Ҳар куни аҳвол шу.
Қишлоқ сал тинчиб одамлар ухлагач, у бошлайди. Авжига чиқади. Лаънати, қишлоқнинг адоғидан бошлайди-ю, келаверади. Чали-иб келаверади. Унинг гармони ҳам қандайдир бошқача – қичқиради. Овоз чиқармайди – қичқиради. Нинка Кречетовага маслаҳат қиладилар:
– Тезроқ эрга тегақолсанг-чи, унга. У шайтон бизга кун бермай қўйди-ку. Нинка эса сирли кулумсираб:
– Сизлар тингламанглар уни. Яхшиси, ухланглар, – деб қўяди.
– Қандай уйқу бўлсин, деразанинг тагига келиб олиб гармонини чўзаверса. У яқин йўлдан, дарё қирғоғи бўйлаб эмас, бу ерда авжига чиқаради! Атайлаб қилгандай. Колька Малишкин эса, лаблари қалин, келбатли йигит, кичкина кўзлари билан бақрайиб қараб туради-да, даъво қилади:
– Ҳаққим бор. Қонунда бу ҳақда ҳеч қандай тақиқ йўқ, – дейди.
Хўжалик раиси Матвей Рязанцевнинг уйи ҳам шу ерда, Колька кўчанинг муюлишидан чиқиб келиб, қайриладиган жойда авжига чиқаради. Бундан чиқадики, гармоннинг ғийқиллагани бурилишдан, уйни айланиб ўтиб кўчанинг охирига боргунча эшитилиб турарди.
У кўчада жаранглай бошлаши билан Матвей каравотга ўтириб, оёқларини полга қўярди-да:
– Бас, эртадан бошлаб хўжаликдан қувиб соламан. Бирор нарсани баҳона қиламан-да, ҳайдайман, – дерди.
У ҳар кечаси шунақа дерди, аммо ҳайдамасди. Фақат кундуз кунлари Колькани учратиб қолса:
– Сен қачонгача кечаси билан дайдиб юрмоқчисан? Одамлар меҳнат қилганларидан кейин дам олишлари керак, сен эса қулоқни батанг қилиб юборасан!
– Ҳаққим бор, – дерди Колька яна.
– Мен сенга ҳаққингни кўрсатиб қўяман, шошмайтур!
Шу билан бўлди, пўписа тугарди. Лекин ҳар куни Матвей каравотида ўтириб олиб, ваъда қиларди:
– Эртага ҳайдайман.
Шундай дея каравотда узоқ вақт ўтирар ва ўйларди…
Гармонь энди кўчанинг охирига етган, овози деярли эшитилмас, у бўлса ҳамон ўтирарди. Қўллари билан стулда осиғлиқ шимини ковлаштириб папирос олар ва чекиб хаёл сурарди.
– Бас қилсанг-чи, тутатишни! – ғўлдирарди хотини Алёна уйқусираб.
– Ухла, – дерди қисқа қилиб Матвей.
Нима ҳақида ўй сурарди? Шундай… Ҳеч нарса ҳақида. Ҳаётни эсларди. Аниқ бирор нарсани эмас, узуқ-юлуқ ҳодисалар келарди хаёлига
Осмондаги тўлин ойдан сутдек ёришган кечаларнинг бирида деразадан гармонь овози келаётган тунда, «қайин»нинг аччиқ ҳиди димоққа урилаётган пайтда қоп-қоронғи тунни эслади. У отаси ва укаси Кузьма билан пичан ўримида эди. Яйлов қишлоқдан ўн беш чақиримлар узоқда, сойликда эди. Шундай кечаларнинг бирида Кузьма бирдан хириллай бошлади; кундуз куни айни иссиқ пайти у терлаб туриб муздек булоқ сувидан ичган эди. Кечаси унинг томоғи хиппа бўғилди.
Отаси Матвейни уйғотди ва энг тез, учқур «ўйноқи» отни ушлаб келишни, зувиллаб бориб, иложи борича тез югуртириб қишлоқдан сут олиб келишни буюрди.
– Мен бу ерда ўт ёқиб тураман… Олиб келганингдан сўнг қайнатамиз. Укангга қайноқ сут ичиришимиз керак, тезроқ бўл, Худо кўрсатмасин, бўлмаса…
Отаси уёғини айтолмади. Матвей отларни товушидан қаерда ўтлаб юришганини аниқлади ва «ўйноқи»ни эгарлаб, қамчи босганча қишлоқ томон елиб кетди. Мана… Ҳадемай Матвей олтмишга киради. Ўша пайтда у ўн икки ёшларда эди. Ҳамон ўша тун ёдидан чиқмайди.
От ва одам бир бўлиб қоронғида учиб кетишарди. Тун уларга қараб югурар, майсаларнинг шабнамдан нам тортган ҳиди юзига уриларди. Йигитчани қандайдир ёввойи тошқинлик чулғаб олганди: қони гупириб, боши ғувилларди. Бу парвоз эди – одам худди ердан узилиб учиб кетаётгандай. Атрофда ҳеч нима кўринмас – ер ҳам, осмон ҳам, ҳатто отнинг боши ҳам – фақат қулоқларида туёқ шовқини ва бутун олам ўрнидан қўзғалиб, унга қараб елиб келарди гўё.
Укасининг аҳволи оғир эканлиги хаёлига келмасди. Ҳеч нарсани ўйламасди. Қалби жўшар, вужудининг ҳар бир тори таранг тортилганди. Қандайдир ёқимли истак вужудини қамраб олганди.
Давоми ғамгин бўлди… У сутни олиб келди, отаси кичкинтойини кўксига босиб гулхан атрофида чопар, гўё уни аллалагандай бўларди:
– Ҳой ўғлим… нега бундай қиласан-а? Озроқ чидагин. Озроқ чидагин. Ҳозир сут қайнатамиз, ҳозир нафас оласан, ўғлим, кичкинтой… Мана, аканг сут олиб келди! – Кичкинтой Кузьма эса бўғилар, кўкариб кетганди.
Матвейнинг ортидан онаси етиб келганида Кузьма ўлганди. Отаси қўллари билан бошини чангаллаб ўтирар, тебраниб товушсиз чўзиб ингранарди. Матвей ҳайрон бўлиб, қандайдир ғалати қизиқиш билан укасига қарарди. Кечагина у билан пичан ғарами устида думалаб ўйнагандилар, ҳозир эса нотаниш, оқ-кўкиш, бегона бола ётарди.
…Фақат ғалати: нима сабабдан лаънати гармонь хотирасида ўша тунни, шу воқеани жонлантирди экан? Ундан кейин бутун бир ҳаёт ўтди-ку: уйланди, коллективлаштириш, уруш йиллари. Шунга ўхшаш яна қанча кечалар ўтди-кетди! Ҳаммаси қандайдир унут бўлган, хиралашган. Матвей бир умр нима қилиниши лозим бўлса, шуни қилди: жамоа хўжалигига кириш керак дейишди – кирди, уйланиш вақти келганда уйланиб, Алёна иккаласи болаларни дунёга келтиришди, улар улғайишди. Уруш бошлангач, жанг қилгани жўнади. Ярадор бўлиб, бошқалардан аввалроқ қайтиб келди. «Матвей, хўжаликка раис бўл, бошқа ҳеч ким йўқ», – дейишди. Бўлди. Тез киришиб кетди бу ишга, унга ҳам ўрганиб қолишди, ҳозиргача судраб келаяпти шу ташвишларни. Бутун умри давомида хаёлида фақат ишлаш, ишлаш. Урушда ҳам иш эди. Ҳамма қувончу ташвишлари иш билан боғлиқ бўлган. Қачонки, масалан, атрофидагилар «муҳаббат», деб гапирганларида, у сал англай олмас, сал тушунмас эди. У оламда муҳаббат деган нарса борлигини биларди, балки ўзи ҳам Алёнани оз-моз севгандир (қизлигида у чиройли эди), аммо бу ҳақда шундан ортиқ нарсани билмайди. У бошқалардан ҳам шубҳаланар, гўёки уларнинг севги ҳақида қўшиқ куйлашлари, азоб чекишлари ва, ҳатто, бир-бириларига гап
отишларини хўжакўрсинга деб тушунар, одат бўлиб қолган одамларга: севги ҳақида гапириш лозимми, марҳамат, севги ҳақида гапиринглар, лекин, охир-оқибат бари бир нарса учун, уйланиш учун керак! Нима, анави Колька севадими? Ҳа, албатта. Нинка унга ёқади, соғлом, силлиққина қиз. Аслида уйланиш вақти етиб келди, шунинг учун у аҳмоқ кечаси билан дайдиб юради. Нима учун юрмаслиги керак экан? Ёш, кучи танасига сиғмайди… Ҳар доим ҳам шунақа бўлган. Яхшиям ҳозир қиз талашиб, урушмайдилар, авваллари тевалашардилар. Матвейнинг ўзи ҳам бир неча бор солишган. Қўллари қичиганидан, кучи танасига сиғмай қолганидан шундай бўларди. Кучни қаергадир сарфлаш керак-да. Бир куни Матвей каравотида мана шуларни ўйлаб ўтираркан, чидолмади, хотинини туртиб уйғотди.
– Менга қара, эшитяпсанми, уйғон, мен сендан бир нарса сўрамоқчиман…
– Сенга нима бўлди? – ҳайрон бўлди Алёна.
– Сенда қачонлардир севги бўлганми? Менгами, бошқа бировгами. Фарқи йўқ. Алёна ҳайрон бўлиб анча вақт жим ётди.
– Мабодо, сен ичганинг йўқми?
– Э, йўқ! Сен мени севганмидинг ёки шунчаки… одатга кўра турмушга чиққанмидинг? Мен жиддий сўраяпман. Алёна эри ичиб олмаганини тушунди, аммо яна узоқ вақт жим қолди – у ҳам билмасди, эсидан чиқиб кетганди.
– Нимага каллангга бундай нарсалар келиб қолди?
– Ҳай, шу бир нарсани билгим келди, жин урсин. Кўнглимда… алғов-далғов нимадир бўлди. Иссиғим бўлса, жойида.
– Севганман, албатта! – ишонч билан гапирди Алёна. – Севмаганимда тегармидим. Анови Минька Коралёв ортимдан қанча югурганди. Тегмадим-ку. Нимага сен ярим кечаси севги ҳақида эслаб қолдинг. Уйқусирайдиган бўлиб қолмадингми?
– Э, бор йўқол, – хафа бўлди Матвей. – Ухла.
– Сигирни эрталаб подага қўш, сал бўлмаса ёдимдан чиқаёзибди. Биз саҳарда хотинлар билан мева тергани чиқиб кетамиз деб келишиб қўйдик.
– Қаерга?
– Э, сенинг ўроқ тушадиган жойларингга эмас, қўрқма.
– Агар майсани топтаётганларингда ушлаб олсам, жарима – ўн сўм.
– Бизлар бир жойни биламиз, ўроқ тушмайдиган, у ерда мевалар қип-қизил, сигирни қўшиб юборгин.
– Майли.
Хўп майли, аслида нима бўлган эди ўша тунда, укасига сут олиб келиш учун бораётганида. Нимага бу унинг хотирасида жонланаяпти?
«Эсим оғаётган бўлса керак, – ўйлади ғамгин Матвей. – Қариганда ҳамма эсдан оғади». Қалбидаги оғриқ босилмасди. У энди Колькани, унинг жарангдор гармонини кутаётганини тушуниб қолди ва Нинага жаҳл қилди «уйқучи ғунажин»… Қачон у пайдо бўлар экан.
Ўтириб кута бошлади. Чекди.
Ва, ниҳоят, кўчанинг бошидан гармоннинг овози кела бошлади. Кўнгилдаги ғашлик ҳам йўқолди. Лекин бу ғашлик, қандайдир ғалати эди. Усиз нимадир етишмаётгандай бўларди. Яна… ёдига қандайдир тонг пайти тушди. Ялангоёқ майсазорда кетаяпсан. Майсалар устида юрганингда изинг қолади, тўқ яшил из. Шабнам эса оёқларингни «куйдиради». Ҳатто, ҳозир ҳам ўшани эслаб оёқлари совқотгандай бўлди.
Нимагадир ҳозир ўлим ҳақида эслаб қолди. Яқинда бари тугайди – тамом. Ҳеч бир қўрқувсиз, оғриқсиз, тўғри, шундай бўлади, бу тушунарли, сени қабрга олиб боришади-ю, кўмишади. Аммо шуниси тушунарсизки: унда бу ерда нима юз беради, худди аввалгидек-ми? Хўп, дейлик, тушунарлиси, қуёш чиқади-ботади, у ҳамиша чиққан, ботган. Лекин бошқалар қишлоқда бўлади-ку, улар ҳақида ҳеч нарса билмайсан-ку… буни қандай тушунасан?
Хўп, дейлик, яна ўн йил ё ўн беш йил мана шундай Матвей Рязанцев деганлари бўлган деб эслашар, кейин – тамом. Ахир, бу ердагиларнинг қандай эканликларини билгинг келади-ку. Тўғри, ҳеч нарсага ачинмайсан; қуёшни ҳам тўйгунча кўрдинг, байраму сайри томошалар ҳам бўлди, қувончли кунлар ҳам…йўқ ачинмайди. Кўп нарсаларни кўрди. Аммо бундоқ ўйлаб қарасанг, сен йўқсан, бошқа ҳамма нарса бор, сен эса энди ҳеч қачон бўлмайсан… сен бўлмасанг уларда қандайдир бўшлиқлик бўладими ёки бўлмайдими?
«Тфу-у! Ҳа, қарияпман».
Бу ўйлардан у, ҳатто, чарчаганди.
– Менга қара, эшитаяпсанми?.. Уйғон, – Матвей хотинини уйғотди, – сен ўлимдан қўрқасанми?
– Эси оғибди бу эркакнинг! – ғўлдиради Алёна. – Ким ҳам Азроилдан қўрқмас экан?
– Мен эса қўрқмайман.
– Хўп, шундай экан, ухла. Нимага буни ўйлаб қолдинг?
– Э, бор-э, ўзинг ухла!..
Аммо яна ўша қора ёвуз тунни эсларкан, отда қандай елиб учгани… юрагида хавотир ва ёқимли оғриқ турарди. Йўқ, ҳаётида жудаям ачинарли нималардир бор. Кўз ёшларингни оқизиб ачинадигани.
… Кунлардан бирида, кутгани – Колянинг гармони овози эшитилмади. Ўтирди, чекди… У эса ҳамон йўқ эди. Шундай қилиб гармонь овозини эшитолмади. Эзилиб кетди. Тонг пайти Матвей хотинини уйғотди.
– Нима учун бугун қўнғироқчимизнинг овози эшитилмади?
– Уйланяпти-ку, у! Якшанба куни тўй.
Матвей маъюс бўлиб қолди.
У ётиб ухламоқчи эди, бўлмади, ухлолмади. Шу аҳволда тонггача, кўзларини юмиб-очиб ётди. Ҳаётида содир бўлган яна нималарнидир эсламоқчи бўлди, аммо хаёлига ҳеч нарса келмади. Яна бошини хўжалик ташвишлари эгаллаб олди. Ҳадемай пичан ўрими бошланади, аммо мосламаларнинг ярми қийшайиб-букилиб устахонада ётибди. Анави шайтон ғилай темирчи Филя бўлса ичаяпти. Энди яна тўй бўлса – яна семиради, яна бир ҳафта ҳавога учди деявер.
«Эртага Филя билан гаплашиб олиш керак» … Эртаси куни дўрдоқ Коляни учратган Матвей кулумсиб ўсмоқчилади:
– Қалай оғайни, ўйининг тугадими?
Коля кулди… Унинг оғзи қулоғида эди.
– Бўлди, Матвей Иванович, энди тунлари сизнинг уйқунгизни бузмайман. Тугади.
– Ҳа, майли, – деди Матвей ва ишига қараб кетди, лекин ўйларди: «Нимага бунча хурсанд бўлаяпсан, ҳўкиз? У энди сенинг шохларингни қайириб олади-ку, Нинка. Улар – Керчатовларнинг ҳаммаси шундай».
Яна бир ҳафта ўтди.
Яна кечалари аввалгидек деразадан ойнинг сутдек ёруғи тушиб турар, ҳовлилардан картошка поясининг ачимсиқ ҳиди келар… Атроф жимжит эди.
Матвей ухлолмади. Уйғониб кетиб, чекди… Квас ичгани даҳлизга чиқди. Бўсағага чиқиб, зинага ўтирди-да, чека бошлади. Қишлоқ ёп-ёруғ ва қўрқинчли даражада тинч эди.
Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси