Сесар Вальехо. Пако Юнке (ҳикоя)

Пако Юнке онаси билан мактаб дарвозаси ёнига етиб келишганда, болалар ҳовлида қий-чув кўтариб ўйнашарди. Онаси уни ичкарига киргизиб юборди-да, ўзи қайтиб кетди. Умрида биринчи марта дарслик, дафтар ва қалам кўтариб олган Пако жавдираганча қайси тарафга боришини билмай юрагини ҳовучлаб ҳовли ичкарисига қараб юрди. Уни ваҳима босарди, нега деганда, авваламбор мактабга биринчи бор келиши, кейин бир ерга бунча бола тўпланганини умри бино бўлиб кўрмаган эди.
Ўзи қатори бир қанча болалар дарҳол Пакони ўраб олишди, улар бу нотаниш болага қизиқиб қарашар экан, Пако Юнке эса улардан ҳадиксираб, деворга суяниб турди ва лавлагидек қип-қизариб кетди. Бу болалар бунча зийрак бўлишмаса! Ўзларини худди озод қушлардек тутишлари-чи! Эмин-эркин. Худди ўзларининг уйларида юргандек. Бақириб-чақиришган, шовқин кўтаришган, елиб-югурган, қоринларини ушлаб кулган, ирғишлаган, қисқаси, ўзлари хон, кўланкалари майдон.
Пако дабдурустдан довдираб қолди, сабаби, улар истиқомат қилаётган қишлоқда у ҳеч қачон бунақа вазиятга тушмаган эди: ҳамма баравар гапирар, лекин бир-бирининг сўзларини тушунмаётгандек таассурот қолдирарди. Қишлоқда эса навбати билан – аввал биров гапирар, кейин бошқа одам. Тўғри, баъзан ўзи гувоҳи бўлган бунақа суҳбат чоғида, ўшанда ҳам тўрт ёки нари борса беш киши бир-бирига гал бермай талашиб-тортишганди. Улар отаси, онаси, дон Хосе, оқсоқ Ансельмо билан Томас – бегоналар эмас. Ўшанда ҳам уларнинг нима деётганини англаб бўлмас, худди мана шунақа, қандайдир нотайин ғўнғирлаган овозлар, шовқин эшитиларди. Бу ерда эса бутун бошли мактаб, сон-саноқсиз болаларнинг ғовур-ғувуридан бошинг айланиб кетади. Мана шу қий-чув, бақир-чақир Пакони гангитиб қўйди.
Аввал малла сочли, хўппа семиз, усти-боши оппоқ аллақандай бола, кейин бошқа, унга нисбатан жуссаси кичикроқ, овози хириллаган, кўйлаги кўк бола ҳам алланималар деди. Гоҳ у, гоҳ бу гуруҳдан битта-яримтаси чиқиб Паконинг олдига келар, ҳаммалари нималарнидир сўрар, сўрайвериб уни хит қилиб юборишар эди. Тўғрисини айтганда, Пако нима демоқчи бўлаётганларини уқиб ололмас, чунки атрофдаги шовқин-сурон уларнинг гап-сўзларини босиб кетарди. Қандайдир кулча юзли, сочлари тилларанг, яшил камзули белига ёпишган бола Пакога илакишиб қолди-да, уни қаёққадир судради. Пако унга бўйсунмади. Шунда сочлари тилларанг бола уни енгидан ушлаб қаттиқроқ тортди-ю, Пакони девордан ажратиб олди. Аммо бу сафар Пако деворга маҳкамроқ қапишиб олди-ю, боягидан баттар қизариб кетди.
Хайриятки, худди шу пайт қўнғироқ чалиниб қолди ва барча болалар синф-синфларига тарқаб кетишди.
Ака-ука Сумига деган ўқувчилар Пакони иккала қўлидан тутиб, шу йил мактабга чиққан ўқувчилар синфига етаклаб кетишди. Даставвал Пако улар билан боришни хоҳламай, тихирлик қилди, бироқ қарасаки, ҳамма ўша ёққа кетяпти – шундан кейин улар билан боришга кўнди. У синфга киришга кирди, лекин негадир ранги қум ўчди. Ўша заҳоти кутилмаганда жимлик чўкди, бу жимликдан Пако хавотирга тушди. Каттаси бир томонга, кичиги иккинчи томонга тортқилаб ҳоли-жонига қўймаётган Сумигалар ҳам бирдан уни қўйиб юборишди ва Пако бир ўзи қолди.
Синфга муаллим кирди. Болакайлар қаддини ғоз тутиб, ўнг қўллари учини чаккаларига тираб, бараварига салом беришди.
Пако энг олдинги қатордаги парта билан ўқитувчининг столи орасида қўлида дарслик, дафтар ва қалам ушлаганча ғўдайиб тураверди. Унинг мияси ғовлаб кетди. Болалар. Сарғиш девор. Ғуж-ғуж бўлиб олган ўқувчилар. Қий-чув. Бир талай стуллар. Муаллим. Ва ниҳоят якка-ёлғиз бир ўзи мактабда турибди. Унинг хўрлиги келди. Муаллим уни қўлидан ушлаб олдинги қатордаги парталардан бирига етаклаб олиб борди-да, кўринишидан ўзига ўхшаган боланинг ёнига ўқазиб қўйди.
– Исмингиз нима, – сўради муаллим ундан.
Пако титроқ овозда зўрға жавоб берди:
– Пако.
– Фамилиянгиз-чи? Исми-шарифингизни тўлиқ айтинг.
– Пако Юнке.
– Жуда яхши.
Муаллим қайтиб столи ёнига борди ва ўқувчиларга кўз югуртириб чиқди-да, ҳарбийларга хос кескин оҳангда:
– Ўтиринглар! – деди.
Парталар шарақа-шуруқ очилиб-ёпилди ва барча ўқувчилар жойларига ўтиришди. Муаллим ҳам ўтирди ва дафтарига бир нималарни ёзишга тутинди. Пако Юнке ҳамон китоби, дафтари ва қаламини қўлидан қўймасди. Партадош бола охири сабри чидамай:
– Қўлингда кўтариб туравермай партага қўй нарсаларингни, – деди унга.
Унинг гаплари ҳалиям ўзига келолмай довдираётган Пако Юнкенинг қулоғига кирмади. Шунда ўша бола унинг қўлидан китоб-дафтарини тортиб олди-да, партага қўйди ва оғзининг таноби қочиб ишшайди.
– Адаш эканмиз. Менинг ҳам исмим Пако. Пако Фаринья. Парво қилма, мен ҳам биринчи куни сени аҳволингга тушганман. Шашка ўйнашни биласанми? Буни Сусанна холам олиб берган, – бола ички бир қувонч билан бир дона дамкани олиб манглайига босиб қўйди. – Сен ота-онанг билан бирга турасанми?
Пако Юнке жавоб бермади. Адашининг гап-сўзларидан диққати ошди. Ҳолбуки, унинг хаёли ҳам ўзида эмас, бунинг устига кўнгли ғаш эди. Бошқалари ҳам шунақа бўлишса керак: сергап, ҳаёти яхши, мактаб – ўйнаб-кулиб кетадиган даргоҳ. Нега улар бунақайкин? Нега у – Пако Юнке ҳамма нарсадан ҳадиксирайди, хавотирга тушади? У кўз қири билан муаллимга назар солди, кейин шифтга, сўнг атрофдагиларга сездирмай дераза ойнасидан кўринаётган кимсасиз ва жим-жит ҳовлига қаради. Ёп-ёруғ, серқуёш кун эди. Вақти-вақти билан аллақайси синфдан ғўнғир-ғўнғир овозлар ва кўчадан ўтиб бораётган ғилдиракли араванинг ғижирлагани эшитиларди.
Мактабга бориш зап ғалати нарса-да! Пако Юнке секин-секин ўзини қўлга оларди. У уйлари, онасини кўз олдига келтирди. Сўнг Пако Фариньядан:
– Уйга кетишга неччида жавоб беришади? – деб сўради.
– Ўн бирда. Сен қаерда турасан?
– Анови томонда.
– Узоқми?
– Ҳа… Йўқ…
Пако Юнке уйлари қайси кўчадалигини айтиб беролмади; уни қишлоқдан олиб келишганига бир неча кун бўлганди, шунинг учун ҳам шаҳарни яхши билмасди.
Кимнингдир тапиллатиб чопиб келаётган оёқ товушлари эшитилди-ю, зум ўтмай остонада Юнкелар оиласининг валинеъмати, ўзи инглиз, жаноб Дориан Гривнинг ўғли Умберто пайдо бўлди; “Перувиэн Корпорейшн” темир йўл компаниясининг бошқарувчиси жаноб Грив қишлоқ алькольди эди. Умберто билан бирга мактабга боради, бирга ўйнайди, деб Пакони қишлоқдан шу жаноб олдириб келтирганди – улар тенгдош эди-да! Аммо Умберто мактабга кечроқ боришга ўрганиб қолган, Паконинг эса биринчи бориши эди, шу сабабли Грив хоним Паконинг онасига шундай деди:
– Сиз Пакони эртароқ олиб бораверинг. Биринчи кундан кечикиб бориш яхши эмас. Эртадан бошлаб Умбертонинг уйғонишини кутиб турасиз, кейин уларни бирга олиб борасиз.
Муаллим Умбертони кўриб, бошини қимирлатиб қўйди:
– Яна кечикибсиз-да?
Умберто пинагини бузмади:
– Ухлаб қолибман.
– Майли, бўпти, – деди муаллим. – Бошқа такрорланмасин. Бориб жойингизга ўтиринг.
Умберто Грив нигоҳи билан Пако Юнкени ахтариб топди-да, ёнига келиб қатъий оҳангда:
– Қани, юр, мен билан, бирга ўтирамиз, – деди.
Пако Фаринья Умбертога тушунтирди:
– Бормайди. Жаноб шу ерга ўтқаздилар.
– Сени ишинг бўлмасин! – жеркиб жавоб берди Умберто ва Юнкени қўлидан ушлаб куч билан ўзининг партаси томон олиб кетди.
– Жаноб, – дея қичқирди шунда Фаринья. – Грив Пако Юнкени мен билан ўтирасан, деб зўрлик қиляпти.
Муаллим ёзишдан тўхтади ва қатъий овозда деди:
– Нима тўполон! Жим бўлинглар! Нима бўлди?
Фаринья ҳозирги гапини қайтарди:
– Грив Пако Юнкени мен билан ўтирасан, деб зўрлик қиляпти.
Бориб Пако Юнке билан ўтиришга улгурган Умберто Грив муаллимга:
– Ҳа, шунақа, – дея жавоб қилди, – олиб кетдим ундан. Чунки Пако Юнке – менинг малайим. Ёнимда бўлиши керак. Шунинг учун.
Муаллимнинг бу гапдан хабари бор эди, шу сабабли Умберто Гривга мулойим гапирди:
– Жудаям яхши. Лекин уни Пако Фариньянинг ёнига мен ўтқазгандим, олдинги партада дарсни яхши эшитади. Қўйворинг уни, жойига ўтирсин.
Ўқувчилар чурқ этишмай улардан – муаллим, Умберто Грив ва Пако Юнкедан кўз узишмасди.
Фаринья бориб Пако Юнкени ўзининг ўрнига элтиб қўйиш учун қўлидан ушлаган эди, бироқ Грив ҳам унинг бошқа қўлидан ушлаб жойидан қимирлашга йўл қўймади.
Муаллим Гривни тартибга чақирган бўлди:
– Грив! Бу қанақаси?
Қаҳр-ғазабдан бўғриқиб кетган Грив тишини-тишига қўйиб, муаллимга юзланди:
– Мен уни қўйиб юбормайман, жаноб. Юнке ёнимда қолишини хоҳлайман.
– Мен сизга айтяпман, қўлини қўйиб юборинг!
– Қўйиб юбормайман, жаноб.
– Нима деганингиз бу? Қўйиб юбормайман эмиш.
– Қўйиб юбормайман!
Муаллимнинг ғазаби қайнаб тошганидан таҳдидона қичқирди:
– Грив! Кимга айтаяпман!
Умберто Грив ердан кўзини узмай кучи борича Пако Юнкенинг қўлига ёпишиб олди, у эса эсанкираб, бу воқеадан шунчалик ҳушини йўқотиб қўйган эдики, азбаройи худо, ўзини бир парча жулдур латтадек икки томондан кучаниб тортаётган Фаринья билан Умбертога қаршилик қилиш хаёлига келмасди. Энди Пако Юнке Умбертодан муаллим билан мактабдаги барча болаларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам кўпроқ қўрқарди. Унинг Умберто Гривдан бунчалик қўрқишининг сабаби нимада – ўзи ҳам билмасди. Нима учун Умберто Грив уни доим хўрлагани хўрлаган? Нега?
Муаллим Пако Юнкени қўлидан ушлаб Фаринья ўтирган парта томон етаклади. Грив эса бўкириб, телбаларча ўриндиқни тепишга тушди.
Шу чоқ яна ҳовлида қадам товушлари эшитилди ва синф эшиги очилиб остонада яна бир ўқувчи – сартарошнинг ўғли Антонио Хосдрес кўринди. Муаллим унга ўгирилди.
– Сиз нега кеч қолдингиз?
– Мен эрталабки нонушта учун нон келтиргани боргандим.
– Нега эртароқ бормайсиз, сабаби борми?
– Чунки укамни уйқудан уйғотмасам бўлмасди – онам касал, дадам ишга кетган. Уйда унга қарайдиган мендан бошқа ҳеч ким йўқ.
– Ҳа, майли, – деди жиддий оҳангда муаллим. – Ҳов анави ерга бориб туринг… Бир соат ўша ерда, бурчакда турасиз, бу сизга жазо.
У тахта тарафдаги синф бурчагини кўрсатди.
Дафъатан Пако Фаринья дик этиб ўрнидан турди-да, норозилик билдирди:
– Грив ҳам кечикиб келганди, жаноб.
– У ёлғон гапиряпти, жаноб, – деди ўша заҳоти бунга жавобан Умберто Грив. – Мен кечикканим йўқ.
Ногаҳон бутун синф жўр овозда норозилик билдирди:
– У алдаяпти, жаноб! Фаринья тўғри айтди. Грив дарсга кеч келди.
– Жим! – деди муаллим асабийлашиб. Болалар бирдан жим бўлиб қолишди.
Муаллим ўйга ботганча синфда у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.
Фаринья икковидан бошқа одам эшитмайдиган паст овозда Юнкега шипшиди:
– Грив валломат бўлмайдими, тўғрисини айтиш керак-да – у кечикиб келди, лекин уни жазолаш тугул биров мушугини пишт дегани йўқ. Чунки отаси пулдор одам. У ҳар куни кеч қолади. Сен уларникида яшайсанми? Ўзи айтганидек унинг малайимисан?
Юнке оғир сўлиш олиб жавоб берди:
– Мен онам билан тураман…
– Умберто Гривнинг уйидами?
– Жуда чиройли уй, дарахтлар кўп ҳовлисида. Соҳиба билан хўжайин истиқомат қилишади у ерда. Ойим ҳам. Мен ойим билан тураман.
Синфнинг нариги бошида Умберто жаҳлдан ёрилиб кетгудек бўлиб Пако Юнкедан кўз узмас, Фариньянинг раъйига юриб ўзини ташлаб кетганига чидаёлмай дам-бадам мушт дўлайтирарди.
Пако Юнке нима қиларини билмасди. Тавба, нима қилса ҳам хоним билан кичкина хўжайинга ёқмайди-я, мана ҳозир ҳам унинг ёнида қолмаганига чидаёлмаяпти. Мактабдан кейин Умберто аламини олмасдан қўймайди, қўли билан ургани етмай, оёғини ҳам ишга солса керак. Умберто Грив – худонинг ғазаби, ҳечам тинчлик бермайди, кўчадаям, мактабдаям шу. Ҳатто уйда онаси бору, демайди, жанжал қилаверади. Мана, ҳозир ҳам шу аҳвол, еб қўйгудек Пако Юнкега тикилишини қаранг, мушт ўқталиши ортиқча. Пировардида Юнке Фариньяга ёрилди:
– Мен бориб жаноб Умбертонинг партасига ўтира қолай.
Пако Фаринья унга ачинганнамо қараб турди-да, бирдан тутоқиб бобиллаб берди:
– Борма, жиннимисан?! Муаллимнинг жаҳли чиқади, яна балога қолиб юрма.
Фаринья ўгирилиб Гривга қаради. Грив унга ҳам мушт кўрсатгани билан муаллим эшитмайдиган қилиб бир нималар дея тўнғиллади. Худди шуни кутиб тургандек Фаринья муаллимга юзланди:
– Жаноб! Қаранг, Грив муштини кўрсатиб, ураман деяпти.
Муаллим эса:
– Бўлди, бас! Шовқин қилманглар! Қани, хўш!.. Бугун сизлар билан балиқлар ҳақида дарс ўтамиз, кейин назорат иши ёзамиз, ёзиб бўлгач, ўша саҳифаларни дафтарларингиз орасидан олиб менга топширасиз. Мен кўриб чиқиб, энг яхши ёзилган ишни ажратиб оламан ва мактаб маъмурияти, хусусан жаноб директорга топшираман. Ғолиб чиққан ўқувчининг исми-шарифи мактабнинг энг илғор биринчи синф ўқувчиси, деган номга сазовор бўлиб, Ҳурмат китобига ёзиб қўйилади. Тушунарлими гапим?
Болалар жўр овозда такрорлашди:
– Тушунарли, жаноб.
– Жуда яхши, – деди муаллим. – Кўрамиз. Энди эса балиқлар ҳақида гаплашамиз. Янглишмасам, кўпчилик балиқлар билан боғлиқ бирон бир қизиқарли воқеани айтиб беришни хоҳлайди. – Муаллим шундай деб ака-ука Сумигалардан бирини доскага чақирди.
– Жаноб, – дея ҳикоясини бошлади Сумига, – пляжга бошдан-оёқ қум тўшалган – ҳаммага равшан. Бир куни қумлоқ соҳилни кавлаётганимизда чалажон балиқ чиқиб қолди. Уни уйимизга олиб кетдик. У йўлдаёқ ўлиб қолди.
Умберто Грив унинг гапини шартта бўлди:
– Жаноб, мен кўп балиқ тутганман, уларни уйга келтириб, хонамга қўйиб юборардим, лекин бирор марта ҳам ўлиб қолганини билмайман.
– Эҳтимол, сиз уларни сув қуйилган биронта идишга солиб қўй­гандирсиз, – деди муаллим.
– Йўқ, жаноб. Стол тагига, полга ташлаб қўярдим.
Болалар “гурр” этиб кулиб юборишди. Ориқ, рангпар бола эса елкасини қисиб, лабини чўччайтирди:
– Бўлмаган гап, жаноб. Чунки ҳар қандай балиқни сувсиз қолдирсангиз бирпасда ўлиб қолади.
– Ҳечам-да, – дея гапини маъқуллашга ўтди Умберто Грив. – Менинг хонамда ўлмайди. Чунки менинг хонамдаги ҳамма нарса асл, қимматбаҳо. Шунинг учун отам балиқ олиб келиб, стол тагида боқсанг бўлаверади, деб айтган.
Пако Фаринья қорнини ушлаб қотарди. Сумиганинг ҳам ичаги узилди. Тилларанг сочли бақалоқ бола ҳам, кулча юзли, яшил камзул кийган ҳам қотиб-қотиб куларди. Грив билан зерикмайди одам! Балиқларни стол тагида, полда боқармиш! Нима, канарейка ёки тўтиқушмиди улар! Ёлғончилигини қаранг буни! Болалар кула-кула қичқиришарди.
– Ҳо! Ҳо! Ҳо! Ёлғон гапиряпти, жаноб! Ҳо! Ҳо! Ҳо! Алдаяпти у! Ғирт ёлғон!
Ёлғончига чиқариб қўйишгани учун Умберто Гривнинг қаттиқ жаҳли чиқди. Унинг гапига ишонишмагани майли, масхара қилгандек кулишлари алам қилди. Ҳолбуки, кунларнинг бирида иккита балиқ келтириб стол тагида боққани, балиқлар бир неча кун ўша ерда қолиб кетгани ҳали унинг эсидан чиққани йўқ. Бир-икки ағдариб кўрганида, улар қимирлаганди, шекилли. Шу давр ичида балиқлар тирик бўлишганмиди, ўлиб қолганмиди, очиғи, фақат шуни аниқ билмасди, холос. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, Грив сўзларига ишонишларини хоҳларди. Шу боис болаларнинг жарангдор кулгиси остида Сумигалардан бирига яна бир карра муддаосини тушунтирмоқчи бўлди:
– Худо ҳаққи, чинданам шундай бўлувди, рост! Чунки дадамнинг пули кўп, у бойвачча. У мен истасам денгиздаги барча балиқларни келтириб бераман, деган. Мен учун, хонамдан чиқмай ўйнашим учун.
Муаллим болаларни тартибга чақирди:
– Бўпти! Майли! Роса кулишдик, ўзингизни босиб олинг. Қисқаси, Грив балиқларнинг сувсиз яшай олмаслигини салгина унутиб қўйди, бор-йўғи шу. Ҳаммаси равшанки, балиқни сувсиз қолдирсангиз…
Болалар бир овозда муаллимнинг гапини давом эттиришди:
– …ўлиб қолиши аниқ.
– Тўппа-тўғри, – деди муаллим.
Ориқ ва рангпар бола донолик билан дона-дона қилиб тасдиқлади:
– Чунки балиқларнинг онаси сувда яшайди, уларни сувдан тортиб олсангиз, онасиз қоладилар.
– Йўқ, йўқ, такрор айтаманки, йўқ! – деди муаллим қатъиян. – Балиқлар сувсиз нафас ололмасликлари сабабли нобуд бўладилар. Улар сув таркибидаги ҳаво билан нафас олишади, ташқаридаги ҳаво улар учун ҳаёт манбаи бўлолмайди.
– Ҳаёт манбаи йўқ бўлганидан кейин ўлиши аниқ, – деди бир бола ва муаллимга кемтик тишларини намойишкорона кўрсатиб илжайди.
Умберто Грив эса ўз билганидан қолмасди:
– Менинг дадам балиқлар учун уйга ҳаво келтириб бера олади, чунки унинг пули мил-мил, хоҳлаган нарсасини сотиб олишга қодир у.
Яшил камзулли бола ҳам гапга қўшилди:
– Менинг дадамнинг ҳам пуллари кўп.
– Менинг дадамниям, – деди яна бири.
Болаларнинг ҳаммаси, бири олиб-бири қўйиб, дадасининг бадавлат экани ҳақида гапга тушиб кетишди. Ёлғиз Пако Юнке ҳеч нарса демасди – у сувсиз қолган балиқларнинг ўлиб қолиши сабаблари ҳақида ўйлаб ўтирарди.
Бир пайт Фаринья Пако Юнкенинг елкасига туртиб саволга тутди:
– Нима, сенинг отангни пули йўқми?
Пако Юнке бироз ўйлаб турди; сўнг кунларнинг бирида онасининг қўлида бир неча песет кўрганини эслади:
– Менинг онам бой, пули кўп.
– Қанча? – деб сўради Фаринья.
– Тахминан тўрт песетча бор.
Пако Фаринья ҳаммага эшиттириб муаллимга ҳисобот берди:
– Пако Юнкенинг гапига қараганда онасининг пули кўпмиш, жаноб.
– Ёлғон айтаяпти у, жаноб! – деди бошини чайқаб Умберто Грив. – Пако Юнкенинг гапи ёлғон. Унинг онаси бизникида оқсоч, сариқ чақаси йўқ у хотиннинг, қаердан бўлсин!
Муаллим бўрни олиб ўқувчиларга орқа ўгирганча қора тахтага ёза бошлади.
Муаллимнинг кўрмаётганидан фойдаланган Умберто Грив ўтирган еридан сапчиб турди-да, бориб Пако Юнкенинг сочидан ушлаб тортди ва югурганча изига қайтди. Юнке ҳўнграб юборди.
– Нима гап? – деди муаллим ва нима бўлаётганини аниқлаш учун ўгирилиб қаради.
Пако Фаринья пайсалга солмай муаллимга чақди:
– Грив унинг сочидан тортди, жаноб.
– Бўлмаган гап, жаноб, – дея ўзини оқлади Грив. – Мен ундай қилганим йўқ. Жойимда қимирламай ўтирибману.
– Майли, майли! – деди муаллим. – Бўлди! Бас қил йиғлашни, Пако Юнке. Бўлди деяпман!
У шундай деди-ю, яна қора тахтага ёза бошлади, сўнг Гривга савол берди:
– Агар сувдан чиқариб олинса, балиқнинг ҳоли нима кечади?
