Пу Сунглинг. Қора чигиртка (новелла)

Минг сулоласи даврида, шаҳаншоҳдан тортиб вазирларгача қора чигиртка уриштириш ўйинига жуда ишқибоз эди. Ҳар йили улар фуқарога қора чигиртка солиғи солишарди. Хуаин уездида чигирткалар бўлмаса ҳам, уезд бошлиғи шаҳаншоҳга яхши кўриниш учун бир йили битта қора чигиртка тутиб топширди. Бу қора чигиртка жуда ботир бўлиб, мусобақада албатта ютиб чиқарди. Шу пайтдан бошлаб Хуаин уездида ҳам ҳар йили чигиртка солиғи солинадиган бўлди. Уезд бошлиғи бу ишни фуқаро учун мажбурий ишга айлантириб қўйди. Шундай қилиб, нуқул ишёқмас, текинхўр, ялқовлар чор атрофга югуриб, қора чигиртка тутишни ўзларига касб қилиб олдилар. Тутиб олинган, сараланган чигирткаларни қиммат-қиммат сотишарди. Чигирткани тута олмаган оддий фуқаро уни сотиб олишга мажбур бўларди. Бу эса ўлганнинг устига тепган билан баробар бўларди.
Чэнг Минг исмли бир жуда оддий, камтар одам бор эди. Унинг бирдан-бир орзуси Шю Сай* унвонини олиш эди. Лекин ҳар гал давлат имтиҳонини топшира олмай йиқилгани-йиқилган эди.
Бир йили уезд маъмурияти фуқаролардан қора чигиртка солиғини топширишни талаб қилибди. Чэнг Мингнинг чигиртка тутишга сира уқуви йўқ эди. Боз устига, бировдан сотиб олгани пули ҳам йўқ экан. У қаттиқ қайғуга ботибди. Туриб-туриб у “бундай яшагандан кўра ўлган яхшироқ” деб ўйларкан. Хотини уни тинчлантириш мақсадида: “Ўлим билан ҳеч нарсани ҳал қилиб бўлмайди-ку? Яхшиси, яна бир чигиртка тутишга ҳаракат қилиб кўринг. Зора битта-яримта чигиртка тутиб қолсангиз” дебди. Чэнг Минг хотинининг гапига кириб уззу-кун чигиртка тутишга бел боғлабди. У эски деворлар тагини, майсалар орасини, думалаб ётган тошлар атрофини, хуллас, қора чигиртка яшириниб ётиши мумкин бўлган ҳамма жойни эринмай қидирибди. Тутиш учун қўл келадиган барча усулларни ишлатибди. Лекин уйга ҳар куни икки қўлини бурнига тиқиб қайтиб келаверибди. Уезд бошлиғи тайинлаган муддатга жуда оз қолибди, агар шу муддатдан ўтиб кетса, қора чигиртка топа олмаганлар жазоланарди. Чэнг Минг ҳам бу жазодан қутулиб қололмади, муддатдан ўн кун ўтиб кетгани сабаб, юз дарра калтак билан жазоланди. Даррадан икки оёғи қип-қизил гўштга айланиб, қора қонга бўялди. У тўшак устида ётиб, у ёқдан-бу ёққа ағанар, уйқуси келмас, гоҳо аламидан ўзини-ўзи ўлдирмоқчи бўлар эди. Шу пайт қишлоққа бир сеҳргар кампир келиб қолибди деган овоза тарқалди. Чэнг Мингнинг хотини ёнига бир оз пул олиб, кампирни қидириб кетди, сўраб-сўраб топди ҳам, борса, сеҳргар кампирнинг уйи ёш хотин-халажга тўла. Ичкари хона парда билан беркитилган бўлиб, ҳеч кимни у ерга киритишмаётган эди. Ташқари хонада битта стол бўлиб, унинг устига исириқдон қўйиб қўйилган эди. Кимки бирор нарса сўрамоқчи бўлса, аввал хушбўй тутун-пилик ёқиши, энкайиб чўқиниши лозим эди. Кампир эса тол ёнида бошини осмонга қаратиб ўтирар, лабларни қимирлатиб, нималарнидир шивирларди, одамлар эса бор вужудлари қулоққа айланиб, диққат билан унинг гапларини тинглар эдилар. Бироздан сўнг парда қимирлаб, ичкаридан битта қоғоз учиб чиқди. Талабгорлар сўрамоқчи бўлган нарсалар қоғозга жуда аниқ ва хатосиз битилган бўларди. Чэнг Мингнинг хотини аввал олиб келган пулларини столга қўйиб, тутатқи тутатиб тиз чўкди. Бирпасдан кейин, ичкари хонадан битта қоғоз отилиб чиқди. Қоғозни олиб қараса, унда ёзув эмас, расм чизилганини кўрди. Қоғознинг юқори қисмида катта ибодатхонага ўхшаш сарой тасвирланган, унинг орқасида жуда кўп харсанг бўлиб, харсанглар орасида ёввойи ўтлар ўсиб ётарди. Ўтлар орасида битта катта қора чигиртка бўлиб, унинг ёнида сакрамоқчи бўлиб турган қурбақа. Чэнг Мингнинг хотини расмга ҳар қанча синчиклаб қарамасин, ҳеч нарсага тушунмади, лекин расмдаги қора чигиртка унинг диққатини тортди. У сўрамоқчи бўлган нарса шу эканлигини тушунди ва расмни буклаб, эрига кўрсатгани олиб кетди.
Чэнг Минг расмга қараб туриб ўйлади: “Бу мени ўша ерга бориб чигиртка тут дегани эмасмикан?” У расмни яна бир бор диққат билан кўздан кечириб, ундаги сарой қишлоқнинг шарқ томонидаги катта бутхонага ўхшашини англади. У таёққа суяниб зўрға ўрнидан турди ва бутхонага борди. Бутхона орқасида бир эски мозор бўлиб, уни ёввойи ўтлар қоплаб ётар эди. Мозорни айланиб юриб жуда кўп харсанг тошларни кўрди, тошлар эса қоғозга чизилгандагига жуда ўхшаб кетарди. У ёввойи ўтлар орасини титкилай бошлади. Узоқ қидирди. Оёқлари толиб, кўзлари тиниб кетди. Лекин қора чигирткадан дарак йўқ эди. У жон-жаҳди билан ўтларни титкилаб турганида тўсатдан бир қурбақа сакраб ўтиб қолди. Чэнг Минг дарҳол расмни эсга олди ва ҳайрат ичида қурбақанинг орқасидан юриб кетди. Қурбақани бир зум кўздан қочирмай кетиб бораркан, тўсатдан ўт устида бир қора чигиртка ётганини кўрди. У чигирткани тутмоқчи бўлиб қўл чўзган эди, чигиртка лип этиб тошлар орасига кириб кетди. Чэнг Минг чўп олиб тошлар орасини титкилай бошлади, лекин қора чигиртка чиқмади, шунда у кавакка сув қуйди, ниҳоят қора чигирткани чиқариб олди. Уни қўлида ушлаб, диққат билан кўздан кечирди. У жуда ҳам ажойиб чигиртка бўлиб, одатдагилардан анчагина катта эди. Чэнг Минг чигирткани уйга олиб келганда, уйдагиларнинг ҳаммаси худди бир хазинани қўлга киритгандай хурсанд бўлиб кетишди. Улар қора чигирткани шишага солиб боқа бошлашди. Унга яхши овқатлар беришар, ер-кўкка ишонмай, асраб-авайлашарди.
Чэнг Мингнинг тўққиз ёшли ўғли бўлиб, у ҳозиргина отаси тутиб келган қора чигирткани жуда кўргиси келди. Отаси уйда йўқлигидан фойдаланиб, шиша оғзини очди, чигиртка бир сакраб ташқарига чиқди. Болакай тутмоқчи бўлиб, иккала қўли билан уни таппа босди, шўрлик чигиртканинг оёғи синиб, қорни ёрилди ва сал кейин ўлиб қолди. Буни кўриб бола қўрққанидан йиғлаб юборди. Онасига айтган эди, онасининг капалаги учиб, ранги қув оқарди, кейин ўғлини қаттиқ уришиб кетди: “Ҳой ярамас бола, отанг келса сени соғ қўймайди, битта сенимас, ҳаммамизни ўлдиради”. Буни эшитиб бола қўрққанидан йиғлаб кўчага чиқиб кетди. Бир оздан сўнг Чэнг Минг ишдан қайтиб келди. У воқеадан дарак топди-ю бошидан бир челак совуқ сув қуйгандек бўлди. Ғазаб билан болани қидириб кетди, лекин уни ҳеч қаердан топа олмади. Охири уни қудуқдан топди, афсуски бола аллақачон жон таслим қилган эди. Бу кулфатдан Чэнг Минг қаттиқ қайғуга ботиб, ҳўнграб йиғларкан, фарёд уриб қичқирди: “Энди қандай яшайман?! Бундан кўра ўлганим яхши!” Эр-хотин йиғлайвериб кўзларида ёш қолмади. Улар сўзлашмас, овқат ҳам ейишмас, бу ғамдан қандай қутулишни билмай, донг қотиб қолишди. Кечга яқин улар фарзандини дафн этишга тайёрланишди, тўсатдан унинг нафас олаётганини сезиб қолишди. Дарҳол тобутдан тўшакка олишди, ярим тунга бориб бола бутунлай ўзига келди. Буни кўрган эр-хотин хотиржам бўлишди, лекин бола жуда нимжон бўлиб, ғоятда ҳолсиз эди.Аммо Чэнг Мингнинг кўзи қора чигиртка турган бўш шишага тушганда, юраги эзилиб, ўғлининг аҳволи ҳам эсидан чиқиб кетарди. У туни билан мижжа қоқмай, тонг оттирди. Шу топ қулоғига ташқаридан қора чигиртка овози чалинди. Югуриб чиқиб қараса, ҳалиги ўлган қора чигиртка экан. У дарҳол қўлини чўзди, лекин чигиртка сакраб нари қочди. У тутмоқчи бўлиб яна ташланди, ўзича тутгандек ҳам бўлди, лекин кафтини очиб қараса, қора чигиртка йўқ эди, у сал нарида турарди. Чэнг Минг яна интилди, чигиртка сакраб қочди. Шу тариқа, у бир девор тагигача етиб борди, шу ерда чигиртка кўздан ғойиб бўлди. Чэнг Минг ҳамма ёқни қидирди, охири девор устида бир қора чигиртка ўтирганини кўриб қолди, аммо буниси хийла кичик бўлиб, илгариги чигиртка эмас эди. Чэнг Минг барибир олдингисини қидириб топаман деб яна ўтлар орасини қидириб кетди. Шу пайт девор устида ўтирган чигиртка бир сакраб Чэнг Мингнинг елкасига қўнди. Чэнг Минг диққат билан чигирткага разм солар экан, йўқдан кўра шу ҳам бўлаверади деб, шуни тутиб олишга қарор қилди. Лекин уезд бошлиғига топширишдан аввал уни бошқаларнинг чигирткалари билан уриштириб, чигиртканинг қобилиятини синаб кўриши лозим эди.
Қишлоқда бир ёш йигит бўлиб, у битта қора чигиртка боқар ва уни тез-тез бошқа чигирткалар билан уриштириб турар эди. Унинг қора чигирткаси бирор марта ютқазмаган эди. Йигит уни бор-йўқ бойлигим шу деб, баҳосини жуда баланд қўяр эди. У Чэнг Мингнинг уйига қидириб келиб, чигирткаларни уриштирмоқчи бўлди. Чэнг Мингнинг чигирткасини кўрди-ю, энсаси қотди ва мийиғида кулиб қўйди. Йигитчанинг чигирткаси ҳам катта, ҳам бақувватлигини кўриб, Чэнг Минг чигирткасини уриштиришни истамади, лекин бунинг иложи йўқ эди. “Бунақа чигирткани боққандан нима фойда, яхшиси, уриштириб, бир хурсандчилик қилайлик” деб кўнглидан ўтказди. Чэнг Минг йигитчанинг таклифига рози бўлди. Чигиртка жанги бошланиб кетди. Лекин кичкина чигиртка қимир этмасди, кўриниши ҳам кичкина ҳашаротга ўхшар эди. Буни кўриб, йигитча Чэнг Мингнинг чигирткасини мазах қила бошлади. У қобон туки билан Чэнг Минг чигирткасининг мўйловига текканда ҳам у қимирламасдан ётаверди. Буни кўриб, йигитча бадтар масхара қилди ва тук билан гиж-гижлашда давом этди. Охири жаҳли чиққан кичкина чигиртка югуриб келиб, ҳалиги қобон тукини тишлаб олди-да, ғазаб билан чайнай бошлади. Сўнг бир сакраб, катта чигирткага ҳужум бошлади. Катта чигирткани бўйнидан тишлаб олди-да, бўғиб тураверди. Йигитча уларни дарҳол ажратиб қўйди. Кичкина чигиртка руҳланиб, худди ўз эгасига ғалаба ҳақида хабар бераётгандек мағрурланиб қичқириб юборди. Бундан Чэнг Минг жуда қувониб кетди. Шу пайт бир товуқ пайдо бўлди-ю, миттигина чигирткани чўқимоқчи бўлди. Чэнг Минг қўрққанидан қичқириб юборди. Товуқ чигирткани қувиб борар, ҳар лаҳзада уни тутиб ейиши аниқ эди. Бу шундай тез содир бўлдики, Чэнг Минг чигирткани қандай қутқаришини билмай эсанкираб қолди. У қичқирар, ер тепиб депсинар эди. Лекин тўсатдан товуқ бўйнини олдинга чўзиб, гоҳ ўнгга, гоҳ чапга, гоҳ юқорига ва пастга силкита бошлади. Чэнг Минг яқин келиб қараса, ҳалиги чигиртка товуқнинг бошига ўтириб юмшоқ тожидан маҳкам тишлаб олган экан. Чэнг Минг ҳайратланиб, чигирткани яна ҳам яхши кўриб қолди ва уни дарҳол тутиб, шиша идишга солиб қўйди.
Эртаси куни Чэнг Минг чигирткани уезд бошлиғига олиб бориб топширди. Уезд бошлиғи чигиртканинг кичкиналигини кўриб, Чэнг Мингни боплаб сўкди. Шунда Чэнг Минг бир кун илгари бу чигиртка билан бўлган воқеалар ҳақида уезд бошлиғига гапириб беришга мажбур бўлди, уезд бошлиғи ишонмади. Шунда Чэнг Минг чигирткани яна жангга қўйишга рухсат сўради, шунда ҳам чигиртка мўъжиза кўрсатди. Яна бир товуқни тутиб келишди, худди кечагидек чигиртка бу товуқнинг бошини эмас, балки бўйнидан тишлаб, ҳар томонга чўзиб, гангитиб ташлади. Буни кўрган уезд бошлиғи Чэнг Мингни талай нарсалар билан мукофотлади, чигирткани эса ўлка бошлиғига олиб бориб берди. Ўлка бошлиғи ўша заҳоти чигирткани олтин қафасга солиб, пойтахтга етказди. Саройда бу чигирка жамики номи чиққан чигирткалар билан бирга бирма-бир жанг қилиб чиқди ва барчасининг устидан ғалаба қозонди.
Бу чигиртканинг одамлар ёқтирадиган яна бир ҳунари бор эди: ҳар сафар чанг овози эшитилиши билан у дарҳол мусиқа оҳангига монанд рақсга тушиб юборарди. Бундай чигирткага эга бўлган император беҳад қувониб, ўлка бошлиғини катта мансаб, яхши от ва либослар билан мукофотлади. Ўлка бошлиғи ҳам уезд бошлиғини эсдан чиқармади, уни: “Жуда диди зўр амалдор” деб мақтади. Уезд бошлиғи эса жуда хурсанд бўлиб, Чэнг Мингга Шю Сай унвонини берди. Ўлка бошлиғи ҳам Чэнг Мингга бир қанча қимматбаҳо совғалар тақдим қилди. Шу тариқа Чэнг Минг оиласининг аҳволи яхшилана бошлади. Лекин ўғлининг ақли борган сари заифлашиб борарди. Куни билан кўзини очмас, уйқудан бош кўтармас эди. Бундан хавотирга тушган Чэнг Минг боласини табибларга кўрсатди, лекин болада ўзгариш бўлмади. Бир йилдан кейингина ўғли сал ўзига кела бошлади, яна озгина вақтдан сўнг у бутунлай яхши бўлиб кетди. Шунда ўғли: “Мен уришишга қобилиятли чигирткага айланиб қолганимга бир йилдан кўпроқ бўлди, мана энди ўзимга келдим”, – деди. Чэнг Мингнинг отаси унинг мушкулини осон қилган, бир йилдан кўпроқ ўзига келолмай ётган кичкина қора чигирткага мадад бўлиб, унинг танига ўтган, аслида ўғлининг руҳи эканлиги, энди бу руҳ ўз вазифасини бажариб бўлиб, яна ўғлининг танига қайтганлигини тушуниб етди ва севинчдан кўзларига ёш олди.

Хитой тилидан Жасур Зиямуҳамедов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 7-сон
_________
Шю Сай – Қадимги Хитойда билим унвонининг дастлабки даражаси.