Момо Капор. Монтенегронинг яшил мовути (ҳикоя)

Зуко Жумҳур ва Усмон пошо Сархуш ҳақида қисса

Ушбу китоб садоқатли дўст ва улкан истеъдод эгаси

                                Зуко Жумҳур хотирасига бағишланади.

“Қашқирлар водийси – Билече шаҳри канораларида узунасига тўрт соатлик, энига эса қарийб уч соатлик бепоён текисликда ястаниб ётади. У ерларда тепаликлар ҳамда унчалик баланд бўлмаган тоғлар кўп. Булардан ташқари водийда дарахтзорлар ҳам сероб, аслини олганда, мана шулар туфайли бу замин “Қашқирлар водийси” деб аталади. Қаҳратон қиш кунлари дов-дарахтсиз баланд тоғларда қутурган шиддатли шамоллардан қочиб келган бўрилар бу овлоқ ўрмонда изғиб юради ва шу ерда жон сақлайди” (1876).

1

1967 йилнинг кўкламида Зуко Жумҳур билан иккимиз “Монтенегронинг[1] яшил мовути” фильми сценарийсини ёзаётган эдик.

Биз ҳар куни кечки пайт, тахминан соат саккизларда, менинг шинамгина устахонамда кўришар, Зуко юзлари буришиб-тиришиб ичган биринчи лозовачадан[2] сўнг, сархуш ва илҳомбахш лаҳзалар оғушида серғалва ҳамда ўткинчи дунё ташвишларини унутиб, кўнглимизга ишқи тушиб, бир неча ойдан буён тинчлик бермаётган сценарийни ёзишга ўтирардик.

Тун бўйи ёзиб-чизганларимиздан қониқиш ҳосил қилиб, ҳорғин ва бемадор ҳолда ишимизни тугатганимизда ҳали тонг ҳам отмаган бўларди. Мен Зукони уйига кузатиб қўяр эдим, бир ўзини юборишга асло кўзим қиймасди. Ёмғирда ивиб-бўкиб борар эканмиз, шу аҳволда овозимизни баралла қўйиб ашула айтар, ғафлатда ётган калтабин ва манфаатпараст кишиларнинг ширин уйқусини ҳаром қилардик. Челаклаб қуяётган ёмғирни писанд қилмаслигимизни айтмайсизми? Гоҳо машиналар кўчаларга сепиб юрган сув фавворалари остида баайни рангин шароралар ичидан ўтиб бораётгандек бўлардик. Уйга келгач, кечаси билан ёзиб чиққанларимизни ўқиб кўриш учун тезроқ тонг отишини кутиб ўтирардим. Кўнглимнинг кўчаси, сценарий қойилмақом чиққан бўлса керак, деб хаёл қилардим.

Лекин ширин ва ёлғон умидлар тунда дунёга келади.

Мен машинкада ёзган саҳифалар пишиқ-пухта, хатосиз ва тушунарли бошланарди-ю, бироқ охирига бориб ҳарфлар ўқиб бўлмайдиган даражада ажи-бужи бўлиб кетарди:

Ичкилик ҳарфлар эмас, инсон руҳининг ифодасидир! Лозовача худди Олдос Хаксли тажрибаларидаги мескалин сингари таъсир этарди – ижод ичкилик билан чиқишмайди-да. Бедорликда ўтган ҳар бир тун биз учун бойлик манбаига айланди; мана шу чеккан заҳматларимиз туфайли барча иқтисодий муаммоларимиз ўз-ўзидан ҳал бўлди, назаримизда, биз ўйлаб топган бемисл ва оламшумул сюжетга ўхшагани етти иқлимда ҳам топилмасди. Шу сценарий шарофати билан камина худди Клод Моне каби узоқ йиллар орзу қилиб юрганим ўн икки метрли эски, “Оз” шатакчи кемасини сотиб олиб, сузувчи устахонага айлантириш имконига эга бўлдим.

Бироқ эртасига эрталаб руҳсиз, тушкун, бош оғриққа тўла, зиқ ҳолатда ўзимизни айбдор сезиб, виждонимиз қийналарди.

Шунда дилхираликдан чиқиш мақсадида адалик адабиёт муаллими Сабов бошқариб бораётган таги ясси эски қайиқда эшкак эшиб, Ада Циганлия (у пайтларда ҳали у кичкина орол эди) ёқалаб сузардик. Шу тариқа тер билан ичкилик хуружи жисмимиздан чиқиб кетарди. Мен доим Зуконинг бир кун аввал кечқурун нуфузли кишилар даврасида бўлганини ғарақ-ғарақ терлагани ва гупиллаб урилаётган “Жонни Уолкер”нинг ҳидидан сезардим, ахир ўша кезлари бунақа вискини уйда ичиб ўтириш фақат унга эмас, балки ҳаммамизга ҳам оғирлик қиларди. Ада Циганлиянинг нариги чеккасига етиб боргач, ўзимизни Савага отар ва оқим бўйлаб сузиб кетардик, меҳрибон Сабов эса эски қайиқда, эҳтиёт шарт, ортимиздан борарди. Оролнинг нариги чеккасига етгач, қирғоққа чиқиб ўзимизни бироз хушҳол сезар ва пировардида, янги-янги жинниликлар қилишга вужудимизда яна иштиёқ уйғонарди…

Кейин мен қўлёзмани машинкалаб, топ-тоза қоғозга кўчириб чиқардим, асраб қўйилган ичкиликни совитиб қўйиб, Гётени кутаётган Эккерман сингари, патқаламни ҳозирлаганча Зуконинг йўлига мунтазир ўтирардим.

Яна мусаллас билан тарихий воқеалар гирдобига ғарқ бўлиш умидида ҳовлиқиб келган Зуко хонанинг у бошидан-бу бошига юриб, сухандонлардек ҳикоясини бошлар, бироқ бу бебош ташбеҳлар, қалаштириб ташланган далил-исботлар, ғаройиб тақдирлар, мўъжизавий тушлар, муҳаббат ва ҳаёт ҳақидаги қиссаларни қоғозга туширишга улгуролмай қолардим…

Кечаси билан, асосан, у ижод қилса, кундузи мен тиним билмасдим! У ҳикоя қилаётганда бир зум тўхтамас, олис сафарга чиққан кема капитанлари елкасида ўтирган рангдор тўтилар каби елкасига мингашган тарих унга шипшиб турарди гўё.

Дарвоқе, у ҳаммадан ҳам Сингапурда ҳадя қилишган Ольга лақабли жажжи маймунни ўйнатишни яхши кўрарди. Сартр билан ош-қатиқ бўлгандан кўра шу жониворга қараш менга маъқулроқ, деб такрорларди. Мен нима учун, деб сўрасам у кулимсираб, Ольга арқонсиз ҳам баланд дарахтга чиқа олади, Жан-Поль Сартр эса чиқолмайди, деб жавоб қайтарарди. У олис сафарлардан ҳамиша маймунойга откритка юборарди: “Мадмуазель Ольга Жумҳурга, Белград, Васина кўчаси, 14-уй. Қадрли Оленька, то сен ҳақиқий хоним бўлиб Белградда истиқомат қилар экансан, мен Лиссабонда телекамералар қаршисида маймунни тасвирлаб кўрсатавераман. Сенинг Зукоинг”.

У: “Суҳбатлашиб ўтиришга дўст топиш осон. Лекин рўпарангда жимгина ўтириши мумкин бўлган одам топиш қийин…” – дерди.

Кўп чекарди. Чекаётган сигарети ярмига етмаёқ жаҳл билан кулдонга босиб ўчирарди-да, ўша заҳоти янгисини олиб тутатарди. Тутун ҳатто унинг қулоғидан чиқаётгандек туюларди.

Агар ишимиз олдинга силжимаса, тунги Белградни айлангани кўчага чиқиб кетардик, то чарчаб, дармонимиз қуриб, ҳолдан тойгунча анча-мунча кўча ва майдонларни ортда қолдирар, охири аллақайси қаҳвахонада эски улфатлар йиғилиб, туни билан ўша ерда маишат қилардик. Шаҳарнинг чет кўчаларида у бор-будидан айрилган сармоядорлар, ижарадорларнинг ўзгариши, одамлараро оқибатнинг барҳам топаётганлиги ва эл-юрт бошига тушган мусибатларнинг сирли сабаб­лари ҳақида сўзлаб берарди. У шаҳар маркази, айниқса, оғизга тушган машҳур жойларга боришдан қочарди, бу хусусда эшитишни ҳам истамасди. Атоқли ва машҳур одамлар орасида эса ўзини қўққисдан тажовузкор қилиб кўрсатишга ўтарди. Бироқ ташландиқ, ғира-шира маҳаллаларда уни кўрсангиз, либосини ўзгартириб олган Хорун-ар-Рашид дейсиз: оддий одамларнинг ҳовлиларига бемалол кирар, уларга сездирмай боғлар орасидан ўтган йўлкаларни кўздан кечирар, илгари Искандар деб аталган, ҳозир эса Инқилоб хиёбони номини олган майдон четида жойлашган фақирона расталарни кезиб чиқар, тунукасозлар, новвойлар, истеъфодаги ҳарбийлар, машҳур ва кимлиги номаълум кимсалар билан бафуржа ўтириб қаҳва ичар, уларни гапга солар, истеъфодаги вазирлар ва собиқ элчилар кўмагида тарихий воқеаларни ўзи учун ойдинлаштириб оларди; фаровон турмушига путур етган, деворлари нурай бошлаган уйларда истиқомат қилаётган беваларни зиёрат қилар, болаларнинг номларини айтиб чақирар, хуллас, қаерга бормасин, ҳамманинг кўнглини овлар, аксар одамлар у билан кўришиб, суҳбатлашишга муштоқ бўлишарди.

