Ҳар пайшанба атай қилгандек, “Радио Бельграно”да, ярим кечга довур қолиб кетардик. Бу ҳали ҳолва, Лемоснинг хархашалари бундан ҳам ошиб тушарди; у қўярда қўймай мени уйига судрар — роса меҳмон қилар, баъзи-баъзида кайфияти чоғ бўлса, қулфи дили очилиб чинзано қуйиб берарди. Ёқмайдиган томони — бундай саховатга жавобан унинг адоқсиз ўй-режаларини чурқ этмай тинглашга мажбур бўлар, тоза ҳавога — кўчага чиқиб олсам шу радиотеатр деган зормандани ўла-ўлгунимча оғзимга олмайман, деб ўз-ўзимга сўз бериб ўтирардим. Чидамай қаёққа бораман, Лемос бозори чаққон режиссёрлардан — гапи ҳамма ерда ўтади. Бунинг устига яратган барча радиоспектаклларига мени, албатта, таклиф этар, отасига раҳмат, каттами-кичикми ижро этган салбий ролларим учун дурустгина ҳақ тўларди.
– Зап овозинг бор-да, — дея мақтаб қўярди Лемос кўпинча, — тўғрисини айтсам хиёнат қилишинг ёки қадрдон дўстингни заҳарлаб ўтиришинг шарт эмас, товушингни эшитган заҳоти ярим Аргентина гўрингга ғишт қалай бошлайди.
Эҳтимол шундайдир, лекин ишончим комилки, Лусиана гўримга ғишт қалайдиганлар тоифасига мансуб эмас. Чунки аниқ эсимда, айнан ошиқ қаҳрамонлар ролининг машҳур ижрочиси Хорхе Фуэнтес “Шармисор гуллар” радиопьесасининг премьерасидан сўнг икки сават ишқий макгуби ва тандилиялик аллақандай шоиртабиат фермер ҳадя сифатида юборган барра қўзичоқни олган куни югурдак Мацца Лусиананинг бинафшаранг конвертга солинган илк мактубини қўлимга тутқазган эди.
Чучмалгина мактублару баландпарвоз иқрорномалар кўнглимга ургани учунми хатни очиб, ҳеч кимга кўрсатмай чўнтагимга солиб қўйдим-да, Хуарес Солман ва Оливье билан (шов-шувга сабаб бўлган “Шармисор гуллар” тугаб, “Бўронда қолган қуш”ни бошлашимизга ҳали бир ҳафта бор — айтмоқчиманки, бу ёғи дам — эркин қуш эдик) биргаликда қаҳвахонага йўл олдик. Иккинчи мартини очилганда бинафшаранг конверт эсимга тушди-ю, ўртоқларим олдида очиб ўқигим келмади, чунки биламан, бошим мазахдан чиқмайди — деярли ҳаммалари қитмир, битта баҳона бўлса бас, кулги қилиб энка-тинкангни қуритишади. Бинафшаранг конверт-ку улар учун айни муддао! Шу сабаб хатни хаёлимдан чиқардим, уйга борганда эса аввал мушукка қарадим, унга сут қуйиб бердим, бирпасгина эркалаб, силаб сийпаладим, ундан кейингина конвертни очдим ва шу тариқа дунёда Лусиана деган аёл борлигидан воқиф оўлдим.
“Менга Сизнинг расмингиз керакмас, — деб ёзарди Лусиана, — “Симфония” ҳамда “Антенна”га ўхшаш журналлар Мигес ва Хорхе Фуэнтес суратини қайта-қайта эълон қилаверишсин — менга заррача қизиғи йўқ. Сизникини чиқармай қўя қолишсин — садқаи сар, менинг юрагимда бир нарса борки, ўша менга ҳам юпанч ҳам қувонч ато этади, биласизми унинг нималигини — у Сизнинг овозингиз! Мени ундан ҳеч ким маҳрум қилолмайди. Майли, бедаво разилона овоз дейиша қолсин, мен аҳамият ҳам бермайман. Сабаби, биламанки, Сиз ижро этаётган роллар тингловчини чалғитади. Улар асар қаҳрамонлари қолиб пировардида сизни ёмон кўриб юришади. Номингизни нафрат билан тилга олишдан андиша қилишмайди. Буни эшитиб, бечора дили оғриркан, деб ўйламанг яна. Аксинча, хурсанд бўламан, сабаби худди шу нарса менчалик ҳеч ким сизни тушунмайди, деб ишонч билан айтишимга изн беради. Чиндан ҳам Сизни менчалик тушунадиган тингловчи топилмаса керак. Сиз манфур ва разил кимсалар ролини ижро этаётганда, қийналасиз, изтироб чекасиз ва ҳатто маҳобат қиляпти, деманг-ку, юрагингиз қонга тўлади. Мен буни ич-ичимдан ҳис қиламан. Бу ёвуз қаҳрамонлар аслида сизнинг маҳоратингиз ва истеъдодингиз маҳсулидир, зинҳор-базинҳор қалбингиз ва илҳомингиз самараси эмас. Сиз Мигес ёки Ракелита Байли сингари қаҳрамонларингиз билан ҳар жиҳатдан уйғунлашиб кетолмайсиз. Бунга интилиш тугул истамайсиз ҳам. Шунинг учун яна ва яна такрорлайман, “Шармисор гуллар”даги тошбағир шаҳзодага заррача ҳам ўхшамайсиз. Афсуски, тингловчи дегани янглишиб чарчамайдиган тоифа, улар ҳеч нарсанинг фарқига бормайди. Акс ҳолда ўша золим ва тошбағир шаҳзода қолиб Сизни ёмон кўриб юришармиди. Мен буни ўтган йили, Сиз қонхўр қароқчи Вассилис ролини ижро этганингизда Поли холам билан қўшниларимизнинг гап-сўзидан фаҳмлаган эдим. Ўшанда уларнинг тутуриқсиз мулоҳазаларини эшитиб ўзимни қўйгани жой тополмай қолган ва ҳеч кимга кераги йўқ одамдай юрак-бағрим эзилиб, дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетган эди. Кўнглимдан кечган барча ўй-хаёлимни кимгадир тўкиб солгим ёки шу ҳақда ёзиб юборгим келганди. Эҳтимол, менга ўхшаб дилидагини изҳор қилишни, Сиз билан ақалли хат орқали дардлашишни истовчилар бисёрдир. Худо ҳаққи, мен шундай бўлишини жуда-жуда хоҳлайман, фақат… фақат Сиз учун, чунки ёлғиз эмаслигингизни, минг-минглаб тингловчилар орасида ҳамфикрларингиз, Сизга хайрихоҳ ва ҳамдард мухлисларингиз борлигини билишингиз лозим деб ҳисоблайман. Бироқ яна истардимки, Сизни ролларингиз, овозингиз орқали чин истеъдод дея кўпроқ биладиган ва қадрлайдиган енгил-елпи арзимас ролларни ижро этувчи актёрлардан минг карра устун қўядиган ягона мухлисангиз ҳам мен бўлиб қолсам. Ҳақиқий санъат билан жўн, арзон-гаров ижронинг фарқига бормайдиган одамлардан нимани кутиш мумкин?! Шекспирни қўйишгани эсингиздами… Мен ҳеч кимга айтмагандим ўшанда Сиз ўйнаган Ягони Отеллодан кўра кўпроқ яхши кўриб қолганимни. Менга жавоб ёзаман, деб ўзингизни қийнаманг, манзилимни ҳар эҳтимолга қарши, бирдан жавоб ёзгингиз келиб қолса, деган андишада ёзиб қўйдим. Мабодо ёзмасангиз заррача ўкинмайман. Асосийси, дилимдагини тўкиб сочолдим ва бахтиёрман”.
Қош қорая бошлаганди, оралари очиқ, йирик ҳарфлар билан ёзилган, бинафшаранг конвертни ўйнаб чарчаган бароқ мушук дивандаги ёстиқда тинчгина ухларди. Бруно бизни ташлаб кетгандан буён уйда қозон қайнамас, мушук иккимиз асосан турли консервалар билан қаноатланардик. “Тарки одат- амри маҳол деганларидек, деярли ҳар куни озгина коньяк ичиб, чекардим. Уч-тўрт кун бекор қолганимда (“Бўронда қолган қушлар” устида иш бошлаш арафасида) Лусиананинг мактубини қайта ўқиб чиқдим. Очиғи жавоб ёзиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Уч йилда бир марта хат олса ҳам аканг қарағайнинг санъаткор деган номи бор ахир. Лусиана хоним… қисқаси, жума куни кечқурун фильм бошланмасидан олдин қоғоз-қалам олиб хат ёзишга киришдим. Хатни “Ҳурматли Лусиана, мактубингизни ўқиб чиқдим, илиқ сўзларингиз беҳад тўлқинлантириб юборди, — дея бошладим. — Илтифот, хушомад, деб ўйламанг, илтимос”. Илтифотга бало борми, мен оч жигарранг шалола сочли, мусаффо кўзлари маъюс ва ўйчан боқувчи нозиккина аёл сифатида тасаввур қилаётган жувон гўё қаршимда ўтирибди-ю, унинг мактубидан қанчалар мутаассир бўлганимни ўзига тўлқинланиб айтиб бераётгандек ёзардим. Буёғи кўнгилдагидек чиқмади — эслашгаям арзимайди, тўғриси, бор ҳис- туйғуларим шу биргина жумлага жо бўлгану бу ёғига ўхшамаётгандек, давом эттира олмагандекман — начора мухтасар қилиб қўя қолдим, яна икки-уч сатр миннатдорлик изҳори, сўнг “Меҳр билан дўстингиз Тито Балкарсел”. Хат охирига лутфу марҳамат юзасидан битта ибора қўшишга тўғри келди: “Манзилингизни берганингиз учун чексиз миннатдорман. Кўнглимдагини ёзиб юборолмаганимда тоза диққатим ошарди”.
Ҳеч кимнинг тан олгиси келмайди-ю, лекин бекор қолган одамнинг сиқилмай иложи йўқ, айниқса менга ўхшаганларнинг. Ёшлигимда бўш қолдим, дегунча қизларнинг орқасидан югурардим. Битта яримтасини қармоққа тушираман, деган ниятда деярли ҳар куни “ов”га чиқардим, кўнглимга ёқиб қолганини илинтирмай қўймасдим. Орада Брунони учратдим. Турмуш қурдик, афсус, бор-йўғи тўрт йил бирга яшадик.
Буэнос- Айресда яшаётган йигит учун эса ўттиз беш ёшда ҳаёт ўз завқини йўқота бошлайди. Хусусан, битта-ю битта мушуги билан ҳеч қаерга чиқмай китоб ўқиб ётишни ҳам, оқшомлари сайрга чиқишни ҳам бирдай ҳушламайдиган менга ўхшаган сўққабошлар учун. Ўзимни қариб қолгандек ҳис этаётганимдан эмас, балки аксинча, бошқалар, шу жумладан, мени қуршаган буюмлар ҳам эскириб, тароватини йўқотиб бораётганидан. Шунинг учун кечқурунлари уйга қамалиб, “Бўронда қолган қушлар” радиоспектаклининг матнини қайта-қайта ўқиб, ролимни Лемос тахдил қилиб берганидек эмас, ўзим тушунгандек, қолаверса арзимаган роль бергани учун жўрттага персонажнинг машъум қиёфасини бўрттириб, эсда қоларли даражада акс эттириш мақсадида жўн, сийқа ибораларга сайқал бериб, урғулаб, шу тариқа мукаммал образ яратиш ниятида такрорлаб ўтирарман. Пировард натижада, асарни магнит лентасига ёзиш жараёнига қадар нафрат ва адоват сарҳадлари аро сарсон-саргардон кезган қаҳрамоннинг (радиотингловчи ҳузурланиб тинглаши ва ҳақиқатнинг рўёбга чиқишига бўлган ишончини кучайтиришга хизмат қилувчи разил кимса эфир сўнггида асфаласофилинга қулаб тушиши билан эсда қоларди) овозидаги оҳанг ва урғулар маромига етган бўлар ва табиийки, режиссёр ҳам, овоз операторлари ҳам менинг ижроимга тасаннолар айтиб ўтиришар эди. Яна битта мартини қуйиш учун ўрнимдан турганимда бирдан эски журналлар орасидаги Лусиананинг мактуби эсимга тушиб қолди-ю, бекорчиликдан олиб ўқиб чиқдим ва беихтиёр кўз ўнгимда яна Лусиана пайдо бўлди. Менинг қувваи тасаввурим жуда кучли, нимаики истасам, кўз олдимга келтира оламан, илк бор Лусиана нозиккина, мен тенги ва нигохлари сокин жувон тариқасида кўринган эди, мана ҳозир, хатни иккинчи бор ўқиётганимда ҳам у шу алфозда, ҳар битта жумла устида чуқур мулоҳаза қилиб қоғозга тушираётган қиёфада намоён бўлди. Айтмоқчи, бир нарсага ишончим комилки, Лусиана етти марта ўчириб-тузатиб, сўнг хат юборадиган аёллар сирасига мансуб эмас. Тўғри, менга хат юборишдан олдин ёзайми-ёзмайми деб анча вақтгача иккиланиб юрган бўлиши мумкин, лекин “Иснод гуллари”даги ролимдан кейин ўйлаб ҳам ўтирмаган — сўзлар ўз-ўзидан қуйилиб келаверган. Хатнинг бир нафасда ёзилгани сезиларди, шу билан бирга, бинафшаранг конверт туфайлими — мактуб шиша идишда узоқ сақланган эски мусалласдек таъсир қиларди.
Мен унинг уйини ҳам ҳатто осонгина тасаввур қилардим. — Кўзимни юмсам бас, соябонли патио ёки ҳеч бўлмаганда, ичкари деворларини чирмовуқгул бутунлай қоплаган салқингина ойнаванд айвондан иборат уй. Лусиана, у доим ойнаванд айвонда ўтирган ҳолда кўринарди. Айвон деразасининг рангдор ойналаридан ҳарир пардалар оралаб тушаётган ёруғлик кулранг тус касб этарди. Лусиана гаврондан тўқиб ишланган оромкурсида ўтирганча каминага хат ёзяпти: “Сиз “Иснод гуллари”даги бағритош шаҳзодага мутлақо ўхшамайсиз, -у бир зумгина нафасини ростлайди-да, кейинги жумлани ёзишдан аввал, ручканинг орқасини тишлаб хаёлга ботади, — лекин ҳеч ким бундай деб ўйламайди. Худо сизга шундай истеъдод ато этган ва сиз шунчалик маҳорат билан ўйнайсизки, одамлар беихтиёр сизни ёмон кўриб қолишади. Бир замонлар олинган фотосуратлардагига ўхшаган ёрқин оч-жигарранг сочлар, бу кулранг ва шу билан бирга мунис уйғунлик, Сиз ижро этган роллар, овозингиз замиридаги пинҳон маъноларни фақат мен тушунсам, фақат мен ҳис қилсам…”
“Бўронда қолган қушлар” премьераси арафасида Лемос ҳамда гуруҳимиздаги бошқа актёрлар билан бирга тушлик қилишга тўғри келди. “Лемос зўр, актёрлар ғўр” қабилидаги эпизодлардан бирини ёзишга тайёрланаётган эдик. Асарнинг бу саҳнаси характерлар тўқнашуви, севги можароларига бой эди. Ракелита Байлей эса мен ҳар доимгидек турли разилликларни амалга ошириш учун аста-секин ҳийла-найранг ва маккорлик билан тузоққа туширадиган Хосефина исмли такаббур қиз ролини қойилмақом қилиб ўйнаётганди. Бунақа макр ва ҳийла, қабоҳат тўла саҳналарни ўйлаб топишда режиссёрлар орасида Лемосдан ўтадигани йўқ эди. Бошқалар ижро этган роллар ҳам эгасини топган — ҳамма илҳом билан берилиб ўйнарди. Умуман олганда-ку, ушбу радиоспектакл билан шу пайтгача биз иштирок этган ўн саккизта асар ўртасида қилча фарқ сезилмас — икки томчи сувдек бир-бирига ўхшар эди. Биргаликдаги тушлик ҳамда репетицияни эслаб қолганимнинг сабаби, айни шу куни кичкинтой Мацца Лусиананинг иккинчи мактубини келтириб берганди, бу сафар ҳам пайсалга солмай ўқиб чиқмоқчи бўлдим-да, Анхелита билан Хорхе Фуэнтеслар “Химнасия ва Эстрима” спорт саройидаги рақс чоғида “Ўла-ўлгунча севаман”, дея бир-бирига сўз берадиган лавҳани ёзишаётганидан фойдаланиб, ташқарига чиқиб кетдим. Бунақа саҳналар аксар томошабинларга жуда ёқар ва қаттиқ таъсир қиларди. Қолаверса, асар қаҳрамонларини ўзларига менгзаш, ўхшашлик топса беҳад қувониб, бу ҳақда таниш-билишлари билан ўртоқлашиб чарчамайдиган томошабинларга асардан кутилмаган хулосалар чиқаришлари учун имкон яратарди. Ҳеч қурса, Лемос ёки Фрейд назарияси бўйича шундай эди.
Мен Лусиананинг “Алмагро кўчасидаги қандолат дўкони ёнида кўришсак”, деган содда ва беғараз таклифига жон-жон деб рози бўлдим. Лекин кетидан ўзининг атай қизил кийиб олиши менга эса “тўрт букланган газета кўтариб олинг, бир-биримизни топиб олиш осон бўлади”, деб ақл ўргатиши ёқмади. Ёш боламанми, бунақа ҳижжаламаса! Бошқа йўлини тополмагандир-да. Бу ёғига эса ўша мен билган Лусиана — у яна ўша ойнаванд айвонда ўтириб менга мактуб ёзаяпти. Хиёл нарида, ким бўлдийкан, онасидир-да, эҳтимол отасидир, ўзи бошиданоқ ёнида кекса одам ўтиргандек кўринарди, бир замонлар катта оила яшаган, бугунга келиб бўм-бўш ҳувиллаган хоналарда бир ғусса — ё умри бевақт хазон бўлган, ё уйдан бутунлай бош олиб кетган катта қизининг доғида куйган онанинг унсиз фарёди кезиб юради. Ҳа, ҳа, бу оила чиндан ҳам азадор бўлса керак. “Мабодо боргингиз келмаса ёки боролмасангиз ҳечқиси йўқ, хафа бўлмайман. Аёл бошим билан таклиф мендан чиқмаслиги керак эди, лекин битта нарсани биламанки, — деб ёзарди у комил ишонч билан, — Сиз оқкўнгил одамсиз, ҳар хил ёмон хаёлларга бормайсиз”. Сўнг сира кутилмаганда мени ҳаяжонлантириб юборувчи мисралар битарди: “Сиз мени бор-йўғи шу иккита мактубим орқали биласиз, мен эса уч йилдирки сизнинг хаёлингиз билан яшайман, ўйнаган ҳар бир ролингизни тинглаб, оппоқ тонгларни оттираман, шу ролларингиз орқали сизнинг қандай инсон эканингизни тасаввур қиламан. Мен сизни ижро этган қаҳрамонларингиз билан ҳеч қачон аралаштириб юбормайман. Зеро, мен учун ҳамиша бирдай — ўзим тасаввур қилган ва қалбимдан жой олган инсон сифатида қоласиз” (бу иккинчи хатни қаерга қўйганим эсимда йўқ. Лекин маъноси ҳам, сўзлари ҳам шундай эди. Биринчи хатни эса, янглишмасам, ўша кезлари ўқиётган китобим Альберто Моравианинг романи ичига солиб қўйгандим, хат ҳалиям жавонда чанг босиб ётган ўша китоб саҳифалари ичида бўлса керак).
Шуларни Лемосга айтиб берсам борми, унинг кўнглида ўша заҳоти айрилиқ ва ҳижронлардан кейин ошиқ-маъшуқларнинг топишуви билан якунланадиган сюжет туғилар, бинобарин, Лусиана йигит тасаввур қилгандек бўлиб чиқар ва бу чин севги муҳаббат тантанаси инсон боласини эртанги кун — келажакни олдиндан кўра билгувчи қилиб қўяди, деган ғояни илгари суришга хизмат қилар — бундай ибратли асарларнинг эса “Радио Белграно” да бозори чаққон эди.
Бироқ Лусиана ўттиздан ошган ва мен тасаввур қилган ойнаванд айвонда ўтириб мактуб битаётган нозик аёлга (нима бўлган тақдирда ҳам у ўта латофатли эди) ўхшамасди. Ёйилган тим қора сочлари ҳуснига ҳусн қўшар, айниқса, бехосдан бошини силкитган чоғда шалола сочлари хиёлгина тўзғиб мавжланар, кўзи тушган одамнинг юраги орзиқиб кетарди. Негадир Лусиананинг афти-ангорини аникроқ тасаввур қилмаган эканман: мусаффо кўзлари ғамгин бўлса керак, деб ўйлагандим, холос. Ҳолбуки, ғам-ғуссадан асар ҳам йўқ эди бу кўзларда, соч тутамлари остидан юлдуздек чарақлаган кўзлар кулиб боқарди кишига. Унинг виски ичишга майл билдириши мени ҳайрон қолдирди. Чунки Лемос асарларининг қарийб ҳаммасида севишганлар илк учрашув чоғида фақат чой ичишарди (Бруно билан мен поездда сутли қаҳва ичган эдик) Лусиана аёл боши билан учрашувга таклиф этганидан ҳижолат чекиш тугул, йўлига бўлсин узр сўраб қўйишни лозим топмади. Шунақа вақтларда мен, ҳамиша ўзимни билмаганга олиб, азбаройи мазах қилиб ўтиришни хуш кўрадиган мендек одам бу сафар негадир ўта самимий, эски танишини учратиб қолган кишидек ўзимни хушҳол ва эркин сезардим. Боз устига қулинг ўргилсин виски ҳам кайфиятимни чоғ қилиб юборганди. Қисқаси, бундан ортиғини орзу қилиш ношукурликдан бошқа нарса эмас! Одатда, илиқ муносабатлар мана шунақа учрашувлардан бошланади: ҳеч нарсани яширмайсан, бирор нимадан умидвор бўлиб ўтирмайсан, ўз-ўзидан суҳбат мавзуси мен ҳақимда, ўйнаган ролларим, ижрога тайёрланишим ва ҳоказолар ҳақида борди. Ҳар ҳолда актёр деган номим бор. Лусиана ким бўпти, атиги иккита мактуби ва исми Лусиана эканини биламан, холос. Шу боис мақтанчоқ экан, деб ўйлаши мумкинлигидан чўчимай турли радиоспектакллардаги ролларим, душманлар тирноқларимни омбур билан суғуриб олишётганларида ғиқ этмай чидаганларим, тириклай кўмилган шахтёрлар саҳнасини яратишдаги сабр-тоқат, куч, илҳом ва маҳоратим буларсиз жонли, таъсирчан, ҳаққоний асарга эришиб бўлмаслиги ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилаётганида ҳам гапларини бўлмай, тинглаб ўтиравердим. Пировард натижада, қийналиб бўлса ҳам, бинафшаранг конвертларга солинган мактублар, ойнаванд айвон ва пишиқ новдалардан тўқилган оромкурсилар таъқибидан қутилиб, аста-секин унинг қиёфаси ҳамда овозига кўникиб борардим. Учрашувимиз ниҳоясида Лусиананинг бир замонлар — ўттизинчи йилларда фортепьяно чалиб юрган ва ҳатто машҳур Пергаминодаги концертларда қатнашган Поли холаси билан биринчи қаватдаги торгина квартирада яшаши маълум бўлди. Буёғига келсак, Лусиана ҳам ўзича тўқиб чиқарган одамининг хаёлий сиймосини ҳаётдагиси билан таққослаб ўтирган экан. Пировардида, мени баланд бўйли, сочлари жингалак, қўй кўзли деб тасаввур қилганини бўйнига олди. Жингалак соч, деганини эшитиб мен ёқамни ушладим. Чунки биронта спектаклда бунақа кўринишли йигит ролини ижро этмагандим. Қаердан олди буни ҳайронман, яна ким билади, Лемос пьесаларни тўлдириб ташлаган бир хил қиёфалар, ҳар қандай пасткашлик ва разилликдан қайтмайдиган одамлариннг умумлашма тимсоли сифатида хаёлида вужудга келгандир. Ҳазил тариқасида шу фикримни унга айтган эдим, Лусиана барча персонажларни режиссёр сифатида Лемос қандай қиёфада тақдим этган бўлса, худди шундай тасаввур қилганман, дея эътироз билдирди. Лекин айни чоғда кўп персонажларнинг ҳаммасини бир четга суриб қўйиб, мен билан, овозим билан қолар экан, фақат номаълум сабабларга кўра, мен баланд бўйли ва сочлари жингалак йигит бўлиб туюлганман.
Бруно мени ташлаб кетмаганида Лусианага кўнгил қўймаслигим аниқ эди. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай уни ҳануз унута олмасдим. На бирон бир дўстим бор, на маҳрамим — ҳеч кимим йўқ эди. Ҳаётимда пайдо бўлган ана шу бўшлиқни Лусиана ўзи билмаган, эҳтимол, хоҳламаган ҳолда тўлдира бошлаган эди. Мендан фарқли ўлароқ, у ҳаётида юз берган барча ўзларишларга жуда тез кўникар экан, шу важдан менинг овозим туфайли, тасаввурида пайдо бўлган новча жингалак соч йигит ўрнига ҳаётда рўпара келган сочлари силлиқ, Лемоснинг девқомат қаҳрамонларига қараганда унчалик кўзга ташланмайдиган Тито Балкарселга дарров ўргана қолди. Бир ой кифоя қилди, холос, бу эврилишга. Атиги икки марта қаҳвахонада учрашдик, бир марта меникида. Лусиананинг таровати ҳамда атир ҳидидан мушук жонивор ётсирамади, аксинча, унинг тиззаларига чиқиб ётишни одат қилди. Алоҳа ўзининг “ортиқча” эканини сезган лаҳзалардан эътиборан биз бирга ўтирган пайтимизда яқинлашмайдиган бўлди. Поли хола Пергаминодаги синглисиникига кўчиб кетди, энди унинг бу ерда киладиган иши қолмаганди. Ўша ҳафта ичида Лусиана кўч-кўрони билан меникига кўчиб келди, мен унинг жиҳозларини жойлаштиришга кўмаклашар эканман, ойнаванд айвон билан кулранг кўкимтир ёғду етишмаётганини кўриб, юрагимда оғриқ турди. Зеро, энди бундай нарсаларни кўриш насиб этмаслигига ақлим етарди. Шунга қарамай ноумид бўлгим келмас эдию, бироқ бир нарсасини йўқотган одамдай ичимга чироқ ёқса ёришмасди. Кўчиб кетаётган куни Поли хола ғамгузорлик билан Лусиананинг ёшлиги, Чикагодаги музлатгичхонага ишга киритиб қўяман, дея уни лақиллатиб, бирдан ғойиб бўлган қаллиғи — Примера Хунтадаги меҳмонхонанинг хўжайинига турмушга чиқиб, бахти очилмагани, беш йил яшаб ажрашиб кетганлари ҳақида ҳикоя қилиб берди. Буларнинг барини Лусианадан эшитган эдим, лекин у бошқачароқ — менинг оғушларим, ликопчада мушукка сут беришлар, ҳар кун кино кўришлар ва эришилган истаклардан иборат янги ҳаётга қадам қўйган Лусиана ҳақида эмас, балки аллақандай ўзга бир аёлнинг ҳаёти ҳақида сўзлаб бергандек бўлувди.
Менимча, “Қонли бошоқлар” радиоспектаклини лентага тушириш ишлари бошланган эди, мен Лусианадан сочини очроқ рангга бўяб олишни илтимос қилдим. Буни у аввал актёрларнинг инжиқлигига йўйди. Агар хоҳласанг ясама соч сотиб оламан, деди у кулиб, сўнг гап қистириб ўтди: дарвоқе, сенга ҳам жингалак соч ярашарди-да. Бир неча кун ўтгач шу хусусида яна гап очган эдим, сенга ёқадими шунақаси, бўпти, менга, қора бўладими, жигаррангми, фарқи йўқ, дея розилик билдирди. Лекин, тўғрисини айтганда, Лусиана менинг бу илтимосим актёрларнинг инжиқлиги билан эмас, балки бутунлай бошқа сабаблар: ойнаванд айвон, новдалардан тўқилган оромкурси билан боғлиқ эканини ахийри фаҳмлаган эди… Бу хусусда бошқа сўрамадим, гапимни ерда қолдирмаганидан кўксим тоғдек кўтарилди ва буни ёлғиз қолганларимизда бағримга босиб, сочларидан тўйиб-тўйиб ҳидлаётган, сийналарини силаб, кўзларидан, юзидан, дудоқларидан тўхтовсиз ўпаётган дамларда бот-бот унга эслатдим. Янглишмасам эртасигаёқ — ё эрталаб, ё у бозар-ўчар қилгани отланаётганда мен унинг сочларини иккала қўлим билан йиғиштириб бир тутам қилиб турмакладим-да, сенга мана бунақаси кўпроқ ярашади, дедим чиройли юзига йигитлик ҳаваси билан тикилиб. У ўзини кўзгуга солиб қаради-да индамади, авзойидан гапимга қўшилмагани яққол сезилиб турарди. Буни тушунса бўларди: Лусиана бу русумдаги соч ярашадиган аёллар тоифасига кирмасди. Унга ёйилган қора соч кўпроқ ярашарди, лекин бу фикримни очиқ айтмадим, чунки уни бошқача — илк бор қандолатхона остонасига қадам қўйган кундагидан кўра гўзалроқ кўришни хоҳлардим.
Мен ёзиб олинган спектакллардаги овозимни эшитиб кўриб ҳеч қаноат ҳосил қилмаганман, ижро этдим — иш битдими тамом — нуқта. Ўзларини салкам актёрларнинг пири, деб ҳисоблайдиган ҳамкасбларим ҳайрон бўлишади, қўйиб берсанг бир замонлар ўйнаган ролларини ҳар куни эшитса! Бу одатимни жуда яхши билишгани учун Лемосдан “Шармисорлик гуллари”ни архивдан олиб бер, деб сўраганимда кўзларини чақчайтириб қаради. У нима учун керак бўлиб қолганини билгиси келиб сўради. Мен талаффузимдаги камчиликларни тузатмоқчиман, деганга ўхшаш бир баҳона айтдим. Бир даста пластинка кўтариб уйга келсам Лусиана ҳам ҳайрон, сабаби у билан ишим тўғрисида бир марта ҳам гаплашмаганман.
Ҳар куни қош қорайди, дегунча тиззасида мушук, менинг овозимни эшитиб ўтиради, бунинг устига ҳар дақиқа олган таассуротларини айтиб чарчамайди. Лемосга нима деган бўлсам, унга ҳам шундай жавоб қилдим, бироқ келтирилган пластинкаларни эшитиш учун патефонни катта хонага олиб чиқдим-да, Лусианага: “Сен ҳам ўтир, шу ерда бирга эшитамиз”, деб илтимос қилдим, сўнг чой дамлаб келдим ва қулайроқ бўлсин, деб торшернинг жойини ўзгартирдим. Нима кераги бор, ажабланиб сўради Лусиана, турган жойи яхши эди. Яхши эди, лекин чироқ ёруғи Лусиана ўтирган диванга кўпроқ тушар, кўзни қамаштирар даражада ўткир ва ортиқ даражада равшан эди. Ҳолбуки, айни лаҳзаларда дераза ойналаридан унинг сочларига, чой қуяётган қўлларига тўғридан-тўғри тушаётган кулранг-кўкимтир оқшом ёғдусига нима етсин?! Мени жудаям талтайтириб юборяпсан-да, деди ҳижолат чеккан бўлиб Лусиана, шуям ишми, мени оромкурсига ўтқазиб, ўзинг бир бурчакка бориб олганингни қара.
Мен “Шармисор гуллар”нинг айрим лавҳаларини қўйиб бердим холос, бошидан охиригача эшитадиган бекорчи борми?! Ҳар хил саргузаштлар, можаролар ва фитналарни зўр диққат билан тинглаётган Лусианани зимдан кузатиб ўтириш ҳузур бағишларди. Менинг овозим янграб қолганда у бошини кўтариб жилмаяр, бу билан Прадолар хонадонига тегишли мол-дунёни эгаллаб олиш ниятида ҳар қандай ифлосликдан қайтмаётган Карменситанинг аблаҳ қайноғаси тубанликлари заррача ҳам жаҳлимни чиқармайди, демоқчи бўларди. Ҳолбуки, бутун асар Лемоснинг ғояси билан сугорилган, яъни соф муҳаббат ва адолат тантана қиларди. Мен ўтирган жой ўзимга маъқул эди. (Лусиананинг ёнида бир пиёла чой ичгач, ўша ердан яхши эшитилади, деган важ билан яна жойимга бориб олгандим); шу дақиқаларда мен анчадан бери йўқотган ҳаловатимни қайта топгандек бўлардим. Бу дамлар ҳеч қачон тугамаслигини, ойнаванд айвонни эслатаётган қуёш ботар олдидаги ёғду бир умр деразадан ёғилиб туришини орзу қилар эдим. Табиийки, бунинг иложи йўқ; мен патефонни ўчирдим ва биз пешайвонга чикдик, лекин аввал Лусиана торшерни ўз жойига кўтариб элтиб қўйди, чунки бу ер чиндан ҳам унинг жойи эмасди. Озгина бўлса ҳам, фойдаси тегдими, деб сўради Лусиана кафтимни қўллари орасига олиб беозоргина сиқаркан. Ҳа, албатта, дедим ва нафасим қайтиб кетмаслиги учун ундош ҳарфларни талаффуз этиш, сўздаги нозикликлар ва яна бир балолар ҳақида тушунтирдим. У гапларимни диққат билан тинглади. Фақат битта нарсани — мана шундай ажойиб дақиқаларда бахтимнинг тўла-тўкис бўлмоғи учун менга тўқима оромкурси-ю, хат ёзаётган одамнинг чеҳрасида, навбатдаги жумлани ёзишдан олдин хаёлга чўмган пайтда зуҳр этувчи ўйчан-ғамгусор ифода етишмаётганини очиқ айтмадим, холос.
“Қонли бошоқлар” спектакли тугашига оз қолди, 2-3 ҳафталардан сўнг мен таътилга чиқардим. Радиодан ҳориб-чарчаб келганимда Лусиана ё китоб ўқиётган ёки мушукни ўйнатаётган бўларди. У доим туғилган кунида совға қилганим гаврондан тўқилган курсида ўтирган буларди. Бизнинг шарт-шароитимизга булар мос тушмайди, деган эди ўшанда Лусиана фаромушхотирлик билан. “Сенга ёқибдими бас, менга ёқкани шу, жуда чиройли, муҳими қулай экан. Сен бу оромкурсида ўтирсанг мазза қиласан, айниқса битта яримтага хат ёзаман десанг — роҳатижон”, қўшимча қилдим суюниб. “Ростданам, — гапимни маъқуллаб бош ирғади Лусиана, — Поли холамга ҳол-аҳвол сўраб, хат ёзаман дейман, бироқ ҳеч ҳафсала қилолмаяпман”.
Қош қорая бошлагани сабабли Лусиана курси билан столни дераза ёнига қўйиб (торшер лампочкасининг ўзгариб қолганини пайқамаслиги аниқ) ўша ерда иш тўқиб ё журнал варақлаб ўтирарди.
Чамаси худди мана шундай ку ҳеч қачон шу лаҳзалардагидек яхши кўрмаганман, доим мана шундай кўришни истардим, дедим. У индамай менга қараб турди-да, бирдан сочларимни тўзғитиб ташлади. Кейин бошини елкамга қўйдию, хаёлчан кулимсиради ва жим бўлиб қолди, шу лаҳзаларда у менинг ёнимда эмас, узоқ-узоқларга кетиб қолгандек эди гўё. Мана шундай сокин оқшом палласида нимани ҳам кутиш мумкин эди Лусианадан?! Зотан ўзи ҳам бинафша конвертларга солинган мактублардаги оддий ва беғубор сўзларга монанд эди ҳозир. Мен билан илк бора қандолат дўкони ёнида учрашган ва бир қадар ўнғайсизланган каби кўзларини олиб қочиб саломлашган чоғда қора сочларининг ўрами диккайган Лусианани кўз олдимга келтиролмай қолдим. Шундан сўнг, ҳарчанд уринмай, ўшандаги, ўша ҳолатдаги бир тутам тикрайган, тўзғиб-мавжланиб кетган қоп-қора сочларини кўз олдимга келтиролмадим. Хотирамда эрталаблари у ёқдан бу ёққа юришдан ҳузур қиладиган ёки мушук билан боладек ўйнашиб чарчамайдиган, кечки пайт эса мен илоҳийлаштирадиган Лусианага нисбатан юрагимда ишқ ўтини алангалатган баланд бўйли, соғлом ва бахтиёр аёлга ўхшамайдиган тўқима курсида ўтирган аёл тимсоли нақшланиб қолганди.
Эҳтимол мана шулар ҳақида унга айтиб беришим лозим эди. Бироқ сира бир қарорга келолмай, иккиланиб юравердим. Назаримда, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолгани яхши эди. Балким мен ўзимни шунчалар масрур ва некбин ҳис қилаётганим учунми, илгари заррача пайқамаган сирли равишда ҳол сўраб қолишлар, фаромушхотир юришлар, баъзан бир нима ахтаргандек юз-кўзимга узоқ тикилиб қолишлардек янги одатларига аҳамият ҳам бермасдим. Чунки, бу ўша, ойнаванд айвоннинг ғамгин руҳи ва бинафшаранг хушбўй конвертлар исининг тажассуми эди, холос. Иттифоқо ярим кечаси уйғониб кетдим-да ёнимда беозоргина ухлаб ётган Лусианага караб туриб, унга эришмоқ, унинг муҳаббатини қозонмоқ учун нечоғлиқ қийналганларим, не-не ҳийла ва тасодифларни ўйлаб топганларим ҳақида бошдан-оёқ айтиб бериш вақти келганини ҳис қилдим. Мен бундай қилолмадим: чунки Лусиана ухлаётганди, сўнг уйғониб кетди, сешанба куни кинога боришимиз керак эди. Таътил даврида эса сафарга чиқиш ниятида саёҳатбоп машина қидиришимиз керак бўлди, кунлар жуда тез, ҳеч қандай из қолдирмас, ёлғиз кўкимтир кулранг ёғду, новдалардан тўқилган оромкурсида ўтирган Лусиананинг зебо қадди-қоматини рўйи-равшан кўрсатаётган бир тутамгина оқшом чоғи кино кадрларидек секин ўтаётган дамлардагина бунга имкон туғиларди. Энди у мен билан камдан-кам гаплашар, ўшанда ҳам бир нимани излаётгандек қайта-қайта юз-кўзимга тикилиб қолар, мана шу қилиғи тўғрисини айтиш, мен учун жигарранг сочлар ва ойнаванд айвонда тўкилиб ётган кулранг ёғду нимани билдиражагини тушунтириш хоҳишини сўндирар эди. Хуллас, айтолмадим. Иттифоқо, иш тартиби ўзгариб қолди-ю, шу баҳонада чошгоҳга яқин шаҳар марказига боришимга тўғри келди. Тасодифни қарангки, мен Лусианани кўриб қолдим. У меҳмонхона эшигидан ёнида бир йигит билан чиқиб келарди. Рости танимабман, ёнидаги норғул йигитни қўлтиқлаб олгани, йигит эса унинг синчалоғидан эркалаб ўпиб қўйиши учун энгашганида жингалак сочлари Лусиананинг жигарранг сочларига чирмашиб кетаётганини кўриб, ҳеч нарсани тушунмасам-да, гап нимада эканлигини фаҳмладим.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси