Бор экан, йўқ экан, қариб-қартайган бир одам дала-даштда кетиб борар эди. Йўл узоқ, юрган сари чолнинг ҳорғинлиги ортар, аммо уни, айниқса, фарзандсизлик ҳақидаги ўй-хаёллар қийнар, ҳатто мана шу узоқ йўлда ҳам тақдирга битилган бундай кемтик ҳис-туйғулар унга армон бўлаётган эди. Чол дилидаги дардини яшира олмай ногаҳон:
– Эҳ, қани энди, ўғлим бўлса! – деб юборди. – Майли, қандай ўғил бўлса ҳам… Тугмадай кичик, пакана бўлмайдими?! Барибир, мену кампиримга овунчоқ бўларди…
Қарангки, чол шундай ниятларни кўнглидан кечириб нидо қилиб турганида, бирдан қулоғига қўнғироқ садосидай ажиб товуш эшитилди.
– Мана, мен келдим! – деди кимдир.
Қариянинг таажжуби ортиб, атрофига аланглаб қаради. Аммо ён-верида жон асари йўқ эди. Фақат йўл четида янтоқ чайнаб, бошини товлаб, лопиллатиб кавш қайтарганича ёлғиз туя турар эди. Лекин туя… ҳечам одам тилида гапирмайди-ку?
Шу пайт нотаниш овоз яна хитоб қилиб қолди:
– Ҳой, отагинам, ўғлингиз борлигидан хурсанд эмасмисиз?
Чол ҳайратдан довдираб тупроқ йўл ўртасида ўтириб қолибди:
– Бу ким бўлди?
– Мен сизнинг ўғлингиз, Ёртиқулоқман.
Қария теварагига яна бир қур зеҳн билан кўз югуртирди. Бундай қараса, туянинг шалпанг қулоғида жимитдай болакай сакраб-ўйноқлаяпти. У Ёртиқулоқ эди. Нўхатдайгина жуссали эди.
Шундан буён митти Ёртиқулоқ ёруғ оламда кезиб юрибди. Бировлар унинг борлигидан дили хушнуд, бошқа бировларнинг эса таъби хуфтон. Яхши одамлар бу антиқа болакай тўғрисида мақтов сўзларни бир-биридан ошириб-тошириб гапирса, нияти бузуқ, ярамас феъл-атворли кимсалар уни нуқул ёмонотлиқ қилиб юришади.
Айтишларича, қайси бир замонда бадавлат, аммо ўлгудай қурумсоқ бир киши яшаган экан. Дунёда қурумсоқликда ундан ўтадигани йўқ экан. Бир куни у қўлидаги пиёлани чайиб-тозалаб, ичидаги бир қултум ювинди сувни четга сепиб юборибди. Бироқ сепилган сув ерга эмас, балки шу яқин атрофда мизғиётган бир бечора одамнинг оғзига бориб тушибди. У эса уйқу аралаш сувни ютиб юборибди. Буни кўриб қолган зодагон қурумсоқ ҳалиги қашшоқ одамни елкасидан силкиб-туртиб турғазиб, “ичган сувингнинг пулини тўлайсан”, деб туриб олибди ва ёқасидан ғиппа бўғиб қозихонага судрабди. Қози эса ушбу ишни кўратуриб, бойга:
– Қонунга кўра, муҳтарам бой жаноблари, мана бу жулдурвоқи сизга тааллуқли сувни ичиб юборганини тасдиқлаб, халойиқнинг кўз ўнгида қасам ичишингизга тўғри келади. Шундагина биз Худонинг бу гуноҳкор бандасини жазога мустаҳиқ этиб, сизга қул қилиб топширгаймиз. Аммо, билиб қўйинг, мабодо, ичган қасамингиз ёлғондакам бўлса, юзингиз эл олдида қора бўлиб қолади-я… – дебди.
Худди шу дамда Ёртиқулоқ етиб келиб ишга аралашмаганида, камбағал бечоранинг аҳволи вой бўларди. Ёртиқулоқ эса кечикадиганлардан эмасди. У эрталаб кулбасидаги декчани доғ-дуғдан артиб тозалаб, ювиб, куюнди ва ёғ босган қозон латтани қўйнига солганича қозихонага етиб келибди. Ахир, Ёртиқулоқнинг қадами етган жойда адолатсизлик доимо барҳам топган-да. Қурумсоқ бой хўппа семиз ва ҳамиша гавдасидан тер қуйилиб юрадиган одам эди. У суд чоғида гувоҳлик минбари ёнида туриб, камбағал кишини ўғирликда айблаб, гапларининг ростлигини тасдиқлаш учун тўпланган халойиқнинг кўзи олдида сурбетларча қасам ичди ва шу ондаёқ терлаб кетган юзини артиш муддаосида дастрўмолини излаб ҳамёнига қўл югуртирди. Ёртиқулоқ эса аллақачон қурумсоқ бойнинг ҳамёнига кириб олган эди. У бойнинг ҳамёнга суқилган қўлига дастрўмол ўрнига дарҳол кир-чир қозон латтани тутқазди. Бой бува шу латта билан терлаган пешонасини, икки юзини, бурнининг қиррасини, ияклари ва бўйнини шошилиб артиб-сурта бошлади ва кўпчиликнинг кўзи ўнгида ҳаммаёғи қоп-қора куюнди, доғ-дуғга ботиб, роса кулгига қолди…
Ёртиқулоқ яхши одамларга доимо яхшилик қиларди. Ёмонлик ва ёмон одамларни эса минг чақиримдан бўлса-да, дили-дилидан сезиб-пайқаб турарди.
Хуллас, Ёртиқулоқ ўзига ота-она бўлиб қолган чолу кампир билан хайр-хўшлашиб, кунлардан бир куни савдо карвонларига қўшилиб олибди-да, олис мамлакатларга сафарга отланибди! У ҳалигача дунё кезиб юрганмиш. Бизнинг элимизда эса Ёртиқулоқни сираям меҳмон деб билишмайди, балки ҳамюртларимиз уни ўзларига гўёки девор-дармиён қўшнидай яқин кўришади. Шу боисдан “Бизнинг овулга тунов куни Ёртиқулоқ келибди” деган узун-қулоқ гапларни тез-тез эшитиб турамиз. Зум ўтмай бу тўғрида ён-атрофга ғалати миш-мишлар ҳам тарқалади. Шундай гаплардан баъзиларини эшитиб, ҳатто таажжубдан беихтиёр ёқа ушлайсан киши…
Сув остидаги хазина
Қишнинг совуқ кунларидан бирида овдан қайтатуриб овулдаги чойхонага бурилдим. Бир пиёла чой ичдим, сўнгра чойхонадаги иссиқдан кўзим илинибди. Лекин кўтарилган кулги ва қаҳқаҳадан уйғониб кетдим. Мудраб ётган пайтимда, қарангки, чойхона одамларга тўлиб бўпти. Мижозлар кўк чой ҳўплашиб, ҳангомани авжига чиқармоқда эдилар.
– Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, – дер эди улардан бири, – мен Ёртиқулоқни ўз кўзларим билан кўрдим, ўз қулоқларим билан унинг сўзларини эшитдим, агар уни учратмаганимда, балким бугун ораларингизда ўтирмаган ҳам бўлардим…
Ёртиқулоқнинг исмини эшитиб, сергак тортдим. Бугунги одамлар нималарни йиғмайди, дейсиз: биров гугурт қутисини тўпласа, бошқа биров қадимги тангаларга ишқибоз. Шундай гапни эшитиб қолдим: хорижий бир бадавлат одам қанча пул-бойлик сарфлаб, эскириб, путури кетиб қолган паровозларни сотиб оляпти экан… Мен бўлсам, юрган йўлимда, меҳмон бўлганим ўтовда Ёртиқулоқ тўғрисидаги хилма-хил чўпчакларни тинглаш ва ёзиб олишни ўзимга одат қилганман.
Чойхонадаги сўзамол киши, чамаси, ўрта ёшларда, у ривоят айтиб чарчамасди. Афтидан, ўқитувчига ўхшайди.
– Урушнинг оғир йиллари эди, – ҳикоя қиларди у, – онамизнинг қарамоғида бешта ўғил-қиз, жўжабирдай жонмиз. Болалардан энг каттаси – мен. Ўша кезларда энди саккиз ёшга тўлган эдим. Супрадаги ун юқларини қоқиб нону қотирмоч қилиб еб тугатдик, қозиққа боғланган ёлғиз қўйимизни ҳам сўйиб едик. Бисотимизда битта ориқ эчки қолди. Уни кўз қорачиғимиздай асрар эдик. Онам: “Шу эчкини бўлиқроқ, ўт-ўланли жойларда боққин, илоҳим, елинига-сут, танасига жир битсин”, деб дуолар ўқиб, ҳар куни эчкининг орқасидан мени ҳовлидан чиқариб юборар эди.
Бир куни эчкимни эски, ташландиқ қудуқ атрофида ўтлатиб, ўзим эса тут дарахти танасига суяниб, қўлимдаги тут новдасидан кесиб олинган хивичнинг пўстлоғини чайнаб-тамшаниб ўтирибман. Ҳар қалай, ейимлик эмас-у, лекин шимсанг, оғзингга ёқимли таъм киради. Шу кўйи, оч қорнимни алдаб-сулдаб ўтирувдим. Бир маҳал кимдир қамиш найдан чиққан нозик садодай, ингичка овозда менга:
– Непес, ариқ бўйида қизил харсанг тош ётибди, тагида эса бир неча қоп дон яширилган, – деди.
Қулоқларимга ишонмай ўрнимдан ирғиб туриб кетдим, атрофда ҳеч ким йўқ. Бир ўйим – уйга қочиб қолай, дедим. Ҳалиги овоз иккинчи бор эшитилди:
– Непес, эс-ҳушингни йиғиб ол! Энди, келиб-келиб, Ёртиқулоқдан ҳам қўрқадиган бўлиб қолдингми?
– Сен ўзинг қаердасан? – сўрадим ҳушёр тортиб.
– Шундоқ қулоғингга яқин жойдаман.
Ён атрофимга аланг-жаланг қарадим. Бундай боқсам, тут шохида жимитдай болакай оёқларини ликиллатиб ўтирибди. Бошида баҳайбат кулоҳ, ипакли тўн кийган, оёғида чиройли, тимқора маҳсича.
Отам урушга кетмасидан олдин уйимизда, биз болакайларга Ёртиқулоқ ҳақида қанчадан-қанча қувноқ-қитмир эртакларни айтиб берган эди. Ёртиқулоқ эса, аён бўляптики, фақат эртакларда ва тушларда яшамас экан. У ҳаётда бор экан.
Мен ариқ бўйидаги ялпоқ қизил тош ёнига келдим ва кузатдим: юмронқозиқ инидан ташқарига повиллаб дон сачраб отилиб чиқяпти, гўёки кимдир ин ичида митти белкуракда ишлаётгандай… Мен бу донларни йиғиб, қоплай бошладим.
Куч-мадорим етганича дон йиғдим ва уйга ташмаладим. Учта кичик қопим донга тўлди. Тўртинчисини тўлдиришим учун бир неча курак дон етишмади.
Ниҳоят, Ёртиқулоқ тут шохидан ерга тушди, бошидан телпагини олди, сочсиз, ялтираб турган бошидан қуйилаётган терларини артди.
– Бас, шу ёғи етади сенга, Непес. Уяда бир неча ҳовуч дон қолди, улар юмронқозиқнинг қишлиги.
Ёртиқулоқнинг мунчоқдай кўзлари яшнаб турган чўғдай порлар эди.
– Миннатдорман, Ёртиқулоқжон, – дедим унга меҳрим товланиб. –Бизникида меҳмон бўлгин. Онам ва укаларим жудаям хурсанд бўлишади.
– Эҳ, Непесвой, меҳмондорчиликда ўтириш қандай яхши! Аммо йўлимга кўз тикиб, қадамимга маҳтал бўлиб турган сендай болакайлар дунёда ҳисобсиз. Бошқа бир куни кириб ўтарман, – деди Ёртиқулоқ.
Ва шу зумдаёқ кўз олдимдан ғойиб бўлди. Фақат, қаршимда чанг гирдоби осмонга кўтарилди.
Тингловчилардан кимдир ундан сўради:
– Кейин Ёртиқулоқ билан ҳеч кўришмадингми?
– Йўқ, – хўрсиниб тин олди ҳангомачи. –Аммо рўзғоримизга шундан кейин барака кирди. Орадан кўп ўтмай отам урушдан қайтди. Сезишимча, Ёртиқулоқнинг ҳам ташвишлари бошидан ошиб ётган бўлса керак. Ахир, ҳар бир оилада оталар урушдан эсон-омон қайтгани йўқ-да…
– Ёртиқулоқ одамларга фақат яхшиликни соғинади. Одамлар эса унинг елкасига ҳатто битта тўн ёпишни ҳам хаёлларига келтирмайдилар, – деди чойхонадагилардан бири.
– Нега хаёлларига келтирмас экан? – унга эътироз билдирди елкадор, қора мағизли ғўлабир йигит. – Мана, менинг жўрам, Маҳмуд! Унга бошдан-оёқ сарпо совға қилди – телпак, тўн, оёғига этикча, дегандай…
–Сен, мабодо, анави Қийшиқ тарозичини айтмаяпсанми? Ёпирай, қандай қилиб бирдан ҳимматли бўлиб қолди у?
– Хўш, Маҳмуднинг нимаси ёқмайди сенга?
– Нимаси бўларди? Унинг лақабининг ўзиёқ кимлигини “манаман” деб айтиб турибди-ку?!
– Кимки аллақачон бўлиб ўтган ҳуда-беҳуда воқеаларни ковлайдиган бўлса, уни эзма-чурук дейишади, – қовоғини солди ғўлабир йигит. – Маҳмуд бугун тамомила бошқа одам, тракторчи. Ҳалол меҳнати билан рўзғорини тебратяпти.
– Бу Маҳмуд деганларинг яқин ўтмишда бирон ножўя иш қилиб қўйганмиди?
– Мана, нималар бўлган эди?…
Бу саргузашт алоҳида бир ҳикоя.
Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи
– Мана, нима бўлган эди, – деди ғўла бир тракторчи ва томоғини ҳўллаб олиш учун пиёладаги чойни охиригача сипқорди, – Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи, аслида, қачонлардир серғайрат тракторчи эди. Армиядан қайтиб, у ерда қандай сидқидилдан хизмат қилган бўлса, ўз овулида ҳам шундай шашт билан меҳнат қилди. Армияда аскарларга нимаики нишон бериладиган бўлса шуларнинг ҳаммасини Маҳмуд кўкрагига тақди, колхозда ҳам гоҳ фахрий ёрлиқ олди, гоҳида пул мукофоти, қатор медалларга лойиқ топилди. Шу йўсинда, омади юришаверса, у меҳнат қаҳрамони ҳам бўлармиди? Лекин… ўртада ишқ савдоси чиқиб қолди. Қизнинг отаси, бели йўғон киши, кимсан, дўкон мудири! Қизига ошиқ тракторчи йигитдан шундай катта қалин сўрадики, эшитсанг, эсинг оғиб қолади. Маҳмуд унинг гапларини эшитиб, қорайиб кетди, дўкон мудири эса илжайиб тураверди. “Истасанг, – деди у, – сенга хазина булоғини кўрсатаман”. Маҳмуднинг қони қайнади, дўкон мудири унинг авзойини кўриб, тағин тиржайди. “Хоҳишинг! Сенга маслаҳатим шу – ўйлаб кўр! Ортиқча кутиб ўтирмайман, қизимни бошқа куёвга узатиб юборавераман”, деди у. Ошиқ йигит оросатда қолди. “Қаерда ўша сиз айтган хазина”, – деди ниҳоят Маҳмуд. “Шундоқ бурнинг тагида, марказий қўрғонда”, – деди дўкончи.
Гапнинг қисқаси, Маҳмуд тракторни ташлаб, дўкончи бўлди. Уйланди, орттирган пулига уй қурди, машина сотиб олди, ўртанча укасига араваси мотоцикл, кенжа укасига – мопед совға қилди. Ҳаммаси кўнгилдагидай бораётган эди, фақат унда тарозидан уриб қолиш одати пайдо бўлиб, ғалати лақаб орттирди. Маҳмуд эл орасида “Қийшиқ тарозичи”га айланди.
Маҳмуд бунга ҳам кўникди: тўғри, ҳалиги лақабдан кейин бир муддат одамларга тик боқа олмай юрди, кейин киприк ҳам қоқмайдиган бўлиб кетди. Бошқа ҳунарлар ҳам чиқарди. Бироқ арқон қанча эшилмасин, барибир, унинг охири кўринади. Маҳмуд ўзини қамоқхонага чоғлаб турганида бирдан, Худо ёрлақаб, Ёртиқулоққа йўлиқди-ю, шоввоз Қийшиқ тарозичи инсоф йўлига қайтди.
Маҳмуд дўконда қадалиб ўтирарди, беихтиёр қорин қўйди, ҳарсиллаб, гавдасини зўрға кўтариб юрадиган бўлиб қолди. Кунлардан бир куни газета билан елпиниб, ўтирган эди. Кекса бир харидор пештахтага яқинлашди.
– Келинимга кўйлаклик учун бир кийимлик қизил бахмалингдан ўра, – деди қария.
Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи чолни оғринибгина эшитди.
– Отахон, йўқ бахмални сизга қаердан топаман? – деди у ҳушламай.
Шу топда қўнғироқдай тиниқ овоз дўкон бўйлаб янгради:
– Маҳмуд, қизил рангдаги бахмал пештахта тагида турибди. Сен уни шакар қоплари тагига беркитсан.
Маҳмуд-Қийшиқ тарозичининг кўзлари ола-кула бўлиб кетди, хижолатдан лавлагидай қизарди. Ҳа, дўконда бахмал тўплами бор эди, аммо уларни Маҳмуд ҳамёни бақувват икки баробар юқори нархда пул тўлайдиганларга сотишни режалаштирган эди. Чайқов бозорда эса уч ҳисса баланд қилиб айтсанг ҳам йўқ дейишмайди. Ҳалиги қўнғироқдай овоздан кейин Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи чолга, чол эса унга бақрайиб тикилиб қолишди. Иккалови ҳам бу ғалати овозни эшитдилар. Маҳмуд дарҳол ўзига келди.
– Э-э, тавба, – деди у, – ҳазилкашлик ҳам эви билан-да. Бу оёқ тагида ивирсиган мишиқи фитначини… тутиб олсам, қулоғини яхшилаб чўзиб қўярдим. Шундай деб, Маҳмуд радионинг қулоғини буради. Зора, унинг садоси Ёртиқулоқнинг сасини ўчирса! Аммо тиқир-тиқир қилаётган радио овози эшитилмай яна ўша овоз янгради:
– Маҳмуд, бу нима қилганинг? Қаршингда ёши улуғ одам турибди, унинг ҳурматини жойига қўйиш керак.
– “Эҳ, сеними, шошмай тур, ҳали!” – ижирғаниб қўйди Маҳмуд. – Ўзи эса, ноилож, пештахта тагига эгилди ва чол сўрагандай қилиб, бир кишилик қип-кийимлик бахмал йиртди. Матони эпчиллик билан газетага ўради-да, чолга тутди. Тезлаштирмаса бўлмасди. Ахир, дўконга бошқа харидор кирмайди, деб ким кафолат бера олади? Лекин Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи нечоғлик абжирлик кўрсатмасин, бахмал тўпини яширишга улгурмади. Дўконга, чиндан ҳам, бирин-кетин яна бир талай эркак-аёллар кириб келишди. Бундай қарашса, чолнинг қўлида камёб мато! Бирпасда бахмал учун турнақатор бўлиб сафга тизилишди. Ҳаш-паш дегунча чўғдай қип-қизил бахмалдан бир қаричи ҳам қолмади.
Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи бош оғриғи савдосидан қутулиб, довдираганича дўконни бекитди, унга отнинг калласидай қулфни осди ва: “Базага кетдим!” деган эълонни дўкон эшигига ёпиштирди. Аммо… ҳеч қаёққа кетмади. Дўконни ичидан ёпиб, уни ағдар-тўнтар қилиб қўнғироқдай тиниқ овоз соҳибини хўп излади, кўзига шубҳали туюлган барча чийратма ип ва симларни узиб ташлади. Сўнг андак хотиржам тортди. Кейин яна дўконни очган эди ҳамки, бир тўда қизлар келиб қолишди.
– Маҳмуд оға, бугун қизил бахмал сотибсиз, деб эшитдик. Балки тафтангиз ҳам бордир? – сўрашди улар.
– Бахмал бор эди, – хўрсиниб деди Маҳмуд. – Лекин бизнинг олис овулимизда тафта не қилсин? Сизлар, яхшиси, қанд-қурслардан харид қилинглар. Куни кеча келтирганман. Бирам ширин! Оғзингизда эрийди, гўзал қизлар.
Шу лаҳзада яна ўша қўнғироқдай овоз йўқ ердан садо бериб қолса бўладими!
– Маҳмуджон, сен қизларга кеча “Райбаза”дан олиб келганинг эллик метрлик яшил тафтани кўрсатсанг бўларди. Балким, уларга ёқиб қолар?
– Ҳазил қилишгани қилишган! – деди Маҳмуд қизишиб. – Ахир, мен келиб-келиб ўз овулдошларимни алдармидим?!
– Маҳмуджон, – деди яна ўша ингичка овоз. – Алдаяпсан. Сен ширинликлардан бўшаган қутини оч. У, ахир, шундай қўл остингда турибди-ку!
Қизлар бу ғалати сеҳрли овозни ҳангу манг бўлиб эшитиб туришарди.
– Оч, деяпман сенга, Маҳмуд оға, ўша қутини! Ана, нақ қўлинг остида турибди! – деди яна ўша кўринмас болакай таҳдид билан.
Хуллас… савдо яна қизигандан қизиди! Дўконда аёллар, ёшлар, қариялар тирбанд бўлиб кетишди. Ҳар ким ҳар хил саволлар беришарди.
Маҳмуд-Қийшиқ тарозчи тепада ҳаммаёқни тандирдай қизитиб турган офтобга қаради. Хаёлида битта ўй: қачон кеч бўлади? Қачон оқшом тушади?
Офтоб эса борган сари теваракни қизитар, соат имиллаб вақтни санарди.
Шу топда бир кампир сўраб қолди:
– Маҳмуджон, балким дўконингда қизил ёки яшил тусдаги, попукли шол рўмоллар ҳам бордир?
Маҳмуд “Йўқ!” дейишга ботинолмади. Тағин ўша, лаънати қўнғироқ садоли овоз қаердандир эшитилиб уни одамлар кўз ўнгида сазойи қилиши ҳеч гапмас. Яхшиси, ўзини кампирларнинг саволини эшитмаганга солиб, овсар бўлиб тураверади. Шундан маъқул йўл йўқ.
Улар эса сўровларига тайинли жавобни пойлаб, қулоқлари “динг” бўлиб турибди. Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи супургини қўлига олиб, тажанг бўлиб дўкон ичини супура бошлади. Кампирлар қайсарлик қилиб:
– Шол рўмол борми, деб сўраяпмиз. Нима, қулоғинг том битганми?
“Бор, аммо нархи бозорда ўн баробар қиммат”, деб уларга қандай айтади? Ахир, шу йўсиндаги тижорат жонига оро кириб у уй қурди, мошиналик бўлди, укаларига мотоцикл, мопед…
Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи аросатда қолди. Кейин зарда билан пештахтага ҳар хил сидирға матолару рўмолларни ёйиб ташлади. Бироқ, ё тавба, шу топда дўконнинг баланд тахта бўлмаларидан пештахтага “лоп” этиб яшил, “лоп” этиб қирмизи рангдаги, яна “лоп” этиб нишолдасимон тусли шол рўмол тахламлари бирин-кетин ёғилиб туша бошлади. Пештахта баҳордаги даштдай ранг-баранг гуллар ва жилолар билан яшнаб кетди. Маҳмуднинг эса эси оғиб қолай деди.
– Ким бор? Мени талашяпти! – бирдан дод-вой кўтарди у. Харидорлар, қани энди, Маҳмудга қулоқ тутишса?…
Маҳмуд рўмолларни сотиб бўлди, дўконни ёпиб уйига йўл олди.
Уч кун бетоб бўлиб, тўшакдан турмади. Дўкондаги воқеалар ёдига тушган заҳоти унинг тана ҳарорати гоҳ бирдан кўтарилиб кетар, гоҳида муздай терга ботиб алаҳсирар, тутқаноқ тутиб қоларди. Бу орада базадан янги молларни келтиришди, у бир аҳволда ўрнидан туриб дўконга бориб уларни қабул қилиб олди. Антиқа, нафис газлама! Маҳмуд уларни ҳатто текширувчилар ҳам ҳидини ололмайдиган қилиб, ўраб-чирмаб бекитиб ташлади. Аммо эртасига бош оғриғи ғойибона овоз яна ишга тушди: Маҳмуд бор яширганини пештахтага чиқариб, охирги метригача ўз қўллари билан овулдошларига сотди, сотганда ҳам ёрлиқ қоғозларда кўрга ҳассадай қилиб битиб қўйган ўз нархида сотди. Бу савдо эмас, бахтсизлик, азоб-уқубат эди!…
Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи табиб ҳузурига борди. Синган-чиққан суякларни даволайдиган табибга! Табиб ўйланиб туриб-туриб унга деди:
– Омад сендан юз ўгирибди. Ҳар тарафлама аён бўлиб турибдики, Ёртиқулоқ дўконингда ўзини хўжайиндай ҳис этмоқда.
Лекин Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи тақдирга тан беришни истамади. Хотини ва барча қариндош-уруғларини ишга солди. Улар бир кеча-кундузда иккита ипакли яхтак, ўн икки дона қоракўл чўгирма ва ўн икки жуфт этикча тикишди. Маҳмуд буларнинг барчасини дўконга келтирди, аммо дўкон эшигини бошқа ҳеч кимга очмади. Хуллас, тайёрлаган бисотини олиб келиб пештахтага ёйди ва осмонга қараб сўзланди:
– Дўстим Ёртиқулоқ, ушбу совғаларни чин кўнгилдан сенга тақдим этаман! Ишон, сидқидилдан!
Ёртиқулоқдан ҳеч бир садо бўлмади.
– Жон оғайни, – деди Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи, – бир марта бўлса-да, афт-башарангни кўрсам, девдим. Кел, бир чой ичайлик.
Ёртиқулоқдан садо чиқмади.
– Мени бекорга ранжитяпсан, – деди Маҳмуд, – танқидингни қабул қилдим, ўзимни тузатмоқчиман… Фақат мени тушунишга ҳаракат қилгин. Катта бир оиланинг бошлиғиман, ейман-ичаман, деган зурёдларим кўп, битта моянам урвоқ ҳам бўлмаяпти.
Ёртиқулоқ сукутда эди.
“Наҳотки дўконимдан жўнаб кетиб қолган бўлса! – ўйлади Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи, хурсанд бўлиб. – Ундай бўлса, шошмай тур, ярамас болакай, учрашиб қолармиз”.
Маҳмуд камёб молларни тағин бекитиб, унинг ҳар бир боғлами ёнига биттадан қопқон қўйди. Ҳамма ўйлаган айёрликларини бажариб бўлгач, дўконни очди.
Харидорлар дўконга келишиб, ўз эҳтиёжларига зарур нарсаларни Маҳмуддан сўрай бошлашди.
Маҳмуд тағин эски одатини қилиб, уларга нуқул:
– Йўқ! – деб жавоб бераверди.
Қўнғироқ-овоз яна ишга тушди.
– Нега йўқ, дейсан? Бор-ку!
– Бор бўлса, қаерда? – дейди Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи. – Топиб кўрсат!
Ўзи эса айёрона ўйларди: болакай ҳозир пештахта тагига қўл узатади, мен уни шартта билагидан тутаман! Кунинг битди, болакай!
Харидорларга эса:
– Кўриб турибсизларки, дўконда ҳеч бир тузук-қуруқ молим йўқ, –дейишдан чарчамасди. Шундай гапларни айта туриб, ўзи айни пайтда оёқ ва қўлини пештахта тагида ишга солиб, қитмир Ёртиқулоқни тутиб олиш илинжида пайпасланарди. Бирдан қопқон тарақлаб кетиб, унинг оёғини исканжага олди.”Оҳ, оёққинам тамом бўлди!” деб жон аччиғида бақириб юборди Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи.
…Ўшандан кейин Маҳмуд-Қийшиқ тарозичи дўконни тарк этибди, тракторчилигига қайтибди.
Тракторчилар эса ерга, элга зарур. Меҳнатидан эса бараварига барака топишади. Чунончи, Маҳмуд ҳам хоҳласа машина олади, хоҳласа аравачаси бор мотоцикл…
– Нега йўлимдан янглишиб дўконга ўралашиб қолдим ўзи? – дейди Маҳмуд. – Топганим таънаю маломат, иснод, шармандагарчилик бўлди, холос. Уларнинг доғини эса минг уриниб ҳам кетказолмайсан…
Ҳайтовур, бизнинг ҳамюртларимиз ёмон воқеаларни хотираларида ортмоқлаб юришни хуш кўришмайди, улар Қийшиқ тарозичининг қилмишларини ҳам деярли унутишган. Қийшиқ-тарозичини бугун Маҳмуд-тракторчи, деб аташади, ва эъзозлашади!
Ёртиқулоқ – мактабда
Эл орасидаги узунқулоқ гапларга қараганда, шундай бир воқеа бўлиб ўтган экан. Ёртиқулоқ ким кўринганга ўзини “Афсунгарман”, деб таништириб юрган бир фирибгарнинг авра-астарини ағдариб ташлаб, роса шармандасини чиқарибди. Бу учар кимса овулдагиларни дев ва алвастилар билан қўрқитиб юрар экан. Одамлар эса унинг ваҳима гапларидан чўчишиб, ғайритабиий кўнгилсизликлардан ўзларини асраб қолиш илинжида, ҳамёнларида борини фирибгарга қўшқўллаб топширар эканлар.
Бир куни товламачи-афсунгар бир тўда одамларни қўрқинчли гаплар билан талвасага тушириб: “Қани, юзтубан тушиб ерга ётинглар, бошларингиздан инсу жинсни ҳайдайман”, дебди. Улар узала тушиб ётиб олишибди, афсунгарнинг ўзи бўлса, ерда бош кўтармай ётган одамлар орасида ҳай-ҳайлаб, жазавага тушиб айланиб юриб, яхши девларни ёрдамга чорлаб, ёмонларини эса жодули сўзлар билан гўё одамлардан нарига ҳайдаб хўп томоша кўрсатибди. Нияти, девлардан қўрқиб, ерга қапишиб ётиб олган одамларнинг биттама-битта чўнтакларини шилиш экан. Бироқ бундан хабар топган Ёртиқулоқ афсун қизиган жойга етиб келиб, фирибгарнинг салласи қатига ўрнашиб олибди. “Вой, товламачи-ей, яна фитналарингни бошлаяпсанми,” деб қиқирлаб кула бошлабди. Фирибгар бир гапни айтса, Ёртиқулоқ унинг нақ тескарисини айтаверибди. Ётган одамлар бу гапларнинг қайси бирига ишонишни билмай, роса бошлари қотибди. Бурди кетаётган сохта афсунгарнинг борган сари тажанглиги ортибди. У ерда юзтубан ётган одамларга: “Қани, кўзларингни юминглар. Ухлаб қолсаларинг, янаям яхши”, деса, Ёртиқулоқ: “Қани, кўзларингни очинглар, нодонлар! Бу устамон ҳозир ҳамёнларингни қоқлай бошлайди” деб, қўнғироқдай овозда уларни огоҳлантирар экан. Афсунгар йиғламсираб: “Эй-й, йўқол, Ёртиқулоқ, қаёқдан ҳам дайдиб келиб қолдинг, бошимга бало бўлиб” деса, Ёртиқулоқ: “Сен ўзинг нима қилиб юрибсан бу ерда, майнавозчи. Бўлмаган дев ва алвастиларни тўқиб чиқариб, шу бечора соддадил одамларни товламоқчимисан?” деб унинг пўстагини қоқа бошлабди.
Ерга бағрини бериб ётган одамлар бу гапларни эшитиб, бирин-кетин ҳушёр тортиб ўринларидан тура бошлашибди, қарашса атрофда дев-пев деган нарсанинг шарпаси ҳам йўқ, ҳаммаёқда олам минг рангда товланиб ял-ял яшнамоқда. Афсунгар ҳам фурсатни бой бермай қуённи урибди…
Бу воқеани қайси бир замонларда бўлган, дейишади. Яқинда эса мана бундай саргузашт юз берибди.
* * *
Мен кичик ўғлим ўқиётган мактабга бордим. Мақсадим, ўғилчам таълим олаётган синфда лоақал бир соат уларнинг қаторида ўтириб, муаллимнинг дарсини кўриш ва кузатиш эди. Муаллим Бойли ўтган дарсда берилган уй вазифаси бўйича болаларга бирин-кетин саволлар берди. Болакайлар ҳам бинойидай жавоб қила бошлашди. Дарс тугагач, атрофимда йиғилиб қолишган ўғилчамнинг синфдошларига кўнглимда борини айтдим: “Омадли, бахтли болалар экансизлар. Табриклайман. Сизни ажойиб, зўр муаллим ўқитаётганлигини мен ўз кўзим билан кўрдим”, дедим уларга.
Бойли мақтовларимдан лавлагидай қизарди. У ҳали жуда ёш эди. Хайрлашаётганимизда менга шундай деди:
– Агар Ёртиқулоққа тўқнаш келмаганимда, сиз бугун қаршингизда тамоман бошқа ўқитувчи турганлигини кўрган бўлар эдингиз.
– Ҳали Ёртиқулоқ билан кўришганмисиз? – қизиқсинаб сўрадим ундан.
– Юзма-юз дуч келмадик. Бироқ ўтган йилнинг ўрталарида менинг ўқитувчилик ишларимда ажабтовур воқеалар содир бўла бошлади. Мен ўша, антиқа ҳодисаларни ҳамон унута олмайман. Сезишимча, бундай ҳодисалар фақат Ёртиқулоқнинг қўлидан келарди. Бунга ишончим комил.
Ва Бойли-муаллим менинг хотирамда Ёртиқулоқ билан боғлиқ равишда яшаб келаётган ривоятлар қаторига яна битта янгисини қўшди.
Ўшанда бундай бўлган экан. Мактабда юқори давомат учун кураш бошланибди. Бойли эса институтни эндигина тугаллаб шу мактабга ишга келган экан. Унга иккинчи синфни топширишибди. Бойли биринчи кундаёқ таажжубли ҳолатга дуч келибди: иккинчи синфдаги қирқ нафар ўқувчи болакайлардан ўнтаси ҳамон ўқишни зўрға эплаб ўқишар экан.
Бойлини ваҳима босибди. У чорак якунида, камида ўнта ўқувчининг ўзлаштиришини “қониқарсиз” деб топиб, уларга “икки” баҳо қўйишга мажбур эди-да.
Бу эса мактабдаги умумий ўзлаштириш даражасига шу қадар оғир зарба бўлиб тушар эдики, охир-оқибатда, директор педагоглар йиғилишида бундай ўқитувчининг ушбу таълим даргоҳида ишлаши керакми-йўқми, деган масалани ўртага қўйишдан бошқа иложи қолмас эди.
Бойлининг бундан боши қотиб, қўшни овулдаги мактабда ишлаётган тенгқур муаллим жўрасининг олдига маслаҳатга борибди.
Жўраси унинг сўзларини эшитиб хо-холаб кулибди.
– Ҳали шуни ўйлаб, бошингни қотириб юрибсанми? – депти у. Йўли осон-ку?! Ўша болаларнинг ёппа ҳаммасига қаторасига “яхши”, “аъло” деган баҳоларни қўйиб ташламайсанми, нодон!
Бойли ўйлаб қараса, таклиф ёмон эмас. У шундай қилибди. Синф журнали биридан-бири юқори баҳолар билан обод бўлиб, кўрган кўзни яйратадиган бўлибди. Директор педагоглар йиғилишида Бойлини роса мақтабди ва уни бошқаларга ибрат қилиб ҳам кўрсатибди.
Ҳаёт изга тушибди, Бойли эса, пинагини бузмасдан навбатдаги чоракда, журналдаги “яхши” баҳоларнинг ярмидан кўпроғини “аълочи”лар даражасига кўтариб тузатибди. Ўзлаштириш фоизи ўсгандан-ўсиб борибди. Бойли “Фахрий ёрлиқ” билан мукофотланибди.
Шу йўсинда, учинчи чоракни якунлашга ҳам етиб келишибди. Бойли дарсдан кейин столда қадалиб ўтириб, синф журналини очибди ва унга кўнгли тусаган энг зўр баҳоларни қаторлаштириб битиб, ҳафсала билан тўлдириб чиқибди.
Қилган ишидан кўнгли тамомила мамнун ва беҳад хотиржам бўлиб, бир пиёла чой ичиш мақсадида мактаб буфетига йўл олибди. Тез орада буфетдан қайтиб, синфида аълочи ўқувчилар сони ўсаётганлигини тасдиқловчи баҳоларни қайтадан кўздан кечириб кўнглини роҳатлантириш илинжида синф журналини қайтадан варақлабди ва … кўзларига ишонмабди. “Беш” баҳоларнинг биронтаси ҳам журналда йўқ эди. Уларнинг ўрнида уч, икки ва ҳатто бир рақамли баҳолар…
– Қайси ўзбошимча бу ишни қилди? – деб ғазабланибди Бойли беихтиёр. Ва дарҳол оғзини кафти билан тўсиб бекитибди: “Хайрият, ўқитувчилар хонасида ҳеч ким йўқ эди. Унинг надоматли ҳайқириғини биронта тирик жон эшитиб қолмаганидан ичида хурсанд бўлибди. Журналдаги баҳолар тузатилмаган, балки аввал зўр баҳолар таги-туги билан ўчириб-йўқотилиб, уларнинг ўрнида Бойлининг айнан ўз қўли ва дастхати билан “паст” баҳолар қўйиб чиқилган эди. Бойли анграйиб қолди.
Кейин у кўнгилсиз “паст” баҳоларни битталаб тузата бошлади. Уларни “тўрт” баҳога айлантириш айтарли мушкул бўлмади-ю, лекин “икки”ларни тузатиш бориб турган бош оғриғига айланди. Журнал бўяла бошлади.
Бойли ишни тамомлаб бир муддат: “Бу хунук баҳолар журналда қандай пайдо бўлди?” деб мулоҳаза қила бошлади. Ҳатто бошини чангаллаб, эсим айниб қолмадимикин, деб чаккаларини силаб-сийпаб кўрди.
Ниҳоят, у журнални ёпди ва шкафдаги ўз ўрнига олиб бориб қўйди. Костюмини кийди ва ўзидан-ўзи ҳадиксираб, яна журнални қўлига олди ҳамда шошилиб унинг керакли саҳифаларини варақлаб очди. Ҳадиксираганича бор экан. Журнални очди-ю, қизиб турган қозонга қўлини босиб олгандай, уни ташлаб юборди. Паст баҳолар – найзабардор жангчиларга ўхшаш “икки”лар, чўчқадай семирган “уч”лар журнални маҳв этган эди.
Бойли ўчирғич резинкага ёпишди ва синф журнали саҳифаларини илма-тешик ҳолатига келтиргунча ўчирғични босиб ишқалаб, паст баҳоларни ўчириб чиқди.
Унинг ҳаётида диққанафас кунлар бошланди.
Бойли ўқувчиларни доскага чақирар, саволлар берар, ҳар доимгидай уларни мақтар, мабодо, ўқувчи саволларига жавоб бера олмаса, унинг учун ўзи жавоб қилар ва журналга яхши баҳолардан биронтасини қўйиб қўяр эди. Бироқ… таажжубки, қўйилган “беш”лари зум ўтмасдан “икки”ига айланиб қолаверди.
– Шундай қилиб, ишим яна чаппасига кетди, – деди Бойли менга, ғамгин кулгу аралаш. – Танбеҳ, маломатлар бошимни чулғаб олди. Ҳайфсанлар кўпайди, ҳатто икки марта жиддий ҳайфсан эълон қилишди. Бироқ, муаллимликнинг тўғри йўлига тушиб олганимдан кейин, синфдаги ўзлаштириш ўз-ўзидан ўнглана бошлади.
– Ҳарқалай, ким журналингизга ўзбошимчалик билан аралашди экан, билмадингизми? – сўрадим ундан.
Бойли елка қисди:
– Ёртиқулоқ бўлса керак! – деди ниҳоят.
Рус тилидан Михли Сафаров таржимаси