Шамсиддин Кокар (XVIII аср)

Шамсиддин Кокарнинг туғилган ва вафот этган йили ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Афғон олими С. Риштиннинг тахмин қилишича, Шамсиддин Кокар 1180 ҳижрий (1766 мелодий)дан кейин туғилган. Чунки 1814 йилда Сардор Муҳаммад Азимхон Кашмир ва Панжобда волий бўлганида, Шамсиддин Кокар 60 ёшда эди ва 1822 йили Шамсиддин ўз девонининг иккинчи қисмини тугатди.
Шамсиддин Кокар аслида Кокар қабиласидан бўлиб, Қандаҳорнинг Калачобод кишлоғида яшаган. Ҳозир бу ерда пўпалзайлар яшайди ва номи ҳам «Пўпалзай» деб юритилади. Шамсиддин ҳам шоир ва ҳам олим бўлган.
Ҳаёт машаққатлари уни она юрти Қандаҳорни ташлаб, Ҳиндистонга кетишга мажбур этади. Аммо ватандан жудолик шоир ҳалбида дарду-алам уйғотади, кўп йиллар саргардонликдан кейин яна Қандаҳорга қайтиб келиб умрининг охиригача шу ерда қолади.
Шамсиддин Кокар девонидаги шеърлар фалсафий, тасаввуфий, ахлоқий ва тарбиявий мавзуларда ёзилган. У бадиий санъатни пухта билган. Ғазал, қасида, рубоий, мухаммас, мусаддас, маснавий, муашшар, таркиббанд, таржиъбандлар Шамсиддин Кокар девонидан жой олган. Унинг шеърлари ўзининг равон ва содда тилда ёзилганлиги билан ажралиб туради. Унинг шеърий услуби Пирмуҳаммад Кокар услубига жуда ҳам яқиндир.
Шамсиддин Кокарнинг девони 1954 йили Кобулда Азизулло Восифий томонидан нашр этилган.

РУБОИЙЛАР

Кипригу қошларинг ўқ бирла камон,
Шамсиддин юраги тийрингга нишон.
Ол уни мўлжалга шундай от, чобук
Ўзинг хато кетиб, қилмайсан армон.

* * *

Ишим мудом дод деб йиғламоқ бўлди,
Ёр севиб чекканим зор, фироқ бўлди.
Менга қафас бўлди ҳинд ўрмонлари,
Она юртим йўли кўп йироқ бўлди,

* * *

Юрагим бамисли карвонсаройдир,
Андуҳ йўлчисига ҳамиша бойдир.
Чопиб бунда келар қайда бўлса ғам,
Эшиги кулфатга очиқ бир жойдир.

* * *

Ватанида иззат топмаган одам
Уни ташлаб кетса ҳеч бўлмагай кам.
Гар ватан ҳақгўйлар қадрин билмаса,
Йўқ бўлсин, гарчи у биҳишт бўлса ҳам.

* * *

Ғам лашкарин тортди устимга ҳижрон,
Висол, шодлик мендан қочдилар ҳарён.
Айрилиқ азоби ўтиб жонидан
Шамсиддин фарёд дер ҳар лаҳза гирён.

* * *

Ҳиндистон ёмғири! Ёққил астароқ,
Ёрим мусофирдир, тани нозик, боқ.
У ахир сояда ўсган гул эди,
Нечун вужудига солурсан титроқ?

* * *

Во дариғ, билмадим, бу нечук диёр
Илму дониш аҳли бунда хору зор.
Қандаҳор элида Шамсиддин гулдир,
Ва лекин душманлар атадилар «хор».

* * *

Келгин ёнимга, кел, эй дилрабо, кел,
Ишқингда хастаман, бўлгин даво, кел.
Сен не деюр бўлсанг, қабул этайин,
Эмди кўп қийнама, кел, марҳабо, кел.

* * *

Ортиқ жабр этмагин менга, эй жонон
Сенга ёлворур ул жисми нотавон.
Фироқингда бўлдим зору саргардон,
Бехонумон мўрмен, уяси вайрон.

* * *

Ер ғамидан бўлди дилим садпора,
Ҳажрида фарёддан ўзга не чора —
Айрилиқ қўшиғин айтурман мудом
Нетай банди ҳижрон кўнгил бечора.

* * *

Байрам келди бироқ кўнглимда алам,
Атрофда шодлигу аммо менда ғам.
Байраму шодлик йўқ мен учун токи
Кулиб боқмагунча ой юзли санам.

* * *

Нигорим бўлмаса не керак баҳор,
Кўнгилда доғ, менга нечун лолазор?
Иккала кўзимдан ёш оқар дарё.
Дарё бўйидаман, чашма не даркор?

* * *

Йиқил фалак. Мени расво қилибсан,
Бевафо ёр билан ошно қилибсан.
Жабру зулм бундан ортиқ бўлурми,
Мени жудоликда шайдо қилибсан.

* * *

Зарда билан кетди ёр мендан нари,
Зулайҳодан кетган Юсуф сингари.
Юрак матлабимга қулоқ солмади,
Яшиндек «ярқ» этди қаттол кўзлари.

* * *

Соқий, тўла жом тут, майхўрлик бўлсин,
Даргоҳингда доим маҳмурлик бўлсин.
Ташаккур айтаман сенга умрбод,
Майхонангда ҳаргиз маъмурлик бўлсин.

* * *

Ҳижронингда бағрим доғ бўлди, келгин,
Кутмоқдан тоқатим тоқ бўлди, келгин.
Туну кун йўлингга термулмоқ билан
Кўзларим қораси оқ бўлди, келгин.

* * *

Мени ёр кўйидан айирди ағёр,
Кенг оламни қилди кўзларимга тор.
Ишқ ичра ўртаниб бўлдим беқарор,
Ишим мудом бўлди нолаю оҳ-зор.

* * *

Офтобдек юзингни кўрган ҳар шайдо
Мудом остонангда чекар вовайло.
Қибланамо бўлса улар юраги,
Сенинг кўчанг қибла бўлибди, жоно.

* * *

Соқий, менга қадаҳ тўла шароб бер,
Қадаҳ тўла майни менга шитоб бер.
Гул мавсуми келди булбул соз олди,
Эй мутриб, қўлимга тезроқ рубоб бер.

* * *

Булбул наво ҳилар — бу фасли баҳор,
Кўклам либосида гулу гулузор.
Боғ сайлига шошар гўзаллар бу чоғ,
Ошиқлар энтикар ёрига хумор.

* * *

Ер қошига келиб ўлтирди ағёр,
Бамисли зоғ бўлди ғунча билан ёр.
Гулшанга таралди булбул фиғони,
Кўзимга санчилди алам мисли хор.

Эркин Воҳидов таржималари