Кинодан хаёли паришон чиққан қиз стоянка-қантармага ўтиб, велосипедини олди. Уйга жўнашидан олдин чироғини ёқиб кўрди. Ёнмади.
— Аҳвол чатоқми? — деган овоз эшитилди.
Ёнида ўттиз ёшлардаги пўлароқ йигит турарди. У қорнини ичига тортишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, кўзойнаги ортидаги нигоҳида қандайдир раҳмдиллик, ҳатто, илтижо бордай эди.
— Шунақага ўхшайди, — деди қиз. — Ёнгиси келмаяпти, қуриғирнинг.
— Балки мен уриниб кўрарман…
Кўча чироғи ёруғида у ишга киришганини кўриб, қиз ўйладики, йигит унчалик ҳам чиройли эмас, лекин амалдорлардан бўлса керак. Нонвойнинг гўмаштаси эмас. Пайвандчига ҳам ўхшамайди. Бирор идорада хизматчи бўлса керак, деган фикр хаёлидан ўтди қизнинг. Тахмини тўғри чиқди. Йигит, жаноб Я. де Фрис, икки йилдан буён ҳисобхонада ойига 348 гульдену 67 цент маош олиб ишлаётган хизматчи эди. Камтарин маоши ловия шўрвадан бошқа овқат тортилмайдиган пансионда яшаш, мудом тишини-тишига қўйиб тежашининг ортидан чой-чақа орттириш имконини берарди. Бироқ бу оқшом, соат тўққиздан ўн беш дақиқа ўтганида, у қўлидаги китобни шартта ёпиб, ақчадонини бузди… Ўн икки ярим гульденни олиб, тагида қанча қолганига қараб ҳам ўтирмади. Қуриб кетмайдими! Тўрт девор орасида ўтириш жонига тегди, китоб ўқиш жонига тегди, ижара ҳақи ҳисобидан ҳар оқшом печенье билан чой ичиш жонига тегди, бурчакдаги каравоти бошидаги туриб кун-бакун ақлбовар қилмайдиган нарсаларни жаврайдиган репродуктор ҳам жонига тегди. Бас, етар! Бўғзига келди.
“Шаҳарга тушаман”, деб пичирлади у ва ўзининг ойнадаги аксига музаффар жангчидай суқланиб қаради. Шундай қилиб, йигит ўзини кўчада кўрди.
— Амалласа бўладими? —сўради қиз.
У айни дақиқаларгача жаноб де Фрис қорамағиздан келган найнов бир жувоннинг изидан то эри ва тўрт боласи билан бирга яшайдиган уйигача мушукдай эргашиб борганини, сўнг қаҳвахонада куёви ҳожатга чиққан бошқа бир қизга ҳам кўзларини раҳм-шафқат ва илтижоли тикканини билмас эди. Кинодан чиққач эса, унинг изидан тушди. “Башараси ёмон эмас”, деб қўйди йигит ичида. Йигит билан ҳисобхонада бирга ўтирадиган Фалдрес одатда шундай дейди. У ҳар душанба эрталаб ишқий саргузаштлари ҳақида хонадошига ҳисобот берар экан, ўзи шакаргуфторлик қилган аёлларнинг таърифини шундай келтиради.
— Буни қаранг, ёнди, — деган сас берди жаноб де Фрис.
— Илоё, баракат топинг!
— Бир пиёла чойга тобингиз қалай? — деб ўсмоқчилади йигит. (“Чой” дегин. “Ликёр-пикёр”, “арақ-парақ” деган сўзларни оғзингга ола кўрма. “Қушча”ни ҳуркитиб юборишинг мумкин”, деб ўргатганди Фалдрес.)
Қаҳвахонанинг ёруғ залига кириб, стол бўйига ўтирганларидан кейин қиздан унинг кўнгли тўлмади. Бурни ғалатироқдай туюлди. Шундай бўлса-да, у ёшгина, бошидаги шляпачаси ҳам ўзига ярашиб тутарди.
— Шляпамни ечиб қўя қолай, — деди қиз.
У шляпачасини ўз вақтида Катерина Валентига тақлидан сотиб олганди. Фабрикадаги аксарият қизлар шундай қилган. У эрталабдан кечгача қутиларга шоколад тахлайдиган цехдаги барча ишчилар кинога мўккасидан кетган. Дугоналари бирор таниқли актёрга ёки бойвачча америкаликка эрга тегишни орзу қилади. Бир гал, авиакомпания учун конфет тайёрланаётганида, у қутичага қисқагина — бир жумла ва ўзининг исмидан иборат – мактуб солиб юборган: “Чиройликкина қиз билан танишишни истамайсизми?” Лекин жавобдан дарак бўлмаган.
— Фаришта учиб ўтди, — деди қиз.
— Фаришта? – дея ҳайрон бўлди йигит.
— Одамлар жим ўтириб қолишганида шундай дейишади.
— Э-ҳа, гап бу ёқда денг! — Жаноб де Фрис мулойим жилмайди. Инсоннинг олдида икки хил имконият бўлади — сукут сақлаш ёки алдаш. Сукут сақлар экансан, ростгўйлигингдан умид қилиш мумкин.
Бу гапни у қачонлардир, қаердадир ўқиган эди.
— Майли энди, — деди қиз. — Уйга борай. Эрталаб барвақт туришим керак.
Кўчада улар велосипедни узоқ ва беҳуда изладилар. Ён-атрофда бош суқмаган жойлари қолмагач, умидлари узилди — велосипед гумдон қилинган эди.
— Шунақаси ҳам бўларкан-да, а, — деб тўнғиллади жаноб де Фрис.
Қизга қаради ва унинг ёноқларида шашқатор кўз ёшларини кўрди.
— Велосипедсиз энди куним қандай ўтади? — деб йиғларди қиз. — Ишга қандай бориб келаман!
Масалани узоқ ва жиддий муҳокама қилдилар. Қиз полицияга мурожаат қилгани дурустмикин. Балки велосипедни топиб, унга қайтариб беришар. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз. Қани энди шундай пайтда жиноят қидирув бўлимида танишинг бўлса… Оббо, савил-ей, чатоқ бўлди-да… Жаноб де Фрис ҳамдардлик билан бош ирғар экан, бўлмағур гапларни гапираётганини ўзи сезиб турарди. Қизга ким ҳам велосипедини қайтариб берарди? Умидини узаверса ҳам бўлади. Ҳаммасига ўзи билан бир пиёла чой ичишга рози бўлгани сабабчи.
Қизни трамвай бекатигача кузатиб келди ва тўсатдан деди:
— Минилгани бўлсаям, бошқасини сотиб олинг. Мен ҳам ўз ҳиссамни қўшганим бўлсин.
У қизга ўнталик пулни узатди. Аввалига қиз рад қилиб тураверди, бироқ трамвайнинг қораси кўриниши билан барибир таслим бўлди.
— Бу яхшилигингизни бир умр унутмайман! — деб ҳайқирди у орқа эшикдан уловига чиққач.
Трамвай жилди ва шунда йигит қизнинг ҳатто исмини ҳам сўрамаганини англади. Эркаклару аёллар бор дунёни унутганча ўзаро гап сотиб, қаҳ-қаҳ уриб ўтирган қаҳвахона ёнидан уйи томонга судралганча ўтиб борар экан, пешонаси тобора тиришарди. Уйда дарҳол ечиниб, чироқни ўчирди ва кўзларини юмди. Эртага барвақт туриш керак.
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Гулистон” журнали, 2021 йил 2-сон.