Василий Шукшин. Бўрилар (ҳикоя)

Якшанба куни эрта тонгда Иван Дегятеровникига қайнотаси, ҳали унча қари бўлмаган, айёру хушмуомала Наум Кречетов келди. Иван қайнотасини ёқтирмас, Наум ҳам қизига ачинганидан Иванга чидарди.
– Ухлаяпсанми? – тез гапирди Наум. – Эҳҳе-е!.. Бунақада бутун бир подшоликни ухлаб ўтказиб юбориш мумкин. Саломатмисизлар?
– Мен у ёққа унчалик ҳам шошаётганим йўқ. Югурмайман.
– Бекор қиласан. Қани тур-чи. Кетдик, ўтинга бориб келамиз. Мен бригадирдан иккита арава сўраб олдим. Албатта текинга эмас, ҳе майли, жин урсин уни, ўтин керак.
Иван ёнбошлаб ётиб ўйлади… Кейин туриб кийина бошлади.
– Мана, нима учун ёшлар шаҳарга кетиб қолишаяпти? Шунинг учунки, у ерда ишингни бажариб бўлдингми – боравер, ўйнаб кул. Одамни дам олгани қўйишмайди. Бу ер худди қарғиш теккандай, на кечаси, на кундузи ва на якшанбада тинчлик бор.
– Нима, ўтинсиз ўтирасанми? – сўради Иваннинг хотини Нюра. – Унга от топиб беришса-ю, яна норози бўлганини-чи.
– Мен шаҳарда ҳам ишлаш керак экан, деб эшитгандим, – деди қайнотаси.
– Керак. Мен жон деб сув қувурини ковлагани борардим, зўр бериб ишлаб қўярдим-да, кейин ғам- ташвиш чекмасдим, сув ва иссиқлик тайёр.
– Бир томонда мундоқ олиб қаралса, албатта, яхши – иссиқ сув, аммо иккинчи тарафдан, фожиа, сен унда умуман уйқудан бош кўтармаслигинг мумкин. Ҳа, майли, қани кетдик.
– Бирор нарса еб оласанми? – сўради хотини. Иван рад қилди. Хоҳиш йўқ.
– Бош оғриғими? – Қизиқсинди Наум?
– Худди шундай, жаноб олийлари! –Ҳа-а-а. Мана шунақа. Сен эса сув қувур дейсан… Бўпти , кетдик.
Ҳаво очиқ. Офтоб чарақлаб турар, қор ярақлаб кўзни оларди. Ўрмонда сокинлик, гўё ором олаётгандек. Йўл анча узоқ – йигирма чақиримча йўл юришлари керак эди. Яқинроқдан кесгани рухсат этилмасди. Наум олдинда борар, ҳамон жаҳл қиларди.
– Жин урсин уни! Ўтин учун ўрмондан ўрмонга борсанг.
Иван чанада мудраб борар, бир зайлдаги юриш уни гўё аллаларди. Сўқмоққа етиб келиб, очиқ сойликка тушишди ва тоққа кўтарила бошлашди. У ерда ям-яшил ўрмон ястаниб ётарди.
Деярли тоққа чиқаёзиб қолишётганди… Ва, йўлдан унчалик узоқ бўлмаган ерда, кўриб қолишди – бешта. Ўрмондан чиқиб кутиб туришарди. Бўрилар! Наум отини тўхтатди, астагина келиштириб сўкинди.
– Онангни сени… Кулранг офатлар. Туришини қара.
Иваннинг ёш, қўрқоқ оти ортга тисарала бошлади, шотини босиб олди. Иван нўхтани силкитиб орқага бура олди. От хириллар, депсинар, шотидан оёғини ошириб ололмасди.
Бўрилар тоғдан туша бошлашди. Наум отини аввалроқ буриб бўлганди.
– Ҳа, нимага турибсан, – деб қичқирди.
Иван чанадан сакраб тушди, отни куч билан шотидан нари итариб йиқилиб тушди. От бурилиб турган югуриб кета бошлади.
Наум эса аллақачон илгарилаб кетиб бўлганди.
– Талашаяпти-ии! – ҳовлиқиб отни қамчилар ва бақирарди.
Бўрилар кулранг қор уюмидай йўлни кесиб тоғдан тушиб келарди.
– Талашаяпти-и-и! – Бақирарди Наум. “Нима у эсдан оғиб қолдими? – беихтиёр ўйлади Иван, – Ким, кимни талаяпти?” У қўрқиб кетди, қизиқ; қўрқув ҳам бор эди, ёниб қизиқиш ҳам, қайнотасининг қилиғидан кулгуси ҳам келарди. Аммо қизиқиш тезда ўтиб кетди. Энди кулгуси ҳам келмаётганди. Бўрилар чанадан юз метрча орқадаги йўлга чиқиб,занжир бўлиб тизилишиб, жадал қува бошлашгандилар. Иван чананинг олд тўсиғидан маҳкам ушлаб олганича бўрилардан кўзини узмай келаётганди.
