Turkey эмас, Türkiye! Янги лойиҳадан кўзланган мақсад – мамлакат номини тўғри шаклда тарғиб этиш

Туркия президенти девони Коммуникациялар бошқармаси “Hello Türkiye” деб номланган лойиҳани бошлади. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакат миллий ва халқаро номининг “Türkiye” сифатида ишлатилишини жаҳон оммавий ахборот воситаларида янада кенг тарғиб этишдан иборат.

Коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Фахриддин Алтуннинг маълум қилишича, 2021 йил декабрь ойида президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон имзоси билан халқаро оммавий ахборот воситаларида мамлакатнинг номини фақат “Türkiye” шаклида ишлатиш бўйича низом ишлаб чиқилган. Бу ҳужжат лафзий бирхилликни таъминлаш ва халқаро майдонда “Türkiye” брендини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам саналади.

“Туркия ҳар соҳада бўлгани каби тил ва мулоқотда ҳам ўзлиги ва номини мустаҳкамламоқда. Туркия брендини мустаҳкамлаш учун Туркия бренд офисини барпо этамиз. Албатта, бу борада бизни жамиятимизнинг барча қатлами эътиборли бўлиб қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Биз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилган ҳолда, Туркия брендини бутун дунёда янада мустаҳкамлай оламиз”, – дейди профессор Ф.Алтун.

Қайд этилишича, ушбу идора хусусий сектор ҳамда давлат муассаса ва ташкилотлари билан биргаликда иш олиб боради. Жамоат, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, илмий доира вакиллари ва матбуотнинг ўз фаолият ва ёзишмаларида мамлакат номини “Türkiye” деб қўллаши ва талаффуз қилиши мақсадга мувофиқдир.

“Hello Türkiye” лойиҳаси орқали чет элликларнинг ижтимоий тармоқларда мамлакат номини турли тилларда турфа хил истифода этишига йўл қўймаслик орқали “Türkiye” сўзини кенг тарғиб қилиш кўзланган. Туркия брендини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида илк қадам сифатида Коммуникациялар бошқармаси тарғибот видеосини тайёрлади.

Лавҳада Туркиянинг турли ҳудудларидаги хорижлик сайёҳлар ўз талаффузларида “Hello Türkiye” жумласини тарғиб этадилар. Мазкур видео глобал инфлюэнсерларнинг #helloTürkiye ҳештеги билан ижтимоий тармоқлар орқали дунё бўйлаб ёйилмоқда.