Жабдуқдўз Антип Калачников одамлардаги куюнчаклик ва меҳрибонликни қадрларди. Ҳар қалай, кайфияти соз дамларнинг бирида уйда хотинига мулойимлик
билан гап қотди:
– Марфа, филдай аёлсан-у, миянг ишламайди-да.
– Ҳи, нимага энди?
– Нимагаки… Нимани хоҳлайсан ўзи? Сенга қолса, кечаю кундуз тикаверсам, тикаверсам. Ахир, менда ҳам қалб бор, юрак бор. Унинг ҳам қувонгиси, ҳам яйрагиси келади.
– Тупирдим-эй, ўша қалбингга!
– Эҳ-ҳ…
– Нима эҳ, нима эҳ?
– Шундай, ўзим… Жойи жаннатда бўлгур «қулоқ» отажонингни эслаб қолдим-да.
Сержаҳл, «филдай» Марфа икки қўлини белига қўйиб, Антипга қаттиқ тикилди. Кичгинагина рамақижон Антип матонат билан бу тикилишни енгди.
– Сен… отамни тинч қўй… Тушундингми?
– Ҳим, тушундим, – қисқа жавоб қилди Антип.
– Шундай бўлсин.
– Ўта қаттиққўлсан-да, Марфажон. Ахир, бунақа эмас-да, жоним. Бунақада юрагингни адо қилиб ўлиб-нетиб қолсанг, нима бўлади?
Қирқ йиллик турмушлари давомида Марфа Антипнинг қачон жаҳл қилаётгани, қачон жиддий гапираётганини ҳеч тушунолмасди.
– Бас, тикишингни қил.
– Тикаяпман, онаси, тикаяпман.
Калачниковлар хонадонидан ҳамиша ишлов берилган терининг ачимсиқ ҳиди анқиб турарди. Уй кенг ва ёруғ эди.
Қачонлардир бу уйда болаларнинг жарангдор кулгиси янграган дамлар ҳам, кейинроқ тўйлар ҳам бўлган, ўлим келиб хонадон қайғуга чўкиб, кўзгулар юзи бекитилиб, липиллаб ёнган хира шам ёруғи ва аза жимлиги ҳукм сурган, ўлимнинг чуқур, сирли шарпаси кезган пайтлар ҳам бўлган эди. Кўп нарсалар бўлган. Антип Калачников ўзининг баҳайбат турмуш ўртоғи билан ўн икки жонни улғайтиришди. Аслида улар ўн саккиз фарзанд кўришганди. Уйнинг қиёфаси йиллар давомида ўзгараверди-ю, печканинг ўнг томонида, тўсиқ орқасидаги Антипнинг иш жойи ўзгармай қолаверди. У шу ерда от-уловга эгар, жабдуқ, юган, жазлиқ, нўхталар тикар, хомут ясарди. Деворда унинг қадрдон балалайкаси осиғлиқ турарди. Балалайка унинг жону жаҳони, ҳаётда чуқур муҳаббат қўйган эрмаги эди. Антип бошини сал эгган кўйи уни соатлаб чалар ва иккаласи бир вужуд бўлиб қолгандай, соз унга унутилган қадрдон нимасинидир гапириб бераётгандай ёки ўзи унга кексаликнинг салмоқли ўйларини секин айтиб бераётгандай… тушуниб бўлмасди. Агар сергак Марфа бўлмаганида, кун бўйи шундай-й ўтираверарди. Марфага эса, уни кун бўйи тикиш билан шуғуллангани маъқул эди – тикаверса, тикаверса; у пулни яхши кўрар, ҳар бир чақа устида қалтирарди. У бутун ҳаёти давомида Антипнинг балалайкасига қарши жанг қилди. Ҳатто, шу даражага етдики, кунлардан бирида жаҳл билан балалайкани оловга итқитиб юборди. Антип ранги оқарган кўйи сози қандай ёнаётганига тикилиб қараб қолди. Балалайка қуруқ қайин пўстидек бирдан лоп этиб аланга олди-да, дарров тиришиб қолди. У худди одамдек уч марта ингради, торлари узилди ва ўлди. Антип ҳовлига чиқиб, болтани олди-да, тайёрлаб қўйган барча эгар, жабдуқ, юган, нўхталарни майда-майда қилиб чопа бошлади. Индамай, бетартиб майдалаб чопди. Қўрқиб кетган Марфа ўриндиқда ғиқ этмай қараб ўтирди.
Шундан кейин Антип бир ҳафта тинмай ичди, уйга ҳам келмади. Кейин яп-янги балалайка олиб келиб, уй деворига осиб қўйди-да, яна иш жойига ўтирди. Шундан кейин Марфа балалайкага бошқа қўл тегизмади. Аммо Антипни диққат билан кузатар: қўшниларникига чиқса ҳам узоқ қолиб кетмас, билардики, остона ҳатлаб ўтиши билан у балалайка чалишни бошлар, ишламасди.
Куз оқшомларининг бирида иккаласи уйда ўтирар, Антип ўз бурчагида иш билан машғул, Марфа эса нимадир тўқирди. Жимгина ўтиришарди. Ташқарида ёмғир эзилиб ёғарди. Уй иссиқ ва сариштагина. Антип ясаётган хомутига болғача билан кичкина мис михчаларни қоқарди: тақ-туқ…тақ-туқ… Марфа тўқиётган нарсасини четга олиб қўйди-да, дераза ёнига келиб нималарнидир ўйлаб ташқарига қараб қолди. Антип ҳамон тўқиллатарди. Осма соати ҳам худди ҳозир тўхтаб қоладигандай секин чиқиллар, аммо тўхтамасди. Ҳар замонда ёмғир томчилари дераза ойнасига майинлик билан бўғиқ уриларди.
– Нимадан куйинаяпсан, Марфажон? –сўради Антип. – Ҳалиям қандай қилиб кўпроқ пул йиғишни ўйлаяпсанми?
Марфа ҳамон ойна олдида жимгина ўйланиб турарди. Антип унга қаради.
– Хоҳ ўйла, хоҳ ўйлама, ҳадемай ўламиз. Хоҳ ўйла, хоҳ ўйлама, юз сўм бу пул эмас, – Антип ишлаётганда шунақа гапларни гапиришни севарди. – Мана, мен бутун умр ўтириб ишлаб, орттирганим бавосир бўлди. Фақат ишладим! Сўраб кўр-чи, ҳаётда нима кўрдим – ҳеч нарса! Одамлар эса курашишди, ҳеч бўлмаганда, ҳар хил қўзғолонлар кўтаришди, фуқаролар ва жаҳон урушларида қатнашишди. Ҳеч бўлмаганда, қаҳрамонларча ҳалок бўлишди. Мен эса ўн уч ёшимдан мана шу ишга боғланиб, шу ерда ўтирдим-у, ҳамон ўтирибман, ҳадемай етмишни уриб қўяман. Мана шунақа, бардошимга балли. Энди, хўш, нима учун ишладим, деган савол туғилади. Пул ҳақида ҳеч қачон қайғурмаганман, мен унга тупурганман. Мендан катта одам ҳам чиқмади. Тез орада жабдуқдўзларнинг кераги ҳам бўлмай қолади. Ҳаёт менга нима учун берилган эди, деган савол туғилади.
– Болалар учун, – жиддий жавоб берди Марфа. Антип Марфанинг суҳбатни қувватлаб аралашишини кутмаган эди. Одатда, у бунақа гапларни қандайдир ғазабли луқма билан ярим белидан тепарди.
Антип жонланди.
– Бир томондан ўйлаб қаралса, тўғри, аммо иккинчи томондан – нотўғри.
– Қайси томондан нотўғри?
– Шу томонданки, фақат болалар учун яшамаслик керак. Одам ўзи учун ҳам яшаши керак.
– Хўш, ўзинг учун нималар қилмоқчи эдинг?
Антип бу саволга бирдан жавоб топа олмади.
– Нималар эмиш? Топардим нима қилишни… Масалан, мен мусиқачи бўлардим. Ҳув бирда шаҳардан бир одам келганди-ку, ўша мени «туғма истеъдод, ёмби» деганди. Ёмби дегани эса – бир бўлак олтин, камёб нарса, мен шундай деб тушунаман. Ҳозир мен кимман? Оддий бир жабдуқдўз, балки менда бошқа бир…
– Бас қилсанг-чи!.. – Марфа қўлини силтади. – Вайсайверма, гапингдан одамни кўнгли айнийди.
– Демак тушунмайсан, – хўрсинди Антип.
Анча вақтгача жим қолишди. Бирдан
Марфа ҳиққилаб йиғлай бошлади. Рўмолча билан кўз ёшларини артиб, сўнг:
– Болаларимиз бутун ер юзи бўйлаб учиб кетишди.
– Нима, бир умр атрофингни ўраб ўтиришлари керакмиди? – гап қотди Антип.
– Бас қил дўқиллатишни! – деди қўққисдан Марфа. – Кел, болаларимиз ҳақида гаплашиб ўтирамиз.
Антип мийиғида кулди, болғани қўйди.
– Ҳа, қарияпсан, Марфа, – деди у қувноқлик билан. – Хоҳлайсанми, сенга куй чалиб бераман, ғамингни ёзаман?
– Чал, – рози бўлди Марфа.
Антип туриб юз-қўлларини ювди, сочини текислаган бўлди…
– Янги кўйлагимни олиб бер.
Марфа сандиқдан янги кўйлак олиб берди. Антип кўйлакни кийди, камар билан белини боғлади. Деворда осиғлиқ турган балалайкани олиб, бурчакка бориб ўтирди-да, Марфага қаради…
– Концертимизни бошлаймиз!..
– Сен кўпам кучанма, – маслаҳат берган бўлди Марфа.
– Ҳозир бутун ўтиб кетган ёшлигимизни эслаймиз, – деди Антип мақтанганнамо балалайкани созлай туриб. – Эсингдами, илгари одамлар қандай қилиб бирга жўр бўлиб далаларда куйлашарди?
– Албатта эслайман, нега эсламас эканман. Ҳар ҳолда, мен сендан ёшроқ бўлсам керак.
– Қанчага? Уч ҳафталикдан кўпроқми?
– Уч ҳафта эмас, икки йилга. Мен у пайтда навниҳолгина эдим, сен эса ўша пайтда айғир бўлиб улоқиб юрардинг.
Антип бу гапга қўшилгандай кулиб қўйди.
– Ҳа, ҳақиқатан, мен ажойиб йигит эдим. Ёдингдами қандай қилиб ортимдан илакишиб юрардинг?
– Ким? Менми? Ё Худо!.. Ким эди, ҳув ўша амаки ўлмагур бияларни қўйиб юборган кунда боғчамизда иштонини ташлаб қочган, а ?..
– Иштон, дейлик майли меники бўлсин… – деди Антип балалайканинг охирги қулоғини бурай-бурай, кичкина бошчасини сал қийшайтириб олиб торни черта бошларкан. Куй
янгради. Илиққина ним қоронғи ёғоч уйнинг сокин бўшлиғига узоқ ёшликнинг ёруғ мусиқаси қуйилди. У ёдга бошқа оқшомни – ўтиб кетган соғинч оқшомини соларди. Улар яхши, ҳам ёмон кунларни эслашди, ҳаётдаги энг муҳим нарсалар ҳақида ўйлашар экан, қайси бири энг муҳими эканини билишолмасди.
Тикмагин онажон менга
Қизил кўйлакни…
Антип секингина Марфага қош учирди. Марфа ашулага қўшилди:
Айбимни қадрдоним
Бекор билдириб қўйма…
Унчалик жўровозда айта олишмаётган бўлсалар-да, иккаласининг ҳам кўнгли бирдан кўтарилди, ҳузур қилдилар. Кўз олдиларида унутилаёзган манзаралар гавдаланди. Гоҳ чўл, гоҳ дарё қирғоғи, гоҳо шивирлаётган теракзор, сал қоронғи, ваҳимали бўлиб ўрмон кўринар, гоҳ… Ва кўзларда нималардир ёқимли жимирлаб қўярди.
Ҳаммаси ғойиб бўлганди: куз ҳам, ёлғизлик ҳам, пул ҳам, хомут ҳам… Энди Антип шўх куйга ўтди ва майда қадамлар билан
суяклари билиниб турган биқинларини ўйнатиб, қувноқ ашула айта бошлади:
Оҳ, вой, вой, во-я,
Войгиналарим менинг.
Келақолинг, сайр қилиб,
Ўйнаб кулинг, жонларим…
Антипнинг бу қувноқ ҳаракатлари кулгини қистар, у ҳар замон, ҳар замонда ғалати қилиб сакраб ҳам қўярди. Марфа кулиб юборди ва шу заҳоти рўмолчасини олиб кўзларини артиб олди-да, яна кула бошлади.
– Вой Худойим-эй, бунча ирғишлайсан-а, томоша қилмаган ҳеч ким қолмаган-у, яна кўнглини қаранг буни, ҳе…
Антип яшнаб кетганди. Кичкинагина ақлли кўзларида шўхчан ёруғлик зоҳир эди.
Эҳ Марфагинам мени, эҳ Марфаойгинам.
Бекорга сен менга ғазаб қилмагин!
– Эсингдами, Антип, қандай қилиб мени шаҳарга, ярмаркага олиб борганинг?
Антип бош ирғаб қўйди-да:
Оҳ, эслайман, жоним,
Эслайман Марфагинам.
Оҳ, хо-хо-холарим,
Чучмомаю нўхатим.
– Бирам аҳмоқсан-эй, Антип , нималар деб валдираётганингни ўзинг ҳам билмайсан, – деди Марфа мулойим боқиб.
Оҳ, Марфагинам, сен менга
Бутун халқнинг шодлиги…
Марфа кулгидан йиқилаёзди, ва:
– Бирам аҳмоқсан-эй, Антип, – деди.
Оҳ, у ерда, у ерда-я,
У ердаликларим мени!
– Ўтир, бирорта қўшиқни биргаликда куйлаймиз, – деди Марфа кўз ёшларини арта туриб.
Антип сал ҳансирар… Марфага кулиб қарарди.
– Қалай? Сен бўлсанг, мени Антипим ёмон, дейсан-а?
– Ёмон эмассан, каллаварамсан, – тўғрилади Марфа.
– Демак тушунмабсан, – деди Антип Марфанинг бу ҳақоратли тузатишига эътибор бермай. Ўтирди. – Ахир биз сен билан биласанми қандай яшашимиз мумкин эди! Юракни юракка бериб! Аммо хафа бўлмагин-у… сени мана бу падари қусур пул еб ташлади.
– Мени пуллар эмас, уларнинг йўқлиги еди.
– Бўпти, қўй, керак эмас, тугатдик. Хўш, энди қанақасини хоҳлайдилар, хоним-хонимойим?
– Азамат Володка ҳақидагисини.
– Эй, қўй, у оғир-ку!
– Ҳечқиси йўқ. Мен ҳеч бўлмаса, озроқ йиғлаб олармидим.
Ҳей чағалайлар, денгиз узра учмангиз,
куйлай бошлади Антип, –
Қўнарга жой қайда у ерда,
Узоқ Сибирь томон учингиз
Ва етказинг ғамгин хабарни.
Антип худди ниманидир ҳикоя қилаётгандай юракдан эзилиб куйларди.
Оҳ, қоронғу тун соат ўн иккида
Володка азаматни ўлдирдилар.
Эртасига ота кичик ўғли ила…
Марфа пиқиллаб йиғлай бошлади.
– Антип, ҳой, Антип! Кечир мени, сени баъзида хафа қиламан, –деди йиғи аралаш.
– Ҳечқиси йўқ, – деди Антип. – Сен ҳам мени кечир, агар бирор айбим бўлса.
– Сени кўпинча чалгани қўймайман…
– Ҳечқиси йўқ, – деди яна Антип. – Агар мени ўз эркимга қўйганингда, кечаю кундуз балалайка чалиб ўтирардим-да. Ахир, бундай яшаб ҳам бўлмасди-да. Мен ҳаммасини тушунаман.
– Хоҳлайсанми, сенга чоракта олиб келамиз.
– Майли, – рози бўлди Антип. Марфа кўз ёшларини артди-да, ўрнидан турди.
– Сен дўконга бориб кел, мен кечки овқатни тайёрлайман.
Антип брезент ёпинчиқни кийиб хона ўртасида турар, Марфанинг сандиқдаги ҳар хил латта-лутталар орасидан пул олиб беришини кутарди. У тургани ҳолда, хотинининг кенг елкасига тикиларди.
– Биласанми, яна нима иш қилиш керак, – деди у секингина… – бу ўзи анча эскириб қолди, янгисини олиш керакмиди-ей. Кеча дўконга олиб келишди. Ажойиб! Кел, уни ҳам олайлик.
– Нимани? – Марфанинг елкаси қимир этмай қолганди.
– Балалайкани-да.
Марфа яна ғимирлай бошлади… Пулни олиб сандиқнинг устига ўтирди ва аста-секин санай бошлади. Лаблари қимирлар, қовоғи солиқ эди.
– Унингни ҳали чалса бўлади-ку, – деди у.
– Битта тахтачаси ёрилган, зириллаб қолган.
– Елимлаб қўй. Елим ол-да, эҳтиёт бўлиб елимла…
– Бу асбобни елим билан ямаб бўларканми? Худо кўтарсин сени.
Марфа жим бўлиб қолди. Яна пулни санай бошлади. Унинг бутун важоҳати қатъиятли ва ташвишли эди.
– Ма, – Антипга пул узатди. Юзига эса қарамади.
– Фақат чоракталикками бу? – Антипнинг пастки лаби осилиб қолди.
– Ҳа-а!
– Ҳеч нарса қилмайди, ҳали уни чалсанг бўлади. Мана, бугун қандай ажойиб қилиб чалдинг!
– Эҳ, Марфа!… – Антип чуқур хўрсинди.
– Нима, эҳ? Нима, эҳ?..
– Бўпти, эсдан чиқардик, – Антип бурилиб эшик томонга юрди.
– Ўзи неча сўм туради, унинг? –бирдан сўраб қолди Марфа.
– И-и, ҳеч нарса турмайди, у арзимас чақа!.. Янги нархда олти сўм.
– Ма, – Марфа зарда билан олти сўм санаб берди.
Антип тез-тез юриб хотинининг ёнига келди, пулни олди ва чиқди, гаплашиш ёки секин ҳаракат қилиш хавфли эди. Марфа тезда айниб қолиши мумкин эди-да.
Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 11-сон