Разипурам Нараян. Савитри (ҳикоя)

Ашвапати Мадра ҳукмдори эди. У халқпарвар шоҳ, одамлар ва ердаги барча жонзотларнинг бахтли яшаши учун қайғурарди. Бироқ кўплаб яхши одамлар каби у фарзандсиз эди. Ўн саккиз йил зурёд бер, деб худога нола айлади, қурбонликлар қилди, риёзат чекди. Илоҳа Савитрига ҳамду санолар айтди, минглаб ибодату дуолар ўқиди. Ниҳоят, нолалари етиб борди шекилли, унга қиз ато этилди. Аслида ўғил сўраганди, қиз бўлсаям берганига шукр қилди, отини Савитри қўйди. У сухсурдай қиз бўлиб вояга етди. Отаси аслзодаларнинг совчилари эшигим турумини роса бузишади, деб ўйлаганди, бироқ қизининг гўзаллигию бошқа фазилатлари манаман деб турса-да, улардан дарак бўлавермади. Ашвапати бу камнамолик боисини осонгина билиб олди. У қўшни мамлакатларга махфий кишиларини юбориб нега шаҳзодалар Савитрининг қўлини сўрагани келишмаётгани сабабини аниқлашни буюрди. Орадан кўп ўтмай улар қайтишди ва билганларини етказишди:
– Шаҳзодалар қизингизнинг қўлини сўрашга қўрқишяпти, Ўйлаяптиларки, Савитри аёл сувратидаги илоҳа, шунинг учун бировга хотинлик қила олмайди.
Бу гап шоҳга ҳам ёқимли, ҳам аламли эди: Савитрининг паривашлиги унинг бахтли бўлишига халақит берарди.
– Балки унинг аслида чинакам аёллигини уларга тушунтириш керакдир, – деди у. – Ҳай майли, бир йўлини қилармиз.
Шоҳ қизини чақиришларини айтганида у ўз бўлмасида вини ўйнаб ўтирарди.
– Қизим, деди у, – сен ўзингга қаллиқ топиш учун саёҳатга чиқишинг керак. Сенинг биргина танловингни қабул қиламан, фақат бир шарт билан: куёвинг сенга мендан кам бўлмаган даражада ёқиши лозим.
– Отажон, ахир ўзим ва бошқалар дидини билолмайман-ку.
– Вақти келганда биласан, – деди Ашвапати.
Ишонган аъёнларидан бирини чақириб тайинлади:
– Сен ва ёрдамчиларинг Савитрига йўлдош бўлинглар, ортидан изма-из юриб у қаерга борса шу ерга борасизлар. Фақат уни ўз йўриғингга юргизишни ўйламаларинг.
Савитри дунё бўйлаб саёҳат қилди ва қайтиб келди. Айни шу куни отаси ўзининг юлдузлараро сафаридан қайтган донишманд Нарада билан суҳбатлашиб ўтирарди. Савитри улар ҳузурига кирганда Донишманд шоҳдан сўради:
– У қаерда эди? Нечун шу пайтгача унга куёв топмадинг?
– У ўзига қаллиқ излаб саёҳатга кетган эди, эндигина қайтди. Келинг, уни эшитамиз, ўз бахтини топдимикан?
Савитри отаси имоси билан уларга яқин ўтирди.
– Мен топдим… – деди, аммо қолганини айтишга журъати етишмади, охири тортинчоқлигини енгиб давом этди: – Менга эр бўладиган кишини топдим, лекин у саройда эмас, бегона кўзлардан йироқда, ўрмон ичидаги камтаргина кулбада яшайди. Саховатли тақдир мени унга йўллади. Оти Сатяван, кўз нурини йўқотган қари отаси билан истиқомат қилади.
Авлиё Навада унинг сўзини бўлди:
– У шоҳ Шалванинг ўғли, айни Сатяван туғилганида кўр бўлиб қолган. Душманларидан бири қачондан бери пайт пойлаб юрган ва шу куни унга ҳужум қилган. Шоҳ Шалва ўғлини кўтариб ўрмонга яширинган. Мен бу тарихни биламан, Савитри гапларим тўғрими? Ашвапати, қизинг муносиб куёв топибди, Сатяван доно, кучли, мард, олийжаноб, оғаси Ашван каби кўркам. Биласан, мен кечани, бугунни ва эртани кўра олгувчиман, очиқ гапирганим учун кечир, Сатяваннинг бу дунё ҳаёти бир йилгина давом этажак, яъни шу кундан бошлаб… Сен эса қизим, яхшиси ўзингга бошқа куёв топиш учун яна саёҳат қилгин.
Савитрининг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Отаси ҳам ёмон нарсани сезгандай сесканиб тушди. Савитри недандир руҳланиб қад ростлади ва айтди:
– О буюк доно, менинг қулоқсизлигимни кечиринг. Мен бошқа эрни орзуламайман, Унга қанча, узунми, қисқами, умр берилгани мени асло ташвишлантирмайди. Қарорим қатъий. Кимнидир севиш, турмуш қуриш – туғилиш ва ўлишдек. Бу ҳодисалар ҳаётда бир марта кечади, қайтарилмайди, тақдирни киши ўз билганича ўзгартира олмайди. Менинг эрим Сатяван бўлади ёки ҳеч ким.
Нарадага қизнинг сўзлари ёқди.
– Бунақа руҳий куч билан ҳатто ўлимни-да енгса бўлади, – хитоб қилди у. – Шоҳ, унинг куёви билан топишувига ёрдам бер. Бу – сенинг бурчинг. Ким ундай сева олса ўлимни енга олади.
Нарада уларни тарк этди. Ашвапати ўрмонга йўл олди, кўр подшони топиб унга ўзининг кимлигини, ўғлига қизини хотинликка бермоқчилигини тушунтирди.
– Ўрмон ҳаёти Савитридай нозикниҳол қизнинг яшашига оғирлик қилади,– деди мезбон шоҳ. – У тирикчиликдан, ёлғизликдан қийналади.
Ашвапати унинг сўзини бўлди:
– Бошқа бир сўз ҳам деманг, Савитри Сатяванга турмушга чиқади, гап тамом.
– Ҳа тўғри. Сатяван ҳам ундан бошқага уйланмайди. Буни мен қизинг шу ерда ҳозир бўлган куни англагандим. Демак, пешоналарида ёзилгани шу, тангри ёрлақасин уларни.
Улар турмуш қурдилар, ҳаммаси хайрли кечди. Савитри эрига ва қайинотасига қарашди, доимо хушмуомала, одобли, қувноқ, ишчан, нима қилса юракдан чиқариб адо этарди. Биргаликда бахтли эдилар.
Хилватдаги ҳаётлари қанчалик бир маромда, осуда кечмасин, Сатяваннинг белгилаб берилган умр вақти поёнига етиб бориши Савитрига бир зум ҳам тинчлик бермас эди. Эрининг ҳаётига тўрт кун қолганда у ўзига оғир амални қабул қилди, емади, ичмади, гапирмади. Қайинотаси унинг эътиқодига қойил қолиб деди:
– Савитри, сен ахир шоҳ қизисан-ку, нега ўзинг­га бундай қаттиқ тақвони раво кўрдинг? Сенинг аҳдинг­ни адо этишингга қаршилик қилолмайман, албатта. Илоё, Худолар не тилаган бўлсанг, уни ижобат этсинлар.
Савитри азобланди, кучдан қолди, аммо аҳдни бузишни истамади, ҳаммасига чидади, қоядай туриб берди. Охирги тўртинчи кун ҳам келди, у соатларни санай бошлади. Охирида оловга қурбонлик келтирди, хонадон аҳли дуосини қабул этди ва ерга узала тушди.
– Сен оғир аҳдни адо этдинг, риёзат чекдинг, энди бироз тамадди қилгин, – дейишди унга.
– Албатта, фақат қуёш ботгандан кейин, – деди у. Елкасига болта осиб ўрмонга ўтинга отланган эрини кўргач, жойидан сакраб турди ва хитоб қилди: мен ҳам сен билан бораман!
– Нимага? Ахир сен шу тўрт кун ичида роса толиқдинг, қийналдинг, уйда қолиб таомлан, чанқоғингни қондир. Мен анча олисга бораман, у ёқда йўл ёмон, чакалакзор, қийналиб қоласан.
– Асло толганим йўқ, – эътироз билдирди Савит­ри. – Албатта, сен билан бораман.
– Майли, – ноилож рози бўлди эри. – Фақат нега мен билан боришингни яқинларимга тушунтир, токи улар сени мен бунга мажбурламаётганимни билишсин.
Савитри уй аҳлига юзланиб айтди:
– Менга эрим билан ўрмонга боришга изн беринг­лар. Мен унинг қандай ўтин чопишини кўрмоқчиман, ўзим эса мева тераман. Баҳонада ўрмоннинг олис, гўзал жойларини кўриб келаман.
– Ҳа, келиним шу дамгача биздан ҳеч нарсани сўрамаган. Майли, борақолсин, – ижозат берди қа­йинотаси.
Савитри эрининг қўлидан тутганча ўрмонга йўл олди. Сатяван йўл бўйи унга ўрмон сирлари ҳақида ҳикоя қилиб борди. Савитри ўрмон манзараларидан завқланар, аммо эрининг ана-мана оламдан кўз юмишини ўйлаб изтироб чекарди. Эри нарироқда ўтин кесишга киришди, Савитри мевалар терди, бироз чарчагач, ерга ўтириб эрининг қандай чапдастлик билан дарахт кесишини, шохларнинг қарсиллашини тинглади. Бир пайт Сатяван қўлидан болтасини тушириб юборди, унинг олдига келиб аста пичирлади:
– Менинг мазам қочди, бошим айланаётир, эҳтимол, чарчагандирман.
Савитри тез ўрнидан туриб уни оғушлади, кўкатлар устига ётқизиб бошини тиззасига қўйди. Сатяваннинг кўзлари юмилиб уйқуга кета бошлади. У қимирлашдан тўхтаган маҳалда Савитрининг шуурини қандайдир сезги қамради, гўё яқиндаги буталар ортида кимдир яшириниб тургандай туюларди. У тикилди-тикилди, ниҳоят нарида ажабтовур, қизил кўзли одамни кўрди. Эгнидаги кийими оловранг, қўлида халқали арғамчи бор эди. Одам олдинга энгашганича чўзилиб ётган Сатявандан кўз узмасди. Савитри эрининг бошини авайлаб тиззасидан олди-да, ерга қўйди, ўрнидан туриб ҳалигига салом берди ва деди:.
– Сен оддий бандага ўхшамайсан. Эҳтимол худодирсан, айтчи, отинг нима, бу ерга нима учун келдинг?
– Сен ажойиб аёлсан, Савитри. Машаққатлар сени сезгир қилиб қўйибди. Одатда мен ерда яшовчилар билан мулоқот қилмайман, лекин сен билан гаплашаяпман. Мен, эй олийжаноб аёл, ўлимман, мени Яма дейдилар. Бу ерга шунинг учун келдимки, эрингнинг ердаги умри поёнига етди. Манави халқа ёрдамида унинг жонини олиб кетаман, дағал жасадигина қолади, сен уни оловда куйдиришинг учун.
– О, менинг тангрим, нечун ўзингиз келдингиз? – Сўради Савитри ҳайрон қолиб. – Ахир одатда, бундай ишлар учун ёрдамчиларингиздан бирини юборардингиз-ку.
– Сатяван қандайдир оддий банда эмас, алоҳида хислатли инсон. Шу сабабли лозим бўлганини ўзим бажаришга келдим.
У қўлидаги халқа ёрдамида Сатяваннинг жонини олиб жанубга, Яма шоҳлигига равона бўлди. Савитри эрининг танаси совий бошлаганини билгач, панароқ жойга олиб бориб қўйди-да, ўзи Яманинг изидан кета бошлади. Яма уни кўрди ва ортидан қолмаслигини англаб бирпасга тўхтади-да айтди:
– Сен изимдан юрмаслигинг керак. Яхшиси дафн маросимини адо эт, токи эринг жисмига зиён етиб, кейинги умрида азият чекмасин, бориб у билан хайр­лаш.
– Мен эримнинг ортидан боряпман. Бошқа йўллар мен учун берк. – Жавоб қилди Савитри. – Бизга эр-хотин мангу бирга бўлиш, сабр сақлаш, хоҳиш-истакларидан идрокни устун қўйиш – яшашнинг олий мазмуни дейилган. Мен ўзгача ҳаёт кечиришни билмайман, дарвеш ёки роҳиба эмасман. Оила – мен учун муқаддас, ота-онам шундай ўргатган, мен эрим қаерга борса, шу ерга боришим керак.
– Афсус, сен эринг ортидан бора олмайсан-да. Лекин сўзларинг менга ёқди, мукофотига бир илтимосингни бажараман, нима сўрасанг сўра, фақат, бу одамнинг жонини эмас.
– Қайинотамнинг кўз нурини қайтар, – дарров кўнди Савитри.
– Розиман, эрта у уйғонганида кўра бошлайди. Сен эса, кўп узоқламасдан ҳозироқ орқангга қайтганинг маъқул.
– Мен эрим ёнида бўлсам чарчоқни ҳис этмайман. Яхшилар ила ҳамдам бўлганлар муродига етадилар, деганлар, шунинг учун ҳар киши яхши бўлишга интилиши керак.
Ямага бу гап ҳам манзур бўлди.
– Сен яна эҳсонга сазовор бўлдинг, нимадир сўрашинг мумкин, эринг тирилишини эмас, албатта.
– Қайинотамга қачонлардир йўқотган шоҳлигини, қайтаришингиз мумкин бўлармикин?
– Қайтараман, қайтараман. Фақат сен жуда толиқмасингдан изингга қайтсанг бўлгани.
Савитри сўзлашда давом этди:
– Мен доим ҳаётда ҳақ йўл нелиги тўғрисида ўйлардим. Англашимча, бу – қалбингдан жаҳолатни, ёмон сўзларни, фикру ўйларни ҳайдамоқ, булардан ташқари, тамасиз яшаш ва эзгу ишлар қилиш тўғри йўл бўлса керак. О Яма, хато қилаётган бўлсам сўзларимни тўғрила, сенинг кўмагингда ҳақиқатни англамоқчиман. Яхшилар дўстга ҳам, душманга ҳам раҳмли, саховатли, шундай эмасми!
Яма унинг сўзларидан мутаассир бўлди.
– Айтганларинг тағин мени тўлқинлантирди. Нав­батдаги тилагингни айтишинг мумкин, лекин эринг ҳаётини сўрама.
– Отам кўпдан бери ўғил фарзанди йўқлигидан қайғу чекади. О илоҳим, унга юз ўғил ато эта оласанми?
– У юз ўғил кўради, мамнунмисан? Энди қайтгин, шундоғам узоқ йўл босдинг.
Савитри унинг гапига қулоқ солмади, ҳамон сўзлаганча, бирга юришда давом этди:
– Айтганимдек, эрим билан борар эканман, масофаниям, чарқоқниям билмайман. Агарки, сен тўхташни лозим кўрсанг, бажонудил, лекин овозим борича ўтинчларимни сенга етказишга интиламан. Сен қуёш худосининг ўғлисан, доно отанг сени бекорга Вайвасвата, дея номламаган. Сенинг адолатли шоҳлигингда яшовчилар тўлиқ адолатга муяссар бўлганлар, шу боис, сени дхарма – бурч ва адолат шоҳи ҳам дейишади. Яхшилар даврасида инсон ўзини осойишта ва ишончли ҳис этади, ҳатто ўзи билан ўзи қолганидан ҳам кўра. Шунинг учун у доимо яхшиларга интилади.
Яма энди ростакам эриди:
– Мендан ҳамма қўрқади, шу дамгача ҳеч ким бундай илиқ сўзларни шаънимга айтмаган, мен жуда мамнунман, Майли. Тўртинчи бор истагингни бажараман, аёнки, эринг жонини қайтармайман.
– Унда менга эримдан ўғиллар туғишимга имкон бер.
– Эй, ҳурматга сазовор аёл, айтганинг бўлсин, сен ундан юз нафар ўктам ўғиллар кўрасан. Энди қайтгин.
– Саховатпешалар ила сўзлашмоқ ҳамиша фойдали, – сўзлашдан тинмади Савитри, сўнг аста гапни ердаги ҳаёт, қуёшнинг ҳаракати ҳам яхшиларнинг меҳр-муруввати ила мунаввар бўлишига бурди.
Яма аёлнинг донолигига қойил қолди.
– Эй доно аёл, нетонгки, сенинг сўзларингни эшитиш, маъносини англаш учун қадамларимни секинлатяпман. Сен оқила ва ҳақсан, поклик тимсоли, энг қимматли тилагингни айт, адо этаман.
– Мендаги поклик мангудир. Агарки сен, олийжаноб сўзингда туриб менга юз ўғил нисор этсанг, эримни ҳам қайтаришингга тўғри келади. Чунки у бўлмаса мен фарзандлар кўра олмайман. Сен ваъдангни бажара олмайсан.
– Сен ҳақсан, фидойи аёл, мақсадингга эришишга ҳақлисан.
Яма халқани ечиб Сатяваннинг жонини озод қилди. У Савитри ва Сатяванга оқ фотиҳа берди, узоқ умр ва бахт тилаб у ёғига ёлғиз кетди. Қачонки, ўлим худоси бўлгандан бери биринчи бор олган жонини қайтариб бериши эди.
Савитри изига, эрининг жасадини яширган жо­йига қайтишга шошилди. Етиб боргач, унинг бошини оҳиста тиззасига олди, эри жонланди, кўзларини очиб ғудранди:
– Мен… негадир узоқ ухлабман, сабрингга балли. Нега аввалроқ уйғотмадинг? Назаримда бу ерда яна кимдир бор ёки мен туш кўряпманми? Қаергадир юрдимми, шу ерда ётдимми, билолмадим.
– Кеч бўлиб қолди, – деди Савитри унга. – Қоронғу тушаяпти, ота-онанг алағда бўлишади. Уйга кетамиз, агар юра олсанг.
– Мен қайтадан куч олибман, юр кетдик.
Аллақачон шом тушган, уйлари олдида жуда кўп одам тўпланишганди. Кекса шоҳни ўғли ва келини шунча вақт ўрмонда қолиб кетишгани роса ташвишлантирганди. Улар яқинлашгач, ҳаммалари ҳол сўрай кетишди. Савитри қувонч билан жавоб қилди:
– Биз олисларда, жуда-жуда бахтиёр бўлдик, мана, соппа соғ қайтиб келдик!

Рус тилидан Ҳамид Алп таржимаси.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 5-сон