– Омад нималигини биласанми? – деб сўради бир куни у мендан. Бу хусусда ўйлаб кўрмаганим учунми, дабдурустдан жавоб беролмадим.

– Омад, – деди у – бу истеъдод қўшув маълумот дегани!

Таниш-билишлари меҳмоннавоз хонадонини тарк этиб кетаётганда у остонада таъзим билан хайрлашарди-да, шундай илтифот қиларди:

– Яна келинглар! Оленька иккимизнинг бошимиз кўкка етади…

Ғалати, оила аъзоларининг барчаси шарқона исмга эга эди: онасини Васвия хоним, деб аташар, рафиқаси – Вазира, қизи – Донизода; колли зотли кучукнинг лақаби эса – Синдбад.

Ўзининг ҳақиқий исми Зулфиқор эди.

У ҳатто қаҳратон қиш палласида ҳам пальто киймасди. Совуққа қарамай, катак-катак камзулдагина юришни яхши кўрарди. Унинг ёздагидек енгил-елпи кийиниб юришини кўрган князь Михайлов кўчаси аҳолиси совуққа бунча чидамли, бекорга эмас, ибрат бўлсин учун юрибди-да, дейишарди. У эса фаслларга, об-ҳавога заррача эътибор қилмас, ҳамма ерга доим бош кийимсиз борарди.

Золдирли ручкалар билан фломастерни ёқтирмасди. Доим энг сифатли, қимматбаҳо ручка тутар, ёзишга қулай бўлсин деб, найчасига сиёҳ эмас, қора сиёҳ тўлдирарди.

Кумушдан ишланган эски чўнтак соатларини яхши кўрар, унинг узун занжирини қорнига қадар тушириб қўярди. Хуллас, эскича урф-одатларга содиқ, вазмин ҳаракатлари билан гапириш усули бир-бирига уйғун эди. Шу жиҳати билан у, худди тезроқ вақт ўтса-ю, кексалик гаштини сурадиган давр келса, демоқчи бўлаётганга ўхшарди.

Аёлларга унчалик ҳуши йўқ эди. Ишончим комилки, у ҳар қандай соҳибжамолдан кўра Белграддаги католик черкови руҳонийси ёки унинг ноиби билан тонг отгунча суҳбатлашиб ўтиришни афзал биларди. Белградда соф сербча талаффузда сўзлашар, бироқ Дрина кўпригидан бир қадам нари ўтди дегунча, бир думалаб боснияликка айланарди-қўярди, нутқида эса туркча сўзларни кўп-кўп ишлата бошларди.

Жуда кам овқат ер, лекин шоҳона таомлар буюрарди. Батист сочиқлар, тулки овлаётган викторияликлар даври акс этган аъло даражадаги инглиз чинниси, биллур бокаллар, четлари тўрсимон ҳошияли дастурхон ва кумуш шамдонлардаги липиллаб турган шамлар… Унинг уйида ўтган мен қатнашган зиёфатларда, кўпинча, мол думғазасидан қайнатма шўрва, ток баргидан дўлма, устига алоҳида қайла қуйилган гўштли сомса беришар, охирида эса машҳур муфтининг беваси – олийҳиммат Васвия хоним тайёрлаган қуштили ҳамда оғизда эриб кетгудай мазали торт тортиларди. Меҳмондорчилик аъло навли француз коньяги ва ликёрлар билан якунланарди.

Зуко камдан-кам касалга чалинар, аҳволи оғирлашган чоғда ҳам мутлақо пижама киймасди. Ўрин-кўрпа тўшалмаган диванда эгни-боши билан, мабодо уйдагилари яширинча шифокор чақиргудек бўлса, қочиб кетишга шай бўлиб – қалин жемпер, жинси шимда пойабзалини ечмай ётиб оларди.

Уни кексалар, болалар ҳамда жониворлар яхши кўрарди.

2

Нима жин уриб Зуко Жумҳурга бундай ёпишволдим? Усмон пошо Сархуш ҳақидаги ҳикояга ўтаверсам бўлмайдими?

Пошо омонатини топширган.

Зуко вафот этган.

Шошишдан нима фойда?

Истиқболда бизни мангулик кутаяпти.

3

Шуни айтиб ўтиш лозимки, у кинотеатрга деярли бормасди, кечқурун уйда кам бўлгани сабабли телевизор ҳам кўрмасди.

Менимча, унинг кўрган фильмларидан ёзган сценарийлари кўпроқ бўлса керак.

У “Монтенегронинг яшил мовути”ни машинкада ёзамиз, деган таклифимни хушламай рад этганди, чунки бундай қилсак, асосий қаҳрамонлар билан кечган воқеаларни қоғознинг чап тарафига, диалогларни эса ўнг тарафига ёзишимиз лозим бўларди.

Яхшиямки, менинг фикримга қўшилмабди, ахир, бунақа сценарийларни ўқиш жуда зерикарли, уни ҳаттоки Дзаваттини, Феллини ёки Бергманга ўхшаш улкан санъаткорлар ёзган бўлса ҳам.

У ўз асарларини анъанавий услубда ёзарди, Шаҳризода сингари равон баён қилишни хуш кўрарди. Ҳозирги пайтда фильмни суратга олиб, монтаж қилиб, уни намойиш этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келади, бунинг учун ҳар хил техникавий мўъжизалар ўйлаб топилган, шунга қарамай барибир энг асосий нарса ўзгармаган – кино ишланди ва экранларга чиқарилди; нимаики ихтиро этилмасин фарқи йўқ – тоабад шуни яратган ва сюжетини ўйлаб топган одам ҳамиша битта ўзи ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиши керак, деб таъкидларди.

Бир куни Почителеда аллақандай қизнинг портретини чизаётган ёшгина, тажрибасиз мусаввир сурат кўнглидагидек чиқмаётганига мўйқаламни сабаб қилиб нолиганида Зуко унга: “Мих билан чизиш керак эди! Мих билан!” – дея ўшқирган эди. Унинг бу сўзлари мағзини анчадан кейин чақдим: бу билан у, нима қилсанг ҳам, қандай чизсанг ҳам чизиқлар истеъдодинг ҳамда ҳис-туйғуларинг даражасини фош қилади, демоқчи бўлган.

Хуллас, Усмон пошо ҳақидаги сценарийни ёзаётганимизда унинг сиймоси паға-паға кўтарилаётган сигарет тутуни аро кўз ўнгимизда гавдалангандек бўлар, бир-бирига мантиқий жиҳатдан боғланган воқеаларнинг ўзи оқиб келар, пировардида бир-бирига уланиб, яхлит манзара ҳосил қилар ва биз юракларни ҳаприқтирувчи илҳом завқидан энтикар ҳамда яратган фильмимизнинг илк намойишида ўтиргандек бўлардик.

(Дарвоқе, айнан ўшанда Зуко оромкурсида тебраниб ўтирган одам спиртли ичимликни шеригидан икки баравар тезроқ ичиши мумкинлигини кашф қилган, ҳа-я, ўша оромкурси менга тегишли эди. Кейинчалик бу ихтиросини янаям такомиллаштирган – кир ювадиган машинанинг ойнасидан гулдор чойшабнинг чир айланишини томоша қилиш орқали уч баравар тезроқ ичиш мумкинлигини тушунтириб берганди.)

Белград ресторанларидан бирида бизнинг режаларимизни эшитиб қолган бир режиссёр унга беҳад қизиқиб қолди. Бу қўлини совуқ сувга урмайдиган, беғам, қадим асилзодалар авлодига мансуб Радош Новакович эди, ўша кезлари у асосан уруш мавзуси ҳамда ватанпарварлик руҳидаги фильмлари билан ном чиқарган эди. Усмон пошо ҳақидаги ҳикоямиз унинг эътиборини жалб этганининг яна бир сабаби, у ана шу сюжет баҳонасида маҳаллий кинематографиянинг тор чегараларини бузиб, Рене Клер руҳида рангли, ҳамма ҳавас қиладиган, “ачиштирадиган” ишораларга бой фильм олиш мумкинлигини сезганди. “Монтенегронинг яшил мовути”да турли миллат вакилларининг образи мавжуд бўлиб, уларни ана шу мамлакат актёри, яна-тағин ўзининг она тилида яратиш талаб қилинарди. Бу ўз навбатида баайни кинематографиядаги Вавилонга ўхшар ва фильм бир пайтлар – 1876 йили Европа жаридаларининг мухбирлари, элчилару кузатувчилар, халқаро корчалонлару фирибгарлар, ҳатто йўлини йўқотган битта шоир (Лаза Костич), шунингдек, Қашқирлар водийсида бўлиб ўтган жангда қўлга тушган Усмон пошо Сархуш ҳам тўпланган Цитинадаги Локонда меҳмонхонасини эслатарди.

Усмон пошо Сархуш образи ўзига хос равишда Зуконинг махфий автопортретининг ўзгинаси эди. Фильмда менга ҳаётдаги каби иккинчи даражали роль ажратилган эди.

Ҳар қандай ишга жиддий ва ақл кўзи билан қарашга одатланиб қолган Радош Новакович “Авалафильм” раҳбари бўлиб узоқ ўтирмаслигини кўнгли сезгандек бизни – истеъдодли, лекин ялқов шогирдларини сценарийни тезроқ тугатишга шоширарди. Лекин биз, ич-ичимизда бирон-бир нуфузли кинофестиваль совринини қўлга киритишни орзу қилиб юрган бўлсак ҳам, аслини олганда, бирга ижод қилиш, қўлёзмадаги матндан фарқли ўлароқ, Зуко ноёб истеъдод билан ҳикоя қилиб юрган ўша тарихий воқеалар гирдобида хаёлан яшаб юришни манзур ва маъқулроқ кўрардик.

Мана, официантларнинг эрка ва номдор мижози Радош Новакович таклифига биноан унинг ўзи кўнгилхушлик қилишни хуш кўрадиган Чубурадаги “Трандофилович” ресторанига йўл олдик; кетаяпмизу уй вазифасини унутиб қолдирган ўқувчилардек ўзимизни оқлаш учун йўл-йўлакай ҳали ёзилмаган воқеалар, эпизодларни тўқиб борамиз.

Ҳар нечук “Монтенегронинг яшил мовути”ни ёзиб тугатдик. Сценарийни “Авалафильм” студияси сотиб олди, ўша давр учун жуда катта маблағ ҳисобланган қалам ҳақини чўнтакка солиб, ҳар ким ўз йўлига равона бўлди.

Кўп ўтмай Радош Новакович бандаликни бажо келтирди. Ўлишидан олдин у сценарийни олиб, Америкага жўнаб кетганди, оқибатда сценарий қўлёзмаси ўша ерда йўқолди. Асарнинг иккинчи нусхаси инқирозга юз тутган киностудиянинг чанг босган алғов-далғов жавонларида қолиб кетди. Шу тариқа аллақандай ранги ўчган чарм папкада сарғайиб ётган сценарийни Зуко иккимиз эсимиздан бутунлай чиқардик.

Тақдир тақазосига кўра, йигирма тўрт йилдан кейин уни топиб менга беришди. Бахтга қарши, қўлёзманинг дастлабки беш бети йўқолган эди.

Зукодан бошқа ҳеч ким уни тиклаб беролмасди. Юз йилдан буён махфий манбаларда сақлаб келинган тарихий ҳақиқатларни ундан бошқа ҳеч ким билмас, номлари аллақачон унутилиб кетган адиблар, жангни ўз кўзлари билан кўрган гувоҳлар қолдирган тазкиралар, самимий изҳорномалар, хотираларнинг ўша давр “муаллифлари тиришқоқлиги билан” ўтган асрнинг охирларида чоп этилган нашрлари деярли унутилиб бўлганди. Фақат Зукогина улардан бохабар эди.

Матннинг шу ҳолда эълон қилиниши ҳам Жумҳурнинг ижодини яхши биладиган ва қадрлайдиган афкор оммага қаттиқ таъсир қилди. Дарвоқе, Зуко ўз асарларини турли номда, озгина таҳрир қилиб, бир неча марта нашр эттирадиган муаллифлар сирасига кирарди. Унинг тўла асарлар тўпламини нашрга тайёрлаётган жаноб Мирослав Прстоевич Зуко асарларининг деярли катта қисми, ҳатто ярмиси, оқибати ўйланмай бутунлай бошқа номдаги китобда, кейинчалик эса биронта йўлнома ёки чиройли суратлар билан безатилган ҳужжатли саёҳатнома шаклида эълон қилинганига ишонч ҳосил қилгач, мушкул аҳволда қолди. Зуконинг эълон қилинмаган асарларини топиш – худди Лаза Лазаревичнинг[3] номаълум ҳикоясини кашф этишдек гап эди.

Ана ўша беш бетни қайта ёзиш учун ўттиз яшар пайтимга қайтишга тўғри келарди. Ҳолбуки, бунинг иложи бўлса ҳам, мен ўша даврга – ёшлигимга қайтишни истамасдим.

Ахир, ҳаммасини бошидан бошлашимга тўғри келарди: яна кинога кўнгил қўйишни тасаввур ҳам қилолмасдим, чунки ёшликдаги орзулар рўёбга чиқмаган, нурафшон ҳой-ҳаваслар аллақачон бир чақмоқ қанд янглиғ эриб кетган. Очиғи, яна хаёлпараст бўлиб, ҳаёт кечириш учун эмасу, лекин умримни оппоқ экран узра пириллаб ўтаётган тасвирларга сарф қилишим бефойда ва тентакона экани энди менга маълум эди.

Кафканинг “Қўрғон”ида асар қаҳрамонининг дарвоза остонасида жон бераётганини кўргачгина Посбон хотиржам жўнаб кетади, чунки у қаҳрамонни ичкарига киргизмаслик учунгина ўша ерда турган бўлади, худди шунга ўхшаб, бир пайтлари менга кино билан шуғулланишни раво кўрмаганлар ҳам кинематографияни аллақачон шундай бир аҳволда тарк этишган: ё ўлиб ёки номлари бутунлай унутилиб кетган эди.

Ҳозир бу студияларнинг эшиклари мен учун ланг очиқ, бироқ энди у ерга боргим келмайди.

4

Ҳолбуки, ўша кезлар биз кино деса ўзимизни томдан ташлар эдик.

Косово кўчасида жойлашган “фильмотека”нинг ертўласида фильм суратга олишнигина эмас, балки уни қандай кўриш кераклигини ўрганган эдик. Шунинг учун ҳам Жан Вигонинг “Аталанта” ёки Дрейер билан Шёстремнинг овозсиз фильмларидаги мафтункор саҳналарнинг барчасини эсда сақлаб қолгандик; француз киносанъатининг янги оқимига йўл очиб берган Карне, Брессонларнинг илк фильмлари; Чаплин, Китон, Гриффит, Уэллслар иштирок этган асарларни қайта-қайта томоша қилиб заррача зерикмас, буларнинг бари кўз ўнгимиздан кетмас ва худди шулар каби ажойиб кинолар яратиш истагида ёниб яшар эдик. Қўлимизга тушган “Cahierde Сinema” журналининг ҳар бир сонини ёдлагудек ўқиб чиқар, журнал қўлма-қўл бўлиб кетар, очиғи, ўқиб тўймасдик. Шуларнинг таъсирида сценарий ёзишга уннаб кўрар, собиқ полиция ходимлари-ю хизматдан бўшаган ҳарбийлар қўл остидаги киностудияларга ёзган хом-хатала асарларимизни элтиб топширардик. Турган гапки, улар ўргамчикка ёзган бу сценарийларимизни қайтариб берар, аммо-лекин бизни истеъдодли ва саводли болалардек кўришарди ҳамда ғамхўрлик қилишни унутишмасди. Ўша даврда нуқул партизанларга бағишланган фильмлар билан енгил-елпи, юзаки комедиялар суратга олиш расм бўлганди. Таниқли режиссёрлару сценарийнавислар биз билан ҳисоблашарди: бизнинг кино санъати бўйича эгаллаган билимларимиз уларникига нисбатан жиддийроқ бўлгани сабаблимикан, киностудиянинг эшиги биздан бошқа ҳамма учун очиқ эди.

Кино ишлаб чиқариш билан уни намойиш этиш сиёсатини ўзларига берилган жазо, дея тушунишар, негаки эски қадрдонлари номуносиб ишни топшириб уларни кундалик сиёсий ҳаётдан гўё бадарға қилгандек туюларди. Кўплари кўзларини сирли равишда ола-кула қилиб, чекка-чеккада уларни ғийбат қилишар, агар “ўша” бўлмаганда аллақачон Марказий Қўмита аъзолигига сайланардик, дея нолиб ҳам қўйишарди.

Баъзан димоғлари чоғ бўлиб юрган битта-яримтаси бизни махфий намойиш этилаётган фильмларни кўришга олиб борарди; шунинг эвазига келажакда ҳеч қачон сотиб олинмаслиги муқаррар фильмларни кўриш насиб этарди. Шинамгина томоша залларида цензорларга спиртли ичимликлар тортишар, давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари ва уларнинг рафиқалари бўлса, зерикканларидан мудраб ёки эснаб ўтиришарди. Аксар ҳолларда улар фильм намойишини тўхтатиб қўйишар ва бошқасини қўйинглар, дея талаб қилишарди. Айниқса, уларга фильм чўзилиб кетгандек ёки тушуниш мушкулроқдек туюлдими, тамом, ади-бади қилиб ўтиришмасди. Уларнинг ҳарбий мавзуда ишланган рус фильмларини кўргилари келарди-ю, бу хоҳишларини ошкора айтишдан ҳайиқишарди, негаки, ишонган тоғлари чин ватанпарвар, дея кўкларга кўтариб мақташган доҳийларига совет фильмлари ёқмас эди. Шу сабаб ўша доҳийлар сингари жангари ва бош ролда Марио Ланц иштирок этган, экранлаштирилган оперетталарни кўришдан бошқа иложлари йўқ эди. Биз эса Рененинг ноёб ва гўзал “Ўтган йили Мариенбадеда”си ва Малянинг “Севишганлар” асари намойишини тўхтатиб қўймасликлари учунгина уларга хушомад қилар ва иложи борича бу мулозаматлар билан уларни чалғитишга уринардик. Шундай қилмасак ҳам бўлмасди, чунки улар жоҳил, гумроҳ кимсалар бўлиб, ақллари етмаган, ўзлари кунчилик билан ғаламис соҳа, дея ҳисоблаган кино оламида кулги бўлишдан қўрқишарди. Уларнинг қўлларида ҳокимият бор эди, холос, минг-минглаб одамларнинг истак-талабларига қарамай, инсон заковати яратган ҳар қандай нафис санъат асарини бир зумда йўқ қилишгагина қурблари етар, таассуфки, санъат асарининг фақат кўнгилочар бир эрмак бўлишини хоҳлашар ва ижодкорлардан ҳам айнан шуни талаб қилишар эди. Улар бир нарсадан, ўзлари тушунишга қодир бўлмаган нарсадан қўрқишарди, ҳолбуки, одам айтишга уяладиган даражада кам нарсани билишарди.

Мамлакат бамисли зиндонга айланганди, одамлар, ҳеч ким, ҳеч нарсани ўзича ихтиёр қилолмас, юртнинг пўкак билан маҳкам ёпилган шаффоф идишдан фарқи йўқ эди. Ғарбий Европага фақатгина раҳбарларнинг хушомадгўй эркатойлари билан собиқ жосуслар чиқиш шарафига нойил эдилар. Биз орзу қилган ҳаёт (бутунлай нотўғри тасаввур қилар эканмиз) қоп-қоронғи зал деворидаги нурафшон экранда ола-тасир давом этаётган тасвирлардан иборат эди, холос. Унга ишониб, ўзимизни гўё социалистик копперфильдлар, дея хомтама бўлиб юрар эканмиз, тавба.

Бу баайни автобусда саёҳатга чиққан билан баробар эди, тасаввур қилинг, ичкарида Вивальдининг “Йил фасллари” куйи янграяпти, автобус ойнасидан кўзга ташланаётган гўзал манзара ҳам шу куйга муносиб. Сиз эса нуқул кенг елкаси кўз ўнгингизда муттасил чайқалиб бораётган йўл саркори – шофёр, ана ҳозир жун босган қўлини узатади-ю, радио мурватини бурайди ва куй ўрнида аллақандай бир пулга қиммат, бемаза бақириқни қўйиб юборади, деб таҳликада ўтирасиз. Табиийки, сиз бекорга хавотир қилмаётган бўласиз, кўнглингиз ниманидир сезаётган бўлади, бироқ машинани ҳайдаб бораётган одам бу ҳамоҳанглик, уйғунликка халал берадиган иш қилгани йўқ-ку, дея уни оқлаган бўласиз, аслида уни оқлаш орқали эҳтиёткорлигингизни яширасиз. Оқибат нима бўлади, айнан ўша кўнглингиздан кечгани рўй беради! Шунда ҳаммасига қўл силтаб, ўзингизгина жавобгар, ҳеч ким аралашмайдиган иш билан шуғуллана бошлайсиз.

Орадан шунча йил ўтгандан кейин нега бу воқеаларни эслаяпман-а?

Зуко вақти-вақти билан биз яратган сценарийни эслаб, тақдирини сўраб қоларди. У ўша сценарий қайсидир истеъдоднинг қўлига тушиб қолади-ю, фильм барибир суратга олинади ва охир-оқибат бойиб кетамиз, деб умид қиларди. Охири, унинг ўлимидан аввал мен ўша сценарий матнини излаб топишга сўз бердим, икковимиз ҳам кино оламида биз ўйлаб топган сюжетга яқин келадигани бўлмаса керак, бунақаси ҳаётда бир марта ёзилади, дея ишонардик. Зуконинг ҳаёти биз ёзган сценарийдан ҳам қизиқарлироқ экани эса хаёлимга ҳам келмабди. Балки Зуконинг руҳини шод қилиш учун ушбу сатрларни ёзаётгандирман, ким билсин.

Бунинг устига, мени ўткинчи ҳаётда ўта муҳим бўлган мана шу санъатга ўргатган шайтон-афанди билан яқин бўлиш учун бундан қулайроқ йўл тополмасам керак.

5

Бизнинг ҳикоямиз 1876 йил 28 июль куни пешинда Қашқирлар водийсида турк армияси тор-мор келтирилгани билан бошланарди; бу порохлар тутуни бурқсиётган ва тандирдек қизиган Герцоговинанинг дашту далаларида юз берганди. Зуко кечалари илҳом ва завқ-шавқ билан менга айтиб туриб ёздирган асарнинг тарихий манбаларини топишим учун йигирма тўрт йил кетди, десам маҳобат қилмаган бўламан.

Бу манба истеъфодаги олий тоифали сиёсатчи, узоқ йиллар Австрия билан Туркия ўртасидаги дипломатик алоқаларни тиклашда иштирок этган, ўртада элчилик қилган, Қашқирлар водийсида бўлиб ўтган жангнинг шоҳиди, биз ёзган романтик асар қаҳрамони – Усмон пошо Сархушни яқиндан таниган инсон – Мартин Журжевичнинг “Болқон воқеалари. 1858–1878” китоби эди. Китоб муаллифнинг “ғайрат-шижоати ила” Сараевода чоп этилган бўлиб, беназир ҳикоянавис Зуко ана ўша асар услубидан илҳомлангани ва кўп нарсаларни ўзлаштиргани сезилиб турарди.

“Магарким ушбу иншони камина кўп маротаба алоҳида баён қилиб берганимда тингловчилар қандай кутиб олишган бўлишса, уни муҳтарам китобхонлар шундай хайрихоҳлик билан ўқисалар, бошимиз кўкка етган бўлур эди – мен учун бундан юксакроқ мукофот йўқ”, – деб ёзади Журжевич асар муқаддимасида.

Режиссёр Бора Драчковичнинг гувоҳлик беришича, бу тазкирани Зуко бир йил аввал (1966) қўлга киритган ва ҳар ёз эрта тонг маҳали ўзи боришни хуш кўрадиган Херцег-Новидаги Лиссабон қаҳвахонасининг соя-салқин кунжагида мутолаа қилиб ўтирар экан. Кейин, саёҳат мавсуми бошланишидан олдин, мўр-малахдек бостириб келадиган сайёҳлардан қочиб Герцоговинага жўнаб кетаркан. Қолаверса, у денгизни қўмсар ва доим шундай лаҳзаларда ҳазиллашиб, мени денгиз чорлаяпти, дер экан. Бир актёр Зуконинг Неретве бўйида ечиниб, кўкрагига довур сувга тушиб турганини шундай хотирлайди: “У кўксини тўлдириб шундай нафас олар эдики, азбаройи дарёнинг сувини тамом ичиб тугатмоқчига ўхшарди! Назаримда, ана ҳозир Неретведан асар қолмайдигандек!”

Ўша тарихий воқеанинг дастлабки намуналари Зуко Жумҳурнинг “Цетина асири” мақоласида илк бор тилга олинган эди.

“Мана, Усмон пошо айтиб берган воқеалардан бири. Ҳаётининг сўнгги йилларида пошо Черногорияни, Қашқирлар водийсида кечган кўнгилли кунларини бот-бот эслайди. Худди Тоҳир афанди билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатлар сингари ўз ҳикоясини ҳам Мухтор пошо ва унинг авлод-аждодларидан ёзғиришдан бошларди. Ўша Мухтор пошо ҳаётда уни кўп таҳқирлаган, ҳар хил туҳмат, ёлғон-яшиқ бўҳтонлар билан бошига ит кунини солган экан. Эмишки, шоҳнинг садоқатли қули ва турк салтанатидаги энг пешқадам тўпотар ливи[4] – Усмон пошо Қашқирлар водийсида ўтган жанг куни ғирт маст бўлган ва шу даражада ҳушини йўқотган эдики, черногорияликлар қолиб, ўзини, яъни турк лашкарларини замбараклардан ўққа тутишига оз қолган экан…”

Ўша асарнинг беш бети йўқолган бўлишига қарамай, ўқувчиларни аслида нима бўлганидан бохабар қилиш учун “Монтенегронинг яшил мовути” асаридаги жанг тафсилотлари руҳини тушунтириб ўтишим шарт, усиз асосий қаҳрамонларнинг тақдири жумбоқ бўлиб қолади.

Аввало, Черногориянинг султони, князь Никола Петрович Негош халқ ва лашкар орасида уруш эълон қилингани ҳақидаги мурожаатномани ўқиб эшиттирди.

“Бешумор порлоқ ва тантанали воқеаларни бошидан кечирган Цетина бугунгичалик мушарраф кунларни кўрмаган эди… – дея далолат қилади князь ўзининг хотираларида. – Сон-саноқсиз оддий одамлардан ташқари Цетина майдони ўша куниёқ Герцоговинадан етиб келган лашкарлар билан тўлиб-тошди”.

“Черногорияликлар! – дея бошланарди мурожаатнома. – Мана, деярли беш асрдан буён турк салтанати халқимизнинг қонини сўриб, муқаддас тупроғимизни поймол этиб, улуғ серб давлатини талаб келмоқда. Халқимиз кўп марта қуллик кишанларидан озод бўлиш учун бош кўтарди, аммо ўзаро низолар ҳамда тафриқалардан тинкаси қуригани туфайли яна ваҳшиёна жабру зулм остида қолди. Черногорияликлар, мана, бир йилдан ошдиямки, халқимиз “ё озодлик, ё ўлим!” дея ҳайқириб, бош кўтарди. Бизга қўшилган Герцоговина орқали исён алангалари қардош Босния, қондош славян, шарафли диндошларимиз – болгар халқининг юрагида ўт ёқди. Шунқорларим, мана, ниҳоят, черногорияликлар нималарга қодир эканлигини намойиш этадиган фурсат етди, оталаримиз, оға-иниларимизнинг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқадиган кун келди… Черногорияликлар, шундай шарафли онларда турк истилосига қарши жангга кирмоқлик сизларга муборак бўлсин! Мамлакатимизни Мурод босиб олган экан, уни Муроддан озод қилмоғимиз лозим!”[5]

Ҳал қилувчи жанг 1876 йил 28 июль куни Қашқирлар водийсида бўлиб ўтди.

“Бир-бирига қарши турган томонларнинг кучи қарийб тенг эди, – деб ёзади Журжевич, – ҳар икки томон лашкари йигирма минг жангчидан зиёд. Турк қўшинлари бошида мушир[6] Мухтор пошо, ферик[7] Бошняк ҳамда артиллерия қўмондони Усмон пошо турар эди…

Мухтор пошо олти стан[8] қўшинни Билечеда қолдирди, ўн саккиз стан армия билан ўн иккита замбаракни олиб, тун бўйи ҳар хил ҳийлалар қилишга тушди. Қўшинни у уч сафга ажратди: ҳар бирида тўртта стан ва иккита замбарак бўлиб, унга Усмон поша бошчилик қиларди. Мухтор поша тўққизта стан ва еттита замбарак билан унинг изидан, умумий қўшиннинг олдинги қисмида эса бошибузуқлар[9] ҳамда мажбур қилинган ёки ширин ваъдаларга учган герцоговиналикларнинг лашкари борарди…

Мен тепаликда, ноиб Дюбуа ёнида дурбин орқали жангни кузатиб турардим. Биринчи ўқ овози эшитилди, кейин иккинчи, учинчи ва ниҳоят, бошланди – мингларча милтиқлардан ўқлар узилди ва яраланган одамларнинг: “Ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар! Биродар, сув бер!” – деган оҳу зорлари замину осмонни тутиб кетди… Пешонасига ўқ тегиб тил тортмай ўлган бир одам чалқанча ётганига кўзим тушди-ю, юрагим ғижимлангандек бўлди, уни кўтариб аллақаерга олиб кетишди. Қўрғошиннинг чатнаб тошларга урилгани, ўқларнинг ҳавода ҳуштак чалиб учгани ҳаммаёқни тутди. Князь аъёнлари қуршовида тошлоқ тепаликда (Коко тоғининг ғарбий ёнбағрида, ҳозирга қадар черногорларнинг туркларга қарши ҳужумга ўтмасдан аввал яшириниб турган ҳандақлари сақланиб қолган) турарди. Князь мовий ёпинчиққа ўраниб олганди. Ногоҳ милтиқ ўқи князлик ёпинчиғининг этагига келиб тегди ва взвод бошлиғи Петар Вукотич: “Дайди ўқ тегиши мумкин, жаноб олийлари, тош орқасига ўтамиз, юринг, – деди-да, унинг қўлидан ушлаб, яна қўшимча қилди: – Бекордан-бекорга ўлиб кетишдан худо асрасин!” Худди ўша лаҳзаларда турклар хачирлар устига ортилган замбаракларни ерга туширишди ва ҳовлиққанча тўрт-беш маротаба ўқ узишди-ю, шу билан замбараклар гулдираги аста тиниб борди. Тўпчилар, тўғрисини айтганда, снаряд излаб ҳаммаёқни тити-пити қилишди, бироқ ўқ-дориларнинг асосий қисмини боя айтганимдек, ўйламай-нетмай Черногория чегараларига жўнатишган эди. Айни пайтда Черногория жангчилари орасида туркларнинг ўқ-дорилари тугаганлиги ҳақида овоза тарқалди-ю, қўмондонларнинг баралла: “Ҳужумга!” – деган овози янгради. Пиперликларнинг батальони бошқалардан олдинроқ шамширларини яланғочлаб ҳандақлардан отилиб чиқишди-да, ҳайқирганча турклар устига ташланишди. Уларнинг ортидан ўзга черногорияликлар ҳужумга ўтгач, қонли, аёвсиз қирғин бошланди. Черногориялик қилични шундай эпчиллик билан ўйнатар эдики, азбаройи узун найзали милтиқ билан қуролланган турк аскари яқинлашишга юраги дов бермасди. Туркларнинг ўтакаси ёрилиб, орқага, Билече томон ура қочишди, черногорияликлар эса қилич ўйнатиб, икки соатлик йўл наридаги шаҳарга довур уларни қувиб боришди. Бу шунқорлар иложи борича боёнларни қиличдан ўтказишга ҳаракат қилишарди, улар оддий турк жангчиларига қайрилиб қарашмасди, пала-партиш чекинаётган турк жангчилари эса бостириб келаётган душманга қаршилик қилолмасди. Черногорияликларга омад кулиб боқди, улар шу кетишда ҳужумни тўхтатмай, туркларнинг штаб-квартирасига бостириб киришди ва ўша ердаги тўртта тўп билан бир қанча турк зобитларини қўлга олишди…”

6

Ўша жангдан 115 йил ўтгач, замҳарир қишнинг аямажуз кунларидан бирида, ойнинг хира кумуш ёғдулари остида турар эканман, қийқирган овозлар, ўқ теккан ва қилич билан чопилганларнинг хириллашлари, қайноқ тупроқ узра судралиб қочаётган илонларнинг вишиллашлари, тошларга урилаётган қиличларнинг жаранглаши қулоғимга чалинар, тамакининг аччиқ бўйи, куйган мовут чалворларнинг димоқни ачиштирувчи иси ва тер билан порохнинг қўланса ҳиди димоғимга уриларди.

Отамнинг киндик қони тўкилган Мириловичи қишлоғи ана шу Қашқирлар водийсига яқин. Менинг аждодларим, тўрт нафар капор, ушбу жангда баръяктарлар[10] сифатида қатнашган эди, уларнинг номи “Қашқирлар водийсида бўлиб ўтган жанг ёдномаси” деган китобда қайд этилган. Улардан бири менинг отам Видушей тоғи этагида жойлашган Мириловичи мозорига дафн этилган. Мана, бир юз ўн беш йил бўлибдики, унинг қабрига ўрнатилган кулранг қумтошдан ясалган хочни замбуруғ қоплаб ётади. Бошқалари бедарак кетишган. Эҳтимол, уларнинг жасадини қузғунлар билан қутурган итлар хомталаш қилишгандир ёки бўлмаса душман аскарлари таниб бўлмайдиган даражада майда-майда қилиб чопиб ташлашгандир. Ҳар сафар баръяктар Марко Капор ётган қабр узра ўрнатилган тош бутнинг ғалвирак сатҳини силаб-сийпалаб қўяётганимда мана шу сценарийни ёзишга маънавий ҳаққим борлигига юрагимда бир ишонч туярдим. Ажиб бир ҳис-туйғу вужудимни қамраб олар – мен Нью-Йоркда, 5-авеньюдаги 7-кўчанинг муюлишида жойлашган “Тиффани” заргарлик дўкони витринасига бармоқларимни теккизганимда ҳам бунақасини сезмагандим, ҳолбуки, мен ҳикоя қилиб берган айрим ҳодисалар ўша ерда содир бўлганди.

