Лунсайни Каба (Гвинея)

Лунсайни Каба – гвинеялик шоир

ИРҚЧИЛИК ОЛАМИ

Бу кўчалар,
маҳалла,
бу йўллар —
сенга эмас.

Бу олтин
меҳроб, маъбад,
дарвоза —
сенга эмас.

Сенга эмас
уйлар ҳам —
бари хўжайинларники,
хўжайинларники.

Сенга-чи, сенга эса —
фақат турма,
фақат барак,
фақат кон.

Сенга эмас
куй садоси,
бар ва рангин
тун ҳавоси.

Тунлар худди
қаро сендек,
қароликдан
бўғилма лек.

Бу ўлкалар
сенга эмас,
чунки тананг
оқ эмас.

Сенга эмас
бу Ватан.
Боиси сен —
қора тан.

АГАР ЮРАК

Агар юрак гулдираса
қалдироқ каби
чақмоқ тун пардасин
сўкиб, йиртиб отганн маҳал,
гар юрак гувласа
гўё эшикни
бўрон увлаб муштлаган каби;
агар юрак
оғир-оғир
акс-садо берса,
замон зинасидан
шошиб, югуриб,
лаҳза сайин яқинлашган
тақдир қадамларидан,—
тўхта,
тегрангга назар сол
кўрасан:
олдинда —
бир одам қораси.
Сен қутулдинг!
Инсон
сенга ишонч
қўлини тутар,
кучлироқ, ёвқурроқ
бўлмоқлик учун.
Сиз — иккингиз
йўлга бирга тушасиз
чақмоқзор оралаб,
бўрон, қалдироқдан ҳайиқмай,
тақдирга қарши…

МУСИҚА – ҚОН!

Созандалар келди
куйлади
электр гитарлар.
Виолончель
ингради.
Барабанлар дарангладилар!
Дирижёр бақирар:
«Қайтадан!»
Дирижёр уқтирар:
«Жонли, жонлироқ!»
Ва мусиқа
қон бўлиб
кетди,
кетди
томирлар бўйлаб,
ўт чақнатиб
тошлардан,
мунис тўлқин бўлиб,
тўлдириб
арзу самони.
Мусиқа
юракка айланиб,
нақ
бўғзингга келиб тиқилди,
чарчоқлар қулади,
оромгоҳидан, қайғулар
тахтидан
йиқилди.
Гитаралар тошиб
чуввос солганда,
саксофонлар бўзлаб
турганда бот-бот,
там-тамлар асабий
бўкиришганда
гўё қоқ бўлиниб
кетди Коинот!
Ва юрак қайтадан
қадимий
ҳасратли оҳангга
чулғанди:
оёқда залворли
кишанлар,
елкада қамчилар
тўлғонди.
Қора осмон
зириллар, гувлар,
ваҳший
ернинг
чиқади чанги.
Юракдан
юракка кўчиб боради,
кўчиб боради
оғриқлар оҳанги,
қаҳр оҳанги!

Чори Аваз таржималари

ЮРАК УРИБ ТУРСА…

Агарда юрагинг
Ором йўқотса
Чақмоқлар яшнаган оқшом чоғида
Уфқ бўйлаб югурган
Момақалдироқ каби;
Агарда юрагинг
Ўйнай бошласа
Даҳшатли довулга эрмак бўлган
Эшикнинг қўш табақасидай;
Агарда юрагинг
Вазмин акс-садо қайтарса
Тақдирнинг,
Ҳа,
Вақт зиналаридан гурс-гурс кўтарилиб,
Лаҳза сайин яқинлашиб келаётган
Тақдир одимларига —
Тўхта ва
Боқ:
Олдинда албатта
Инсон қорасини кўргайсан.
У нажоткорингдир!
Ҳа,
Инсон
Сенга ишонч ила
Узатгай қўлин,
Қудратли бўлур, деб, икковлон.
Қўлни бериб қўлга
Тушгайсиз йўлга
Довулдан ҳайиқмай,
Чақмоқлардан оша —
Тақдирга пешвоз…

Муҳаммад Солиҳ таржимаси