Рей Бредбери. Қотил (ҳикоя)

Оппоқ йўлак бўйлаб ортидан мусиқа эргашиб борар эди: эшиклардан биридан “Қувноқ бевалар” вальси, бошқасидан – “Фавннинг тушликдан сўнгги ҳордиғи”, учинчисидан – “Яна бир бор бўса ол!” куйлари таралмоқда. У бурчакдан қайрилди, цимбал, барабан, кастрюль ва товада, пичоқ ва вилкада гулдурос ва яшин каби шовқин солиб чалинаётган “Ханжар билан рақс” ғала-ғовури уни чулғаб олди. Бунинг барчаси у тўғридаги Бетховеннинг шодиёна Бешинчи симфониясини тинглаб маст бўлиб ўтирган котиба эшигига қараб, гўёки қочиб борганда тарқаб кетгандек бўлди. У худди котибанинг кўзи олдида қўлларини силкитгандек, аввал тўғрига қараб юрди, сўнг чапга, котиба барибир унинг келганини пайқамади.
Қўлидаги радиотақма паст овозда жиринглади.
– Эшитаман.
– Дада, бу менман, Ли. Унутмадингизми? Менга пул керак.
– Ҳа-ҳа, болам. Ҳозир банд эдим.
– Мен фақат сизга буни эслатмоқчи эдим, дада.
Ўғлининг овозини Чайковскийнинг “Ромео ва Жулетта”га ёзган увертюраси босиб кетди. Кутилмаганда бу мусиқа узун йўлак бўйлаб тарала бошлади.
Психиатр лабораториялар ва кабинетлар бир-бирига қапишган ва барча томондан мусиқа гулидан чанглар сепилаётган кўча бўйлаб борар эди. Стравинский Бахга аралашиб кетган, Гайдн Рахманиновадан қочишни уддалай олмаяпти, Шубертни Дюк Эллингтоннинг шовқинлар яксон этиб ташлаган. Котибалар хиргойи қилиб, врачлар ҳуштак чалиб юришибди – ҳамма эрталабдан қувноқ кайфиятда ишга киришган, психиатр бош ирғаб улар билан саломлашган бўлди. Хонасига кириб доим минғирлаб қўшиқ айтиб юрадиган котиба билан баъзи қоғозларни кўздан кечирди, кейин юқорига, полиция капитанига қўнғироқ қилди. Бир неча дақиқадан сўнг қизил чироқ пирпиради ва шифтдан овоз эшитилди:
– Маҳбус суҳбат учун тўққизинчи хонага келтирилди.
У ичкарига кириб эшикни ёпди, ўша заҳоти эшик ташқаридан қулфланди.
– Фақат сиз етмай турувдингиз ўзи, – деб жилмайди маҳбус.
Бу жилмайиш психиатрни ажаблантирди.
Унинг жилмайиши шу қадар ёрқин ва нурафшон эдики, кутилмаганда атроф ёришиб кетди ва хонада бир илиқлик пайдо бўлди. Бу кулгу гўё улкан тоғлар ортидан тонг чоғида чиқаётган офтобдек эди. Худди чошгоҳдаги қуёш тасодифан ярим тунда пайдо бўлгандек. Бунинг устига кўргазма учун терилгандек оппоқ тишлари ва кўм-кўк кўзлари қувноқ чарақлаб турар эди.
– Мен сизга ёрдам бергани келдим, – деди психиатр ва чимирилди. Хонада нимадир жойида эмас. У буни хонага кирган заҳоти фаҳмлаган эди. Шубҳаланиб атрофга аланглади. Маҳбус жилмайиб:.
– Бу ерда жимжитлик эканига ҳайрон бўлдингизми? Мен радиони синдириб ташладим, – деди.
“Авбош”, – ўйлади шифокор
Маҳкум унинг фикрини уқди, кулимсиради ва қўлини икки ёнга ёйди:
– Йўқ, йўқ, мен фақат тинимсиз чийиллайдиган машинкани… – деди у.
Кулранг гиламда синган чироқ парчалари, деворга осилган радионинг узилган симлари сочилиб ётар эди. Бу нарсаларга эътибор қилмасдан, уни бу кулгу қандай қамраб олаётганини ҳис қилиб, психиатр мижознинг қаршисига ўтирди; ноодатий жимлик худди момақалдироқдан олдинги оғир ҳаводек боса бошлади.
– Сиз ўзингизни қотил деб атаётган Элберт Брокмисиз?
Брок тасдиқ маъносида бош ирғади.
– Биз бошлашдан олдин… – у енгил ва чаққон ҳаракат билан шифокор қўлидаги радиотақмани ечиб олди.
Жимжилоқдек приёмникни оғзига солиб, худди ёнғоқ чаққандек тишлади. Жағини шу қадар қаттиқ сиқдики, приёмник мажақланиб кетди ва ҳайратдан оғзи ланг очилиб қолган психиатр қўлига пачағи чиққан радиотақмани шундай қиёфада қайтариб бердики, ўзига роҳат-фароғат инъом этгандек мумнун бўлди.
– Шунақаси яхши..
Врач мажақланган аппаратга анграйиб қараб қолди.
– Келтирган зарарларингиз учун тўлайдиган товонларингиз анчагина бўлса керак?
– Тупурдим! – деб кулди мижоз. – Бурунги ашулаларда айтилганидек, “Менга нима бўлса ҳам ҳаммасига тупурдим!” – дея шикаста овозда хиргойи қилди .
– Бошлаймизми? – сўради шифокор.
– Ижозат беринг. Менинг дастлабки қурбонлардан бири телефоним эди. Қабиҳона қотиллик. Мен уни ошхона чаноғига тиқиб юбордим. Бир ютинишда ютиб юборди бечорани, ўша заҳоти нафаси қайтиб ўлди. Кейин телевизорни отиб ташладим.
– Ҳ – м – м – деб қўйди психиатр.
– Экранга олтита ўқ жойладим. Ўқ овози шунақа қаттиқ жарангладики, ҳудди қандил чил-чил бўлиб кетгандек эди.
– Ифодангиз жуда жонли экан.
– Ниҳоятда мамнунман. Доимо ёзувчи бўлишни орзу қилганман.
– Айтингчи, сиз қачондан бошлаб телефондан нафратланиб қолдингиз?
– У мени болалик чоғимдаёқ қўрқитган. Боболаримдан бири ундан жисмсиз овозлар келиб туришини кўриб уни шарпа-Машина деб атаган эди. Мен ундан жоним чиқиб кетар даражада қўрқар эдим. Улғайганимда ҳам унга сира кўника олмадим. У одамларнинг ўзига хос хусусиятларимни тортиб олаётгандек туюлади менга. Агар унга ҳушиингиз келиб қолса, у сизнинг “мен”ингиз симларига қуйилиб кетишига шароит яратади. Агар истамаса, уни шунчаки суриб олади ва узун симнинг нариги томонида сиз эмас, қандайдир ўлик бир балиқ, тирик эмас, аммо майин овоз, фақат пластмасса, мис ва пўлат. Телефонда ҳар қандай гапни ҳам бемалол айтавериш мумкин. Буларни айтмоқчи эмас эди, аммо ҳаммасини телефон бошлади. Қарашга улгурмадим, аммо бир зумда ўзимга душман орттирдим. Ундан сўнг – телефон жуда ҳам қулай нарса! Арзийди ва тўғридан тўғри талаб қилади: ўзига телефон қилишларини сира ҳам хоҳламайдиган бир кишига қўнғироқ қилиб кўринг. Дўстларим менга қўнғироқ қилади, қилаверади, қилаверади, адоғи йўқ. Бир дақиқа хотиржамлик йўқ, жин урсин. Телефон эмас – худди телевизор ё радио ёки патефон. Агар телевизор бўлмаса, радио бўлмаса, патефон бўлмаса, унда бурчакдаги булутлар тепасида кинореклама қилаётган кинотеатр. Осмондан энди ёмғир эмас, совун кўпиги ёғмоқда. Агар осмондаги рекламалари билан кўзингизни қамаштира олмаса, ҳар бир ресторанга чалиниб ётган жазлар ёрдамида қулоғингизни батанг қилади. Автобусда ишга кетаяпсиз – шу ерда ҳам мусиқа ва реклама. Агар мусиқа ҳам бўлсаса, хизмат селектори ва энг асосий қийноқ қуроли — радиотақма, хотиним ва дўстларим мени ҳар беш дақиқада чақиради. Шугина нарсанинг нима сирли жойи бор? У ўзига одамларни нимаси билан мафтун этади? Одатдаги одам ўтириб ўйлайди: қиладиган ишим йўқ, зерикарли, қўлимда эса мана бу қўл телефони – қани, оқсоқол Жога бир телефон қилиб кўрай-чи. Алло, алло! Мен хотинимни севаман, дўстларимни ва барча одам зотини жуда ҳам севаман… Аммо хотиним кунига юз марта: ”Азизим, қаердасан ҳозир?” деб сўрайди. Бир дақиқа ўтма, бир дўстим қўнғироқ қилиб: “Эшит, зўр ҳангома: бир йигит…” Кейин эса кимдир: “Сизни Статистика бюросидан безовта қилаяпмиз, айни фурсатда сиз қандай сақич чайнаяпсиз?” деб бақиради. Ахир, биласизми?
– Ҳафта давомида ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?
– Асло сўраманг, ана-мана портлаб кетадигандекман ёки бошимни деворга уришни бошларман. Ўша куни идорада ўзимни қандай тутишим керак бўлса, ўшандай қилдим.
– Аниқроғи?
– Селектор ичига сув қуйдим.
Психиатр ён дафтарчасига белгилаб қўйди, сўнг:
– Ва сиз уни сафдан чиқардингиз, шундайми? – деб сўради.
– Албатта, роса ҳангома бўлди, стенографистка ақлдан озгандек зир югуради! Бақир-чақир! Қий-чув, тус-тўполон!
– Сиз ўша вақт енгил тордингизми, а?
– Нимасини айтасиз, ўша куни даъфатан хаёлимга келиб, радиотақмани йўлакга отдим ва тепиб эзиб ташладим. Айнан шу вақтда кимдир “Статистика бюроси, тўққизинчи бўлим. Сиз бугун тушликда нима едингиз?” деб сўроқлаб ётибди. – шунда мен шартта машинкани уриб ўлдирдим.
– Сиз янада енгил тортдингиз, шундайми?
– Мен яшаш тарзимни ўзгартирдим. – Брок қўлларини ишқалади. – Бундай ўйладим, шахсан ўзим инқилоб қилмоқчи бўлдим, ахир инсонлар мана бу қулайликлардан озод бўлиши керак-да! Бу қулайликлар ким учун? Дўстлар-ошналар учунми? “Жуда соз, Эл, сен билан бир оз лақиллашмоқчиман, мен ҳозир Грин-хиллда, кийим алмаштириш хонасидаман. Ҳозиргина мен уни бир зарб билан яксон қилдим. Бир зарб билан, Эл! Осон келган пул! Ҳозир бу ҳодисани “ювиб” ичиб ўтирибман. Менимча, бу сенга қизиқ бўлса керак”. Яна ҳам менинг бошлиқларимга унғай – мен машинада хизмат билан кетаётган бўламан, машинада эса радио, улар истаган вақтида мен билан боғлана олади. Боғлана олади! Юмшоқ қилиб айтганда шундай. Боғланади, икки томонлама! Оёқ-қўлимни боғлашади! Радио овозлари билан ўмаради, ўзлаштиради, тарқатади, эзишади. Машинадан бир дақиқа ҳам чиқиш мумкин эмас, дарҳол ҳисобот бериш керак: “Бензин шохобчасига тўхтадим, ҳожатхонага кирмоқчиман”, – “Хўп, Брок, айланиб юравер”, “Брок, нега бунча қолиб кетдинг?” – “Гуноҳкорман, жаноб!” – “Бошқа қайтарилмасин!” – “Хўп бўлади, жаноб!” Ана шунақа, биласизми, доктор мен нима қилдим? Бир қути шоколадли музқаймоқ хариб қилдим-да, радиоузатгични бўктирдим.
– Нега айнан шоколадли музқаймоқ танладингиз?
Брок бироз ўйланиб турди кейин жилмайиб:
– Бу мен хуш кўрган ширинлик, – деди.
– Шунақами? – бошини орқага ташлади шифокор.
– Ўйладимки, жин урсин, у менинг нимамга ярайди, нари борса машинамдаги радиога керак бўлади.
– Нега сиз радиоузатгични айнан музқаймоққа туйдирдингиз?
– Ўша кун ҳаво жуда иссиқ эди.
– Кейин-чи! –деди шифокор бир оз жим тургандан сўнг.
– Кейин ҳаммаёқ тинчиди. Эй Худо, қандай фароғат! Ахир, баттол радио тинмай вайсаб ётган эди: Брок, уёққа, Брок, бу ёққа, Брок, ҳисобот беринг, қачон келдингиз, Брок ҳисобот беринг, қачон кетдингиз, яхши, Брок, тушлик, Брок, тушлик вақти тугади, Брок, Брок, Брок, Брок… Тинчлик менга худди музқаймоқ каби лаззат бағишлаётган эди.
– Музқаймоқхўрлардан экансиз-а.
– Машинада тинчликни тинглаб юравердим. Худди майин матодан тикилган ҳарир тўшакда ётгандек эдим. Жимлик. Бир соат жимлик! Машинада ўтирибман, Машинада ўтириб қулоғимга мулойим шовқин қайтаргич тиқиб олгандек, жилмайиб қўяман, бу Эркинликдан роҳатландим, сархуш бўлдим!
– Давом этаверинг.
– Кейин портатив диаметрик мослама борлиги эсимга тушиб қолди. Ўша мосламадан битта ижарага олдим ва уни автобусда уйга олиб кетдим. Автобус одамнинг тинкасини қуритадиган сершовқин нарсаларга тўлиб-тошган эди ва ҳаммаси радиобраслетда аёллари билан гаплашиб кетаяпти: мен жимман, ҳатто Қирқ учинчи кўча…Қирқ тўртинчи… Қирқ тўққизинчи… Олтмиш биринчи кўчага ҳам қайрилдик… Бир одам хотинига бақираяпти: “Бўлди, майхонада сандирамоқ, жин урсин! Тез уйга бориб тушликни исит, мен ўзи Етмишинчидаман!” Радиокарнай жар солади “Вена ўрмони эртаклари” – айнан канарейка оч қоринга ҳуштак чалиб, тотли буғдой дони ҳақида куйлай бошлади. Шу вақтда мен диаметрик мосламани ишга солиб юбордим. Ҳамма нарса шиғиллаб қолди. Барча хотинлар кун давомида эрларини жонидан туйғазган жаврашидан узилиб қолди, барча эркаклар аёлларидан узилди, уларнинг тинимсиз жаврашларидан қутулиб бир зум роҳатлангандек бўлди, сўнг бирдан уларни ваҳима қоплади. “Вена ўрмони” томири билан кесиб ташланди, канарейканинг бўйни узилди. Жимжитлик! Тасодифий даҳшатли жимлик. Автобусдаги йўловчилар бир-бирлари билан гаплашиб кетишига тўғри келди. Улар худди юраги ёрилган қўй каби чўчиган, қўрқув исканжасида эди.
– Сизни полиция олиб кетдими?
– Автобусни тўхтатишга тўғри келди. Чунки мусиқалар аралашиб кашага айланиб кетди, эркаклар ҳам, аёллар ҳам қайси дунёда эканини билмай қолди. Тўс-тўполон, аралаш-қуралаш, ағдар-тўнтар. Маймунлар мажлиси! Ҳалокатдан қутқариш хизмати келиб мени бир зумда топиб олди, дакки берди, жарима солди, кўз-очиб юмгунча ўзимни уйда кўрдим, албатта мослама қўлдан кетган эди.
– Рухсат этинг, шу ерда сўз қистирай жаноб Брок, сизнинг шу вақтгача бўлган фаолиятингиз, менимча, унчалик… э-э… оқилона. Агар сизга радиотрансляция, хизмат селектори ва автомобилдаги радио приёмник ёқмаса, нега радиони ёмон кўрувчилар жамиятига аъзо бўлмайсиз? Ҳукуматга мурожаат қилинг, тақиқлашга эришинг ва қонун доирасида чекланг. Ахир биз демократик жамиятда яшаяпмиз!
– Мен бу борада ёлғизман, – деди Брок. – Ҳар хил жамиятларга аъзо бўлдим, норозилик чиқишларида қатнашдим, ҳукуматга ариза ёздим, судга мурожаат қилдим. Йиллаб қаршилик кўрсатдим. Мени ҳамма жойда масхара қилишарди. Чунки ҳамма радио ва рекламани яхши кўради. Мен ўзим замон билан бирга қадам боса олмайдиган мажруҳман.
– Балки сиз ҳам худди аскар каби оёғингизни алиштирарсиз? Кўпчиликка эргашиш керак-ку.
– Ахир улар чегарадан ошиб кетишади! Озгина мусиқа эшитиш, ҳар замонда дўстлар билан “боғланиб” туриш, эҳтимол, мароқлидир. Лекин улар керагидан ошириб юборади-да. Мен шундай қутуриб кетдим! Уйга келсам – хотиним жазавада. Нима эмиш, ярим кун мен билан боғлана олмабди. Эсингиздами, радоибраслетимнинг таъзирини бериб қўйганимни айтган эдим? Ҳа, шунақа, ўша куни ўзимнинг уйимни ўлдиришни ўйладим.
– Шундай деб ёзиш керакми?
– Моҳиятан худди шундай. Мен уни ўлдиришга қарор қилдим, жонини олишга. Биласизми, менинг уйим техника мўжизаси: гаплашади, куйлайди, об – ҳаво ҳақида хабар беради, шеър ўқийди, романлар сўзлаб беради, жиринглайди, жаранглайди. ухлагани ётганда алла айтади, чўмилаётганда ария ва опера куйлаб туради, уйқу олдидан испан тилини ўргатади. Шу қадар вайсақи кулбаки, унда тўлиқ электрон хабарчилар. Духобкадан: “Мен мурабболи пирогман, пишиб тайёр бўлдим”, ёки “мен қовурмаман, тезда қайла қўшинг” ва шунга ўхшаш болаларча бўлмағур овозлар чиқади. Кроват туни билан тебратиб, тонгда тезроқ уйғотиш учун силкилайди. Бу уйга одам чидай олмайди, мен сизга тўғрисини айтаяпман. Кўча эшик: “Жаноб сизнинг бошмоғингиз ифлос”, деб огоҳлантирса, Чанг ютгич эса ортингдан хоналар бўйлаб худди ит каби эргашади, агар тамакинг кули тушгудек бўлса – дарров ютиб олади. Эй карами кенг Парвардигор!
– Тинчланинг – деди ҳамдарлик руҳида психиатр.
– Гилберта ва Салливена ашуласи эсингиздами? “Ғамгин кунларимни аниқ ҳисоблаб юрибман, лекин улар мендан узоқ кетгани йўқ?” Туни билан уқубатларимни санадим. Эрта тонгда дўкондан тўппонча сотиб олдим. Кўчадан атайлаб пойафзалимни лой қилиб келдим. Кўча эшик одатига биноан: “Туфлини артиш керак, Полни ифлос қилади”, деди. Шу чоқда у ярамаснинг тўғри қулфининг тешигини кўзлаб отдим. Кейин ошхонага ўтдим. Плита “Тез қара! Айлантир!” деди. Унинг механик марказига қаратиб ўқ уздим, плита тамом бўлди. У “Мен куйиб кетдим!” дея пичирлаб, ўчиб қолди. Сўнг ярамас серхархаша телефон фарёд кўтарди. Мен уни тиқиб ютгизиб юбордим. Сизга тўғрисини очиқ айтишим керакки, мен ютишга қарши эмасман, у бошқаларнинг гуноҳи учун жабр кўрди. Энди унга рахмим келаяпи – жуда фойдали асбоб эди ва бунинг устига беозор, ундан бир сўз ҳам эшитмайсиз, у ўзини ухлаётган шер каби билиб, ҳар хил чиқиндиларни ёқтирмас эди. Шубҳасиз, уни тузатишга олиб бораман. Кейин маккор ва дажжол – телевизорни отиб ташладим. Бу ярамас ҳар куни кечқурун миллионлаб одамни тошга айлантириб, уларнинг нигоҳини ўзига қаратиб туради, бу ҳийлакор – қўшиқ айтади, чақиради ва жуда кўп нарсаларни ваъда қилади, аммо сариқ чақа беради… бироқ мен ҳар доим унга қайтганман ва ҳар доим охирги дақиқада нимадир юз беришидан умид қилганман. Хуллас – пақ! Шу вақт боши йўқ ўрдакка ўхшаб хотиним пайдо бўлди. Аввал менг ғазабини сочди, кейин кўчага чиқиб аййуҳаннос солди. Полиция келди. Шу билан бу ерга келиб қолдим.
У хушбахтлик билан стулга суянди ва сигарет тутатди.
– Жаноб Брок, бу жиноятни қилгандан сўнг сиз ҳеч ўзингизга ҳисобот бердингизми, радиобраслет, репродуктор, телефон, автобус радиоси ишхонангиз селектори – булар барчаси ўзгаларнинг мулки-ку?
– Ишонтириб айтаманки, ўша ишни яна қайтарган бўлар эдим. Психиатр беморнинг мулойим табассумига жавобан базўр жилмайди.
– Руҳан соғломлаштириш хизматининг ёрдамидан фойдаланишни истамайсизми? Ҳаммаси учун жавоб беришга тайёрмисиз?
– Бу фақат бошланиши, – деди Брок. – Мен камсуқум камчиликнинг байроқдориман, биз бу шовқин-суронлардан чарчадик. Нима учун бизга доим зулм ўтказади, ҳадеб буйруқ беради, шоҳмот пиёдасидек олдинга чиқариб қўяди, доим мусиқа билан қулоқларни батанг қилади, нега доимо кимдир бақириб туради: уни қил, буни қил, у ёққа бор, бу ёққа кел, тезроқ, тезроқ! Ана кўрдингизми. Қўзғолон бошланади. Менинг исмим тарихга киради!
– Ҳмм… – Психиатр ўйга ботиб қолгандек бўлди.
– Албатта, бу ишни дарров бажариб бўлмайди. Дастлабки кезларда ҳамма маҳлиё бўлиб қолган эди. Қойилмақом ўйлаб топилган фойдали ва қулай нарса! Деярли ўйинчоқ, деярли овунчоқ! Бироқ одамлар бу ўйинчоқларга қаттиқ боғланиб қолди. Ниҳоятда чуқур кириб, бутун жамият механик энагалар асирига айланди – жами инсоният боғланган арқон чувалашиб кетди, бу чигалликни ечишга ҳам қодир эмас, чигалликнинг ичида эканини тан олгиси ҳам келмайди. Ана улар қай даражада ва ҳамма нарсалар ҳақида билармонлик қилмоқда: шунақа, эмиш, бизнинг аср! Бизнинг хаёт шароитимиз шунақа! Биз – асаби қақшаган авлодмиз! Лекин менинг гапимни эслаб қолинг, ғалаён уруғи ўзи экилган!
– Тушунарли, – деди психиатр.
– Энди шинамгина камерамга қайтишимга ижозат берсангиз. Мен ярим йил ёлғизлик ва жимликда роҳатланишни ният қилиб турибман.
– Марҳамат, –деди психиатр хотиржамлик билан.
– Мендан хавотирланманг, – деди ўрнидан тураётиб жаноб Брок. – Мен ўтириб вақтни ўтказаман ва қулоғимдаги мулойим тиқин билан ором оламан.
– Ҳм-м, – тўнғиллаб эшик томон юрди психиатр.
– Умидсизликка тушманг, – деди Брок.
– Ҳаракат қиламан деб, – жавоб берди психиатр.
У сездирмасдан сигнал тугмасини босди, шартли сигналдан сўнг эшик очилиб у йўлакка чиқди, ўша заҳоти эшик қарс этиб ёпилиб қулфланди. У яна ҳисобсиз эшиклар саф тортган йўлакдан юриб хонасига қайтди. Биринчи йигирма қадамида уни “Хитойча тамбурина” кузатиб борди. Кейин эса “Лўли қиз”, ундан сўнг “Пассакалья” ва Бахнинг қандайдир маҳзун навоси, “Йўлбарснинг қайта туғилиши”, “Севги – бамисоли сигарет” мусиқалари навбати билан алмашди. У чўнтагидан бешиктерватарга ўхшаб эзилган синиқ радиобраслетни олди. Хонасига кирди. Ўша вақт қўнғироқ жиринглади ва шифтдан овоз келди:
– Доктор?
– Ҳозиргина Брокнинг олдидан келдим, – деди психиатр.
– Ташхис?
– Адашган, лекин хушмуомала. У атрофдаги ҳақиқий борлиқни тан олишни ва у билан ҳисоблашишни истамаяпти.
– Прогноз?
– Аниқ эмас. Олдидан чиқаётганимда, у хурсандлик билан қулоғига овоз тўсувчи пахтани тиқиб олди.
Учта телефон бирваракайига жиринглади. Шу чоқда захирадаги радиотақма ҳам яраланган чигирткага ўхшаб чириллади. Қизғиш чироқча пирпиради ва селектор чиққилаб чақирди. Очиқ эшикдан мусиқа эшитилиб турар эди. Психиатр паст овозда хиргойи қилиб, янги радиобраслетни тақди, селекторни чертди, бир минут гаплашди, битта телефон гўшагини кўтариб гаплашди, бошқа гўшакни кўтариб гаплашди, учинчи телефон гўшагини кўтарди, гаплашди, радиотақма тугмасини босди, паст овозда гаплашди, ўлчагандек, унинг юзи тинч ва осуда эди, атрофда эса мусиқа янграр, чироқлар пирпирар эди, яна иккита телефон жиринглади, унинг қўли узликсиз ҳаракатланар эди, радиотақма гувиллади, уни селекторга чақиришди ва шифтдан овоз беришди. У қолган беадоқ иш вақтини майин шамол елпиб турган кондинционер тагида, салқин ҳавода, ўша мувозанатни сақлаган ҳолда ўтказди: телефон, радиотақма, селектор, телефон, радиотақма, селектор, телефон, радиотақма, селектор, телефон, радиотақма, селекторлар…

Абдумалик Жўрақул таржимаси