркий халқларнинг қадимий даврлардан то аср бошларигача бўлган байроқлари ҳақида атрофлича, кўп ва хўб ҳикоя қилишга бурчлимиз. Келгуси йилги мақолаларда бу мавзуга яна қайтамиз.
“Фан ва турмуш” журнали, 1991 йил, 12-сон