Рей Бредбери. Баҳор сеҳргари (ҳикоя)

Баланд-баландда: тоғлардан ҳам юксакда, юлдузларнинг нақ остида, дарёлар, денгизлар, йўллар устидан Сеси учиб боради. Эрта баҳор еллари каби нозик, кечки ўтлоқдаги майсанинг хушбўй иси каби майин Сеси…
У оппоқ ва момиқдай юмшоқ парларга ўтирганча парвоз қилди, йўл-йўлакай дарахтларга қўниб, хордиқ чиқарди, гуллар ичига кирди, енгилгина шабадани баҳона қилиб, гул япроқчаларини ўзи билан олиб қочди. Йилтиллаб турган кўлмак ёнидаги ялпиздек совуқ, бадбашара, ям-яшил бақа ичида ҳам бўлди. Бароқ ит билан бирга югуриб, вовиллади, омборхоналар оралиғида акс садо кетидан қувалашди. Чарчаганида нозик майсалар ичидан ошиён топди, мушки анбар таратаётган тупроқдан чиққан, кўз ёшларидек тиниқ шудрингдан макон излади.
“Баҳор… – ўйлади Сеси. – Шу тунда борлиқ мавжудот ичига кириб чиқаман.”
У, сақичи эриб, ола-чалпоқ бўлиб ётган йўл устидаги пўрим чигиртка вужудида бўлди, темир панжарага қўнган шабнам томчисида чўмилди. Бу кеча қиз роппа-расо ўн еттига тўлди. Унинг руҳи дақиқа сайин тусланиб, Иллинойс шамолларида ҳеч кимга кўринмай учиб юрибди.
– Севиб қолгим келяпти, – деди у.
Қиз бу гапни кечки овқат вақтидаёқ айтганди. Ота-онаси бир-бирига ҳайрон қараб, қовоқ уйишди.
– Сабр қилиш керак, – дейишди улар. – Эсингдан чиқмасин, сен бошқаларга ўхшамайсан. Бизнинг оила ўзгача, бошқаларникига ўхшамайди. Биз оддий одамлар билан қўшилиб кетишимиз мумкин эмас, улар билан турмуш қуриш эса – асло! Йўқса, биз сеҳрли кучимиздан айрилиб қоламиз. Қани, ўзинг айт-чи, мўъжизавий саёҳатлар қилиш туҳфасидан воз кечишни истайсанми? Ҳа, индамайсан-а? Шунинг учун эҳтиёт бўлиб юр. Қадамингни ўйлаб бос!
Сеси ўз ётоғига чиқиб, кечки пардозини қилди, юраги дириллаб, ҳаяжонланиб, тўшагига ётди. Иллинойс далалари осмонига эса сутдек оймума сузиб чиқиб, дарёларни қаймоққа, йўлларни кумуш тасмага айлантириб юборди.
– Ҳа, – деб хўрсинди қиз, – мен ўзгача оиладанман. Биз кундузи ухлаб, тунлари қора қоғоздан ясалган варрак каби шамолга эркимизни берамиз. Агар хоҳласак, кўрсичқон бағрига жойлашганча, иссиққина ер қучоғида қишлай оламиз. Мен ҳар нарсанинг ичида, майдагина тошдаям, кукундаям ёки бешиктерватарда ҳам яшай оламан. Мана, шу ерда жисмим қобиғини қолдириб, руҳимни узоқ-узоқларга, саргузашт излаб, учириб юбора оламан. Ке-етди-им!
Шамол уни далалар ва ўтлоқлар устидан учириб кетди. Пастдаги уйлар баҳорнинг эркалатувчи ёғдуси билан шуълаланиб, дарчалар қизғиш тус олди.
“Модомики, мен шунақа ғалати ва кўз илғамас мавжудотман, ўзим севишим мумкин эмас экан, унда бошқа биров орқали севганим бўлсин!” – деди у ўзича.
Баҳорнинг ғира-шира оқшомида ўн тўққиз ёшлардаги, қопқора сочли бир қиз, ферма олдидаги чўнқир тош қудуқдан сув олгани келди. У қўшиқ айтарди.
Сеси ям-яшил япроқ қиёфасида қудуққа тушиб кетди. Юмшоққина йўсин устида чўзилиб, муздек қудуқ ичидан тепага қаради. Бир зумда у кўзга кўринмас, тиниб-тинчимас амёба ичига жойлашиб олди ва яна бир ондан сўнг томчи сувга қўшилиб кетди! Ана, муздек ёғлоғи уни қизнинг қайноқ лаблари томон олиб бораяпти! Сокин оқшом ҳавосида юмшоққина “қулт-қулт” этган товуш таралди.
Энди, Сеси теваракни қизнинг кўзлари билан кўра бошлади. Тим қора сочлар билан бурканган бошга ўтди ва унинг чарақлаган кўзлари ёрдамида дағал арқонни тортаётган нозик қўлларга тикилди. Қулоғининг нозик, қизғиш чаноқлари билан қиз атрофидаги борлиқни эшитди. Нозик бурни орқали нотаниш муҳит ҳидини туйди. Ёш юрак қанчалик текис ва кучли уриб туришини, бегона овозда куйлаш қанақа бўлишини ҳис қилди.
“Мен бу ердалигимни билармикин?” – ўйлади Сеси.
Қиз оғзини очганча, қоп-қора ўтлоққа тикилиб қолди.
– Ким?
Жавоб йўқ.
– Бу, бор-йўғи шамол, – шивирлади Сеси.
– Бор-йўғи шамол. – қиз секингина кулди, лекин уни ваҳима босаётганди.
Қизнинг бадани ажойиб экан! Нозик қобирғаларни майин жисм ўраб олган. Бош мияси, мисоли зулматда яшнаб турган ёрқин атиргул, оғзидан енгил шаробнинг муаттар бўйи таралади. Таранг лаблари остидаги тишлари оппоқ, қошлари қайрилма, мулойим сочлари сутдек оқ бўйнини эркалаб сийпалайди. Бурни ғурур билан тепага – Ойга қарайди, ёноқлари бир жуфт тандир сингари ловиллайди. Юрганида бадани нозик диркиллаб, ўзича қандайдир қўшиқ айтаётгандек бўлади. Ана шундай бадан ичида, бош ичида юриш – иссиққина танчага бурканиб ўтириш, ширингина ухлаб ётган мушукнинг “хур-хур”ига қўшилиб кетиш ёки денгизга ошиқаётган ирмоқнинг илиққина сувини шалоплатиб чўмилишдек ёқимли.
“Мен жуда яхши ўрнашиб олдим” – ўйлади Сеси.
– Нима? – деди қиз, худди товушни эшитгандек.
– Исминг нима? – эҳтиёткорлик билан сўради Сеси.
– Энн Лири, – қиз сесканиб кетди. – Нега мен товуш чиқариб айтдим?
– Энн, Энн, – шивирлади Сеси. – Энн, сен севиб қоласан!
Худди унинг сўзига жавоб бергандек, йўлдан от туёғининг дупури ва ғилдиракларнинг шағалга тегиб ғижирлаши эшитилди. Арава кўринди, устида гавдали йигит, кучли қўллари жиловни маҳкам тутган, жилмайиши эса ҳамма ёқни ёритиб юборгандек бўлди.
– Энн!
– Сенмисан, Том?
– Мен бўлмай, ким бўларди? – У сакраб тушиб, жиловни панжарага боғлади.
– Мен сенга айтмаяпман! – Энн кескин тескари қараб олганидан челакдаги сув чайқалиб кетди.
– Йўқ! – хитоб қилди Сеси.
Энн шошиб қолди. У узоқдаги тепаликларга, биринчи баҳор юлдузларига, сўнгра Том исмли эркакка тикилди, Сеси челакни тушириб юборишга мажбур қилди.
– Қара, нима қилиб қўйдинг!
Том югуриб келди.
– Қара, сени деб бўлди!
Йигит кулганича қизнинг туфлисини дастрўмоли билан арта бошлади.
– Нари тур!
Қиз оёғи билан йигитнинг қўлларини туртиб юборди, у бўлса, ҳамон куларди. Сеси ўрнашиб олган жойидан туриб йигитнинг каттакон бошини, кенг пешонасини, қирғий бурнини, чарақлаган кўзларини, кенг яғрини ва туфлини артаётган кучли қўлларини кўрди.
Чиройли бошчанинг чордоғидан туриб пастга қараркан, Сеси қиз қалбининг яшириқча торларини чертди, шу заҳоти лаблар очилиб, ўз-ўзидан сўзга келди:
– Раҳмат.
– Ие, мулойим бўлиб қолибсанми?
Йигитнинг қўлларидан кўтарилаётган эгар-жабдуқ иси, кийимларига сингиб кетган отхона ҳиди нозик димоққа урилганда, Сесининг вужуди – узоқ-узоқларда, қоронғи далалар ва гуллаган ўтлоқлар ортидаги ўрнида ётган жисми туш кўраётгандек безовталаниб қўйди.
– Фақат, сен билан эмас! – жавоб қилди Энн.
– И-и, мулойимроқ гапир, – деди Сеси. Эннинг бармоқлари ўз-ўзидан томнинг сочлари орасига кирди.
Энн қўлини тортиб олди:
– Эсимни еб қўйибман!
– Тўғри! – йигит жилмайиб ҳам ҳайрон бўлиб бош ирғади. – Бошимни силаб қўймоқчимидинг?
– Билмайман! Кет, кет! – қизнинг ёноқлари лахча чўғ бўлиб ёнарди.
– Нега қочиб кетмаяпсан? Мен ушлаб турганим йўқ-ку! – Том ўрнидан турди. – Айнадингми? Бугун мен билан рақсга бормайсанми? Зарур гапим бор, кейин айтаман.
– Йўқ, – деди Энн.
– Ҳа! – хитоб қилди Сеси. – Мен ҳеч қачон рақс тушмаганман, лекин истаяпман! Мен ҳеч қачон узун, ялтироқ кўйлак киймаганман. Шундай кўйлагим бўлишини жуда истайман! Тун бўйи рақс тушгим келяпти. Мен ҳеч қачон ўйинга тушган аёл жисмида бўлмаганман, ойим ва дадам бир марта ҳам рухсат беришмаган. Ит, мушук, чигиртка, япроқлар – ҳаммасида бир-бир бўлганман, лекин баҳор оқшомида, мана шундай оқшомда, аёл қиёфасига кирмаганман. Ўтинаман, рақсга борайлик!
Қизнинг фикри ойдинлашиб, юзлари ёришди, таранг тортилди.
– Яхши, – деди Энн Лири. – Сен билан рақсга бораман, Том.
– Энди, уйга! Югур! – хитоб қилди Сеси. – Ҳали, ота-онангдан рухсат сўрашинг, чўмилиб олишинг, кийимларингни дазмоллашинг керак. Қани, бўлақол тезроқ!
– Ойи, – деди Энн, – мен ўйлаб кўрдим.
Арава йўл бўйлаб учиб кетди, ферма атрофидаги уй бекалари ғимирлаб қолишди, чўмилишга тайёрланган сув қайнаб, печ устидаги дазмол қизиб кетди. Қизнинг онаси лабларига соч тўғнағичларни қистириб олиб, у ёқдан бу ёққа югуради.
– Нима бало, бир пасда ўзгариб қолдинг, Энн? Томни ёқтирмасдинг-ку!
– Тўғри. – Шунча тайёргарликни қилиб қўйиб, Энн бирданига жойида қотиб қолди.
“Баҳор келди-ку!” – ўйлади Сеси.
– Баҳор келди, – деди Энн, секингина.
“Рақсга тушадиган мўъжизавий оқшом”, – ўйлади Сеси.
– Рақсга тушадиган… – ғўлдиради Энн Лири.
Энди, қиз тоғора ичида, лўппи совун унинг оппоқ елкасида ўйнаб кўпиради, қўлтиқчаларига кириб олиб, чиққиси келмайди, илиққина сийнаси кафтлари орасида сирпаниб, қитиғини келтиради. Сеси ҳам тинч турмай, лабларни пичирлашга мажбур қилади.
Қиз совун суриб бўлиб, ишқаланди, ювинди, чайинди. Энди етар, тур! Сочиқни ол, артин! Атир!… Упа!…
– Ҳой қиз! – деди Энн катта кўзгудан қараб турган чиннидай оқбадан, гулдек яшнаб турган қизга. – Сен бу оқшом кимсан, ўзи?
– Ўн етти ёшли қиз, – деди Сеси қизнинг бинафша кўзларидан мўралаб. – Сен мени кўрмаяпсан. Мен бу ердалигимни биласанми?
Энн Лири бош чайқади.
– Ичимга баҳор сеҳргари кириб олганга ўхшайди.
– Қайноқ! Эҳтиросли! – деб кулди Сеси. – Энди кийин!
Ҳаёт нафаси уфуриб турган баданни чиройли кийимлар ўраб олиши қандай яхши-я! Ана, чақириб келишди…
– Энн, Том келди.
– Айтинг, кутиб турсин. – Энн бирданига ўтирволди. – Айтиб қўйинглар, мен рақсга бормайман.
– Нималар деяпсан? – деди онаси остонада қотиб.
Шу онда Сеси жойини эгаллади. У хатарли бир лаҳзагагина Эннинг жисмини тарк қилган эди. Узоқдаги туёқ товушларини, ойдин йўлдаги ғилдиракларнинг ғирчиллашини эшитиб: “Қани, Томнинг дилига кириб кўрай-чи, йигирма икки яшар йигит бундай оқшомда нималарни ўйлаётганийкин?” деганди. Шундай деб, у супиргизор устидан учиб кетди, лекин шу заҳоти қайтиб, ўз ошиёнига кирган қушдек, Энн Лирининг дилига типирчилаб, ўрнашиб олди.
– Энн!
– Кетаверсин!
– Энн! – Сеси янаям яхшироқ ўрнашиб олди ва бутун фикри-зикрини ишга солди.
Бироқ Энн ўжарлик қилганча туриб олди.
– Йўқ, йўқ, мен уни ёмон кўраман!
Қизни бир онга ҳам ташлаб кетмаслик керак эди. Сеси аввал унинг қўлларини ўзига бўйсундирди, кейин – юрагини, бошини… секин-аста: “Тур ўрнингдан!” – ўйлади у.
Энн турди.
“Эгнингни кий!”
Энн кийинди.
“Энди, юр!”
“Йўқ!” – ўйлади Энн Лири.
“Юр, деяпман!”
– Энн, – деди жимгина кузатиб турган ойиси. – Томни зориқтириб қўйма. Қилиқ қилмай, ҳозироқ чиқ! Сенга нима бўлган, ўзи?
– Ҳеч нарса, ойи. Яхши қолинг. Биз кечроқ қайтамиз.
Энн ва Сеси баҳор оқшоми қўйнига отилиб чиқишди.

* * *

Рақс майдони гавжум. Бунда улуғвор, серҳашам қанотлари қатини аста ёйиб юборган кабутарлар, товуслар ўйнайди, кўзни қувонтирувчи ранго-ранг шуъла, бари жам бўлган… Шуларнинг ичида Энн Лири сармаст бўлиб, гир айланади…
– Қандай мўъжизали оқшом-а! – ўйлади Сеси.
– Мўъжизали оқшом! – деди Энн.
– Жуда ғалатисан-а, – деди Том.
Мусиқа садолари уларни туманли гирдоби-ла чулғаб олиб, қўшиқ оҳанги ичида оқизиб кетди. Улар чайқалиб-чайқалиб сузишди, бир чўкиб, бир кўриниб, ҳар кўринганда бир қултум нафас олиб, бир-бирларига ёпишиб оқишди ва яна, “Гўзал Огайо”нинг оҳангларига чўмиб, шивирлашиб, хўрсинишиб, гирдикапалак бўлишди.
Сеси ҳиргойи қилди. Энн дудоқларини очганда, оҳанг қуйилиб келди.
– Ҳа, мен ғалатиман, – жавоб қилди Сеси.
– Сен ўзингга ўхшамайсан, – деди Том.
– Бугун шунақаман.
– Сен илгариги, мен билган Энн Лири эмассан.
– Ҳа, ҳа, бутунлай бошқаман, – шипшиди олис-олисдаги Сеси.
– Бутунлай бошқа, – беихтиёр такрорлади Эннинг лаблари.
– Мен ҳам ўзимни ғалати сезяпман, – деди Том.
– Нега?
– Сени айтаман-да, – йигит ўзини салгина орқага ташлади ва қизни айлантирганча, қизариб, бўрсиллаб турган юзига қаттиқ тикилди. – Кўзларинг… тушунолмай қолдим.
– Мени кўраяпсанми? – деди Сеси.
– Сен гўё шу ердасан, айни вақтда қаердадир, жуда олисдасан, – Том ташвишга тушиб, қизни авайлаб айлантирди.
– Ҳа.
– Нега мен билан келдинг?
– Келмоқчи эмасдим, – жавоб қилди Энн.
– Нега энди?
– Нимадир мени мажбур қилди.
– Нима?
– Билмайман, – деди Энн йиғламсираб.
– Тинчлан, тинчлан… – шивирлади Сеси. – Мана шундай, айлан, айланавер.
Улар нимқоронғи майдончада шитирлаб, шипиллаб парвоз қилишди, яна қўнишди, яна мусиқага бурканганча чирпирак бўлишди.
– Шундай бўлсаям сен рақсга келдинг, – деди Том.
– Келдим, – деди Сеси.
– Энди, бўлди, – йигит айланганча қизни четга, эшик томонга суриб борди, ҳеч кимга сездирмасдан уни рақс майдончасидан, мусиқадан ва одамлардан тезгина нари олиб кетди.
Улар аравага чиқиб, ёнма-ён ўтиришди.
– Энн! – деди йигит ва титроқ қўллари билан қизнинг қўлларини тутди. – Энн!
Лекин у қизнинг исмини шундай айтдики, гўё бу исм уники эмасди. Йигит қизнинг оқариб кетган юзига тикилиб қаради.
– Энн, ўзинг биласан, мен сени севардим, – деди у.
– Биламан,
– Лекин, сен доим шунақа беқарорлигинг сабабли куйиб қолишни истамасдим.
– Ҳечқиси йўқ, бизлар ҳали ёшмиз, – деди Энн.
– Йўқ. Йўқ! Мен “Мени кечир”, демоқчийдим, – деди Сеси шошиб.
– Нимани кечираман? – Том унинг қўлларини қўйиб юборди ва сергак тортди.
Тун илиқ. Ҳар тарафдан ернинг титроқ нафаси уфуриб турибди, кўкариб қолган дарахтлар шитирлаётган япроқлари ила сокин нафас олаяпти.
– Билмадим, – деди Энн.
– Йўқ, биламан! – деди Сеси. – Сен дунёда энг баланд, энг чиройли йигитсан. Бугунги кеча ажойиб бўлди, мени уни сен билан ўтказганимни бир умр эслаб қоламан, – деди Сеси ва бировнинг совуқ қўлларини йигитнинг қаршилик кўрсатаётган қўлларига узатди, уларни маҳкам тутиб сиқди, иситди.
– Сенга бугун нима бўлди? – деди Том тушунолмай. – Ҳали ундоқ дейсан, ҳали бундоқ, ўзинг ўзингга ўхшамайсан. Мен сени, эски танишлигимиз ҳурмати, рақсга таклиф қилувдим. Аввалига шунчаки айтдим. Кейин, қудуқ олдида турганимизда, сен ўзгарганингни, жудаям ўзгарганингни сезиб қолдим. Бошқача бўлиб қолгандинг. Нимангдир ўзгача, янги… мулойимликми… – У сўз ахтариб тополмади. – Билмадим, айтолмаяпман. Нигоҳинг бошқача эди, овозинг ҳам. Билдимки, мен сени яна севиб қолдим.
“Уни эмас, – деди Сеси, – мени!”
– Мен сени севишдан қўрқаман, – давом этди йигит. – Яна азоб берасан.
– Эҳтимол, – деди Энн.
“Йўқ, йўқ, мен бутун қалбим билан севаман! – ўйлади Сеси. – Энн, унга айт, мен учун айт. Айт, бутун қалбим билан севаман, де!”
Энн ҳеч нима демади.
Том қиз томонга секингина сурилди, унинг даҳанини мулойимлик билан тутди.
– Мен кетаяпман. Ишга жойлашдим, бу ердан юз мил нарида. Мени соғинасанми?
– Ҳа! – дейишди Энн ва Сеси биргалашиб.
– Хайрлашув олдидан сени ўпсам бўладими?
– Ҳа! – деди Сеси “биров”лардан олдинроқ.
Йигит лабларини бегона лабларга босди. Қалтираб, бегона лаблардан бўса олди. Энн бўлса, оппоқ ҳайкалдек ўтирарди.
– Энн! – қичқирди Сеси. – Қўлларингни кўтар, уни қучоқла!
Қиз ой шуъласида ёғоч қўғирчоқ каби ўтирарди. Йигит унинг лабларидан яна ўпди.
– Севаман! – шивирлади Сеси. – Бу ерда менман, унинг кўзлари ичида кўрганинг мен эдим, мен! У сени ҳеч қачон севмагандаям, мен севаман!
Йигит нари сурилди ва қизнинг ёнида, аллақаёқлардан югуриб келгандек, ҳансираб ўтирарди.
– Тушунолмаяпман, нималар бўляпти, ўзи?… Ҳозиргина…
– Ҳа? – сўради Сеси.
– Ҳозир, менга туюлгандек… – У кўзларини ишқалади. – Майли, аҳамияти йўқ. Уйингга обориб қўяйми?
– Марҳамат, – деди Энн Лири.
Йигит отларни “чуҳ”лаб, жиловни ҳолсизгина тортди.
Арава юриб кетди. Ғилдираклар шилдираб, тасмалар шапиллаб, ойдин арава ғизиллаб бормоқда, теваракда эса эрта баҳор оқшоми, ҳали ярим кеча ҳам бўлгани йўқ. Йўлнинг икки четидаги беданинг ёқимли иси анқиб турган далалар ва ўтлоқлар милт-милт ортда қолиб кетмоқда.
Сеси далалар ва ўтлоқларга қараб, ўйланиб қолди: “Шу кечадан бошлаб, бир умрга у билан бирга бўлиш учун ҳамма нарсадан воз кечаман, ҳеч нарсани аямайман!” Узоқдан қулоғига ота-онасининг сўзлари чалинди:
 “Эҳтиёт бўл. Наҳотки, сеҳр кучингдан айрилиб қолишни хоҳласанг? Оддий одамларга турмушга чиқсанг, бу кучингни йўқотасан. Ўйлаб иш қил. Сен шуни истайсанми, ахир?”
“Ҳа, истайман, – ўйлади Сеси. – Мен унга керак бўлсам, ҳозироқ сеҳр кучимдан айрилишга тайёрман. Бундан кейин баҳор оқшомлари ўзимни ҳар ёнга уриб, дунё кезиб, ҳали қарасанг қушлар, ҳали итлар, мушуклар, тулкилар ичига кириб юрмайман, мен у билан бўлсам бас! Фақат у билан. У билан.”
Йўл арава остида шилдираб, ҳамон ортга кетмоқда.
– Том, – ниҳоят, жимликни бузди Энн.
– Ҳа? – деди йигит йўлга, дарахтларга, осмон ва юлдузларга ўйчан қараб бораркан.
– Агар сен бундан кейин, қачон бўлмасин, Иллинойсдаги Гринтаунга бориб қолсанг (узоқ эмас, бор-йўғи бир неча мил, холос), мен учун бир илтифот қила оласанми?
– Иложи бўлиб қолар.
– У ердаги бир дугонамникига кириб чиқа оласанми?
Энн Лири бу гапни тутилиб, қатъиятсизлик билан айтди.
– Нимага?
– У менинг энг яхши дугонам. Мен унга сен тўғрингда айтгандим. Манзилини ҳозир айтаман.
Арава Эннинг уйи олдида тўхтади, қиз сумкасидан қалам-қоғоз олди ва тиззасига қўйиб, ой нурида ёза бошлади.
– Мана, ўқий оласанми?
Йигит қоғозга қаради ва ҳайрон бўлиб бош ирғади.
– “Сеси Элиот. Теракзор кўчаси, 12. Гринтаун, Иллинойс”, – деб ўқиди у.
– Уникига кириб ўтарсан? – деди Энн.
– Кўраман, – жавоб қилди йигит.
– Ваъда берасанми?
– Унинг бизга нима алоқаси бор? – жеркиб берди йигит. – Бу қоғоз, манзил, исмнинг менга нима кераги бор?
У қоғозни ғижимлаб, дум-думалоқ шаклга келганда чўнтагига тиқди.
– Илтимос, ваъда бер! – ялиниб-ёлворди Сеси.
– … ваъда… бер… – деди Энн.
– Бўпти, бўпти, фақат сен қистайверма! – жеркиди йигит.
“Чарчадим, – ўйлади Сеси.– Бошқа ҳолим келмайди. Уйга қайтишим керак. Кучим тугаб бораяпти. Тунлари мана шунақа изғиб юрганимда, кучим бир неча соатга етади, холос… Хайрлашув олдидан…”
Қиз Томнинг лабларидан ўпди.
– Сени ўпаётган мен! – деди Сеси.
Том Энн Лирини ўзидан нари суриб, унга шундай тикилдики, гўё ичида нима борлигини кўраётгандек. У ҳеч нима демади, лекин юзлари аста ёришди, ажинлари тарқаб, таранглашди, тошдек лаблари мулойимлашиб, қизнинг ой нурига чўмган оппоқ юзига яна бир марта тикилди. Кейин аравадан тушишга ёрдам берди-да, “хайр-маъзур”ни насия қилиб, тезгина жўнаб қолди.
Сеси Энни тарк этди.
Энн Лири қафасдан озод бўлган қуш каби қичқириб юборди ва кумуш йўлдан уйга югуриб кириб, эшикни шарақлатиб ёпди.
Сеси озгина имиллаб қолди. Чирилдоқнинг кўзлари билан баҳор тунида дунё қанақа бўлишини кўрди. Кўп эмас, бир дақиқага, ҳовуз лабида қотиб турган бақанинг кўзлари орқали, ёлғиз ўтириб, томоша қилди. Тунги қушнинг кўзлари ёрдамида ой нурига чўмган баланд қайрағочдан туриб, пастга қаради ва иккита уйда – бири яқингинада, иккинчиси – ярим мил нарида, чироқлар ўчганини кўрди.
У ўзи ҳақида, қариндош-уруғлари ҳақида, нодир қобилиятию, мана шу улкан дунёдаги тепаликлар ортида яшовчи одамга, ўз авлодидан биронта қиз турмушга чиқа олмаслиги ҳақида ў    йлади.
“Том, – унинг руҳи ҳолсизланиб, тунги қуш ичида дарахтлар орасидан, ёввойи хантал ўсиб ётган дала устидан учиб борарди. – Том, қоғозни ташлаб юбормадингми? Қачон бўлса ҳам, бир иложини топиб, мени кўргани кирасанми? Мени таний олармикинсан? Юзларимга қараб туриб, мени қаердадир кўрганингни эслай оласанми, мени севишингни, мен ҳам сени бутун борлиғим билан бир умрга севишимни сеза оласанми?”
У тўхтади. Тун ҳавоси муздек! Шаҳарлар ва одамлар миллионлаб мил олисда, узоқ-узоқда, пастда – далалар, фермалар, дарёлар, тепаликлар…
Том ухлаб ётибди. Тун алламаҳал. Йигитнинг кийимлари тартиб билан стулга, каравот суянчиғига терилган. Қўлини боши узра, оппоқ ёстиғи устига ташлаган, кафтида бир парча қоғоз, ҳарфлари кўринади. Бармоқлар секин-секин ёпилиб, қоғозни маҳкам сиқди.
Том қимирламади, ой ёғдусида товланиб турган дарчага қора майна бир зум секин ва юмшоққина суйканганини, кейин унсиз париллаб, бир жойда туриб қолганини ва ухлаб ётган замин бўйлаб кунчиқар томонга учиб кетганини ҳам сезмади.

“Сирли олам” журнали, 1991 йил, 2-сон.
Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси