Этикдўз Валиков кигиз этик тикарди. У янги келган қўшниси Гербеншиковани судга берди. Воқеа бундай бўлганди.
Алла Кузминична Гребеншикова ёш, хушрўйгина, аммо нодон бу аёл баҳор кунларининг бирида, устанинг ҳаммоми ёнгинасидаги жойдан иссиқхона учун ариқ олганди. Ҳаммомнинг орқа девори уларнинг ҳовлиси томонида эди. Майин тупроқ ва анчагина гўнг ташиб келтирди. Чинакам деҳқон аёл-да. Гўнг яхшилаб қуриши учун устини ёпиб, кечаси билан қизиб қуриши учун қолдирди. Гўнг эса кечаси билан қаттиқ қизиб, ёниб кетди.
Шундай қилиб, тонг отганда ҳаммом ёниб тугаганди. Бундан ташқари, яна эски бостирма, унга туташ ўйинхона, тезаклар ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар ҳам ёниб кетганди, четан девор ҳам… Аммо, Ефим Валиков кўпроқ ҳаммомга ачинаётган эди; янгигина ҳаммом, уни қурганига бир йил ҳам бўлмаганди, қишда кигиз этик бостирарди-да… Гребеншикова эса ўзини нодонликка соларди. Кўзини чирт юмиб, суғурта агентини гўнг ўзидан-ўзи қизиб ёниб кетганига ишонтирмоқчи бўлди.
– Ўзидан-ўзи ёнган! – таъкидларди у Ефим тараф бармоғини ниқтаб. – Тушунаяпсизми? Бу ўзидан-ўзи ёниш, охири агентнинг ҳам жаҳлини чиқариб юборди.
– Судга бер, Ефим, – деди у. – Қарасам, у бу ердагиларни аҳмоққа чиқариб қўймоқчи.
Валиков судга берди. Аммо қишлоқдошларининг хат-ёзувга унчалар ҳам яхши муносабат билдиравермасликларини билган Ефим уларга тушунтиришга уринарди.
– Агар у яхшиликча, яхши қўшнига ўхшаб айтса, бу ғавғога нуқта қўяман. Аммо, унинг саводи жуда ошиб кетган экан!.. Ҳеч кимни гапиртирмай қўйди. Ўзидан-ўзи ёнган – тамом эмиш!
Гребеншикованинг эри ҳосилот сафарда эди. У келгач Ефим иккаласи гаплашиб олишди.
– Наҳотки, судсиз келишиб олишнинг иложи бўлмаса? Ҳаммом учун товон тўлашимиз мумкин эди-ку…
– Сен, яхшиси, у билан ўзинг келишиб ол, балки уддасидан чиқарсан. Мен келиша олмадим. Бу суд менга… итга бешинчи оёқ қанчалик керак бўлса, шунча керак.
– Ахир, у қасддан ёқмаган-ку.
– Ким қасддан ёққан деб айтаяпти? Нима учун у одамларни аҳмоқ қилмоқчи бўлади? Ўзидан-ўзи ёнганмиш…
– Умуман олганда, бу бўлиб туради-ку!
– Ҳа, бўлиб туради, қачонки йиллар давомида гўнгни шиббалаб уйиб қўйсанг, чирийди, қизийди, кейин ёнади. Уники эса бир кечада ёниб кетибди. Унақаси бўлмайди. Қадрли Владимир Семёнич, бўлмайди.
Владимир Семёнич хотинидан чўчирди ва ишнинг судга оширилганлиги унга ҳам маъқул бўлганди, гаплашадиган гап қолмаганди. Ҳаммаси усиз ҳам ҳал бўлаётганди.
– Ўзларинг ҳал қилаверинглар.
– Ҳал қиламиз.
Мана, сайёр суд ҳайъати оғирроқ бошқа бир ҳодиса туфайли туман марказидан
чиққан эди, бир йўла бу ишни ҳам кўриб чиқмоқчи бўлдилар. Суд қишлоқ кенгашида бўлиб ўтди. Ефим судга худди қаноти ҳурпайган товуқдай бўлиб келди, асаби бузилган. Ёдига уруш даврида ярадор, ногиронлиги учун армиядан бўшатилган пайти, бир оёқсиз, маст ҳолда қўлтиқтаёғи билан хўжалик раисини ургани, орденлари эвазига ундан соғ оёғини сўрагани тушди. Ўшанда уни осонгина қамашлари мумкин эди, аммо Митька Трифанов «ишни ўзи тўхтатди», судга бермади-ю, лекин анчагача «Ефим, балки бериш керакмиди-а», – деб қўрқитиб юрди. «Ҳа, демак мен, ҳозир бир инсонни сувга чўктирмоқчи бўлиб чиқаяпман, – деб ўйларди Ефим. – Бошимда шу ғавғо бор экан, жин урсин уни, яхши гап билан кўнса бўларди-ку?» Кейин силлиқгина Алла Кузьминична суғурта агентига «ўзидан-ўзи ёниб» кетиш нима эканлигини тушунтираётганда Ефим томонга атайлаб қарамагани, гўёки унга буни тушунтириб ўтиришнинг фойдаси йўқ, барибир, тушунмайди дегандай, нуқул суғурта агентига қараб гапирганини эслади.
Ефим атайлаб ясама оёғини киймади, қўлтиқтаёқда борди, оёқсизлиги билиниб туришини истарди. Орденларини тақмади, ўшанда – армиядан бўшаб келганда, қилган тўполони ҳам етарли бўлганди.
«Бошқа томондан олиб қараганда, дуч келган ҳар битта одам ёқиб кетаверса, охир-оқибат у бу ёруғ дунёда ёлғиз мана шу қўлтиқтаёқ билан қолиб кетади-ку. Ҳатто ўзини ҳам, худди сомондай ёқиб юборишлари мумкиндир. Демак, шундай экан, мен ҳақман». Гребеншикова қишлоқ кенгашига ундан олдин келган экан, у Валиковга мағрур қараб қўйди, ҳеч нарса демади, ҳатто саломлашмади ҳам, тескари қараб олди.
«Вой куйдирги, куйдиргижон-эй! Хонимчанинг саломлашгилари ҳам келмаяпти», – ўзича кулиб қўйди Ефим. Йўқ, у хафа бўлмаганди, аммо хонимчага шартта: «Бу ерда нимангга мағрурланасан, жонгинам?» – деб айтгиси келиб кетди.
Ёқишга ёқиб юбориб, яна бурнингни жийирганинг нимаси?
Судья, чарчагани билиниб турган ёшроқ киши, анча вақт қоғозларни титкилаб ўтирди-да, бошини кўтариб Алла Кузьминична ва Ефимга қаради.
– Гапиринглар…
Ефим биринчи бўлиб мен гапирсам маъқул бўлса керак деб ўйлаб, сўз бошлади.
– Биласизми бу ерда нима гаплигини, мана, бу «фуқароча…»
– Сизлар худди бир-бирингизга душмандай – «фуқароча»… Ахир, қўшнисизлар-ку.
– Қўшнимиз, – шоша-пиша деди Ефим. – Э, менга бу даъволашиш гўё итга бешинчи оёқ…
– Лекин, даъво қиляпсиз.
– Ахир, у бир тийин ҳам беришни хоҳламаяпти-да! Ҳаммомим эса янгигина эди, бутун қишлоқ бунга гувоҳ.
– Буларнинг ҳаммаси қандай содир бўлди, Алла Кузьминична?
– Мен иссиқхона қургандим ва гўнгни озроқ қизитдим.
– Уни ёқдингизми?
– Ҳа, аммо у озроқ куйиб тургач, унинг устини суюқ гўнг билан бекитдим. Билишимча, у яхши куйиб бўлгандан кейин кечаси ўзидан-ўзи ёниб кетган бўлса керак.
– Қаранг-а! – ҳайратланди Ефим. – Ҳой, агар бундоқ қаралса, мен шу гўнгнинг ичида туғилганман! Эсимни танибманки, мен уни ағдарганим-ағдарган, демакки, мен уни умр бўйи ўргандим, билдим, тўғрими? Кейин сиз эсдан чиқарманг, биз ҳар йили тезак ёқамиз. Мен уни роса у ёқ-бу ёққа ағдариб кўрганман, гўнг нима эканлигини биламан…
– Ўртоқ Валиков, гўнг ўзидан-ўзи ёниб кетмайди деб рад этаяпти-ку. Унинг тажрибасида бунақа ҳодиса юз бермаган экан… Хўш, сиз нима дейсиз?
Судья Алла Кузьминичнага қараб бошини ирғади.
– Умуман, фақат шунга асосланиб бу далилни рад этиш мумкин эмас. Ахир ўзингиз тушунасиз-ку, илмий мулоҳазалар билан ҳам ҳисоблашиш керак, – давом этарди Алла Кузьминична. Судья эса ҳамон бош ирғаб ўтирарди.
«Ҳозир мени аҳмоқ деб исбот қилишади», – тоқатсизланди Ефим.
– Мен тушунаман, ўртоқ Валиковга моддий зарар етган, аммо бундоқ олиб қаралса, бунга менинг алоқам йўқ. Агар ўйлаб кўрилса, яшин урганда ҳам ҳаммом ёниб кетиши мумкин эди-ку. Менинг айбим шуки, ўша иссиқхонани уларнинг ҳаммоми ёнида қурганим, чунки деворнинг бу томони бизнинг ҳовлига туташ, шу сабабли бу ерда ҳеч қанақанги криминал йўқ.
Алла Кузьминична судга яхши тайёргарлик кўриб келганди.
«Орденларимни тақсам бўларкан», – ўйларди Ефим.
– Мен ўртоқ Валиковга ачиниш билдира оламан, холос, бор-йўғи қўлимдан келадигани шу.
Судья чекди, роҳатланиб чуқур тортди ва ҳеч қандай урғу бермай оддийгина қилиб:
– Тўлаш керак, Алла Кузьминична, – деди.
– Нима учун? – Алла Кузьминична ўзини йўқотиб қўйди.
– Нима?
– Нима учун тўлашим керак?
– Нима, ростдан ҳам судлашмоқчимисиз? Уят, Алла Кузьминична…
Алла Кузьминична қизариб кетди.
– Нима, сиз ҳам ўзидан-ўзи ёниб кетганлигини рад этмоқчимисиз?
– Э, қанақа ўзидан-ўзи ёниш, жин урсин!
Оддий ўт қўйиш. Қасддан эмас, албатта, аммо ўт қўйилган. Сизга буни беш дақиқада исботлаб беришади ва сиз ноқулай аҳволга тушиб қоласиз. Шунинг учун ҳам икки қўшни одамларга ўхшаб ўзаро келишинглар… Хўш, Валиков, ҳаммом ўртача қанча туради?
Ефим ҳам ўзини йўқотиб қўйди ва миннатдор бўлганидан шошилиб, нархини анча пасайтириб юборди.
– Э, уми, ҳаммомми, янги деб айтганимиз билан, мен уни қолган-қутган нарсалардан қургандим, терак, қайин қолдиқлари…
– Хўш, қанча?
– Икки юз, икки юз эллик сўм атрофида, шундай… Менга фақат ёғоч бўлса бўлгани эди, ўзим қуриб олардим! Уларда хўжаликнинг юк машинаси бор, директордан илтимос қилишсин… Нима, уларга йўқ дермиди?
– Бундан ташқари яна нималардир ёнган-ку?
– Тезаклар, бостирма… Бостирмани ҳам ўзим чиқинди қолдиқлардан қуриб олардим.
– Икки юз эллик сўм, – деди қатъий оҳангда судья. – Сизга маслаҳатим Алла Кузьминична, яхшиликча тўланг, шарманда бўлманг.
Алла Кузьминична судьяга ҳам, Ефимга ҳам қарай олмай, жимгина ўтирарди.
– Мен ҳозир бирдан ма, деб чиқариб бера олмайман-ку!..
«Эҳ, ғурур, капанг куйгур ғурур!» – Ефимнинг унга раҳми келиб кетди ва маслаҳат бергани шошилди:
– Менга уларнинг пулини нима кераги бор? Сиз ҳаммом учун икки машина ёғоч келтиринг. Хўш, мен уста ҳақи учун дегандай… олтмиш сўмча, яна еб-ичиш учун дегандай, йигирма сўмча… Саксон сўм. Икки машина ёғоч учун қанча тўлайсизлар… буни менга алоқаси йўқ. Хоҳласангиз текинга олиб келинг, бунинг менга қизиғи йўқ. Аслини олгандаям, у сизларга текинга тушади, сизлар ёш мутахассисларсиз, бу икки машина ёғочни сизга давлат нархида хурсанд бўлиб ёзиб беришади. Бу менга эса…
– Розимисиз? – сўради судья Алла Кузьминичнадан.
– Мен эрим билан маслаҳатлашаман, – деди кескин Алла Кузьминична. «У йигит сендақа эмас, бекорга қийшанглаб ўтирмайди».
Ефим суддан хурсанд бўлиб қайтарди. Суд қандай бўлиб ўтганини, судья қандай тушунганини, у қандай қилиб ишнинг кўзини билиб ҳал этганини ва қандай қилиб унинг ўзи – Ефим, бармоғини оғзига тиқиб ўтирмаганини кимгадир жудаям гапириб бергиси келаётганди. Уйгача аранг чидаб, етиб келди.
Ефимнинг хотини Марья эрининг юзига қараб, дарров ҳаммаси яхшилик билан тугаганини тушунди. Ефим чўнтагидан битта шишани дадиллик билан чиқарди-да, гапни бошлади:
– Ҳаммаси жойида! Эҳ, судьяни тўғри келганини қара!.. Мана калла! Унинг думини бирданига қайириб олди. Уялмайсизми, деди. Қанақанги ўзидан-ўзи ёниш? Ёқиб юбордингми, демак, тўлашинг керак, деди.
– Қаранг-а!
– Сен нима деяпсан! Судья унга шунақанги шайтонни кўрсатиб қўйдики, кўзларини қаерга яширишни билмай қолди. «Сиз, ахир, кўрмаяпсизми, инсон бир оёқда»… Ефим бирдан маст бўлиб қоларди, газак қилмасди. Масалан, ҳозир у керакли жойга шундоқ ёзиб юборса борми, терингга сомон тиқишади. Биласанми, уни оёғи қаерда? Москва остонасида қолган оёғи, мана қаерда, сен у билан судлашасанми? Агар у бир оғиз айтса, сен онангни кўрасан…
Марья Ефимнинг анча-мунча кўпиртираётганлигини сезиб турарди-ю, аммо, ҳар қалай, ҳаммом учун товон тўлашга ҳукм қилинганини билди.
– Вой Худо, оламда адолатпарвар одамлар ҳам бор экан-ку!
– Фронтчи. Унинг кўзларидан маълум. Эҳ сен, ўқимаган калла, виждон борми? Кимга қарши бормоқчисан? Агар у, дей…
– Етар, вайсаганинг, – қувончдан жаҳл қилгандек гапни бўлди Марья. – Сен ҳозир қуруқ вайсамасдан бориб ўша инсонга бирор кило чўчқа ёғи бериб келсанг бўларди. Уйига боргач, болаларига чўчқа ёғидан едирарди.
– Нима, улар чўчқа ёғи кўришмаганми?
– Қаерданам?! Дўкондагиси бизники билан тенг келармиди! Бор, гўштлироқ жойидан кес-да, олиб бор. Кейин раҳмат айт. Биламан, раҳмат ҳам айтмай, индамай таёғингни тўқиллатиб қайтавергансан. У инсон қандай яхши иш қилди!
Ефим аёл ақлига бўйсунди.
«Ростдан ҳам қара – инсон шунча ҳаракат қилса-ю, мен чўчқага ўхшаб худди…»
–У, албатта, мен билан ичмайди, сабаб у одамлар кўз ўнгидаги киши…
– Олиб борсанг-чи, чўчқа ёғини.
– Олиб бораман! Ундай одам учун ҳеч нарсани қизғанмайман, балки унга озроқ пул ҳам бериш керакдир?.. Пулни олмайди. Пул олса, унга ҳайфсан эълон қилишади, чўчқа ёғи эса – бу бор-йўғи болаларига совға, холос.
Ефим қазноққа кириб, чўчқа ёғининг гўштлироқ, қалин жойидан бир бўлак кесиб олди. Хотинининг топқирлигидан қувонди. «Бунчалик эсли бўлишмаса, қарғиш теккурлар», деб ўйларди ўзича хотинлар ҳақида. Ефим чўчқа ёғини тоза латтага ўраб олди-да, таёғини тўқиллатиб яна қишлоқ кенгаши томонга кетди. У кетиб бораркан, ўзича хурсанд бўларди, мана энди судьянинг кўнглини оладиган бўлди. «Нима сабабдан бу ҳаётда бўлмағур нарсалар кўп: бир киши бошқа бир кишига яхшилик қилса-ю, иккинчиси бунга жавоб қайтариш ўрнига ашқол-дашқолини йиғиштириб, чаппа қайтиб кетса, номини ҳам эсдан чиқарса. Ахир, яхшиликка бирор-бир нима билан жавоб қайтаришинг керак-ку. Бўлмаса-чи, одам бир яхшилик қилади, икки қилади, сен унга, ҳатто, бирор оғиз яхши гап айтмасанг, албатта, шундан кейин унда кимгадир яхшилик қилиш истаги йўқолади. Кейин ниқобга ўраниб яшаш қийин. Масалан, сен ҳам бор-да, биронтасига яхшилик қил. Дейлик, манови қурғур чўчқа ёғи, ачинмайсан-ку… аммо шуни бериш кераклиги нимага дарров ёдингга келмайди».
Ҳозир Ефимга қандай қилиб судьянинг ёнига ҳурмат билан бориб, фаросатли киши эканлигини кўрсатишни ўйлаш ёқимли эди.
У очиқ ҳавода анча вақт бўлганидан, кайфи ҳам тарқаганди: қандай тез маст бўлса, шунча тез кайфи ҳам тарқарди. Судья ҳали-ҳамон қишлоқ кенгашида эди, кетмоқчи бўлиб турганди.
– Бир дақиқага, ўртоқ судья, – чақирди Ефим. – Юринг хонага кирайлик… Мана бу ёққа, бу ёққа, бу ерда ҳеч ким йўқ экан. Уйгами?
Судья чарчагандай (булар нимадан бунча чарчашади? Наҳотки судьялик шунчалик қийин бўлса) унга қаради.
– Болалардан борми?
– Мендами?
– Ҳа.
– Бор. Нима эди?
– Мана олинг, уларга олиб боринг, қишлоқники. Гўштлироқ жойидан танлаб кесиб олдим, шаҳарликлар гўштлисини яхши кўришади. Бизникиларга жисмоний оғир меҳнатдан кейин чўчқа ёғининг тўйимлироғи керак, сизларга эса унчамас, нимага денг? – Ефим латтани ечишга уринар, аммо уддалай олмасди, шошилар, эшик томонга қараб қўярди. – Сизларга мазалироқ жойи керак… шунақа. Нимага бунча ўраб ташлабди-я!
– Ҳой, сиз нима қилаяпсиз?
– Чўчқа ёғи, болаларингизга оборасиз… – Судья ҳам беихтиёр эшикка қараб қўйди. Кейин Ефимга тикилиб қолди…
– Нима? – сўради у.
– Болаларингизга дегандим… оборасиз….
– Керак эмас, – деди аста судья.
– Э, йўқ, мен буни суд туфайли эмас, у ўтиб кетди-ку. Мен ўйлагандимки, болаларга обориш мумкин. Нима қилибди. Бу, ахир, пул эмас-ку, мен пул ҳам…
– Керакмас деяпман! Чиқ, бу ердан! – Судья шундай деди-да, бурилиб чиқиб кетди. Ефим қўлтиқтаёғига суянганча эшик олдида туриб қолганди, қўлида чўчқа ёғи. У мана энди – курагининг ости оғригандан кейингина чўчқа ёғини олиб келмаслиги кераклигини тушунганди. У нима қилишни билмай, чўчқа ёғига қараб турарди.
Хонага судья бош суқди.
– Бу томонга келишаяпти… Кет! Чўчқа ёғингни ўраб ол, кўриб қолишмасин. Тезроқ!
Фақат кўчага чиққандан кейингина Ефим нима қилиши кераклигига ақли етди. «Бораман-да, Марьянинг сочларини юламан – куйдирги! »
Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси