Рей Бредбери. Эртага қиёмат (ҳикоя)

– Эртага қиёмат бўлишини билсанг нима қилардинг?
– Нима қилар эдим?.. Ҳазиллашяпсaнми?
– Йўқ.
– Билмадим… ҳеч ўйламаган эканман.
У ўзига қаҳва қуйди. Бир четдаги гилам устида, ёруқ яшилтоб чироқ ёғдусида иккала қизи кубиклардан нимадир ясаб ўтирибди. Меҳмонхонада ҳозиргина қайнаган қаҳванинг ёқимли ҳиди таралмоқда.
– Ўйлаб кўрадиган вақт келди, чамамда, – деди у.
– Жиддий айтяпсанми?
У бош ирғади.
– Уруш бошландими?
У боши билан “йўқ” ишорасини қилди.
– Атомми ёки водород бомбасими?
– Йўқ.
– Бактериологик урушми?
– Эй йўқ, бунақа нарсалар эмас, – деди у қошиқ билан қаҳвани аралаштирар экан. – Шунчаки, нима деса бўлади, охирги нуқтани қўядиган вақт етди.
– Нима демоқчи бўлаётганингни тушуна олмаяпман.
– Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам тушунганим йўқ, мен ҳозир шуни ҳис қилаяпманки, бир қаттиқ қўрқув босади, бир оздан сўнг қўрқув чекиниб, кўнглим хотиржам тортиб қолади. – у қизлари томонга қаради, уларнинг тилларанг сочлари чироқ шўъласида ялтирар эди. – Мен бошида сенга айтмаган эдим. Бу тўрт кун бурун бошланган эди.
– Нима?
– Мен бир туш кўрдим. Тушимда “Яқинда ҳаммаси тугайди” деди бир овоз эшитдим. Бутунлай нотаниш, бошқача овоз. У айтдики, бизнинг Ер шаримизда ҳаёт ниҳоясига етибди. Эрталаб бу ҳақда деярли унутиб, ишга жўнадим, ишхонада Стэн Уиллис дераза рафида ўйга ботиб ўтирганига тўсатдан кўзим тушиб қолди. “Нималарни орзу қилиб қолдинг, Стэн?” дедим унга. У жавоб бериб айтдики, “Менинг тушимда…”, ўша заҳоти қандай туш эканини фаҳмладим. Унга тушида нима кўрганини айтиб беришим мумкин эди, аммо Стэн тушини биринчи бўлиб гапириб берди, мен тингладим.
– Ўша тушми?
– Худди ўша. Стэнга мен ҳам шундай туш кўрганимни айтдим. У ҳайрон бўлмаганга ўхшади, ҳатто бир оз хотиржам тортди. Кейин биз қизиқувчанлик қилиб бутун идорани айланиб чиқдик. Бу ўз-ўзидан юз берди. Биз юр бир қараб келайлик, нима гап, нима сўз деганимиз йўқ. Шунчаки бориб кўрдик, биров столига, биров қўлларига, яна биров деразага боқиб жим ўтирибди. Бири билан мен, бошқаси билан Стэн гаплашди.
– Ҳамма шу тушни кўрибдими?
– Ҳамма-ҳамма, нуқта, вергулигача ўша тушнинг ўзгинаси.
– Сен бунга ишонасанми?
– Ишонаман. Туғилганимдан бери бирор нарсага бунчалик ишонмаган эдим.
– Қачон бу ҳодиса юз беради? Қачон ҳаммаси тугайди?
– Биз учун – бугун тунда, соат нечада бўлишини билмайман, кейин эса қайси жойди кечасининг қай вақтда киришига қараб – ер айланади-ку. Бир кеча-кундузда ҳаммаси тугайди.
Улар қаҳвага қўл теккизмасдан бир оз ўтирди. Кейин бир-бирига қараб шошмасдан қаҳва ҳўплашди.
– Қайси гуноҳимиз учун? – деди аёл.
– Гуноҳ қилдикми, йўқми, гап унда эмас, фақат ҳеч нарса чиқмади. Сен баҳслашмадинг ҳам, нима учун?
– Бунинг сабаби бор, албатта.
– Бизнинг ишхонамиздагининг ўзгинасими?
Аёл тасдиқ маъносида бош ирғади. Кейин:
– Мен сенга айтмоқчи эмас эдим. Бутун кун давомида даҳамиздаги аёллар шуни муҳокама қилди. Улар ҳам айнан шу тушни кўришган. Мен бу шунчаки ўхшашлик бўлса керак деб ўйлаган эдим, – дея столдан кечаги газетани олди. – Бу ерда эса ҳеч нарса ёзилмабди.
– Шундай ҳам ҳамма билади. – У хотинига юзланиб, унга синовчан нигоҳ билан қаради.
– Қўрқаяпсанми?
– Йўқ. Ҳар доим жуда қўрқинчли бўлса керак деб ўйлар эдим, лекин, қўрқмаяпман.
– Бизга мудом ўз жонини сақлашга интилиш туйғусини уқтиришар эди – нега ўша туйғу жим турибди?
– Билмадим. Ҳаммаси тўғри эканини билгандан сўнг ўзингни йўқотмайсан чоғи. Бу ерда ҳаммаси тўғри. Агар бизнинг қандай яшаганимизни ўйласак, шундай тугаши керак эди.
– Биз шунчалик ёмонмидик?
