Чарли Бартл ўз турмуш тарзида гоҳида рўй бериб турадиган оғир вазиятлардан ҳам енгилгина, уларни юрагига яқин олмасдан чиқиб кета оларди. Зеро, Парижнинг мусаффо осмони ложувард тусга кириб, сарин шабадаларнинг ифори янги мусаллас ҳидини эслатадиган кунларда Чарлининг Рю Бред кўчасидаги болохонали уйлардан бирида жойлашган устахонаси кўзига у қадар ҳам фақирона ва хароб кўринмасди-да.
Ана шундай сафоли кунларда бу барно йигит кўчага чиқиб, ўзи яшайдиган даҳа бўйлаб кезар, турли дўконлардан эрталабки харидлари билан банд бўлган шўх-шаддод қизларга боқиб ҳузурланарди. Уларнинг эрталабки либосларидаги пала-партишлик ҳамда ранг-баранглик, бу олифта сатанглар оқшомлари кенг кўчалар бўйлаб ўзларини кўз-кўзлашиб, солланиб юрганларида кийиб оладиган ўта дабдабали ва бежирим кийимларидан мутлақо фарқ қиларди. Бу офатижон ойимқизлар эрталаб саҳармардондан кўкат ва сабзавотлар сотиладиган мўъжаз дўкончалар олдида тўпланишиб, қий-чув қилганча турли хил зираворлар, сабзавоту ошкўкиларни танлашга тушиб кетишар, ўзларини киройи уй бекалари қилиб кўрсатиш илинжида нарх-наво борасида сотувчилар билан талашиб-тортишардилар. Улардан айримлари ўз суратларини Чарлига чиздиришган, ва шунинг асносида даҳаларидаги ҳар хил миш-мишу ғийбатлардан сўзлаб, мусаввирни ҳам хабардор этиб турардилар.
Парижнинг эрталабки жонбахш ғала-ғовуридан олган таассуротлари ҳали тарқаб улгурмаган ёш мусаввир устахонасига қайтди-да, ўзи ҳозиргина гувоҳи бўлган шаҳар кўчаларининг қуёш нуридан янада музайянлик касб этиб, ҳаёт нафаси барқ уриб турган ранг-баранглигини матога муҳрламоққа киришди. Бундай лаҳзаларда у ўзининг санъат соҳасида ноёб бир дурдона асар ярата олиш салоҳиятига эгалигини англар ва бунга қайта-қайта иқрор бўларди.
Самони қўрғошин тусдаги рутубатли булутлар босиб, ҳеч қачон тугамайдигандек туюлгувчи ҳазин ёмғирлар тинимсиз силқиган кезлари эса Чарлининг палитрасидаги бўёқлар ҳам тундлашиб, кайфияти ҳам шунга яраша бўларди. Бундай кунларда у ўз студиясидаги ночор аҳволдан сиқилар ва сўнгги бир ой давомида тунларни тонгга улаб яратган картинасига ижирғангандай назар ташлаб, бу тасвирларнинг ҳаммаси бир пулга қимматлигини ҳис қилар, ўзининг ҳаддан зиёд қашшоқ ва ночор аҳволидан дилгир бўлиб, хўрлиги келиб кетарди.
Худди шундай маҳзун кунларнинг бирида Чарли трубкасини тишлари орасига қистириб, хаёли паришон, хомуш бир алпозда мўйқалами остидан эндигина чиққан сўнгги ижод намунасига тикилиб ўтирарди. У бироз муддат оғзидан қуюқ тамаки тутунларини бурқситиб асарига ўйчан тикилиб қолди-да, кейин матога кўчган барча тасвирларни буткул сидириб ташлаш ниятида қўлига мойбўёқ суртадиган куракчаси – мастихинини олди. Лекин, худди шу пайт, кутилмаганда ижодхона эшигини кимдир тақиллатди.
– Киринг, – деди баланд овозда мусаввир, ажабланган кўйи ортига ўгирилиб.
Хона эшиги оҳиста очилиб, ундан жуссаси кичик бўлса-да, миқтигина, боши кал, сал бесўнақайроқ қирғий бурунли, лекин оппоқ соқоллари ўзига ярашиб турган чолнинг нуроний чеҳраси кўринди. Унинг эгнидаги костюми бироз унниққан, соҳибига анчагина хизмат қилиб қўйганлиги шундоқ билиниб турса-да, қўлидаги узуги, бўйинбоғига қадалган олмос кўзли тўғнағичи ҳамда нимчасининг чўнтагидан осилиб турган қимматбаҳо соатининг қалин тилла занжири бу жаноб зинҳор қашшоқлар тоифасидан эмаслигини кўрсатиб турарди.
– О, мсье[1] Леир,– дея хурсанд бўлиб жилмайди рассом. – Марҳамат, ичкарига киринг. Сизни кўрганимдан бағоят мамнунман.
– Биламанки, бундай об-ҳавода сиз мўйқаламингизни қўлга олмайсиз. Шу боисдан ташрифим билан сизга кўпам халал бермасам керак, – деди меҳмон тавозе билан.
У шундай дея мольберт[2]да турган хомаки чизгиларга тикилиб қолди. Рассом эса унинг юзларига син солиб қараб турарди, бироқ чолнинг юз ифодасидан ҳеч нимани англаб бўлмасди.
– Хўш, бунга нима дейсиз?.. …Ёқмадими? – дея сўради Чарли, юзага келган сукутга ортиқ сабри чидамай.
– О, азизим, биласизми, сиз каби бугунги авлод ёшлари ниҳоятда бесабр. Нима, сизнингча бир парча мато, озгина бўёқ ва яна битта мўйқалам сотиб олибоқ, бирпасда дурдона асар яратиб қолармиди киши. Эҳ, ёшлар… ёшлар… сизда на сабру қаноат бор, на қунту иштиёқ… Ана, ўтмишдаги улуғ санъаткорларни, буюк мусаввирларни олиб қаранг, уларнинг бирортаси ҳам ижод борасида шошилишмаган. Ишонмасангиз Вазари[3]нинг китобларини қўлингизга олинг-да, би-ии-р ўқиб чиқинг. Шунда ўша буюк даҳоларнинг санъат йўлида қанчалар заҳмату машаққату риёзат чекканликларини билиб оласиз.
Чарли Бартл чолнинг бу гапларидан бироз асабийлашиб, ҳалидан буён қўлида тутиб турган куракчасини бир четга отиб юборди.
– Эй, бундай рассом бўлгандан кўра, кўча супурадиган фаррош бўлганим минг карра аълороқ эди! – дея хитоб қилди у аламзадалик билан. – Мен яшамаяпман ахир… биласизми, шунчаки кун кўряпман, умримни беҳуда елга совуряпман, холос! Шу кунга қадар бирорта ҳам асаримни сота олганим йўқ! Модомики, қўлимдан ҳеч иш келмас экан, менинг чизганларимга бунчалик ҳайратланиб тикилишингиздан нима наф?
Чол бамайлихотир хона бурчагидаги оромкурсига чўкди, нимчасининг чўнтагидан охиригача чекиб тугатилмаган сигарани чиқариб, унинг кўмирга ўхшаб қотиб қолган қатронли, бадбўй учларини ғижимлаб юмшатди-да, лабларига қистириб, гугурт чақди. Унинг сигарани шошилмасдан ичига тортиб, бурама тутунлар чиқаришдан қанчалар ҳузурланаётганлиги рўйи рост билиниб турарди. Бу одам ўз умри давомида не-не мусаввирлар билан ошно тутинмади, дейсиз. Аммо унга таниш рассомларнинг деярли бирортасининг ҳам ҳаётда омади чопмаганди, у билган мўйқалам соҳибларининг деярли ҳаммаси ҳам санъат йўлига кирган чоғларида қандай омадсиз бўлсалар, умр шомига етганларида ҳам шундай нотавон бўлиб қолаверишган. Шу билан бирга жаноб Леир мусаввирлик касбини танлаган киши, агар у ўта омадли инсон бўлган тақдирда ҳам, ҳаётда жуда кўп машаққатли ва оғир синовларга рўбарў келиши муқаррарлигини яхши биларди. Ҳатто даҳоларнинг ҳам вақти келса оч қолиб, бир бурда нонга зор кунлари бўлган, уларнинг аксариятига шон-шуҳрат ва мартаба деганлари, бу фидойи жонлар қалбини аламу изтироблар, армону омадсизликнинг доғи еб битиргандан сўнггина насиб этган, натижада уларга ўзлари эришган рутбаю шуҳратнинг гашти ҳам татимаган. Лекин шундай бўлса-да, чол рассомларни жуда ёқтирар ва улар билан бўладиган дилкаш суҳбатлардан олам-олам завқ оларди. Қолаверса, бундай бўлиши табиий ҳам эди, негаки, у ўзи эга бўлган молу давлатга, айтиш керакки, эндиликда кўпчиликнинг ҳавасини келтирадиган беҳисоб бойликларига, айнан мана шу рассомларнинг кўмагида мушарраф бўлганди. Жаноб Леир ишбилармон корчалон бўлиб, у асосан тасвирий санъат асарлари савдоси билан шуғулланарди.
У бошқалардан анча илгари, импрессионист[4] рассомларнинг асарлари вақти келиб яхшигина фойда келтириши мумкинлигини пайқаганди ва имкон топди дегунча, уларнинг картиналарини сотиб олаверди, шу билан бу тоифадаги рассомларнинг неча-нечасини, қашшоқлик ва ночорлик чангалидан қутқариб қолди. Кейинчалик, бутун башарият аҳлига Мане[5] ҳам Моне[6] ҳам, ва ҳатто Сислей[7] ҳам буюк мусаввирлар эканлиги аён бўлганида, жаноб Леир бир пайтлар арзимас нархда харид қилган асарларни катта пулга сотиб, энг бой одамлардан бирига айланди-қолди.
Унинг яккаю ягона қизи бўлиб, у нью-йорклик тижоратчига турмушга чиққанди, дарвоқе, жаноб Леирнинг куёви ҳам айнан тасвирий асарлар савдоси билан шуғулланарди. Леирнинг ўзи эса хотини ўлиб, тул қолгач: “Энди қолган умримни тинчгина, ҳузур-ҳаловатда яшасам ҳам бўлаверар”, – деган қарорга келди. У баъзан ортига қараб, ўзи бир пайтлар асарларини арзон-гаров сотиб олган мусаввирлар шунчаки тижоратдаги мижозлари эмас, балки энг яқин дўстлари бўлганлигини ўйлаб, таскин топарди. Сўнгги пайтларда у ҳали ҳаёт бўлган кекса мусаввирларнинг устахоналарига бориб, улар билан суҳбатлашишдан ҳам ўзгача роҳат туярди. Шу ишқибозлиги туфайли кекса тадбиркор ўзи яшайдиган уйнинг юқори қаватига Чарли Бартл деган ёшгина бир рассом кўчиб келганини эшитгач, табиийки, у билан танишиш имкониятини қўлдан чиқармади.
Навқирон рассом чолнинг Монмартр[8]да яшаб, қашшоқликда кун кечирган мусаввирлар, актёрлар ва шоирлар ҳаётида юз берган аломат воқеалар, қизиқарли кечмишлар ҳақидаги хотираларини жон-қулоғи билан тингларди. Уни собиқ тужжорнинг санъат аҳлига бўлган ўзгача меҳр-муруввати, самимий хайрихоҳлиги тамоман маҳлиё қилиб қўйганди. Жаноб Леирнинг унга муносабати шу қадар самимий ва бегидир эдики, натижада кўп ўтмай Чарли унга ўзининг кўнглида бор дарду ҳасратларини айтиб берадиган, орзу-ўйлари, шон-шуҳратга эришиш борасидаги режалари билан ўртоқлашадиган бўлиб қолди. Чол ҳам ҳаётда деярли ёлғиз яшарди, шу сабабли у ҳам тез орада ёш рассомга жуда боғланиб, у билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Чол эндиликда ўзининг олди-сотди ишларидан батамом қутулиб, фаолиятига якун ясаганди; энди дўстларини ҳам корчалонлик назари билан эмас, балки айнан кўнглининг амрига кўра танлаши мумкин эди. Бироқ, шундай бўлса-да, уни баъзан навқирон дўсти мўйқаламидан чиққан ишларнинг хийла ўртамиёналиги, истеъдод ёлқинларидан бебаҳралиги ташвишлантирар ва ҳатто ранжитарди ҳам.
– Ҳа-а… назаримда бугунги кун сизга бироз нохушроқ бошланганга ўхшайди, – деди чол, оталарча меҳрибонлик ила жилмайиб.
– Биласизми, мен ҳам сиз каби яшашни ва бутун умр айнан сиз қилган иш билан шуғулланишни истардим… Агар шундай бўлганда эди, ҳозиргидек ижара учун пулни қаердан топсам экан, деб бошимни қотириб ўтирмасдим. Мана, пулни тўлаш муддати ҳам келди, чўнтагимда эса ҳемири йўқ, – деди унга жавобан рассом истеҳзоли кулиб.
– Бугунги кунда тасвирий санъат асарлари билан савдо қилиш – ҳалол кишининг иши бўлмай қолди, – деди жаноб Леир ўта жиддий оҳангда. – Бу ишлар бизнинг давримизда тамоман бошқача эди! Тўғри, бизнинг ҳам ўзимизга яраша хасислигимиз бор эди. Лекин ҳалол ўйнар эдик, зинҳор фирибгарлик, кўзбўямачилик қилмаганмиз. Энди, бугун-чи… ҳамма ишлар ими-жимида, боз устига ўта ғирромлик билан амалга оширилади. Дуч келган жойда, деярли ҳар қадамингда панд еб қолишинг ҳеч гап эмас.
– Қайси пулингга кун кўришингни ҳам билмайсан киши, – дея дийдиёсини давом эттирарди ёш рассом. – Эртага мен хонам ижараси учун нақд уч юз франкни қуртдек санашим керак, менда эса шунча пул тугул, бир сантим ҳам йўқ. Ҳатто нон олгани ҳам сариқ чақам қолмади. Манави чизган картиналаримнинг ҳам бировга кераги йўқ.
Жаноб Леир навқирон дўстига ачиниш билан қараб қўйди-ю, бироқ лом-мим демади. Чарли бўлса камин устидаги токчага, чиройли гардишга солинган хушрўйгина қиз портретига қараганча, сўзида давом этарди:
– Эрталаб Розадан мактуб келди. Унинг ота-онаси Роза мендан воз кечишини талаб қилишаётган экан. Уларнинг фикрича, менинг қачондир ўз кунимни кўриш учун пул топа олишимга ишониш – мутлақо бемаънилик, тўғрироғи, аҳмоқлик эмиш.
– Хўш, қаллиғингиз нима деяпти, ота-онасининг гапига кўнибдими?
– Йўқ, кўнмаган, албатта, – деди қатъий ишонч билан Чарли. – У менга содиқ. Аммо бу – бизлар тағин кутишимиз,бир умр кутишимиз лозим дегани эмасми? Бу аҳволда, гулдек ёшлик йилларимиз ҳам ўтиб кетади, чоғи. Очиғини айтсам, нима қилишни ҳам билмай қолдим.
Рассом йигит чуқур хўрсинди-да, яна маҳзун ўй-хаёлларига берилди.Чол эса ҳамон унга ажиб бир самимият ва ачиниш билан, индамай тикилиб турарди. Лекин бироз ўтгач, кутилмаганда шундай савол берди:
– Хўш, Розанинг отаси қизини сизга бериш учун қандай шарт қўйган ўзи?
– Биласизми, Розанинг банк ҳисоб рақамида беш минг франкча пули бор. Шунинг учун ҳам қизнинг отаси токи менинг ҳам ўз шахсий ҳисобимда айнан шунча миқдордаги пулим бўлмагунча, ёки йиллик даромадларим икки юз эллик франкка етмагунича, бизнинг никоҳимизга розилик бермаслигини маълум қилган. Энг ёмони шуки, унинг бу гапларида жон бор. Мен ҳам қиз отасининг фикри жўяли ва ҳақлигига аминман. Ахир Роза мени деб бор-будидан айрилишини ва ўзим каби қашшоқ бўлиб қолишини истамайман-ку.
