Василий Шукшин. Виждонсизлар (ҳикоя)

Қария Глухов олтмиш саккиз ёшида кампиридан айрилди. Кампирини дафн қилганидан сўнг маросимларини ўтказди. Йиғлади, сиқтади. «Энди қандай яшайман-а?» Сўққа бош… Бева қолган ҳамма қариялар нима деса, у ҳам шундай дерди. Ростдан ҳам унга қийин бўлди, жудаям қийин, қайғули, аммо у «энди қандай яшаши» ҳақида ўйлаб кўрмасди. Аччиқ ва оғир ҳислар оғушида эди: тамом-вассалом. Олдинга назар ташламасди.
Аммо вақт ўтиб борарди, бир йилдан сўнг, ростдан ҳам қарияга қийин бўлиб қолди. Гўёки зерикиб, соғиниб қолгандай… Йўқ, ростдан кампирини қўмсарди. Ҳувиллаган катта уйда ёлғизликдан ёввойилашиб қолганди. Унинг ўғли бор эди, кичиги (катталарини уруш домига тортганди), аммо у шаҳарда яшарди, у кам келар, келганда ҳам картошка, тузланган карам, бодринг, болаларига деб асал (қария олти қути асалари боқарди) олгани, чўчқа ёғи олиб кетгани келарди. Бу камнамо келишлар қарияга ёқмас, қайтанга жаҳлини чиқарарди. Йўқ, у чўчқа ёғини ҳам, асалу бодрингни ҳам қизғанмасди. Ахир… фарзанди фарзандидай эмас, шунчаки келиб-кетар кишидай эканлигидан хафа бўлар, алами келиб ғамга чўкарди. У ўғлига чўчқа ёғи, карам… илинар экан, яхшироғини беришга уринарди. У гапирмас, кўнгли озорланса ҳам нолимасди. Хўш, Ванька нима десин? Нима ёрдам қила олади? Балки, бирга қўшилишиб уф тортар, бир шишани иккаласи юмалатишар. Ва кетади у жомадонини кўтариб, ўзининг шаҳар-маҳарига, оиласи ёнига. Мана шунақа.
Шу сабабдан қария уйланмоқчи бўлди. Ҳа. Ва келинни ҳам мўлжаллаб қўйди. 9 май – Ғалаба куни эди. Ҳар доимгидай урушда ҳалок бўлганларни ёдга олиш учун бутун қишлоқ қабристонга йиғилди. Қишлоқ кенгашининг вакили рўйхат бўйича ўқий бошлади:
– Гребцов Николай Митрофанович.
Гуляев Илья Васильевич.
Глухов Василий Емельянович.
Глухов Степан Емельянович.
Глухов Павел Емельянович.
Кейинги учаласи – қария Глуховнинг ўғиллари эди. Ҳар доим рўйхатни ўқишганда қария Глуховни ғам чулғаб олар, гўё томоғини шафқатсиз кучли бармоқлар қаттиқ сиқар, ҳаво етмай, нафас олиши қийин бўлиб қоларди… У ерга қараганча турар, йиғламас, аммо кўзлари ҳеч нарсани кўрмасди. У шу ҳолатда узоқ турарди. Қишлоқ кенгаши вакили эса рўйхатни ўқишдан тўхтамасди:
– Опарин Семён Сергеевич.
Попов Иван Сергеевич.
Попов Михаил Сергеевич.
Попов Василий Иванович…
Қабристондагилар жимгина йиғлар­дилар. Айнан жим, индамай ипак рўмоллар учига, кафтларига секингина оҳ уришар, гўёки одамлар ушбу дамда лозим бўлган жимликни бузиб қўйишдан қўрққандай, жим турардилар. Қария энди сал бўшашиб атрофга қаради. Хаёлидан ҳар сафаргидай бир ўй ўтди: «Қанчалаб одамнинг ёстиғини қуритди бу уруш!» Худди шу ерда, одамлар орасида турган кампир Ота­винага назари тушди. Бу ерда анчадан бери яшаса ҳам,
Отавина асли бу ерлик эмасди, Глухов уни танирди.
Бу қайғули рўйхатда Отавина кампирнинг ҳеч кими йўқ бўлса-да, у ҳамма билан биргаликда жимгина йиғлар ва чўқинарди. Глухов Худога ишонадиганларни ҳурмат қиларди. Чунки улар қувғинга учрасалар ҳам, устиларидан кулишсалар ҳам… иймонли инсонлар бўлганликлари учун чидашар, букилмас эдилар.
У Отавинани зимдан кузатди. Кампир қирғийбурун, гавдали, ҳали кучдан қолмаган, томорқа юмушларини бажариш, карам тузлаш, печка ёқиш, нон ёпиш каби ишларни бемалол эплай оларди. Қария «Ҳукуматнинг нони»ни – дўкондагини ея олмасди. Ва бирдан хаёлига: «У ҳам ёлғиз, ўзи қийналаётган бўлса керак… шундай эмасми?» – деган фикр келди.
Глухов уйига қайтгач, ўғиллари хотираси учун ичди. Кейин астойдил ўйлай бошлади: «Кампир ўзининг уйини сотса-да, меникига кўчиб ўтса, яшагани. Пулини эса дейлик, майли ўз номига, дафтарчасига қўйсин. Майли, меникида яшайврсин, ҳар ҳолда, уй бўш турмайди. Ҳеч бўлмаса, одамга ўхшаб ҳаммомга кириб, кейин беташвиш ётардик. Столга нарсаларни қўйиб «Емельян, ўтир», дейдиган одам бўларди. Уйда тириклик нишонаси кўринармиди! Ахир кимдир печканинг ёнида ниманидир даранглатса, таомдан буғ кўтарилиб турса, бошқача бўлади-да. Ёки дейлик, кечаси уйқунг қочса, секин гаплашиб ётсанг… Дейлик, масалан, хўжалик бригадирини бўралатиб сўкиш мумкин. Тўғри, Отавина диндор, бошқача сўзларни топсаям бўлади, албатта, сўкиниш шарт эмасдир. Ўзи-ку, ишинг орқага қараб кетаётган бўлса, тўрингдан гўринг яқин, етар шунча сўкинганларинг. Йўқ, у келса, ростдан ҳам ҳаммаси яхши бўлади. Гапни у ёққа айлантирсам ҳам, бу ёққа айлантирсам ҳам – уйга бир аёл керак. Аёл – аёл-да!» Қария шундай ўйларди. Ҳатто, ҳаяжонланиб ҳам қўйди. Шундай қилиб якшанба кунларининг бирида, у Ольга Сергеевна Малишеваникига – у ҳам кампир, аммо Отавинадан ёшроқ, каллаи саҳардан жўнади. Мана шу Ольга Сергеевнани қария Глухов, қачонлардир пинҳона қаттиқ севарди. Ўшанда, навқирон йигитлик даврида, чиройли ва қувноқ Ольгани севиб қолганди. Малишевларникига совчи юборишни хаёл қилиб турган бир паллада инқилоб бошланиб қолди. Қишлоқда қандайдир бир эпчил комиссар пайдо бўлди-ю, ана-мана дегунча шу ақллигина Ольганинг бошини айлантириб, кейин ўзи билан олиб қаёққадир жўнаб кетди. Олиб кетишга кетди-ю, аммо ўзи қаергадир ғойиб бўлди. Урушда ўлгандир балки. Ольга Сергеевна эса қишлоққа қайтиб келди ва шундан буён ёлғиз яшаб келади. Ўшанда, ёшлик йиллари, бир куни Емельян Глухов, гарчи уйланган бўлса-да, Ольга Сергеевнани хонасига қамаб олиб (у қишлоқ кенгашида котиба бўлиб ишларди) юрак дардини унга очди. Бундан Ольга Сергеевнанинг жаҳли чиқди, йиғлади ва ўзининг лочин комиссаридан кейин бирон-бир кимсани ҳеч қачон яқинига йўлатмаганини айтди. Глухов унга ҳеч қандай ёмон нияти йўқлигини, шунчаки севиб қолганлигини тушунтирмоқчи бўлганди (ширакайф эди у). Севиб қолган бўлса, бунинг нимаси ёмон? Ольга Сергеевнанинг баттар жаҳли чиқиб, барча эркак зоти йиғилиб, унинг унутилмас комиссари тирноғига ҳам арзимаслигини қайта-қайта такрорлади. Шундай қилиб, у барчага ўзининг комиссарини пеш қилавериб бошқаларниям чўчитиб юборди, натижада ҳеч ким унинг яқинига йўламай қўйди. Аммо кўп сувлар оқиб ўтди, ҳаммаси унутилди, ўтди-кетди, бу кўҳна заминда энди уларникига ўхшамаган, бошқача муҳаббат куйи янгради. Қария
Глухов ва нафақахўр Ольга Сергеевна ғалати бир тарзда дўстлашиб қолишди. Қария ёлғиз қўл аёлга хўжалик ишларида ёрдамлашиб, қишда қорини курар, ўтинини ёрар, супургисига дастак қўйиб, томини тузатиб берарди. Бирга ўтириб суҳбат қуришар, Малишева столга чоракталик қўярди… Глухов ундан ҳамон озроқ чўчиб турар, шу боис шўро ҳукуматини мақташга уринарди…
– Қара, қандай ажойиб ҳукуматимиз бор! Илгари қандай эди: кексалар қариб-чириб қолсаям биров қайрилиб қарамас, улар ҳеч кимга керак эмасди. Энди-чи – нафақа оласан. «Нима учун менга ҳар ойда йигирма сўм беришади?» – деб сўрагинг келади. Ўз ўғлим келиб қолса, беш сўм беради, баъзан эсидан чиқади шуям. Ҳукумат эса – канда қилмайди, мана ол!.. Комиссарлар эса ўшанда буни билишган. Улар ёрқин ҳаёт учун ўз жонларини қурбон қилишди. Мен, Ольга Сергеевна, уларнинг ёрқин хотирасини ўрнимиздан туриб ёд этишни таклиф қиламан.
Ольга Сергеевна эса бундан норози бўлгандай деди:
– Ўтир. Энди нимага керак? Энди керакмас. Аёл энди у комиссарни камдан-кам ёдга олар, кечалари уни нимадир «босмоқчи»дай бўлаётганини гапирарди.
– Мана шундоқ, босади-босади тамом, ажалим етдими, деб ўйлайман…
– Қаерингни босади у? Кўксингними?
– Э-э, ҳамма жойимни. Мана шундоқ келади-да, мана шундоқ эзи-иб, бўлди, тамом, ўлдим деб ўйлайман. Кейин секин қўйиб юборади, на қўл, на оёғим қимирлайди. Қаергадир сузи-иб кетаётгандай бўламан. Сузавераман, сузавераман.
– Ҳа-а, – раҳми келди Глуховнинг. – Бу шунақанги ишки, бир кунмас бир кун охири сузи-иб кетиб қолишинг мумкин.
Хотинини тупроққа топширганидан кейин қария Глухов энди Малишеваникига
янаям кўпроқ келадиган бўлиб қолганди. Хўжалик ишларига қарашар, кўпроқ айвонда бирга ўтириб асалли чой ичишни яхши кўрарди. Қария ёғоч хурмачада асал кўтариб келарди. Гаплашиб ўтиришарди.
– Кампирингни соғинасанми? – қизиқиб сўрарди Малишева. Глухов нима дейишини билмас, агар билмасдан ноўринроқ нимадир деб қўйса, Малишева уни уялтиришидан қўрқарди. У кўпинча, гарчи мулзам қилмаса ҳам, қариянинг ёши етмишни қоралаётган бўлишига қарамай, ҳамон унинг гапларига кўпроқ қулоқ солиши, у эса жимгина тинглаши лозимлигини писанда қиларди.
– Соғинасанми?
– Шундай… – ноаниқ жавоб қиларди Глухов. – Ачинасан, албатта. Ҳар ҳолда, биз у билан эллик йил бирга яшагандик.
– Биргаликда юз йил ҳам яшаш мумкин… маъни бўлдими?.. Филлар икки юз йил яшашади, нима маъно бор?
Глуховнинг жаҳли чиқди.
– Менинг учта ўғлим урушда ҳалок бўлди! Сен эса менга бунақа сўзларни айтасан…
– Мен ҳеч нарса деганим йўқ, – сал юмшайди Малишева. – Улар Ватан деб ҳалок бўлишган.
– Соғинаман, албатта, – деди сал дадиллашиб Глухов. – Бечора мен билан қандай кунларни бошидан ўтказмади-я!.. Чидарди. Ёшлигимда сал аҳмоқроқ эдим, қўполроқ… Ҳаммасига чидарди, меҳрибон эди. Ачинаман.
– Ақлини қаранг, буларнинг ақлини, – уф тортди Малишева. – Теша олиб тарашлаш керак сиздақаларни! Яна икки юз йил тарашлаш лозим, шундагина сизлар одамга ўхшасаларинг керак. Мана сен, у билан эллик йил бирга яшадинг. Хўш, нима бўпти? Арзигулик ҳеч нарса айтиб беролмайсан. Мана, менинг томорқамда қичитқи ўсади… уям ўсаяпти. Ёнида эса қулупнай. Фарқи борми?
– Сен нимага жаҳл қиляпсан ўзи? – Тушунмасди Глухов
– Фарқи борми деяпман сенга?
–Бузоқни такага ўхшатдинг…
– Ўхшатаманам! Чунки биров ёниб яшайди, бошқаси эса тутаб. Кимдир ўзгаларни ўйлаб, кимдир фақат ўзини ўйлаб яшаб ўтади. Айғирлар.
– Ҳаммаям комиссар бўлавермайди! – «айғир» деган сўздан хафа бўлиб жавоб қайтарди Глухов.
– Эллик йил бирга яшабдилар, – масхара қилди Малишева. – Хўш, ундан бир
ҳафтагагина етгулик маъно-мазмун чиқа­дими?
– Худога шукр, маъно-мазмун етарли бўлган. Ошиғи билан.
– Ҳа, кўриниб турибди! – Малишева лаб­ларини ўрдакникидай чўччайтирди. – Айғирлар.
Глухов нима биландир унинг жаҳлини чиқараётганини ҳис этар, аммо у нима экан­лигини ҳеч тушунмасди. Лекин у, барибир, Малишеваникига келишни канда қилмади. Баъзида мана шунақа ғижиллашиб қолишар, баъзан эса тинчгина хайрлашишарди. Қа­рабсизки, оқшомлар сезилмасдан ўтиб турарди.
Бу якшанбада у Малишеваникига қуруқ қўл билан – болта, аррасиз келди. Гаплашгани келди. Маслаҳатлашгани. Ёрдам сўраб келди.
– Сергеевна, мен бир маслаҳат билан келдим. Ёрдам берсанг.
– Қандай ҳодиса содир бўлди? – сергак тортди Малишева. У маслаҳат беришни ёқтирарди.
– Сен Отавина кампирни биласан-а?
– Хўш?..
– Ўша билан бир гаплашиб кўрсанг, менинг уйимга кўчиб ўтишга рози бўлармикан. Ўзининг уйини, майли сотсин. Ёки бундай қилса ҳам бўлади: ҳозирча майли, тамбалаб ташласин, кўрамиз, агар яшаб кетолсак, унда сотсин. Бекорга таваккал қилишнинг нима кераги бор. Нима деб ўйлайсан? У билан гап­лашишга ўзимнинг журъатим етмайди, сенинг эса қўлингдан келади. Мен уни хафа қилмайман… Тўрт оёқда ҳар қалай, олдингидай бўлмаса-да, маҳкамроқ туриш осонроқ бўлади. Нима деб ўйлайсан? – Глухов ўзига хос бўлмаган тарзда кўп ва тез бидирларди, ўзини ноқулай сезарди. – Ўйлай- ўйлай, шундай фикрга келдим. Ёлғизлик жонга тегди, жин урсин. Унгаям, менимча, анча енгил бўлади. Нима деб ўйлайсан?
Малишева лол қотди. Шунчалик ҳайратга тушдики, дабдурусдан жўяли бирор сўз айтишга тили айланмай қолганди.
– Уйлангилари келдими?
– Э, уйланиш… бу… қанақасига уйланиш бўлсин? Шундоқ – иккаламиз учун ҳам енгил бўлармиди…
– Ҳуқуқий жиҳатдан, бу барибир уйланиш. Нега думингни ликиллатасан?
Глухов шошиб қолди.
– Хўп, ана уйланиш бўла қолсин. Нима, бу мумкин эмасми?
Малишева диққат билан, қандайдир бегонасираб, яширин ғанимлик билан қарияга тикилиб қаради.
– У ўзи розими? Ҳа, айтмоқчи, сен ҳали гаплашганинг йўғ-а, у билан…
– У буни билмайди! Сендан шуни сўраб келдим-да, гаплашиб кўрсанг бўлармиди.
Гаплашиб кўр, кўндир уни. У художўй кампир, бу гуноҳ дейиши ҳам мумкин. Бундоқ ўйлаб кўрилса, қанақасига гуноҳ бўлиши мумкин? Ахир, мен ёлғизман, уям ёлғиз.
–Шаҳарда унинг қизи бор.
– Э, нима бўпти!.. Ана, шаҳарда менинг ҳам ўғлим бор. Улардан ҳозир нима фойда. Бизлар эса қолган умримизни бирга яшаб ўтардик дейман-да. Ким олдин ўлса, кўмадиган одам бўларди.
– Ахир, сизларнинг болаларингиз бор-ку! – бирдан асабий овози янгради Малишеванинг. – Нимага ўзларингни қозонлик сағирларга ўхшатасизлар?
Глуховнинг уни ўчди. Ўз навбатида, у ҳам жаҳли чиқиб Малишевага диққат билан тикилди. Нима сабабдан у бунча ғазабланаяпти? Нега мунча бўғилади?
– Сенга нима бўлди, Сергеевна? – сўради у.
– Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Сизлар-ку, турмуш қурмоқчи бўлаётган. Яна нима бўлди деб мендан сўрайсан? Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ.
– Нимага жаҳлинг чиқаяпти?
– Ҳечам-да! Қаранг, мени жаҳлим чи­қар­миш. Турмуш қурасизларми? Отавина билан гаплашиб берайми? Гаплашаман! – Энди Малишева қилпанглаб бидирлай бошлади. – Уни чақираман-да, гаплашаман, менга қийин жойи йўқ. Билиб бераман, розими ёки йўқми? Кулишса, сиз масхарабозларнинг устингиздан кулишади, меникидан эмас.
– Қанақасига?
– Нима?
– Нега устимиздан кулишади?
– Нима, хурсанд бўлишади, деб ўйлов­дингми?
– Ахир кексалар ҳам топишиб, бир ёстиққа бош қўйишади-ку.
– Бўлиши мумкин, бўлиши мумкин. Бўпти, эртага чошгоҳда кел… Мен уни олдинроқ чақириб оламан-да, аввал гаплашиб кўраман, сен эса кейинроқ, туш пайти келасан. Шунақаси бўлади. Хоҳлаганча топилади! Сен безовта бўлма, мен гаплашаман. Албатта
гаплашаман!
Қария Глухов Малишеванинг уйидан мужмал ҳиссиёт билан қайтди. Кўнгли қандайдир тушунарсиз қитмирликни сезгандай бўлди. Малишева ғалати кампир-да, Худо ҳаққи. Нима учундир ҳамиша жаҳли чиқиб, асабий бўлиб юради. Ҳаммани қайтадан ясаб, йўлга солгиси келади. Ҳаммага қандай яшашни ўргатмоқчи, ҳаммага қозилик қилмоқчи бўлади. Қария, ҳатто, бирпас иккиланди: қайтиб бориб, ҳеч қандай ёрдами керак эмаслиги, ўзи бир бало қилиб эплаб, гаплашиб олишини айтмоқчи ҳам бўлди. Ҳатто, тўхтаб анча туриб қолди. Охири яна қўл силтаб: эй жин урсин, гаплашса гаплаша қолсин, деган қарорга келди. Ўзи, барибир, эплаб гапира олмайди. Жаҳли чиқса чиқаверсин, ишни бажарса бўлди-да. Эртаси куни кампирлар – Малишева ва Отавиналарнинг учрашуви бўлиб ўтди. Отавина Малишеваникига келгач, биринчи навбатда, уйининг бурчагига (чўқиниш учун санам бор ёки йўқлигига) қаради, қимтинибгина бахмал тўшалган диваннинг чеккасига ўтирди. Ҳол-аҳвол сўрашдилар.
– Биласанми, сени нимага чақирдим, – дарров муддаога ўтди Малишева. – Қария Глуховни биласан-а?
– Емельян Егоричними? Албатта, биламан. Унинг учта ўғли ҳалок бўлган…
– Ўша сенга уйланмоқчи, – деди Малишева сўзлари худди чучвара туккандек жимжимадор оҳангда. – Сен розимисан?
– Ё тавба, ё тавба! – чўқинди Отавина. – Унга нима бўлган ўзи?!
– Нима бўпти? – ҳатто, қандайдир шў­х­чанлик билан ясама овозда давом этди Малишева. – Иккалаларинг ҳам ёлғизсизлар… Ўйлаб кўр, сен аввал ўйлаб, кейин жавоб бер. У ҳам худди бошқа эркакларга ўхшаб таканинг ўзи, аммо қолган умрингда ёрдами тегади. Ўзинг нима деб ўйлайсан? Уйни, ҳозирча сотмай турсин, агар яшаб кетолсак, кейинчалик сотиб пулини омонат дафтарчасига қўйиши мумкин, деяпти. Нима дейсан?
– Мен нима деб айтишим мумкин? – Отавина ростдан ҳам нима дейишни билмасди. – Ҳамма ўй-хаёллар бошимдан учди-кетди. Қандай қилиб, худди томдан тараша тушгандек, бирданига эрга тег… – Отавина самимий жилмайди. – Бунақада эсдан оғиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Келин бўларканман-да!
– Шунақа, у ҳам куёв бўлади. Бошқаларга ўхшаган.
– Шошмасанг-чи, Сергеевна, жим тур, сал-пал ўзимга келиб олай.
– У ҳозир келиб қолади. Жавобингни эшитгани.
– Вой-бу! – Отавина ўрнидан даст туриб эшик томонга қараб қўйди. Яна қайта жойига ўтирди. Мана сенга жумбоқ!
– Қараб турсам, сен деярли розига ўх­шайсан.
Отавина кампир дарров жиддий ўйланиб, деди:
– Мен сенга айтсам, Сергеевна, у, умуман олганда, ёмон одам эмас, ичмайди, шаккок­лик қилмайди, деб эшитаман… Фақат… – Ота­вина совчига қаради. – Ҳаммаси шунақа-ю, аммо бу… Тўғри, қариялар баъзан ўзаро келишиб яшашлари бор гап…
– Бор гап.
– Мабодо у кечалари тирғалиб қолса-чи?
Малишеванинг бу гапдан, ҳатто, оғзи очилиб қолди.
– Қанақасига?
– Шунақасига-да? Биласанми, улар қана­қанги бўлади! Аввал бошданоқ мен шуни хоҳлайманки, у кечаси менга тегажоғлик қилмаслиги керак. Сўкинмаслиги керак. Тамаки чекиши… Хўп, майли бунисига чидаш мумкин, ҳамма эркак ҳам чекади… буни тақиқлолмайсан…
– Демак, сен розисан-а? – деди ҳайратла­ниб Малишева.
– Э, отни қамчилагандай нега бунча шошилтирасан? Демоқчиманки, унга қўядиган шартларим кўпайиб кетмаяптимикан. У мумкин эмас, бу мумкин эмас деяверсам… Қария ўйлаб кўриб, айтмайдими: «Унда нима мумкин?», деб. Шунда бу унаштирув ҳам ўз-ўзидан барҳам топади-қўяди. – Отавина яна майин жилмайиб қўйди. – Қара-я, хаёлингда йўқ, тушингда йўқ… Вой Худойим-эй, Худойим-эй. Хўп шундай бўлса, нима бўлади? Ана, менинг Буланихадаги қадрдон дугонамнинг, ёшликда бирга ўсганмиз, худди шундай ёнига бир қария келибди-да, у дебди, бу дебди, хуллас, охирида: «Кел, Кузмовна, бирга яшаймиз», дебди. Ва яшашди. Тўғри, икки йил аввал чол қазо қилибди… Дугонам эса унинг уйида яшаяпти. Яхши яшашди, биламан. Қанча дейсанми? Беш йилча бирга яшашди. Уни ҳечам хафа қилгани йўқ. Умрининг охирида одамлар эсли-ҳушли бўлиб қолишади. Ҳозир эса қара… ҳозиргиларга қарасанг… ё тавба, ё тавба! Қарайсан-у, бирор нима деёлмайсан. Ўйлаб кўрсам, мен ҳам тинчгина, иссиққина жойда яшагим келади… Уйим эса эскириб қолган, қиш ўтганидан хурсанд бўлиб юрибман, уйимни иситиш жуда қийин. Ўтин ёқаверасан, ёқаверасан – фойдасиз, иссиқ тирқишлардан чиқиб кетаверади.
– Нега қизингникига кетмайсан?
– Қандай қилиб! Ўзлари каталакдек жойда аранг яшаётган бўлишса. Яшагандим. Невараларим кичик пайтда яшагандим. Қийналиб кетдим. Жудаям қийналгандим. Худога шукр, энди катта бўлиб қолишди, мактабга боришяпти. Менга ҳозирги уйни сотиб олиб беришганда жудаям севиндим. Буланихадаги ўз уйимни сотгандим-да. Қизим турмушга чиққанда сотгандим. Мустаҳкам уй эди, яна юз йил турарди. Нима қилайин, сотишга тўғри келди. Улар кооператив уй олишлари учун пул керак бўлди, қаердан олишарди? Куёвим энди армиядан келган, қизим эса техникумни тугатган пайт эди. «Она, уйни сотамиз, сенга эса, агар биз билан яшагинг келмай қолса, кейинроқ бошқа уй сотиб олиб берамиз», дейишди. Шундай қилиб, бирга яшай бошладик, невараларимга қарадим, катта бўлишгач, энди кичкинагина бўлса ҳам менга уй сотиб олиб беринглар, дедим. Шаҳарга кўниколмадим, кўнглимга ўтирмади. Уриниб-суриниб мана шу кичкина уйга лойиқ пул топишди. Буланихада уйлар қиммат, бу ерда эса арзонроқ экан, мана шундай қилиб мен бу ерга келиб қолдим. Шундай қилиб, агар… ёмон бўлмасдику-я, қариганингда… иссиққина жойда яшасанг. Шуниси тузукмиди-ей.
Қария Глухов кампирлар гаплашаётганини билса ҳам натижаси қандай тугашини билмасди. У ҳар эҳтимолга қарши янги камзулини кийди, бир шиша қўлбола ароқ, идишчада асал олди ва Малишеваникига қараб йўлга тушди.
Келди… Саломлашди. Нимагадир ўнғай­сизланганча шиша ва асал солинган идишчани столга қўйди. Тамаки халтасини олиш учун чўнтагини ковлаштира бошлади.
– Сен шошилма, шишани столга қўйишга шошилмай тур, – деди Малишева. – Ҳовлиқма.
Қариянинг юраги шув этди. Ахир, у Ота­вина билан бирга яшашларига қаттиқ умид қилаётган, хаёлан кўп нарсаларни ўйлаб қўйган эди, ҳаммаси яхши кетаётганди. Нима бўлди экан-а?
– Иккалаларингни ҳам эшитиб кўрдим. Албатта, қовушишларинг мумкин, бу шахсий ишларинг. Бу ишларингдан одамлар эсдан оғишади. Лекин, ҳечқиси йўқ. Аммо, барибир, сўрамоқчиман: виждон борми ўзи сизларда, а? – Мальшева бу сўзларни қария Глухов ва
Отавинанинг юзига тик қараб айтди. Қан­дайдир тушунтириш қийин бўлган қаҳр билан, йиллар давомида юрагида йиғилиб қолган сирли оғриқни намойиш қилгандай қилиб айтди. Айтаверди, айтаверди, «виждонини йўқотган» келин-куёв эса қизариб-бўзариб, жойларида типирчилаб тураверишди.
– Шу гапдан кейин сизлар қайси юз билан ёруғ дунёда юрасизлар, а? Одамлар бир умр ёлғиз яшашади… Мен, мана йигирма уч ёшимдан буён ёлғизман. Нима, менга совчи қўйишмаганми? Қўйишган. Кечалари деразамни тақиллатишмаган деб ўйлайсизларми? Келишган, тақиллатишган. Мана сен, Глухов, қишлоқ кенгашига келиб, сенсиз яшай олмайман, деб айтмаганмисан? Келганмисан? Қани гапир.
Глухов ерга кириб кетгудай бўлиб ўтирарди.
– Мен аҳмоқлик қилиб… кайфим бор эди, – бўйнига олди у. – Мен совчи юбормаганман. Бекордан-бекорга нега ундай дейсан? Мен, ҳалигидақа.. ўша йиллари, қачонлардир…
– Аҳмоқлик қилгансан! Нима, энди ақлли бўлиб қолдингми? Етмиш ёшида уйлангилари келиб қолибди. Вой, доно-ей! Сен-чи, сен!.. Нима дединг… «Қарайман, ўйлаб кўраман… иссиққинада яшасам». Ўргилдим сендақа художўйдан. Сенам ўшаларга ўх­шайсан… Бошқаларга бармоғингни бигиз қиласан, гуноҳ деб. Ўзинг эса… Ёшларга қанақасига ўрнак кўрсатаяпсизлар! Бу ҳақида ўйлаб кўрдиларингми? – Малишева қоқсуяк бар­моқлари билан столни тақиллатди. – Сиз­лар халқ олдидаги жавобгарликни ўйлай­сизларми? Йўқ, ўйламайсиз, худбинлар. Халқ ўз кучини аямай ишлаяпти, меҳнат қилаяпти, сизлар эса тўй қилмоқчи бўласизлар… одамларни ичкиликка чорламоқчисиз, енгилтак муносабатларга ўргатасиз. Виждонсизлар.
– Қанақанги тўй?! – бақириб юборди Глухов. Отавина эса гунг бўлиб қолганди. – Шундоқ, оддийгина турмуш қурамиз, бўлди, тамом. Қанақа тўйни айтаяпсан?
– Нима, худди… девор тагидагилар кабими, бўлмаса? Тф-у-у! Ҳайвонлар.
– Ҳой, сен!.. Биласанми? – Портлади қария. – Бор-э, ўша… – қаттиқ сўкинди чол. Онасини сўкди. Кейин эшикни қарсиллатиб ёпди-да, чиқиб кетди.
Унинг ортидан изма-из Отавина ҳам чиқди. Худди биров қувлагандай отилиб чиқишди. Дарвозадан чиқдилар-у, бир-бирларига қарамасдан, иккаласи икки томонга қараб кета бошлашди, аслида айрилишга қадар йўллари битта эди.
Қария Глухов қишлоқни роса айланиб уйига келди. Сўкинар ва тупурарди, ўзини қўйгани жой тополмасди. Ҳатто, қизишганидан «Ифлосни ёқиб юбораман», деган хаёлга ҳам борди. Малишевани ёқиб юбормади, албатта. Аммо энди уникига қадам босмади. Мабодо уни кўча-кўйда учратиб қолса ҳам тескари бурилиб олар, саломлашмасди.
Отавина эса шаҳарга бориб, черковда тавба-тазарру қилди. Кампир жуда ҳам изтироб чекди, Малишева билан учрашиб қолишдан ўзини олиб қочарди.
Малишева эса бу ноёб совчилик тўғрисида қишлоқдаги биронта одамга ҳам оғиз очмади. Глухов ҳам, Отавина ҳам у ҳаммага айтиб беради, деб кутгандилар. Йўқ, бундай бўлмади.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси