Гауссу Диавара (Мали)

Гауссу Диавара – малилик шоир

НИГЕР ДАРЁСИГА

Обиҳаёт дарёси, Нигер,
кўҳна тарих аввалидурсан!
Асрларнинг қаърига сингди
салтанатлар беному нишон.
Аммо тўхтам билмайсан ҳануз
бамисоли боқий умрсан,
Қораларга ризқ бергувчисан,
қораларнинг жонига дармон.
Тннч, осуда оқардинг, Нигер,
дориламон кунлар кечганда.
Сенинг мовий кенглигинг, бағринг
элга она сутидай ҳалол.
Жангчилардай отландинг доим
Ватанга ёв босиб келганда,
Тўлқинларинг кўкрак кердилар
сафда турган аскарлар мисол.
Минг йилларки, мавжларинг узра
тин билмаган қўшиқлардан айт,
Сахий бўлгил, бир она бўлгил,
қўлла, шоир юртдошларини!
Қурғоқчилик, офат йўлин кес,
салқин уфур олам ёнган пайт,
Ювиб кетгил Малининг аччиқ,
оби оташ кўз ёшларини!
Ана, мовий мавжли тўлқинлар
кўпик сочиб оқар басма-бас…
Майли, айқир, суронлар айла,
ошиқавер чексиз уммонга.
Ҳали ёшман, ёш шоир холос.
Шеърларим ҳам ҳали зўр эмас.
Аммо барин сенга атадим,
барин қўшиб жону имонга!

ЭРК САДОСИ

Эй, Африка,
Жазирама офтоб ўлкаси,
Жонажон юрт,
Нур ва соя сенда барқарор.
Сен кўпларнинг назарида:
Зулматга ғарқсан,
Бошгинангда эсар фақат
Туннинг шамоли,
Фақатгина умидсизлик
Қўлламиш сени,
Тақдирингда фақатгина
Иснод бор,
Ғам бор…
Кўплар сени шундоқ дерлар,
Шундоқ, Африка!
Аммоки, мен ундоқ хаёл
Қилмасман зинҳор!
Қучогингда туғилдим мен,
Вояга етдим,
Сен, эй мушфиқ,
Менинг қора олмосим, онам,
Сен ҳилолсан,
Юлдузларни қолдирган доғда!
Хотиржам бўл,
Опаларим бари шер ўмров,
Тошдан қаттиқ,
Бақувватдир чўнг елкалари!
Қалбим менинг
Муҳаббат деб туғилган мисол,
Сен эрк учун яралгансан,
Эй, она диёр!-
Бўрон,
Кенглик, кенглик дея туғилган мисол,
Сен эрк учун яралгансан,
Эй, она диёр!
Хўрласинлар,
Ҳақ-ҳуқуқинг этсинлар поймол,
Топтасинлар, майли,
Ғолиб келурсан аммо:
Чунки қоқиб болупарин,
Шиддати баланд
Зафар дея ошиқмоқда
Ёш бургутларинг!
Эртанги кун сен барини ҳайдаб солурсан,
Гувиллаган бўрон туриб,
Каттиқ дарғазаб
Тўзғитгандек
Ликиллаган қарға уясин,
Ўша собиқ «соҳиб»ларинг,—
Шафқат билмай ҳеч,—
Сен мангуга,
Мангуликка қувиб солурсан!
Эй, Африка!
Агарда сен бўлмасанг озод,
Билиб қўйки,
Табиатни қамрар интиқом,
Офтоб сўнар,
Ой йўқолур,
Тинар бўронлар,
Суви қуриб
Барбод бўлур мовий уммонлар,
Тоғлар эса самоларга
Портлаб отилур!
Эй, Африка,
Жазирама офтоб ўлкаси,
Жоним юртим,
Нур ва соя сенда барқарор.
қалбим менинг
Муҳаббат деб туғилган ахир,
Сен эрк учун яралгансан,
Эй, она диёр!

Муҳаммад Али таржималари

ОНАЖОНИМ АФРИКА

Онажоним менинг — Африкам,
жазирама қуёш империяси,
ёғдуларга йўғрилган тупроқ —
қитъаларнинг азал офтобрўяси.

Мен биламан, ўзгалар учун
сен — зулматлар салтанатисан.
Ёт назарда; сен мангу юпун,
мангу очсан; сал «ғалатисан».

Аммо билки, мен учун жондан
мўътабарсан — бебаҳо маскан.
Юрагимда гупурган қонсан,
падаримсан, синглим, онамсан!..

Юлдузлардан минг карра порлоқ
Мен учун баобаб кўлкаси.
Сен — матонат аталмиш замин —
дўстларимнинг метин елкаси…

Инсон қалби туғилар муштоқ
ҳам муҳаббат, ҳам шодлик учун!
Сен келгансан озодлик учун!
Бўронлар ҳам туғилар ўйноқ.

ҳам сайҳонлик, ҳам кенглик учун —
сен келгансан эрк, тенглик учун!
Бу бедодлик, зулм устидан
сен ғалаба қилурсан — бу чин.

Зафарингни кутмоқда минглаб,
миллионлаб навқирон лочин.
Эртага, ҳа, аниқ эртага
қуважаксан олдингга солиб
озодликнинг бўриларини!

Қуважаксан! Қувсанг — сен ғолиб!
Бўрон кўтар! То тўзғиб учсин
қузғунларнинг ночор инлари!
То қолмасин Африкамизнинг
биздан ўзга хўжайинлари!

Эҳ, сен озод бўлмасанг агар
қуёш сўнар, сарғаяр боғлар;
ой йўқолар, қурийди уммон,
чўкиб кетар тубига тоғлар!

Онажоним менинг — Африкам,
жазирама қуёш империяси.
Ёғдуларга йўғрилган тупроқ —
қитъаларнпнг офтобрўясн!

Менинг қалбим туғилган муштоқ
ҳам муҳаббат, ҳам шодлик учун!
Сен келгансан озодлик учун!

Сулаймон Раҳмон таржимаси

БОЛАЛИГИМ ЎТГАН УЙ

Дарёнинг қирғоғида
ёшлигим кечган маскан.
Юрагим қўноғида
мен сени асрагайман.

Томиримда жўшар қон,
ер менга сўйлар достон.
Она ерим ўгити,
мен сени асрагайман.

Қадрдон ўчоғим бор,
тутунига дил хумор.
Она уйим хуш бўйи,
мен сени асрагайман.

Ўтлоғим бор серёғду,
унда яйрайди оҳу.
Эй қуёшнинг ёғдуси,
мен сени асрагайман.

Отамнинг танбеҳлари
ёдимдан кетмас нари,
Эй остонам чанг-гарди,
мен сени асрагайман.

Жон бахш этар тунга рақс…
тамтам янграб, бошлар баҳс..
Ишонганим — туморим,
мен сени асрагайман.

Шамоллар букди тағин
нозик хурмонинг қаддин.
Сирли саҳронинг саси,
мен сени асрагайман.

Дарёнинг қирғоғида
ёшлигим кечган маскан,
Юрагим қўноғида
мен сени асрагайман.

Турсун Иброҳимов таржимаси