Якка-ёлғиз ферманинг ёнига юк машинаси келиб тўхтаганида қош қорайиб қолган эди. Кабинадан кепка кийган заифгина чол имиллаб тушди. Қариянинг оёғи ерга тегиши билан машина жойидан қўзғалди. Чол четан эшикни очди ва ичкарилади. Ўша лаҳзада занжирбанд ит вовуллади. Лекин ҳовлини кесиб ўтган қария эшик лўкидонини кўтарди ва уйга кирди.
Емакхона вазифасини ҳам ўтайдиган каттакон хонада деҳқон йигит хотини билан ўтирганча бесунақай оқ финжонларда қаҳва ичмоқда эди.
— Саломат бормисизлар! — деди қария.
Коранда саломга алик олмади. Унинг чертсангиз бетидан қон томадиган семизгина хотинчаси эса, дастурхонга лоқайд тикилиб қолганди. Уй эгаси ноилож сўради.
— Сиз кимсиз ўзи?
— Ян. Зюлмалик Янман, — жавоб берди кепка кийган чол. — Сенинг отанг билан амакиваччалармиз.
— Ҳа-а, қария Янми, — бош ирғади уй эгаси. — Мен сизни аллақачон ўлиб кетгансиз деб юрардим.
— Йўғ-е, ҳозирча тирикман.
— Нечига кирдингиз, ўзи?
— Саксон олтига.
Чол курсини бери тортди ва ўтирди.
— Ўн тўрт йил бўлди, якка-ёлғизман. Тирик жонни кўрмайман. Баъзи оқшомлари ўтириб, ўйга толасан, киши. Ёруғ кунларда бирга умргузаронлик қилган одамларни эслайсан. Фалончи ҳали тирикмикан, деб ўйга толасан. Униси-чи? Ким билади, дейсиз. Бугун машина дуч келиб қолди. Йўли шу томонга тушган экан. Бирпасдан кейин изига қайтади. Мениям олиб ўтиб кетади. Кел, бирров бош суқиб, ҳаммани бир йўқлаб қўяй, дедим.
У тишсиз оғзини очиб кулди. Аммо ҳеч ким эътибор қилмади.
Деҳқон йигит қаҳвани ҳўплар экан, чолга энсасини қотириб қарар, хотини эса, биров ҳе деб сўрамаса, бе деб оғзини очишга ўрганмаган, шекилли, гапга қўшилиш нияти йўқлигини бутун рафтори билан намойиш қилганча дастурхондан кўзини узмай ўтирарди.
— Сен Херманмисан? — деб сўради қария.
— Йў-ўқ, Херман менинг акам, — ёқимсиз тиржайди йигит.
— Унда сен Беред бўлсанг керак, — деб топқирлиқ қилди чол. — Отанг тузукми? Яхши юрибдими?
— Отамнинг ўлганига саккиз йил бўлди.
— Онанг-чи?
— Ундан ҳам олдин ўлган, — ғижинди уй эгаси.
Чол бошини сарак-сарак қилди. Ажин босган юзига ташвиш соя солди.
— Тоос-чи? Онангнинг аммаси? У чамаси… ҳаҳ ким эди… Ботерфлитмиди… ўшага эрга текканди. Эрининг чоғроқ дўкони ҳам бўларди…
— Иккаласи ҳам нариги дунёга кетганига анча бўлди, — ҳомуза тортганча қариянинг гапини бўлди деҳқон.
— Эс-сиз! Эс-сизгина…
Чол яна бошини ирғади. Уй эгаси бўш финжонни ўзидан нари сурар экан, тўнғиллади:
— Йўлингдан қолмасанг бўларди, қария?
— Хўп-хўп. Ҳозир, ҳозир кетаман.
Чол ўрнидан базўр туриб, курсини жойига суриб қўйди. Остонада яна изига бурилиб, сўради:
— Коос Хефе-чи? У қалай?
— Мен қаердан билай, — кифтини учирди уй эгаси.
Чол хайр-хуш қилмоқчи бўлган эди, эр-хотин у томонга бурилиб ҳам қарамади. Қария уйни жимгина тарк этди. Ҳовлига чиқиши билан ит яна ёқимсиз ириллади. Чол четан эшикни очиб, йўл четида ётган харракка чўкди ва машина келишини кута бошлади.
“Ҳеч ким қомапти. Ҳамма кетиб бўпти”, деб ўйлади у.
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Гулистон” журнали, 2021 йил 2-сон.