– Йўқ. Лекин жуда яхши ҳам эмас эдик. Эҳтимол, асосий фожеа шундадир – бизда кўзга ташланадиган ҳеч нарса йўқ эди, биз шунчаки ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолган эдик, аммо дунёдаги жуда кўпчилик одамлар қутуриб кетган эди, ким билади улар нималарни ўйлаб топишмаган.
Меҳмонхонадан қизларнинг кулгуси эшитилди.
– Мен мудом ана шу фурсат келганда ҳамма кўчага чопиб чиқади деб ўйлар эдим.
– Менимча йўқ. Чунки ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмагандан кейин бақир-чақирнинг нима кераги бор.
– Биласанми, мен фақат сендан ва қизларимдан ажралаётганимга ачинаман. Мен ҳеч қачон шаҳар ҳаётини ва касбимни яхши кўрмаганман, умуман, сиз учалангиздан бошқа ҳеч нарсани севмаганман. Мен ҳеч нарсага ачинмайман, аммо иссиқ ҳавода бир қултум сув ичиб, сўнг бир оз мизғиб оладиган шунга ўхшаган яна бир кунни кўрсак ёмон бўлмас эди. Қизиқ, қандай қилиб биз шу ҳолатда бу мавзуда бемалол гаплашиб ўтирибмиз?
– Қўлимиздан бошқа нима ҳам келарди.
– Ҳа, тўғри айтасан, агар қилиш мумкин бўлганда биз нимадир қилар эдик-да. Менимча, бу тарихда бугун ҳар бир одам эртага ўзига нима бўлишини биладиган биринчи ҳодиса бўлса керак.
– Ажабо, ҳозир, кечқурун, яқин соатларда одамлар нима қилар экан.
– Одатдагидек, кинога боради, радио эшитади, телевизор кўради, болаларини ухлатади ва ўзлари ҳам ухлагани ётади.
– Бундан ғурурланиш керак, шекилли – ҳамма, ҳамма вақтдагидек.
Улар бир дақиқа жим қолишди, кейин эркак ўзига яна қаҳва қўйди.
– Сен нима деб ўйлайсан, нима учун айнан бугун?
– Шунинг учун.
– Нега бошқа бирор кун, ўтган асрда ёки беш юз, минг йил бурун эмас?
– Эҳтимол, шу вақтгача бундай кун – бир минг тўққиз юз олтмиш тўққизинчи йилнинг ўн тўққизинчи октябри бўлмагандир, энди эса ўша кун келди, ана шу билан тамом. Бугун алоҳида кун, чунки бу йил дунёда вазият шу қадар тарангки, бошқача бўлиши мумкин эмас – шунинг учун охирги замон келди.
– Бугун уммонинг икки томонида бомбардимончи самолётлар учишга тайёрланмоқда, улар энди ҳеч қачон ерга қўна олмайди.
– Ана шуларнинг ҳам “ҳиссаси” бор.
– Начора, – деди у ўрнидан турар экан. – Нима қиламиз? Идиш-товоқ ювамизми?
Улар идишларни ювиб, ошхонани одатдагидек батартиб қилиб қўйди. Саккиз яримда болаларини ухлагани ётқизди, уларни ўпиб қўйди, кровати тепасидаги тунги чироқчаларни ёқиб, хона эшигини қия очиқ қолдирди.
– Билмадим… – деди чиқаётиб, қўлини эшик дастагидан олмай эркак.
– Нима айтаяпсан?
– Эшикни зич ёпсаммикан ёки ёруғлик тушиб турсин учун қияроқ очиқ турсинми…
– Балки болалар билишар?
– Йўқ, албатта, йўқ.
Улар ўтириб газета ўқиди, суҳбатлашди, радио тинглади, сўнг эса жимгина каминда (уй печкаси) кўмирдан пайдо бўлган қип-қизил чўққа тикилиб ўтирди, соат миллари ўн яримни кўрсатди, ўн бир бўлди, кейин ўн бир ярим бўлди. Улар дунёдаги одамлар ҳақида ўйлашди, бу тунни ким қандай ўтказади – ҳар бири ўз ҳолича.
– Нима бўлса, пешонанадан, – деди у ниҳоят. Ўрнидан туриб хотинини узоқ вақт ўпди.
– Биргаликда ёмон яшамадик, ҳар ҳолда.
– Йиғлагинг келаяптими? – сўради у.
– Йўқ, албатта.
Улар ҳамма хоналарни айланиб чиқди ва чироқларни ўчирди, ётоқхонага кириб ташқи кийимларини ечди, хона салқин бўлса ҳам печкани ёқмади, кўрпани ҳам олиб ташлади.
– Қандай ажойиб, чойшаб бирам баҳри дилни очадиган…
– Мен чарчадим.
– Ҳаммамиз чарчадик.
Улар ётди.
– Бир дақиқа, – деди аёл.
Ўрнидан туриб ошхонага чиқиб кетди. Бир зумда ортига қайтди.
– Жўмракни бураб қўйишни унутибман, – деди аёл.
Бу эркакнинг кулгисини қистади ва беихтиёр кулиб юборди.
Аёл ҳам кулди, – ростдан ҳам кулгили эди! Кейин улар кулишдан тўхтади ва бир-бирининг қўлларини тутиб, юзини юзига босиб совуқ чойшабда ёнма-ён ётишди.
– Хайрли тун, – деди у бир неча дақиқадан сўнг.
– Хайрли тун.

Абдумалик Жўрақул таржимаси