Олдинда гавдали, кўкракдор, тумшуғи япасқи бўри келарди. Энди фақат ўн беш, йигирма метрлар чамаси масофа уни чанадан ажратиб турарди. Иванни бўрининг овчарка итга ўхшамаслиги ҳайрон қолдирганди. У илгари бўрини бунчалик яқиндан кўрмаган ва у овчаркага ўхшаш, аммо сал йирикроқ бўлади, деб ўйлаб юрарди. Ҳозир эса Иван тушунди: бўри, бу- бўри, жондор. Энг қопағон итни ҳам охирги пайтда нимадир тўхтатиши мумкин: қўрқув, эркалаш, ёки инсоннинг кескин қичқириғи. Бу япасқи тумшуқлини фақат ўлим тўхтата оларди. У ирилламас, қўрқитмасди… Ўлжасини қуварди. Унинг дўмалоқ сариқ кўзлари тик ва совуққон боқарди.
Иван чанага қаради, – ҳеч нарса, ҳатто оддий чўп ҳпм йўқ эди. Болтани иккаласи ҳам қайнотасида. Фақат ёнбошлаш учун бир озгина пичан ва қўлдаги қамчи бор эди.
– Талашаяпти-и-и! – қичқирарди Наум. Иванни чинакам қўрқув чулғади.
Олдиндагиси, тўдабоши бўлса керак, чанани айланиб ўта бошлади, отни мўлжаллаб келарди. У қандайдир икки метрлар яқин келиб қолди… Иван ўрнидан ярим турди-да, чап қўли билан чананинг тўсиғидан ушлаб туриб, қамчи билан тўдабошини қаттиқ урди. У буни кутмаганди, тишларини такиллатиб четга қараб сакради ва тезлигини йўқотди. Орқадан бўри галаси етиб келди. Тўданинг аъзолари унинг атрофида чопиб айланишди-да, тўхтаб қолишлар. У орқа оёқларида ўтирди, сўйлоқтишлари билан гоҳ у, гоҳ бу бўрини турта бошлади… Яна туриб олдинга қараб кетишди ва тезда чанага етиб олишди. Иван тайёрланиб қулай пайтни кута бошлади …
Тўдабошини яна бир марта қамчи билан туширмоқчи эди, аАммо у энди чанани олисроқдан айланиб ўта бошлади. Бўриларнинг яна бири тўдадан ажралиб чиқди. Иван тишларини қаттиқ қисди, афти буришди… “Тамом, ўлдим”. Олдинга қаради.
– Тўхта-а! – қичқирди у. – Ота!.. Болтани бер!
Наум отни қамчилаб кетарди. Орқага қараб, бўрилар куёвини қандай айланиб ўтишаётганини кўрди ва тезда ортга бурилди.
– Ота… бироз секинлат! – Яна бироз секинлат, деяпман сенга ярамас!.
– Уларга бир нима улоқтир!.. -қичқирди Наум.
Тўдабоши от билан тенглашиб қолган, унга ташланиш учун қулай пайтни кутаётган эди, орқасидан чопиб келаётган бўрилар ҳам анча яқинлашиб қолганишди ; сал ушлансанг улар чанага қараб сакрашади-ю, тамом. Иван бир сиқим пичанни уларга қараб отди, бўрилар бунга эътибор ҳам беришмади.
– Ота, ярамас, секинлаш… Болтани ташла!
Наум бурилиб қаради.
– Ванька!.. Қара, ташлайман!
– Сен секинлат!
– Қара, ташлаяпман! – Наум болтани йўл четига улоқтирди. Иван мўлжаллади… чанадан сакраб тушиб, болтани олди.. Сакрай туриб у орқада келаётган уч бўрини чўчитиб юборди, улар четга қочишди, югуришини секинлатди, ҳужумга шайланишди.
Аммо айнан ўша лаҳзада тўдабоши оёқлар остидаги қаттиқ қатламни сезиб қолди-ю, отга қараб сакради, от ҳўркиб четга, қор уюмига ўзини урди…
Чана ағдарилиб тушди; шоти хомутни қайириб юборди, отнинг томоғи қисилиб қолди. От хириллаб, шоти қайишга ўралашиб қолди. Ўлжасига етиб олган бўри сакраб отнинг устига кирдию, ўткир тирноқлари билан қорнини ёриб ташлади.
Қолган уч бўри ҳам ўлжага қараб отилди. Кейинги лаҳзаларда бешала бўри ҳам ҳали дириллаб турган отнинг ичак-чавоғини оппоқ қор устида тортқилаб ейишар, ириллашар, қизғиш ичаклардан эса ҳовур кўтарилиб турарди, тўдабоши бу орада дўмалоқ сариқ кўзлари билан икки марта Иванга тикилиб қаради…
Ҳаммаси шу даражада ҳайратланарли, тез ва оддий юз бергандики гўё тушга ўхшарди. Иван қўлида болта билан беихтиёр бўриларга тикилиб турарди. Тўдабоши унга яна бир қараб қўйди… Бу ғолибона, беписанд қараш Иваннинг ғазабини қўзғади.
У болтани баланд кўтарди-да бор овози билан бақириб бўрилар томон отилди. Улар хоҳламайгина бир неча қадам нарироқ қочиб бориб қонли оғизларини ялаб туришди.
Буни шу даражада тиришиб, берилиб қилишардики, болтали одамни уларга ҳеч қандай қизиғи йўқдай. Ҳа, айтмоқчи, етакчи диққат билан тик қараб турарди.
Иван уни хаёлига келган энг ёмон сўзлар билан сўкди. Болтани силкитиб у томон юрди… Тўдабоши жойидан қимир этиб ҳам қўймади.
Иван ҳам тўхтади.
– Сизлар ютдиларинг, – деди у. –Ютдинглар, аблаҳлар. – У қишлоқ томон юриб кетди. Хомталаш бўлаётган отга қарамасликка ҳаракат қилди. Аммо чидай олмади, бурилиб қаради… Раҳми келганидан юраги сиқилди, қайнотасига нисбатан кучли бир ғазаб, алам қўзғалди. У йўлдан тез-тез юриб кета бошлади.
– Шошмай тур сен!… Ҳали шошмай тур сен судралувчи илон.
Ахир қутулиб кетардик-ку, от ҳам тирик қоларди. Олчоқ!
Наум куёвини бурилишда кутиб турганди. У шериги, соғ-саломат эканлигини кўриб, астойдил қувониб кетди.
– Тирикмисан? Худога шукур! – Наум, виждонан айтганда, хавотирланарди.
– Тирикман! – жавоб қайтарди Иван. – Сен ҳам тирикмисан?
Наум куёвининг овозидан ғазабни сезди. Ҳар эҳтимолга қарши чана томон борди.
– Хўш, у ерда нима бўлаяпти?
– Сенга таъзим йўллашаяпти. Олчоқ!
– Сенга нима бўлди? Нега ҳураяпсан?
– Мен, ҳозир сени калтаклайман, ҳурмайман.
Иван чана томон юра бошлади.
Наум отга қамчи босди.
– Тўхта! – бақирди Иван ва чана ортидан қува бошлади. – Тўхта, ифлос! Наум отга тинмай қамчин урарди. Энди бошқа қувлашмачоқ бошлашганди; одам одамни қувалаб югурарди.
– Тўхта, сенга деяпман! – қичқирди Иван.
– Ҳовлиқма! – бақирарди Наум, – нимага қизишасан-а? Ё эсингдан оғиб қолдингми? Менинг нима айбим бор бу ерда?
– Айбинг йўқми? Биз икковлашсак қутулиб қолган бўлардик. Сен эса сотқинлик қилдинг!
– Ахир қандай қутулардик?! У нима деганинг?
– Сен сотдинг, илон! Мен сенга кўрсатиб қўяман ҳозир. Мендан қочиб қутулиб бўпсан, яхшиси тўхта. Бўлмаса, одамларга ҳаммасини айтиб бераман… Яхшичиликча тўхта!
– Оласан, тўхтамайман, оғзингни катта оч! – Наум тинмай отни саваларди. – Яхшиси маслаҳатимга қулоқ сол. Тўхта!
– Яхшиси, маслаҳатимга қулоқ сол, тўхта! –Иваннинг нафаси қисила бошлади. – Ўзингга яхши бўлади: бежаб қўяману, ҳеч кимга айтмайман.
– Сен иблисни, қип-яланғоч ҳолингда қариндошликка қўшгандик, сен эса менга болта кўтардингми? Уят борми сенда ё йўқми?
– Мана, ҳозир бежаб қўяй, кейин уят ҳақида гаплашамиз. Тўхта!
Иван чарчаганидан орқада қолиб кетаётганди. Кейин қувишни бутунлай бас қилди. Одимлай бошлади.
– Барибир топаман, ҳеч қаерга кетолмайсан! – у охири қайнотасининг ортидан қичқирганча қолди. ..
Иван уйида ҳеч кимни учратмади, эшикка қулф осилганди. У қулфни юлиб олиб ташлаб, уйга кирди. Шкафни қидириб кўрди… Кеча ярим ичилган ароқ шишасини топиб, стаканга қуйиб ичди-да, қайнотасиникига қараб кетди.
Қайнотасининг ҳовлисида чанадан чиқарилган от турарди.
– Уйида, – деди Иван қониқиш билан эшикни туртиб кўраркан, – ёпилмаган. У ёпиқ бўлади деб ўйлганди. Иван уйга кирди… уни кутишаётганди: – уйда хотини, қайнотаси ва участка нозири ўтиришганди.
– Хўш, Ваня, нима бўлди?
– Шундай-йй… Улгурибсан-да, югуриб боришга? – сўради Иван қайнотасига қараб.
– Улгурдим, улгурдим.Томоқни бироз мойлаб олдингми?
– Озроқ мойладим… дадиллик учун.
Иван стулчага ўтирди.
– Ўзи, сенга нима жин тегди, Иван? Эсдан оғиб қолдингми ё? – Нюра ўрнидан қўзғалди. – Нима, сен…?
– Отангга бир дарс ўтиб қўймоқчи эдим… Одам қандай бўлиши кераклиги ҳақида.
– Қўяқол, Иван, – гап бошлади нозир, – хўп, бахтсизлик юз берибди, икковларинг ҳам қўрқиб кетгансизлар… ким ҳам ўйлабди бундай бўлишини? Табиий фалокат.
– Биргалашсак осонгина қутулган бўлардик. Мен эса улар билан бир ўзим олишдим…
– Мен сенга болтани ташладим-ку? Сен сўровдинг, мен ташладим. Яна мендан нимани талаб қиласан?
– Жудаям озгина нарсани: одам бўлишингни. Сен эса олчоқсан.
Дарсни эса мен сенга барибир бераман.
– Ўқитувчини қаранг-а? Мишиқи…
– Сув юқмас лочин… Ҳамма нарса тап-тайёр уйга буни киритсанг, яна дўқ уришини қара. Яна нимадандир норозилар: бу кишига қувурда сув керак эмиш.
– Ахир гап бунда эмас-ку, Наум, – деди нозир. – Сув қувурнинг нима алоқаси бор?
– Қишлоқда ёмон!… Шаҳар яхши, – давом этди Наум, – Унда нимага бу ерга бостириб келдинг. Норозилигингни кўрсатганими? Одамларни қўзғаганими?
– Вой, ярамас-ей! -деди Иван ҳайрат билан ва ўтирган жойидан қўзғалди.
Нозир ҳам ўрнидан турди.
– Қўйинглар! Кетдик Ваня…
– Биласанми, бундай тўполончиларни қаерга тиқишади? – бўш келмасди Наум.
– Биламан! – жавоб берди Иван. – Боши билан музнинг тешигига Нозир Иваннинг тирсагидан ушлади-да, ташқарига етаклаб олиб чиқиб кетди. Кўчага чиққач тўхташди. Чекишди.
– Хўш, шундан кейин ҳам ифлос эмасми? – Ҳамон жаҳл билан ғижинарди Иван.
– Янаенга қараб от қўймоқчи.
– Э қўйсанг-чи, уни?
– Мен унинг абжағини чиқаришим керак.
– Хўп, шу сассиқ тезакни деб муддат ишлаб оласан.
– Сен мени қаёққа олиб бормоқчисан?
– Юр, меникида ётиб қоласан… Ҳовурдан тушасан. Бу аҳволда ўзингга жабр қиласан, илакишма бу ишга.
– Йўқ, ахир бу… наҳот одам ҳам шундай бўлса..?
– Мумкин эмас, Иван, керак эмас.
– Муштларинг билан ҳеч нарсани исботлолмайсан.
Улар кўча бўйлаб, қишлоқ томон кетишарди.
– Ўша ёқда, нима, эплолмадингми? – бирдан сўраб қолди нозир.
– Етолмадим! – деди афсус билан Иван. – Қувиб етолмадим
– Мана, кўрдингми? Энди кеч, энди мумкин эмас.
– Отга ачинаман.
– Ҳа-а…
Жим бўлиб қолишди. Анча пайт жим юришди.
– Биласанми, сен мени қўйиб юбор, – Иван тўхтади. – Якшанба бўлса, мен нима қиламан у ерда? Унга тегмайман, хавотирланма.
– Э, йўқ, кетдик. Бўлмаса, кейин қутулаолмайсан. Сенга ачинганимдан айтаяпман. Юравер, шахмат ўйнаймиз… Шахмат ўйнайсанми?
Иван чекаётган папирос қолдиғини қорга туфлаб ташлади-да, янгисини олиш учун қўлларини чўнтагига тиқди.
– Ўйнайман.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси