Кема соҳилдан узоқлашиб Мармар денгизи томон ёʻл олганида ёʻловчиларни кузатишга чиққанлар устларидан оғир юк тушгандай енгилладилар:
— Бечора… Арабистонда ёʻлини топиб кетармикин… — дедилар Ҳасанни кузатишга келган аёллар, қаттиқ қайғураётганига бир-бирларини ишонтирмоқчидай ясама оҳангда. Келганлар маҳзун бир кайфиятда уйларига қайтдилар.
Отасидан айрилиб етим қолган кичкина Ҳасан, онаси ҳам вафот этгач, узоқ қариндошлари ва қўни-қўшниларининг ёрдами билан аммасининг ёнига, Фаластиннинг чекка бир қишлоғига юборилаётган эди.
Ҳасаннинг ўзи бундан бехабар, бироқ кемага чиққанидан беҳад бахтиёр эди. Гʻириллаб ишлаётган чиғирни, устига бир нималар ёзилган қутқарув ҳалқаларини, қуритишга осиб қўйилган кўйлаклардек арқонларга боғланган қайиқларни, навбат алмашиниш пайти чалинадиган қўнғироқни томоша қилиб тўймасди. Ҳасан беш ёшда эди. Чучук тили билан нималарнидир чуғурлаб кемадаги ёʻловчиларни роса кулдирарди.
Кема у ер-бу ерда тўхтаб, ёʻловчиларни тушираётганида бир хомуш тортарди. Айниқса, иссиқ мамлакатлар томон яқинлашганда ниҳоятда сиқилган эди. Кемада қолганлар у тушунмайдиган тилда гаплашишар эди. Унга Истанбулдагидек: “Ҳасан, кел!”, “Ҳасан, кет!” дейишмас эди. Исми ҳам ўзгаргандек эди. Энди уни “Ҳасан” деб эмас, “Ҳассан” деб чақиришар эди: “Таал, ҳун я, Ҳассан!” дейишарди. Ҳасан ҳам бу гапни эшитганида уларнинг ёнига чопиб борар эди. “Руҳ я Ҳассан!” деганларида уларнинг ёнидан узоқлашар эди.
Ҳайфа шаҳрига [1] боришганида уни поездга олиб чиқдилар.
Eнди она тили тамоман эшитилмайдиган бўлди. Ҳасан бурчакка тиқилиб олганча индамай ўтираверди. Кимдир савол берса ҳам жавоб қайтармасди. Ойнадан боғ-роғларни томоша қилиб кетаётгандек кўринса-да хаёли бутунлай бошқа ёқларда эди. Ичини нимадир тирнаётгандек, бўғзига нимадир тиқилаётгандек эди.
Маълум вақт ўтгач, оқиш гул ва ям-яшил япроқларга бурканган апелсин боғлари тугади. Зайтунзорлар ҳам сийраклашди.
Ён-бағрида эчкилар ўтлаб юрган қақроқ, чарс ва қурама тоғлар орасидан ўтиб боришар эди. Эчкилар қоп-қора эди. Қуёшнинг аёвсиз тиғи остида худди мойланган маҳси мисоли ялтираб кўринарди.
Бу ерлар ҳам ортда қолди. Бепаён текисликлардан ўта бошладилар. Атрофда на дов-дарахт, на сувли дара ва на бирон уй кўринарди… Фақатгина баъзи-баъзида йирик-йирик ҳайвонлар учраб қоларди. Узун оёқли, узун бўйли, ўркачли, букри бу ҳайвонлар поездларга қиё боқмасдан ёʻлида давом этарди. Оғзида оқимтир кўпик, ниманидир чайнаб, хориб-чарчаб орқама-орқа тизилишиб, ортида ҳеч қандай из қолдирмасдан оғир-вазмин илгарилаб боришар эди.
Ҳасан буларнинг барини эринмай кузатиб бораверди. Охири чидай олмади. Ёнида ўтирган аскарга қўли билан имо қилиб сўраган бўлди. Аскар кулиб жавоб берди:
— Гамал! Гамал!
Ҳасанни бир бекатда тушириб қолдиришди. Бўйнида, пешонасида, қўлларида ва қулоқларида турли-туман, шода-шода олтин тақинчоқлар осилиб турган қора чоршафли, қора қайрилма қошли, катта қора холли япасқи аёл Ҳасанни қучоқлаб кўксига босди. Ялҳак болакай онасиникига ўхшамаган, ғалати хидли, юмшоқ ва баҳайбат кўкрак ичига кўмилиб кетди. Аёл у тушунмайдиган тилда тинмай: “Я, ҳабиби! Я айни!” дерди.
Аммасининг ёнидаги хотинлар ҳам бирин-кетин уни бағрига босишарди. Қучоқлаб ўпишар, айланиб-ўргилишар, қувониб алқашарди. Улар билан бирга бир неча бола ҳам келишган эди. Узун кўйлаклари устидан ҳирқа ўрнига камзул кийган, сочлари жингалак, бошига дўппи кийиб олган болалар…
Ҳасан, бегонасираганча уларни кузатиб турарди.
Орадан бир неча ҳафта ўтса ҳамки, ҳеч ким билан гаплашмай, оғзига толқон солгандек индамай юраверди.
Араб тилини секин-аста тушуна бошлаган эди, бироқ миттигина қалбида пайдо бўлган исён сабаб гапирмай юраверди. Ҳасан катта бир офатдан қочиб денгизга шўнғиган ва сув остида нафас олишга ҳаракат қилаётган одамдай қийналаётган эди. Шундай бўлса-да сукутини бузмасди.
Жим юраверди.
Энди унинг ҳам белбоғли узун кўйлаги, нимчаси, дўпписи ва қизил ковуши бор эди. Сочларининг ўртасидан кафтдек жойини қолдириб айланасига тақир қилиб кесишди. Пешонасида бир тутам кокил қолдиришди. Ҳасан қаттиқ ва баркашдай патир нонга ҳам кўникди. Ерга солинган дастурхон атрофида ўтириб ҳам қошиқ, ҳам санчқи, ҳам нон ўрнига ўтадиган бу патирни қандай ейишни ҳам уддалай бошлади.
Кунларнинг бирида аммаси кўчадан бақириб ўтиб бораётган ямоқчини тўхтатиб уйга таклиф қилди.
Ховлига елкасида каттакон бир қоп ортиб олган, қўлига ихчамгина курси ва темир қолипни кўтариб олган, эски кийимли қотмагина бир одам кириб келди. Қопида зич қилиб ўралган узун тери тасма ҳам бор эди.
Аммаси ямоқчи билан гаплашгандан кейин, унинг олдига товони емирилган, таги кўчган бир неча оёқ кийимни олиб келиб қўйди.
Ямоқчи курсисига ўтирди. Ҳасан ҳам қизиқиб унинг қаршисига чўккалади. Тўрт ёни девор билан ўралган, пастак қумсувоқ уйда сиқилган Ҳасан ҳайрат ва қизиқиш билан ямоқчининг ҳаракатларини кузатиб ўтирди. Қалин тери тасманинг икки ёни кескир, ингичка эди. Сопсиз пичоғи билан резинани қандай кесишини, оғзига бир ховуч михни тўлдириб олишини, кейин уларни бирма-бир (худди Истанбулда бир маймунда кўрганидек) тишлари орасидан чиқариб оёқ кийимларнинг тагига тез тез михлашини, тери қийқимларини кир сувга ботириб юмшатишини, тосдаги қатронга бармоғини ботириб тагчармга қандай суртишини, ҳеч бирини кўздан қочирмай кузатиб ўтирди. Жимгина қараб ўтирди.
Бир маҳал қаерда ва кимлар билан ўтирганини унутиб, шунчалик берилиб кетганидан она тилида сўради:
— Михлар тилингизга санчилмайдими?
Ямоқчи ҳайратланиб бошини кўтарди. Ҳасаннинг юзига узоқ тикилди:
— Туркмисан?
— Ҳа, Истанбулдан келдим!
— Мен ҳам ўша ёқдан келганман. Измитдан! [2]
Ямоқчининг соч-соқоли ўсган, кўкси очиқ, шимининг тиззаларига ямоқ тушган, тишлари кемтик ва юз ранги ҳам сапсариқ эди. Кўзларининг оқи ҳам сарғайиб кетганди. Ҳасан ямоқчининг турк тилини билгани ва Истанбулга яқин жойдан келгани учун фақат ишига эмас кўринишига ҳам диққат билан разм сола бошлаган эди.
Кемтик тиши боис гапирганда хуштак чалаётгандек товуш чиқарарди:
— Бу дўзаҳдан баттар қишлоқда нима қилиб юрибсан?
Ҳасан ўзи билганича жавоб қайтарган бўлди. Кейин Қонличадаги[3] уйларини тасвирлай кетди. Қўшнисининг ўғли Маҳмуд билан балиқ овлаганларини, онаси билан докторга кетаётиб туннелдан ўтишгани, бир марта эшиклари олдига оппоқ тез ёрдам машинаси келганини, ичида ётоқлар борлигини… Ҳаммасини тўлиб-тошиб ҳикоя қилди. Бир маҳал ямоқчидан сўради:
— Сиз нима қилиб юрибсиз бу ерларда?
Ямоқчи “тарихи узоқ” дегандай бошини сарак-сарак қилди ва минғирлади:
— Бир айб иш қилиб қўйгандим, қочишга мажбур бўлганман!
Аслида гапирган Ҳасан эди, олти ойдан бери соқовдай яшаган Ҳасан… Тинмай, унинг нима деганига ҳам қулоқ осмай, ёноқлари қувончдан қизариб, нафас олишни ҳам унутиб, лабларини чўччайтириб, биллурдай овози билан бидир-бидир гапирган Ҳасан эди. Тилига нима келса қайтармай гапирган эди. Ямоқчи эса ҳам ишлар, ҳам ора-сира “Ҳа, шундайми?” дея гапга аралашиб қўяр ва Ҳасаннинг ҳикоясини берилиб тингларди. Энди қайтиб бора олмайдиган она тупроғининг, ватанининг бир дарасини, бир шамолини, бир қўшиғини тинглаётгандай ҳам завқ, ҳам ғамга ботиб тингларди. Оʻтган умрини, ёʻқотган юртини кўз олдига келтириб, тўлғониб-тўлғониб тингларди.
Яна-да кўпроқ тинглаш учун ҳам атайин секин ишларди.
Эскирган оёқ кийимларни ямаб-ясқаб бўлгач, уста ўрнидан туриб йиғиштирина бошлади. Темир қолипини ердан олиб эринмай тозалади. Кейин қорайиб кетган бир матога ўради. Михдонни ёпди. Майда-чуйда анжомларини халтасига ўраб жойлади. Қолган буюмларини ҳам шошмасдан тўплади.
Ҳасан, йиғлагундай бўлиб сўради:
— Кетяпсизми?
— Кетяпман, ишим тугади…
Анжомларини саранжомлаб бўлгач, қарасаки, жажжи ҳамюрти пиқ-пиқ йиғламоқда…
Сассиз, титраб-титраб йиғламоқда. Унинг кўз ёшлари худди вагоннинг тоза ойналаридан сузилаётган ёмғир томчилари мисоли бир-бирига урилиб-сурилиб, тез-тез оқиб тушмоқда эди.
— Йиғлама! Қўй, йиғламагин!
Ямоқчи бошқа сўз тополмади. Буни эшитган болакай бор овози билан хўнграб йиғлай бошлади. Қайтиб турк тилида гапирадиган одам тополмаслигини билгани учун ҳам йиғларди.
— Йиғлама, дедим сенга! Йиғлама!
Бу гапларни айтаётиб, унинг кўнгли юмшади, тўлиб-тошди. Оʻзини тутишга ҳаракат қилди, аммо эплай олмади. Кўзларидан шашқатор оққан ёшлари соқолларидан оқиб Арабистон чўлларида тобланган кўксига томиб, сескантирганини сезди…
__________
[1] Исроилнинг шимолидаги шаҳар.
[2] Истанбулга яқин бир шаҳар.
[3] Истанбулдаги бир мавзе номи
Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси