Ғира-шира кун ботар вақтида айвонда игнанинг ялт-юлт этгани кўзга ташланади. Буни худди кумушранг ёнар қўнғизларга менгзаш мумкин эди. Ўтирган уч нафар аёлнинг лаблари сассиз қимирлайди. Тебранма стуллар бир маромда оҳиста ғижирлаб, уларнинг танаси бир орқага, кейин олдинга эгилади, Учаласи ҳам унда ўзларининг бесаранжом ураётган юрагини кўраётгандек қўлига синчиклаб қараб турибди.
– Соат неча бўлди?
– Ўнта кам беш.
– Бориб тушликга нўхат ивитиш керак.
– Лекин… – улардан бири қаршилик кўрсатди.
– Тўғри, мен буткул унутибман, хаёлим қурсин…
Биринчи аёл сўзнинг ярмида тўхтаб, қўлидаги каштасини тиззасига қўйди ва овозсиз нафас олиб очиқ эшикдан шинам ошхонага мўралади. У ерда, стол устида, қачон унинг бармоқлари қўзоқдан озод қилишларини кутиб, бир уюм диркиллама нўхат ётган эди. У ҳаётида шу вақтгача миришкорликнинг бу қадар ёрқин тимсолини кўрмагандек туюлди.
– Агар шу иш кўнглингга таскин берадиган бўлса, бор, тозалай қол, – деди иккинчи аёл.
– Йўқ, – деди биринчи аёл, – хоҳишим йўқ, ҳеч нарсага ҳушим йўқ.
Учинчи аёл чуқур нафас олди. У атиргул, яшил барг, мойчечак ва майсазор тасвирини тўқиётган эди. Игна бир пайдо бўлиб, яна кўринмай кетар эди.
Иккинчи аёл эса энг нозик ва бежама гул соларди, матодан чаққонлик билан игна ўтказар, игнани ҳеч адашмасдан илиб олар, кейин ортга қайтарар, уни яшин тезлигида пастга-баландга, баландга-пастга югуртирар эди. Зийрак қора кўзлари ҳар бир чокни аниқ кузатиб борар эди. Гуллар, эркак, йўл, қуёш, уй – унинг қўллари билан мўъжизавий миниатюра манзаралари, асл дурдоналар яралар эди.
– Баъзида нажот ўз қўлингда деб ўйлаб қоласан, – деди у.
Қолганлар бош ирғаган эди, стуллар яна тебранди.
– Эҳтимол, – дея сўз бошлади биринчи аёл, – инсоннинг қалби қўлларидадир? Ахир ҳаммаси, биз дунёда нима қилсак, қўлларимиз билан қиламиз-ку. Гоҳида қўлларимиз бажариши керак бўлган ишларнинг ярмини ҳам қилмайди, бошимиз эса мутлақо ишламайди.
Улар қўлларининг нима билан банд эканига ўзгача диққат ила қарашди.
– Ҳа, – дея маъқуллади учинчи аёл, – қачон ўз ўтмишингни ёдга олсанг, ўшанда биринчи галда қўлларингни, унинг нималар қилганини хотирлайсан, шундан кейингина юзинг эсга келади.
Улар хаёлан нечта қопқоқлар кўтарилгани, нечта эшиклар очилиб ёпилгани, қанча гуллар терилгани, неча бор қўллари билан тушликлар тайёрланганини санаб чиқди. Ўтмишга боқар экан улар гўёки жодугарнинг мужассам орзусини кўришди, яна кўз ўнгида шиддат билан ҳаракатланувчи қўл, ланг очилган эшиклар, тез очилувчи жўмраклар, учар супургилар, жонли хивичлар намоён бўлди. Асосий овоз бу – пушти ранг ва енгил ҳаракатланаётган нозик қўлларнинг шитирлаши эди, қолганлари эса худди соқов тушга ўхшар эди.
– Тайёрланиши зарур бўлган тушлик бугун ҳам, эртага ҳам, индинга ҳам бўлмайди, – деди учинчи аёл.
– Очиб-ёпиш керак бўлган дераза ҳам бўлмайди.
– Қиш кириши билан ертўладаги печкага ташланиши керак бўлган кўмир ҳам бўлмайди.
– Рецептларни йиртиб олиш мумкин бўлган газетлар ҳам бўлмайди.
Тўсатдан учаласи ҳам йиғлаб юборди. Уларнинг кўз ёшлари юзидан бўйнига ўтиб, ундан қўлларидаги матога тома бошлади.
– Кўз ёшлардан барибир енгил тортиб қолмайсан, – деди ниҳоят биринчи аёл ва узун бармоғини олдин бир кўзига кейин бошқасига яқинлаштирди. У бармоғига қаради – ҳўл эди.
– Нималар қилиб қўйдим-а, – дея хўрсинди ўзидан ўпкаланиб иккинчи аёл.
Унинг дугоналари ишни йиғиштирди. Иккинчи аёл уларга ўзининг каштасини кўрсатди. Бутун манзара якунланган, ҳаммаси бенуқсон: тўқилган яшил майсазор устига тўқилган сариқ қуёш нур сочмоқда, тўқилган жигарранг йўл илонизи бўлиб тўқилган пушти ранг уйга боради – фақат йўл устида турган эркакнинг юзидаги ифода мавҳум.
– Ана шугинани тузатиш учун ҳаммасини ситиб чиқиш керакка ўхшайди, – деди иккинчи аёл.
– Эсизгина! – дея аёллар ажойиб картинага астойдил разм солиб ундан нуқсон излашди.
Иккинчи аёл жимитдек, ялтироқ қайчини қўлига олиб эпчиллик билан ипларни сита бошлади. Чок изидан чок, чок изидан чок ситилиб кетарди. У дарғазаб бўлиб, зўр бериб ипларни узарди. Эркакнинг юзи тамоман йўқ бўлиб кетса ҳам у ипларни ситишда давом этаверди.
– Нима қилаяпсан? – дейишди дугоналари.
Улар расмга қарамоқчи бўлиб энгашди. Эркак йўқолиб кетган эди. У уни олиб ташлади.
Улар яна жимгина тўқишни давом эттирди.
– Соат неча бўлди? – деди биттаси.
– Бешта кам беш.
– Бу нақд бешга белгиланганмиди?
– Ҳа.
– Улар нима бўлишини, қандай натижа чиқишини аниқ билишмайдими?
– Билишмайди.
– Унда нега биз уларни бунчалик киришиб кетмасдан бурун вақтида тўхтатмадик?
– У олдингисидан икки баробар кучли. Йўқ ўн марта, агар минг марта бўлмаса.
– У биринчиси ёки кейин пайдо бўлган ўн иккисидек эмас, кейин нима пайдо бўлди. У бутунлай бошқача. У нималар содир қилишини ҳеч ким билмайди.
Улар атиргул ва барра майсанинг ширин ҳиди келиб турган айвонда ўтириб кутишарди.
– Соат энди неча бўлди?
– Бир дақиқа кам беш.
Шом қоронғуси қуюқлашаётган чоқда игналар худди металл балиқлар галасига ўхшаб ялт – юлт қилиб кумушранг тусда товланар эди.
Узоқ – узоқдан чивинларнинг ғинғиллаши, кейин барабаннинг дупур-дупури эшитилди. Буни эшитиб аёллар бошларини эгиб олди.
– Биз ҳеч нарсани эшитмаймизми?
– Йўқ, дейишяпти.
– Балки, биз шунчаки ахмоқдирмиз. Эҳтимол, бешдан кейин олдинги ишимизни давом эттирармиз, нўхат ивитиш, эшикларни очиш, шўрвани қайнатиш, идиш-товоқ ювиш, нонушта таёрлаш, апельсин тозалаш,..
– Қандайдир ахмоқона тажрибадан шу қадар қўрқиб кетдикки, энди бунга журъат қила олармиканмиз!
Улар бир-бирига қараб беҳолгина жилмайиб қўйди.
– Соат беш.
Бу сўзни чақирган жимликда улар аста-секин ишини қайтадан бошлаб олди. Бармоқлар безовта югурарди. Юзлар пастга қараб турарди. Аёллар талвасада тўқишни давом эттирар эди. Улар сирень, ўт, дарахт, уй ва дарёни тўқиётган эди. Улар бир оғиз ҳам сўз айтмас эди, аммо айвонда уларни нафас олишидан таниб олса бўлар эди.
Ўттиз сония ўтди.
Иккинчи аёл чуқур нафас олди-да ишни секинлаштирди.
– Тушликка барибир нўхат ивитиш керак бўлади, шекилли, – деди у. – Мен…
Лекин у бошини кўтаришга ҳам улгурмади. Кўз қири билан бутун дунё ловуллаган олов ичида ёниб бораётганини кўрди. У бошини кўтаришдан тўхтади, чунки бунинг нималигини билар эди. У ҳеч кимга қарамади ва дугоналари ҳам унга қарамаётган эди, уларнинг бармоқлари сўнгги дақиқаларга қадар ҳавода пириллаб учиб юрарди; аёллар далалар, шахарлар, уйлар, хатто айвонда нима содир бўлаётганини кўришни хохламади. Улар фақат қалтираётган қўлларидаги нақшларга боқиб туришар эди.
Иккинчи аёл тўқилган гул қандай йўқолганини кўриб қолди. У гулни қайтаришга харакат қилди, лекин у қайтмас бўлиб ғойиб бўлган эди, ортидан йўл ҳамда майсалар йўқолди. У худди секинлаштирилган фильмда кўргандек, олов тўқилган уйнинг томига ўрлаб уни ютиб юборганини, кейин тўқилган дарахтлардаги тўқилган яшил баргларни қовжиратаётганини, ундан сўнг эса игна йўли бўйлаб тўқилган қуёшга интилганини томоша қилди. Ундан ўтиб олов ҳамон ялтираб ҳаракатланаётган игнанинг учгинасига улашди ва бармоқлар, қўллар бўйлаб танага етди ва тўқималарни астойдил ҳафсала билан куйдира бошлади. Аёл у нақшларни обдан куйдирган чоқда унинг ҳаддан ортиқ қудратини аниқ кўрди. Бироқ у ёнғин ҳовлидаги қайрағочни, айвондаги мебелларни ва қолган аёлларни нима қилганини кўра олмади. Чунки айни шу фурсатда олов унинг юзидаги пушти ранг ипни чийратиб, ички кийимларини тортқилаб, ниҳоят нозик қизил атиргулдан тўқилган юрагига етиб борди ва барра гулбаргларни, ингичка тўқилган гулбаргларни олдин-кейин қилиб ёндириб юборди…
Абдумалик Жўрақул таржимаси