Рей Бредбери. Шамол (ҳикоя)

Ўша куни кечқурун соат беш яримларда телефон жиринглади. Декабр оқшомларидан бири эди. Томпсон гўшакни кўтарди:
– Эшитаман.
– Алло, Герб!
– Ҳа, бу сенмисан, Аллин?
– Хотининг уйдами, Герб?
– Ҳа. Нима эди?
– Ҳеч нима, ўзим, шундай…
Герб Томпсон гўшакни хотиржам тутиб турарди.
– Нима бўлди, ўзи? Товушинг ғалати эшитилаяпти?
– Бугун кечқурун меникига келсанг бўларди.
– Биз меҳмон кутаяпмиз.
– Меникига келиб турсанг бўларди-да. Хотининг қачон кетади?
– Кейинги ҳафтада. – Огайода тўққиз кун бўлади. Онаси касал экан. Ўшанда мен ҳам сеникига борсам ярашади.
– Бугун келганингда яхши бўларди-да.
– Қани энди, иложи бўлсайди… меҳмондорчилик. Ўзингдан қолар гап йўқ. Хотиним нақ ўлдиради-я!
– Ўтиниб сўрайман.
– Нима бўлди? Яна шамолми?
– Йўқ… Йўқ, йўқ!
– Айтаверсанг-чи, шамолми? – қайта сўради Томпсон.
Гўшакдаги овоз гап тополмай, тутилиб қолди.
– Ҳа, – деди ниҳоят. – Ҳа, шамол.
– Ахир, ҳаво очиқ, шамол борми, йўқдек-ку!
– Бориям кифоя. Ана, эсяпти, дераза пардани ҳилпиратиб ўтди… Мен тушунишим учун етарли.
– Менга қара, ўзинг бизникига кела қолмайсанми? Шу ерда тунардинг, – деди Герб Томпсон даҳлизга қараб қўяркан.
– Йўғ-э, кеч бўлди. У мени йўлдаёқ тутиб олиши мумкин. Таклифинг учун раҳмат. Ўзимни хатарга қўйолмайман, йўл узоқ, озмас-кўпмас ўттиз мил келади-я! Раҳмат…
– Бўлмаса, уйқу дори ич.
– Бир соат ташқарида турдим, Герб. Ғарбда, уфқда булутлар тўпланди, кейин биттаси парча-парча бўлиб кетганини ўз кўзим билан кўрдим. Бўрон бўлиши аниқ.
– Майли, уйқу дори эсингдан чиқмасин. Хоҳлаган вақтингда яна қўнғироқ қил, керак бўлса, бугуноқ.
– Қачон бўлса ҳамми?
– Албатта!
– Хўп, қўнғироқ қиламан. Бироқ, ўзинг келганингда яхши бўларди-да. Йўқ, керакмас, сенгаям бирор кори ҳол бўлмасин, тағин. Сен энг яхши дўстимсан, хатардан нарироқ бўлганинг дуруст. Мен бир ўзим ёзиғимни қарши олганим яхшироқ. Кечир, безовта қилдим.
– Биз бекорга дўст бўлибмизми? Қани, айтчи, бугун нима иш қилаётувдинг? У-буни ёзсанг бўлармиди? – деди Герб Томпсон оғирлигини бир оёғидан иккинчисига тушириб. – Овунардинг, унутардинг ўша Ҳимолайингни, Шамоллар водийсию ҳамма пўртана, довулларни. Баҳонада йўл таассуротларингдан яна бир боб ёзиб қўярдинг.
– Уриниб кўраман. Билмадим, балки чиқиб қолар. Яна, билмадим… Сени безовта қилишимга рухсат берганинг учун раҳмат.
– Қўйсангчи! Арзимайди. Ҳўп, бўпти! Ана, хотиним овқатга чақираяпти.
Герб Томпсон гўшакни илиб қўйди-да, стол ёнига бориб, хотини рўпарасига ўтирди.
– Аллин қўнғироқ қилдими? – сўради аёли. Герб бош ирғади.
– Жонингга тегмадими? Дўстингнинг шамоли кўп, гоҳ эсади, гоҳ тинади ё бўлмасам, бир ёндириб ўтади, бир совитиб, – давом этди у, овқат сузилган талинкани узатаркан.
– У бечора, уруш вақтида Ҳимолайда кўп азоб чеккан, – деди Герб Томпсон.
– Наҳотки, ўша водийлар ҳақидаги уйдирмаларига ишонсанг?
– Гаплари жуда ишончли.
– Қаёққадир тирмашган, ўрмалаган,… Нега шу, эркаклар тоғма-тоғ ўрмалайверади, ўзига хавф-хатар орттириб?
– Қор ёққан эди, – деди Герб Томпсон.
– Нима бўпти?
– Ёмғир ҳам уриб турган… Дўл, шамол, ҳаммаси бараварига келган. Ўша водийда. Аллин менга кўп марта айтиб берган. Жуда қизиқ ҳикоя қилади… Энг теппага кўтарилибди, ҳаммаёқ булутмуш… бутун водий гувиллармуш.
– Шунақа бўлади-да, – деб қўйди хотини.
– Товушларга қараганда, битта эмас, минглаб шамоллар эсган. Бутун дунёнинг шамоли. – У санчқини оғзига олиб борди. – Аллин шунақа дерди.
– Нима қиларди, ўша ёқларга бориб? – деди хотини. – Ҳамма ёққа тумшуғини тиқиб тентирайверади-да, кейин гап тўқиб юради: шамоллар ундан ғазабланганмуш, пайига тушганмуш…
– Бас қил, у менинг энг яқин дўстим! – Герб Томпсоннинг жаҳли чиқди.
– Ахир, бу гапларнинг ҳаммаси уйдирма-ку!
– Уйдирмами, йўқми, у неча марта фалокатга йўлиқди! Бомбейда пўртана, икки ой ўтиб Янги Гвинея соҳилларида тўфон. Корнуоллдаги воқеа-чи?
– Унақа эркакларга ачинмайман. Бир қарасанг пўртанада қолиб кетади, бир қарасанг – довулда! Шундан, уни кимдир қувиб юргандек туюлаверади.
Худди шу пайт телефон жиринглаб қолди.
– Ола кўрма! – деди хотини.
– Ўзимизга тегишли гап бўлса-чи?
– Бу – ўша, Аллиннинг.
Телефон тўққиз марта жиринглади, бироқ улар жойларидан қўзғолишмади. Қўнғироқ тинди. Улар овқатни еб бўлишди. Ошхонадаги дарчадан эсаётган енгил шамол пардаларни сал ҳилпиратиб турарди.
Телефон яна жиринглади.
– Қараб туролмайман. – деди Герб Томпсон ва гўшакни кўтарди. – Эшитаман, Аллин!
– Герб! У шу ерда! Етиб келди!
– Гўшакка ёпишиб гапирма, сал узоқроқ тут.
– Эшикни очиб, уни кузатиб тургандим. Катта йўлдан шиддат билан, йўлида учраган дарахтларни синдириб кела бошлади, кейин шундоқ уйнинг олдидаги дарахтнинг танаси ғирчиллаб кетди. Тепа-дан пастга, мен турган эшикка ўзини урди, бироқ мен нақ тумшуғи остида эшикни ёпиб қолдим!
Томпсон нима дейишни билмасдан индаймай турарди, хотини эса даҳлиз эшигида турганча ундан кўзини узмасди.
– Жуда қизиғ-у, – дея олди у ниҳоят.
– У бутун уйни ўраб олди, Герб. Ташқарига чиқолмайман, ҳеч қандай чора ҳам кўролмайман. Лекин мен уни роса бопладим: ўзимни гўлликка солиб туравердим, у пастга, мен томонга шўнғиганида эшикни шарақлатиб ёпиб олдим! Ғафлатда қолармидим, неча ҳафтадан буён сергак турибману!
– Жуда яхши қилибсан-да, қария. Қани энди, менга бир бошдан гапириб берчи, – мулойимгина деди Герб Томпсон. Хотини тикилиб қарайверганидан у бўйнигача терлаб кетди.
– Бу олти ҳафта илгари бошланганди…
– Хўш? У ёғи-чи?
– Уни алдаб кетдим, деб ўйлагандим. Мендан ўч олиш ниятидан қайтган, деб юрардим. Билсам, у шунчаки қулай фурсат пойлаб юрган экан. Олти ҳафта бурун уйимнинг ёнида шивирлаганини, кулганини эшитдим. Узоқ эмас, бор-йўғи бир соатча, секингина. Кейин, учиб кетди.
Томпсон гўшакка қараб бош ирғаб қўйди:
– Яхши, ундан нари бўлсин.
Хотини бўлса, ҳалиям қараб турарди.
– Эртаси кечқурун яна қайтиб келди… Эшик, дераза тавақаларини тарақлатиб, мўркондан олов учқунларини сўриб тортди. Беш кеча узлуксиз келди, ҳар гал аввалгидан кўра кучлироқ бўлиб қайтади. Ташқари эшикни очишим билан уй ичига буралиб кирволади-да, мени тортиб чиқармоқчи бўлади, лекин кучи камлик қиларди. Энди роса куч тўплаб келибди…
– Қутулиб қолганингдан хурсандман, – деди Томпсон.
– Нималар деяпсан? Ҳозир аҳволим чатоқ. Хотининг яна эшитиб туриптими?
– Ҳа.
– Тушунарли. Биламан, гапларим тетакнамо туюлади.
– Ҳечам ундаймас. Гапиравер.
Томпсоннинг хотини ошхонага кириб кетди. У енгил уф тортиб, телефон олдидаги кичкина стулчага ўтирди.
– Гапиравер, Аллин, кўнглингдагини айтиб олсанг, тезроқ ухлайсан.
– У уйни буткул ўраб олган, худди баҳайбат чангюткич каби туйнукларда гувиллаяпти. Дарахтларни букиб ташлаяпти.
– Қизиқ, Аллин, бу ерда ҳеч қанақа шамол йўқ-ку!
– Шамол сенинг олдингда нима қилсин, унга мен керакман!
– Тўғри, шундай бўлиши ҳам мумкин…
– Бу қотил шамол, Герб, ўлжасини қидириб чиққан энг қадимги ва энг беаёв улкан қотил. Баҳайбат искович сингари ортимдан югуриб юрипти, ҳидлаб, пишқириб, мени қидираяпти. Совуқ тумшуғини остонамга тиркаб, уйнинг ҳавосини сўриб олаяпти. Ана, меҳмонхонадалигимни сезиб қолди, киришга уннаяти. Ошхонага ўтсам у ҳам орқамдан эргашади. Деразадан ўтмоқчийдим, бўлмади, тавақаларни алмаштириб, мустаҳкамлаб қўйганман, эшикларнинг ошиқ-мошиғию илгакларигача ўзгартирганман. Уйим мустаҳкам. Илгарилари пишиқ қуришарди. Атайлаб, ҳамма хонада чироқларни ёқиб қўйдим. Бир хонадан иккинчисига ўтганимни шамол кузатиб турибди, чироқларни ёққанимни деразадан мўралаб кўраяпти. Ўҳ-ҳў!
– Нима бўлди?
– Ташқаридаги темир панжарани узиб ташлади!
– Бизникига келсанг бўларди, Аллин.
– Уйдан чиқолмайман! Иложим йўқ. Мен бу шамолни биламан. Ҳозиргина чекмоқчи бўлувдим, гугуртни ўчириб қўйди. Шунақа у, калака, масхара қилишни яхши кўради. Шошмайдиям, олдинда бутун тун бор-да. Ана! Кутубхонамда, стол устида ётган китобни… Ўз кўзинг билан кўрганингда эди! Девордан кичкинагина тешик топиб олиб, пуфлаяпти, китобни бетма-бет титкилаяпти. Эсингдами, Герб, Тибет ҳақидаги китобга ёзилган муқаддима?
– Эсимда.
– “Бу китоб стихия кучлари билан яккама-якка бўлган жангнинг қурбонларига бағишланади. Уни бир мўъжиза билан омон қолган мағлублардан бири ёзган.”
– Эсимда, эсимда.
– Чироқ ўчди!
Гўшакда нимадир чирсиллади.
– Энди симларни узиб ташлади. Эшитяпсанми, Герб?
– Ҳа, ҳа, эшитяпман.
– Уйимда ҳамма чироқлар ёниб туриши шамолга ёқмади, симларни узиб ташлади. Телефонга ҳам навбат келса керак? Худди ҳаво жангига ўхшайди! Тўхта-чи…
– Аллин!
Жимжитлик. Герб гўшакни қулоғига босди. Ошхонадан хотини мўралаб қаради. Герб Томпсон кутиб турарди:
– Аллин!
– Мен шу ердаман, – деди товуш. – Елвизак бошланувди, эшик остидаги тирқишни беркитишга тўғри келди, бўлмаса, шамол оёғимни уриб кетадиган. Биласанми, Герб, меникига келмаганинг яхши бўлди, йўқса, сенам балога қолардинг. Ўҳ-ҳў! Ана, қўшни хонадаги ойналардан бирини кўчириб ташлади. Энди у ерда нақ бўрон ўйнаяпти, деворга осиғлиқ нарсалар полга шарақлаб тушаяпти! Эшитяпсанми?
Герб Томпсон қулоқ тутди. Гўшакдан увиллаган, чийиллаган, тарақлаган овозлар келди. Эшитилсин учун Аллин ҳам қаттиқ бақириб гапирди:
– Эшитяпсанми?!
Герб Томпсон, томоғига бир нима тиқилгандек, ютинди.
– Ҳа, эшитяпман.
– Мен унга тириклай керакман. У жуда маккор, бир ҳамлада уйни яксон қилса, мен ўлиб кетишимни билади. Мени қийма-қийма қилиб, сукма-суяк титкилаб чиқиши учун тириклай керакман. Унга менинг руҳим, онгим керак, менинг ҳаётий, руҳий кучим, “Мен”им керак.
 – Аллин, мени хотиним чақираяпти, идиш-товоққа қарашгин, деяпти.
– Уйимнинг тепасида баҳайбат булут, бутун дунёнинг шамоллари! Ўша, бир йил аввал Целебессни қуритиб кетган бўрон, Аргентинада қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётини олиб кетган памперо, Гавай оролларини қақшатиб кетган тўфон, шу йилнинг бошларида Африка қирғоқларига ёпирилган довул. Бир вақтлар мен чап бериб қолган пўртаналарнинг қолган-қутгани. У Ҳомолайдаги инидан мени қидириб чиқди, топди. Шамоллар водийсидаги, бузғунчилик ниятларини пишитиб, беркиниб ётган инини биламан, ана шу унга тинчлик бермайди. У қачонлардир, қандайдир қилиб дунёга келиб қолган… Қаерда туғилишини, қаердан мадад олишини ва қаерда куни битишини мен биламан. Шунинг учун мениям ва у билан қандай курашиш лозимлигини кўрсатиб берадиган китобларимниям кўрарга кўзи йўқ. Оғзимни ёпиб қўймоқчи, ўзининг баҳайбат жисмига сингдириб, билимларимни ўзлаштириб олмоқчи. Нияти – мени ўз томонига оғдриб олиш.
– Аллин, гўшакни қўйяпман, хотиним…
– Нима? – Сукунат. Гўшакдан, узоқда гувиллаётган шамолнинг овози эшитилди. – Нима дединг?
– Менга яна бир соатдан кейин қўнғироқ қилгин, Аллин!
У гўшакни илиб қўйди-да, хотинига қарашгани кетди. Талинкаларни артаркан, хотини тикилиб қараб қўярди, у бўлса, талинкага тикилганча, қуригунча сочиқ билан ишқаларди.
– Кўчада қандайикин? – сўради хотинидан.
– Роҳатижон! Иссиқ! Юлдузлар, – деди хотини. – Нимайди?
– Ўзим, шундай…
Кейинги бир соат ичида телефон уч марта жиринглади. Соат саккизда меҳмонлар – Стоддард хотини билан келди. Саккиз яримгача у ёқ бу ёқдан гаплашиб ўтиришди, кейин қарта ўйнайдиган столни ўртага суриб, “қопқонга тушириш” ўйинини бошлашди. Герб Томпсон қартани узоқ, ўйчан аралаштирди, шитирлаши худди чий парданинг очилишига ўхшайди, сўнг тарқатди. Қарталар бирин-кетин шипиллаб, ўйинчилар рўпарасига тушаверди. Суҳбат ўз маромида. У сигара тутатди, учида юпқа кул пайдо бўлгунича тортди-да, ўз қарталарини олиб, қараб чиқди. Бирдан бошини кўтариб, қулоқ солди. Ташқаридан ҳеч қандай товуш келмаётганди. Хотини разм солганини кўриб, у дарров ўйинга қайтди ва валет топпондан бошлаб юрди.
Герб шошмасдан, сигарасини тутатиб ўтираверди, бошқалар унда-мунда қисқагина шарақлашиб, суҳбатни давом эттиришарди. Ниҳоят, даҳлиздаги соат ўнга бонг урди.
– Биз бу ерда суҳбатлашиб ўтирибмизу, – гап бошлади Герб Томпсон ва оғзидан сигарани олиб, унга ўйчан қараб қолди, – ҳаёт бўлса… Ҳа, ҳаёт қизиқ нарса.
– Нима? – деди мистер Стоддард.
– Йўқ. Ҳеч нима. Биз бу ерда суҳбатлашиб ўтирибмиз, ҳаётимиз ўтаяпти, курраи заминнинг бошқа томонларида ҳам миллардлаб одам яшаяпти.
– Янгилик бўлди-ку.
– Яшаяпмиз… – У сигарасини яна тишларига қисди. – Яккаю ёлғиз яшаяпмиз. Ҳатто ўз уйимизда ҳам. Гоҳида шундай бўлади-ки, яқин одаминг сени бағрига босади, сен бўлсанг, гўё миллион мил наридасан.
– Кузатишларинг зўр-ку, – луқма ташлади хотини.
– Сен мени бошқача тушундинг, – деди у хотиржамлик билан. У бўйнида ҳеч қандай гуноҳи бўлмаганидан, ҳозир ҳам қизиққонлик қилмади. – Айтмоқчиманки, ҳар биримизнинг ўз эътиқодимиз, кичкинагина ҳаётимиз бор. Бутунлай бошқача яшайдиган одамлар ҳам бор. Мана, биз шу хонада тинчгина, роҳатланиб суҳбатлашиб ўтирибмиз. Лекин шу дақиқаларда, қаёқлардадир минглаб одам ўлиб кетаяпти. Кимдир ракдан, кимдир шамоллашдан, яна кимлардир – силдан. Шу лаҳзанинг ўзидаёқ, АҚШда кимлардир автомобил фалокатидан ўлаётганига имоним комил.
– Қаёқдаги совуқ гапларни топасан-а, – деб қўйди хотини.
– Ўзимиз яшаймизу, бошқа одамлар қандай фикр юритади, қандай яшаб, қандай ўлади, мана булар ҳақида ўйламаймиз. Ўзимизга қачон ўлим келишини кутиб юрамиз. Демоқчиманки, биз мана шу ерда оромкурсиларга қапишиб ўтирибмизу, қандайдир ўттиз мил нарида, катта кўҳна бир уйни зулмат қоплаб, жинлар ўйинга тушаяпти, дунёдаги энг яхши одамлардан бири…
– Герб!
– У сигарасини чертиб, кулини туширди, оғзига тутиб ямланди-да, ҳеч нарсани кўрмаса ҳам қартасига тикилди.
– Кечирасизлар. – У кўзларини юмиб қўйди, сигара думини тишлаб узди. – Юриш менданми?
– Ҳа, сендан.
Ўйин яна жонланди, қарталарнинг шипиллаши, шивир-шивири давом этди… Герб Томпсон бемор одамдек оромкурсига чўкиб ўтирарди.
Телефон жиринглади. Томпсон сакраб туриб кетди, аппарат томон отилиб, гўшакни шошиб қўлга олди.
– Герб! Қачондан бери қўнғироқ қиламан! Нима гап у ёқда?
– Нимани айтаяпсан?
– Меҳмонлар кетишдими?
– Қаёқда, ўтиришибди…
– Валақлашиб, кулишиб,… Қарта ўйнаб ўтиргандурсизлар?
– Ҳа, лекин бунинг нима алоқаси…
– Сен бўлсанг, ўша, ўн центли сигарангни чекаяпсан-а?
– Ҳа, нима бўпти, аммо лекин…
– Зўр! – деди гўшакдаги овоз. – Худо ҳаққи зўр! Қани энди, мен ҳам сизлар билан бирга бўлсам! Қаёқдан ҳам ўша касофатларни била қолган эканман-а? Қани энди,… ҳай, қўйиб берсанг, нималарни хоҳламайсан, киши!
– Ишларинг қалай?
– Ҳозирча тирикман. Ошхонада ўтирибман. Шамол даворнинг ярмини бузиб туширди. Шуни олдиндан билиб, беркинишга жой тайёрлаб қўйгандим. Ошхона эшиги бузилса, ертўлага тушаман. Омадим келса, ўша ерда тонггача ўтириб чиқаман. Шамол мени қидириб топиши учун бу лаънати уйнинг ҳаммасини яксон қилиши керак. Ертўланинг усти эса, жуда мустаҳкам ишланган. Қўлимда белкурак ҳам бор, керак бўлса, чуқурча қазиб, яна узоқроққа беркинаман…
Гўшакдан катта бир хорнинг овози келаётганга ўхшарди.
– Бу қанақа овоз? – деди Герб Томпсон, эти сесканиб.
– Буми? – қайта сўради телефондаги товуш. – Бу, тўфон ўлдириб кетган ўн икки минг, довул олиб кетган етти минг, бўрон яксон қилиб кетган уч минг одамнинг товуши. Гапларимдан зерикмаяпсанми? Биласанми, шамолнинг жисми – ҳалок бўлганларнинг тўдаси, унинг моҳияти ҳам шу! Шамол уларни ўлдириб, ақлини ўзлаштириб олган, товушларини аралаштириб, битта қилиб юборган. Кейинги ўн минг йил ичида ўлдирилганлар, азобланаётганлар, қитъадан қитъага қувғин қилинаётганлар, муссон ва қуюнлар ютиб кетган миллионларнинг товуши. Эҳ-ҳе, достон қилиш мумкин, буни!
Телефондан қичқирган, увиллаган овозлар келди.
– Герб, қаёққа кетдинг? – чақирди хотини қарта ўйнаб ўтирган жойидан.
– Шамол ҳам йилдан-йилга ақлли бўлиб кетяпти, жасадма-жасад, ҳаётма-ҳаёт, ўлим кетидан ўлим, ҳаммасини ўзлаштириб олаяпти.
– Герб, сенга қараб қолдик! – бақирди хотини.
– Ўчир-э! – сал бўлмаса овози борича бақириб юборай деди. – бир минут сабр қилолмайсизларми? – Кейин телефонга қарата деди. – Аллин, хоҳласанг, ҳозироқ ёнингга боришга тайёрман! Асли, илгарироқ…
– Бундай қила кўрма! Кураш аёвсиз, бунинг устига сени аралаштириш каммиди? Гўшакни илмасам бўлмайдиганга ўхшайди, ошхона эшиги ғирчиллаяпти, ағанамасидан ертўлага қочиб қолай.
– Яна қўнғироқ қиласанми?
– Иложи бўлса, қиларман. Ким билади, яна? Неча марта қочиб қутулиб қолганман, энди у мени бурчакка қисиб қўйди, чамамда. Ишқилиб, сенга халал бермадимми, Герб?
– Сен ҳеч кимга халал берганинг йўқ! Тушундингми? Қўнғироқ қилавер.
– Кўраман…
Герб Томпсон қарта ўйинига қайтди, хотини унга тикилиб қараб қўйди.
– Қалай экан, дўстинг? Анови Аллин! – сўради у. – Хуши жойидамикин, ишқилиб?
– У умрида бир томчи ҳам спиртли ичимлик ичмаган, – деди Томпсон ҳўмрайиб ўтираркан. Мен бояроқ унинг олдига боришим лозим эди.
– Ахир, мана олти ҳафтаки, ҳар оқшом қўнғироқ қилади. Ўн мартадур, унинг ёнида тунаб қолдинг, ҳеч нима бўлмади-ку!
– Унга ёрдам бериш керак, бўлмаса, ўзини бир нарса қилиб қўйиши мумкин.
– Яқингинада, икки кун аввал унинг олдида эдинг, нима, кетидан югураверасанми?
– Эртадан қолдирмай уни касалхонага олиб бораман. Унга раҳмим келади, ақлли одам…
Соат ўн яримда кофе тортилди. Герб Томпсон шошмасдан ичар, телефонга қараб қўйиб, ўзича ўйга толиб ўтирарди: “Ертўлага тушиб олгнмикин?”
Герб Томпсон телефон олдига бориб, шаҳарлараро станцияни чақирди, керакли рақамни айтди.
– Афсуски, – деди унга станция ходимаси, – сиз айтган район билан алоқа узилган. Тузалди дегунча улаб берамиз.
– Демак, алоқа узилган! – хитоб қилиб юборди Томпсон. У гўшакни илиб шартта ўгирилди, шкаф эшигини шарақлатиб очиб, пальтосига ёпишди.
– Герб! – бақириб юборди хотини.
– Мен боришим керак! – деди у пальтони кия туриб.
Ташқи эшикка нимадир енгилгина, эҳтиёткорлик билан урилди. Ҳамма сесканиб тушди, сергак тортди.
– Ким у? – деди Гербнинг хотини.
Яна нимадир юмшоқина урилди. Томпсон шошиб даҳлизни кесиб ўтди-да, бирдан тўхтаб қолди. Ташқаридан билинар-билинмас кулги эшитилди.
– Гаров ўйнашим мумкин! – деди Герб. У бирданига енгил тортди, чеҳраси очилиб, эшик тутқичига ёпишди.
– Бу кулгини, қаёқда бўлмасин, танийман! Аллин, бу! Алоҳа кепти-я! Ўзи кепти! Тонггача кутолмаган. Менга эртагини айтиб беришга сабри чидамаган! – Томпсон жилмайиб қўйди. – Улфатларини ҳам бошлаб келган, чоғи, ташқарида кўпчилик турганга ўхшайди…
У ташқи эшикни очиб юборди. Зинада ҳеч ким йўқ! Бироқ Томпсон шошмади, юзида шўх, айёрона ифода пайдо бўлиб, кулиб юборди.
– Аллин! Қўйсанг-чи, ҳазилингни! Қаёқдасан? – У ташқи чироқни ёқди, чапга, ўнгга қаради. – Аллин! Қаёқда бўлсанг ҳам чиқ бу ёққа!
Унинг юзига шамол урилди. Томпсон шу аҳволда бир дақиқа турди, бирдан, бадани музлаб кетгандек бўлди. Зинага чиқиб, ҳаяжон ва синчковлик билан атрофга қаради. Шамол кучайиб, унинг пальтоси этагини тортқилади, сочларини тўзғитди. Шунда, назарида, кимдир яна кулгандек бўлди. Шамол уйни бир айланиб чиқди, қўққисдан ҳавонинг босими чидаб бўлмас даражада ошиб кетди, бироқ, таҳдид бор-йўғи бир сония кечдию шамол шу заҳоти узоқларга эсиб кетди. Баланд дарахтлар учини шипирлатиб учиб кетди, денгизга, Целебессга, Фил суяги қирғоғига, Суматрага, Оловлар бурнига, Корнуолл ва Филиппин томонларга шошиб кетди. Кетган сари теварак-атроф сокинлашаверди…
Томпсон анқайганча жойида туриб қолди. Кейин уйга кириб, эшикни ёпди, қимирламай, кўзларини юмганча, эшикка суянди. Хотини: “Нима бўлди?” деганча қолди.

Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси