Бизнинг замонларгача яшаб келган халқларнинг кўпчилиги маънавий шаклланиш, ўз бахти-иқболи учун курашиш борасида деярли бир хил, мураккаб йўлни босиб ўтганлар. Лекин, улуғ бир адибнинг машҳур иборасини сал ўзгартириб айтадиган бўлсак, барча халқлар, ҳар битта жамият ўзигагина хос бўлган, турлича йўллар билан бахтга эришган, яъни халқларнинг ҳар бири вақтнинг шафқатсиз оқимига қарши курашишда турли восита ва усулларни якка ўзи ишлаб чиқиб, шу асосда яшаб ўтган, кун кечирган. Айнан мана шу хусусият – ўз бахти-иқболи учун курашиш ва ўзликни асраш учун қилинадиган саъй-ҳаракатлар ҳар бир халқнинг бош фазилати, олижаноб эҳтиёжи ҳисобланади. Башарият мавжуд экан, шундай бўлиб келган, шундай бўлиб қолаверади, зеро ҳар бир халқнинг ўзига хослиги, бетакрорлиги уни инсоният оиласида бошқалардан ажратиб туради, ҳар бир халқ ўзига хослиги билан башариятнинг умумий манзарасига жило қўшади. Ўзига хослик бўлмаса бу манзара нурсизланади. Мана шуни англаб етиш йўлида биз бошқа бир халқнинг ҳаётига қизиқиб қараймиз, бу халқнинг мавжудлигидан олижаноб маъно-моҳият излаймиз. Мана шу англаниши машаққатли, лекин жуда муҳим бўлган илоҳий неъмат ҳар бир инсонга: мен – грузинман, русман, ўзбекман, финман ёки хитойликман деган ғурурни бахш этади. Балки шунинг учун ҳам миллий ўзликни англаш муаммоси табиатнинг энг қийин, энг ечиб бўлмас масаласи сифатида бугунга қадар яшаб келаётгандир?!
Саволлар ўз-ўзидан туғилаверади: ҳозирги замон одами табиат ҳақида, ўзи ҳақида нималарни билади? Унинг бу борадаги билими кечаги билимидан кўра бойроқми? Айтайлик, инсоннинг билиши керак бўлган нарсалари билмаса ҳам бўлаверадиган нарсаларига қараганда жуда оз (масалан, эстрада юлдузининг оилавий ҳаётига оид ахборотлардан жудаям хабардор бўлгимиз келади, аслида шу ахборот бизлар учун жуда зарурми-йўқми, бу томонини ўйлаб ўтирмаймиз). Ёки, дейлик, олийгоҳларни битириб чиқаётган ёш мутахассисларнинг билим даражаси нега бунчалар паст? Обрўйи баланд ихтисослик ўринларига ишга киришга нега ёшлар ўлиб-тирилиб интиладилар? Бизнинг асримизга келиб инсон фарзандлари нима сабабдан китобни ва санъатни хуш кўрмайдиган бўлиб қолди? Қандай қилиб телевидение “билим” тўплашда, маълумотлардан хабардор бўлишда ягона манбага айланиб қолди? Шундай бир даврда биз, грузинлар, ўзимизни, ўзимиз орқали табиатни англашда қандай йўл тутишимиз лозим?
Айтиб ўтайин, бизнинг халқимиз ҳаётга бир қадар санъаткорона ёндоша оладиган халқ. Биз бирор жойимиз оғриётганини тан олишдан кўра, ўзимизни ўзимиз алдаб, оғриқни сездирмасликни афзал кўрамиз. Кимдандир зулм кўрганимизни, ҳақоратланганимизни айтишга қисинамиз, заиф томонларимиз очилиб қолишидан уяламиз, камбағаллигимиз ёки бирон бир нуқсонимиз сезилиб қолса, бундай аҳвол бизнинг эмас, бошқаларнинг айби билан юзага келган бўлсаям, қизариб турамиз. Шунинг учун бўлса керак, четдан қараб турган одамларга биз жуда ҳаётдан мамнун ва қувноқ бўлиб кўринамиз, ҳолбуки, бир грузин адиби айтганидай, бизлар – фожиа фарзандларимиз. Бу хусусиятларимизни яхши ёки ёмон деб ҳам айтиб бўлмайди, лекин ҳақиқат шу ва шунинг учун ҳам қизиғи йўқ. Қизиқроғи эса, “вақт ўтиши билан миллат характери ўзгарадими?” ёки янада аниқроғи, “Миллат характерининг қай қирралари вақт ўтиши билан сақланиб қолади-ю, қайси қирралари талофатга учраб, йўқолиб кетади?” деган саволлардир.
Дунёдаги барча мавжудот ўзгаради, лекин бу ўзгариш ўз-ўзича рўй бермайди, балки бошқа мавжудотлар билан биргаликда кечади, яъни ўзгаришлар мавжудотнинг атрофида кечаётганлиги туфайли ҳам кўз билан пайқаб бўлмайди ва ўзгармасдан қотиб қолгандай туюлаверади. Менга қолса, шуни қатъий қилиб такрорлар эдим: токи халқ мавжуд экан, унинг характери мутлақо ўзгармас ва барқарордир. Тўғри, халқнинг ўзи майдалашуви ёки йириклашуви мумкин, бойиши ёки қашшоқлашиши мумкин, гўзаллашуви ёки нуқсонга учраши мумкин, бўйи ўсиши ёки калтариши мумкин (масалан, сўнгги пайтларда японларнинг бўйи анча ўсган). Аммо, ҳамма вақт япон – япон бўлиб, рус – рус бўлиб, инглиз – инглиз бўлиб, грузин эса грузин бўлиб қолаверади. Шунга қарамай, миллий характер ўзгармас бўлса-да, у, худди табиатдаги хоҳлаган бошқа бир ҳодиса каби, қотиб қолган нарса ҳам эмас, характер таркибида нималардир содир бўлиб туради, унга нимадир қўшилади, қайсидир бир жиҳатлар уни тарк этади, даврга хос бўлган қайсидир бир белгилар характерда ҳам акс этади. Аммо на келиб қўшилган қўшимчалар ва на йўқотишлар миллий характернинг асосий мағзи-моҳиятини ўзгартириб юборишга қодир эмас, аксинча, улар асосий мағизнинг муҳим қирраси бўлиб “ёпишадилар”, вақт ўтиши билан характернинг ажралмас бир қисмига, баъзан эса зарурий бир бўлагига айланадилар. Юқоридаги каби барқарорлик билан, характерда акс этадиган ўзгармас жиҳатлар билан биз, грузинлар фахрлана оламизми – бош масала мана шунда. Балки биз ўзимиздаги грузинларга хос боқибеғамликдан бироз муддат воз кечиб турсаг-у, оғриётган жойларимиз ҳақида баланд овозда, ҳамма эшитадиган қилиб гапириб кўрсакмикан? Ахир оғриётган жойлар озмунча эмас ва улар замонлар ўтиши билан битта жойда йиғилиб-тўпланиб қолганлар.
Республикамизнинг тоғли жойларида қад тиклаган тарихий қадамжоларнинг йўқ қилиниб, улар ўрнида қурилган, ишга туширилмасдан аввал ёпилиб қолган гидростанциялар… Тбилиси шаҳри биқинида шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган табиат манзараларининг йўқ қилиниб, микрорайонларга қўшиб юборилган ўринлар… Республиканинг кўплаб муассаса ва ташкилотларида она тилимизнинг атайлаб бурун жийирар аҳволга ташлаб қўйилиши… Қора денгиз соҳилларидаги ўзбошимчалик билан амалга оширилган қурилишлар… Бўйсунмас тоғ дарёларини бўйсундириш учун тоғдаги қишлоқларнинг вайрон қилиниши… Бу каби бузғунчиликларга қўл ураётган пайтда биз нималарни ўйлаган эдик? Қилган барча гуноҳларимизни она табиат кечириб кетаверади, унинг сабр-тоқати чегарасиздир, деб ўйладикми? Ахир иш бошлаётган мутахассислар бу ишларнинг барча мусбат ва манфий томонларини ҳеч бўлмаса ўзлари учун ҳисоб-китоб қилиб олсалар, бўларди-ку?! Энди бугунга келиб маълум бўлаётирки, лойиҳаларнинг муаллифлари, мутахассислар бундай ҳисоб-китобларни умуман ўйлаб ҳам кўрмаган эканлар.
Тарихий қадамжолар, ноёб иншоот ва бинолар шу пайтгача ўзларининг такрорланмасликлари, ҳақиқатан ҳам ноёб эканлиги билан ўзларини ўзлари ҳимоя қилиб келган эдилар. Ваҳоланки, халқ ўзининг умумий маданияти, тушунчаси билан бу қадамжоларнинг дахлсизлигини кўкрак кериб ҳимоя қилиши керак эди. Инсон қанчалик маданиятли бўлса, тарих ёдгорликлари ўтмишнинггина эмас, балки келажакнинг ҳам кафолати эканига тобора чуқур тушуна боради. Шу тушунчадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ёдгорликларни асраб қолишнинг зарурийлиги ҳар қандай техника ва тамаддун ютуқларидан фахрланиш туйғусидан кўра биз учун қимматлироқдир. Инсон қўли билан яратилган ҳар бир ижод намунаси – бу умумбашарият мулкидир, шу билан бирга, у – ҳар биримизнинг хусусий мулкимиз ҳамдир. Бинобарин, фуқаровий сустлик (пассивлик) ва бепарволик ҳамиша тўқнашувларга, фикрлар қарама-қаршилигига сабаб бўлаверади.
Шу ўринда қайд этиб ўтаманки, ҳар қандай тарихий ёдгорлик – бу ҳаёт учун бўлган курашни ўзида ифода этади ва у фақат эзгу саъй-ҳаракатлар туфайлигина қад тиклаган бўлади. Ҳаётни асраш, ҳаётни давом эттириш, ҳаётий тақдирлар ҳақидаги фикр инсонни энг қадим замонлардан буён – умрнинг фонийлигию ўлимнинг муқаррарлигини англаб етган замонлардан буён безовта қилиб келади. Бугунги кунда башарият ўз-ўзини яксон қилиш учун жар ёқасига ҳар қачонгидан-да яқин келиб турибди. Агар ер юзида башарият учун ҳалок бўлиш қисмати ёзилган экан, бу ҳалокат ҳам табиат томонидан эмас, балки инсоннинг ўз қўли билан амалга оширилган бўлиб чиқади. Ҳозирги кунда яратишдан кўра қийратиш, бунёд этишдан кўра вайрон этиш осон иш бўлиб қолди. Энди, тарих тонготарида ота-боболаримиз қўлида бор бўлган бунёдкорлик асбоб-ускуналаридан кўра ҳозирги инсон қўлидаги ўлим уруғини сочувчи қуролларнинг кўплигини-ку эсламаёқ қўяйин. Энг ачинарлиси, бунёд қилиш, қуриш машаққатли меҳнатлар, оғир иш шароити, азоб-уқубатлар, оғриқ ва касалликлар, изтироб ва сабр-тоқат эвазига амалга ошириб келинган бўлса, бузиш ишлари заминий роҳат-фароғат, ақлсизлик инъикоси бўлиб кўринадиган ҳузур-ҳаловатлар ҳамроҳлигида амалга оширилмоқда.
Ҳозирги замон одамини ўтмишдаги хоҳлаган бир даврнинг одами билан қиёслаб кўринг. Уларнинг бир-биридан кам жойи йўқ. Устига устак, техниканинг бошни айлантириб ташлайдиган даражадаги тез ривожланиши натижасида замонавий одам ўтмишдаги ота-боболарига қараганда анчагина мураккаб шарт-шароитлар билан юзма-юз турибди. Кўпгина нарсаларни, масъулиятни у биринчи бўлиб идрок қилишга, “татиб кўриш”га, қабул қилиш ёки рад қилишга, маъқуллаш ёки даф этишга мажбур бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам у ўзининг ўтмишдош салафларига нисбатан бирозгина довдир, бирозгина ҳардамхаёл, бирозгина (балки анчагина) ахлоқсиз бўлиб ҳам кўринар. Лекин ҳеч ким – на замондошлари, на келажакдаги ҳакамлар уни ҳеч нарсага ярамайдиган лўтти, умрини зое ўтказиб юрган ҳафсаласиз биржонзод деб айблай олмайди. Инсон боласи қайси бир замонга мансуб бўлмасин, охир оқибатда у барибир хом сут эмган бандаи бечора, у ҳам ҳамма қатори нималаргадир ишонади, нималарнидир унутади, муросаи мадора қилади, нималарнидир кутади, нималарнидир умид қилади… Инсон шубҳа-гумонга берилади, лекин у қўрқоқ эмас. У қўрқоқликнинг барча турларини бошдан кечириб кўрди, сўнг ўзининг ишидан ўзи хижолатга тушди ва сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам ҳаёт учун курашадиган, жон-жаҳди билан яшашга интиладиган вужудга айланди.
Хўш, шундай бир таҳликали замонда менинг ватанимнинг – она Грузиямнинг ўрни, мавқеи қандай бўлмоғи керак? Масалан у Америка Қўшма Штатларига ўхшаб қудратли саноат мамлакатига айлана оладими? Менинг Гуржистоним – узумлар, токлар юрти, узумчилик бизда энг қадимий касб ҳисобланади, у – қон-қонимизга сингиб кетган тарихий соҳа, бизда бунинг ҳеч уяладиган, ташвиш тортадиган ери йўқ. Агар аждодларимиз юрган йўлдан четга чиқиб, болта билан токзорга қараб югурадиган бўлсак – ана шунда биз шармандали ва уят ҳолга тушган бўлар эдик. Чопиб ташланган ток – айни бизнинг қонимизни қайнатадиган, кўзимиздан ёш оқизадиган манзара. Токни болталанган ҳолда кўриш биз учун шунчалар оғир гуноҳки, унинг ёнида гўдак ўлими ёки кампирнинг номусига тегиш ҳам ҳеч нарса бўлмай қолади. Ток – грузин деҳқони учун ҳар қандай даромад манбаидан-да каттароқ, муқаддасроқ нарсани англатади. Унинг учун узум – ҳам нон, ҳам маънавий падар вазифасини ўтаб келди. Ўтмишни унутиш келажакни рад қилиш билан баробар. Бинобарин, баридан аввал биз ким эканлигимизни, дунёга нима мақсадда келганимизни, нима исташимизни, бизнинг имкониятларимиз умидларимизга қанчалик мос ва мувофиқ келишини англаб олишимиз лозим. Ўйлашимча, бугунги кунда халқ анъаналари, тўғри англанган, замонавий руҳда тўғри қабул қилинган анъаналар муҳим аҳамият касб этади. Анъаналар – бу нафақат ўтмиш дегани, у келажак дегани ҳамдир, яъни биз фақат анъаналар ёрдамидагина фаолиятимиз моҳиятини, ўзлигимизни йўқотмасдан эртанги кун остонасидан ҳатлай оламиз. Анъаналар одамни яшашга ўргатибгина қўяқолмасдан, балки ўзининг талаб ва кўрсатмаларига мувофиқ яшаш мажбуриятини ҳам бўйнимизга илади. Анъаналар – миллийлигимизнинг таъмал тоши, миллийлигимиз – маданиятимизнинг таъмал тошидир. Анъаналаримиз доирасидан ташқарига чиқиб кетадиган нарсаларни миллатдошларимиз қалби учун ҳам, ахлоқимиз учун ҳам хавфдан холи деб айтолмаймиз, негаки бу жиҳатлар, энг аввало, миллийлигимизга, маданиятимизга қарама-қарши қўйилади.
Қанчалик ғалати эшитилмасин, айнан мумтоз мусиқа бизда халқимизнинг миллий ўзлигини англаб етишида муҳим ўрин тутади. Миллий мусиқанинг яна бир ғалати жиҳати – миллий заминдан узиб олинган санъат умумбашарий қадриятлар қаторига қўшила олмаслигини тасдиқлайди, тўғрироғи, мунтазам равишда эслатиб туради. Четдан келадиган ҳар қандай таҳдид, энг аввало, анъаналаримизга, маданиятимизга дахл қилмоқчи бўлади.
Менинг яна анъаналар, ишонч-эътиқод борасида гапираётганимнинг сабаби – инсон ана ўшалар ёрдамидагина йўқотганларини топа олади. Ҳозирги замоннинг барча юқумли ва хавфли таъсирларига қарши туришга қодир бўлган ягона мустаҳкам тўғон – бу анъаналардир. Эътиқод эса ягона дарчадирким, унга боқиб нур ҳақида, кенгликлар ҳақида, осмон ҳақида орзу қилиш мумкин. Муҳими – чексиз қоронғулик қўйнида ўша дарчани топа оладиган ва оча биладиган кимнингдир ҳамиша мавжудлиги. “Кимдир” деяётганимиз ўша инсон балки мендирман, балки сиздирсиз, балки бошқа бировдир. Муҳими – унинг бор эканлиги, худди қадимий муқаддас суратларда тасвирланган авлиёлар сингари мана шу тирик хилқат инсон деб аталмиш бандаи мўминнинг нақадар буюк эзгулик эканлигини, қолган барча нарсалар унинг ёнида бир тукка ҳам арзимаслигини бутун башариятга эслатиб туражак.
Касбимга кўра, мен ёзувчиман ва шунинг учун ҳам некбин (оптимист) бўлишга мажбурман. Тўғрироғи, одамлардан бўшаб-ҳувуллаб қолган сайёрамизни мен тасаввуримга ҳам сиғдиролмайман. Мана шу митти сайёрамизнинг келажаги борасида ташвишланишимни жуда ўринли деб ҳисоблайман. Шундай экан, барча одам болалари, келинглар, инсон руҳининг куч-қудратини қайта тиклаш, эзгулик уруғларини экиш, меҳр-муҳаббат ва шафқат-саховат уруғларини ундириш ишлари билан вақтида шуғулланайликким, то биз эккан уруғлар эртага ўзидан янги уруғларни пайдо қила оладиган қудратга эга бўлолсин!
Музаффар Аҳмедов таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 4-сон