Кутиш керак, ҳамма шундай деяпти, бундай ҳолларда ҳеч нарсага тушуниб бўлмайди, доктор Раймонди ҳам Мечанинг ёшида бундан баттарроқ бўлиши мумкин, шунинг учун ҳам кутиш керак, деяпти, кутиш керак, сеньор Ботто, ҳа, доктор, лекин қизим мана, икки ҳафтадирки, уйқудан уйғонмаяпти, икки ҳафтадирки, у худди ўликдай ётибди, доктор, биламан, сеньора Луиса, бу команинг классик ҳолати, нима ҳам қила оларди киши, фақат кутиш керак. Лауро ҳам доктор айтганидай қилди, кутди, ҳар куни факультетдан қайтаркан, эшикни очиш олдидан бир лаҳза жойида тўхтаб қолар ва: мана, бугун Меча аниқ уйғонади, кўзини очади ва онаси билан гаплашиб ўтирган бўлади, деб хаёл қиларди; йигирма ёшдаги қиз шундай ўлиб кетавермайди-ку, ахир, аниқ – у ҳозир ўрнидан турган-да, каравотига ўтирганча онаси билан суҳбатлашиб ўтирган бўлади; лекин кутиш керак экан, ўғлим, ҳаммаси бояги-боягидай, доктор кечга томон келади, қўлимиздан нима ҳам келарди, ҳамма шундай деяпти. Бирон нима еб олсангиз-чи, дўстим, онангиз Мечанинг ёнида ўтириб туради, сиз тамадди қилиб олишингиз керак, ахир, имтиҳонларни ҳам унутманг-да, биз у ёқда телевизорда янгиликларни кўриб ўтирамиз. Бари ўтди, фақат Меча ўзгармади, кун кетидан кун ўтди, у ҳамон бояги-боягидай ётади, каравот тана оғирлигидан эгилади, Мечанинг нозиккина вужуди букилади, у рокка рақсга тушарди, теннис ўйнарди, лекин мана, неча ҳафтадирки, эзилиб ётибди ва бошқаларни ҳам адо қилмоқда, бу оғир вирус касаллиги, кома ҳолати, сеньор Ботто, олдиндан бирон нарса деб бўлмайди-да, сеньора Луиса, унга қараб туринг, қизингизнинг бундан қутулиб чиқишига ёрдам беринг, бу ёшда одам куч-қувватга тўла, яшашга иштиёқи ҳам кучли бўлади. Ахир у ўзига-ўзи қарайдиган аҳволда эмас, доктор, ҳеч нимани билмайди, у худди – э, худо, ўзинг кечир, нималар деяётганимни ўзим ҳам билмайман.
Лауро ҳам кўриб турганларига ишонгиси келмас, буларнинг барини Меча ўйин қилаётганга ўхшар, унинг ана шунақа аҳмоқона қилиқлари кўп эди, гоҳ худди шарпа сингари зинапояда кийим-бошини алмаштирар, гоҳ қаламдонини тўшаги остига яшириб қўяр, бўлар-бўлмасга кулаверарди; ака-сингил бир-бирларига шундай “тузоқ” қўйишарди, болалик пайтларида бекинмачоқ ўйнаганлари… Оғир вирус дардига чалиниб қолди-да бояқиш, бир кун кечқурун ҳарорати ҳам тушганди, оғриғи ҳам қолганди, бирдан ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди, терисининг ранги худди кул сингари гезариб кетди, қиз оҳиста ва узун-узун нафас ола бошлади. Докторларнинг ўзларини хотиржам тутишлари, аппаратлар, ҳар хил анализлардан сўнг, Мечанинг ваҳимали ҳазили ҳаммани қўрқитиб юборди, соат сайин у баримизни оёққа турғизди, донья Луисанинг чорасизликдан қилган фарёдлари аламли йиғи, ғам-ғусса билан алмашди; отам ҳам янгиликларни кўрмай, газета ўқимай, онамга таскин берарди, шунда у тинчланарди; Лауро факультетга келганида, йиғилишга кирганида кўксидаги ғазаби тарқарди; ҳар сафар у марказдан қайтаётганида нимагадир умид қиларди: Меча, мана шу қилиғинг учун ҳали мендан кўрасан, уятсиз, нима қилганинг бу, деб ичида янарди. Уйда хотиржамлик – Мечага қаровчи ҳамшира ниманидир тикиб ўтирар, итни амакисига бериб юборгандилар, доктор Раймонди ҳамкасабалари билан келмади, вақт тунга оққанда бир кириб ўтди ва деярли турмади ҳам, афтидан, у ҳам кун сайин бизни эзаётган, бизни кутишга кўниктираётган Мечанинг оғирлигини ҳис қилган эди, ҳа, биргина кутиш қолганди, холос.
Мудҳиш тушга ўхшаш бу ғусса донья Луиса термометрни топа олмаган ва қўққисдан келиб қолган санитар аёл кўча муюлишидаги дорихонадан бошқасини олиш учун югурган ўша оқшомда бошланган эди. Бу гап шунинг учун айтилдики, термометр шундайгина йўқолиб қолмайди-да, ҳарорат ўлчагич кунига уч марталаб керак бўлиб тургандан кейин нима бўларди, улар Мечанинг каравоти ёнида бақириб гапираверадиган бўлиб қолдилар, олдингидай шивирлаб гаплашишга энди ҳожат қолмаганди, чунки Меча барибир ҳеч нимани эшитмайди, кома ҳолати қиз танасининг бари ҳис этиш аъзоларини фалаж қилиб ташлаганлигига доктор Раймондининг ишончи комил, унинг ҳузурида истаган нарсаларни валақлаш мумкин, барибир Мечанинг бепарво юзида ҳеч қандай ифода сезилмайди. Кўча муюлишидан отишма овозлари қулоққа чалинган, ҳаттоки пича олисроқда, Гаон кўчаси томонда ўқ овозлари эшитилганда ҳам термометр ҳақида гаплашаётган эдилар. Улар бир-бирларига қараб қўйдилар, Мечага қараётган ҳамшира шунчаки елкасини қисди, чунки отишма уларнинг квартали ва шаҳарнинг ҳар қандай мавзеси учун одатий ҳол бўлиб қолганди, донья Луиса яна термометр ҳақида бир нима демоқчи бўлди, шунда Мечанинг қўллари қимирлаб кетганини кўриб қолди. Бир сониягина, бироқ уларнинг иккалови ҳам дарҳол сергак тортдилар ва бирдан донья Луиса бақириб юборди, ҳамшира унинг оғзини қўллари билан пана қилди, сеньор Ботто хонасидан чиқди, шунда учалови Мечанинг бутун бадани бўйлаб қандай қалтироқ турганини кўрдилар, худди калтакесак “лип” этиб, қиз кифтларидан оёқлари томон югуриб кириб кетгандай бўлди, ёпиқ қовоқлар остидаги қорачиқлар қимир этгандай, енгилгина сесканиш қиз башарасини буриштириб юборгандай бўлди, худди Меча нолигандай, бирон нима дегиси келгандай, пульси тезлашди-да, яна аста ўзининг ҳаракатсиз ҳолатига қайтди. Телефонда – Раймонди, умуман, ҳеч қандай янгилик йўқ, деди, гарчанд Раймонди бу ҳақда эшитишни ҳам хоҳламаса-да, юракларидаги умид ортди, художон, қани эди шундай бўлса, қани эди ана шу турма азоби тезроқ тугаса. Лекин бу ҳол яна ва яна қайталанаверди, орадан бир соат ўтиб, яна шундай бўлди, гўёки Меча азобли туш кўраётганга ўхшарди, босинқираш яна ва яна такрорланди, қиз улардан қутулолмади, уларни нари ҳайдолмади, ана, унинг ёнига ўтиринг-да, тинчлантиришга ҳаракат қилинг, Меча ҳеч нимани қабул қилмаяпти, уни нимадир эзяпти, балки узундан-узун туш кўраётгандир, ҳеч билиб бўлмаяпти, уни ўзинг асра, худойим, уни бундай ташлаб қўйма. Лауро ўқишдан қайт-ди ва худога илтижо қилаётган онасининг елкасига қўлини қўйди-да, каравотга ўтирди.
Кечқурун яна докторлар келишди, электродли ва сўрғичли янги аппаратларни қизнинг бош ва оёқларига ёпиштирдилар, Раймондининг икки нафар шифокор оғайнилари меҳмонхонада нималар ҳақдадир узоқ баҳслашдилар, яна кутиш керак, сеньор Ботто, аҳвол ўзгармаган, яхшилик томонга ўзгариши ҳақида ўйлашга ҳали эрта. Лекин у туш кўряпти, доктор, туш, ўзингиз кўрдингиз-ку, бу яна такрорланади, у нималарнидир ҳис қиляпти ва шундан сиқиляпти. Буларнинг бари асабдан, сеньора Луиса, бу ҳали ҳушига келади, дегани эмас, сизларни ишонтириб айтаманки, кутинглар ва буларга аҳамият берманглар, қизингиз ҳеч нарсани ҳис қилмаяпти, биламан бунинг қандай азоблигини, агар сиз уни ҳамшира билан холи қолдирсангиз, яна ҳам яхши бўларди; пича дам олишга ҳаракат қилинг, манави дориларни ичиб олинг.
Лауро ярим тунгача Мечанинг ёнида ўтирди, ора-сира имтиҳонга кириш учун ёзиб олган қоғозларини қараб чиқди. Сирена товушлари эшитилганда, Лусеро берган телефон рақамига қўнғироқ қилиши кераклиги ёдига тушди, бироқ уйдан қўнғироқ қилиб бўлмас, сирена товушларидан сўнг кўчага чиқиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди. У Мечанинг чап қўли бармоқлари оҳиста қимирлаётганини кўрди, яна қовоқлар остидаги қорачиқлар ҳаракатга келгандай туюлди. Ҳамшира: бораверинг, кутишдан бошқа қўлимиздан нима ҳам келарди, деди.
“Лекин у туш кўряпти-ю, – деди Лауро, – қаранг-а, туш кўряпти”. Бу ҳол кўчада сирена увлашидан узоққа чўзилмади: худди Мечанинг қўллари ниманидир излаётганга, бармоқлари чойшаб остидан нажот истаётганга ўхшаб кетди. Донья Луиса дарҳол бу ерда ҳозир бўлди, унинг уйқуси қочган эди. “Нега доктор Раймонди берган дориларни ичмадингиз? – деб сўради ҳамшира аччиқланганини яширолмай. “Ўша дориларни тополмаяпман-да, – фаромушхотирлик билан жавоб қайтарди донья Луиса, – анув тунчироқ остидаги жавонда турганди, лекин у ердаям кўринмаяпти”. Ҳамшира дорини қидиришга кетди, Меча яна бармоқларини қимирлатди, Лауро билан онаси бир-бирларига қараб қўйдилар. Улар – мудҳиш туш давом этаётганлигини, унинг узлуксиз чўзилганлигини билиб турардилар, кўнгилларидаги хайрихоҳликка, ҳамдардликка ўхшаган туйғу билан қизни уйғотгилари, ҳаммани азобдан халос этгилари келарди. Бироқ қиз ўқтин-ўқтин бармоқларини қимирлатганча ухлайверди. “Мен дориларни ҳеч қаердан тополмадим, – деди ҳамшира, – биз ҳаммамиз шунчалик паришонмизки, бу уйда нима қаёқда турганлигини ҳеч ким билмайди”.
Эртаси Лауро уйга кеч қайтди, сеньор Ботто стадиондан қизғин репортаж олиб борилаётган телевизордан кўзини олмай шунчаки унинг нега кеч қолганлигини сўраб қўйди. ”Жўраларим билан ўтирдик”, деб жавоб қайтарди Лауро нимадан ўзимга сэндвич тайёрласамикин, деган ўйда. “Ажойиб гол бўлди, – деди сеньор Ботто, – такрорий кўрсатаётганлари яхши бўлди-да, чемпионларнинг бари ҳаракатларини кўриб оласан киши”. Афтидан, Лаурони урилган гол қизиқтирмаётганга ўхшарди, у полга ўтирганча таом еди. “Нима қилаётганларингизни биласизларми, болалар, – дея сўзланди тўпдан кўзини олмай сеньор Ботто, – эҳтиёт бўлиш керак-да”. Лауро кўз қирини ташлаб, ҳайратдан қотиб қолди: отаси биринчи маротаба шунақа шарҳни ўзига эп кўрган эди. “Хотиржам бўлинг, қария”, – деди у отаси гапни кўпайтирмаслиги учун ўрнидан тураркан.
Ҳамшира тунчироқни ерга қўйди. Меча кенг, юмшоқ диванда аранг кўзга ташланарди, донья Луиса юзидан қўлларини олди, Лауро онасининг пешонасидан ўпди.
– Ҳеч қандай ўзгариш йўқ, – деди донья Луиса.– Ҳамиша бирдай ётибди, ўғлим, – деди донья Луиса. – Қара, қара, унинг лаблари титраяпти, худойим-эй, қачонгача чўзиларкин-а, бу?..
– Ойи.
– Бундай бўлиши мумкин эмас, Лауро, бу туш қизимни қанчалик қийнагандан-қийнаб ташлаганини, шунинг учун ҳам у сира уйғонмаётганлигини ҳеч ким менчалик билмайди, тушунмайди.
– Биламан, менам тушунаман. Агар бирон нима қилишнинг иложи бўлганда эди, Раймонди аллақачон қилган бўларди. Бу ерда шундай ўтираверсангиз, унга ёрдам беролмайсиз, бориб ётинг. Тинчлантирувчи доридан ичинг-да, ухланг.
У онасини ўрнидан турғизиб, эшиккача кузатиб қўйди. “Бу нимаси экан-а, Лауро?” – тўсатдан онаси тўхтаб қолди. “Ҳеч нима, ойижон, қаердадир отишма бўляпти, ўзингиз биласиз-ку”. Ҳа, энди кеч бўлиб қолди, у онасини ётоғида қолдиради-да, дўконга тушиб, ўша ёқдан Лусерога қўнғироқ қилади.
Лауро ўзи яхши кўрадиган мовий курткасини тополмади, эҳтимол онам уни ўша ёққа илиб қўйгандир, дея даҳлиздаги бари жавонларни титиб ташлади, – ахири тополмай қўлига илашган пиджакни эгнига кийди, ҳаво салқин эди. Кўчага чиқиш олдидан бир дақиқага Мечанинг олдига шўнғиди, ғира-ширада синглисига яхшилаб разм солди, ана шу мудҳиш тушни, тери остида сирли сирпанган титроқ қўлларни ҳис этди. Ташқаридан яна сирена товушлари эшитилди, шунақа кеч кўчага чиқишнинг кераги йўқ эди аслида, бироқ дўконни ёпиб қўядилар, у қўнғироқ қилолмай қолади. Мечанинг кўз қорачиқлари қимир-қимир этди, худди қовоқлари остидан қарагиси, акасига ўгирилиб тикилгиси келаётганга ўхшаб кетди. Лауро синглисининг пешонаси узра қўлларини юргизди; унга қўл тегизиш қўрқинч-ли эди, худо кўрсатмасин, билмасдан тегиб кетсанг, мудҳиш туш яна зўрайиб кетиши мумкин. Қовоқлар остида қорачиқлар уёқдан-буёққа ўтарди, Лауро бирдан орқасига тисланди; нимагалигини билмади-ю, бироқ ҳар қараганида, Меча қовоқларини очиб, унга қараши, кет, дея ҳайдаши мумкиндай туюлди, хаёлига келган бу фикрдан ўзи ҳам қўрқиб кетди. Агар отаси ҳали ухламаган бўлса, меҳмонхонадан қўнғироқ қилишга уриниб кўради ва аста шивирлаб гапиради, бироқ сеньор Ботто спорт шарҳловчисининг сўзларини тинглайверди. “Ҳа, бу ҳақда кўп гап сотяптилар, – хўрсинди Лауро. – Энди эртароқ туриш керак-да, факультетга кетмасдан олдин Лусерога қўнғироқ қилиш керак”. Хона ўртасида кўзи ҳамширага тушди, у ётоқхонадан қўлида ялтираб турган аллақандай нарсани – шприцними, қошиқними кўтарганича чиқиб келмоқда эди.
Вақт узундан-узоқ кутишлар, уйқусиз тунлар, озгина мижжа қоқиб олиш умидидаги кундузги уйқу билан ўтаётган эди; донья Луисани чалғитиш ёки бўлмаса, сеньор Ботто билан домино ўйнаш учун қариндош-уруғлар, дўст-жўралар кети узилмай келиб турардилар; Мечага қаровчи аёл яна алмашди – олдингиси бир ҳафтага Буэнос-Айресга кетадиган бўлиб қолибди; хонадан-хонага олиб ўтилаверганидан биров қаҳва финжонларини тополмасди; Лауро иложини қилса, уйга бирровга кириб ўтар, истаганида кетарди; келишидан олдин азалий одатича телефон қиладиган Раймонди энди олдиндан қўнғироқ қилмай ҳам келадиган бўлиб қолди; салбий оқибатга олиб келадиган ҳеч қандай аломат йўқ, сеньор Ботто, бу шундай жараёнки, унга фақат далда бўлиб туриш керак, холос, мен уни зонд орқали овқатлантиряпман, кутиш керак. Қизим туш кўргани кўрган, доктор, унга қаранг, Меча энди деярли ухламаяпти. Хавотир олманг, сеньора Луиса, ўзингиз бир тасаввур қилинг-а, унинг тушлари – бу тана аъзоларининг таъсирланиши, буларнинг барини тушунтириб бериш қийин, бундай ҳолларда бошқа омиллар ҳаракатга тушади, биз туш деб ўйлаган нарсани у англаб етяпти, деган хаёлга борманг, бундай ҳолатда шунчалик яшаш қобилияти ва ана шу рецидивлар – яхши аломат ҳисобланади, менга ишонсангиз-чи, ахир мен қизингизни жуда диққат билан кузатиб боряпман-ку, сиз дам олишингиз керак, сеньора Луиса, буёққа келинг, қон босимингизни ўлчаб қўяй.
Факультетда рўй берган воқеалардан сўнг, Лауронинг марказдан қайтиши борган сари қийинлашиб бормоқда эди, у тўсатдан пайдо бўлиб қолар, уни Мечадан кўра кўпроқ онаси хавотирга соларди, уйда бир дақичача турар, аҳвол ўша-ўша эканлигини билар, қариялар билан гаплашар, жилла бўлмаса, уларни ваҳимали хаёллардан пича чалғитиш учун гаплашадиган мавзусини олдиндан ўйлаб қўярди. Ҳар сафар Мечанинг каравотига яқинлашганида, яна қудратли куч уни ўзига тортар, Меча шундоқ яқингинасида, – гўё чақираётганга, бармоқларининг тушунарсиз имо-ишоралари билан ич-ичидан нигоҳ ташлаётганга ўхшарди, чарм қопланган деворга урилган товуш сингари бу даъват азобли ва маънисиз эди. Баъзида Мечани тутқаноқ тутар, шунда Лауро бирдан бир нарсани: синглисининг ёнида туриб, унга тикилганида қиз онаси ва ҳамширадан кўра акасини яхшироқ сезаётганлигини ҳис этди, ҳозир алоқ-чалоқ туш энг қўрқинчли лаҳзасига кўтарилади, яхшиси, тезда жуфтакни ростлаб қолган маъқул, ахир унинг бирор ёрдам бериш қўлидан келмаса, Меча билан гаплашишдан ҳам маъно йўқ, тентаккина синглим, бўлди-да энди, қани бир кўзингни оч-чи, тезроқ шу қилиғингни бас қил. Меча, эси паст сингилжоним, устимиздан шунчалик ҳам куласанми, етар, жинни қиз, бўлмағур комедиянгни бас қил-да, ярамас, тур ўрнингдан, мен сенга шунчалик кўп нарсаларни гапириб бераманки, ўзинг ҳайрон қоласан, сенинг ҳали ҳеч нимадан хабаринг йўқ, уйимизда қандай қиёмат қўпганлигини билмайсан, мен сенга буларнинг барини гапириб бераман, Меча, ўзим сенга айтиб бераман. Лауро таҳликага тушди: балки овоз чиқариб, бирон сўз айтмасдан Меча томон эгилиш керакдир, лекин ҳамшира билан донья Луиса уни сира ёлғиз қолдирмайдилар, унинг эса синглисига айтадиган гаплари шунчалик кўпки, назарида Меча ич-ичидан, ёпиқ қовоқлари остидан чойшабида маъниси ҳарфларни чизаётган бармоқлари билан акасига мурожаат қилаётгандай туюлиб кетди.
Пайшанба куни эди – бугун қандай кун эканлигини атрофдагилар билишлари учун эмас, бунинг уларга қанчалик аҳамиятга эгалиги учун ҳам эмас, буни ҳамшира ошхонада қаҳва ҳўплай туриб айтди ва шунда сеньор Ботто телевизорда янгиликларнинг махсус сони намойиш қилиниши кераклигини, донья Луиса эса – синглиси Росарио қўнғироқ қилганлигини, пайшанба ёки жумада келишини эслаб қолди. Лауронинг имтиҳонлари бошланганлигига шубҳа йўқ эди, у уйдан саккизда чиқиб кетган ва хайрлашмаган, меҳмонхонада, хавотир олманглар ва кутманглар, эҳтимол кечки овқатга келолмасман, деб хат қолдирибди. Айтганидай, у кечки овқатга келмади, яна ҳамшира донья Луисани эртароқ ётишга кўндиришга муваффақ бўлди, сеньор Ботто телеўйинлар сеансидан сўнг деразадан қаради, Плас Ирланд томондан ора-сира пулемёт овозлари қулоққа чалинди, кейин бирдан ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди, тошдай оғир сукунат, кўчада патруль машинаси ҳам кўринмасди, яхшиси, ухлашга ётган маъқул, анави аёл кеч соат ўндаги телеўйиннинг ҳамма саволларига жавоб берди, – жуда калласи ўткир экан, антик тарихдан шунчалик кўп нарсаларни биларканки, худди Юлий Цезарь даврида яшаганга ўхшайди, нима бўлгандаям маданият соҳасида маошни кўпроқ тўлайдилар, бу сенга ким ошди савдосида болға уриш эмас. Ҳеч ким бутун тун бўйи эшик очилмаганлигига, Лауро уйга келмаганлигига эътибор бермади, эрталаб ҳамма у навбатдаги имтиҳондан сўнг ухлаётгандир ёки нонушта олдидан дарс қилиб ўтиргандир, деб хаёл қилди. Фақат соат ўнларга бориб, Лауро уйда йўқлигини билиб қолдилар. “Хавотир олма, – деди сеньор Ботто, – тайин, у дўстлари билан ўтирган”. Айни шу пайт донья Луисанинг ҳамширага Мечани ювинтириш ва унинг кийим-бошларини алмаштиришга ёрдам бериши керак эди, ёнида иссиқ сув ва одеколон, пахта ва чойшаблар турибди, пешин ҳам бўлди, ғалати, ҳалиям Лауродан дарак йўқ, Эдуардо,у ҳатто қўнғироқ ҳам қилмади, ҳеч қачон бундай қилмасди, эсингдами, курсни тугатганларидан сўнг ўтириш қилганларидаям, бизни хавотир олишмасин, деб тўққизда телефон қилганди, ахир Лауро ўшанда ёшроқ эди-ку. “Болакай шу имтиҳонларни деб нақ эс-ҳушини йўқотаёзди, – деди сеньор Ботто. – Мана, кўрасан, у роппа-роса соат бирдаги янгиликларга етиб келади”. Бироқ соат бирдаги, спорт янгиликлари ҳамда тартиб муҳофазаси кучларининг ўз вақтида аралашуви туфайли бостирилган янги қўпорувчилик ҳаракати ҳақидаги хабар ҳам ўтиб кетди-ю, Лауро келмади, ҳеч қандай янгилик йўқ, ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяркан, тоғли туманларда ёмғир ёғаркан.
Ҳамшира донья Луиса томон йўналганда, соат саккиз бўлиб қолган, аёл ҳамон таниш-билишларга қўнғироқ қилар, сеньор Ботто, агар хабар топса, телефон қилиши керак бўлган комиссариатдаги дўстининг қўнғироғини кутар, бетиним донья Луисадан телефонни банд қилиб турмасликни сўрар, бироқ хотини ёзув дафтарчасидан танишлар рақамларини излар ва эҳтимол Лауро Фернандо амакиникида қолгандир ёки яна навбатдаги имтиҳонини топшириш учун факультетга қайтгандир, дея бирваракайига ҳаммага қўнғироқ қилаверарди. “Барака топкур, телефонни ўз ҳолига қўй, – дея яна ундан ўтинди сеньор Ботто.– Нега ахир тушунмайсан, болакай айни шу пайт уйга телефон қилаётгандир, телефон бўлса ҳамиша банд, сен унинг… автоматдан телефон қилишини истаётган бўлсанг, агар ўша телефон-автоматнинг абжағи чиқмаган бўлса, барибир бошқаларнинг ҳам қўнғироқ қилиб бўлишини кутиб туради”. Ҳамширанинг қистови билан донья Луиса Мечанинг олдига келди, қиз бирдан бошини чайқай бошлади, бошини ҳадеб уёқдан-буёққа силкитаверганидан, пешонасига тушган сочларини ҳам йиғиштиришга улгуриб бўлмай қолди. Зудлик билан доктор Раймондига хабар қилиш керак, кечқурун уни топиш қийин эди, лекин соат тўққизда докторнинг хотини унинг ҳозир келиб қолишини айтиб қўнғироқ қилди. “Келиши қийин бўлади, – деди ҳамшира дорихонадан бир қути ампула билан қайтиб келаркан.– Нима сабабданлиги номаълум, бутун квартални ўраб олишибди, эшитяпсизми сиренанинг овозини”. У эндигина Мечадан узоқлашгач, қиз калласини узоқ ва қайсарлик билан силкита кетди, донья Луиса сеньор Боттони чақирди, йўқ, ҳеч ким ҳеч нимани билмайди, болакайнинг кўчадан ўтиб келолмаётганлиги аниқ, аммо Раймондини ўтказиб юборишади, ахир у оқ халатда-ку.
– Гап бунда эмас, бунда эмас, унга бирор нарса бўлганлигини кўнглим сезиб турибди, шу пайтгача ҳеч ким ҳеч нарсани билмаслиги мумкин эмас-ку ахир, Лауро доим…
– Қара-қара, Луиса, – деди сеньор Ботто, – қара, панжаси, қўли қимирлаяпти, у биринчи марта қўлини қимирлатяпти, Луиса, балки…
– Бу илгаригисидан ҳам ёмонроқ, Эдуардо, сира тушунгинг келмаяпти, Меча ҳалиям галлюцинация*да, у ўзини ҳимоя қиляпти, нимадандир… Роса, унга бирор нима қилинг, мен ҳозир, ёки яхшиси, Эдуардо, телефон қил, улардан сўрагин-чи.
Сеньор Ботто меҳмонхонада телефон рақамини терди ва тўхтаб, гўшакни жойига илди. Аслида Ромеро, ҳа, Ромеро Лауро ҳақида ниманиям билиши мумкин, яхшиси, яна бир оз кутган маъқул. Раймонди келмади, уни муюлишда ушлаб қолишган, балки у бирор тушунтириш бераётгандир. Роса ортиқ Мечага дори юборолмади, бу анча кучли тинчлантирувчи восита, яхшиси, доктор келгунча кутиш керак. Донья Луиса Мечанинг юмуқ кўзларига халақит қилаётган сочларини йиғиштириш учун эгиларкан, бирдан орқасига қалқиб кетди. Роса уни ўтқазиш учун аранг курси қўйишга улгурди. Гаон кўчаси томондан эшитилган сирена овози кучайгандан-кучайди, Меча қовоқларини ним очди, бир неча ҳафта гўёки ёпиқ парда ортида юмилиб ётган нигоҳи деразадан кўриниб турган бир парча тиниқ осмонда қотиб қолди, сўнг аста донья Луисанинг юзига ўтиб олди. Донья Луиса қичқириб юборди, қўлларини кўкрагига қўйди-да, бақирди. Роса чорасиз аҳволда, сеньор Боттони чорлаганча, Луисани олиб кетишга уринди, сеньор Ботто келди, Мечанинг оёқ томонига руҳсиз ўтирди ва қизига тикилиб қолди, гўё бари қизнинг нигоҳида жам бўлганга ўхшар, унинг нигоҳи донья Луисадан сеньор Боттога, ҳамширадан осмон чеккасига ўтди, қўллари секин-аста қорни томон кўтарилди, чайқалди, вужуди оғриқдан, сиқилишдан қалтирай бошлади, чунки қиз ҳозир сиренанинг тобора кучаяётган наърасини, эшикка урилаётган зарбалардан бутун уй ларзага келаётганини, команда ҳайқириқларини, автоматлардан отилаётган ўқ овозларидан дарахтларнинг қасир-қасур қулаётганини, донья Луисанинг фарёдини, қочишга уринган оломон ур-йиқитини эшитаётганга ўхшар, бари худди унинг уйғониш вақтига, ана шу мудҳиш туш поёнига етган ва Меча ниҳоят ҳақиқий, ажойиб ҳаётга қайтиши мумкин бўлган вақтга тўғри келган эди.
Маъсума Аҳмедова таржимаси
_______________
* Г а л л ю ц и н а ц и я – йўқ нарсаларнинг кўзга кўриниши ва эшитилиши.