Энрике Тейшейра Де Соуза. Зайтун мойи (ҳикоя)

Ромуальдо ўзининг бўйдоқлик тўшагида уйғонганида биринчи хўроз қичқириғи янграганди: унинг олдида ҳали шаҳарга етиб олиш учун хачир устида уч соат силкиниш, ўттиз километрдан ортиқ масофани босиб ўтишдек машаққатли йўл турарди. У ҳали бирон марта ҳам Кова-Фигейдан Сан-Фелипгача масофа вақтини қисқартиришга муяссар бўла олмаганди: бу масофани баъзи отлиқлар уч соат деганда қандай босиб ўтишаркин, бунга Ромуальдонинг ҳеч ақли етмасди.
У хачирни эгарлаётган пайтда оқсочи Луиза фонус ёруғида эчки соғарди: Ромуальдонинг ошқозони оғрирди ва у эрталаблари, албатта, янги соғилган сут ичиши ва обдон қовурилган кускус ейиши керак эди. Хўжайинининг овқатланиш тартибини Луиза яхши биларди ва у роҳибликнинг жабр-зулмидан озод бўлиб, шундай кекса ўқитувчининг оғирини енгил қилаётганидан мамнун эди. Тўғри, ўқитувчи тинмай қих-қих қилиб йўталар, нолишдан чарчамасди.
Тизгин буткул тўзиб, эгар ёстиғидаги жун газлама ситилиб, лахтак-лахтак бўлиб кетганди, узангининг бир неча жойига ямоқ ҳам тушганди, бироқ абзал ҳали дуруст эди, қайиш ҳам. Нима ҳам қила олардик – одамлар қаригандек, буюмлар ҳам эскиради.
Янги соғилган бир стакан сутни симириб, ёғли кускусни жиғилдонга уриб, Ромуальдо йўлга тушди. Унинг хачири қариган сайин ювош бўлиб борарди: шундай бўлса-да, унча-мунча йўлни кўрдим демасди, ҳалиям тетик, чаққон эди, Ромуальдо ўла-ўлгунча уни хих-хихлаб юришга тайёр эди.
Хўрозлар тонг ёғдусини қутлаганча, овозларини баралла қўйиб қичқирарди. Йўл чарақлаган юлдузларнинг ёруғида аниқ-равшан кўринарди. Ҳе-йўқ, бугун яна ёмғир бўлиши даргумон: буни Сомон Йўлининг нур сочиб турганидан билса бўлади. Қария ҳовлидаги дарахтлар ҳали барг чиқармаганини пайқади, ахир июнь ойи поёнига етай деб қолди, куртаклардан аллақачон барра япроқчалар ёзилиб чиқиши керак эди. Аммо бунинг учун ёмғир керак, қани ўша ёмғир!
Шуниси ҳам борки, жаноб Ромуальдони қурғоқчилик унча ташвишга солмасди – ёмғир ёғадими, йўқми, унинг ҳаёти бунга боғлиқ эмасди. Қария умр бўйи ўқитувчилик қилган ва вақти соати билан нафақага чиққанди. Нафақа пули ҳақиқатан ҳам кам эди: тирикчиликка аранг етади, боз устига яна мана бу овқатланиш тартибини айтмайсизми: шифокор унга лўвия ва чўчқа гўштини ва умуман чўчқа ёғидан тайёрланган ҳар қандай егуликни тақиқлаб қўйган… Яхшиямки, унга Луиза деган инсофли оқсоч учраб қолди, яхшиямки, ўша Луиза кускус деганни ейишга рози бўлди: оқсочни боқиш учун энди ортиқча сарф-харажатнинг ҳам ҳожати йўқ. Парҳез арзонга тушадиган нарса эмас: шифокор Баррето, ўсимлик мойи, гуруч, патир ноннинг қотгани, сут ва ора-сира қовурилган жўжа еб туришни буюрди… Ёзишга-ку, у ёзди, бироқ ҳамма гап шундаки, бу кўрсатмаларни бажариш жаноб Ромуальдонинг қўлидан келмасди: пул етмайди. Бунинг устига ҳамма нарсани ҳам бозордан топиб бўлмайди. Масалан, бузоқ гўштини қаердан оласан?!
Фарзанд доғи уни адои тамом қилганди – у бирдан етимчага айланиб қолгандек эди, ота-онасидан айрилган кезлар ҳам у ўзини бунчалик ғариб ҳис этмаганди… Бу пайтда устоз шўрлик ўғлининг жасади ётган қабристон дарвозасининг нақ ёнгинасидан ўтиб борарди. Мануэл отасини қандай яхши кўрарди, ёшига қараганда қандай фаросатли, одамларга ишонувчан ва уларга фақат яхшиликни раво кўрувчи бола эди у! У онасини билмасди: у туғилгандан сўнг бир ой ўтиб, онаси Дакарга жўнаб кетди ва ўша кетганча бошқа қорасини кўрсатгани йўқ.
Ромуальдо болага жуда бағир босиб қолганди, бир нафас ҳам фарзандисиз туролмасди – ёши улғайганда Яратган унга шунақа овунчоқ ато этганди. Унинг яна бошқа фарзандлари ҳам бор эди, бироқ бари ўсиб-улғайиб, дунё­нинг ҳар чеккасига қанот боғлаб учиб кетишганди, Ромуальдо уларнинг фақат биттасидан мактуб оларди. Мануэл қариянинг якка-ёлғизлигини билинтирмасди, бироқ бу ҳам узоққа чўзилмади… У олти ёшида менингит касалига чалиниб дунёдан ўтди. Бола ҳушсиз ётган кезлар қандай мунгли оҳангда инграганлари, отасининг бўйнига осилиб: “Ана у! Ана, келяпти!” дея қандай қаттиқ қичқирганлари ҳали-ҳамон устознинг қулоғи тагида жаранглаб туради. Мануэл бу дунёни абадий тарк этганида, унинг тинчиб қолган чеҳрасида азоб-уқубат ифодасидан ном-нишон қолмаганди, қариянинг юрагига эса аввал у сира бошдан кечирмаган соғиниш ҳисси пусиб кириб олганди.
Ҳозир эса у шаҳарга отланганди, чунки қиёматлик дўсти Жоан идишда ёғ сотилаётгани тўғрисида хабар берганди – унинг парҳези учун зарур бўлган жуда яхши зайтун мойи. Мой ҳозирча божхонада бўлиб, пайшанба куни бир юз саксон эскудодан кимошди савдоси орқали сотиладиган бўлганди. Ундан арзон бўлмайди. Агар олибсотар баққоллар мойни олишга улгуришмаса, ёғ бир неча ойга етади – омадни синаб кўриш керак.
Хачир йўлдаги ўнқир-чўнқирликларни одатдагидек айланиб ўтар, туёқларини тақиллатганча, илдам юриб борарди, чуқур ўйга ботган жаноб Ромуальдо эса бундай силкинишларни ҳатто сезмасди ҳам.
У Сан-Фелипда ва Кова-Физейрда деярлик қирқ йил дарс берди; унга олти юз эскудо нафақа тайинлашганди; хотини ва болалари бўлганда, шугина нафақа уларга урвоқ ҳам бўлмасди… У ҳатто халқ маорифи соҳасида ўз вазифасини ҳалол адо этгани учун мукофот ҳам олди; шахсан губернаторнинг ўзи муниципалитет танобийсида уни бағрига босиб табриклади. У бу тантанага ўғлини ҳам олиб борганди ва Лиссабондан ташриф буюрган нуфузли жаноб унинг кўкрагига қандайдир чиройли нарсани қадаб қўяётганда, боланинг юраги ғурурга тўлганди! Жаноб яна шундай деганди: “Бу мукофот болаларга яхши таълим берганинг учун…” Шўрлик, азиз ва жажжи Мануэл!
Бир неча кундан сўнг авлиё Иоанн куни байрами, бироқ кунгурадор тоғ тизмалари тепасида бир парча бўлса-да, булутдан асар йўқ ва яқинлашиб келаётган тонг ёруғида бу тизмалар янада яққолроқ кўрина бошлаганди. Ҳадемай қизиган темирдек қип-қизил ва қайноқ қуёш чўққилар орасидан қалқиб чиқади. “Яхшиям соябонни олиб олганим, — хаёлдан ўтказди қария, – осмон тип-тиниқ, роса куйдириши тайин”. Жаноб Ромуальдо йўлга мукаммал шайланганди: тутинган ўғли Америкадан олиб келган шўх рангдаги каноп сурупдан костюм, бошига панама илганди.
Денгизга олиб тушадиган теп-текис йўлни кимдир белкуракдами, ё кетмондами жўрттага қазиб ташлагандек эди. Қовжираб-қақраб кетган ернинг ёмғир кўрмаганига ҳам анча бўлганди, фақат унда-бунда яшил доғдек ўт-алафлар кўзга ташланарди. Саёзлашиб қолган сойлар оғзини катта очган махлуқ жағларига ўхшарди, гўё. Эҳ, қани эди бир шаррос ёмғир қўйиб берса! Теварак-атроф бир зумда бошқача тусга кирган бўларди! Қақраб кетган ерни буғдой қопларди, чуқурликларнинг четларидан чечаклар униб чиқарди, ҳаммаёқ барра майса билан қопланарди, моллар ҳам мириқиб ўтлар эди… Ҳозир-чи, атрофга қарагинг келмайди… ҳаммаё куйиб ётибди!
Қария эски ошнаси Руфинонинг дўконида бир оз ушланиб қолди.
– Бугун дўконни эрта очибсанми!
– Жаноб Ромуальдо, каллайи саҳарлаб йўл бўлсин?
– Шаҳарга тушмоқчийдим, ишим бор.
– Аҳволингиз яхшими ўзи, жаноб Ромуальдо?
– Ҳа, тупроқдан ташқари дегандай…
– Судда гувоҳ бўлиб кетмаяпсизми?
– Йўғ-э, Худо сақласин.
– Олис йўл, сиз эса энди ёш эмассиз, соғлиқ ҳам…
– Нима ҳам қилардик, илож қанча… Рафиқангиз, болалар яхшими ўзи?
– Худога шукур, ёмон эмас. Нининьянинг кеча кўзи ёриди, биз яна биттага кўпайишдик.
– Ў, умри билан берган бўлсин! Энди фарзандлар қанча бўлди?
– Тўққиз жон. Кеча дунёга келганини ҳам қўшиб айтадиган бўлсак, беш нафар қизу, тўртта ўғил бола. Балки ичкари кириб, бир пиёла қаҳва ичиб бир оз нафасни ростлаб оларсиз?
– Меҳрибонлигингиз учун ташаккур. Кун қизиб кетмасдан шаҳарга тезроқ етиб ола қолай. Бўлмаса жазирамага қолиб кетаман.
– Зоримиз бору зўримиз йўқ, унда қайтишингизда меҳмонимиз бўлинг. Шаҳарда унча узоқ қолмассиз, а?
– Йўғ-э. Эртагаёқ қайтаман.
– Демак, тез битадиган юмуш экан-да?..
– Арзимаган иш. Майдонга бир кўз ташласам бўлгани.
– Майдонга?
– Ҳа. Божхонада баъзи бир моллар сотилар экан.
– Ростданми?
– Бўпти, Руфино, вақт йўқ. Хотинингга салом айт, кўришгунча.
– Яхши боринг, жаноб Ромуальдо, ишингиз ўнгидан келсин!
Хачир яна қадамини тезлатди ва шу кетишда Кова-Фигейргача тўхтамади, хўжайини соябонини очди: осмондан оловли найзалар ёғила бошлади. Бир неча дақиқа ичида ҳамма ер тоғ тизмалари устидан отилиб тушаётган ёғдуга кўмилди.
Жаноб Ромуальдо ўзини улкан соябон гумбази панасига олди. Шаҳарга етиб олиш учун яна ярим соатлик йўл қолганди.
Чиндан ҳам йигирма беш дақиқадан сўнг бош черковнинг баланд қўнғироқхонаси кўзга чалинди. Денгиз худди ёғ тўкилган ердек ялтирарди. Гарчи бу пайтларда унинг чўққиларини оппоқ қор қоплаб ётган бўлса-да, айни пайтда парча булут ҳам кўринмасди. Бу яхшилик аломати эмас. Остонада авлиё Иоанн куни турган бўлса-ю бир томчи ёмғир бўлмаса-я.
У тушишда давом этарди. Фелип Сантос Силви майдонида болалар копток кетидан қувиб юришарди, уларнинг баъзилари ўқувчилар халтасини елкаларига осиб олишганди. “Ўқиш ўрнига, эси пастлар копток кетидан қувиб юришади. Оҳ, бу футбол деганлари ёшлик даврининг заволи бўлди фақат”.
Жаноб Ромуальдо майдонни аранг кесиб ўтди: ҳуркиб кетган хачир дам-бадам жойида серрайиб қотиб қоларди. Тажриба йўқ. Одоб нима билмайдиган бу тирранчаларнинг ота-оналарида уят деган нарса қолмабди: фарзандларига тузукроқ тарбия беришни ҳам билишмайди…
Ромуальдога кўзлари тушиши билан болалар бақира кетишди:
– Ундан ясалган чувалчанг! Ундан ясалган чувалчанг!
Бу гапнинг эгаси, албатта, у эди: оқ кавуш, оқ қалпоқ, оқарган мўйловлар. Уни масхара қилишаётгани аниқ, бошқа яна кимни ҳам бўларди… Тери ҳам худди ўчакишгандек рангсиз эди…
– Ҳу-у-у, ундан ясалган чувалчанг!
Хачир туёқлари билан шаҳар тош кўчаларини тақирлатиб кириб борганида, минора соати саккизга занг урганди. У уйдан саҳар соат тўртда йўлга чиққанди… Ҳаммаси тўғри – йўлга нақ тўрт соат вақт кетибди.
Чўқинтирган ота Жоан ва унинг аёли Маргид устозни самимий қувонч билан кутиб олишди. Хачирнинг эгарини ечиб, шийпонга элтиб қўйишди, Ромуальдога буклама курсига ўтиришни таклиф этишди. Унинг оёқлари увушиб, ўқтин-ўқтин оғриётганди.
– Жаноб Ромуальдо, узангингиз ҳаддан ташқари калта экан. Уни туширмаса бўлмайди.
– Мен шундай юришга ўрганганман.
– Йўқ, йўқ, сиз уни бир узайтириб кўринг-а, қандай қулай бўлишини ана ўшанда кўрасиз. Йўл қанча олис бўлса, узанги ҳам шунча узун бўлмоғи керак, буни мен отамдан ўрганганман.
Жаноб Ромуальдо бу одамларни ҳамиша кўнглига яқин оларди: Маргид онадек барчага меҳрибон эди, бу эҳтимол унга оналик бахти насиб этмаганидандир. Бундан толе эгаси бўлган аёл ич-этини еб яшарди ва шу боис унинг уйидан эрталабдан то қош қорайгунга довур ёш болаларнинг шовқин-сурони аримасди. Кўпчилик эр-хотинлар ўз жуфтларини шу хонадонда топишганди, энди уларнинг фарзандлари Жоан ва Маргидни ўз бувиларию ўз буваларидек кўришарди ва уларни шундай деб чақиришарди ҳам.
Жаноб Ромуальдо ўзининг касалию парҳези тўғрисида, омади чопиб Луизадек меҳрибон хизматкор учрагани ҳақида, ёлғизлигию ўн йил бурун бу дунёни тарк этган ўғли Мануэл ҳақида ва яна ёмғирдан ҳали ҳануз дарак йўқлиги, ҳозирги замонда болаларга тузукроқ тарбия берилмаётгани ва пировардида ўзининг бу ерларга азза-базза овора бўлиб бир идиш ёғ учун келгани тўғрисида сўзлай кетди.
– Литри қанчадан экан?
– Тўрт галлондан, шунда, ўн литри – ўн саккиздан бўлади.
– Бошланғич баҳоси-чи?
– Бир юз ўн саккиз эскудодан. Бу жуда арзон. Зайтун мойининг литри одатда ўн тўққиз эскудодан сотилади. Икки юздан сотса ҳам бўлади. Бир катта идишдагиси каминага бир йилга, балки ундан ҳам кўпроққа етиб қолади. Биз ахир Луиза иккимиз холосмиз-ку.
Гарчи қария оворагарчиликнинг кераги йўқ, қаерда бўлса ҳам ётиб кетавераман дея эътироз билдирса-да, чўқинтирган ота Жоан жаноб Ромуальдони ҳамиша мана шундай – қўярда-қўймай уйида олиб қоларди. Қария қанча таранг қилса, Маргид ҳам шунча қаттиқ туриб оларди ва олис йўлдан тинкаси қуриб келган Ромуальдо охири ноилож таслим бўларди. Яхши маънодаги бундай мулозаматлару эътирозлар ўн йилдан бери шу тахлит такрорланарди.
Уни элтиб қўйишган хонада, Америка маҳсулоти бўлган юмшоқ тўшакли, эгилувчан, худди яп-янгидек ялт-юлт этиб турган беҳисоб соққачалару харидан иборат баланд ва кенг, темирдан ясалган ва сарғиш рангга бўялган каравот турарди. Каравот кенг хонанинг ўртасига, металлдан ясалган улкан хочнинг тагига жойлаштирилган бўлиб, унинг бош тарафи шимол деворига қараганди. Бу каравот маърифатли ва билимдон, ва у ҳам Марказий мактабда дарс берган, теварак-атрофдагиларга маълуму машҳур Маргиднинг отаси руҳоний Кассианога тегишли эди.
Деворда яна жаноб Ромуальдонинг ғашига тегадиган ўймакорлик ва олеография усулида ишланган расмлар, календарлар осилиб турарди: улардан бирида кўз-кўз қилиш учун уст-бошсиз қиз бола тасвирланган бўлиб, бу календар нақ Маргиднинг портрети тагига илинганди. Чўқинтирган ота Жоан хотинидан сал бўлса ҳам ҳурматини дариғ тутмаса бўлармиди. Ожиз одам!
Жавон устида ҳам ромга солинган фотосуратлар турарди ва расмлар орасида Жоан ва Маргиднинг чўқинтирган ўғли жажжи Мануэлнинг ҳам сурати жой олганди. Бу унинг ўлимидан сал аввал олинган сўнгги расми эди. Шунақанги чиройли ва шунақанги ақлли бола… Яратган унга нега шундай қисқа умрни раво кўрди экан, балки жаноб Ромуальдонинг ёши улғайганда унга эрмак топилишини истамаганидандир?!
Эртасига барвақт Ромуальдо Жоан билан бирга божхонага йўл олишди: олди-сотди саккизга белгиланганди. Минора соати қачон занг ураркин дея икковининг ҳам қулоғи динг эди. Улар ўриндиққа ўтириб, об-ҳаво тўғрисида, ёмғирдан дарак йўқлиги тўғрисида суҳбатлашишди ва бўладиган ҳосилни ўзларича чамалаб ҳам кўришди. Агар ёмғир ёғмаса, ҳамма ер куйиб тамом бўлади. Кейин ҳукумат очин-тўқинларга ёрдамлашиш учун бирон-бир чора-тадбир қўллашга мажбур бўлади. Ёмғирдан эса ҳамон дарак йўқ: дарахтларда барг тугул ҳатто куртак ҳам кўринмасди, май ойи одатга кўра шаррос ёмғирни башорат қилса-да, ғивир этган шамол ҳам эсмаётганди…
Шу пайт, худди театр пардаси очилгандек, божхона эшиги очилди. Ота­лар тушунгандек, бир-бирларига қараб қўйишди, сўнг ўринларидан туриб, сафнинг олдига ўтишди.
Одамлар йиғилаётганди ва чўқинтирган ота Жоан Ромуальдо эшитиб қолмасин дея эҳтиёт бўлиб қўшнилар билан гапга тушиб кетди: мана, истеъфодаги ўқитувчи эмиш, нафақаси ҳам оз экан, шифокор парҳез қилишни буюрибди, чўчқа ёғидан тайёрланган ҳар қандай таомни тақиқлаб, фақат зайтун ёғидан истеъмол қилишини айтибди, шу боис у зайтун ёғи солинган идишдан бирини олмоқчи, агар сиз унга йўл бериб, ҳиммат кўрсатсангиз, олийжаноб иш қилган бўлурдингиз.
Одамлар, денгиз кўпигидек оқ, бошига соябонли қалпоқ, эгнига барча тугмалари текис қадалган калта каноп камзул кийиб олган озғин, ҳамманинг кўзи мўйловли қарияда – бу кўзлар озмунча ёш тўкмади. Кўриниши иззату ҳурматга лойиқ одам эди. Биронта ҳам рақиб уни синдиришга жазм этолмасди.
Машинкада босилган бир уюм қоғоз кўтариб, очиқ савдо вакили кириб келди-да, қути устига чиқди ва шу билан очиқ савдо бошланди.
Сотувга чиққан моллар рўйхати бинойидек катта эди, навбат ёғ тўлдирилган идишга келди.
– Бир юз саксон, ким кўпроқ беради?
– Бир юз саксон бир! – қўлини кўтарди жаноб Ромуальдо.
– Бир юз саксон бир, ким кўпроқ? Бир юз саксон бир – бир! Бир юз саксон бир – икки!..
Ҳеч ким баҳони кўтармади. “Уч!” – қичқирди очиқ савдо вакили ва идишдаги ёғ одоб билан жилмайиб турган жаноб Ромуальдога насиб этди. Чўқинтирган ота Жоан уни тўлиб-тошиб табриклади.
Энди идишдаги зайтун мойини Кова-Фигейрга етказиш қолганди ва унинг жонига яна қиёматли дўсти Жоан оро киргазди: эски қадрдонига эшагини берди. Бари ишлар жойида кетаётганди. Тушдан сўнг жаноб Ромуальдо ўз хачирида йўлга тушади, ортидан эса елкасига ёғ тўла идиш юкланган эшак майда қадамлар билан йўртиб боради. Энди у бир йилгача ёғ ғамини емай яшайверса ҳам бўлади.
Тушлик қилиб бўлган қария Маргиднинг меҳмоннавозлиги учун миннатдорчилик билдирди-да, у билан хайрлашди ва эгарга ўтириб божхона тарафга қараб йўлга тушди. Дўсти Жоан унга ёрдамлашиш учун бир йигитни ёллаганди.
Соат икки бўлса-да, ҳали божхона ёпиқ эди, бироқ эшикка қўлинг тегиши билан эшик ҳам очилди.
Йигитча амалдорнинг кўмаги билан юк ортиладиган эгарни тайёрлашга киришди: идишдаги ёғни олис манзилга етказишнинг ўзи бўмасди. Улар бор куч билан қоринбоғни тортишди, сўнг ёғ тўла идишни эҳтиётлик билан юк ортиладиган эгарга кўндаланг қилиб жойлаб, бирининг устига иккинчисини кесиштириб арқон билан боғлашди ва тугун таранг қилиб тортилди, арғамчи эшакнинг терисига маҳкамланди. Юкни маҳкам тортиб боғланганига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг эшакни ўз ҳолига қўйишди.
Яна қанча вақтга ажралишаётганларини билмай, бир-бирлари билан ўпишишди: турган гап қария шаҳарга тез-тез келолмайди, унинг ёшида бундай сафарлар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Қарияни кўргани Кова-Фигейрга яхшиси қиёматли дўсти борсин: у ҳали ёш, бақувват, ўзи билан Маргидни ҳам бирга олиб келсин, у ернинг ҳавоси аёлдаги мигрен касалига шифо бўлса, ажаб эмас.
Кўча майдондан қиялик бўйлаб тикка борарди. Денгиз манзараси қай тарзда намоён бўларкин: оқшом у ерга шаҳарликлар тўпланишади. Ромуальдо қачонлардир, шаҳарда яшаётган пайтлари ҳар оқшом у ерга бориб турарди ва ҳайкал супачасига ўтириб олиб, шаҳарнинг бообрў кишилари билан узоқ суҳбат қурарди. У пайтлар ҳали ёш, соғлиғи зўр, пул ҳам чўнтагида етарлича бўларди. Маоши унча катта эмасди, шунга яраша ҳамма нарса арзон эди. Марказий мактабда ойига йигирма беш милрейсдан маош тўлашарди ва десерт учун метрополиядан ўзига узум сотиб олишга ҳам қурби етарди. Энди бўлса, базўр қўл учида кун кўряпти ва идишдаги арзимаган ёғни учун жазирама офтобда, ўнқир-чўнқир, паст-баланд йўлларда қадамини зўрға босиб, овораю сарсон тентираб юришга мажбур бўляпти…
Майдондан кетаётиб, ҳали молия муассасаси муюлишига бурилиб улгурмаёқ ёғ тўла идиш қулаб тушди. Қуладию думалаб кетди. Орқасидан келаётган Жоан ўзгаргудек овозда дод-фарёд кўтарганча воқеа жойига отилди. Қария эгарда тошдай қотиб қолганди. Божхона хизматчиси ҳам қичқира кетди. Ёғ тўла идиш тош йўлдан гумбурлаганча юмалаб борди ва панжарага келиб урилди. Идишнинг чамбараклари учиб, ҳалқалари сочилиб кетди, ёғ эса тизиллаб оқа бошлади. Эти суягига ёпишган ит ялтираб ётган силлиқ тош йўлни осилиб тушган лунжлари билан ялай бошлади.
– Қадрдоним Ромуальдо, бу қандай гап бўлди?! – қайғуриб хитоб қилди Жоан.
Ромуальдонинг ҳатто қимирлашга ҳам мажоли қолмаганди. У ёғни тинмай ялаётган итдан кўзини узмасди: тош йўлни ҳалқоб босганди.
– Бу қандай офат бўлди яна, бу қандай мусибат! Шундай олис йўл босиб келиб, бир юз саксон эскудо пул сарф қилинсаю уйга қуп-қуруқ қўл билан қайтилса…
– Қўйсанг-чи, Жоан. Мануэлдек боламдан айрилишга етган бардошим, шу оддий ёғга келганда етмасмиди…
У улкан шамсиясини очди: пружина қарсиллади. Ромуальдо қоқ суяк гавдасини жазирамадан ва шаҳарликларнинг ачиниш тўла нигоҳларидан яширди.

Рус тилидан Дилдорхон Алиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 3-сон