Симон Кармиггелт. Ойдин тун (ҳикоя)

Эркак чўчиб уйғонди. Соат миллари учни кўрсатиб турарди. Ўрнидан туриб, чироқни ёқди ва ойна олдига борди. Аввалига уйқули, сўнг секин–аста қаҳрли тус олган гўштдор ва сўлғин юзига узоқ тикилиб турди.
«Бунча занчалиш бўлмасам», деб ўйлади. Сўнг шошиб кийинди ва уй бекасини уйғотиб юбормаслик учун ботинкасини қўлига олганича оёқ учида зинадан тушди. Бека уйғониб кетса борми, дунёни бошига кўтариб шанғиллаши тайин. Бундай жанжаллар нақадар жонга тегди. Жанжалу ғалва эса уни ҳар қадамда таъқиб қилади. Ул-бул харид қилиш учун дўконга кирса, ўша ерда ҳам уни тинч қўйишмайди. Бундай пайтларда у ўзини қўлга олади. Қаршилик кўрсатишдан фойда йўқ.
У ботинкасини кўчага чиққандан кейингина кийди. Ой бугун негадир ҳар қачонгидан ёруғ эди. У аскарлардек шахдам қадамлар билан юриб кетди. Энг қисқа йўл унга маълум. Аввал кўприк орқали кўчанинг охиригача борилади, сўнг соҳил бўйлаб майдонга чиқилади.
У мактабнинг эски биноси олдида тўхтади ва мамнун жилмайди. Негаки, дарвоза олдида ой нурига чўмилганча ўғли турарди.
–Салом, Гер.
–Салом, отажон.
Ота-бола қўл ушлашиб, тунги сайрга чиқди.
–Онанг тузукми? – деб сўради ота.
–Тузуклар, отажон, – деб жавоб берди бола.
–    Анави амаки–чи? Сени хафа қилмаяптими?
–    Йўқ, отажон.
–    Уни ота демагин хўпми? – деди эркак аламини аранг ичига ютиб. – Чунки, у сенинг падаринг эмас. Шундай. Лекин, қўполлик қилма, гапига қулоқ сол. Йўқса онанг ранжийди.
Чорраҳада ота-бола ниманидир ковлаётган қурувчиларга дуч келди.
– Кўрдингми, Гер, канализация қувурини янгилашяпти, бундай ишларни фақат кечаси бажариш мумкин.
–    Қаранглар, яна анави одам келяпти, – деди ишчилардан бири.
–    Ким?
– Ким бўларди, ўзи билан ўзи гаплашадиган одам бор-ку, ўша. Лабининг қимирлашига қара. Ўзича кимнидир етаклаб ҳам олганга ўхшайди.
–Ўқишларинг қалай, Гер? Яна математикадан оқсаяпсанми?– деб сўрайди ота. Лекин бола, ҳозир анча яхши, деб жавоб беради. Фақат касрларга тушим ўтмайроқ турибди. Ҳозирча. Отаси тушундим, дегандек бош ирғайди. Энди Гер отасини саволга тутади: ишларингиз, саломатлигингиз яхшими? Шукр, ёмон эмас. Дўхтирлар анча хурсанд.
–    Фақат шу дўхтир деганлари мени ўз ҳолимга қўйса эди, – деб оғир хўрсинади ота. – Лекин улардан қутулишнинг иложи йўқ. Бу ерга кўчиб келганимга ҳали икки ой ҳам бўлгани йўғ-у, улар мени шу ердан ҳам излаб топиш пайига тушганини сезяпман. Менга қандай қилиб бўлмасин, яна зиён–заҳмат етказишмоқчи. Қачон ўз ҳолимга қўйишар экан, билмайман. Мақсадлари мени гўрга тиқиш. Чидайман, ҳаммасига чидайман!..
Сайр узоқ чўзилди. Улар яна ишчилар хандақ қазиётган чорраҳага келиб қолишди. Узоқдаги минора соати бонг урди.
–    Хўп, Гер, хайрлашадиган пайтимиз бўлди, – деди у бирдан бутун вужудида оғир хорғинлик туйиб.
– Хўп, отажон.
– Майли, болам, эртагача.
– Майли, отажон. Эртагача.
– Қаранглар, турволиб кимгадир қўл силкитяпти, – деди ишчилардан бири. – Мурвати бураб қўйилганга ўхшайди.
– Кўпроқ отиб олган бўлса керак.
– Қанқасига отиб олсин, кайфи борга ўхшамайди. Қадам ташлаши дуппа-дуруст. Эси оғиб қолган. Ҳамма гап шунда.
Энди эркак уй сари шошилади. Хонасига кириб ечинади ва кўрпага бурканиб олади. Оббо, ўғлимдан туғилгани кунига нима совға қилишни сўрамабман-ку, деб ўйлайди ва жилмайганича уйқуга кетади.

Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил 6-сон.