Мен бу уйнинг шабада тез-тез йўқлаб турадиган баланд, салқин айвонини ҳам, ёнғоқ ёғочидан қурилган чорхари хоналарини ҳам, ота-онасидан эрта ажралиб, уруш йилларида бир-бирининг пинжига тиқилиб жон сақлаган ака-сингилни ҳам кўрмаган эдим. Булар мен туғилмасимдан аввалги гаплар.
Эсимни таниганимдан бери ўша, кўҳна хирмонжойнинг кунгай тарафида, беҳи дарахтлари орасида дўмпайиб турган харобаларни кўрганман, холос. Бироқ негадир бу харобанинг ёғочлари ишлатишга яроқли бўлса-да, уларни ҳеч ким ташиб кетмаган. Уй одамларнинг кўз ўнгида кундан-кун кичрайиб, кўримсиз тепаликка айланиб борарди.
Бу кимсасиз ҳовли биз, қишлоқ болаларининг ўйин майдончасига айланганди. Ёзда бу ерда кунимиз чиллак, эшакминди ўйини, қишда яхмалак отиш билан ўтарди.
Бу уйнинг ҳақиқий эгаси билан орадан йиллар ўтиб, Бокуга ўқишга келганимда танишдим. Шаҳарда бирор танишимиз бўлмагани учун менга бир пайтлар қишлоғимиздан бош олиб чиқиб кетган, мен умримда кўрмаган бир кишини қидириб топишимни айтишганди. У шаҳар атрофидаги қасабалардан бирида яшашини, ўша атрофларда уни танимаган-билмаган одам кам топилади, дейишганди. Ростдан ҳам олдимдан чиққан биринчи одамдан сўрашим билан у менга маданият саройи орқасидаги маҳаллани кўрсатиб юборди.
Икки қаватли тош уйларнинг ҳовлисида, дарахтлар панасида бир тўда аёл гурунглашиб ўтирарди. Уларнинг ёнига бориб, Сурхайни қидираётганимни айтдим. Аёллар орасидан мулойим юзли бир аёл ажралиб чиқди:
– Менман Сурхай!
Унинг бу ҳазилидан дугоналари кулиб юборишди. Кейинчалик Сурхайни, эрксиниб эрининг ўрнига ўзини кўрсатган Мина хонимни яхши таниганимдан сўнг, нима сабабдан бундай деганини тушуниб олдим.
Уруш йиллари ва ундан кейинги вақтларда касб-ҳунар мактабларига олиб келинган, билиб-билмай ёмон болаларга қўшилиб, ножўя йўлларга кириб қолган Сурхайни бу йўлдан Мина чиқариб олган, сонга қўшганди.
Биринчи кўришганимда бу аёлнинг юзида акс этган мулойим табассум ҳали-ҳануз эсимдан чиқмайди. Эҳтимолки, Сурхайни залолат кўчасидан олиб чиққан куч ҳам унинг ана шу жозибали табассуми бўлгандир?
Ўша куни Сурхай уйга кеч қайтди. Кайфияти яхши эди. Кейин билсам, ҳақиқий футбол жинниси экан. Ўша куни ўйин уни қувонтирадиган натижа билан тугаган экан.
Эшик олдида Мина унга нимадир деди. Кейин Сурхай мен тарафга қучоқ очиб келди:
– Қани-қани, жиян, хуш кепсан! Қадамингга ҳасанот.
Шу-шу у билан тоға-жиян бўп кетдик.
Сурхай деганлари эти устихонига ёпишган, озғин юзларини эрта ажин босган, аммо мард, тутган еридан кесадиган, ўттиз уч-ўттиз тўрт ёшлардаги чапани бир киши экан. Гапираётганида қошлари кўтарилиб тушар, худди қайсидир ролни маҳорат билан ўйнаётган актёрни эсга соларди.
Қишлоқ, эсида қолган одамлар ҳақида азбаройи соғинч ёки қизиқишдан эмас, шунчаки мени гапиртириш учун сўраётгани сезилиб турарди.
– Уйимизни қандай топдинг?
– Сўраб-сўроқлаб келавердим.
– Зийрак бола экансан.
Камтаринлик билан бошимни эгиб, кулимсираб қўйдим. У шу тариқа таниган-билганларини бирма-бир сўроқлаб чиқди. У қишлоғимизнинг наинки одамлари, балки кўчалари, дарахтлари, далалари, қир-адирлари, тоғ этагидаги қоялару унгурларни, булоқларини бирма-бир эсга олар, худди куни кеча қишлоқдан чиқиб келганга ўхшарди.
Мина менинг фикримни ўқигандай изоҳ берди:
– Нега ҳаммасини бунчалар аниқ эсда сақлаганидан ажабламан. Касб-ҳунар мактабидан қочиб, анча пайт қишлоқнинг қир-адирларидан бекиниб юрган бу. Ахийри, кунларнинг бирида ўзи қайтиб келди.
– Ширкатнинг раиси мен туфайли одамларни сиқувга ола бошлагач, ўзим қайтвордим. Қочиб юрганимдан нима наф чиқарди?
У бошини эгиб, бир зум жим турди, кейин менга юзланди:
– Бизнинг уйимиз бузилиб кетгандир?
– Эгасиз уй бошқа нимаям бўларди? – яна гапга аралашди Мина.
Назаримда Мина Сурхайнинг кечмиши, қишлоғи, таниш-билишлари ҳақида ҳамма нарсани яхши биларди.
– Уй-жой, қишлоқ ўз йўлига. Мен фақат синглимни ўйлаб сиқиламан. Нима бўлди? Қаёққа опкетишди? Ўлдими-қолдими, билолмайман…
Унинг синглиси борлигини энди эшитишим эди. Кейинги суҳбатларимизда ҳам у синглиси ҳақида жуда кўп гапирадиган бўлди. Шу-шу Сурхай билан ака-ука киришиб кетдик.
Менинг келишим Сурхай ва қишлоғимиз ўртасида узилган ришталарни қайтадан улаб борарди.
Уни, ота-онасини таниган кексаларнинг кўпи раҳматли бўлиб кетган. Ўзининг айтишича, уни қишлоқдан қувиб чиқарганларнинг, муштдек норасидаларни ҳам зўрлаб қурилишларга, ота-онасидан ажралганларни етимхоналарга жўнатганлар ҳам у ерни тарк этган, уларнинг ўлик-тиригини биладиганлар ҳам қишлоқда жуда оз қолганди.
Энди эса, бир пайтлар у бош олиб чиққан қишлоқ унинг кўз олдида қайта жонланган, гарчи “У ерда менинг кимим бор”, деса-да, қишлоққа боргиси келаётганини яширмасди. Бу ҳақда гап очганида, кўзларида сирли бир қайғу зуҳур этар, нигоҳлари сўлғин бир умид билан порларди:
– Балки синглимнинг бирор дарагини топарман? Балки архивлардан, идоралардан сўраб-суриштириб кўрсаммикин?
Суҳбатларимизнинг аввалию охири шу эди. Синглисини бир умр йўқотганига ҳануз ишона олмас, менинг келишим, қишлоқ билан боғлиқ хотираларнинг уйғониши унинг ярасини ҳам янгилаган эди. Унинг синглиси билан боғлиқ суҳбатларнинг ғамгин инъикоси Минанинг аввалги эридан бўлган қизи Малоҳатнинг, Сурхайдан туғилган жажжи Моҳирнинг ҳам юзларига чўкарди.
Гўё бу уйда ҳеч кимнинг кўзига кўринмай, сингил ҳам яшаб келар, унинг қачонлардир топилишига ҳам умид кўзи билан қарарди.
– Ҳозир йигирма олти ёшга кирган бўларди. Агар соғ-саломат бўлса, аллақачон бир хонадоннинг бекаси бўлгандир? Болалари ҳам бордир? Ҳозиргача турмуш қурмаслиги мумкин эмас. Болаликдан жуда чиройли қиз эди.
Кейин Сурхай йигирма бир йилдан бери хаёлида сақлаб келаётган беш ёшли синглисининг кўринишини тавсифлашга тушарди. Бу тасвирлар шу қадар ойдин ва жонли эдики, ҳаммамиз уни кўришимиз билан таний олардик, гўё.
Сурхайнинг озғин, содда юзларига, қалин қошлари остидан одамнинг юзига эмас, худди юрагига қадалган кўзларига қараб, ўзининг айтишича, унга жуда-жуда ўхшаб кетадиган Қизилгулнинг қиёфасини тасаввур қилиш қийинмасди. Сурхайнинг гапларидан сўнг кўз олдимда ҳамиша акасининг соғинчи, ҳасрати билан яшаётган, кўзлари ғам-ғусса ва интизорлик билан тўла, саранжом-саришта, ақлли бир жувон гавдаланарди.
Бир куни Сурхай кўрган тушини ҳаяжон билан гапира кетди:
– Бир четда сесканиб турганмиш. Чақирсам, келмасмиш. Сенга нима керагим бор, шунча пайт мен билан деярли ёнма-ён яшаб келдинг, лекин бир марта сўроқлаб бормадинг. Энди нима ҳам қилардинг мени, дермиш…
Чиндан ҳам унинг назарида £изилгул шу яқинларда яшаётган бўлиши керак эди. Балки шу қасабада, балки Бокунинг бирор туманида… Ахир уни ҳам эртами-кечми шу тарафларга олиб келишлари лозим эди. Яна қаерга ҳам олиб кетишлари мумкин? Агар бошқа мамлакатга олиб кетишганда ҳам, бари бир ақлини таниб, ўз юртига келиши керак эди. Туғилган қишлоғи, тумани, ота-онасининг исми эсидан чиққанда ҳам, Бокуни унутиб юбориши мумкинмас. Балки исмини ҳам ўзгартириб юборишгандир? Ахир уруш пайтлари бунақа чалкашликлар кўп бора юз берганди.
– Ҳозир ҳам қаердадир унга дуч келиб қолсам, уни танийман. Ҳатто ўн йилдан кейин ҳам танийман.
Назаримда, у ҳар куни шаҳарга бир илинж, умид билан чиқарди. Кўзлари ҳамиша ҳар томонга нигорон кезарди. Унинг уйида яшаб юрган кезларим менда ҳам £изилгулнинг соғ-омон эканига, шу яқинларда яшаб келаётганига ишонган эдим. Шаҳарга чиққанимда ҳам қиз-жувонларга қараб, уларнинг юзларидан Сурхайга ўхшаш қирраларни излашга одатлангандим.
Бу орада кириш имтиҳонлари ҳам тугади, талабалар сафидан ҳам жой олдим.
Ўқишга кирган куним Сурхай ўз ваъдасига кўра бу қувончли воқеани нишонлашга алоҳида ҳозирлик кўриб қўйган экан. Ҳамма дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирганда Сурхайнинг бир оз кайфи ошиб қолди.
– Эрта қишлоққа жўнайман. Уч-тўрт кун туриб келаман. Хўп десангиз, бирга бориб келамиз.
– Бўпти, – деди Сурхай дангаллик билан. – Агар сен билан бормасам, кейин боролмаслигим мумкин.
…Қишлоқда менинг ўқишга кирганимдан кўра кўпроқ Сурхайнинг қайтиб келгани катта шов-шувга сабаб бўлди. Қишлоқнинг катта-кичиги “Карвон кўрди”га йиғилиб кела бошлади. Сурхай таниганларини танир, танимаганларнинг кимлигини биздан сўраб оларди. У кетганидан кейин туғилган болаларни эса, ўз фаҳми билан таниб олишга уринарди:
– Бу фалончининг ўғлига ўхшайди. Буниси пистончининг қизими, дейман? Манави бола фалончилардан бўлса керак…
Бир кун ичида бутун қишлоқ билан қайта танишиб чиқди, десаям бўлади. Эртадан кечгача қишлоқ кўчаларини кезиб чиқди. Одамлар орасида, мактаб ҳовлисида, бекорчи ёшлар тўпланадиган ялангликда бўлди. Шу тариқа уч-тўрт кун ўтди. Фақат кечқурунлари тунагани бизникига келарди.
Чеҳраси анча очилиб, шаҳардаги жиддий, қош-қовоқли қиёфасидан асар ҳам қолмаганди. Фақат эски уйларидан оғиз очмади. Узоқдан бўлса-да, ўша харобага кўзи тушган бўлиши керак. Иложи борича ўша томонларга камроқ ўтишга ҳаракат қиларди.
Бир куни қарасам, кўчада уни Аваз оқсоқол гапга солиб турган экан.
– Худога шукур, кўринишинг яхши, ўзингни кўрмасак ҳам, униси-бунисидан эшитиб турамиз. Урушни бошлаганнинг уйи куйсин, болам. Ҳамманинг юрагида бир доғ қолдириб кетди. Энди йилда бир марта бўлсаям келиб тур. Ўз ота юртинг, уй-жойингни тузат…
– Бунақа ота юртнинг менга нима кераги бор? Кимим бор бу ерда? Уй-жойни кимга қолдираман? Ака-укам, қариндошим бўлмаса…
– Унақа дема, бу қишлоқнинг бари сенга қариндош.
– Шу эски хароба сизга қолаверсин. Кимга хоҳласангиз беринг. Уй-қурадими, бошқа қиладими? Ана, боғимиз жойида турибди. Ер-суви яхши…
– Сен-чи? Эшитишимча оиланг, ўғил-қизинг бор экан.
– Қиз меникимас, онаси билан келган. Отаси ўлган.
– Сен катта қиляпсанми, уям сенинг боланг. Ўғлингнинг она бир синглиси. Улар келадими-келмайдими, бари бир ота-онангни чироғи ўчиб қолмасин бу ерда.
– Бу ерда чироғим аллақачон ўчиб кетган. Уни сиз ўчирдингиз… Бўлмаса, келардим ҳам, ҳовли-жой ҳам қилардим. Етим, ҳеч кими йўқ, дединглар. Унга оила қуришни ким қўйибди, дединглар. Болаликдан бешиккерти қилинганимизга қарамай, Фаражнинг қизини қўшни қишлоққа узатдинглар. Оқсоқоллик ҳам шунақа бўладими?
Аваз ота лабларини қимтиб, жим қолди.
– Ҳалиям эсингда экан-да, – деди ниҳоят жимликни бузиб. – Бизда нима айб? Қизнинг отаси раҳматли отангга берган лафзида турмади. Сенинг эса юриш-туришинг… Ўлик-тиригинг маълум бўлмагач, олиб ўтирармиди? Қизини узатди-қўйди-да!
“Фаражнинг қизи” ҳақида энди эшитиб туришим эди. Бу ҳақда аввал Сурхайнинг ўзи ҳеч нарса демаган. Сурхай қишлоқдан ўн уч, ўн тўрт ёшида чиқиб кетган бўлса, Фаражнинг қизи билан “олди-берди” қилишга қачон улгура қолдийкин? Балки орада яна бир-икки бора қишлоққа келиб-кетгандир? Хуллас, кейин ҳам бу тўғрида оғиз очишни эп кўрмадим.
Ўша оқшом Сурхай анчагача уйимизга қайтмади. Ўзим ахтаргани чиқдим. Йўлни қисқартириш учун ўша, эски вайрона ёнидан ўтиб борардим. Тепаликдан кимнингдир қорасини кўрдим. Ҳар қалай, уни Сурхай деб ўйладим. Адашмабман. У қачонлардир зинапоя вазифасини ўтаган. Ҳафсала билан моҳир сангтарош томонидан силлиқлаб йўнилган оппоқ тош устида хаёл суриб ўтирарди. Мени кўриши билан ўрнидан турди.
– Бари бир қишлоққа қайтиб, бу ерда бир иморат қураман!
Бу қарорга у қай даражадаги тараддуд ва тахайюл натижасида келганини билмасдим. Сурхайнинг юзида нимадир йўқотганини эндигина англаган одамнинг саросимаси акс этарди.
…Сурхай қишлоқда юрганида кексалардан, ёши катта одамлардан синглисининг тақдирини сўроқлаб юрди. Аммо, бирор умидбахш сўз эшитмади. Деярли ҳамма тафсилотлар бир-бирига ўхшаб кетарди. Акаси касб-ҳунар мактабига кетганидан кейин синглисини тумандан келиб болалар уйига опкетишган. Кейинчалик туман марказидаги болалар уйи ёпилиб, болалар бошқа муассасаларга тарқатиб юборилган. Кейин ҳеч ким қизчанинг тақдири билан қизиқмаган…
Сурхай туман марказига ҳам бориб келди. Нима иш қилганини айтмади. Келиши билан Бокуга қайтишимиз кераклигини айтди.
– Юр, кетамиз, ҳали сени ҳам бориб, ётоқхонага жойлаштириб келишим керак.
Қайтдик. Дарслар бошланди. Сурхайнинг уйига тез-тез бориб турардим. Бир куни борсам, таъби хира тортиб ўтирибди. Сўрашган бўлдим.
Қишлоқдан қайтганидан бери шунақа безовталаниб қолди, дея эрининг ўрнига жавоб берди Мина.
Ўша куни Сурхай мени ётоқхонага юбормади. Ҳаво изғирин ва совуқ эди. Ёмғир симиллаб турарди. Газда кабоб пишириб едик.
– Шу пайтгача не-не идораларга бош уриб бормадим. Ном-нишони йўқ. Ишли одамман. Ҳар доим югур-югурга вақтим йўқ. Хат ёзай десам, савод ҳаминқадар…
Шундай қилиб, ойда бир-икки марта Сурхайнинг уйига мактуб ёзиш учун келадиган бўлдим. Туман архивига, ҳарбий комиссариатга, эски болалар уйларининг ўзимиз гумон қилган манзилларига… Қиш бўйи ёзган хатларимизнинг кўпи жавобсиз қолди. Келган жавобларда ҳам тайинли гап йўқ эди. Ахийри хатбозликдан ҳам Сурхайнинг ҳафсаласи пир бўлди. Иш кўпайдими, ё умиди тамом узилишидан қўрқдими, ҳар қалай, синглисини қидирмай қўйди. Мен ҳам ўз ишларим билан бўлиб кетдим. Шу тариқа орадан беш йил ҳам ўтди-кетди. Сурхай оғиз очмаса-да, мен Қизилгулни тез-тез ёдга олар, лекин биринчи курсда ёзилган мактубларнинг бесамар кетганини ўйлаб, умидсизликка тушардим.
Ўша пайтларда илмий-тадқиқот институтларидан бирида ишлардим. Шанба-бозор кунлари вақт топиб, Сурхайнинг ёнига ўтиб турардим. У ҳам менинг келиб-кетишимга ўрганиб қолган, шунинг учун анча пайт бормай қолсам, мендан ранжиб қўярди.
Бир гал Сурхай фронтда топишган дўстларнинг учрашуви ҳақида қайсидир газетада ўқиб қопти. Шу-шу яна унинг юрагида сўнаёзган умид учқунлари қайтадан аланга олди. Яна у ер-бу ерларга хат ёзишга киришдик. Аммо, бу галги изланишларимиздан ҳам наф чиқмади. Бу эса, Сурхайнинг руҳиятига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Баъзан Мина уни юпатиб, таскин берган бўларди:
– У пайтларда синглинг ёш бола эди, биров уни фарзандликка олгандир. Балки ўз исмини, туғилган ерини эсидан чиқариб юборгандир? Тўрт-беш ёшли боланинг эсида нимаям қоларди?
Сурхай эса кескин бош чайқарди:
– Йўқ, синглим жуда зийрак эди. У кунларни унутиб ҳам бўлмайди. Ақлини таниган қизча эди. Етимликда, совуқ уйимизда оч-наҳор жавдираб тонг оттирардик. Бечора ўша пайтданоқ тақдирга тан берганди. Бирор марта йиғлаганини, шикоят қилганини эслолмайман. Унинг кўзларида ўн беш-ўн олти ёшли қизнинг нигоҳларини кўрардим. Ишонаманки, у соппа-соғ, унга ҳеч нарса бўлмаган.
Қизилгулнинг тақдири мени ҳам тез-тез безовта қиладиган бўлиб қолди. Ишда, дўст-таниш орасида шу ҳақда сўз очардим. Шунда оғайниларимдан бири телевизордан бериладиган ҳарбий кўрсатувга хат ёзишни маслаҳат берди. Ижара уйимизда телевизор йўқлиги учун шундай кўрсатув борлигини билмасдим.
Сурхайга ҳеч нарса демасам-да, кўрсатувга хат ёзиб юбордим. Бунақа хатлардан кўпини ёзганим учун бирор иш беришига кўзим етмасди. Аммо билардимки, ишдан қайтган Сурхай телевизорнинг ёнидан жилмайди. Бу хатни ўқиб эшиттиришганидан албатта хабар топиб, лоақал хурсанд бўлади.
Ростдан ҳам икки ҳафта ўтиб, мактубни ўқиб эшиттиришди. Ўша кўрсатувни Сурхай ҳам кўрибди. Албатта, ўз ҳаёти, кадарли кечмишини телевизордан, олий рутбали бошловчининг тилидан эшитиш Сурхай сингари оддий, умри заводнинг бетон деворлари орасида ўтаётган камсавод одам учун катта гап эди.
Кейин мен таътилга чиқиб кетдим. Қайтиб, институтдаги ишлар билан андармон бўлиб, икки ойгача Сурхайнинг олдига боролмадим. Кейинги боришимда Минани биринчи маротаба кўрган жойимда, хотин-халаж даврасида учратдим. Мени одатий хуш табассум билан қарши олди.
– Хуш келибсан. Сурхайнинг синглиси топилганидан хабаринг борми?
– Наҳотки, – турган еримда қотиб қолдим. – Нега аввалроқ айтмадинглар?
– Билмадим, Сурхай сенга айтиши керак эди-ку!
Мина жим қолди. Унга саволомуз тикилдим. Назаримда бу хушхабарни у аллақандай нохуш оҳангда айтгандек эди.
Нимадир ўзгариши керак эди. Беихтиёр кўз олдимда синглисининг топилганидан қувониб, эсдан оғаёзган Сурхайни кўз олдимга келтирдим. Гўёки, йиллаб не-не машаққатлар билан қидирилган улкан хазина кутилмаганда оёқ остидан чиқиб қолгандек эди. Ич-ичимдан қувонч тошиб келарди. Ўзимни катта бир хайрли ишнинг бошида турган қаҳрамон одамдек ҳис қилардим. Ҳозир Сурхай чиқиб, беҳад хуррамлик ила қарши олади, маҳкам бағрига босиб, миннатдорчилик билдиради. “Жиян, синглимни сен топиб бердинг. Кам бўлма, умрингдан барака топ”, дея алқайди…
Қайтиб, Минадан Қизилгулнинг қандай, қаердан топилгани, шу пайтгача қаерда яшагани, ким топиб келтиргани, ҳамма-ҳаммасини бутун тафсилоти билан сўраб олгим келди. Аммо, уйга киргандан ҳаммани бир бошдан саволга тутиш одобдан эмас. Бу пайтда Мина яна хотинлар даврасига қайтиб, тамомила бошқа бир мавзуда баҳсга киришганди.
Икки қаватли уйнинг зиналаридан юқорилаб, таниш уй қўнғироғини босдим.
Эшикни Сурхайнинг ўзи очди.
– Ке, жиян, дарагинг йўқ? Анчадан бери йўқламай қўйдинг?
Назаримда, у ҳаммадан аввал ўз қувончини мен билан баҳам кўриши керак эди. Ечиниб, даҳлизга ўтганимда орқамдан келиб секин пичирлади:
– Минани ҳовлида кўрдингми? Сенга ҳаммасини айтгандир?
– Муборак бўлсин, синглингиз топилибди.
– Ҳа, топилди, лекин…
– Нима, лекин?
– Кейин… кейин гапириб бераман, ҳозир юр, сени таништириб қўяй.
Сурхай билан олдинма-кейин ошхонага кирдик. Кичкина ошхонада, идиш-товоқ тўла шкаф ва хонтахта ўртасида аранг жойлаштирилган стулда бир аёл буришибгина ўтирарди. Мени кўриб қўзғалди. Унга қарарканман, кўз олдим қорайиб кетди. Минанинг овозидаги яширин кадарни ҳам, Сурхайнинг лоқайд, совуқ жавобларини ҳам энди тушунгандек бўлдим. Қаршимда столдан салгина баландроқ, қийшиқ қўл-оёқлари билан қандайдир жонлиқни эслатадиган, букри, пахмоқ сочлари орасидан фақатгина кўзлари, тишларининг оқи ажралиб кўринадиган бир мавжудот ўтирарди. Бир қарашда кимдир унинг тана аъзоларини бўлаклаб ташлаган-у, кейин яна шошма-шошарлик билан бирлаштириб чиққанга ўхшарди. У менинг қай аҳволга тушганимни пайқамай, инсон табассумига ўхшамайдиган, фақат қизиқиш ва ҳадиксирашга мойил бир кулимсираш билан қўл узатди.
Шу пайт хонага Мина кириб келди ва ўзига хос вазминлик, мулойимлик билан:
– Танишинглар, бу Қизилгул, Сурхайнинг синглиси, бу эса… – дея мени унга таништирди.
Қизилгул нималарни ўйлаётгани, нималарни ҳис қилаётгани сезилмайдиган ночор чеҳрасидаги сўник табассумида бир лаҳзагина мамнуният ифодаси қалқди. Кейин эса, юзи нимадандир уялгандек бир оз қизаринди. Бошини қуйи солиб, яна бурчакка қисилди.
Биз хонага қайтдик. Сурхайга нима дейишни билмасдим. Жим телевизор томоша қиларканмиз, нимагадир ўзимни айбдордек ҳис қила бошладим. Кейин овқат сузиб келинди. Бир қадаҳдан ароқ ичилгачгина, Қизилгулнинг қандай топилганини сўрашга жазм этдим. У Боку қасабаларидан бирининг номини айтди. Чиндан ҳам бу қасаба Сурхайнинг уйига яқин эди. Тўқувчилик комбинатининг ётоқхоналаридан бири ҳам шу ерда жойлашганди. Қизилгул ҳам ўша ётоқхонада яшаркан, кимдир кўрсатувда ўқилган мактубни эшитиб, қизни акасининг уйига олиб келибди. Сурхай сигарета тутатиб, ўйчан гап қотди:
– Бечоранинг бошига анча-мунча мусибатлар тушибди. Болалар уйини тумандан Бокуга кўчириб келишаётганда тоғ йўлида машина ҳалокатга учраган. Болаларнинг кўпи ҳалок бўлган, Қизилгул омон қолган. Аранг оёққа турғазишибди. Шўрликнинг умри касалхонада ўтибди. Мияси қаттиқ чайқалган экан. Отидан бошқа ҳеч нарсани билмайди. Ҳатто мениям эслолмади. Тузукроқ гапиролмайди ҳам.
Ўша оқшом Сурхай кўпроқ ичгани учун фикрларини жамлолмай қолганди. Ҳамма уйқуга ётганидан кейин ҳам у билан суҳбатлашиб ўтирдик. Ўшанда яна гап Қизилгулга бориб тақалди, бу гал бояқиш ака кўз ёшларини тийиб туролмади. Унинг йиғлаганини фақат ўшанда кўрганман.
Мен нима дейишни, уни қандай юпатишни билмасдим. Тушундимки, унинг ҳаёти тамомила ўзгарган, бутунлай бошқа бир оқимга тушган эди. Болалик хотиралари тугаган эди. Йиллар давомида юрагида яшаб келган умидлар сўниб бўлганди.
– Менинг синглим шунақамиди? Энди дардимни кимга айтай, жиян? Кимнинг ёқасидан тутай? Бечоранинг аҳволини қара!
Сурхай гапираётиб, тез-тез дастрўмоли билан кўзларини артиб қўярди.
Саҳарлаб чиқиб кетиб, бир неча ой Сурхайнинг уйига келолмадим. Вақт топганимда ҳам, қандайдир ҳис мени йўлдан қайтарарди. Бир гал Сурхай билан стадионда учрашиб қолдик.
– Юр бизникига.
Боришга рози бўлдим. Бир оз безовта кўринарди. Назаримда ниманидир сўраб қолишимдан қўрқаётгандек эди. Шунинг учунми, ўзи гап оча қолди.
– Ҳалиги… Қизилгул кетди.
– Нимага?
– Ётоқхонадан қизлар келиб опкетишди. Бир-икки марта қочиб кетганди. Энди бутунлай кетди. Ўзим қайтиб келма, дедим. Мен аввал ҳам унинг синглим эканига шубҳаланган эдим. Ким билсин, шу баҳона менинг иссиққина, тинчгина уйимга кириб олмоқчи бўлгандир?
Унинг елкасидан тоғ ағдарилган эди, гўё. Юрагим санчди. Назаримда уни биринчи марта кўриб турардим. Эртаю кеч синглисининг исмини тилидан қўймай келган Сурхай шу эмасмиди?
– Тўғриси, ўзинг айт, менга ўхшамасди-ку!
Мен бор-йўғи бир неча дақиқагина кўрган ўша ночор қиёфани кўз олдимга келтиришга уриндим. Пахмоқ, чигал сочлар. Бадбашара юзлар. Йўқ, у Сурхайнинг синглиси эди. Ҳозир аниғини айтолмайман-у, лекин қизнинг юзларида Сурхайга тортадиган аллақандай чизгиларни кўрганман. Унинг Қизилгул эканлигини қалбан ҳис этганман. Ҳа, у Сурхайнинг бир қориндан талашиб тушган синглиси эди.
– Уйдан ҳар куни нимадир йўқолади, нимадир синади. Ўзинг ўйла, кимлиги, қанақалигини номаълум бир бегонани уйимда қандай олиб ўтираман?
Сурхайнинг ўз сўзларига ўзи ҳам ишонмаётгани сезилиб турарди. Фақат изоҳ этиш мушкул бўлган бир ҳис уни узоқ вақт қидириб топган жигарбандидан юз ўгиришга мажбур этаётганди.
У ўз синглисидан уялди.
Сурхайга нима дейишни билолмадим. Аммо, юрагимда нимадир чирт узилганини ҳис этдим…
Энди Сурхайнинг синглиси ҳақидаги суҳбатга нуқта қўйилган, гўё сингил ўлган эди.
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси