Рей Бредбери. Пуштиранг дарча (ҳикоя)

Тушида ранг-баранг ойнавандли ташқи эшикни беркитаётганмуш. У пуштиранг, лимон сингари сап-сариқ, юмшоқ булутдек оппоқ ва булоқ суви каби тиниқ шишалардан ишланган. Кўплаб, майга ўхшаган, шарбат ёки мева қиёмини эслатувчи алвон, қирмизиранг ва тилларанг, муздек салқин, кўкимтир шиша сополакчалар ўртадаги катта ойна атрофига қопланган. Ёдида, болалик кезлари отаси уни даст кўтариб, “Қара!” дерди. Шунда яшил шиша ортидаги борлиқ дунё йўсин ёки ялпиз сингари очяшил тус оларди.
– Қара!
Очбинафшаранг шиша ўткинчиларни сўлиб қолган узум бошларига ўхшатиб қўярди. Ва ниҳоят пуштиранг шиша шаҳарни ҳамма вақт илиқ пушти тўлқин билан юварди, тонгнинг қизғиш шафағига буркарди, янгигина қирқиб текисланган майсазор эса, шарқ бозорларидан келтирилган гиламнинг худди ўзи бўлиб қоларди. Ҳаммасидан ҳам яхши бу пушти шишали дарча қути ўчган ёноқларни лола ранг билан қопларди ва у туфайли совуқ куз ёмғири илиқ бўлиб қолар, феврал бўронларида эса қувноқ учқунлар чақнарди.
– Ҳа, ҳа! Мана бу ерда…
У уйғониб кетди. Болаларнинг шивирлаб гаплашганидан уйғонди, лекин ҳали кўзларини очганича йўқ, шу аҳволда қоронғиликка қулоқ солиб ётди. Уларнинг овози қуриб қолган денгиз тубидаги қумни тўзғитиб, кулранг тепаликлар устига сочаётган шамолнинг ғинғиллашига ўхшаб, маъюс эшитилди. Шундагина лоп этиб ёдига тушди: “Биз Марсдамиз-ку!”
– Нима? – бақириб юборди хотини уйқу аралаш. У товушини чиқариб гапирганини билмай қолди, қимирлашга ҳам қўрқиб, жим ётишга ҳаракат қилиб кўрди. Бироқ воқелик ўз ҳукмини ўтказаётган, у эса ғалати бўлиб, довдираб қолаётгандек эди. Ана, хотини ўрнидан туриб, хонада шарпа каби у ёқдан бу ёққа юра бошлади, йиғма металл уйнинг анча баланддан очилган дарчаларининг гоҳ унисига, гоҳ бунисига боради, чарақлаб турган бегона юлдузларга узоқ тикилиб туради.
– Кэрри, – шивирлади у. Хотини эшитмади.
– Кэрри, – қайта шивирлади у, – сенга айтмоқчи бўлиб юрувдим… бир ойдан бери оғиз жуфтлайман. Эртага… эртага эрталаб бизда…
Бироқ хотини юлдузларнинг кўкимтир ёғдусида тошдек қотиб ўтирарди, унга қайрилиб ҳам қарамади.
“Қани энди, қуёш ҳеч қачон ботмаса, – ўйлади у ўзича, – ҳеч қачон тун бўлмаса.”
У куни билан бўлажак шаҳар учун уй қуради, болалар мактабда бўлишади, Кэрри эса, рўзғор билан овора – супиради, сидиради, овқат тайёрлайди, бунинг устига томорқа… Қуёш ботиши ҳамоноқ гулпушталарни юмшатиш ҳам, мих қоқиш ёки масала ечиш ҳам мумкин бўлмай қолганда, ҳаёллари, қоронғиликда қўноққа қайтган тунги қуш каби учиб келаверади.
Хотини қимирлади, сал қайрилиб қаради.
– Боб, – деди у, ниҳоят, – уйимизга кетгим келяпти.
– Кэрри!
– Бу жойлар бизга уй бўлмайди, – деди у. Ғира-шира қоронғиликда унинг ёш тўла кўзлари йилтираб кетди.
– Яна бироз сабр қил, Кэрри.
– Ортиқ тоқат қилолмайман! – У уйқусираган каби жавон қутичаларини тортди, бир тўп дастрўмол, ички кийим, кўйлакларни олиб, жавон устига беихтиёр, қарамасдан қўйди. Неча марта шунақа қилди – одат бўлиб қолди. “Тоқатим қолмади”, деб жавондан буюмларни чиқаради, узоқ сукут сақлаб, кейин ҳаммасини жой-жойига қўяди ва юзлари донг қотганча, совуқ нигоҳ билан ўрнига чўзилади, ҳаёлларга берилади. Бир кунмас – бир кун у ҳамма қутиларни бўшатиб, девор остида уйилиб ётган эски чамадонларга ёпишиб қолса-чи?
– Боб… – унинг товуши сокин, равон, ҳаракатларини кузатишга имкон бериб турган ой шуъласидек нурсиз, бироқ ҳасратдан асар йўқ. – Шу ярим йил ичида, тунлари неча марта шундай қилдим, ўзим уяламан. Биламан, ишинг оғир, шаҳар қураяпсан. Бундай қийинчиликда хотин киши эрига хархаша қилавермаслиги, жонига тегмаслиги керак. Бироқ мен ҳам дилимдагини тўкиб-солишим керак-ку! Ичимга ютиб юравермайман-ку! Ҳаммасидан кўра майда-чуйда нарсаларни соғиндим. Бўлмағур нарсалар, ўзим ҳам ҳайронман. Айвонимиздаги арғимчоқ эсингдами? Тўқилган оромкурси-чи?
Огайомизнинг ёз оқшомлари ўтган-кетганларни томоша қилиб, роҳатланиб ўтирардик. Сози бузилган пианино, швед ойнаси, меҳмонхонадаги жиҳозлар,… тўғри, эски, қўпол, хунук ишланган, буни ўзим ҳам биламан… Осилчоқли хитой қандили шамол эсиши билан жиринглаб кетарди. Ёз кечалари ўша айвонда ўтириб, қўни-қўшнилар билан суҳбатлашардик. Буларнинг ҳаммаси майда-чуйда арзимаган гаплар, лекин негадир, ярим кечада уйғониб кетаману, бундай ҳаёллар менга тиним бермайди. Кечир.
– Сенда нима айб? – деди у. – Марс бегона макон. Буёқда ҳамма нарса бегона, иси ҳам ғалати, кўзингга ҳам бошқача кўринади. Ўзим ҳам тунлари шуларни ўйлаб кетаман. Ўзимизнинг юртимиз, шаҳримиз, уйимиз қандай яхши эди!
– Баҳор ва ёзда ҳаммаёқ ям-яшил бўларди, – гапни улаб кетди хотини. – Кузда эса, сап-сариқ, қип-қизил! Уйимизни кўп эслайман. Эски, қурилганига саксон йилми, тўқсон йилми бўлганига қарамай, қадрдон бўлиб қолганди. Тунлари тинглаб ётардим, у худди гапиргандек қисирлаб, шиқирлаб қўярди. Ёғочлари қуриб кетганидан остонаси, зина тутқичлари, айвон қўл теккизишинг билан тилга киргандек бўларди. Ҳар бир хона ўзига хос эди. Бутун уй гапирганида эса, худди катта оила – туғишганларинг бир ерга тўпланиб аллалагандек, юмақол кўзингни, ухлайқол, дегандек бўларди. Унақа уйларни ҳозир қуришмайди. Уйда кўпчилик: оталар, боболар, неваралар яшаса, у ўзингники бўлиб қолади, кўзингга иссиқ кўринади. Бизнинг манави қутичамиз эса, мен борманми, йўқманми, билмайдиям, мен ҳаётманми, ўлганманми, унга барибир! Товушлариям занглаган темирдан чиқаётганга ўхшайди, туришлари совуқ. Деворларида кўз илғамас тешикчалари ҳам йўқки, йилларни ўзига сингдириб олса! Ғамлаган ёки ортиқча нарсаларингни сақлай десанг, на ертўласи бор, на чордоғи! Эски-тускиларни, туғилишингдан олдинги вақтлардан қолган нарсаларни ҳеч қаёққа сиғдириб бўлмайди! Биласанми, Боб, ҳозир ёнимизда ўша, биз ўрганиб қолган нарсаларимиздан озгинаси бўлганида ҳам, ҳар қандай янгиси билан кўникиб кетган бўлардик. Атрофингдаги ҳамма нарса, майда-чуйдадан тортиб катталаригача янги, бегона бўлса, бир умр кўниколмас экансан.
Қоронғиликда у бош ирғаб, хотинининг гапини тасдиқлаб қўйди.
– Ўзим ҳам шундай ўйлаб юрардим.
Хотини деворга тиркаб қўйилган чамадонлар устида ўйнаётган ой шуъласига тикилиб ўтираркан, қўлини ўша томонга аста узатди.
– Кэрри!
– Нима?
У сапчиб ўрнидан турди, оёқларини полга осилтириб, ўтириб олди.
– Кэрри, мен ақлга сиғмайдиган бир бемаънилик қилиб қўйдим. Бу ёқларга келганимиздан бошлаб диққат қиламан, сен уйимизни соғингансан, ўғилларимиз тунлари уйғониб кетиб, шивирлашиб қўйишади, шамол эса чийиллайди, ташқарида Марс, қуриб қолган денгиз… яна… – у тутилиб қолди, қийналиб ютинди. – Мен нима иш қилиб қўйганимни ва нима учун шундай қилганимни тушунишинг керак. Бундан бир ой олдин, банкдаги ҳисоб рақамимизда ўн йил давомида йиққан пулимиз бор эди, шуни, ҳаммасини борича харажат қилиб юбордим!
– Боб!
– Бекорга ташлаб юбордим! Кэрри, гапим рост, шамолга учириб юбордим! Ҳаммангизни хурсанд қиламан, деб ўйловдим. Мана, сен бундай деяпсан, анави лаънати чамадонлар ҳам кўз олдимизда тихирлик қилиб турибди.
– Нега ундай қилдинг, Боб? – хотини эри томонга ўгирилиб олди. – Ундан чиқди, биз бу ёқларда – Марсда ҳар бир центни авайлаб, қийинчиликларга чидаб, бекорга юрибмиз экан-да? Сен бўлсанг ҳаммасини бирданига йўқ қилибсан.
– Ўзим ҳам билмайман, балки, ақлдан озгандурман, – деди у. – Менга қара, тонг отишига оз қолди. Барвақт турамиз. Мен билан бирга борасан, нима қилиб қўйганимни ўз кўзинг билан кўрасан. Агар ҳаммаси бекор бўлиб чиқса, нимаям қилардим, ана, чамадонлар, ракета эса, Ерга ҳафтада уч марта қатнайди.
Кэрри қимир этмай қолди.
– Боб, Боб, – дея шивирларди.
– Керакмас, ҳозир гапирма, – ёлворди у.
– Боб, Боб…
Хотини бошини аста чайқаб қўйди, унинг ишонгиси келмасди. У тескари қараб, каравотнинг бир чеккасига чўзилди, хотини иккинчи четига ўтирди, узоқ вақт ётмади, дастрўмоллар, ички кийимлар чиройли тахлаб қўйилган, билакузук ва тақинчоқлар сақланадиган жавонга тикилиб ўтираверди. Ташқарида, девор ортида эса, ой шуъласи сингиб кетган шамол мудроқ чангларни супуриб, осмонга пуркарди.
Ниҳоят, Кэрри ётди, бироқ ҳеч нима демади, мурда каби кўзлари қилт этмасдан, қоронғиликка – узундан-узун туннелга тикилганча ётди. Наҳотки, туннелнинг нариги учида ҳеч қачон тонг отмайди?
 
* * *

Улар тонг қоронғисида туришди, лекин торгина уй ҳали уйғонганича йўқ, оғир сукунат ҳукм сурарди. Ота, она ва ўғиллар жимгина ювинишди, индамасдан янгигина пиширилган нон ейишди, мева шарбати ва кофе ичишди ва ниҳоятда, бундай сукунатдан ўкириб, увиллаб юборгудек бўлишди. Ҳеч ким бир-бирига тикилиб қарамади, ҳар бири бошқасини тостер, чойнак, қанддоннинг чинни ёки никелланган сиртидаги аксига қараб, зимдан кузатиб турди. Буришиб, қийшайиб кетган қиёфалар бундай каллаи-сахарда бегона кўринар экан. Ва, ниҳоят, эшикни очишди. Хонага Марс денгизлари устида эсадиган совуқ ҳаво ёпирилиб кирди. Ташқарига чиқишди. Денгиз тубида кўкимтир қумлар гоҳ югуриб ўйноқлайди, гоҳ хазон каби тўкилади ва қирғоққа урилмоқчи бўлган тўлқин шарпаси сингари кўтарилади. Тепада яланғоч, совуқ осмон, узоқда, бўм-бўш саҳна ортига қўйилган безак ўхшаб кўриниб турган шаҳар. Оила ўша томонга қараб кетди.
– Қаёққа кетяпмиз? – сўради Кэрри.
– Ракетадромга, – жавоб берди эри. – Йўл-йўлакай сизларга айтадиган гапим кўп.
– Болалар қадамини секинлатишди, ота-онасининг ортидан гапга қулоқ солиб бораверишди. Отаси эса, кетаётган йўлига – тўппа-тўғрига қараганча, гап бошлади. Узоқ гапирди, хотинига, ўғилларига бир марта ҳам қайрилиб қарамади, гапларимни қандай қабул қилишаётган экан, деб қизиқмади.
– Мен Марсга ишонаман, – деб бошлади у паст товуш билан. – Биламан, бир вақт келиб, у ҳақиқий ўзимизники бўлиб қолади. Биз уни жиловлаймиз, бу ёқларга кўникиб кетамиз, ортга қайтмаймиз! Бир йил илгари, эндигина учиб келганимизда, мен қўққисдан, ўзимни қоқилиб кетган одамдек ҳис қилдим. Бизни бу ёқларга нима бошлаб келди, деб ўйлаб қолдим ва сабабини энди топгандек бўлдим. Бу – худди балиқлардаги каби, ҳар йили такрорланадиган воқеа экан. Нима учун узоқ жойларга сузиб кетаётганини балиқнинг ўзи ҳам билмайди, барибир сузаверади. Ўзи танимаган ва билмаган дарё бўйлаб оқимдан юқорига қараб сузаверади, тезоқар жойлардан ўтади. Шаршаралардан ўтади, ниҳоят, бир жойга етиб боради-да, тухум қўяди, кейин ўлади. Ва, ҳаммаси янгидан бошланади. Наслдан наслга ўтадиган одат, инстинкт – нима десанг деявер, лекин бу шундай тарзда кетаверади. Биз ҳам худди шунга ўхшаб, бу томонларга келиб қолдик, шекилли.
Улар эрталабки жимликда ҳамон қадам ташлашар, чексиз осмон ортларидан эргашиб келарди, оёқлари остида, яқингинада ётқизилган шоссе устида ғалати, паға-паға буғ каби кўкимтир ва оқиш қумлар ўралишади.
– Шундай қилиб, биз ҳам бу томонларга келиб қолдик. Марсдан кейин қаёққа борамиз? Юпитергами, Сатурн, Уран, Нептун ё Плутонгами ёки улардан ҳам узоқларгами? Тўғри янада узоқларга ҳам бўлиши мумкин. Нима учун шундай бўлади? Шундай кунлар келадики, Қуёш портлаб, осмон тешик қозондек бўлиб қолади, Ердан асар ҳам қолмайди. Ўшанда Марс, балки, шикастланмай қолар? Бордию, у ҳам шикастланса, Юпитер бор, ундан кейингилари бор. Ҳаммасига шикаст етса, нима бўлади, билмайман, унда зурриётларимизнинг ҳоли нима кечади?
У тепага. Тиниқ, тоза сиёҳранг осмонга тикилиб қаради.
– Нима бўпти?! Биз бу вақтларда номаълум дунёларда бўламиз. Унинг номи ҳам йўқ, фақат рақами бор: айтайлик, тўқсон еттинчи юлдузлар туркумининг олтинчи сайёраси ёки тўқсон тўққизинчи туркумнинг иккинчи сайёраси. У ўлгудек узоқда! Буни ҳатто даҳшатли тушингда ҳам, алаҳлаганингда ҳам тасаввур қилолмайсан! Биз буёқлардан ҳам учиб кетамиз, тушуняпсизларми, узоқларга кетамиз ва соғ-омон қоламиз! Шундай фикрга келганимда, ўзимга ўзим: “Мана, гап қаёқда экан? – дедим. – Мана, нима учун биз Марсга учиб келдик? Мана, нима сабабдан одамлар осмонга ракета учиришар экан?”
– Боб…
– Тўхта, гапириб бўлай. Бу – пул учун эмас, йўқ. Табиат манзараларини томоша қилиш учун ҳам эмас. Кўпчилик шундай деб ўйлайди, бу – ёлғон, тўқима! Бойиб кетиш учун, шон-шуҳрат учун учаяпмиз, дейишади. Бир ерда ўтиравериш зерикарли, кўнгил очиш учун учаяпмиз, дейишади. Аслида эса, ҳар бир одамнинг ичида нимадир бор, у балиқ ёки кит, ҳатто энг кичкина, кўзга кўринмас микробнинг ичидаги нарсага ўхшаб чиқиллаб туради. Бу – шундай жажжи соатчаки, ҳар бир жонли махлуқ ичида бор. Биласизларми, у нима дейди? “Олға юр, бир жойда ўтираверма, тўхтама, суз, сузавер! – дейди. – Янги дунёлар томон уч! Янги шаҳарлар бунёд қил! Яна ва яна! Шунинг учунки, дунёда ҳеч нима Одам зотини йўқ қилиб юборолмасин!” Тушунсанг-чи, Кэрри, биз сен билан Марсга шунчаки учиб келганимиз йўқ! Одамларнинг тақдири, бутун одамзот авлодининг тақдири, биз ўз ҳаётимизда нималарга улгуришимизга боғлиқ. Мана, гап нимага бориб тақалаяпти! Бу – катта гап, ваҳминг келади!
Ўғиллари ортда қолмай, эргашиб келишяпти, Кэрри – ёнида. Уларга қараб, сўзларини қандай қабул қилишаётганини, юзларидан ўқиб олгиси келди, бироқ қайрилиб қарамади, гапини давом эттираверди.
– Эсимда, болалик пайтимда сеялкамиз синиб қолганди, тузатишга пулимиз йўқ эди. Ўшанда отам икковимиз уруғларни сиқимлаб сочган эдик. Бунда ҳам мазмун бор: “Бари бир, экиш керак, йўқса, ўрим бўлмайди!” Эй, Худойим! Кэрри, ўзинг эслаб кўргина-а, газеталар якшанбалик иловасида нималарни ёзишарди: МИЛЛИОН ЙИЛДАН СЎНГ ЕР МУЗГА АЙЛАНИБ ҚОЛАДИ! Болалик йилларим бундай мақолаларни ўқиб, дод солиб йиғлардим. Ойим “Сенга нима бўлди?” деб сўраганида, “Ўша пайтда дунёда яшайдиган бечораларга раҳмим келяпти” десам, “Сен улар ҳақида қайғурмай қўя қол” дердилар. Кўрдингми, Кэрри, мен нима ҳақда гапиряпман. Аслида, биз келажак авлод тўғрисида қайғурамиз, акс ҳолда бу томонларга келиб қолган бўлармидик?! Мен учун энг муҳими – ОДАМ! Унинг НАСЛИ! ОДАМ НАСЛИ яшаса ва яшайверса! Тўғри, ўзим шундан манфаатдорман, чунки ўзим шу наслнинг биттасиман. Одам зоти доим мангулик ҳақида ўйлар экан, бунга етишмоқнинг бирдан-бир йўли – олға қараб юриш, Коинотни тўлдириш! Шундагина, мабодо, қаердадир қурғоқчилик ёки бошқа табиий офат бўлиб қолса ҳам, барибир, ҳосил ўриб олаверамиз. Ҳатто Ер музга айланиб қолса ё занг босиб, қаҳатчилик бўлса ҳам! Шунда ҳам, Венерами ёки, одамлар минг йиллардан кейин ўрнашиб оладиган бошқа бир сайёрада янги майсалар униб чиқади. Шундай ўй-хаёлларимни деб, ақлдан оздим, Кэрри! Чир сўзим! Ақлдан оздим! Шундай фикрга келдиму ўт бўлиб ёндим, ҳаммани – сени, болаларимни, учраган-йўлиққан кимсани тўхтатиб, гапириб бергим келаверди. Кейин ўйланиб қолдим: жин урсин, бундан ҳеч қанақа фойда йўқ-ку! Шундай кун ёки, эҳтимол, тун келадики, ичинглардаги ўша митти соат қандай чиқиллаётганини ўзинглар ҳам эшитиб қоласизлар, ўшанда ўзларинг тушуниб оласизлар, ҳеч нарсани уқдириб ўтиришга ўрин қолмайди.
Биламан, Кэрри, буларнинг бари баландпарвоз гап, балки, мен ғоятда жиддий фикр юритаётгандурман, ахир мен кичкина одамман-ку, бўйим ҳам паст, лекин сен менга ишон – буларнинг ҳаммаси ҳақ гап!
Бу пайт улар шаҳарга кириб келишган, қадам товушлари бўм-бўш кўчаларда бўғиқ акс-садо беришига қулоқ солиб боришарди.
– Бугун тонгда нима бўлади? – сўради Кэрри .
– Ҳозир унга ҳам навбат келади. Биласанми, дилимнинг бир чеккасидаги гапни айтсам, ўзимнинг ҳам уйимизга кетгим келарди. Бошқа бир ички товуш эса, “Агар чекинсанг, ҳаммаси тамом!” дерди. Шунда, бизга нима етишмаяпти ўзи, деб ўйлаб қолдим. Ўғилларимиз, сен, мен – ҳаммамиз ўрганиб қолган эски-туски нарсаларми?
Хўп, дедим ўзимча, агар қандайдир эски-тускиларсиз янгисини ишга солиб бўлмаса, Худо ҳаққи, мен бундай эски-тускидан фойдаланганим бўлсин!
Ёдимда, тарих дарсликларида мана бундай гаплар бор эди: ибтидоий одамлар бир ердан иккинчи ерга кўчиб юрганларида сигир шохини кавлаб, ичига чўғ солганлар, кейин уни кун бўйи пуфлаб юрганлар. Кечқурун янги жойга етиб келиб, ўша, эрталабдан буён олиб юрган чўғдан гулхан ёққанлар. Гулхан ҳамма вақт янги бўлса ҳам, унда эскисидан қандайдир учқун бўлган. Шунда мен ҳаммасини тарозига қўйиб, мулоҳаза қилиб кўрдим, ўзимча ўйладим: Ердаги уйимизда қолган эски-тускилар ҳамма пулимизни сарфлашга арзирмикин? Йўқ, арзимайди. Эскининг ёрдамида бир нималарга эришсак, ана ўшанинг қиммати бор. Хўп, ундай бўлса, Янги ҳамма пулимизни батамом сарфлашга арзийдими? Узоқдаги қуйруқ учун харажат қилишга розимисан, дедим ўзим ўзимга. Ҳа, розиман, дедим. Агарда, худди шу йўл билан, кўз очиб-юмгунча, бизни Ерга қайтишга мажбур қилаётган ўша соғинчни даф қилиш мумкин бўлса, бор пулларимиз устига керосин қуйиб, ёқиб юбоганим бўлсин!
Кэрри ва болалар тўхташди. Улар кўча ўртасида отасига ҳайрон тикилиб қолишди, гўё у – у эмас, балки уларни йиқитиб кетмоқчи бўлган, ҳозир эса, тинчиб қолаётган қуюн!
– Бугун эрталаб юк ракетаси келди, – деди у оҳистагина. – Кетдик, қабул қилиб оламиз!
Улар пиллапоялардан аста кўтарилишди, акс-садо берадиган залдан эшиклари эндигина очилган сақлаш камерасига ўтишди.
– Балиқлар ҳақида яна гапириб бер, – деди болалардан бири.

* * *

Прокатга олинган юк машинасида шаҳардан ташқарига чиқишганда қуёш анча кўтарилиб қолган ва қиздираётган эди. Кузов халталар, қутилар, пакетлар, тугунлар билан тиқилиб кетган эди – узундан-узун, паст-баланд, ясси , ҳаммаси рақамланган, ҳар бир яшик ва тугунда чиройли ва ихчам ёзув: “Марс, Нью-Толедо, Роберт Прентисга.”
Машина йиғма уй олдида тўхтади. Болалар сакраб тушиб, ойисига ёрдамлашишди. Боб рулда бир дақиқа ҳаяллаб қолди, кейин шошмасдан пастга тушди, машинани айланиб ўтиб, ичкарига қаради. Туш вақтига келиб, битта катта яшикдан бошқа ҳаммаси, пакетлар, тугунлар очиб бўлинди. Буюмлар қуриб қолган денгиз тубида қатор туришар ва бутун оила унинг теварагида томоша қиларди.
– Буёққа кел, Кэрри.
У хотинини охирги қаторга бошлаб ўтди, катта яшиклардан бирининг ичидан эски пиллапоя чиқди.
– Эшитиб кўр-а.
Ёғоч зиналар оёқ остида тилга кирди.
– Улар нима дейишаяпти-а?
Хотини эскириб кетган пиллапояда ўйчан, диққат билан турар, бироқ жавоб беришга бир сўз тополмасди.
У қўли билан кўрсатди:
– Мана бу ерга пиллапояни қўямиз, буёқда – меҳмонхона, ошхона, овқатланадиган хонамиз, учта ётоқхона бўлади. Бир қисмини янгидан қурамиз, Ерда қолган нарсаларимиздан яна келтирамиз. Ҳар ҳолда, бизда пиллапоя, меҳмонхона учун у-бу жиҳозлар, эски кроватимиз ҳам бор.
– Ҳамма пулларимиз… Боб!
У хотинига табассум билан боқди.
– Жаҳлинг чиқмаяптими? Қани, менга қара-чи! Ана, чиқмаяпти.
Бир йилдан кейинми, беш йилдан кейинми, биз ҳамма нарсамизни кўчириб келтирамиз. Вазаларни ҳам, ойинг бизга тўққиз юз олтмиш биринчи йилда тақдим қилган арман гиламини ҳам. Ана, ундан кейин Қуёш портласа портлайверсин!
Улар бошқа яшикларни айланиб ўтиб, рақамларини, ёзувларини ўқиб кўришди: айвондаги арғимчоқ, беланчак, хитой қандили…
– Уларни ўзим пуфлаб жиринглатаман!
Зинапояларга турли рангдаги шишалардан ясалган дарчаси бор эшикни қўйишди ва Кэрри ундан қарай бошлади.
– Нималарни кўраяпсан?
Хотини нималарни кўраётганини билиб туриб сўради, чунки шу пайтда ўзи ҳам дарчага тикилиб турганди. Мана у – Марс! Совуқ осмон илиқ тус олди, ўлик денгиз тирилгандек бўлди, тепаликлар қулупнайли музқаймоқ уюмларига ўхшаб қолди ва шамол учираётган қумлар аста ёнаётган кўмир учқунлари каби йилтиллади. Пуштиранг дарча, пуштиранг дарча! У теварак атрофни нозик қизғиш ранг билан жонлантирди, юракларни, нигоҳларни тонг шафағи билан қоплади. Роберт Прентис ана шу шиша бўлагига тикилиб, ташқарини томоша қилиб тураркан, ўзича гапириб юборди:
– Бир йилдан сўнг биз турган шу жойда шаҳар пайдо бўлади. Соя-салқин кўча тушади. Ўзимизнинг айвонимиз бўлади, дўстлар орттирамиз, ўшанда бу буюмлар сенга ҳозиргичалик керак бўлмай қолади. Лекин ҳозир биз шулардан бошлаймиз. Булар арзимаган нарсалар, бироқ ўзимизники, кўникиб қолганмиз, кейин улар кўпаяверади. Яқин орада сен Марсни танимай қоласан, назарингда, бир умр шу ерларда яшаётгандек бўласан.
У зинапоялардан югуриб тушди-да, энг четда турган, мато билан ўралган, ҳали очилмаган яшикка қаради. Қаламтарош билан матони йиртди.
– Топ-чи, бу нима?
– Ошхонадаги менинг ўчоғим! Печка!
– Хечам-да! – у мулойим кулди. – Қани, битта қўшиқ айтиб бер-чи!
– Эсингни едингми, Боб?
– Шундай қўшиқ айтгин-ки, қўлимизда бўлган, бироқ сувга оқиб кетган пулларимизга арзисин. Тупурдим, ўша пулларга, ачинмайман!
– Мен “Женни, Женни, азизим!” деган қўшиқдан бошқасини билмайман-ку.
– Ана, ўшани айт!
Бироқ, хотини бошлолмади, лабларини унсиз қимирлатиб қўйди, холос.
У матони зарб билан тортди, қўлини йиртиқдан тиқиб, индамай пайпасланди ва хиргойи қила бошлади. Ниҳоят, қидирган нарсасини топиб ушлади ва жимликни пианинонинг тиниқ товуши бузиб юборди.
– Мана, шундай! – деди Роберт Прентис, – энди шу қўшиқни бошидан охиригача куйлаймиз. Ҳаммамиз, биргалашиб!

Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси