Абдунаби Ҳамро. Шоирнинг жанозаси (ҳикоя)

Ёмғир эрталабдан бери тинмаётганди. Оёқ остидаги олтинранг хазонлар ерга қапишди. Одамлар орасида жимгина турган аспирант йигитга гўё осмон ҳам марҳум Шоирга аза тутаётгандек туюларди.
“Тиригида йўқламаганларнинг энди бўзрайиб туришларини қаранг! – дея хаёлидан ўтказди у. – Бечорани итдан хор қилишди-я… Ҳатто ўлигиям ўз уйидан чиқишдай бахтдан мосуво… Дарвоқе, ўзи уйи бормиди Шоирнинг…
Ниҳоят, майитни опчиқишди. Кўп қаватли “дом” олдидаги чоғроқ майдонча жанозага келганлар билан тўлганди. Ёмғир ҳануз майдалаб ёғар, кўпчилик шамсия тутиб олган, айримлар бош кийими устига елим халтача кийдириб қўйганди. Тўрт-беш киши майитни ўртага обкелиб қўйишди. Мана, ҳозир домла имом жаноза ўқиса, шу билан тамом. Шоирнинг бир-иккита яқинлари қабристонга боришса бўлди-да, шу ёмғирда ким ҳам эринмай… йўқ, ёш ва тажрибасиз йигитча ҳар сафаргидай адашганди: жаноза ўқишга чоғланган саллалик кишини четга суриб, соябон тутган бир зот олдинга чиқди.
“Ия, бу ким бўлди тағин? Шуниси етмай турувди ўзи…” – энсаси қотди аспирантнинг. У гарчи шоирликка даъво қилмаса-да, қалам аҳлининг кўпчилигини яхши танирди. Университетни тугатиб, аспирантура­да қолгач, илмий ишига асқотадиган барча нишондору бенишон, маълум ва мавҳум, унвонлию ҳамёнли қаламкашлар тўғрисида зўр бериб маълумот тўп­лаётганди.
– Нима бало, митинг қилишмоқчи шекилли? – дея тўнғиллади кимдир орқароқдан. – Тавба, ўликни маҳтал қилиб… бу нусха ким ўзи?
– Тш-ш! Отахон-ку бу! – кимдир унга танбеҳ берган бўлди.
Аспирант ёмғир пардаси оралаб, қарияга тузукроқ син солди. Ҳа, бу ўша, бир пайтлар бечора Шоирга кун бермай, уни маҳдудликда, совет воқелигига ёт руҳдаги пессимистик асарлар битаётган бадбин сифатида айблаб, сазойини бошлаб берган зот эди. “Қаранг-а, ҳалиям тирик экан-да бу, тўқсонни уриб қўйгандир ўзиям” дея кўнглидан ўтказди Аспирант.
– Ўртоқлар! – қариянинг овози бироз бўғиқ, ранги-рўйи каби ёқимсиз эди. – Адабиётимизнинг, шеъриятимизнинг юлдузларидан бири бўлмиш шоиримиз Ҳокисорни сўнгги йўлга кузатяпмиз…
– “Ўртоқлар”га бало борми шу замонда, уларнинг бари тўқсон биринчи йилдан нарида қолиб кетди, – дея кинояли шивирлади кимдир. Бояги тартибсевар эса уни ҳам тергаб қўйди:
– Тш-ш!
– Биз Ҳокисорни севардик! – дея минғирлади Ота­хон кўзларидаги ёшними, ёмғир томчисиними артиб. – Уни қадрлардик, унга қойил қолардик. Ҳа, у том маънода Шоир эди.
“Қадрлаганмишлар! Бечорани ур калтак-сур калтак қилганларнинг бошида ўзингиз турмаганмидингиз, устоз?! Шоирга гоҳ “пантуркист”, гоҳ ”панисломист” деган ёрлиқлар ёпиштириб, сал бўлмаса империализм агентига чиқарган ким эди? Ҳайриятки, юрт бахтига Истиқлол келди, адолатли раҳбарлар Шоир ижодига ҳаққоний баҳо беришди, у Халқ шоири бўлди. Акс ҳолда, сенлар уни қайта кўкармайдиган қилиб, қозиқдай ерга қоқиб ташлардинглар!”
Шу гаплар хаёлидан ўтган Аспирант кўз ёш тў­каётган қариянинг сўнгги сўзларини эшитмай қолди. Бу орада Отахоннинг ўрнини эгаллаган зот ҳам унга таниш эди. Бир пайтлар улуғ доҳийларни, уларнинг “ҳақ ишлари”ни кўкларга кўтариб, ёстиқдай-ёстиқдай китоблар нашр эттирган, мустақиллик бўлиб, мезонлар ва қадриятлар ўзгаргач, беш-олти йил босим ўтириб, асарларини қайта ишлаган, энди ҳар йиғилишда, ҳар бир катта-кичик анжуманда китобларини чоп этишни истамаётган ноширларнинг гўрига ғишт қалаб юрган бу кимса ҳам бечора Ҳокисорнинг бу тахлит хор бўлишига ўзининг “баракали ҳиссаси”ни қўшганлардан эди.
– Мен Ҳокисорни жуда ҳурмат қилардим, – дея ўз дийдиёсини бошлади ёзувчи. – Биз у билан қалин дўст эдик, айтиш мумкинки, бир кўрпада тепкилашиб катта бўлганмиз. Унинг илк тўплами чиққан йиллари…
– “Ҳаҳ, дунёи қўтир-а! Ўлди – азиз бўлди, шишди – семиз бўлди! Бу акамнинг сайрашини қаранг энди. Ўша илк тўплами чиққан пайтлари бечора Ҳокисорнинг шўрига шўрва қуйганлардан бири ўзи-ку! Катта идораларнинг буюртмаси билан ёзиб, энг катта газетада чоп эттирган мақоласида Ҳокисорни “шеърларидаги “улуғ турк”, “ота Туркистон” жумлалари билан совет кишиларининг кўнглига шубҳа уруғларини экяпти”, деб бадном қилишга уринган ким эди ўзи?! Ҳокисорнинг шеърлари талабаларнинг оғзидан тушмай, машҳур ҳофизлар унинг шеърларига куй басталаб, куйлаб юрган кунлари оёғи куйган товуқдай типирчилаб қолган ким аслида? Ҳокисор билан бирга ўқигани, ижара уйларда бирга яшагани рост, бироқ, қисматнинг ажабтовур ўйинларини қарангки, биров кўзга илмаган, пачоққина йигит машҳур Шоир бўлди. Бўйни ғўладай йўғон ёзувчи эса ҳамон итнинг кейинги оёғи…
ХХ асрнинг иккинчи ярмида ўзининг ўтли шеър­лари билан миллатни уйғотган уч-тўртта фидойи шоирлар орасида Ҳокисор ҳам борлигини, айнан унинг қадимий туркий қавмлар бирлиги ҳақидаги, буюк аждодлар жасорати тўғрисидаги фикрлари миллат фарзандлари кўнглини-ю руҳини ларзага келтирганини Ёзувчи билмайдими? Йўқ, жуда яхши билади! Чунки, у – ўзи айтганидек – Ҳокисор билан бирга ўйнаб, катта бўлган”.
Аспирантнинг жони бўғзига тиқилди. Одам дегани ҳам шунчалик сурбет бўладими? Ахир, бу ерда, тўпланганлар уни ҳам, Ҳокисорни ҳам, ораларида бўлиб ўтган воқеаларни ҳам яхши билишади-ку! Ёшроқлар билмаса-да, анови Отахонга ўхшаганлар барча сиру синоатдан хабардор. Аслида мана шу Ёзувчига ўхшаганларнинг тазйиқлари Ҳокисор бечорани икки бора касалхонага ётқизиб, юрак ўйноғига дучор қилмадими?! Илк тўпламини ўз исми, Рашид Парда тахаллуси остида чоп эттирган шоир Замонбекнинг лайчаларидан қутилиш учунми, ё ўз табиатидан келиб чиқибми, кейинги ижоди-да барча учун Ҳокисор бўлиб қолди. Жонини жабборга бериб томоқ қираётган ёзувчига боқиб, Аспирант тағин бир воқеани хотирлади. Гарчи шахсан ўзи гувоҳ бўлмаган бўлса-да, аниқ манбалардан эшитгани учун Аспирант бу воқеанинг чиндан ҳам рўй берганига шубҳа қилмайди. Хуллас, истиқлолнинг дастлабки йилларида оилавий турмуши дарз кетиб, у ер-бу ерда яшаб юрган, ғирт ишсиз бўлган Ҳокисорга обрўли бир журнал таҳририятидан қўнғироқ қилишади. Журналга эндигина бош муҳаррир қилиб тайинланган, истеъдоди ўртамиёна бўлса-да, ўзи ниҳоятда бағрикенг одам бўлган Болажон Шоир янги жамоани шакллантириш жараёнида ногоҳ Ҳокисорни эслаб қолади. “Кел, шу дарвешни ишга олай, мени дуо қилиб юрсин” дея ўйлаб, унга сим қоқади.
– Илоё умрингиздан барака топинг, ука! – дейди Ҳокисор, кутилмаган таклифдан қувониб, – яхши ўйлабсиз-да, бизга би-и-р раҳбарлик қилинг ўзингиз…
Қия очилган эшик ортидан икки шоир суҳбатини эшитиб қолган Ёзувчи бир нарсани баҳона қилиб ичкари киради. (У ҳам янги жамоага аъзо қилиб олинган, шўрлик Болажон Шоир уни ишга олиб, ўз бошига балони сотиб олганини ҳали билмасди).
– Шуларга қўл қўйиб берсангиз… – дейди у ипакдай эшилиб, қўлидаги икки варақ қоғозни раҳбарга узатаркан.
– Ҳокисор билан гаплашиб, розилигини олдим, эртадан иш бошлайди! – дейди Болажон Шоир терисига сиғмай, беихтиёр қоғозларга имзо чекар экан.
– А-а? Укагинам, мени кечирасиз, раҳбар сиз, аммо бир нарсани айтай… – Ёзувчи у ёқ-бу ёққа аланг­лаб курсига ўтиради. – Ахир, Ҳокисор “қора” рўйхатда туради-ку! У анови янги чиққан “инқилобчилар” билан оғиз-бурун ўпишиб юргани катта идораларга ёқмайроқ турибди ўзи. Сиз ёшсиз, авторитетингиз бор, карьера қилишингиз керак ҳали, катталар сизга ишонч билдиришган. Ҳокисорнинг Болтиқбўйи республикаларига сафари нима билан тугагани ҳаммага маълум-ку! Ўша ерда ҳар хил Янус-пануслар билан топишгани тўғрисида миш-мишлар бор. Қолверса, Ҳокисорнинг ҳеч қанақа ҳужжати йўқ, уни ишга олиш қийин бўлади.
– Нега энди ҳужжати бўлмас экан? – ажабланди Болажон Шоир. – Ахир, Университетни битирган-ку!
– Тўғри, битирган, лекин диплом олмаган, бу бизга ишончли жойлардан маълум. Паспорти йўқ, хотини билан ажрашгандан сўнг йўқотган, бу аниқ. Партбилети йўқ, партия аъзоси эмас эди, тем более, энди партиянинг ўзи ҳам йўқ. Хуллас, у комсомолга ҳам, касаба уюшмага ҳам аъзо бўлмаган. Фақат “у ёқ”да учётда турибди!
– Шошманг, ахир у Халқ шоири-ку?!
– Ну и что?! Бўлса бордир, за то, документи йўқ.
Алқисса, эртаси куни минг бир умид билан келган Ҳокисор тарвузи қўлтиғидан тушиб, қайтиб кетади. Болажон Шоирга “карьера”си азизроқ кўринадими ё ҳақиқатан ҳам Ҳокисор “бездокумент” эканми, иш­қилиб, бир савоб иш амалга ошмай қолади.
Хийла ивиб бўлган жасад устига брезентга ўх­шаган алламбало мато ёпиб қўйишди. Митинг эса тугай демас, бош кўтариб чиқиб, “Ҳой мусулмонлар, бу нима бедодлик, ахир! Ўлик маҳтал бўлиб қолди-ку! Ҳозир Мафкурахонимнинг замони эмас, бас қилинглар бу бемаъни томошани!” дейдиган эррайим йўқ эди. Хайриятки, ёмғир бироз пасайди, қарийб тинди. Энди у кўзга кўринмай шивалар, кўринмаса-да, ёғаётганини сездириб турарди.
Майит эгаси, уй эгаси, яъни сўнгги бир-икки йилда уй-жойсиз қолган Ҳокисор ўзининг сўнгги кунларини яшаш учун бекорга унинг уйини танламаган Камтариннинг феъл-атвори Ҳокисорга жудаям ўхшаб кетарди. Ўшандай содда, самимий, беғубор, алдам-қалдамдан йироқ…
– Ҳокисор акам билан барча қийинчиликларни бирга енгиб яшадик! – деган чийилдоқ товушни эшитиб, Аспирантнинг хаёли бўлинди. Тобут олдида турган аёлни кўриб, у сесканиб кетди. Икки бор уйланиб, бахти очилмаган бечора шоир охири шу хонимнинг чангалига тушиб, бутунлай тор-мор бўлганди. Мустабид тузумнинг сўнгги йилларида топишган икки юрак бироз тинч яшашди, сўнг Ҳокисорнинг ишлари кундан-кунга ортга кета бошлади. Кейинроқ аён бўлишича, унинг ҳар бир қадамини, ҳар бир олган нафасини керакли жойларга етказиб турган “савобталаб” айнан шу Ўргимчакхоним экан. (Сўнгги кунларида Ҳокисор бир суҳбатда уни шундай атаганди). Барча сир ошкор бўлгач, Ҳокисор у билан ажрашишга қарор қилди, бироқ, ўзи панд еди: Ўргимчакхоним уч хонали уйини ими-жимида ўз номига хатлаб олганлиги боис Ҳокисор кўчага ҳайдалди…
Худо урганни пайғамбар ҳам ҳассаси билан туртар экан: кўзига ёш келмагани етмагандек, ёмғир ҳам тинди, ноилож қолган Ўргимчакхоним дийдаларини тупук суртиб ҳўллашга мажбур бўлди ва табиийки, эрталаб ойна олдида ихлос билан суртилган қора бўёқ чапланиб, хоним мўри тозаловчи хотинга ўхшаб қолди.
Ниҳоят, маҳалла оқсоқолининг тоқати тоқ бўлди. У одамлар орасини ёриб ўтиб, олдинга чиқди.
– Бўлди-да энди, биродарлар, ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади. Ўлик ҳам, тирик ҳам эзилди ро­са. Бу бечорани тиригида биров йўқлаб, шу ма­ҳаллага келганини кўрганим йўқ. Энди бўлса… Ҳа, но­тўғрими? Шошманг, сиз кимсиз?
– Мен унинг қишлоқдошиман, – дея изиллади юпун кийинган бир чол ҳиқиллаб, – бир маҳаллада ўс­ганман. Рухсат беринг, оқсоқол, икки оғиз гапирай…
Оқсоқол оёқ тиради.
– Э-э, тақсир, қўйинг энди, одамлар кутиб қо­лишди, айб бўлади.
– Икки оғизгина… – ялинди чол.
– Уф-ф, бўпти, тезлаштиринг. Тавба-ей!
– Ҳокисор катта одамларнинг фарзанди, тагли-зотли оиланинг ўғли эди. У умрини адабиётга ба­ғишлади, бировдан эҳсон кутмади. Уйи, ана, бир соатлик йўл шаҳардан, лекин йиллаб қишлоққа бормасди. Худо уни шундай яратган эди, сизлар ҳам уни шундайлигича қабул қилишингиз лозим эди. Унинг ўзбек халқи олдидаги хизматларини инкор қила оладиган мард борми ораларингда? Жимсизлар… демак, йўқ. У ўзини ўйламади, миллатим, Туркистоним, тилим деб ўтди. Мен тракторчи бўлганман, лекин унинг барча шеърларини ёд биламан. У Ватан қайғуси билан, Туркистон ёди билан яшади. Умрининг охирида, мана, хор бўлди, ҳатто ўлигиниям хўрладинглар. Суф сенларга-ей! Шоиру ёзувчи деганлари сенлар бўлсанг, минбаъд қўлимга китоб олмаганим бўлсин. Алвидо, дўстим! Биз гумроҳларни кечир…
Ёз осмонидаги момақалдироқдек янграган бу сўзлардан сўнг барчанинг дами ичига тушди. У ер-бу ердан йўтал, томоқ қиришлар эшитила бошлади. Тартибсевар одамларга дакки берди:
– Тш-ш-ш!..
– Э-э, ғалати бўлди-ку… – дея Оқсоқол каловланди, сўнг беўхшов жилмайди. – Қани домла, ўқинг жанозани!
Ўн беш дақиқадан сўнг майдонча бўшаб қолди. Аспирант намчил йўлкалардан аста юриб бораркан, ногоҳ юзига томган совуқ томчидан сесканиб кетди. Осмонга қаради: булутлар қуюқлашган, ёмғир қайтадан бошланганди. Осмоннинг улуғ шоирга тутган азаси ҳали тугамаганди. Ёмғир эзгин, Ҳокисорнинг ўзи битгани каби, шиғалаб ёғарди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 9-сон.