Мефрау Ван Дамнинг тугай бошлаган сабр-бардоши, ниҳоят, ўз ажрини топди.
Ўтган жума унинг эри омонатини топширди.
Улар ўттиз икки йил бирга яшади. Уч фарзандни вояга етказди. Кумуш тўйлари ўтаётган залда мефрау Ван Дамнинг ёнига ёшгина бир йигитча келиб, дабдрустдан шундай деди:
-Эрчангиз тўрт йилдирки бир суюқоёқ билан дон олишиб юрибди. Бундан хабарингиз борми? Сизнинг эрингизни деб ундан воз кечдим.
Мефрау Ван Дамнинг хабари йўқ эди.
Лекин у дам олиш кунларини шаҳардан ташқарида ўтказишга одатланган эрига ҳар жума жомадонини тахтлаб беришининг боисини энди тушунди.
Кумуш тўй бузилмади. Меҳмонлар байрамона безатилган курсида ўтирган эр-хотинни бир неча бор зал узра елкаларида айлантириб чиқишди. Эр-хотиннинг шарафига куй-қўшиқлар янгради.
Эртаси куни мефрау Ван Дам эрига ҳамма гапдан хабардор эканини, лекин ажрашиш нияти йўқлигини айтди. «Бундай қарорга келишимнинг сабаби, – деди у, – азбаройи сизга бўлган меҳр-муҳаббатимдан ҳам, рашкдан ҳам, аламдан ҳам эмас.» Аёл эрининг пенсияси ва суғурта пулини қўлдан чиқаришни истамади.
Эри топарман-тутарман бўлса-да, рўзғорга арзимаган чой-чақа ажратар эди. Топган-тутганининг ҳузурини ўша суюқоёқ кўрарди. Бир гал мефрау Ван Дам ўзига кўйлак тиктирмоқчи бўлганида болаларидан пул сўрашига тўғри келган эди. Эрининг ўлими уни бойвуччалар сафига қўшар, шу боис хотин ёстиқдошининг жони чиқишини сабр билан кутар эди.
Кўп йиллар кутди.
Улар алоҳида – алоҳида хоналарда яшар ва ўзаро гап қўшмас эдилар. Мефрау Ван Дам эрига овқат тайёрлар, кийимларини тартибга солар, ҳар жума жомадонини тахтлаб берар эди. Эри лом-мим демасдан йўлга тушарди. Хотини нимани кутаётганини у яхши биларди.
Ўтган жума куни мефрау Ван Дамнинг сабри, ниҳоят, ўз ажрини топди. Эрталаб у эри ётган хонанинг пардаси ёпиқлигича қолганини кўрди.
Не бир умид билан хонага кирди.
Лекин эри ҳали тирик эди.
Тўшакда ётган эр дўхтир чақиришни буюрди.
Мефрау Ван Дам бу илтимосни ҳам бажо қилди. Майли, ҳаммаси рисоладагидай бўлсин.
Дўхтир келиб, беморни кўрди. Дори ёзиб берди ва уйдан чиқар экан:
– Эрингизнинг касали анча жиддий, – деди.- Юраги чатоқ. Мени жуда кеч чақирибсиз. Чамаси, у бир неча ойдан бери ўзини ёмон ҳис қилиб келган. Юраги ёшига тўғри келмайдиган даражада кўп азият чеккан.
– Буни инкор этиб бўлмайди, – деди аёл.
Дўхтирнинг назарида аёл кулимсирагандай бўлди. Лекин кўпни кўрган ва дийдаси қотиб кетган кекса шифокорни бу унчалик ҳам ажаблантирмади.
Мефрау Ван Дам дорихонадан дори олиб келди. Бироқ дорининг нафи тегмади. Оқшом эрининг жони узилди. Ўша жумани у уйида хотини билан бирга ўтказди. Аёл ўлаётган эрининг тўшаги ёнида ўтирди. Беморнинг ақл-ҳуши жойида эди. Аммо аёлига гапирмади. Видолашув сўзларини айтмади. Ожизлигини кўрсатмади. Унга қарамади ҳам. Эллик саккиз ёшида, умр йўлдоши ёнида ўтирган бўлса-да, якка-ёлғиз мардларча бажо келтирди бандаликни.
– Ҳаммаси кўнглимдагидай бўлди, – дейди энди мефрау Ван Дам. – Эрим нариги дунёга ёшгина равона бўлди. Ҳамма мол-дунёси ўзимга қолди. Ёшман, энди олтмишга кирдим, ҳали бемалол ўйнаб-кулишга улгураман. Анави суюқоёқ эса чув тушиб қолди.
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил 6-сон.