Василий Шукшин. Чаппа (ҳикоя)

Хотини уни «Чаппа» деб чақирарди. Баъзида эркалаб шундай дерди. Чаппанинг бир ғаройиб хусусияти бор эди; у билан ҳамиша қандайдир ҳодиса рўй берарди. У буни хоҳламасди, албатта, аммо негадир доимо қанақадир ҳодисаларга аралашиб қолаверарди. Ҳар хил майда-чуйда бўлмағур ҳодисаларга. Мана, сафарда рўй берган ана шундай воқеалардан бири.
Таътил олгач Уралга, акасиникига бориб келмоқчи бўлди; ўзиям у билан ўн икки йилдан бери кўришмаган эди.
– Қаерга йўқолди, анақа… ялтироқ «би­тюра»га ўхшаш?! – қичқирди Чаппа қазноқ­дан туриб.
– Мен қаердан биламан.
– Мана, мана шу ерда ётганди! – Чаппа қаҳрли қарашга ҳаракат қилиб мовий, думалоқ кўзларини чақчайтирди. Ҳамма нарса турибди, у эса йўқ.
– «Битюр»га ўхшашми?
– Йўқ, чўртанга.
– Мен уни адашиб қовуриб юборган бўл­сам керак.
Чаппа бирмунча вақт жим бўлиб қолди.
– Хўш, қандай экан?
– Нима?
– Ширин эканми? Ха-ха-ха! – У қочириқ қилишни умуман эплолмасди-ю, аммо жуда хоҳларди. – Тишларинг бутунми, ишқилиб? У ахир дуралюминдан эди-ку.
… Анча вақт тараддуд кўришди, деярли ярим тунгача.
Эрта тонгда Чаппа жомадон билан қишлоқ кўчасида кетиб борарди.
– Уралга! Уралга! – жавоб қайтарарди у, қаерга кетаяпсан, деб сўраганларга. – Бир шамоллаб келай.
Унинг гўштдор думалоқ юзи ва дум-дума­лоқ кўзлари бунақанги узоқ сафарлар унга
писанд эмаслигини, олис йўлдан қўрқмас­лигини ифода этишга ҳаракат қиларди.
«Уралга!»
Аммо Уралгача ҳали узоқ эди. Ҳозирча у эсон-омон туман марказига етиб келган, энди эса чиптани қўлга киритиб, поездга чиқиб олиши керак эди. Вақт ҳозирча кўп эди. Чаппа бундан фойдаланиб жиянларига атаб совға-салом, қанд-қурслар олмоқчи бўлди… Озиқ-овқат дўконига кириб навбатда турди. Ундан олдинда шляпа кийган эркак, ундан ҳам олдинда эса семиз, лаблари қалин бўялган бир аёл турарди. Аёл шляпа кийган эркакка қараб паст овозда, тез ва жўшқин сўзларди.
– Тасаввур қиласизми, қанчалик қўпол ва одобсиз кишилар бўлиши мумкин. У паришонхотир, яхшиямки у етти йил олдин паришонхотирликка чалинди, аммо ҳеч ким унга нафақага чиқишини айтмаган. У бўлса, раҳбар бўлганига ҳеч қанча бўлмай, «Александр Семенович, яхшиси сиз нафақага чиқарсиз», дер эмиш. Юзсиз!
Шляпали фикрни қувватлади.
– Ҳа-ҳа… Уларнинг ҳаммаси шунақа. Қаранг-а, паришонхотир эмиш. Хўш, Сумба­тов-чи? У ҳам кейинги пайтлар матнни ушлаб кўрмаган. Ана у-чи, оти нима эди?
Чаппа шаҳарликларни ҳурмат қиларди. Албатта, ҳаммаларини ҳам эмас, безорилар, савдогарларни сира ёқтирмасди, улардан чўчирди. Унинг навбати етиб келди. У қанд, ширинкулча ва уч тахта шоколад олди. Четга ўтиб уларни жомадонга жойлаштира бошлади. Одамлар навбатда турган тўсиқ олдида – оёқ остида нимадир ётарди, қараса, эллик сўмлик қоғоз пул. Яшил «тентаквой» одамлар оёғи остида ётса-ю, бошқалар уни кўрмаса? Чаппа кўзлари чақнаб, ҳаяжондан, ҳатто, қалтираб кетди. Шошилганча, бошқалар ун­дан олдинроқ билиб қолишидан чўчиб, қувноқроқ, ўткирроқ ҳазил қилиб қоғоз пул ҳақида одамларга маълум қилишни ўйлай бошлади.
– Фуқаро! – ажойиб ҳаёт кечираётибсизлар, – деди у қувноқлик билан баланд овозда.
Ҳамма унга қаради.
– Масалан, бизда мана бунақанги қоғоз оёқ остида ётмайди!
Худди шу дамда атрофдагиларни сал ҳаяжон чулғади. Ахир бу уч сўмлик эмас, беш сўмлик ҳам эмас – эллик сўмлик, бунинг учун ярим ой ишлаш керак. Бу пулнинг эса эгаси йўқ.
«Бояги шляпаликники бўлса керак», ўйлади Чаппа. Пулни пештахта устига – кўринадиган жойга қўйишга келишишди.
– Ҳозир кимдир югуриб келса керак, –деди сотувчи аёл.
Чаппа дўкондан кўнглида ажиб бир хурсандчилик билан чиқди. Хаёлида эса қандай қилиб боплаб, қойиллатиб гапиргани айланаверди. «Масалан, бизда мана бунақанги қоғоз оёқ остида ётмайди!» Бирдан унинг иссиғи чиқиб кетди, эслади, худди шундай пулни ва яна битта йигирма беш сўмлик чирвонни унга ўзи турган жойдаги жамғарма кассадан беришганди. Йигирма беш сўмликни у ҳозиргина майдалатди, эллик чирвон чўнтагида бўлиши керак… Қўлини тиқди – йўқ. У ёғи, бу ёғини титкилади – йўқ.
– Пул ўзимники экан-ку! – бақириб юборди Чаппа. – Вой онангни сани!.. Менинг пулим-а.
Аламдан кўкрагининг ости жизиллаб кетгандай бўлди. Хаёлига келган илк нарса дўконга қайтиб: «Оғайнилар, бу пул меники экан. Мен уни жамғарма кассадан олган эдим, бири йигирма бешталик, иккинчиси элликталик. Йигирма бешталикни ҳозиргина майдалатдим, униси эса йўқ», дегиси келди. Лекин у ўзича тасаввур қилди, бу гапларни уларга қандай қилиб айтади. Одамлар нима деб ўйлашади. «Албатта, эгаси йўқ экан деб, чўнтагига урмоқчи», дейишмайдими? Йўқ, у ўзини мажбурлай олмайди, лаънати чирвонга қўлини чўза олмайди. Балки бермасликлари ҳам мумкин.
«Нима учун мен бунақа гўл ва овсар эканман-а? – Алам билан овозини баландлатиб гапирди ўзига-ўзи Чаппа. – Энди нима қилдим?.. Энди уйга қайтиш керак».
Дўкон ёнига келди, узоқдан бўлса ҳам пулини кўрмоқчи бўлди, эшик ёнида туриб қолди… Ичкарига кирмади. Баттар абгор бўлади. Юраги чидай олмайди.
Автобусда кета туриб, ўзича секин сў­киниб борарди, кўнглини тинчлантирди: ҳали хотинига нимадир деб ҳисоб бериши ҳам керак.
…Жамғармадан яна эллик сўм олдилар. Ўзининг бир чақалик эканлигидан кўнгли озор чеккан Чаппа (буни унга хотини яхшилаб тушунтирган, бошига бир-икки марта капгир билан туширган ҳам эди) поездда кетиб борарди. Аммо, алами аста-секин босилди. Дераза олдидан ўрмонлар, қишлоқлар, дарахтзорлар лип-лип этиб ўтиб борарди… Ҳар хил одамлар чиқиб-тушишар, ҳар хил воқеаларни сўзлашарди, Чаппа ҳам тамбурда чекишиб турганларида пўримроқ бир кишига шунақа воқеалардан бирини гапириб берди.
– Бизда ҳам, қўшни қишлоқда битта аҳмоқ… қопқоқни олиб онасини қувиб қолибди. Она ундан қочармиш-у: «Қўлингни, қўлингни куйдириб олма, ўғлим!» – деб бақирармиш. Ўғлининг ғамини ермиш. Бу маст чўчқа бўлса, онасига қараб югурармиш. Тасаввур қилинг, қанчалик аҳмоқ ва ахлоқ­сиз эканлигини…
– Ўзингиз ўйлаб топдингизми? – жиддий сўради пўрим кўзойнагининг тепасидан унга қараб.
– Нега? – тушунмади у. – Бизда дарёнинг нариги томонида Раменское қишлоғида…
Пўрим ойна томонга қараб бурилиб олди ва бошқа гапирмади.
Чаппа поезддан кейин яна бир ярим соатча маҳаллий самолётда учиши керак эди. У аввал, анча илгари бир марта учиб кўрган эди. У самолётга қўрқа-писа ўтирди. «Наҳотки бир ярим соат ичида ундаги бирорта мурват бузилиб қолмаса, ишдан чиқмаса!» – деб ўйлади. Кейин ўзини босиб олишга журъати етди. Ҳатто, ёнидаги киши билан суҳбатлашишга ҳам уриниб кўрди, аммо у газета ўқир, худди газетада ёнидаги тирик одамдан ҳам кўра қизиқроқ нарса бордай, у билан гаплашишни хоҳламасди.
Чаппа бир нарсани жуда ҳам билгиси келаётган эди, самолётда овқат беришадими, йўқми? Негадир олиб келишмаётганди. Унинг самолётда жудаям овқат егиси келаётганди: оч қолганидан эмас, қизиққани учун. Чунки у самолётда овқат беришади, деб
эшитган эди-да.
Қурумсоқлик қилишди, деб ўйлади.
Пастга қарай бошлади, пастда тоғдек булутлар кўринарди. Чаппа негадир буларнинг ҳаммаси чиройли кўринаяптими, йўқми, аниқ айта олмасди. Атрофидагилар эса: «Қаранг, қандай гўзал!» – дер эдилар. Унда негадир бир бемаъни истак – мана шу пахтадек момиқ булутлар устига қулаш истаги пайдо бўлди. Яна у нимага мен ҳайратга тушмаяпман, деб ўйларди, пастгача беш километр масофа бор-ку. Хаёлан ергача бўлган ўша беш километрни тасаввур қилди, уни миясида айлантириб, ҳайратга тушмоқчи бўлди, тушмади.
– Одамзоднинг ўйлаб топганини қаранг! – деди у ҳамроҳига. У Чаппага бир қараб қўйди-да, ҳеч нарса демади, яна газетасини шитирлатаверди.
– Камарни тақиб олинг ! – деди кўҳликкина аёл. – Ерга қўнаяпмиз.
Чаппа бўйсунганча камарни тақди. Қўшниси эса парво ҳам қилмади. Чаппа уни секингина туртди:
– Камарларни тақиб олинг дейишаяпти.
– Ҳечқиси йўқ, – деди қўшниси. Газетани қўйди-да, ўриндиққа ястаниб олди, худди бир нима эсига тушиб қолгандай:
– Болалар – ҳаётнинг гуллари, уларни бош томони билан ерга экиш керак, – деди.
– Қанақасига? –тушунмади Чаппа. «Газетхон» қаттиқ кулиб юборди-да, бошқа ҳеч нарса демади.
Самолёт тез пастлай бошлади. Мана, ер ҳам кўринди… орқага ўқдай учиб бораётган заминга гўё қўл ўзатсанг етади. Ғилдираклар эса ерга теккани йўқ. Кейин биладиганларнинг айтишларича, учувчи «эплолмабди». Ниҳоят, ғилдираклар ерга урилди. Ҳамма уёқдан-бу ёққа қалқиб кетди. Ҳатто, тишларнинг такиллаши, ғижирлаши эшитила бошлади. Бояги «газетхон» эса жойидан учиб кетди ва кал боши билан Чаппага келиб урилди, сўнгра ойнага қапишиб қолди, кейин эса полга қулади. Шу вақт ичида ундан бирор марта ун чиқмади. Атрофдаги бошқалар ҳам овоз чиқармасдилар, бу эса Чаппани ҳайратга солганди. У ҳам жим эди. Ҳамма тура бошлади. Олдинроқ ўзига келганлар ойнадан қарашди ва самолёт картошка экилган далага қўнганини аниқлашди. Учувчилар хонасидан қовоғидан қор ёғилиб учувчи чиқиб келди ва эшик томон юрди. Кимдир астагина ундан сўради:
– Назаримда, биз картошка даласига қўн­дикми?
– Нима, ўзингиз кўрмаяпсизми? – жавоб қилди учувчи.
Ваҳима тугади ва баъзи бир шўхроқлар журъатсизгина ҳазиллашишга уриниб кўр­дилар. Тепакал «газетхон» ўзининг сунъий тиш қопламасини қидирарди. Чаппа камарни ечди-да, у билан бирга излай бошлади.
– Мана буми?! – қувноқлик билан сўради Чаппа ва қўлидагини унга узатди.
«Газетхон»нинг, ҳатто ялтироқ боши ҳам қизариб кетганди:
– Нима энди, албатта, қўл билан ушлаш керак эканми? – қичқирди у вишиллаб.
– Унда нима билан?..
– Мен энди уни қаерда қайнатиб оламан?! Қаерда?
– Юринг мен билан, – таклиф қилди Чаппа. Бу ерда менинг акам яшайди. Сиз мени мик­роб юқтирди, деб ўйлаяпсизми? Менда улар йўқ. «Газетхон» унга ҳайрон бўлгандай тикилиб қараб қолди ва қичқиришдан тўхтади.
Аэропортда Чаппа хотинига телеграмма юборди: «Ерга қўндик. Кўксимга настарин шохи узилиб тушди. Оппоғим, сен мени унутма, Васкагинанг».
Қоқсуяк, жиддий телеграфчи аёл телеграммани ўқиб, таклиф қилди.
– Бошқатдан ёзинг. Сиз кап-катта одамсиз, болалар боқчасидаги гўдак эмас.
– Нима учун? – сўради Чаппа. – Мен унга доим шунақа ёзардим. У менинг хотиним-ку. Сиз ўйлайсизки…
– Хатингизда нима деб ёзсангиз ёзаверинг, телеграмма эса алоқа тури. Бу очиқ матн.
Чаппа қайтадан ёзди. «Ерга қўндик. Ҳаммаси жойида, Васкагинанг». Телеграфчи аёлнинг ўзи яна иккита – «Ерга қўндик» ва «Васкагинанг», сўзларини тўғрилади, «Етиб келдик», «Василий» сўзлари қолди.
– «Ерга қўндик» эмиш, нима, сиз космонавтмидингиз?
– Ҳа, майли, – деди Чаппа. – Шундай бўла қолсин.
… Чаппа билардики, унинг Дмитрий деган акаси ва учта жияни бор… Бундан ташқари яна янгаси бўлиши мумкинлиги хаёлига ҳам келмаганди. Ана ўша янга ҳаммасини расво қилди. Нимагадир у Чаппани дарров ёқтирмай қолди.
Кечқурун акаси иккаласи ичишди ва Чаппа хирқироқ овоз билан қўшиқ айта бошлади.

Теракла-а-а-ар…

Софья Ивановна нариги хонадан мўралаб, ғазаб билан сўради:
– Қичқирмасликнинг иложи борми? Сиз вокзалда эмассиз-ку, тўғрими? – деди-да, эшикни қаттиқ ёпиб олди. Акаси Дмитрий ноқулай аҳволда қолди.
– Ҳалиги… У ерда болалар ухлаётган эди. Умуман, у унчалик ёмон эмас.
Яна ичишди. Болалик чоғларини, ота-оналарини эслашди…
– Эсингдами?.. – қувонч билан сўради акаси Дмитрий. – Айтганча, сен қаердан ҳам эслардинг. У пайтлари кичкина гўдак эдинг-ку. Мени сен билан қолдиришарди, мен эса сени қучоқлаб ўпаверардим, ўпаверардим. Бир марта, ҳатто, кўкариб кетгансан. Бунинг учун роса таъзиримни беришган. Кейин сен билан мени қолдирмайдиган бўлишган. Мен эса, барибир, уларнинг кўзини шамғалат қилиб сенинг ёнингга борардим-у, яна ўпаверардим. Жин урсин, нимага бунақа қилганман. Ўзимни эса ҳали бурним оқиб юрарди…ўша ўпишлар эса… билмадим бу…
– Айтганча, эсингдами?! – Чаппа ҳам эслашга тушди. – Сен қандай қилиб мени…
– Сизлар бақиришни бас қиласизларми, йўқми? – яна ғазаб билан сўради Софья Ивановна асаби бузилиб. – Кимга керак сизларни ўша бурун оқишларингу, ўпишишларинг ҳақида эшитиш. Ҳасратлашадиган жойни топибсизлар.
– Юр, кўчага чиқамиз, – деди Чаппа.
Кўчага чиқиб, ўриндиққа ўтиришди.
– Эсингдами? – давом этди Чаппа.
Аммо шу ерда акаси Дмитрий билан нимадир содир бўлди-ю, у йиғлаб юборди ва муштлари билан тиззасига ура бошлади.
– Мана, менинг ҳаётим! Кўрдингми? Одам ҳам шунчалик ғазабнок бўладими?! Қанчалик ғазаб!
Чаппа акасини овута бошлади.
– Эй, қўй, хафа бўлма. Керак эмас. Ҳеч қанақанги ғазабнок эмас, улар – жинни. Менда ҳам битта шунақаси бор.
– Хўш, айтчи, нима учун у сени ёқтирма­ди?! Нима учун? Ахир, сени ёқтирмади-ку! Айт, нима учун?
Фақат шундагина Чаппа тушунди: ростдан ҳам янгаси уни ёқтирмади. Нега? Сабаби нима?
– Биласанми, мана нима учун, чунки сен ҳеч қандай масъул одам, раҳбар эмассан. Мен бу аҳмоқни биламан. Эси оғиб қолган ўша «масъул одам»и билан. Унинг ўзи ким? Буфетчи бўлиб ишлайди бошқармада. Унинг ўзи ким бўлибди, ҳеч ким эмас. У ердагиларни кўриб дийдиёсини бошлайди… Унинг мени ҳам кўргани кўзи йўқ – «масъул киши» эмаслигим учун, қишлоқи эканим учун.
– Қайси бошқармада?
– Ҳалиги… тоғ… Ҳозир тилимга келмаяпти. Нимага тегди бўлмаса? Нима, у мени билмасмиди?
Худди шу ерда Чаппанинг ҳам жаҳли чиқиб кетди.
– Умуман олганда, гап ўзи нимада? –бақириб сўради у акасидан эмас, яна бошқа кимдандир сўрагандай. – Агар билсанг, ҳамма машҳур кишилар қишлоқдан чиқишган. Расми қора чизиққа олиниб, таъзиянома берадиганларнинг ҳаммаси қишлоқдан чиққан. Газета ўқиб туриш керак! Мансабдор дегани борки, иш фаолиятини қишлоқдан бошлаган.
– Мен унга неча бор исбот қилганман, қишлоқ одамлари яхшироқ, мустақил кишилар деб.
– Степан Воробьёвни эслайсанми? Сен уни билардинг-ку…
– Ҳа, албатта, билардим.
– Ўша ҳам қишлоқдан! Мана, марҳамат – қаҳрамон! Тўққизта танкни мажақлаган. Танкка юзма-юз борган. Энди унинг онасига бир умрлик нафақа тайинланган – олтмиш сўм беришади. Яқинда аниқлашди, шунгача бедарак йўқолган деб ҳисобланарди…
– Илья Максимовични айтсанг-чи!.. Биз фронтга бирга жўнаган эдик. Марҳамат – «Шуҳрат» орденининг тўлиқ нишондори. Аммо, сен унга Степан ҳақида айтма… Керак эмас.
– Майли. Ҳа, ҳалиги-чи!..
Ака-укалар яна анча вақт қизишиб, шов­қин солиб гаплашишди. Чаппа, ҳатто, қўлларини силкитиб остона атрофида айланарди.
– Қишлоқи эмиш, қаранг!..
– Ҳатто, унинг тоза ҳавоси қандай бебаҳо! Эрталаб шундоқ деразани очсанг, юзинг ювилгандай бўлади. Хоҳласанг уни ичишинг мумкин, шунчалик софки, ҳар хил гулларнинг ифорини айтгин.
Кейин улар чарчашди.
– Томни ёпдингми? – сўради акаси.
– Ёпдим, – деди Чаппа секингина. – Айвон қурдим, кўрсанг маза қиласан. Шундоқ кечқурун айвонга чиқасан… хаёл сура бошлайсан. Агар ота-онамиз тирик бўлса, сен болаларинг билан келсанг, ҳаммамиз бирга малинали чой ичиб ўтирсак. Малина бу йил жуда серҳосил бўлди. Дима, у билан жанжал қилма, бўлмаса баттар ёмон кўради. Мен ҳам мулойимроқ бўлишга ҳаракат қиламан, қарабсанки, ҳаммаси жойига тушади.
– Ахир, унинг ўзи ҳам қишлоқдан-ку! – қандайдир ғамгин оҳангда ажабланди Дмит­рий. – Болаларни ҳам қийнаб қўйди аҳмоқ, бирини пионина деб қийнайди, яна бирини фигурали учишга ёздириб келди. Юракни қон қилиб юборди, бир нарса десанг, дарров жанжал бошланади.
– Ҳм-м! – яна қизишди Чаппа. – Ҳеч тушунмайман буларни, мана, масалан, биттаси дўконда сотувчи – қўпол. Эҳ сизларни! Уйга келгач эса анавунақа. Мана, қаерда азоб! Мен эса тушунмайман! – Чаппа ҳам муштлари билан тиззасига урди. – Тушунмайман, нимага уларнинг бари қутургандай.
Чаппа эрталаб уйғонса, уйда ҳеч ким йўқ, акаси Дмитрий ишга кетган, янгаси ҳам. Болаларнинг катталари ҳовлида ўйнаб юришар, кичигини эса боғчага олиб кетиш­ганди.
Чаппа ўрин-тўшакни йиғиб, ювинди ва ўйлай бошлади: янгасига маъқул келадиган нима қилса экан? Шу пайт унинг кўзи болалар аравачасига тушди. «А-ҳа! – ўйлади Чаппа, – ҳозир унга шундай расм соламанки». У уйида печкасига шундай расм чизганида ҳамма қойил қолганди. Болалар бўёғини, чўткасини топди-да, ишга киришди. Бир соатдан кейин ҳаммаси тамом бўлди; аравачани таниб бўлмасди. Аравачанинг юқорисига арғамчи бўлиб учаётган турналарни, пастки қисмига гуллар, ўсимликлар, чумоли ва бир жуфт хўрозу жўжаларни чизди… Аравачанинг ҳар томонидан айланиб томоша қилди, ажо­йиб. Аравача эмас – ўйинчоқ. Тасаввур қилди: янгаси ишдан келиб кўради-да, шундай ҳайратга тушадики. У жилмайиб қўйди.
– Сен эса қишлоқи, дейсан Чаппавой. – У янгаси билан келишиб олмоқчи эди. Бола худди саватчада ётгандай сезарди ўзини.
Чаппа кун бўйи шаҳар айланиб юрди, дўконларга кирди. Жиянига қайиқча сотиб олди, ажойиб қайиқча, оппоқ, чироқлари ҳам бор. «Мен унга ҳам расм чизаман», ўйлади Чаппа. Соат олтиларга яқин Чаппа акасиникига кириб келди. Бўсағага яқинлашганда ичкарида акаси Дмитрий билан янгаси жанжаллашаётганларини эшитди. Умуман олганда, жанжални янгаси қилаётган, акаси Дмитрий эса фақат:
– Э, қўйсангчи, нима қилибди? Хўп, майли энди… Софья… қўйсангчи энди, – деб минғирларди.
– Эртагача бу аҳмоғингнинг қорасини ўчир бу ердан! – қичқирарди Софья Ивановна. – Эртагаёқ кетсин , тушундингми!
– Хўп, майли энди!.. Софья…
– Майли эмас! Майли эмас! Кутиб ўтир­масин, ҳозир жомадонини улоқтираман, жин урсин, тамом-вассалом!
Чаппа шошилиб бўсағадан узоқлашди. Кейин эса нима қиларини билмай қолди. Унинг яна қалби оғриди. Уни ёмон кўриб қолишганларида доим қалби озор чекарди. Даҳшатга тушарди. Ҳаммаси тамом бўл­гандай, яшагиси келмай қолгандай тую­ларди. Қаёққадир, одамлардан узоққа қочиб кетгиси, уни ёмон кўраётганлардан олисроқда бўлгиси келар ёки унинг устидан кулганларини эшитгиси келмасди.
– Нимага энди мен мунақаман-а? – деб афсусланарди у бостирма остида ўтирганича шивирлаб. – Ахир, унинг халқ ижодини тушунмаслигига ақлим етиши керак эди-ку.
У қоронғи тушгунча бостирма остида ўтирди. Юраги ҳамон оғрирди. Кейин акаси Дмитрий келди. Худди укаси Василий бу ерда анчадан бери ўтирганини билгандай, ҳайрон ҳам бўлмади.
– Қара… – деди у. – Анави, яна шовқин кўтарди. Аравачани… унақа қилмаслигинг керакмиди.
– Мен унга маъқул бўлади, деб ўйлаган­дим. Мен кетаман, акажон.
Акаси хўрсинди… аммо ҳеч нарса демади.
Чаппа уйига ёмғир шивалаб ёғаётган пайтда етиб келди. Автобусдан тушди-да, оёқ кийи­мини ечди ва илиқ нам ерда бир қўлида туфлисини, бир қўлида жомадон кўтарганча югуриб кетди. Сакраб, сакраб қўшиқ айтарди.

Теракла-а-р… Теракла-а-р…

Осмон бир чеккасидан очилиб келар, мовийлашиб борар ва қуёш ҳам қаердадир яқингинада эди. Ёмғир ҳам сийраклашиб, йирик томчилар кўлмакларни савалар, пуфакчалар ҳосил бўлар ва ёрилиб-ёрилиб кетарди. Бир жойда Чаппа тойиб кетиб, йиқилишига озгина қолди.
Ўттиз тўққиз ёшга кирганда – уни Василий Егорьевич Князев деб аташарди. У қишлоқда киномеханик бўлиб ишларди. Изқуварлар ва итларни жудаям яхши кўрарди. Шунинг учун болалигида шпион бўлишни орзу қиларди.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси