Бугун мен ғалати ҳолатдаман. Омма олдида қироатлар қилар эдим-у, аммо маърузалар ўқимаганман. Мендан маъруза қилишни сўраганларга, бу менинг қўлимдан келмайди деб жавоб берар эдим. Ҳақиқатан ҳам шундай. Қарийб ярим асрлик ҳаётини сўзлар ва ҳиссиётларга бағишлаган одамнинг айтадиган гапи бўлмаслиги қизиқ туюлиши мумкин. Бироқ шахсиятимдаги мавжуд қимматли ҳисобланган нимаики бўлса, ҳаммасини китобларимга жамлаганман. Замонанинг у ёки бу палласида шууримни банд этган бошқа ҳаммаси тўлиқ шаклга солинганича йўқ. Ана шу яшириниб ётган “бир нарса”нинг нималигини аниқ билишимга ҳам ишонмайман; у кейинги китобни кутиб ётибди. Борди-ю, омад менга кулиб боқса, у бевосита китобни ёзаётган вақтимда намоён бўлади-да, мени довдиратиб қўяди. Ёзаётган вақтимда фавқулоддаликнинг айнан мана шу унсурини топишга ҳаракат қиламан. Ўз ишим хусусида ана шундай мулоҳаза юритаман – бу эса айтишгагина осон.
Оддий ёзувчи ва ижтимоий хилқат сифатидаги ёзувчи ўртасида қандай тафовут борлиги ҳақида Пруст ғоят синчковлик билан ёзган эди. Унинг бу борадаги фикрларини илк қўлёзмаларидан тикланган ,,Сент-Бёвга қарши” китобидаги бир қанча эсселарда топасиз. XIX аср француз танқидчиси Сент-Бёв айтган эдики, ёзувчини тушуниш учун унинг шахсиятининг ташқи жиҳатлари, ҳаётидаги шароитлар ҳақида иложи борича кўпроқ нарса билмоқ зарур. Киши ижодини тасвирлаб бериш учун унинг ўзидан фойдаланиш – мароқли услуб. У бенуқсон бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ Пруст ғоят ишонч билан унинг авра-астарини ағдариб ташлади. “Сент-Бёвнинг бу услуби – деб ёзади Пруст, – ўз-ўзини англашнинг энг юзаки тажрибаси ҳам бизга ўргатган нарсани писанд этмайди, айнан: китоб – шахсдан туғилган нарса, у ўз одат-қилиқларимизда, ижтимоий ҳаётимизда, иллатларимизда кўрсатиб ўтганларимиздан фарқ қилади. Борди-ю, шу шахсни тушунмоқчи бўлсак, уни қалбларимиздан қидирмоқлигимиз ва уни ўз шууримизда қайта тиклашга ҳаракат қилибгина оқлай олмоғимиз мумкин бўлади”.
Иши илҳом билан боғлиқ бўлган ҳар қандай одамнинг ёки ёзувчининг таржимаи ҳолини ўқиганимизда Прустнинг бу сўзлари ёдимизда бўлиши керак. Биз унинг ҳақидаги барча тафсилотлардан, барча қилиқларидан ва шахсий муносабатларидаги шарт-шароитларидан воқиф бўлишимиз мумкиндир, бироқ барибир ҳам ёзувчилик сири сир бўлиб қолаверади. Ҳатто энг сеҳрли ҳужжатлар ҳам бизга ҳамма нарсани очиб беришга қодир эмас. Ўзи ёзадиган ё бошқалар томонидан ёзиладиган ёзувчининг таржима ҳоли ҳар доим ана шундай нотугаллиги билан ажралиб туради. Пруст – ажойиб умумлашмалар устаси ва мен “Сент-Бёвга қарши” китоби устида узоқ тўхталиб ўтирмоқчимасман. “Аслини олганда, – деб ёзади Пруст, – муаллиф ўзининг кўнгли тубидаги “Мен”ининг сирли изҳорларини, ёлғизликда ва ўзи учун ёзган сатрларни ҳаммага баралла ошкор этади. Суҳбатдами… ёки моҳияти чоп этилган суҳбатдан ошмайдиган ўша гуруҳбоп очерклардами, умуман инсон шахсий ҳаётида ифода этадиган нарса – бу ўта юзаки “Мен”нинг натижасидир, ёруғликдан ёки ёруғлик иштирокидаги шахсийликдан воз кечиб қўлга киритиш мумкин бўлган ботиний табиат маҳсули эмас”.
Пруст бу сатрларни ёзаётганида, у ҳали уни буюк адабий муваффақиятга олиб келиш насиб этган нарсага эга бўлмаганди. Келтирилган иқтибосдан хулоса чиқариш мумкинки, у савқи табиатига ишонадиган ва муваффақият кутадиган одам бўлган эди. Мен бу сўзларни олдин ҳам тилга олиб ўтган эдим. Гап шундаки, улар менинг ёзувчилик ҳунари билан шундай шуғулланганимни кўрсатиб берар эдилар. Мен юрагим сезгиларига ишонардим. Йўл бошидаёқ уларга суянган эдим ва ҳозир ҳам шундай қилиб келаяпман. Воқеалар бундан кейин қандай тус олади-ю, асар ёзиш асносида мен қаёққа интиламан, бу тўғрида менинг заррача тасаввурим йўқ эди. Мавзулар танлашда дил амримга итоат этар эдим ва дил амри билан ёзардим. Ёзишга киришганимда, менда қандайдир ғоя, қандайдир шакл бўлади, бироқ йиллар ўтгандан кейингина ёзиб бўлганимни тўлиқ англайман.
Ўзимдаги ҳар қандай қимматли нарса китобларимда жамланган деб айтиб ўтган эдим. Энди мен буни тағин ҳам ривожлантирмоқчиман. Китобларимнинг ҳаммаси менда жамланган демоқчиман. Ихтиёрсиз тарзда топилган ва агар гап бадиий адабиёт хусусида кетаётган бўлса, савқи табиий тарзда яратилган ҳар бир китоб ўтиб кетган нарсага таянади ва ундан ўсиб чиқади. Ўз адабиий рутбамнинг ҳар бир пиллапоясида, айтишим мумкинки, менинг яқинда чиққан китобим барча олдинги китобларимдан иборатдек бўлиб туюлади менга.
Бунга сабаб – менинг оддий ва айни вақтда олий даражада жумбоқли келиб чиқишим. Мен Тринидадда туғилганман. Тринидад Венесуэла дарёси Ориноконинг мансабида жойлашган мўъжазгина орол. Шу билан бирга Тринидад на Жанубий Америкага қарайди, на Кариб ҳавзасига. Орол мустамлака-плантация сифатида ривожланган ва 1932 йилда мен туғилганимда, у ерда 400 минг нафар аҳоли яшарди. Шулардан 150 000 нафари Ганга пасттекислигидан келиб чиққан ҳиндулар ва мусулмонлар эди.
Менинг миттигина жамоам ана шундай бўлган. Ҳиндистондан кўчиб келганларнинг анча қисми 1880 йилдан кейин келганди. Аҳвол қуйидагидек эди. Одамлар қуллик шароитида беш йил давомида плантацияларда ишлашга ёлланардилар. Бу муддат тугагандан кейин уларга беш акр ёки шунга яқин миқдордаги арзимагангина ер парчаси бериларди ёки Ҳиндистонга қайтиб кетиш ҳақи тўланарди. Ганди ва унинг маслакдошлари чиқишлари туфайли 1917 йилда оғир шартли битим тизими бекор қилинди. Эҳтимол, бу ёки бирон бошқа сабаб билан ер гарови ва кўчирма бўлганларни ватанига қайтариш кейинги кўчиб келганлар учун исноддек санала бошлаганди. Бу одамлар ҳемирисиз қашшоқлар эдилар. Улар пойтахт Порт-оф-Спейн кўчаларида ухлардилар. Болалигимда мен уларни кўрганман. Назаримда мен уларнинг қашшоқ эканликларини англаб етмагандим, ўйлашимча, анча кейинроқ тушуниб етганман буни, улар менда ҳеч қандай туйғу уйғотмас эди. Мустамлака-плантация зулми кўринишларидан бири ана шундай эди.
Мен Чагуанас деб номланган бир вилоят шаҳрида туғилганман, у Пария қўлтиғидан оролнинг уч ёки тўрт мил ичкарисида жойлашганди. Чагуанас – ғалати ном, ёзганда ҳам, айтилганда ҳам ғалати туюлади, вилоятимизда кўпчиликни ташкил этадиган ҳиндларнинг аксарияти ўз ҳинду тоифалари номи билан Чауҳан деб аташни афзал кўрар эди.
Шаҳрим номининг қандай келиб чиққанини англаб етганимда ёшим ўттиз тўртта эди. Мен Лондонда яшардим ва бу вақтга келиб Англияда истиқомат қилганимга ўн олти йил бўлганди. Мен ўнинчи китобимни ёзган эдим. Бу Тринидаднинг, унинг одамлари тарихини, орол аҳолиси ва улар ҳикояларини қайта тирилтиришга ҳаракат эди. Бу минтақа ҳақидаги испан ҳужжатларини ўқигани Британия музейига борар эдим. Испан архивларидан териб олинган ҳужжатлар XIX асрнинг 90 йилларида Венесуэла билан жирканч тўқнашув вақтида британ ҳукумати учун кўчирма қилиб олинган эди. Ҳужжатлар 1530 йил билан бошланиб, Испания солдатининг ғойиб бўлиши билан узиларди.
Мен Эльдорадонинг аҳмоқона изланишлари ва инглиз қаҳрамони сэр Уолтер Рэлининг қонли тажовузи ҳақида ўқиган эдим. 1595 йилда у Тринидадга туширилган, уддасидан чиққан қадар испанларни ўлдирган ва Эльдорадони қидириб, Ориноко ёқалаб юқорига кўтарилган. У ҳеч нима топа олмаган, аммо Англияга қайтиб боргач, топдим дея ахборот берган. У ўзи билан бир парча олтин ва озгина қумни олиб келган. У олтинни Ориноко соҳилидаги қоядан парчалаб олдим, дейди. Миқдор таҳлили учун қумни топширган қироллик таксолнинг айтишича, қум ҳеч қандай қимматга эга эмас экан, Рэли олтинни аслида бундан илгари Шимолий Африкада сотиб олгани ҳақида гап чиқиб қолади. Кейин, ўз кашфиёти исботи тариқасида у китоб чоп эттирган, тўрт юз йил давомида одамлар Рэли ростдан ҳам қандайдир нарса топганига ишониб келганлар. Рэлининг ўқиш унча осон бўлмаган китоби жозибаси унинг узундан-узун ном билан аталишида эди: “Улкан бой ва гўзал Гаяна салтанатининг кашф этилиши, шунингдек буюк олтин шаҳар Маноа (уни испанлар Эльдорадо деб аташган) ва Эмелия, Аромай, Амапая, шунингдек ичидан дарёлар оқиб чиқувчи бошқа мамлакатлар таърифи”. Нақадар ҳаққоний жаранглайди, тўғрими? Аслида унинг Ориноконинг асосий ўзанигача етиб боргани ҳам номаълум эди.
Манман одамларда учраб турганидек, кейин Рэли ўз хаёлоти гирдобига ғарқ бўлиб кетади. Йигирма бир йилдан кейин уни кексайган ва бемор аҳволда Лондон қамоқхонасидан чиқариб юборадилар, Гайанага йўл олиши, ўзи айтганидек, у ерда кашф этган олтин конларини топиши керак эди. Мазкур товламачилик сафарида унинг ўғли ҳалок бўлади. Ўз обрўйини сақлаб қолиш ниятида ота ўғлини ажал комига йўллайди. Ғам-андуҳга ботган ота кейин икки қўлини бурнига тиқиб қайтиб келади ва Лондонда қатл этилади.
Воқеа шу жойда ниҳоясига етиши лозим эди. Бироқ испанларнинг хотираси кучли бўлади, салтанат почтасининг имилланувчанлиги сабаб бўлгани тайин: мактуб Тринидаддан Испанияга етиб борганича икки йил ҳаш-паш демай ўтиб кетар эди-да. Саккиз йилдан сўнг Тринидад ва Гайана испанлари маҳаллий ҳиндлар билан ҳамон ҳисоб-китоб қилиш ила овора эдилар. Бир куни Британия музейида испан қиролининг Тринидад губернаторига ёзган хатини ўқиб қолдим. Унга 1625 йил 12 октябр санаси қўйилганди.
“Сиздан илтимос, – деб ёзганди қирол, – чагуанас номли бир неча минг нафардан иборат аллақандай ҳинди халқи ҳақида менга маълумот берсангиз, сизнинг сўзларингизга қараганда бу халқ шу қадар адоватда эканки, айнан унинг вакиллари шаҳарни босиб олган инглизларга йўл бошловчи бўлган экан. Уларнинг жиноятлари жазосиз қолиб кетган экан, чунки бизда куч етарли бўлмаган экан, яна бир сабаб шундаки, ҳиндилар ўз хоҳиш-иродаларидан бошқа ҳокимиятни тан олмас эканлар. Сиз улардан қасд олишга жазм этибсиз. Сизга тайин қилиб берган қоидаларга риоя этинг ва муваффақиятларингиз тўғрисида менга хабар юборинг”.
Губернатор қандай йўл тутгани маълум эмас. Музей ҳужжатларида чагуанаслар ҳақида бошқа биронта эслатмани учратмадим. Эҳтимол, чагуанаслар ҳақида яна қандайдир ҳужжатлар Севильядаги испан архивларида бордир, бироқ Британия ҳукумати топшириғи билан ишлаган филологлар уларни кўрмай қолишгандир ёки аҳамиятга молик деб топишмагандир. Фақат шу нарса аниқки, мингтадан сал қуйироқ миқдордаги унча катта бўлмаган қабила, – улар, афтидан, Пария қўлтиғининг иккала соҳилида яшашган, – шу тариқа беиз йўқолиб кетган. Чагуанас ёки Чауҳан шаҳарчасидаги одамлардан биронтаси ҳам улар ҳақида ҳеч нарса билмас эдилар. Ўша ердаги музейда ҳам мияга шундай фикир келдики, 1655 йилдан бошлаб мен, балки испан қиролининг мактубида ҳақиқатдан ҳам маъно бор дейдиган биринчи одам бўлсам керак. Архивлардан эса бу хатни 1896 ёки 1897 йиллардагина титкилаб топишган. Шундан кейин йўқолиб кетиш, сўнгра асрлар сукунати. Биз чагуанаслар заминида яшардик. Ўқув йили вақтида ҳар куни бувамнинг уйидан Чагуанаснинг давлат мактабига яёв қатнар эдим. Ўшанда энди мактабга бора бошлагандим. Катта кўчадаги икки ёки учта дўкон, хитой каппони, Юбилей театри, арзон кўк ва сариқ, қайроқнамо совун чиқарадиган ҳидли португал заводи олдидан ўтар эдим. Яхши қуриши ва қаттиқлашиши учун совунларни эрталаб очиқ ҳавога териб қўйишарди. Мактабнинг нарёғидан Пария қўлтиғигача чўзилиб кетган шакарқамиш пайкаллари ястаниб ётар эди. Бу ердан ҳайдаб юборилган одамлар ўз қишлоқ хўжалигига, ўз тақвимига, ўз қонунлари ва сиғинадиган жойларига эга эдилар. Улар Ориноконинг сувлари келиб қуйиладиган Пария қайиридаги оқимларни яхши фарқлар эдилар. Уларнинг барча лаёқатлари ва меҳнатлари билан боғлиқ бўлган ҳамма нарса йўқ қилиб юборилган эди.
Дунё доим ҳаракатда. Ҳамма жойда ва барча замонларда одамлардан ерни тортиб олишган. 1967 йилда киндик қоним тўкилган жойлар тарихини билганимда, бу кашфиётдан лол қолган бўлсам, ажаб эмас, чунки бундан илгари бу ҳақда заррача тасаввурга эга эмас эдим. Аммо қишлоқ хўжалиги мустамлакасида бизларнинг кўпчилигимиз ана шундай басирона ҳаёт кечирардик. Бизни жаҳолатда сақлаш ҳокимият томонидан ўйлаб чиқарилган фитна эмасди. Менимча, бу оддий ҳол эди: ҳеч ким ҳеч нарса билмас эди. Чагуанас халқи тарихи унчалик аҳамиятга молик эмасди ва у ҳақда бирон маълумот топиш ўлимдан қийин эди. У кичик бир қабила бўлиб, туб жой аҳолиси эди. Булар ўшанда Британия Гвианаси деб аталмиш қитъада, мамлакатда яшовчи одамлар бўлиб, уларни биз билар ва устларидан кулар эдик. Эсимда, Тринидаддаги барча элат гуруҳларининг вакиллари бақироқ ва ўзларини телбаларча тутадиган одамларни варрахунлар деб атар эдилар. Бу менга ясама сўздай, ваҳшийликни англатиш учун ўйлаб чиқарилгандай туюларди. Фақат Венесуэла бўйлаб саёҳат қила бошлаганимдагина, бу пайтда ёшим қирқда эди, у ерда бундай сўздан кўплаб қабилалар номини аташда фойдаланишларини англаб етдим. Кичкиналигимда қандайдир ғалати воқеани эшитган ва эндиликда бу воқеадан жуда қаттиқ мутаассир бўлмоқда эдим. Унга кўра туб аҳоли қитъадан каноэда сузиб келар эканлар, орол жанубидаги ўрмондан юриб ўтиб, маълум жойда қанақадир меваларни узишар экан ёки қандайдир садақа маросими ўтказишаркан, кейин эса Пария қўлтиғини кесиб ўтиб, Ориноконинг сув босган ўзанига қайтишаркан. Модомики, тўрт асрлик бўронли воқеалар ва Тринидаднинг туб аҳолиси қирилиб битишидан омон қолиб, етиб келган эканми, демак, бу маросим катта аҳамият касб этган. Гарчи Тринидад ва Венесуэла наботот олами бир хил бўлса-да, улар қандайдир ҳеч кимга маълум бўлмаган мевалардан узгани келишгандир. Билмадим. Буни билишга уринган биронта одамни ҳам билмайман. Энди эса бу ҳақдаги бор-йўқ хотиралар ҳам ўчиб кетган. Агар ҳозир ҳам ўша жой йўқ бўлиб кетмаган бўлса, қутлуғлигини йўқотиб, оддий ерга айланиб қолган.
Нима бўлганда ҳам энди бари ўтиб кетган. Умумий муносабат шундай бўлгандир, эҳтимол. Ҳиндистондан келиб қолган биз муҳожирлар ҳам оролга шундай муносабатдамиз. Биз ўз-ўзига баҳо беришга қодир бўлмаган, расм-русумчиликка жиддий хайрихоҳлардан эдик. Билим эса ана шу ўз-ўзига баҳо беришдан бошланади. Бизнинг чагуанас заминида яшайдиган ярмимиз ўзимиз билан гўё гиламдай ерга тўшаш мумкин бўлган қандайдир Ҳиндистонни олиб келгандек тутар эдик – балки шундай тутмасдиг-у, ёрқин бир шаклни тасаввур этолмай, шунчаки ҳис этар эдик, холос. Бувимнинг Чагуанасдаги уйи икки қисмдан иборат эди. Унинг ғиштин ва сувоқ қилинган олд томони оққа бўялганди. Иккинчи қавати айвон билан ўралган, учинчи қавати ибодат қиладиган меҳроби бўлган катта ҳинд иморатининг бир тури эди. У бошдан-оёқ жимжимадор қилиб безатилган, устунлари учига нилуфарсимон шаклдаги устунқоши қўйилган ва ҳинду маъбуди ҳайкалчалари териб ташланганди. Уларнинг ҳаммаси Ҳиндистон хақидаги хотираларгагина таяниб ишлаган одамлар қўлидан чиққан эди. Тринидаддаги бу уйга меъморий мўъжиза деб қараларди. Унинг ортида бостирмали хона билан уланган француз-кариб услубидаги ёғоч уй қад кўтариб турарди. Унга иккала уй оралиғидаги ён эшикдан кириларди. У ёғоч ромга ўрнатилган тарам-тарам баланд темир дарвоза эди.
Шу тариқа болалигимда мен икки дунёни ҳис қилиб яшаганман, бири тарам-тарам баланд темир дарвозадан ташқаридаги дунё бўлса, иккинчиси уйдаги дунё, ёки, жилла қурмаганда бувимнинг уйи дунёси. Бу табақачилик қолдиғи, ҳамма нарсадан ажратиб ва тўсиб қўювчи туйғу дунёси эди. Худди яқинда кўчиб келган одамлардек, Тринидадда биз хосиятсиз жамоага мансуб эдик, лузумсизликнинг бу ғояси ўзига хос ҳимоя бўлиб хизмат қиларди, у бирмунча вақт, ҳа, фақат бирмунча вақт ўз-ўзимизга ва ўз қоидаларимизга кўра ўзимизнинг тиниқ Ҳиндистонимизда яшашимизга имкон берар эди. Бу фақат ўзимизнигина ўйлаб яшашимизга имкон берарди. Биз ўз ботинимизга қарардик; биз ўз ташвишларимиз билан яшардик; ташқи олам бамисоли зулмат ичида қолиб кетгандек эди; биз ҳеч нарса ҳақида сўрамасдик.
Ёнимизда мусулмон дўкони жойлашганди. Бувим дўконининг чоққина айвони шу дўконнинг эшик-деразасиз деворига тиралганди. Дўкондорни Миён деб чақиришарди. Унинг ўзи ва оиласи ҳақида бор билганларимиз шугина эди, холос. Биз рўпара келган бўлсак керакдир-у, аммо ҳозир унинг чеҳрасини эслолмайман. Биз мусулмонлар ҳақида ҳеч нарса билмас эдик. Остонада ташлаб чиқиш лозим бўлган ғалатилик ғояси, нарсалар ҳақида тушунча ҳатто бошқа ҳиндуларга ҳам дахл қилар эди. Масалан, биз гуручли овқатни туш вақти ердик, қуймоқ нонни эса – кечқурун. Бу табиий тартибнинг оёғини осмондан келтирган ўзбошимчалар ҳам учрарди ва гуручли овқатни кечқурун ейишарди. Улар менга чиндан ғалати бўлиб кўринар эдилар – етти ёшга тўлмаган болани кўз олдингизга келтиринг-а; чунки Чагуанасдаги бувимнинг уйида кечган ҳаётим айни етти ёшимда ниҳоясига етган эди. Биз пойтахтга кўчиб ўтдик, кейин эса оролнинг шимоли-ғарбига, тепаликларга бориб ўрнашдик.
Бироқ ҳеч қанақанги ёт нарсага йўл бермовчи ва тўсиб турувчи ҳаётдан келиб чиққан одатлар яна бирмунча вақтгача яшаб келди. Агар отам ёзган ҳикояларни ҳисобга олмаса, мен ҳинд жамоамиз турмуши ҳақида деярли ҳеч нарса билмас эдим. Бу ҳикоялар менга билимдан ҳам кўпроқ нарсалар берди. Улар менинг ёруғ оламда оёқ тираб тура олишим мумкин бўлган заминни берди. Бу ҳикояларсиз онгим қанақанги бўлиб кетишини тасаввуримга ҳам келтиролмасдим.
Ташқи дунё зулмат қаърида эди ва биз ҳеч нарса ҳақида сўрамасдик. Ҳинд достони, жумладан, “Рамаяна” ҳақида қандайдир тасаввурга эга бўлиш учун мен хийла вояга етиб қолган эдим. Беш ё ундан ортиқроқ йил кейин туғилган болалар энди бундай имкониятларга эга эмас эдилар. Ҳеч ким бизга ҳиндий тилини ўргатмасди. Кимдир қачондир биз учун алифбо ёзиб берган эди, бор-йўғи шу; қолганини ўзлари эплашади деб ўйлашган бўлса, эҳтимол. Шу тариқа инглиз тилига зеҳн қуйиб, биз ўз тилимизни унута бошлагандик. Бувимнинг уйидагилар ғирт диндор эдилар; бу уйда кўп маросимлар ва қироатхонликлар бўлиб турарди, уларнинг айримлари бутун кун давом этарди. Бироқ ҳеч ким бизга ҳеч нарсани таржима қилиб бермасди, тушунтирмасди, биз эса тобора “тилдан қолиб” борардик. Шу тариқа аждодларимиз эътиқоди чекиниб, кундалик ҳаёт билан боғланмай, сирли тус олиб борарди.
Биз Ҳиндистон ҳақида ёки у ерда қолган қариндош-уруғларимизнинг оилалари ҳақида саволлар бермас эдик. Ўсиб, билишни хоҳлаганимизда эса ҳаддан таш-қари кеч бўлган эди. Отам томонидан қариндош-уруғларимиз ҳақида мен ҳеч нарса билмасдим; билган нарсам уларнинг айримлари Непалдан келиб чиқишгани эди, холос. Икки йил бурун менинг исми шарифимни ёқтириб қолган қандайдир оқкўнгил бир непаллик менга 1872 йилдаги Ҳиндистон тўғрисида ёзилган бир британча китоб нусхасини берди, бу жуғрофий маълумотномага ўхшаган нарса бўлиб, “Банорасдаги ҳинду тоифалари ва қабилалари” деб номланарди, у ерда кўплаб номлар орасида муқаддас Банорас шаҳридаги непалликлар гуруҳма-гуруҳ санаб чиқилганди, улар умумий ном билан Найпол деб аталарди. Бисотимдаги бор-йўқ нарса шулар эди, холос. Бизлар тушда гуруч таом, кечқурун қуймоқ нон ейдиган бувим уйининг дунёсидан ташқарида ҳеч кимга маълум бўлмаган, аҳолиси 400000 нафар бўлган улкан орол мавжуд эди. У ерда кўпчиликни ташкил этувчи африканлар ёки африка зурёдлари бор эди. Полициячилари, ўқитувчилари бор эди. Мураббиялардан бири, Чагуанас давлат мактабидаги менинг биринчи муаллимамни мен кўп йиллар ҳаяжон билан эслаб юрдим. У ерда биз тез орада кўчиб ўтишимиз ва етти ёт бегоналар орасида доимий жойлашиб таълим олишимиз ва иш қидиришни давом еттиришимиз керак бўлган пойтахт бор эди. У ерда оқ танли одамлар бор эди – улар инглизлар бўлиши шарт эмасди, гоҳо португаллар ҳам бўлар эди, бир вақтлар бизга ўхшаб муҳожир бўлиб келган хитойликлар ҳам бор эди. Биз испанлар деб атайдиган паньоллар янада сирли кўринар эдилар, улар истаралари иссиқ, қорачадан келган одамлар эди, Испаниядан келиб қолган бу одамлар орол Венесуэла ва Испания империяларидан ажратиб олингандан олдинроқ бу ерда яшаб келар эдилар – булар мозийдаги гаплар бўлиб, болалик идроким доирасига сиғмас эди.
Сизларга ўзимнинг келиб чиқишимни ҳикоя қилиш учун кейинроқ, асосан адабий ишим шарофати билан хаёлимга келган билим ва тасаввуримдан фойдаланишимга тўғри келди. Гўдаклик вақтларимда бувим уйининг деворлари ортида нима ётганидан деярли бутунлай бехабар эдим. Назаримда, барча болалар бу дунёга ўзларининг ким эканликларини билмай келадигандай. Шундай бўлса-да, мисол учун, француз боласини олдиндан билим кутиб турарди. Билим уни ҳар томондан қуршаб оларди. Билвосита тарзда билим катталарнинг суҳбатларидан келиб чиқарди. Билим рўзномаларда ва радиода бўларди. Мактабда ҳам бўларди – дарсликларда ҳикоя қилинган кўплаб авлодларнинг ишлари унга Франция ва французлар тўғрисида тасаввур берар эди.
Гарчи мен қобилиятли бола бўлсам-да, Тринидадда мени зулмат қоплаб олганди. Мактаб ҳеч нарсага аниқлик киритмасди. Мени далиллар ва қоидалар билан кўмиб ташлашарди. Ҳамма нарсани ёд олишимга тўғри келарди; ҳамма нарса мавҳум бўлиб қолаверарди. Барибир ҳам, ўқув курсларимизга бундай шакл беришда қандайдир ғаразгўйлик бор эди деб ўйламайман. Биз одатдаги мактаб таълимини олардик. Бошқа шароитларда у ўзини оқлаган бўлар эди. Ҳеч бўлмаганда масъулиятнинг бир қисми менинг зиммамга тушар эди. Болалигим ўтган ҳалиги яккаланиб қолишни ҳисобга олган ҳолда жуғрофий жиҳатдан алоҳида бирон-бир бошқа жамият шароитларига хаёлан кўчиб ўта олмас эдим. Мен китоблар ғоясининг ўзини севардим, аммо уларни ўқиш менга осон эмасди. Ўзидан бегона қилмайдиган замондан ва макондан ташқарига арзийдиган Андерсен ва Эзоп китобларини кўпроқ тушунар эдим. Ниҳоят, коллежнинг сўнгги олтинчи синфида Мольер, Сирано де Бержерак сингари ёзувчиларнинг айрим адабий матнлари менга ёқа бошлаганди, бу ҳодиса уларнинг эртак сифатига эга эканлигидан содир бўлган бўлса, ажаб эмас.
Мен ёзувчи бўлиб етилганимда мени қуршаб олган зулмат китобларим мавзуларига айланди. Ер; туб жой аҳолиси; Янги Олам; мустамлака; тарих; Ҳиндистон; мусулмонлар дунёси – унга дахлдорлигимни ўзим ҳам сезар эдим; Африка; кейин эса Англия – бу ерда мен асар ёзишни ўрганганман. Китобларим бир-бирининг устига тахлаб ташланган ва мен китобларимнинг йиғноғиман деганимда худди шуларни назарда тутган эдим. Менинг келиб чиқишим, яъни ишимнинг манбаи ва илҳомчиси айни вақтда ҳаддан ташқари жўн ва беҳад даражада мураккаб деганимда шуларни назарда тутган эдим. Чекка Чагуанас шаҳарчасидаги ҳаёт бу қадар оддийлигини англаб етгандирсиз деб ўйлайман. Ёзувчи сафатида у мен учун ҳаддан ташқари мураккабдир. Айниқса, бошланғич паллаларда, менга сохта таълимларни тақдим этган адабий рамзларим (буни бошқача атаб бўлмайди) менга мутлақо ёт жамиятга мансуб бўлганда. Аммо хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ашёлар жуда бой эди ва асарга киришишимга имкон берган эди. Ўзимнинг келиб чиқишим ҳақида мен айтган гаплар китобларим устида ишлаган вақтимдагина билим сифатида кўнглимга келган эди. Борди-ю, асарларим каштаси мен учун фақат сўнгги икки ой ёки шунга яқин вақт давомида аён бўлди десам, бунга ишонаверинг. Бунгача мен учун энг қийин нарса одамларга ўз ишимни англатиш, кўрганларимни ҳикоя қилиб бериш эди.
Мен кўнгил сезгиси йўлидан борувчи ёзувчиман деб айтган эдим. Олдин ҳам шундай эдим, қарийб йўлнинг охирида турган айни кунда ҳам шундайман. Мен ҳеч қачон режа тузмаганман. Ҳеч қандай тизим этагидан тутмаганман. Дил сезгиларимга маҳлиё бўлиб ишлаб келдим. Ҳар гал мақсадим китоб ёзиш, ўқиш осон ва қизиқ бўлган нимадир яратиш бўлган. Ҳар бир босқичда мен ўз билимим, идроким, истеъдодим ва дунёқарашим доирасидагина ёзишим керак эди, чунки менга зарур мавзуларни очиб берувчи китоблар йўқ эди. Мен ўз дунёмни ривожлантириб олиш ва уни ўзим учун талқин қилишим керак эди. Мустамлака тарихини ҳаққоний ҳис этиш учун мен Британия музейига, бошқа архивларга мурожаат этишимга тўғри келди. Ҳиндистонга саёҳат қилишимга тўғри келди, зеро ота-онамнинг ота-оналари келган Ҳиндистон ҳақида ҳикоя қилиши мумкин бўлган ҳеч кишим йўқ эди. Неру ва Гандининг асарлари бор эди; шуниси қизиқки, айни Жанубий Африкада тажриба орттирган Ганди менга ҳаммадан кўп нарса берди, аммо бу ҳали етарли эмасди. Киплинг бор эди; Жон Мастер сингари инглиз-ҳинд муаллифлари бор эди (мазкур муаллиф 50-йилларда машҳур эди, у Британия Ҳиндистони ҳақида ўзаро бир-бири билан боғлиқ ўттиз бешта роман ёзишни ваъда қилганди ва, афсуски, бу ваъдалигича қолиб кетганди янглишмасам); аёл ёзувчиларнинг шундай асарлари бор эди. Ўшанда пайдо бўлган бармоқ билан санарли ҳинд муаллифлари шаҳарликлар эдилар ва ўрта синфга мансуб эдилар: улар биз келиб чиққан Ҳиндистонни билмас эдилар.
Кейин эса ҳинд ташналиги қонгач, бошқа мавзулар пайдо бўлди: Африка, Жанубий Америка, мусулмонлар дунёси. Мақсадим ҳар доим дунёни ўзим билган манзарада тасвирлаш бўлиб келди, фикр эса болалигимдан келиб чиқарди: ўзимни хилватда ўзим билан бемалол ҳис қилсам дердим. Яхши одамлар гоҳо мендан Германиями ёки, дейлик, Хитой тўғрисидами ёзишни илтимос қилишади. Бироқ ҳар иккала мамлакат тўғрисида аллақачон кўп нарсалар ёзилган ва яхши ёзилган; бу ерда мен мавжуд ишларга таянишни афзал кўраман. Бу мавзуларни бошқаларга қолдирайлик. Улар мени болалигимда қуршаб олган зулмат эмасди. Шундайин, ишимда содир бўлган тараққиёт билан, ҳикоя қилиш уқуви, билимлар ва идрок тараққиёти билан бир қаторда мен барибир ҳам қандайдир ягоналикни, маълум йўналишни сақлаб қолдим, ҳолбуки, айни дамда турли йўналишларда кетаётганимдай бўлиб кўринади.
Ишни бошлар эканман, олдинда мени нималар кутиб турганини билмасдим. Мен китоб ёзишни хоҳлар эдим, бас. Мен университетдан кейин қолганим Англияда ёзишга уриндим ва тажрибам ҳаддан ташқари оздек, китобларда ёзишим керак бўлганларига асло ўхшамагандек бўлиб кўринди ўзимга. Ҳеч бир китобда болалик тажрибамга яқин кела оладиган нарсани топа олмадим. Ёзишни истаган ёш инглиз ёки француз адиби ҳар доим уни кенг йўлга олиб чиқиб қўйишга қодир кўплаб рамзу қиёфаларни топади. Улар менда йўқ эди. Ҳинд жамоаси ҳақидаги отамнинг ҳикоялари ўтмишга дахлдор эди. Менинг дунём бутунлай бошқа эди. У кўпроқ шаҳарча, аралаш-қуралашроқ эди. Катта оиламизнинг бесаранжом ҳаёти – оромгоҳ ва хобгоҳлар, овқатланиш вақтлари, уйдаги одамлар миқдорининг бир хиллиги тасвирлаш учун ғоят қийин нарсалар бўлиб кўринарди. Уйдаги ҳаётим ва ташқи оламдаги ҳаётим ҳақида ҳаддан ташқари кўп тавсифлар талаб қилинарди. Бундан ташқари, биз ҳақимиздаги кўп нарсалар – аждодларимиз ва тарих менга номаълум эди. Ниҳоят, бир куни миямга биз Чагуанасдан кўчиб ўтган Порт-оф-Спейндаги кўчалардан бошлаш фикри келиб қолди. У ерда ташқи дунёдан ажралиб турувчи тарам-тарам катта дарвоза йўқ эди. Кўчадаги ҳаёт шундоқ кўз ўнгимда турарди. Уни айвондан туриб томоша қилиш менга дунё-дунё лаззат бағишларди. Мен айнан шу кўча ҳаёти ҳақида ёза бошладим. Ўзимга саволларни қалаштириб ташламаслигим учун мен тез ёзмоқчи бўлардим ва шу боис ихчамлаштирардим. Мен тасвирламоқчи бўлган боланинг келиб чиқиши тўғрисидаги ҳикояни пинҳон қолдирдим. Кўчадаги ирқий ва ижтимоий муаммолардан нафратланардим. Одамларни улар кўчада қандай бўлса ўшандайлигича тасвирлардим. Кунда биттадан ҳикоя ёзардим. Дастлабки ҳикояларим ғоят қисқа бўларди. Ашёлар етармикан деган хавотирда яшардим. Аммо кейин-кейин асар ёзиш сеҳри пайдо бўла бошлади. Ашёлар ўзи турли манбалардан келар эди. Ҳикоялар узайиб бораверди, энди уларни бир кунда ёзиб тугатиб бўлмас эди. Сўнгра мени осонлик билан ўзига маҳлиё қилган илҳом тугагандек бўлди. Бироқ китоб ёзиб бўлинган ва ўз наздимда мен ёзувчи бўлиб қолган эдим.
Кейинги иккита китобим ёзувчи ва ашё ўртасидаги масофани орттирди. Сўнгра кўнглим оиламиз ҳақида катта китоб ёзишга ундади. Уни ёзиш асносида менинг ориятли фикрларим ўсди. Бироқ китобни ёзиб тугатгач, ўзимнинг орол ашём билан қўлимдан келган ҳамма нарсани қилганимни ҳис этдим. У ҳақда ҳар қанча узоқ мулоҳаза юритмай, бундан энди адабиёт чиқмас эди.
Мени тасодиф сақлаб қолди. Мен саёҳатчига айландим. Мен Кариб ҳавзаси мамлакатларини бир-бир бориб кўрдим ва ўзим бир узви бўлган мустамлака тизимини анча яхшироқ англаб етдим. Мен Ҳиндистонда, аждодларим мамлакатида бир йил бўлдим; у менинг ҳаётимни қоқ иккига бўлиб юборган саёҳат эди. Мана шу икки саёҳат ҳақида ёзган китобларим мени ҳис-туйғуларнинг янги оламига олиб кирди, илгари ўзимда бўлмаган ёруғ дунё қиёфасини тақдим этди, касбий малакамни чархлади. Шундан кейин ёзган асарларимда Англияни Кариб мамлакатлари билан бирлаштиришга муваффақ бўлдим – эҳ, бунинг қанчалик оғир вазифа эканлигини билсангиз эди! Мен яна орол аҳолисининг барча ирқий гуруҳларини тасвирлаб беролган эдим, илгари сира бу нарса қўлимдан келмаган эди.
Янги асарим мустамлакачилик изтироби ва хаёлоти ҳақида ҳикоя қиларди – бу шундай китоб эдики, унда чорасиз одамлар ўзлари ҳақида ёлғон гапирадилар, ўзларини ўзлари алдайдилар, чунки ёлғон – уларнинг ягона паноҳи. Китоб “Тақлидчилар” деб аталарди. Аммо унда тақлид ҳақида гап кетмасди. Унда мустамлакадаги одамзод наслига тақлид қилувчи, ўзига ишончи бутунлай қолмаган одамлар ҳақида сўз юритиларди. Бир неча кун олдин менга шу китобдан бир неча бетни ўқиб беришди – мен уни қарийб ўттиз йилдан бери очиб кўрмаган эдим, – шунда миямга мутамлакачилик жазаваси ҳақида ёзган эканман деган фикр келди. Ўшанда бундай гап кўнглимга келмаганди. Китобларим мавзуини ифода этиш учун мен ҳеч қачон мавҳум сўзлардан фойдаланмас эдим. Акс ҳолда ҳеч қачон бир сатр ҳам ёзмаган бўлардим. Китобларимни кўнглим буюрганида ва фақат синчиклаб кузатиш асосида ёзаман.
Мен асарларимда ватаним атиги ўн йил давомида ўзгаргани ёки ривожланганини кўрсатишга ҳаракат қилиш учун ўз ёзувчилик фаолиятимнинг илк йиллари тавсифини келтириб ўтдим, холос: кулгили кўча ҳаётининг қандайдир кенг тарқалган жазава тадқиқотигача бўлган ҳолатни. Оддий нарса мураккабга айланди.
Бадиий наср сингари саёҳатлар китоби жанри ҳам менга идрок этиш усулидан дарак бериб туради; нима учун барча адабий шакллар мен учун бирдай қимматга эга эканини тушунарсиз деб ўйлайман. Масалан, биринчисидан йигирма олти йил кейин Ҳиндистон тўғрисидаги учинчи китобимни ёзишга киришганимда, миямга саёҳатлар китобида энг муҳими ичида муаллиф саёҳат қилган одамлардир, деган ўй келди. Ғоя ўзига етганча оддий, аммо унинг учун янги хилдаги китоб талаб этиларди; у саёҳатларнинг бошқача усулига даъват этар эди. Мусулмонлар дунёсига иккинчи бор йўл олганимда мен кейинчалик айнан шундан фойдаландим.
Мен фақат ички сезгим буюрганидей иш тутиб келаман. Мен сиёсий ёки адабий тизимга риоя қилмайман. У ёки бу сиёсий ғоя менга ҳукмини ўтказолмайди. Бу менинг насабим билан боғлиқ деб ўйлайман. Бу йил дунёдан ўтган ҳинд ёзувчиси Р.К. Нарайан қандайдир муайян сиёсий курашларга риоя этмаган. Ғоят овлоқ замонларда ҳеч бир рағбатларсиз ҳикоялар ёзган отам сиёсий эътиқодга эга эмас эди. Бизлар неча асрлар давомида ҳокимиятдан узоқда яшаганимиз учун шундай бўлгандир. Бу бизга алоҳида нуқтаи назар тақдим этган. Назаримда, биз нарсанинг кўпроқ кулгили ва ачинарли томонига мойилмиз.
Ўттиз йилча аввал Аргентинага борган эдим. Бу партизанлар уруши давом этиб турган вақтлар эди. Одамлар кекса мустабид Пероннинг қувғиндан қайтишини кутарди. Мамлакат бошдан-оёқ нафрат ўтида ёнарди. Перончилар олдинги аламидан чиқиш пайида эдилар. Улардан бири менга бундай деди: “Яхши қийноқ ва ёмон қийноқ бор”. Яхши қийноқ – бу сизнинг халқ душманлари билан қилган ишларингиз. Ёмон қийноқ – халқ душманларининг сизлар билан қилган ишлари. Баррикаданинг нариги томонидаги одамлар ҳам шу гапни айтишади. Ҳақиқий музокаралар ҳали-ҳанузгача юз бергани йўқ. Фақат эҳтирослару Европадан кириб келган сиёсий лаҳжа бор эди, холос. Мен бундай ёздим: “Лаҳжа жонли масалаларни мавҳумга айлантирганда ва лаҳжа лаҳжа билан қувлашмачоқ ўйнаганда, одамлар калаванинг учини йўқотиб қўядилар. Уларда фақат душманлик қолади, холос”.
Аргентина эҳтирослари эса ўша-ўша ақл-идрокни мағлуб этиб ва умрларни хазонга айлантирганча ҳамон аланга олиб турибди. Бунинг ҳали-вери охири кўринай демайди.
Ишимнинг муддатига ҳад-чегара йўқ. Мен қилган нарсаларимни қилишга улгурганимдан, ижодий жиҳатдан қўлимдан келганча узоққа бора олганимдан мамнунман. Ҳар бир китоб мен учун бахт эди, ҳар бир китоб мени ҳайратга соларди; энди-энди ёза бошлаган дақиқамгача китоб менга мунтазир эканини билмас эдим. Ёза бошлаганим эса буюк мўъжиза эди. Бошламасдан олдинроқ мағлуб бўлишим эҳтимолдан узоқмаслигини ҳис этиб тураман ва бу ҳаяжон ҳали-ҳануз вужудимда яшаб келяпти. Нимадан бошлаган бўлсам, шу билан тугатаман, яъни “Сент-Бёвга қарши” китобидан Прустнинг ажойиб митти эсселаридан бирини келтираман. “Агар истеъдодимиз бўлса, биз ёзган ажойиб нарсалар,– дейди Пруст, – ичимизда мавжуд, бизни тўлқинлантирган куйга ўхшаб, уларни бир-биридан фарқлаб бўлмайди, ҳолбуки биз унинг тарҳини қайта тиклашдан ожизмиз. Ғира-шира хотиралар таъқиб этган одамлар – Худо берган одамлардир… Истеъдод – бу хотиранинг шундай турики, у охири уларнинг мана шу ноаниқ мусиқага яқинроқ боришга, уни яхшилаб тинглашга, ёзиб олишга имкон беради…”
Истеъдод ҳақида гапирар экан Пруст уни ҳамиша омад ва оғир меҳнатдан иборатдир,– дейди.
Русчадан Амир Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 11-сон.