– Билмадим, хабарингиз борми-йўқми, – дея гап бошлади жаноб Леир бироз сукутдан сўнг, – менинг куёвим Нью-Йоркда антиквар буюмлар ва тасвирий санъат асарлари савдоси билан шуғулланади. Менинг ўзим, нафақага чиққанимдан сўнг, бу ёғига сираям картиналар олди-соттиси билан шуғулланмайман, деган қарорга келгандим. Аммо, сиз – навқирон дўстим, менга жудаям маъқулсиз, сизга айрича меҳрим бор, шу важдан, сизга ёрдам бермоқчиман. Қани, менга асарларингизни кўрсатинг-чи. Мен уларни куёвим Рудольфга жўнатаман; ким билади дейсиз, балки Рудольф уларни Америкада сотишга муваффақ бўлар.
– О, мсье, сиз бағоят саховатпеша ва меҳрибонсиз! – ҳайқириб юборди Чарли.
Чол оромкурсига жойлашиброқ ўтириб олди, ёш рассом эса бирма-бир ишларини мольберт устига келтириб қўя бошлади. Уларнинг сони ўн-ўн беш чоғли эди. Жаноб Леир уларнинг ҳар бирига ўта жиддий бир тарзда, зийраклик билан тикиларди. У гўё яна, маълум муддатга бўлса-да, тасвирий санъат асарлари билан савдо қиладиган ва ҳеч қачон кўнглида кечаётган ҳис-туйғуларини сиртига чиқармайдиган тужжорга айлангандек эди. Шу топда унинг мубҳам юз-кўзига қараб, ҳеч ким бу чолнинг у ёки бу суратга нисбатан аниқ фикрини уқиб, билиб ололмасди.
– Балки, шунинг ўзи етар, – деди Чарли энг сўнгги асарини намойиш қилар экан. – Сиз нима деб ўйлайсиз, менинг картиналарим америкаликларга маъқул келармикан? Бундан уйланиш учун етарли пул топа олармикинман?
– Ҳов, анави ердаги нима? – сўради чол, хона бурчагида юзи деворга қаратиб қўйилган, бироқ негадир Чарли унга кўрсатишни лозим топмаган картинага ишора қилиб.
Рассом индамай асарни олиб келди-да, мольберт устига ўрнатди. Жаноб Леир унга кўзи тушар-тушмас, нимадандир сескангандек қалқиб тушди, кейин унинг чеҳрасидаги мубҳамлик бир зумда ғойиб бўлди.
– Ўҳ-ҳў-ў, бу Ватто[9]нинг иши-ку! – дея ҳайқирди у. – Бу картина сизга қаердан келиб қолди? Буни қаранг-а, уйингизга кимсан Ваттонинг асарини бекитиб олиб, тағин ўзингизни ночор ва қашшоқ кўрсатиб, ҳаётдан нолиб ўтирибсиз-а! Мен бу картинани уйланишингиз учун керак бўладиган пулдан икки баравар қимматига сотиб беришни ўз бўйнимга оламан.
– Йўқ, илтимос, шошилманг, мсье…Сиз бу ишга яна бирқур синчковлик ила қаранг, – дея кулимсиради Чарли.
Чол ўрнидан турди, мольберт ёнига келди-да, гуё картина матосини нигоҳлари билан тешиб юборгудек тикилиб қолди. Унинг қароқларини ажиб бир завқ, ҳайрат ва мафтунлик ҳислари порлатиб юборди.
Тасвир туширилган матода ажойиб кўл ва унинг соҳилида бири-биридан башанг кийинган кишилар гуруҳи, хусусан, юксак дид ва жозиба билан кийинган хонимларнинг ўз даврасига худди узукка кўз қўйгандек муносиб, ёрқин кийимлардаги хушбичим ва барно йигитлар билан ноз-карашма ила суҳбат қилишаётгани акс эттирилганди. Суратга боққан киши беихтиёр: “Ким билсин, бу масрур издиҳом иштирокчилари эҳтимол Расин[10]нинг шеърлари ҳақида, ё бўлмасам Мадам де Севинье[11]нинг мактублари борасида қизғин суҳбат қилишаётганмикан?” – дея ўйлаши мумкин эди.
Ложувард кўлнинг ойнадек сокин сатҳида самони оҳиста кезиб юрган паға-паға оппоқ булутларнинг акси кўриниб турибди. Дов-дарахтларнинг қизғиш-қўнғир шох-бутоқлари эса куз яқинлашиб қолганидан дарак беради. Ҳали батамом сарғайиб улгурмаган ўрмон четида баҳайбат эманлар ҳамда қайрағочлар тўпи кўзга ташланади. Картинадаги қизғиш ва яшил ранглар жилоси ниҳоятда жонли бўлиб, уларнинг ёрқинлиги ва бўёқдорлиги ҳар қандай томошабинни ўзига ром қилиб қўярди.
– Ваттонинг имзоси қўйилган, мана шундай беназир асарларини кўриш менга унча кўп ҳам насиб этмаган, – деди чол.
– Сизнинг бу сўзларингиз мени жуда мамнун қилди, жаноб, – дея кулимсираб қўйди Чарли. – Ахир бу…бу – бор-йўғи кўчирма нусха, холос. Унинг асл нусхаси мен Англияда танишиб қолганим – бир кекса инглиз хонимнинг шахсий коллекциясида бўлган. Англияда ниҳоятда серёмғир кечган ўтган йилги ёз мавсумида мен ўша асилзода хонимникида меҳмон бўлдим. Шунда сурат эгасининг рухсати билан Ваттонинг ушбу асаридан кўчирма қилгандим. Менимча, ишим ёмон чиқмаган шекилли.
– Э, ҳа, ҳали бу кўчирма нусха денг? – қичқириб юбораёзди. – Демак, кўчирма нусха? Унда асарнинг асл нусхаси ҳозир қаерда? Балки уни сотишга рози бўлишар?
– Ҳалиям эски одатларингизни ташламабсиз-да, мсье, – очиқчасига кулиб юборди рассом. – Афсуски, мен шу асардан кўчирма олганимдан сўнг орадан бир ой ўтиб, кампирнинг уйида ёнғин содир бўлган ва унинг бутун коллекцияси ёниб кул бўлган.
Жаноб Леир чуқур хўрсинди-да, бир муддат хаёл суриб қолди, кейин кутилмаганда, шоша-пиша Чарлига синовчан назар ташлади.
– Янглишмасам, ҳали сиз ижара ҳақи учун уч юз франк зарурлигини айтгандингиз, – деди. – Демак, мен мана шу кўчирма нусхангизни ўша нархда сотиб оламан.
– Ие, нималар деяпсиз, мсье! Бошқа қиладиган ишингиз йўқми? Уни сизга текинга бераман. Ахир сиз ҳамиша менга меҳр кўрсатиб, ғамхўрлик қилиб келгансиз…
– Эҳ, азизим, ҳалиям ёш болаларнинг гапини гапирасиз-а! Яхшиси сиз қоғоз-қалам олинг-да, ушбу асар учун мендан пул олганингиз тўғрисида тилхат ёзиб беринг, – деди чол қайсарлик билан. У шу гапларни айтатуриб, ён чўнтагидан учта яхлит юз франклик қоғоз пулни чиқарди-да, стол устига қўйди.
Чарли бир лаҳза иккиланиб турди, кейин бу пуллар айни пайтда ўзига сув билан ҳаводек зарурлигини ўйлади. Ахири, наилож дегандек елкасини қисди ва стол ёнига ўтириб, тилхат ёзишга киришди. У тилхатни ёзар экан, хаёлига бир хавотир оралади:
– Мсье Леир, айтинг-чи, ишқилиб сиз менинг бу кўчирма нусхам билан бирор фирибгарликни режалаштирмаяпсизми? Йўқса, ушбу асарни асл нусха сифатида тақдим этмасликка сўз бермагунингизча уни сизга сотолмайман, – деди тажрибали савдогарлардек.
Жаноб Леир истеҳзоли кулди:
– Модомики, шундан ташвиш тортаётган бўлсангиз, марҳамат, унда Ваттонинг имзосига бўёқ чапланг-да, устидан ўз исми шарифингизни ёзиб қўя қолинг.
Чарли у айтгандек қилди.
– Тағин сиз Чарли менга ишонмас экан, деган хаёлга бориб юрманг, – деди у қарияга тилхатни тутқазар экан, – шунчаки, бу ишимиз айрим иродаси бўш, тўғрироғи, инсофсиз савдогарларнинг нафсини ҳакалак оттириб юбормасин, дейман-да.
Жаноб Леир қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди, кейин Чарли ёзган тилхатни чўнтагига жойлаб, мольбертдан Ватто асарининг кўчирма нусхасини олди.
– Мен бу асарингизни ҳозирнинг ўзидаёқ олиб кетаман, қолганлари учун эса хизматкор аёлни юбораман, – деди чол; кейин, эшик олдида тўхтаб, қўшиб қўйди: – Ишларингиз менга жуда ёқди. Мен бу ҳақда куёвим Рудольфни хабардор қиламан. Имоним комилки, менинг фикримга у беэътибор қарамайди. Бас, шундай экан, орадан муайян фурсат, айтайлик, бирор ой ўтгач, мен сизнинг устахонангизга келиб, азизим, энди сиз бемалол уйланишингиз мумкин, бунинг учун имкониятингиз бор, дейдиган бўлсам, зинҳор ҳайрон бўлиб юрманг.
Қария пастки қаватдаги уйига тушиб, кўчирма нусхани ўз қўллари билан почта жўнатмасига хос тарзда ўраб, ўша кунинг ўзидаёқ Нью-Йоркка, куёвига жўнатиб юборди. Жўнатмага илова қилинган мухтасаргина хатида, у мактубни олувчига, сотиб бериш учун картина юбораётганини ҳамда сотилажак картина баҳосидан ўзи неча фоиз улуш олишини маълум қилди. Қоронғи тушиб қолгани боис, чол ҳар кунги одатига кўра, кечки овқат олдидан бир қадаҳ ўткиргина ичимлик ичиб олгани тамаддихонага кирди. Кейин, нимадандир хурсанд бўлиб, ҳингир-ҳингир кулганича, яна бир нома ёзди, уни ҳам тезкор почта билан ўша куниёқ жўнатиб юборди. Ушбу мактубнинг мазмуни қуйидагича эди:
“Нью-Йорк шаҳри божхонаси бошлиғига.
Муҳтарам сэр!
Яқин кунлар ичида айнан Сизнинг божхонангиз орқали машҳур рассом Ваттонинг асл нусхадаги асарини Чарльз Бартл томонидан амалга оширилган кўчирма ниқоби остида олиб ўтишга уриниш юз бериши мумкинлиги ҳақида Сиз зоти муҳтарамларини огоҳлантирмоқчиман.
Агар асардаги Бартлнинг исми шарифини сидириб ташласангиз, унинг остида асл муаллиф, яъни буюк француз мусаввирининг ҳақиқий имзосини кўришингиз мумкин. Ушбу мудҳиш жиноятнинг олдини олиш учун ўзингиз лозим топган ҳар қандай чорани қўллашга ҳақлисиз.
Камоли ҳурмат ила
хизматингизга доим камарбаста –
Софдил одам”.
Ушбу мактубни олувчидек масъул лавозимда ишлайдиган кишиларни бу каби хатлар табиийки беэътибор қолдирмайди. Улар бундай огоҳлантиришдан сўнг ўз ишларида юз чандон сергак тортиб, қулоқлари динг, кўзлари дурбин бўлиб кетадилар. Шу сабабли ҳам Рудольф Кюн ўзига юборилган картинани олиш учун божхона идорасига келганида ҳамма унга шубҳаланиб қараётганини сезди. У божхоначиларни ўзига келган картина зинҳор асл нусха эмаслиги, бор-йўғи ундан олинган кўчирма эканлигига ишонтиришга қанчалар уринмасин, бари беҳуда кетди. У ҳатто жаноб Леир ҳар эҳтимолга қарши хатга илова қилиб юборган Чарли Бартлнинг тилхатини ҳам ўз фикрига далил сифатида кўрсатди. Божхоначилар ҳатто уни эшитишни ҳам исташмади, боз устига очиқчасига унинг устидан кулишиб, мазах қилишди. Зеро, улар бундай ҳолга илк бор дуч келмаётгандилар, антиквар буюмлар савдоси билан шуғулланувчи айрим учарларнинг давлат божини тўлашдан қочиб, ўйлаб топадиган турли ҳийла-найрангларини кўравериб, уларнинг кўзлари пишиб кетганди.
– Ўйлайманки, мен сизга бир сирни очсам, ҳайратдан ёқа тутиб қоласиз, жаноб, – деди божхоначи Рудольфга худди “биз ҳам анойилардан эмасмиз” деган оҳангда. Кейин эса: – Бизга келиб тушган маълумотларга кўра бу картинада шахсан Антуан Ваттонинг имзоси қўйилган, – деди истеҳзоли жилмайиб.
– Нималар деяпсиз… жаноб… агар чиндан ҳам сиз айтгандек бўлиб чиқса, мен ёқамни тутибгина қолмасдан, ҳатто ҳайратдан тилимни йўқотсам керак, деб ўйлайман, – Рудольф Кюн ушбу сўзларни айни божхоначининг оҳангида, ўзгача киноя ва аламзадалик билан айтди.
Божхоначи лом-мим демасдан сурат бурчагидаги “Чарльз Бартл” деган имзони миттигина пичоқча билан оҳиста қиртишлай бошлади, орадан унча кўп ўтмай, унинг остидан машҳур француз рассомининг фамилияси кўринди.
– Хўш, энди бунга нима дейсиз? – ғолибона овозда сўради божхона ходими.
Рудольф Кюннинг кўзларида ғалати учқун порлади. Аммо уддабурон тижоратчи гарчанд, айни лаҳзаларда қайнотасининг айёрона ҳийласини англаб етган бўлса-да, ўз ҳиссиётларини божхоначиларига ошкор қилишни истамади; аксинча ўзини ушбу воқеадан ҳангу манг қолгандек ёхуд ноқулай аҳволга тушгандек тутиб, қўлларини икки томонга ёйди.
Кейин эса жуда катта миқдордаги давлат божини, шунингдек, божхона ходимларини алдашга уринганлиги учун сезиларли миқдорда жарима пулини тўлаб, суратни ўзи билан олиб кетди. Картинани уйига олиб борганида Рудольф Кюн ниҳоятда хурсандлигидан беихтиёр рафиқасининг юзларидан ўпа кетди. Илгари эрининг ҳечам бундай одати йўқлигини билган аёли анграйганча унга кулиб қараб турарди.
– Рэйчел, азизам, биласанми… отанг ҳечам ўзгармабди, у ҳалиям Европадаги энг учар савдоргарлардан бири! – деди Рудольф ҳаяжондан ҳайқириб, кейин хотинининг белидан маҳкам қучди.
Хотини ундан нега отаси ҳақда бундай деяётганини сўради, бироқ омадли тужжор унга жавоб қилишни лозим топмай, бошини масрур лиқиллатганча, кулимсираб қўя қолди.
Аввалдан кутилганидек, бу янгилик нью-йорклик газетачиларга тезда маълум бўлди. Ва воқеа юз берган куннинг эртасигаёқ, оммавий ахборот воситалари саҳифалари ушбу шов-шувли ҳодисанинг турлича талқинлари ва унга бағишланган мақолалар сарлавҳаси билан тўлиб кетди. Уларнинг аксариятида антиквар буюмлар савдоси билан шуғулланувчи ҳаммага яхши таниш бўлган Рудольф Кюн машҳур француз мусаввири Ваттонинг мўйқаламига мансуб дурдона картиналардан бирини “кўчирма нусха” ниқоби остида божхонадан ўтказаётганида шармандаларча қўлга тушгани ҳақида ёзилганди. Ушбу ҳодиса кўпгина мақолаларда “айёр олибсотарнинг пухта ишланган фирибгарлигини фош этишга муваффақ бўлган божхона хизмати ходимларининг навбатдаги ва энг салмоқли ютуқларидан бири” сифатида тақдим этилганди.
Газеталарнинг кўтарган шов-шувлари натижасида бирпасда картинага харидор ҳам топила қолди. Бу жаноб эски мусаввирларнинг картиналарини сотиб олишга муккасидан кетган бир миллионер бўлиб, у рўзномалар саҳифасида ушбу воқеа тўғрисида ўқиши биланоқ, Рудольф Кюннинг дўконига қараб шошганди. Харидорга картинани кўрсатишганида, у момақалдироқдек овози билан хохолаб юборди.
– Э-э-эй, жасоратингизга қойилман-эй! – деди у кулгисидан нафаси тиқилгудай бўлиб. – Шундай асарни “кўчирма нусха” деб ўтказишга қандай журъат қилдингиз-а?! Э-э-э… офарин… қойил сизга-ей…
– Мен божхоначиларга ушбу ишни амалга оширган рассомнинг шахсан ўз қўли билан битилган тилхатини ҳам кўрсатдим, – дея елка қисиб, кулимсираганча эътироз билдирди Рудольф Кюн. – Шундай экан, бу асл нусха эмас, балки асарнинг кўчирма нусхаси, холос. Буни Париждаги эгаси ҳам кўчирма сифатида харид қилган.
Шунда миллионер харидор худди “биз ҳам ул-бул нарсанинг фарқига борамиз” дегандек, айёрона жилмайиб, Рудольфга тикилди.
– Биласизми, мен учун Сэм тоғам[12] божхонасининг ўзиёқ энг ишончли кафолат ҳисобланади. Картинангизга эллик минг доллар бераман.
– Олтмиш минг, – дея савдога аниқлик киритди совуққонлик билан тужжор Кюн.
– Ҳа, сиз айтгандек “кўчирма нусха“ учун бу ёмон нарх эмас, – истеҳзоли жилмайди миллионер. – Лекин, майли… барибир уни сотиб оламан.
Картина уни божхонадан “кўчирма нусха” ниқоби остида олиб ўтишга уринганлиги учун Рудольф Кюн жарима тўлагани тўғрисидаги ҳисоб қоғози, шунингдек, ундан давлат божи ундирилгани ҳақидаги гувоҳнома билан бирга сотилди. Бас, шундай экан, бу каби ишончли далиллар бўлгач, мазкур асарнинг чиндан ҳам Ваттонинг қаламига мансуб умрбоқий санъат дурдонаси эканлигига ҳеч ким шубҳа билдира олмасди.
Орадан бир-икки ҳафта ўтгач, жаноб Леир, чиндан ҳам ёш рассомни йўқлаб, унинг уйига ташриф буюрди. У хона ўртасига бориб, индамасдан, у ердаги стол устига нақд элликта юз фунтлик пулни қўйди.
– О-о… жин урсин… тағин нималар қилиб юрибсиз, мсье? Бу пуллар қаердан келди?.. Нега уларни бу ерга сочиб ташлаяпсиз? – ҳайқирди Чарли. Аммо унинг пулларга кўзи тушиши биланоқ, ҳаяжондан кўз олди қоронғилашиб кетгандек бўлди.
– Бу ерда роппа-роса беш минг фунт пул турибди, – деди қария. – Мен йирик қоғоз пулларни сиз ҳам бир кўринг, кўзингиз қувонсин, хурсанд бўлинг, деган ният билан атайлаб, майдалаттирдим.
– Бу нима деганингиз, мсье?.. Гапингизни тушунмадим?
– Ҳозир тушуниб оласиз. Сабаби оддий… Бу пулларни мен сизнинг картинангиз учун олдим. Ана, энди сиз бемалол уйланишингиз мумкин. Агар хоҳласангиз, албатта.
Чарли ҳанг-манг бўлганча қарияга тикилиб қолди. Ишқилиб, чол унинг устидан кулмаётганмикин? Бироқ мсье Леир ҳар доимгидек навқирон дўстига очиқ чеҳра билан, меҳр-ла боқиб турарди. Кейин у ёш рассомнинг нақадар ҳайратга тушаётганлигидан айрича завқ туйиб, ўз ишидан мамнун ҳолда қўлларини бир-бирига ишқаб қўйди. Ниҳоят, чол бўлган воқеаларнинг ҳаммасини бир бошдан, оқизмай-томизмай Чарлига сўзлаб берди.
Чарли, калифорниялик аллақандай пулдор бойвачча унинг асарларидан ҳайратга тушиб, азбаройи ёқтириб қолганидан биттасини ҳам қолдирмай сотиб олганини эшитганида, ҳойнаҳой туш кўраётган бўлсам керак, деган хаёлга ҳам борди.Чарлининг миясида пайдо бўлган эзгу ниятлардан яна бири: асарларимга мухлис бўлиб қолган ўша ғаройиб саховатпешага, валломат пулдорга албатта, миннатдорлик хати битишим керак, деган ўй бўлди. Бироқ, мсье Леирнинг айтишича, бунинг иложи йўқ экан. Сабаби картиналарни харид қилган миллионер ўз манзилини сир сақлашни маъқул кўрганмиш. Қолаверса, америкалик миллионерлар айнан шунақа ғаройиб ишлари билан ҳам машҳур эмишлар.
– Қадрдоним… азиз дўстим, сиз фурсатни бой бермай, бу пулларни олинг-да, зудлик билан банкка топширинг, – дея буйруқ оҳангида ўз сўзларини тугатди қария. – Ҳа-я, дарвоқе… Яна… бир хонимга шошилинч телеграмма юборишингиз кераклигини ҳам унутманг…
Леир шу сўзларни айтар экан, стол устига териб чиқилган пулларни бирма-бир йиғиштириб, ёш рассомнинг чўнтакларига солиб қўйди. Шундан сўнг улар икковлашиб уйдан чиқдилар.
Чарли кўча бўйлаб борар экан, худди эсдан оғиб қолган одамдек каловланарди. Чол уни кўз қири билан кузатиб қолар экан, рассом дўсти чиндан ҳам банк томонга қараб кетаётганлигига ишонч ҳосил қилди, шундан сўнг яна ўз уйига кўтарилди.
У шкаф эшигини оҳистагина очиб, у ердан Чарли Бартл чизган картиналарни олди. Чол уларни бирма-бир бежирим безак билан ишланган ёғоч гардишларидан чиқариб, ловуллаб ёнаётган камин ичига улоқтирди. Ёш мусаввир дўстининг асарлари оловга тушгач, қандай буришиб, тиришиб бораётганлигини, “қисир-қисир, висир-висир” овоз чиқариб ёнаётганлигини кўриб, мийиғида кулиб қўйди. Кейин чол қўлига болта олиб, картиналарнинг ёғоч гардишларини авайлаб қисмларга ажратди-да, худди ўтин саржинларидек камин ёнига тахлаб қўйди.
– Бу тахтачалар ҳам энди каминни иситиш учун асқотади, – дея ўзига ўзи кулиб қўйди у ва хонани тартибга келтириш учун хизматкор аёлни чақирди.
Жаноб Леир шу топда ёғоч гардишларни ўтин қилиб ёқиш орқали ҳам бир неча сантимни иқтисод қилганлигини ўйлаб, ўзидан мамнун бўлиб қўлларини артди. Аммо у бундан бир неча дақиқа аввал ўз ихтиёри билан нақд беш минг фунт пулнинг баҳридан ўтганини мутлақо эсидан чиқариб юборганди.
Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 2-сон
___________________
[1] Мсье – жаноб (фр.). (Бу ва бундан кейинги изоҳлар таржимонга тегишли).
[2] Мольберт – рассомларнинг расм чизишда қўлланадиган махсус дастгоҳи.
[3] Джорджо Вазари (уни баъзан Аретино ҳам дейишади, 1511–1574 йилларда Флоренцияда яшаган) – итальян рассоми, архитектори ва ёзувчиси. Асосан, италиялик машҳур рассомлар ҳаётига оид биографик асарлари билан донг таратган.
[4] Импрессионизм (фр. impressionnisme, impression – таассурот сўзидан олинган) – тасвирий санъатнинг ўзига хос йўналиши. Мазкур йўналиш Францияда XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида пайдо бўлиб, кейин бутун дунёга тарқалган. Импрессионизмнинг асосий мақсади инсон онгидаги борлиққа нисбатан муносабат ва таассуротларнинг қанчалар ўзгарувчан эканлиги, онийлигини ифодалашдан иборатдир.
[5] Эдуард Мане́ – 1832–1883 йилларда Парижда яшаб ўтган машҳур француз мусаввири, ўймакор наққоши. Э.Мане тасвирий санъатдаги импрессионизм йўналишининг асосчиларидан бири саналади.
[6] Оскар Клод Моне (1840–1926) – атоқли француз рассоми. К.Моне ҳам импрессионизм оқими етакчиларидан.
[7] Альфред Сислей (1839–1899 йилларда яшаган, Парижда таваллуд топиб, Море-сюр-Луэн шаҳрида вафот этган) – асли келиб чиқиши инглиз бўлган атоқли француз рассоми, асосан, рангтасвир ҳамда пейзаж жанрларида ижод қилган, импрессионизм оқими вакили.
[8] Монма́ртр – Париж шимолидаги баландлиги 130 метрли тепалик, қадимги Рим манзилгоҳидир.1860 йилдан у Париж шаҳри таркибига киритилиб, шу ном остида шаҳарнинг 18 та муниципал округини қамраб олган. Шунингдек, Монмартр тепалиги Парижнинг энг баланд нуқтаси саналади.
[9] Жан Антуа́н Ватто (1684–1721 йилларда яшаган) – XVIII аср бошларидаги Франциядаги энг йирик мусаввирлардан бири.
[10] Жан Батист Раси́н – 1639–1699 йилларда яшаб ўтган таниқли француз драматурги. Франциянинг XVII асрдаги уч буюк драматурги деб эътироф этилгувчилар (Корнел, Мольер ва Расин)дан бири. “Андромаха”, “Британик” каби оламга машҳур трагедиялар муаллифи.
[11] Мадам де Севинье́ – 1626–1696 йиллар оралиғида яшаб ижод қилган француз адибаси. У мактублар жанрида самарали қалам тебратган.
[12] Сэм тоға – аксарият ҳолларда, асосан, бадиий адабиётда Америка Қўшма Штатларига нисбатан ишлатиладиган ибора.