– У менинг хонамда яшайди, – деди жавобан Грив.
Болалар яна Гривнинг устидан кула бошлашди. Тавба, қанақа бола ўзи, ҳеч нарсага ақли етмаслиги аниқ-ку, яна қайсарлигини қўймайди. Менинг уйим, менинг хонам, дадамнинг пули кўп, деган гаплар оғзидан тушмайди-я сира! Шунчалик ҳам безбет бўладими?!
– Қани, хўш, Пако Юнке, – деди ўқитувчи, – агарда балиқ сувсиз қолса унга нима бўлади?
Ҳали кўз ёшлари қуримаган Пако Юнке тишини-тишига қўйиб жавоб берди:
– Сувсиз балиқлар нобуд бўлади, чунки уларга ҳаво етмайди.
– Жавоб тўппа-тўғри, – деди ўқитувчи. – Баракалла!
У яна тахтага ёзишга тутинди. Умберто Грив ўқитувчининг кўрмаётганидан тағин фойдаланиб, Пако Фариньянинг тепасига борди-да, юзига мушти билан бир солди ва икки ҳатлаб жойига бориб ўтирди. Фаринья Пако Юнке сингари дийдиё қилмади, балки овози борича бақирди:
– Жаноб, Умберто Грив мени урди!
– Тўғри, тўғри, жаноб, урди. Ҳаммамиз кўрдик! – Болалар уни бир овоздан қўлладилар.
Ана шунда тўполон бошланди. Муаллим столни тарақлатиб муштлади-да, ўшқирди:
– Жим бўлинглар!
Синфга оғир сукунат чўкди, болалар ўтирган ерларида қаддиларини тиклаб, муаллимга жиддий ва ташвишли тикилиб ўтиришди. Шу Грив бошга битган бало бўлди-да! Нима қилгани бу? Қани, ўша ўқитувчинг нима каромат кўрсатарди, демоқчими бу қилиғи билан! У лавлагидек қизариб кетди. Кўпчиликнинг орасида юзимни ерга қаратади бу бола.
– Нима бу қилиқ? – деб сўради муаллим Пако Фариньядан. Пако Фаринья жавоб бераётганда кўзлари ғазабдан ёнарди.
– Умберто Грив ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ юзимга мушт туширди.
– Грив, шу ростми?
– Ёлғон, жаноб, – деди Умберто Грив. – Мен уни урганим йўқ.
Муаллим қайси бирининг ёни бўлишни билмай, барча ўқувчиларга кўз югуртириб чиқди.
– Ким кўрди буни? – деб сўради муаллим Фариньядан.
– Ҳамма кўрди, жаноб! Мана, Пако Юнкедан сўранг ишонмасангиз.
– Пако, Фариньянинг гапи тўғрими? – деб сўради муаллим.
Пако Юнке Умберто Гривга мўлтираб қаради, лекин жавоб беришга ботинолмади, башарти муаллимнинг саволига “ҳа” деб жавоб берса, Умберто мактабдан чиқишлари биланоқ кўчада тутиб олиб роса дўппослаши аниқ. Оқибат Юнке бошини қуйи солиб, оғзига талқон солгандек индамай тураверди.
Фаринья лаби-лабига тегмай бидирлаб, муаллимга тушунтира кетди:
– Жаноб, Юнке жавоб бермаётганига жиддий сабаб бор, Грив дарс­дан кейин ундан ўчини олади, чунки Юнке унинг хизматкори, бунинг устига уларникида туради.
Муаллим Фариньядан кўз узмай гапларини эшитиб турди-да, бошқа болаларга юзланди:
– Фариньянинг гапини ким тасдиқлайди?
– Мен, жаноб! Мен, жаноб! Мен ҳам, жаноб! Мен ҳам кўрдим!
Муаллим яна Гривдан сўради:
– Грив, бундан чиқди, Фариньяни урибсиз-да, болалар бекорга гапиришмайди.
– Йўқ, жаноб! Мен уни урганим йўқ.
– Шошманг, Грив, ёлғон гапириш жуда ёмон нарса, сизга ўхшаган одобли, зукко болага ёлғон гапириш ярашмайди.
– Йўқ, дедим-ку, жаноб. Унга қўл кўтарган бўлсам қўлим синсин.
– Хўп, майли. Сизга ишонаман. Сиз ҳеч қачон ёлғон гапирмайсиз, биламан. Лекин бундан буён эҳтиёткорлик билан иш тутасиз, деган умиддаман.
Шундай дегач, муаллим ўйга чўмганча, синф бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади, болалар эса қулоқларини динг қилиб, уни кузатиб туришди.
Пако Фаринья бир нарсалар деб минғирлар, ҳозир йиғлаб юборадигандек эди.
– Уни ҳатто тартибга чақириб қўйишни ҳам лозим топишмади, негалигини айтайми, чунки унинг отаси бойвачча! Ҳали ҳаммасини ойимга айтиб берсам борми?!
Муаллим унинг гапларини эшитди ва жаҳлдан кўкариб кетгудек қиёфада Фариньянинг олдида тўхтади-да, овози борича ўшқира кетди:
– Нималар деяпсиз? Умберто Грив намунали ўқувчилардан. У ҳеч қачон алдамайди. Ҳеч кимни хафаям қилмайди, шу сабабдан унга жазо беришни лозим топмадим. Бизнинг мактабимизда барча болалар тенг ҳуқуқли, бадавлат оила фарзанди бўладими, камбағалнинг боласими – фарқи йўқ. Агарда Гривнинг отаси ҳақида ҳозирги гапингизни яна бир марта эшитсам, икки соат бурчакда турғазиб қўяман. Қулоғингизда бўлсин.
Пако Фариньянинг нафаси ичига тушиб кетди. Пако Юнке ҳам ғужанак бўлиб олди. Ҳолбуки, иккови ҳам Грив уларга қўл кўтаргани ва умуман, унинг уччига чиққан ёлғончи эканлигини билар эди. Лекин айнан шунинг учун бу аҳволга тушишганини эса англаб етолмас эдилар.
Муаллим тахта олдига бориб, яна ёзишда давом этди.
– Нега муаллимга Грив мени урди, деб айтмадинг?
– Кейин Умберто мени тинч қўймасийди.
– Нега шуни онангга айтиб бермайсан?
– Айтиб берсам, Грив аламига чидаёлмай яна уради, соҳибанинг ҳам жаҳли чиқади.
Муаллим тахтага ёзаётганда Умберто Грив дафтарига бир нималарнинг расмини чизиб ўтирди.
Пако Юнке эса онаси ҳақида ўйлади. Кейин хўжайин билан Умбертони кўз олдига келтирди. Умберто Грив уни уйга борганда урадими, йўқми, шуни хаёл қилди-ю, кўнгли ғаш тортди. Юнке болаларга кўз югуртириб чиқди – мана булар Гривга ўхшаб Юнкени уришмайди, Фаринья у ёқда турсин, биронтаси хафа қилмайди уни. Юнкенинг қўлидан тортиб худди Умберто сингари бошқа партага судрашмайди. Нега Умберто унга шунақа ёмонликлар қиларкин? Айни пайтда, афтидан, Юнке онасига айтиб беришга тайёр эди, агар бунинг учун Умберто яна қўл кўтарса, муаллимга шикоят қилиши ҳам мумкин. Бироқ муаллим Умбертога ҳеч нима қилмади-ю. Агар уни уришиб берганда, Пако ҳаммасини Фариньяга айтиб берган бўларди. Шу хаёллар билан у Фариньядан сўради:
– Умберто сени ҳам урадими?
– Мени-я?! Қўл кўтариб кўрсин-чи! Битта уриб, дабдаласини чиқараман. Гапидан қайтадиганлардан эмасман. Қани бир хезланиб кўрсин-чи! Нима қилишимни кўрардинг! Ойимга ҳам бориб айтаман. Дадам мактабга келиб Умбертосиниям, отасини ҳам аяб ўтирмасди.
Пако Юнке Фариньянинг гапларини юрак ҳовучлаб эшитарди. У наҳотки Умбертодан қўрқмайди? Наҳот, отаси келиб, жаноб Гривнинг танобини тортиб қўя олса! Унинг гапларига Паконинг негадир ишонгиси келмади, ҳали бунга биронта боланинг юраги дов берганини кўзи билан кўргани йўқ. Мабодо, Фаринья уни урса, аксинча, хўжайин келиб, Фариньянинг ўзининг ҳам, унга қўшиб отасининг ҳам адабини бериб қўяди. Чунки жаноб Грив шунақа зўр, ундан ҳамма қўрқади. Жаноб Грив қаттиққўл, жиддий одам, одамлар унинг раъйига қарашади. Уларникига жуда кўп жаноблар ташриф буюрадилар – аёллар ҳам, эркаклар ҳам – қизиғи шундаки, уларнинг ҳеч бири хўжайини билан соҳиба чизган чизиқдан чиқмайдилар, уларнинг айтгани-айтган, дегани-деган. Керак бўлса, жаноб Грив муаллим тугул, ундан каттасига ҳам ақл ўргата олади.
Пако Юнке ҳамон тахта олдида турган муаллимга назар солди. Қанақа одам бу муаллим? Намунча у қаттиққўл, нима сабабдан унга индашмайди ё қўрқишадими? Юнке ундан кўз узмай ўтираверди. Муаллим на отасига, на жаноб Гривга ўхшайди, кўпроқ хўжайини олдига иш билан келиб-кетадиган хонимларга ўхшайди. Унинг гардани билан бурни курканикига ўхшайди – қип-қизил. Юрганда пойабзали ғирчиллайди – ғарч-ғурч…
Юнке зерикиб кетди. Қачон улар уйга кетишаркин? Начора, мактабдан кўчага чиққач, Умберто терисига сомон тиқади. Аниқ. Боя айтди-ю! Агар онаси Умбертога лоақал “Нега унақа қиласиз, жаноб. Пакога қўл кўтарманг. Сизга нима ёмонлик қилди”, деб койиб қўйганда эди! Шунинг ўзи кифоя қиларди. Лекин афсус… Катталар қайириб ташламагандан кейин, Умберто Грив албатта ҳаддидан ошади-да! Номард, шунақаям тепадики, азбаройи худо, Паконинг оёғи қонталаш бўлиб қолади. Кейин хўрлиги келиб йиғлашга тушади. Умберто бунинг нималигини тушунмайди, чунки у ҳеч кимдан ҳеч қачон бунақа калтак еб кўрмаган. Бунинг устига Умберто катта хўжайин билан хонимнинг арзандаси. Пако Юнке ўғлиданам, ота-онасиданам қўрқади. Фақат у эмас, ҳамма қўрқади. Ҳамма. Муаллим ҳам. Ошпаз ҳам, унинг қизлари, Паконинг онаси, ҳатто Валенсио, унинг опаси ҳам. Кечаси тувакларни тозалаб қўювчи Мария ҳам. Бир кун олдин унинг қўлидан тувак тушиб кетиб уч бўлак бўлиб синди-я!.. Таажжуб, Паконинг дадасини-чи, ура оладими? Нақадар ярамас одамлар, отаси ҳам, ўғли ҳам. Пако Юнкенинг кўнгли бузилди. Қачон ёзишдан тўхтаркин бу муаллим?
– Мана, ниҳоят, бўлди! – деди муаллим тахта олдидан нари кетаркан. – Назорат иши мана шу бўлади. Энди дафтарингизни очиб, уни кўчириб олинг. Шошмасдан, хатосиз ёзинг.
– Ўзимизнинг дафтаримизгами, – зўр-базўр сўради Пако Юнке.
– Албатта, ўзингизнинг дафтарингизга, – деб жавоб қилди муаллим. – Сиз оз-моз бўлиб ёзишни билсангиз керак?
– Биламан, жаноб. Қишлоқда яшаётганимизда дадам ўргатган эдилар.
– Жуда соз. Ундай бўлса қани, бошланг ёзишни.
Болалар дафтарларини олиб муаллим тахтага ёзиб қўйган машқни кўчириб олишга киришди.
– Шошмасдан ёзинг, – деди муаллим, – хатосиз кўчиринг, шошманг.
Умберто Грив савол берди:
– Жаноб, бу машқ балиқ ҳақидами?
– Ҳа, бир сўз қолдирмай ҳаммасини кўчириб ёзинг!
Синфга жимлик чўкди. Ёлғиз ручкаларнинг қитирлаши эшитиларди. Муаллим столига ўтириб, у ҳам нималарнидир ёза бошлади.
Умберто Грив тахтадан кўчириб ўтиришни ўзига эп билмади, бунинг ўрнига дафтарини очиб, ниманингдир расмини чиза бошлади. Балиқлар, одамлар, яна аллақандай тўртбурчак шакл чизди.
Бир неча муддатдан сўнг муаллим бошини кўтарди-да:
– Ёзиб бўлдиларингми? – деб сўради.
– Бўлдик, жаноб, – дея жўр овозда жавоб қайтаришди болалар.
– Баракалла, – деди муаллим. – Энди ёзганларингизнинг тагига аниқ қилиб исм-шарифингизни ёзинг.
Шу чоқ танаффусга қўнғироқ чалинди. Шовқин-сурон кўтарганча ўқувчилар ташқарига ошиқишди.
Тахтадаги машқни яхшилаб, бехато кўчирган Пако Юнке ҳам дарслиги, дафтари ва қаламини олиб ташқарига чиқди.
Ҳовлида унинг ёнига Умберто келди-да, қўлидан маҳкам ушлаб ўдағайлади:
– Юр, бу ёққа, тўнка-тўнка ўйнаймиз.
Умберто Пако Юнкени ўртага итариб юборган эди, унинг қўлидаги дафтар-китоби сочилиб кетди.
Юнке Умбертонинг айтганларини бажарди-ю, бироқ уялганидан лавлагидек қизариб кетди, чунки болалар унинг кетига Умбертонинг тепганини кўриб туришган эди. Юнкенинг яна йиғлагиси келди.
Пако Фаринья, ака-ука Сумигалар ва бошқа болалар Умберто Грив билан Пако Юнкени қуршаб олишди. Ориқ, рангпар бола Паконинг китоб-дафтари билан қаламини йиғиштириб келди, бироқ Умберто унинг қўлидан юлқиб олди.
– Бер, бу ёққа! Сен аралашма, чунки Пако Юнке менга қарашли бола, билдинг?!
Умберто Грив синфга кириб кетиб, Пако Юнкенинг китоб-дафтарини ўзининг партаси остига яшириб чиқди. Сўнг Пако Юнке билан ўйинни бошлади. Аввал унинг гарданидан ушлаб куч билан пастга босди, кейин эмаклаб туришга мажбур қилди.
– Типирчиламай тур! – дея буйруқ берди. – То ўзим айтмагунимча қимирласанг кўрасан!
Умберто Грив ортига тисарилди ва югурганча келиб кафти билан Паконинг белига таяниб, устидан ҳатлаб ўтди, ўтаётган маҳал зарб билан кетига тепди. Кейин яна орқага чекинди, яна ўша ердан югура келиб, худди олдинги сафардагидек сакраётганда бир тепиб ўтди. Шу тариқа Умберто Грив Пако Юнке билан узоқ ўйнади. Тахминан йигирма мартача тепиб, устидан сакраб ўтди-ёв!
Дафъатан ҳиқ-ҳиқ йиғлаган овоз эшитилди. Қаттиқ тепкидан жони оғриган Юнке йиғлаётган эди. Шунда уларни қуршаб турган болалар даврасидан Пако Фаринья ўртага чиқди-да, Гривнинг рўпарасига келди.
– Бас қил! Бас, деяпман! Агар Пако Юнкенинг устидан яна бир марта сакраб ўтсанг, ўзингдан кўр!
– Нима дединг! Қайтар гапингни! Пако Фаринья, ўргилдим сендан! Калтак емагин тағин. Битта ураман ҳозир, сен ҳам йиғлаб юрасан.
Бироқ Пако Фаринья қилт этмади, аксинча, тап тортмай Гривга тик қараб тураверди.
– Сизларникида хизматкор бўлиб яшаётган одамларнинг боласини уриб, мазах қилиб, устидан сакраш, уни йиғлатиш сенингча мумкин экан-да! Хато қиласан! Қани, мард бўлсанг яна бир марта устидан сакраб кўр-чи, кўрасан нима қилишимни!
Ака-ука Сумигалар Пако Юнкени қучоқлаб олиб, йиғламагин, дея тасалли беришар, овутишга ҳаракат қилишарди.
– Нега устингдан сакрашга йўл қўясан, тепса ҳам индамай турибсан! Солмайсанми қулоғининг тагига! Бир марта сен ҳам унинг устидан сакраб ўт! Айб ўзингда, индамай хўп деб кетаверасан. Анқовсирамай сол оч биқинига! Бўлди қил! Йиғлама! Ҳозир уйга кетамиз!
Пако Юнке аччиқ-аччиқ йиғлар, кўз ёшлари чинакамига уни бўғар эди..
Бир гала болалар Пако Юнкени, қолганлар эса Умберто Грив билан Пако Фариньяни ўраб олишган эди.
Грив бор кучини йиғиб битта урганди, у қулаб тушди. Ораларидаги каттароқ бола – 2-синф ўқувчиси Фариньянинг ёни бўлиб Умбертони тепди. Бошқаси – ундан ҳам каттароқ учинчи синф боласи Гривнинг ёнини олиб, ўша тепиб қолган болага мушт туширди. Уларнинг ортидан барча болалар иккига ажраб, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ уришиб кетишди. Шу тариқа тўполон бошланди.
Шу чоқ яна қўнғироқ чалиниб қолди-ю, ҳамма синфига тарқаб кетди. Пако Юнкени ака-ука Сумигалар етаклаб олишди.
Биринчи синф ўқувчилари ўртасида олағовур тинмасди, бироқ муаллим кирган заҳоти ҳамманинг уни ўчди.
Муаллим синфга кўз югуртириб чиқди-да, ҳарбийлар сингари қарсиллатиб деди:
– Ўтиринг!
Парталарни шарақлатиб ўтиришди.
Муаллим ҳам жойига ўтириб, балиқлар ҳақидаги машқ ёзилган икки бетли саҳифани топширишлари учун ўқувчиларни рўйхат бўйича чақира бошлади. У икки варақли қоғозни олар, ўқиб чиқар ва ўша заҳоти журналга баҳо қўярди.
Умберто Грив Пако Юнке ўтирган парта ёнига келди, унга дафтар ва қаламини берди, лекин аввал дафтардан Пако Юнке машқни бажарган саҳифаларни суғуриб олди-да, тагига ўзининг номини ёзиб қўйди.
Муаллим Умберто Грив, деб чақирганда у Пако Юнке бажарган машқларни худди ўзиникидек олиб бориб топширди.
Ўқитувчи Пако Юнке деганда эса, Пако машқларни кўчириб ёзган саҳифани қидиришга тушди, бироқ топа олмади.
– Сиз назорат ишини йўқотиб қўйдингизми, – деб сўради муаллим, – ёки ёзмадингизми?
Пако Юнке дафтаридаги айнан ўша саҳифа қаерга ғойиб бўлганига гаранг бўлар, бошини қуйи солганча жавдираб турарди.
– Ҳа, майли, – деди муаллим ва Пако Юнке номи тўғрисига белги қўйди.
Кейин бошқа болалар келиб ёзганини топширишди. Муаллим бажарилган вазифаларни текшириб бўлмасидан бирдан эшик очилди-ю, синфга мактаб директори кириб келди.
Муаллимга эргашиб ҳурмат юзасидан болалар ҳам ўринларидан дик этиб туришди. Директор худди бир нимадан аччиғи чиққандек ўқувчиларга кўз югуртириб чиқди-да, баланд овозда:
– Ўтиринглар! – деди.
Сўнг муаллимга юзланди:
– Синфдаги энг яхши ўқувчини аниқлаб олган бўлсангиз керак? Ярим йиллик назорат ишини ёздингларми?
– Ҳа, жаноб директор, – деди муллим. – Ҳозиргина шуни ёзиб тугатишганди. Умберто Грив энг юқори баҳога лойиқ деб топилди.
– Унинг ёзган иши қани?
– Ҳозир бераман, жаноб директор.
Муаллим бир даста назорат ишлари орасидан Умберто Грив исми-шарифи ёзилган саҳифани топиб директорга узатди, директор уни бир бошдан кузатиб чиқди.
– Жуда яхши! Иш деган бундай бўпти, – деди у кўнгли тўқ бўлиб.
У минбарга кўтарилгач ўқувчиларни кўздан кечириб чиқди. Сўнг хиёл хириллаган, лекин тетик овозда бундай деди:
– Бугун ҳаммадан кўра Умберто Грив яхши ёзибди. Бинобарин, Ҳурмат китоби саҳифаларига ҳафтанинг энг яхши ўқувчиси деган номга сазовор бўлгани муносабати билан шу ўқувчининг исми-шарифи қайд этилади. Қани, келинг.
Умберто Грив ҳаддан зиёд гердайиб, такаббурона бир қиёфада директор ёнига борди. Директор унинг қўлини қисиб ташаккурнома изҳор қилди:
– Баракалла, Умберто Грив, табриклайман. Барча ўқувчилар сиздан ибрат олишса нур устига нур бўларди. Кўнглимизни тоғдек кўтардингиз, баракалла!
Кейин синфга юзланиб оташин нутқ сўзлади.
– Ҳамма ўзини Умберто Гривдек тутиши даркор. Унга ўхшаш шарт. Унга ўхшаб ўқиши, худди у каби тиришқоқлик билан илм ўрганиши лозим, бу бизлар амалга ошираётган ишларнинг самарасидир. Қаранг, қанчалар жиддий, интизомли, камтарин ва меҳнаткаш ўқувчи у, ҳаммангиз учун ўрнак. Агар сиз ҳам унинг изидан борсангиз йил якунида шундай эъзоз ва ҳурматга сазовор бўлишингиз муқаррар ҳамда Умберто Грив исми каби Ҳурмат китобига номингиз қайд этилади. Умид қиламизки, келгуси ҳафталарда орангиздан битта-яримта Умберто Грив каби юксак баҳога сазовор бўлади, назорат ишларини ўрнак бўларли даражада ёзади. Шахсан мен ишонаман, худди шундай бўлади!
Директор сўзини тугатди ва бирмунча вақт жойидан жилмай болаларга табассум билан қараб турди. Барча ўқувчилар Умберто Гривга қойил қолиб, унга ҳавас билан боқишарди. “Қойил, Грив! Назорат иши ёзишни сендан ўрганиш керак!” дея ўйлашарди. Чинданам қойил қолиш керак! Энг пешқадам, илғор ўқувчи! Кечиккани билан илмини қаранг! Ҳаммага ўрнак бўлаяпти! Кўрдингизми, қалай? Директорнинг ўзи унга қўл бериб табриклади. Биринчи синф ўқувчилари орасида Умберто Грив энг пешқадам ўқувчи!
Директор муаллим билан хайрлашгач, кузатиш учун турган болаларга бош қимирлатиб қўйди.
У чиқиб кетгач, муаллим болаларга ҳозиргина чиқиб кетган директорга ўхшаб табассум билан қаради.
– Ўтиринглар!
Яна парталар тарақлади ва ҳамма ўрнига ўтирди.
Муаллим Гривга:
– Бориб жойингизга ўтиринг, – деди.
Қувонганидан оғзи қулоғида Умберто Грив партасига бориб ўтирди. Пако Фариньянинг ёнидан ўтиб, унга тилини чиқариб қўйди.
Муаллим яна жойига ўтириб журналга бир нималарни ёза бошлади.
Пако Фаринья эса Пако Юнкега секингина шивирлади:
– Қарасанг-чи, жаноб назорат ишини топширмаганинг учун номингни ёзиб қўяяпти. Яхшилаб қара. Сен бундан буён дарсдан сўнг қоласан, ҳаммага ўхшаб уйга кетмайсан. Нега дафтарни йиртдинг? Қаерга қўйдинг уни?
Пако Юнке жавоб бермади, фақат бошини қуйи солди.
– Хўш, гапир! – Пако Фаринья тинчимасди. – Нега жавоб бермайсан? Назорат ишини нима қилдинг?
Пако Фаринья энгашиб Пако Юнкенинг юзига қаради, қараса, у йиғлаяпти. Нима қиларини билмай дарҳол юпатишга тушди:
– Майли, қўявер, фақат йиғлама! Ҳечқиси йўқ, кўнглингни чўктирма! Ундан кўра кел, яхшиси, шашка ўйнаймиз! Башараси қурсин уни! Биласанми нима, мен сенга шашка совға қиламан. Шунгаям хафа бўласанми? Бўлди энди, йиғламагин.
Пако Юнке ўпкаси тўлиб юм-юм йиғларди.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 6-сон