Самим Кўжагўз. Ботқоқлик (ҳикоя)

Юсуф титроқ қўллари билан бутазорни оралади. Кўзларини гоҳ юмиб, гоҳ очиб дарёнинг иккала қирғоғини ҳам сузиб ўтди. Ботқоқлик кўринди, унда йиғилган лойқа сув туташган дарё ярим орол шаклини эслатарди. Ботқоқликда тўшалиб ётган қум зарралари офтоб нурида товланиб ялтирарди.
Юсуф атрофга узоқ тикилди. Юраги уришдан тўхтаёзди. Кўзларини чирт юмди, очганида икки томчи ёш оппоқ соқолига думалади. Базўр олдинга икки қадам ташлади, тиззалари дағ-дағ титради. Мадорсизланиб чўккалади, титроқ қўлларини тиззасига қўйди. Вужудидаги титроқ пасайди, ҳозир у ҳайкал мисоли дарёга тикилганча тош қотган эди.
Юсуф уч кундан бери ҳўкизини қидиради, сўрамаган одами, изламаган жойи қолмади. У аввалига ҳўкиз бировнинг даласини пайхон қилган бўлса, миршаблар оғилга қамаб қўйишган деган хаёлга борганди. Аммо ҳўкизнинг бундай одати йўқ эди. На ўзи, на ҳўкизи ҳаром луқма емаган.
Юсуф ҳўкизнинг қаерга ғойиб бўлганини энди тушунди, у далани пайхон қилмаган. Уч кундан бери қишлоққа яқин дала, қир-адирларни кезиб чиқди, одамлардан сўраб-суриштирди. Аммо ҳўкиз дарёнинг нариги томонига ўтиши хаёлига ҳам келмаган эди. Ўғли билан ҳўкизни нариги соҳилдан қидиришга тушди.
Юсуф узоқ вақт бир жойда миқ этмай туриб қолди, ўғли келиб ёнига чўккалаганда ўзига келди. Йигитча отасига тикилди ва бўғиқ овозда:
– Тополмадим ота, – деди. Ота ботқоқлик устида чарх ураётган бургутларни кузатарди.
– Мен топдим! – минғирлади у. Йигитча отанинг фикрини англади. Жаҳл билан:
– Ботқоқликда нима бор экан-а, ҳайвон ҳайвонлигига боради-да! – дея ғулдуради.
– Дарёнинг нариги қирғоғига ўтмоқчи бўлган, – деди ота.
– У томонда нима қилади? – сўради ўғил.
– Муборак мавсумда бекорчиликни хуш кўрмасди жонивор. Зериккан бўлса керак. Сариқ ҳўкизга ўхшамасди…
Йигитча ўрнидан турди, дарёнинг чор атрофини эгаллаган ботқоқликка синчиклаб назар солди.
– Бўғилганга ўхшамайди, унда сув оқизиб кетган бўларди.
– Бўғилмаган… Қорнигача лойга ботган.
– Бечора ҳўкизимиз ҳаром ўлибди-да.
– Ҳой бола, нодонлик қилма, ҳўкиз тириклайин шоқолларга ем бўлган.
Йигитча атрофига аланглай бошлади.
– Тавба шу чоққача шоқолнинг ҳўкиз еганини эшитмаган эканман.
– Мен кўрганман. Ҳўкиз нариги соҳилга ўтиш учун ботқоқликка келган. Ўтаётиб оёқлари ботқоққа ботган. Тунда шоқол тўдалашиб ҳўкизга ёпишган. Улар ҳўкизгинамнинг қорнини ёриб, ичак-чавоғини паққос туширишган. Ҳўкиз бечора на қимирлай олган, на уларнинг чангалидан қочиб қутула олган. Ўлгунича қийналган жонивор. Тонг ёришганда қолган-қутган жойлари бургут, қарға-қузғунларга ем бўлган.
Йигитча бир отасига, бир ҳўкиз ётган жойга аланглади. У гапини яна такрорлади:
– У томонда нима бор экан-а?
– Бекорчиликдан зериккан дедим-ку…
Юсуф уф тортди, соқоллари титраб кўзларига ёш келди. “Балки у жонидан безгандир… Гўё мен безмагандек… Бу ҳўкиз била туриб шоқолларга таслим бўлган…”
Улар бир зум жим қолишди. Сал нарида ботқоқлик ичида ётган кекса ҳўкизнинг бош томонида иккита бургут чарх уриб айланарди. Майин шабада ўлик ҳўкизнинг бадбўй ҳидини атрофга таратарди. Юсуф ўзини қўлга олди. Соқолини силади: “Нима бўлганда ҳам ачинарли ўлим, ботқоққа ботиб жон бериш… Қутулишнинг иложи йўқ. Ўзини ҳимоя қила олмайди. Душманнинг кўзига тикилганча… Қандай душманга денг? Шоқол деган бир чақага қиммат қўрқоқ душманга! Туф! Аллоҳ жазосини берсин… Мана, қирқ йил бўлибдики, мен ҳам шундай ботқоққа ботиб келдим… Бировларнинг даласида ишлашдан мен ҳам тўйдим, кекса ҳўкизим ҳам… Жонивор мендан кўра ақлли экан, мендан кучли экан… Бундай ҳаётдан воз кечди…”
Йигитчанинг кўзлари катталашиб отасининг гапига қулоқ солди. Ҳаяжондан нафаси тезлашиб, қўллари мушт ҳолга келди. Зўрға гапирди:
– Энди нима қиламиз?..
Юсуф ўғлининг саволига елка қисди. Унга қараб: “Менинг қиладиган ишим йўқ… Сени билмадим…” – деди. Ботқоқлик томонга юра бошлади. Йигитча ҳам ота изидан борди. Улар ўлик ҳўкизнинг ёнига келишди. Юсуф сувда оқиб келган дарахт шохини ушлаб олди. Бурнини беркитиб ҳўкизга тикилди: қорни тешилган, қовурғалари кўриниб турарди. Кўзи осмонга тикилганча қотиб қолган.
Юсуф қўлидаги шох билан ҳўкизни дарёнинг тиниқ сувларига итарди. Ўғил отасига ёрдам берди. Ота-бола ҳўкизни дарёга оқизишди. Ҳўкиз бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлди, кейин сув юзига қалқиб чиқди.Сув ҳўкизни Юсуфдан узоқлаштира бошлади. Ота-бола узоқ вақт ҳўкизнинг ортидан қараб қолишди.
– Жонивор бўйинтуруқдан халос бўлди, – деди Юсуф.
Ота-бола ботқоқликдан бутазорга қараб йўл олди.

Турк тилидан Пошшажон Кенжаева таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 5-сон