Билишимча, Зуко Жумҳурнинг аждодлари, Герцоговина мусулмонлари, баджаҳл сарбозлар ҳам бу жангда фақат ғаним тарафида қатнашган бўлсалар ажаб эмас. Акс ҳолда, бу таъсирчан ҳодисалар қадрдон дўстимнинг юрагидан жой олармиди? Тўғрисини айтсам, қадим замонлардан келаётган орзулар келгуси авлодларга насиб этгани каби ҳар қандай сюжет ўзига муносиб эгасини топади. Нега бўлмаса Зуко қанчадан-қанча мавзулар қалашиб ётганига қарамай, айнан шу мавзуга қўл урган?

“Монтенегронинг яшил мовути” устида иш олиб бораётган пайтимизда мен беихтиёр насронийлар, Зуко эса мусулмонлар тимсолига айланган эдик. Қанча кўп ичсак, шунчалик бир-биримизни аяб, эҳтиётлаб фикр-мулоҳазамизни билдирардик; мен турк қаҳрамонларини тасвирлаётганда иложи борича уларни нозикфаҳм, салобатли қилиб кўрсатишга ҳаракат қилардим, Зуко эса бунга жавобан насронийларни жўмард кишилар сифатида тасвирлаш пайида бўларди.

7

Қашқирлар водийсида бўлиб ўтган жанг туркларнинг мағлубияти билан тугади.

Улар беҳисоб ўликлар ва ярадорлар, замбараклар ва қолган-қутган ўқ-дориларни ташлаб қочдилар. Усмонийлар армияси саккиз мингдан зиёд аскар йўқотди. Мухтор пошонинг бутун штаби – бир юз олтмиш нафар зобит ва турли даражадаги қўмондонлар ер билан яксон қилинди. Черногорияликлардан эса қирқ саккизта офицер ўлди, етмиш икки нафар жангчи ярадор бўлди. Улар туркларни то жанг тугаганидан дарак берувчи бурғу чалингунга қадар Билечегача қувиб боришди. Ана шундан кейин ғалаба қозонишганининг белгиси сифатида қўлга олинган замбараклардан йигирма бир марта ўқ узишди. Ўша оқшом князь Никола зафар қучган черногорлар қўмондони шарафига тантанали зиёфат берди.

Зукони машҳур ва хушсурат Усмон пошо Сархушнинг нимаси қизиқтириб қолди экан? Журжевич ёдномасини ўрганиб чиққач, бизнинг киносценарийда тилга олинмаган бугунги аксилқаҳрамонлардан кўчириб олингандек туюлаётган толесиз генералнинг феъл-атворини тушунтириб беришга қодир муҳим бир маълумотга дуч келдим: уни асирга олиб, Журжевич чодирига (вақтинчалик унинг штабига айлантирилган) келтиришганда пошо туркларнинг мағлубияти, ўзининг тақдири ва бу дунёга мутлақо бефарқ эканлигини намойиш қилди. Ҳолбуки, бу шарқона таслим бўлиш ифодасини билдирмасди, балки аслида Пушкин, Байрон, Лермонтов ёки бизнинг замонамизда яшаб ижод этган Альбер Камю қаҳрамонларига ўхшаб назокат билан эътиборни жалб қилиш эди.

“Усмон пошо билан аллақандай юзбоши менинг чодиримда овқатланишди ва ухлагани ётишди, чунки улар жуда толиқишган эди. Жаноб олийлари шоду хуррамликни нишонлаш мақсадида турклардан тортиб олинган замбараклардан йигирма бир марта ўт очишни буюрдилар. Князь менинг чодиримга кирганида пошонинг ухлаётганини кўриб: “Бу меҳмонимизни безовта қилиши мумкин, лекин ҳечқиси йўқ, биз эришган ғалабамизни ҳар қанча нишонласак арзийди! Отинглар, черногорияликлар!” – деди завқ билан. Замбараклар тилга кирди, Усмон пошо уйғониб кетиб, бошини кўтарди-да: “Нима бўляпти?” – дея сўради. Мен унга: “Тантана!” деб жавоб бердим. “Уларга мумкин”, – деб қўйди пошо ва ўзини ўринга ташлади-да, уйқуга кетди.

Анри Мишонинг қаламига мансуб “Беозор кимса” романининг қаҳрамони Плимгина ўлим жазосига ҳукм қилишганида ўзини шундай тутмасмиди?

“Ҳукм эртага ижро этилади. Судланувчи, айтадиган гапингиз борми?” “Кечирасиз, – деб жавоб қилди у, – мен музокарада қатнашганим йўқ”. Шундай, дея у яна пинакка кетди.

Усмон пошо уйқусининг баёни уни Қашқирлар водийсидаги тўқнашув чоғида артиллерияни маст ҳолда бошқарган, деган айбномани бевосита тасдиқлар эди. Фақат мастгина, душман ўз ғалабасини тантанали нишонлаётганини назокат-ла маъқуллаган одамгина, йигирма битта замбаракнинг гулдуроси остида мана шундай ширин ва қотиб ухлаши мумкин!

Тўйиб ухлашимга имкон беринг! Балки жангнинг ўзи ҳам тушдан иборатдир?

“Қош қорайгач, князь чодири олдида машъалалар порлади, созандалар гуруҳи ижро этаётган куйлар самога ўрлади, князнинг малайлари бебаҳо шампан виносини қуйишга тутиндилар. Desouverain…”

1876 йил 28 июлида сиртида қонлар қотиб қолган тошларга шампан винолари тўкилди.

8

Ёзувчи, ношир ва матбаачи Арсений Паевичнинг юз йил муқаддам Нови Садда нашр этилган, саҳифалари сарғайиб кетган “Черногория ва Герцоговинадан. 1876 йилги миллий озодлик учун бўлиб ўтган жанг хусусида хотиралар” сарлавҳали китобидан Қашқирлар водийсининг тўқнашувдан кейинги манзарасини топдим: “Ҳамма ерда рўмолча билан оғзи-бурнини боғлаб олган оддий аскарлар – олға боришга қийналмасликлари учун шундай қилишган бўлса керак. Биз ҳам улардан аввалроқ шундай қилишга мажбур эдик, лекин турк жангчиларининг мурдасини кўриб, отларимиз тўхтаб қолар, пишқириб, бадбўй ҳидга тоқат қилолмагандек ортига тисариларди. Ҳаётимда бунақа даҳшатли манзарани кўриш насиб этмаганди. Ҳамма ерда ўликлар ётарди, милтиқ ўқи ва ўткир тиғ зарбидан жон таслим қилганларнинг сон-саноғи йўқ. Қузғунлар қўрқинчли бир алфозда оҳиста қанот қоқарди. Бу қўланса ҳид, дарё бўлиб оққан қонлар, ҳалигина тирик юрган одамларнинг мурдалари юракка ваҳима соларди. Аскарларимиздан баъзилари ўша ўлаксахўр оч қушларни ҳуркитиш учун уларга ўқ узар, бироқ қушлар парво ҳам қилмасди. Улар худди зиёфатга келиб қолган оч-наҳор одамлардек ютоқишарди. Бу манзарани кўриб, иложи борича нарироқ юришга ҳаракат қилар эдик, отларимиз бизга бўйсунмасди. Бу жанггоҳдан деярли икки соатлик йўл юриб нари кетган бўлсак-да, ҳамон бадбўй ҳид бизни таъқиб этар, димоғимизга кирган ҳаводан кўнглимиз беҳузур бўларди. Шу дақиқаларда, ишончим комилки, биронта аскар битта жаз ёки бир пиёла сув ичолмасди. Бу ҳиддан эртасига ҳам халос бўлолмадик. Бола-чақаси билан Загребдан Триест орқали Капорга қулай ва шинам итальян кемасида йўл-йўлакай Задар, Шибеник, Корчула, Дубровник ҳамда Херцег-Новиларни босиб келган, ҳар нарсага қизиқувчан Мартин Журжевич бир кун ичида чинакам жаҳаннамга келиб қолгандек бўлди…

“Герцоговиналик қўзғолончи ғанимни ўлдиргач, бошлиғига далил учун унинг бошини кесиб, халтасига солиб оларди. Икки-уч кун халтада нон ва пиёз билан кўтариб юрар, қорни очганда сумкасининг ичидагини дастурхонга ағдараркан, кўнгли айниб кетарди. Қашқирлар водийсидаги жангда кўрсатган қаҳрамонлигини далиллаш учун душман аскарининг попилтириқли папоғи, милтиғи ва қиличини келтириш одати кенг ёйилди. Жанг тафсилотларини баён қилганлар асирга тушган душманлар ҳақида ёзар экан, уларнинг юз-кўзида акс этган қўрқувни, албатта, тилга олиб ўтишарди. Шу билан бирга Қашқирлар водийсида бўлиб ўтган тўқнашув ўша чоғдаги жанг қилиш тарзига таъсир этмай иложи йўқ эди. Масалан, князь ҳалок бўлган душман аскарининг бурни, қулоғини илгаригидек кесиб олишни кескин равишда рад этди ва буни жангчиларга тақиқлаб қўйди. Жасоратни далиллаш учун папоқ, милтиқ ёки қилични келтириш кифоя эди. Бечора Мартин Журжевич кўрганларини шундай ёзиб қолдирган эди: “Хорижий жаридаларнинг мухбирлари бу тўқнашув оқибатларини кўриб, бутун дунёга айюҳаннос солмоқчи бўлдилар. Бироқ эҳтиросга бунчалик берилишни мен ёқламаган бўлардим!”

9

Бу қирғинбарот уруш қаҳрамони Усмон пошо Сархушнинг бетакрор сиймосини мен кейинроқ, жангни ўз кўзи билан кўрган ва иштирок этган кишиларнинг ёдномалари билан иншоларини муфассал ўрганиб чиққачгина англаб етдим – Зуко гўё шу мудҳиш хунрезликларни атай мендан яширгандек туюлди. Нега бундай қилганийкан? Нега ҳамма нарсани ошкор қилишни яхши кўрадиган одам шуни айтишни истамаган? Эҳтимол, у туркларнинг батамом тор-мор қилинганига чидай олмагандир, эҳтимол, ҳар не бўлганда ҳам уларнинг шавкатли байроғи баланд кўтарилишини истагандир ва шуни кутгандир? Бундай мулоҳазага унинг Белград қаҳвахоналарида ўтирган пайтларимиздаги беҳуда мунозаралари, жанжал-тўполон кўтарганлари изн берарди. Серблар билан турклар ҳақида гап очилдими (афсуски, бундай суҳбатлар турли сабаблар билан ўтказилган йиғинларда ҳануз тез-тез бўлиб туради), тамом, Зуко ё ўрнидан туриб индамай чиқиб кетади ёки усмонли турклар салтанатини ҳимоя қилишга ўтади ҳамда унинг ўтмиш маданияти юксаклиги ва оламшумул жасоратларини кўкларга кўтариб мақташга тушади, шу асно баҳс-мунозара гулханини гуриллатади. Ёзувчилар клубида бўлиб ўтган мана шундай мунозаралардан бири муштлашиш билан тугаган ва ҳаммаёқда овоза бўлиб афсонага айланиб кетган эди. Туркларни қоралаган ҳамкасбидан аччиқланган Зуко жазавага тушиб, бу ўлкаларга турклар ўзлари билан юксак маданият олиб келган ва бутун Болқон ярим оролидаги ваҳший халқларни дарахтлардан қоқиб туширган, дея чинқиргани етмагандай, сизларнинг томирларингизда турк қони оқаяпти, деб иддао қилган ва энг оғири – бунинг учун бизнинг момоларимизни айбдор қилганди. Айтишларича, ўшанда бир машҳур серб шоири билан ёқа бўғишиб кетишган, орада ўша шоир мушт туширганми ёки итариб юборганми, Зуко стол ёнига йиқилган. Гарчи бу тўполон тинчлик билан тугаган – ғанимлар бир дастурхонда ўтиришни давом эттирган бўлса-да, бутун шаҳар бир неча кунгача шу гапни чайнаб юрган.

Белградликларнинг туркларга тегишли нимаики бўлса, ўшани ёзғириб сўзлаши кўнгли бўш одамларнинг бетакаллуфлигидан бошқа нарса эмас. Замон ўтгач, турклар бизга гўё уруғ-аймоқдек яқин бўлиб қолишди. Лекин шунга қарамай, ҳатто ўзимиз истамаган-сезмаган ҳолатда, ўзга маслак кишиларини бекордан-бекорга ҳақорат қилганимизни билмай қоламиз.

Серб тилида, масалан, “гўё туркларнинг мозори ёнидан ўтгандек” деган ибора бор, лекин пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга, улар қандайдир арзимаган нарсанинг ёнидан ўтаётиб: “Гўё православь қабристони ёнидан ўтгандек бўлди” дея истеҳзо қилсалар, ўзларига қанчалик оғир ботишини хаёлларига ҳам келтирмайди.

10

Аслида мана бундай бўлганди!

“Бошидаёқ ҳарбий бошлиқлар йиғилган турк замбараклари жойлашган ерга қилинган ҳужум жанг тақдирини ҳал қилди. Турк зобитлари оддий аскарлардан ажратиб турувчи нишонлар тақмаганлиги учун қайси бирининг қандай унвонда эканини аниқлаб бўлмасди. Тўпчилар батареясига Усмон пошо қўмондонлик қиларди. Қуршовда қолишганда у теварагидаги жангчилардан биронтаси қолмагунча мардона жанг қилди. Унинг кимлиги номаълум бўлса-да, черногорияликлар унга: “Таслим бўлинг, жаноб!” – дея қичқиришганди.

(Журжевичнинг бу изоҳи Усмон пошонинг туғма олийжаноблигидан далолат берарди. Ҳеч қанақа нишонсиз ҳам у ўз рутбасига муносиб равишда кўкка ўрлаган тутунлар ичра ўзини шундай тутардики, оддий ва жанговар тоғликлар унинг кимлигини сезишган эди).

Усмон пошо уларга жавобан:

– Мен таслим бўлмайман! Ундан кўра ўлдиринг мени! – дея қўлидан қуролини ташламай жавоб берди. – Отинглар!

Кейинчалик асир тушгандан кўра ўлимни афзал кўрганинининг сабабини менга тушунтириб берганди. Лекин черногорлар отишни хоҳлашмади, милтиқларини елкаларига осиб олишди, улардан бири эса унинг ёнига яқин борди-да, қўлидан ушлаб:

– Сени мен асир олдим! – деб қичқирди.

– Бўлақол! Бўл! Бошлиғингни ёнига олиб бор тезроқ, эвазига катта мукофот оласан! – деди бунга жавобан Усмон пошо.

Черногориялик пошони бошлиғининг олдига олиб кетди, йўлда уни саволга тутди:

– Сен юзбоши эмасмисан, мабодо?

– Сал юқорироқ чиқ! – деб жавоб берди пошо.

– Ёки мингбошимисан?

– Янаям юқорироқ!

– Демак миралай экансан-да![11]

– Ундан ҳам баланд!

– Ишқилиб, пошо эмасмисан?[12]

– Тўғри топдинг – худди шундай, пошоман! – деб жавоб қилди Усмон.

Шунда пошони олиб кетаётган черногориялик қувонч билан қийқириб, кўкка ўқ уза бошлади ва кейин бўкирганча қўшиқ айтишга тушди: “Толеимдан ўргилай, жаноб олийлари, сизга пошони олиб кетяпман, тортиқ қилгани”.

Шундан сўнг у ўзининг фақирона, униққан қизил белбоғини ечиб, асир олгани билинсин учун пошонинг бўйнига боғлаб қўйди-да, князь Никола боргоҳига етаклаб кетди.

(Бирмунча вақтдан кейин князь Николанинг шахсий табиби Усмон пошога тиббий ёрдам кўрсатишни таклиф этади, лекин у бу меҳрибонликни рад этади).

“Усмон пошо гарчи белини ўқ ялаб ўтган бўлса ҳам, кейинчалик менга айтганди”, деб Журжевич ёзиб қўяди…

Эсимда, ўша кечаси, яъни Усмон пошонинг асир олингани ҳақидаги лавҳани ёзиб бўлганимизда Зуко ўзидан кетгунча ичганди.

“Оллоҳу акбар!” – дея оҳиста инграганди у, кейин эса бошини билагига қўйиб, уйқуга кетганди.

11

Лука Филиповнинг яғири чиққан белбоғи билан боғланган пошо каловланиб, умрида биринчи бор мағлубият аламини чекканча, тошларга қоқилиб-суқилиб борарди. Лука калтабақай, шоп мўйловли, бароқ қошли, эгнидаги эскирган, тор кийимига қараганда камбағал эканлиги сезилиб турарди. Кейинчалик унинг шарофати билан бутун оила аъзолари ҳурматга сазовор Филипович, деган фамилияга ноил бўлади, ундан ташқари яна уларни Пошони тутганлар, деб тилга олишади. У бир нималар дея қичқирганча ҳавога гумбирлатиб ўқ узар экан, туйқус бошига тушган шон-шуҳратни тантана қилар, иккинчи томондан эса бу билан ҳар хил сарбозлар у қўлга туширган асирни тортиб олмоқчи ёки ўлдирмоқчи бўлишса, ўзини ҳимоя қила олишини намойиш этарди. Келажак авлодларининг шаъни-шавкати Филиповичга боғлиқ бўлиб қолганди. Бинобарин, ҳозир оддийгина қизил белбоғнинг бир учи эмас, балки истиқболдаги авлоди шажарасининг тақдири унинг қўлида эди.

Пошо жимжит жанг майдонини кўздан кечиради…

“Ҳамма ерда мурдалар ётарди, черногорлар қурол-яроғ билан ғанимнинг эгнида асқотиши мумкин нимаики бўлса, йиғиштириб олиб кетишяпти. Икки нафар черногор турк бойлари киядиган қимматбаҳо кийим-кечак билан тўла халтани талашади, бири у учидан, бири иккинчи учидан тортишади, охири ҳар бири ўзига теккан улушни олгач, нари кетади. Яна биттаси, у ҳам черногор, қаердадир тушириб қолдирган ҳамёни топилиб қолар, деган умидда ахтариб юради, ўзи бўладими, минг лира тилла ақча (20 000 крон) бор экан. Маълум бўлишича, пул шу жангда ҳалок бўлган бош штаб полковниги босниялик Шукурбекники экан. Аскарлар бошлиғидан бири Стево Радонич ёнимга келиб: “Йўқ, ўзинг ўйлаб кўр, мен черногорияликлар кўз-қулоқ бўлиб туришар, деб қирқта турк асирини шу ерда қолдиргандим, ҳазрат олийларининг қароргоҳига олиб бормоқчи эдим, келсам, биронтасини қолдиришмабди!” – деганди”.

12

Усмон пошонинг асир олинганига, мана, яна битта далил…

Князь аъёнларидан бири Арсений Паевич ўзининг хотираларида қуйидагиларни ёзади:

“…Шу асно чопар ўқдек учиб кирди-да, қувонч билан хабар берди: “Жаноб олийлари! Ҳузурингга Усмон пошони тириклайин олиб келишяпти!” Чинданам, орадан кўп ўтмай бир неча черногор билан уни асирга олган пиперлик Лука Филип қуршовида пошо пайдо бўлди. Лука Усмон пошони бебаҳо қулдек ўзининг қизил белбоғи билан боғлаб олганча, оғзи қулоғида, князнинг ҳузурига етаклаб келди. Усмон пошо князь қаршисида тинкаси қуриганиданми ёки қўрққаниданми титраб-қақшаб турганида князь унга қўл узатди ва ёнидан жой кўрсатди. Усмон пошо француз тилида миннатдорчилик билдирди, князь эса шу тилда у билан суҳбатни давом эттирди. Князь пошонинг иззатини ўрнига қўйиб, аввал шампан виноси узатди, кейин эса тамаки билан сийлади, Усмон хиёл ўзига келиб, то князь сўзини бўлмагунча Билечедаги турк қўшинлари ва Мухтор ҳақида гапириб берди, унинг ҳикоясини диққат билан тинглаб бўлгач, князь аъёнларга юзланиб: “Бўлди, энди кетамиз,” дея амр қилди, ҳамма унинг ортидан қўзғалди… Усмон пошони пиёда олиб келишгани учун князь унга от берди, Лука тортиб олган қиличи билан соатини қайтариб берди”.

Цетинадаги князь саройи эски монастирь билан Бильярд (Черногориядаги биринчи бильярд шу бинода қурилгани шарафига шу номда аталарди) яқинида жойлашган эди. Дарвоза олдида кеча-ю кундуз сарой соқчилари турар, бино гумбазининг чўққисида князь байроғи ҳилпирарди. Минора билан Бильярд оралиғида князь Никола ёз фаслида соясида уч оёқли курсида ўтириб адолатли ҳукм чиқарадиган, шохлари тарвақайлаб ўсган маҳобатли бужун дарахти қад ростлаганди. Бир замонлар мана шу бужун остида жиноятчилар, хоин, ўғрилар устидан ҳукм чиқарилар ва ижро этиларди. Мана шундан халқ орасида “Бужун остида қолиб юрма яна!” деган огоҳлантирувчи ибора тарқалганди. Шу дарахт остида князь асилзодалар ва перьяниклар[13] иштирокида пиперлик Лука Филиповни жасорати учун тақдирлади ва унга Зета дарёсининг водийсидан ҳайҳотдек ер берди.

Лекин, айтишларича, Лука Филипов қайта-қайта бужун остига қатнаб, княздан яна нималардир сўрар, агар қўлини қуруқ қайтарса: “Сенинг ҳузурингга нақ пошони олиб келганимда фойдам текканди-ю”, деб таъна қилар экан.

Князь унга уй қуриб олиши учун пул берибди, лекин Лука ер ҳайдаши учун ҳўкиз ҳам сўраган экан, князнинг жаҳли чиқибди. Айтишларича, у аччиқланиб, гапини шартта кесиб: “ Балки ерингни ҳайдаб беришим ҳам керакдир?” – деганмиш.

Шундай миш-мишлар юрадики, Лука Филипов бужун остига қатнаб княздан дунёнинг нарсасини сўраб олгандан сўнг ҳам яна тиланиб келганини кўрган перьяниклар князга хабар етказишганда, князь, яна нима керак экан, деб сўрабди. Хизматкорлар у ҳеч нарса сўрамаяпти, туш кўрганмиш, шунинг таъбири бўйича келганмиш, дейишибди. Князь Лукани бужун остига келтиришни амр қилибди.

– Худо ёр бўлсин сенга, ҳазратим! – дея таъзим қилибди унга Лука Филипов.

– Яратган сени ҳам ҳифзу ҳимоятига олсин, Лука! – дебди князь. – Яна нима керак сенга?

– Ҳеч нима, ҳазрат олийлари, шунчаки тунов куни тушимга кирибсан, ўнгимда ҳам бир кўрай, деб келдим.

– Хўш, нима қилибман тушингда, Лука?

– Ҳазрат олийлари, тушимда менга ўн икки дукат ҳадя қилибсан.

Князь кулиб юборибди-да, ҳамёнидан бир сиқим дукат олиб, Лукага берибди; у эса бир зумда санаб чиқиб, князга мурожаат қилибди:

– Бу бор-йўғи тўрт дукат экан, ҳазрат, тушимда эса сен ўн икки дукат берган эдинг.

Буни эшитиб, князнинг аччиғи чиқибди.

– Уни асир олмасанг яхши бўларкан! – дея хитоб қилибди у. – Ёнимда юзта Усмон пошони кўриш афзал эди менга, битта ўзингдан кўра, – дея ўшқирибди.

Зуко бу воқеани ҳам биларди-ю, лекин нега жўшиб, ўз феъл-атворига ярашиқ тарзда эҳтирос билан таҳлил қилиб бермаганига ҳайрон бўламан. Жуда бўлмаса менга айтарди-ку!

Балки Усмон пошонинг бошига тушган мусибат эвазига шундай тубанликлар қилса ҳам герцоговиналик оддий аскарнинг бу қадар улуғланганига энсаси қотгандир.

Ростданам насл-насабининг тайини йўқ, хира пашшадек ёпишиб олиб князни шу даражада норози қилган ўша Луко Филипов қаерда-ю, шаън-шавкати, обрўйини ҳамма нарсадан, ҳатто ўлимдан ҳам устун қўя билган Усмон поша қаерда, деб ўкиниб юргандир! Шунинг учун менга ҳам айтгиси келмагандир?!

Ишончим комилки, бир жиҳатдан Зуко ҳақ эди.

Дунё Усмон пошо Сархуш сингари инсонлар туфайли улуғ, Лука Филиповлар туфайли эмас!

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси

“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 5-сон

___________________

[1] Монтенегро – Черногориянинг итальянча номи, у бир қатор мамлакатларда ҳам шундай аталади.

[2] Лозовача – сербларнинг узумдан тайёрлаган ароғи.

[3] Лаза Лазаревич (1851–1890) – “серб Тургеневи” деб аталадиган адиб.

[4] Лив (туркча) – ҳарбий қўшинлар қўмондони.

[5] 1389 йили Косовада бўлиб ўтган жангда серблар билан черногорияликлар устидан ғалаба қозонган султон Мурод I (1319–1389) ҳамда 1876 йили ҳукмронлик қилган султон Мурод V.

[6] Мушир (туркча) – маршал.

[7] Ферик (туркча) – дивизия генерали.

[8] Стан (туркча) – йирик ҳарбий бўлинма.

[9] Бошибузуқлар (туркча) – турк армиясининг номунтазам бўлинмалари сарбозлари.

[10] Баръяктар (сербча) – катта унтер-офицер унвони.

[11] Миралай (туркча) – полковник.

[12] Пошо (туркча) – генерал.

[13] Перьяниклар (сербча) – черногор князларининг хос навкарлари.